logo

Болалар фольклори. Халқ оғзаки бадиий ижоди – болалар адабиёти сарчашмаси

Yuklangan vaqt:

03.10.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

212.5 KB
Болалар фольклори . Халқ оғзаки бадиий ижоди – болалар адабиёти сарчашмаси Режа: 1. Болалар фольклори табиати. 2. Болалар фольклорининг жанрий таснифи. 3. Алланинг жанрий хусусиятлари. 4. Болалар қўшиқларининг жанрий таркиби ва мавзувий мундарижаси. 5. Мақоллар ва уларнинг этнопедагогик аҳамияти. 6. Эртаклар ва уларнинг жанрий таснифи.  Таянч тушунчалар: айтим-олқиш, эркалама, алла, тақвим, маиший, этнопедагогик, поэтика, тизим, овутмачоқ, қизиқмачоқ, қайтармачоқ, этнографик, декламация, монотон, репертуар, кумулятив, анимистик, тотемистик, ялинчоқ, ҳукмлагич, чеклашмачоқ, вербал, қиқиллама, тегишмачоқ, узв, диалог, монолог, гулдур-гуп, чандиш, арсенал, аллитерация, ритм, табу, мақол, масал, машойих, оқин, ҳукм, паремик, паремиография, паремиология, синтактик, сажъ, фетишистик, галлюцинация, инонч, версия, миф, афсона, ривоят, уйдирма, тугун, сажия, мотив, сайёр, аллегория, антропоморфизм, фольклоризм, стилизация, табдил. Болалар фольклори табиати . Халқ оғзаки бадиий ижодиёти хилма-хил адабий тур ва жанрларда намоён бўлган ҳодиса сифатида кишилик жамияти тарихида кўп вазифали ижтимоий-эстетик моҳиятга эга сўз санъати ҳисобланади. У ҳамма замонларда ҳам ўз ижодкори бўлган халқнинг орзуармонларини ифодалаб келди, қолаверса, халқнинг ўз-ўзинигина эмас, балки болаларнинг ҳам маънавий-ахлоқий жиҳатдан шаклланишларида муҳим тарбиявий восита вазифасини бажармоқда. Болалар халқ ижодиётидан отабоболарининг ҳаёт тажрибасини, меҳнат ва кураш илмини ўрганиб келаётирлар. Улар халқ қўшиқларидан, достону эртакларидан, афсонаю ривоятларидан севиш-севилиш, самимият, инсонийлик, сабру қаноат, меҳнатда фидоийлик, энг муҳими, оталари яшаб обод этган Ватан туйғуларини идрок этиш асносида юрт эрки ва озодлиги учун курашган буюк аждодлари Тўмарис, Широқ, Спитамен, Муқанна, Темур Малик, Жалолиддин Мангуберди, Маҳмуд Торобий ва Амир Темурларнинг жасоратларидан сабоқ олмоқдалар, яшаш ва яратиш романтикасидан сурур туймоқдалар. Бинобарин, халқ ижодиёти қадим замонлардан ҳозиргача болалар учун ҳам эзгуликни қадрлаш ва ёвузликдан нафратланиш сабоғи бўлиб, авлоддан авлодга ўтгани сайин муттасил тўлишиб, мукаммалашиб, оғиздан-оғизга кўчгани сайин тобора сайқалланиб, халқ миллий руҳини теранроқ акс эттирган ҳолда асрлар давомида авлодлар маънавий-ахлоқий ворислигини таъминлаб келди, жамоа ижоди намунаси сифатида халқ заковатини, истеъдодини ва тил бойлигини намойиш этди, халқ учун ўзлигини англаш, ўз тарихини севиш воситасига айланиб қолди, энг муҳими, ёзма адабиётнинг бунёдга келишида генетик асос вазифасини бажарди. Бу силсилада болаларнинг ўз фольклори ҳам муайян рол ўйнади. Бинобарин, болалар фольклори – кичкинтойлар олами билан катталар дунёсининг ўзаро уйғунлашуви натижасида юзага келган ўйинлар, қўшиқлар ва мусиқий поэтик жанрларнинг яхлит тизимига айланган халқ оғзаки ижодиётининг ўзига хос тармоғидир. Бироқ, ўзбек болалар фольклори намуналарини тўплаш, нашр этиш ва илмий-эстетик қимматини ўрганишга узоқ замонлар эътибор берилмай келинди. ХХ асрнинг дастлабки чораги охирларида бу ишга киришилган бўлсада, у узлуксиз жараёнга айланмади. Элбек тўплаб, тартиб бериб, 1937 йилда чоп эттирган “Болалар қўшиғи” тўпламидан О.Сафаров тартиб берган “Ўзбек халқ ижоди” сериясида 1984 йилда босилиб чиққан “Бойчечак” тўпламигача кечган салкам ярим асрлик узилиш ушбу фикр далили бўла олади. Ўзбек болалар фольклорини ўрганиш 60-йиллардан эътиборан изчиллаша борди. З.Ҳусаинованинг “Ўзбек топишмоқлари” (1966), Ғ.Жаҳонгировнинг “Ўзбек болалар фольклори” (1975), шунингдек, О.Сафаровнинг “Болаларни эркаловчи ўзбек халқ қўшиқлари” (1983), “Ўзбек болалар поэтик фольклори” (1985), “Алла-ё алла” (1999), “Читтигул” (2004), “Ўзбек халқ болалар ўйинлари”(2012) Ш.Галиевнинг “Ўзбек болалар ўйин фольклори” (1998) сингари тадқиқотлари туфайли бу изланишларнинг самаралари кўзга ташланди. Шуни ҳам айтиш керакки, фольклоршунослар орасида мавсум ва маросим қўшиқларига муносабатда уларнинг ижодкори катталар бўлганини эътироф этиш билан болаларнинг бу соҳадаги қўшиқчилигини ё чеклаш, ё тамоман инкор этиш ҳоллари ҳам мавжуд. Тўғри, маросимларни катталар уюштирганлар. Уларнинг ўтказилиш тартибларини ҳам, расм-русумлари ва қўшиқларини ҳам катталар ижод этганлари тайин. Лекин унутмаслик лозимки, шу маросимларнинг бирортаси ҳам болалар иштирокисиз ўтмаган; ҳеч бўлмаганда, болалар томошабин сифатида унга қатнашганлар ва катталар бажарган ишларни кўргач, ўша маросимни кейинроқ ўйинда муқаллид қилиб ўзлари бажарганлар, шу муқаллидларига яраша қўшиқларни тўқиганлари ҳам айни ҳақиқат. Бинобарин, болаларнинг ҳам ўз маросим ва мавсум қўшиқлари юзага кела бошлаган. Бу жараён давр ўтиши, турмуш шароитининг ўзгариши, янгича ижтимоий муносабатларнинг туғила бориши туфайли у ёки бу маросимнинг тамоман йўқолиши ёки катталар ўртасида нуфузини йўқотиши натижасида ўша маросим болалар ўйини ёки ижрочилигида яшаш шаклига ўтиши билан янада чуқурлаша борган. Бундай ҳолатни “Бойчечак”, “Читтигул”, “Бинафша”, “Оппоқижон” каби мавсум қўшиқлари мисолида яққолроқ кўриш мумкин. Ўзбек болалар фольклори намуналари табиатидан келиб чиқиб, генетик асосларига кўра уни уч қисмдан таркиб топган ҳодиса сифатида кузатиш мумкин: И. Катталар ҳамиша ўз фарзандларини ўйлаб яшаганлар – меҳнат ва ижод билан шуғулланганлар. Бу жараён уларда бола ва унинг тақдири тўғрисида қайғуриш мажбуриятининг тобора чуқурлашуви тарзида кечиб, талай қўшиқларнинг тўқилишига сабаб бўлган. Айниқса, чақалоқни парвариш этиш масъулияти беҳад катта бўлган. Оналар ана шу мураккаб масъулиятни зиммаларига олганлар: ўткир заковат, тадбиркорлик, беқиёс инсоний меҳрибонлик эвазига ўзлари гоҳо тушуниб, гоҳо тушунмай, болаларни тарбиялаб ўстириш билан мамлакатнинг келажак тарихини, демакки, дунё тарихини ҳам тарбиялаб етиштирганлар. Бу йўлда қўшиқ уларга мададкор бўлган: болаларини қўшиқ билан ухлатганлар, йиғласа, куйлаб овутганлар, эркалатганлар, ҳатто чақалоққа дахлдор маросим расмрусумларни ҳам қўшиқ билан бажарганлар. Шу зайлда аллалар, айтимолқишлар, овутмачоқлар, эркаламалар, қизиқмачоқлар ва қайтармачоқлар юзага келган. Уларда эркалаш лейтмотив бўлган. Шу сабабли халқ оғзаки поэзиясининг ушбу намуналарини эркалаш поэзияси тарзида умумлаштириш ва характерлаш асослидир. Эркалаш поэзияси намуналари ижро мақсади, ўрни ва бола ёшига муносабатига кўра икки гуруҳга ажралади. Биринчи гуруҳга мансуб қўшиқлар боланинг бешикдалиги даври билан чамбарчас боғлиқ, шу важдан улар бешик қўшиқлари дейилади. Аллалар ва этнографик мазмундаги айтим- олқишлар ана шундай характерга эга. Бешик қўшиқлари чақалоқ уч ёшни тўлдиргунигача айтилса, иккинчи гуруҳга мансуб қўшиқлар бола туғилганидан 6-7 ёшга тўлгунигача ижро этилсада, аслида, улар бешикка алоқасиз ва оналик меҳри тароватидан битилган бадиҳалардир. Булар суйиш қўшиқлари бўлиб, эркаламалар, овутмачоқлар, қизиқмачоқлар ва қайтармачоқлардан таркиб топган. ИИ.Катталар болаларнинг табиатга муносабатини шакллантиришда ҳам фаол иштирок этадилар. Бунинг натижасида болалар тақвими ва уни ифода этувчи маросим қўшиқлари юзага келган. Баҳор, ёз, куз, қиш мавсумлари билан боғлиқ бундай қўшиқларнинг бир қисми ижтимоийсиёсий тараққиёт тақозосига кўра катталар репертуаридаги мавқеини йўқота бориб, ё тамоман сўниб кетган, ё трансформацияга учраб, болалар репертуарига кўчиб ўтиб сақланиб қолган. “Бойчечак”, “Читтигул”, “Ё рамазон”лар ва “Ҳайитликлар” шулар жумласидан ҳисобланади. Қолаверса, ибтидоий аждодларимизнинг анимистик ва тотемистик эътиқодлари асосида шаклланиб, эндиликда ўша моҳиятини йўқотган ялинчоқ ва ҳукмлагич жанрлари болалар репертуарида ҳамон фаол яшамоқда. III. Болаларнинг ўз ижодкорлиги ва ижрочилиги ҳосилалари бўлган қўшиқлар ва ўйинлар – ўзбек болалар фольклорининг асосини ташкил этади. Болалар фольклорининг жанрий таснифи . Сўз ва ҳаракатнинг нисбатига кўра буларни икки катта гуруҳга бўлиш мумкин: 1. Болаларнинг маиший қўшиқлари. 2. Болаларнинг ўйин фольклори . АЙТИМ-ОЛҚИШЛАР эркаловчи мотивдаги расм-русум қўшиқлари бўлиб, асосан, болаларнинг бешик даврига оид турли-туман маросимларда ижро этилади: чақалоқ беш ва тўққиз кунга тўлганда, илк бор чўмилтирилганда, бешикка илк бор ва ҳар гал боғланганда, яна қайта очиб олинганда, илк бор тиш ёриганида, биринчи марта мустақил ўтирганида, илк бор оёғида тикка турганида, биринчи марта одимлаганида, той-тойлаганида, ҳар гал янги кийим кийгизилганда, илк бор овқат еганида, қизалоқ сочини илк бор ювганда-тараганда, ўғил бола сочи илк бор олинганда, чақалоқ тирноғи илк бор қирқилганда, болалар шаънига ҳар гал исириқ тутатилганда, хуллас, урфиятга айланган ва эътиқод билан амал қилинадиган шу хилдаги расм-русумлардан ҳар бирининг мазмунига яраша айтим-олқишлар мавжуд. Айтайлик, чақалоқ 7-9 ойлигида илк бор қадам ташлаб мустақил юришга интила бошлайди. Шунда унинг қадами қутлуғ ва равон бўлиши учун оёғи чигилини эчиш русумини бажариш анъанага айланган. Даставвал, болакайнинг оёқларига ипак чилвир солиб тушовлаганлар, сўнгра у юра бошлаганда бошида бир жуфт кулча ушатила туриб, орқа тарафидан бола оёғидаги чилвирни қайчилаб кеса туриб: Адоқ-адоқ юрисин, Тикан шунга кирмасин. Кўзи қаттиқ бандалар, Кўзи шунга тегмасин,- дея алқаганлар. Эҳтиёт чораси сифатида дарҳол ис чиқарилиб, исириқ тутатилган. Кулчалар маросим иштирокчиларига тақсимлаб берилган. Одатда бу маросим ҳафтанинг хосиятли кунлари саналган чоршанба ё жума кунларида нишонланган. Бундай маросимларнинг маълум қисми ижтимоий тараққиёт туфайли эндиликда сўнишга юз тутган бўлса-да, маълум қисми халқ анъаналарининг поэтик узви сифатида ҳамон яшамоқда. Айтайлик, болаларнинг янги кийим кийишига оид айтим-олқишлар янги ижтимоий муносабатлар таъсирида трансформацияга учраб, туғилган кунни нишонлаш жараёнида болага янги кийим кийдириш қутловига айланган: Сан бир йиллик, Ман минг йиллик. Кия-кия тўздирайлик, Дугоналаримдан ўздирайлик. Бу хилдаги айтим-олқишлар ижросидаги ўзига хослик шундаки, уларни аввал болага кийим кийдирувчининг ўзи айтади, сўнгра кийим кияётган боладан уни такрорлаш талаб қилинади. Бола шу талабни адо этади, холос. Айтим-олқишлар халқимизда болапарварлик туйғусининг эътиқод даражасига кўтарилганлигини кўрсатувчи маросимий қўшиқлардир. ЭРКАЛАМА ВА ОВУТМАЧОҚ лар ҳам суйиш қўшиқларининг бирбиридан фарқ қилувчи мустақил жанрлари саналади. Овутмачоқлар кичкинтойлар ғашланганда, чинқириб йиғлаганда эҳтиёжга айланиш натижасида юзага келса, эркаламалар учун эса, кайфиятнинг кўтаринкилиги муҳимдир. Эркаламалар меҳр хуружи жараёнида юзага келувчи бадиҳалардир. Овутмачоқлар вазият тақозоси туфайли эҳтиёжга айланса, эркаламалар кайфият тақозоси туфайли юзага чиқади. ЭРКАЛАМАЛАР халқнинг ўз фарзандларига беқиёс меҳр товланишларини акс эттиради: О, шугина, шугинагина, Мунчагина тунчагина. Шунчагина-кунчагина. Яшнаб турган ғунчагина. Меҳр хуружи она қалбини туғёнга келтирганидан у шу сўзлар тизими ритмида арзандасини ардоқлаш, эркалаш оҳангини чуқур туйган. Эркаламаларда “-гина”, “-гинагина” қўшимчалари фаол, уларда кичрайтиришдан кўра эркалаш маъноси бўртиброқ товланади. Эркаламаларнинг “Ҳа, лўтти-лўтти”, “Ҳа, дўрса-дўрса”, “Ҳа, киштакишта-кишта”, “Киштала-киштал” сингари тақлидий ва сўқма сўзлар тизимидан иборат анъанавий қолипга айланган сатрлар билан бошланувчи қатор туркумлари бўлиб, улар фақат 2-3 яшар болаларга мўлжалланган. Бунинг сабаби – шу ёшдаги болалар вазнининг енгиллиги, уларни ҳаволатаҳаволата кўтариб тушириш ўнғайлигидир. Эркалама ҳам худди шу ҳаракат равишига мутаносиб оҳангда шовқин солинган ҳолда айтилади: Ҳа, дўрса-дўрса-дўрса. Бозорга отаси борса, Гўшту биринч кетарса, Онаси пазанда бўлса. Боласи хўранда бўлса. Эркаламаларда кичкинтойлар келажагига дахлдор орзуларни куйлаш етакчи мотивдир. Улар, асосан, етти ёшгача бўлган болаларга айтилса-да, аслида болаларни фаол эркалаш жараёни 11-13-ёшга тўлганларигача ва ҳатто ундан кейин ҳам давом этиши мумкин. Бироқ бу даврда эркалаш поэтик шаклда кечмай, мақташ, хатти-ҳаракатни маъқуллаш ва миннатдорчилик изҳоридан иборат образли иборалар (“Яша!”, “Балли!”, “Офарин!”, “Раҳмат”, “Баракалла!”, “Барака топ!” ва ҳоказо) ва олқишлар воситасида амалга ошади. Эркаламалар болаларда самимийлик туйғусини тарбиялайди. ОВУТМАЧОҚЛАР эса болани тинчлантириш эҳтиёжини қондирувчи бадиҳалардир: Вўй-вўй, шугинани ким урди? Вўй-вўй, шугинага ким лаб бурди? Йиғлама, оппоққинам, Бошимдаги қалпоққинам! Кўринадики, чақалоқ йиғиси онада уни тинчлантириш ассоциациясини уйғотган. Она шу заруриятга кўра сўзга мурожаат қилаётир. У сўзбозлик қилаётгани йўқ, балки сўзни ташкил этган товушлар гармониясида тинчлантирувчи оҳангга урғу бериб, ором берувчи, овутувчи маънони англатишга, ҳис этишга ва туйдиришга эришаётир. Бунда болани бағрига босиб, бешик ё беланчакда тебрата туриб, унга термулган ҳолда лабларни чўччайтириб ёхуд боланинг лабларини қитиқлаб, овутувчи маънонинг омухталаштирилишига алоҳида аҳамият берилишини ҳам унутмаслик даркор. Шундагина сўзларда ҳам, товушларда ҳам оҳанг, маъно ва ҳаракатнинг ўзаро мувофиқлиги овутмачоқнинг ритмик меҳварига айлана олади. Буни ҳис-ҳаяжонни ифодаловчи сўзларнинг жуфтлашган такрори бўрттириб ифодалаган: Ҳў-ба, ҳў-ба, нега йиғлайсан? Ҳў-ба, ҳў-ба, нега биғлайсан? Ҳў-ба, ҳў-ба, биғ-биғлама Ҳў-ба, ҳў-ба, сан йиғлама. Ҳў-ба, ҳў-ба .. жо..о..он, жо..о..он, Садқа сенга ширин жо..о..он. “Ҳў-ба, ҳў-ба” тақлидий сўзидан таркиб топган анафора майин ва чўзинчоқ оҳангда айтилади. Товушлар аллитерацияси асосида оҳангдошлик касб этган қофиялар анафорадаги майин ва чўзинчоқ оҳангни тўлдириб, изчил тароватланишини таъминлаган. Натижада боладаги инжиқликни элита оладиган жозибали овитувчи оҳанг юзага келган. ҚАЙТАРМАЧОҚЛАР болалар учун, асосан, бешик даври тугагандан кейинги маънавий эҳтиёж тақозосига кўра юзага келган бадиҳалар бўлиб, шеърий намунаси кўпинча монолог, насрий шакли диалог (савол-жавоб) негизида қурилади. Унинг поэтик нутқида бир воқеадан иккинчиси ўсиб чиқади, шу зайлда ҳар иккала типдаги қайтармачоқларда ҳам бу хусусият муштарак фазилатга айланган. Ҳар иккала ҳолда ҳам қайтармачоқ сюжетини ташкил этган ҳар бир воқеа алоҳида эпизод тусини олади, бироқ бу эпизодлар умумий бир мотив (ғоя) атрофида изчил мантиқийлик асосида бирлашган бўлади. Бунда ҳар бир эпизод бир савол шаклида, изоҳи ҳам ўзида бирин-кетин қайтарилаверилади. Ҳодисанинг қайтармачоқ дейилиши ва алоҳида жанр сифатида эътироф этилишига ҳам худди шу хусусиятлари асос бўлган. Масалан, “Юмаландим, юмоқ топдим” сатри билан бошланувчи қайтармачоқда лирик қаҳрамон юмалаб юмоқ топади (1), юмалоқ ичидан тароқ топади (2), тароқни момога беради (3), момо унга чурак (нон) беради (4), чуракни чўпонга беради (5), чўпон унга таёқ беради (6), таёқни дарёга ташлайди (7), дарё унга кўпик беради (8), кўпикни тутга суртади (9), тут унга япроқ беради (10), япроқни молга беради (11), мол унга сут беради (12), сутни пишириб турганида қайдаги қуён уни тўкиб кетади (13) ва шунча меҳнати зое кетади. Кўринаётирки, ўн учта эпизод бир-биридан ўсиб чиққан, ўзаро узвий мантиқий кетма-кетлик ҳосил қилган ва алоҳида-алоҳида воқеалар қайтарилиб, бир ипга маржондек тизилган ҳолда яхлитлик касб этган. Шу тариқа, хусусийлик ўзаро уюша туриб умумийликка айлана борган. Бола учун сабоқлик хусусияти ҳам шунда: ҳар бир воқеа ё ҳодиса ўзича мустақил, бироқ бир-бири билан боғлиқ ҳолда намоён бўлади. Болага ана шу ҳақиқат уқтирилмоқда. “Кун, сан нимадан кучлисан?” қайтармачоғи диалог негизида қурилган. Унда болаларни қизиқтирган “Дунёда ким кучли?” саволига жавоб нарса ва ҳодисалар баҳси асосида–воқеадан воқеанинг ўсиб чиқиши шаклида бола қизиқиши ва идрокига мос ҳолда баён қилинган: – Кун, сан нимадан кучлисан? – Ман кучли бўлсам, булут босармиди? – Булут, сан нимадан кучлисан? – Ман кучли бўлсам, ёмғир ёғармиди? Бинобарин, ҳар бир савол ўзидан кейинги воқеага мантиқий майдон ҳосил қилиб, шу майдонаро воқеалар тизила боради: ёмғир ерни, ер ўтни, ўт қўзини, қўзи бўрини, бўри эчкини, эчки сичқонни, сичқон қумурсқа (чумоли)ни ўзидан кучли деб билади ва энг эътиборлиси шундаки, уларнинг ҳар бири ўзларидаги ожизликни ҳам ошкора тан ола боришади. Воқеалар шу хилда мантиқий занжирсимон тизим тусини ола боради. Антропоморфизм усули кун, булут, ёмғир, сичқон ва қумурсқа сингари наботот ҳамда ҳайвонот оламига мансуб жонзотларнинг одамлар сингари сўзлаш хусусиятига эга бўлишларини ҳамда қайтармачоқдаги сюжет динамикасини таъминлаган. ҲУКМЛАГИЧЛАР ҳам қадимги аждодларимизнинг тотемистик эътиқодларига дахлдор маросим қўшиқларининг ижтимоий-сиёсий тараққиёт таъсирида трансформацияга учраб, болалар репертуарига ўтган ва болаларча мушоҳадакорлик замирида қайта сайқалланиб, янги мотивлар, янги образлар ҳисобига тўлишган бадиҳалар силсиласидир. Тотемистик эътиқод қолдиқлари болаларнинг ҳашаротларга муносабати ифодаланган ҳукмлагичларда равшанроқ кўринади. Чунончи, болалар орасида бешиктерватни кўрганда унинг воситасида фол очиш анъанаси мавжуд: Бешиктерват, бешиктерват, Салима холам нима туғади? Бешиктерват ўнг оёғини кўтарса – ўғил, чап оёғини кўтарса – қиз туғилишига йўйилган. Эртапишар халили узум хол ташлаганда хонқизи, тиллақўнғиз ҳашаротлари кўпаяди. Болалар орасида халилипазак ёки ҳасанак номлари билан ҳам юритиладиган хонқизи сиртида нуқтасимон холчалар борлигидан унга хол деб мурожаат қилишади: Хол, хол, хол, Отанг ўлди, Онанг ўлди, Бориб хабар Олмайсанми? Ривоятга кўра, хонқизи аслида подшо қизи бўлган-у, қашшоқ бир чўпонни севгани учун ғазабланган отаси уни “Илоё, қумурсқага айлан!”– дея қарғаган эмиш. Шу қарғиш тутиб, у ҳашаротга айланганмиш. Хонқизи дейилиши шундан қолганмиш. Тиллақўнғиз, калтакесак, илонга ҳам шу хилдаги мурожаат тарзида тўқилган ҳукмлагичларда тотемистик қарашлар сақланган. Қарға, мусича, тўрғай, бедана, қалдирғоч, лайлак ва бошқа қушларга оид ҳукмлагичларнинг маълум қисмида тотемизм таъсири бир қадар сезилса-да, тақлидий сўзлар фаоллигида тўқилган аксар намуналарида бу таъсир, асосан, сўнган. Зеро, тақлидий сўзлар ҳукмлагичларда маълум поэтик вазифани бажаради: Қурвақажон, вақ-вақа, Кўзинг нега бундақа? Бугун ўсма қўймадим, Шунинг учун шундақа. Тақлидий сўзлар ёрдамида яратилган бундай ҳукмлагичларнинг кўпчилиги тотемистик ақидалар таъсиридан холи бўлиб, бевосита болалар дунёқарашини, уларнинг воқеликка ҳайратомиз муносабатларини, идрок ва завқларидаги ўзгачаликни акс эттиради. МАСХАРАЛАМА лар эса сатирик руҳдаги, аниқроғи, болаларнинг воқеликка синфий-ижтимоий нуқтаи назардан танқидий муносабатларини ифодалаши ва ижро этилиши жиҳатидан тегишмачоқлардан фарқ қилувчи бадиҳалардир. Тегишмачоқлар ҳам, масхараламалар ҳам шовқин солиб айтилишларига кўра ўзаро ўхшасалар-да, биринчиси бевосита объектга қаратилган бўлиб, кўпчилик томонидан ижро этилса, иккинчиси айни ижро жараёнида объектга қаратилган бўлади. Масхараламалар якка ҳолда – солода айтилаверади, гоҳо декламация қилиниши ҳам мумкин. Масхараламаларда болалар синфий мавқеларини аёнроқ кўра бошлашлари туфайли синфий дунёқарашларининг куртак ота боришидан туғилган танқидий муносабатларини ифодалаш етакчи тамойилдир. Дастлабки босқич бўлганидан бу жараён бирмунча жўн ва соддароқ кечиб, боланинг ижтимоий ҳодисага танқидий муносабатини ифодаловчи синфий назари оддий ташқи белгиларни ажратиб таъкидлаш шаклида зуҳур топади: Ёмғир ёғалоқ, Эчки соғалоқ. Бойлар боласи – Қорни думалоқ. “Ёмғир ёғиши” - табиатга хос ҳодиса, жамиятга эса сув текин саналади. “ Бойлар боласи ” меҳнаткашларни “э чкидай соғаётган ” оталари ҳисобидан “ қоринларини думалоқлаб ” яшаётгани саркастик параллелизмда фош қилинган. Масхараламалар барча замонларда – ўтмишда ҳам, бугун ҳам яратилаётган бўлиб, қайси замонда яратилганидан қатъи назар, даврнинг тарихий руҳига мувофиқ ёвузлар қиёфасини конкрет анъанавий ифодаларда фош этади. Бунда болалар тасаввурининг конкретлилиги, ёвузлик ёки ёвузларни бадбашара қиёфада аниқ кўришни тақозо этиши образлар тасвиридаги анъанавийликка монеълик қилмаган. Шу сабабли бундай масхараламалар поэтик тавсифномага ўхшайди: Отам кетган урушга, Душманни кўп қиришга. Боши узун, кўзи кўр Гитлерни ўлдиришга. АЛЛАЛАР . “Алла” истилоҳининг келиб чиқиши ҳақида турлича фикрлар мавжуд. Кимдир уни арабча “оллоҳ” сўзининг фонетик ўзгаришга учраган шакли деса, кимдир ўзбекча “алдамоқ” сўзидан келиб чиққан, шунга кўра у болани алдаб-авраб ухлатиш маъносига эга дея изоҳлашга уринади. Л.З.Будагов чиғатойчада “аллала” бошнинг орқаси, яъни «энса»ни англатишини қайд этган. Чиндан ҳам чалқанчасига ётганда бошнинг орқаси ёстиқда босилиб, шу ҳолда ухланади. Чақалоқ бешикка, беланчакка фақат бош орқаси – аллаласи билан чалқанчасига чўзилиб ухлайди. Болага уйқу чақиришда қўлланиши шу вазифасидан келиб чиққан. Бунда “аллала” шакли “алла, алла-ё, алла-ё алла” тарзидаги кўринишлар билан тўлишиб, уйқуга чорловчилик моҳиятини касб этган. Чақалоқ ёшини тўлдира бориши жараёнида бу сўздаги товушларни идрок этиши туфайли уйқуси келганда ўзининг ҳам “алла” сўзи луғавий жиҳатдан “бош орқаси” ва “ухламоқ” маъноларини англатса, истилоҳий маъносига кўра уйқу чақирмоқ, ухлатмоқ асосий вазифасига айланган силсилавий қўшиқ турини англатади. Абу Али ибн Сино алланинг шу хусусиятини минг йил илгариёқ пайқаб, шундай эътироф этган: “... боланинг мижозини кучайтирмоқ учун унга икки нарсани қўлламоқ керак: Бири, болани секин-аста тебратиш, иккинчиси, уни ухлатиш учун айтиш одат бўлиб қолган музика ва аллалашдир. Шу иккисини қабул қилиш миқдорига қараб боланинг танаси билан бадантарбияга ва руҳи билан музикага бўлган истеъдоди ҳосил қилинади”. Бу мулоҳазадан тўрт нарса аёнлашади: биринчиси , алланинг бундан минг йил илгари – Ибн Сино замонида ҳам мавжудлиги бўлиб, жанрнинг генетик асосига назар солиш имконини беради. Иккинчиси , алланинг ижроси – секин-аста тебратишга омухта ҳолда кечиши, учинчиси эса, болани ухлатишгагина хизмат қилиши ва ниҳоят тўртинчиси , боланинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий чиниқишида муҳим аҳамият касб этиши тўғри илғанган. Аллалар, одатда, болаларнинг эмизикли даврида, яъни 3 ёшга тўлганларигача айтилади. Уларнинг болаларнинг шу ёши билан боғланиши қатъий бўлиб, бешик қўшиғи сифатида тавсифланишига йўл очган. Аллаларни она сути билан боғлаб “сутда қорилган ва меҳрга йўғрилган қўшиқ” тарзида муқаддаслаштирилиши сабаби шунда Аллалар фақат куйланади. Уларни шунчаки айтиш ё декламация қилиш мумкин эмас. Монотон оҳанг ўзбек аллалари учун муштарак хусусиятдир. Одатда, аллалар куйи билангина болага ором бағишлайди, уни элитади. Бола учун унинг сўзи эмас, балки куйи муҳим. Чунки у ҳали сўзни англамайди. Алладаги сўзлар она учун муҳим: улар она қалбининг нидолари. Аллаларнинг бир маромдаги тебранишга мос майин оҳанги бола маънавий эҳтиёжининг дастлабки қондиргичи сифатида хизмат эта бошлайди. Зеро, тадқиқот ва кузатишларнинг тасдиқлашича, чақалоқ туғилгач, учинчи кундан эътиборан куй ва овозни идрок эта бошлайди. Биринчи ойдалигидаёқ мусиқий идрокини – ритм ва оҳангни идрок эта олишини намоён эта боради, лекин унга у қадар мураккаб бўлмаган товушларнинг ўзаро алмашиши оҳанги ва ритмикасигина ўнғай ҳисобланади. Бинобарин, сўз, оҳанг ва ҳаракат бирлиги, аниқроғи, шу узвларнинг ўзаро мантиқий алоқадорлиги аллаларнинг композицион бутунлигини юзага келтиради. Аллаларда тўртлик банд тузилиши етакчи бўлса-да, учлик, бешлик, олтилик, эттилик ва саккизлик тарзида бир бутун тугалланган аллалар ҳам, шунингдек, шу хилдаги банд асосида тўқилган намуналар ҳам анча . Жумладан, Қашқадарё, Сурхондарё воҳаларидаги аллаларнинг аксарияти, асосан, тўртликлар, бешликлар ва саккизликлар шаклида бўлса, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Тошкент ва Фарғона водийсида ҳажман бир неча тўртлик ё бешликдан иборат воқеабанд ё лирик аллалар салмоғи баланд. Бундай строфик хилма-хиллик оналарнинг алла куйлаётган вазиятдаги кайфияти натижаси бўлиб, аллада куйланиши кутилган ғоявий ниятнинг салмоғи, кўтаринкилиги ва йўналишига боғлиқ. Ўзбек аллаларида шундай бир ички мантиқ борки, у қайсидир бир ишорада ҳаракат, оҳанг ва мазмун бирлигини таъминлаб туради. Оналар ўзлари хуш ёки нохушликларидан қатъи назар фарзандларига ҳамиша меҳрибонлик билан куйлайдилар: фарзандларини эркалата туриб уйқу чақирганларида энг нафис рангларни танлашга, шу рангларни ғоят назокат билан ишлатишга эътибор берадилар. Болалари феъли-табиатини шакллантиришда доимо тиниқлик ва қувноқликка алоқадор туйғуларни теран ифодалашга хизмат қилувчи поэтик образларга, сифатлаш ва ўхшатишларга мурожаат қиладилар, шу мақсадда қўзичоқ, қўчқор, олқор, тойчоқ, саман, тойлоқ, бўталоқ, кийик (оҳу), қуралай, серка, булбул, тўти, лочин, тоғ, шам, чироғ, қизил гул образларида фарзандлари қиёфаси ва тақдирига хос фазилатларни умумлаштириб эъзозлайдилар: Булбул қушнинг боласи, Алла, қўзим-о, алла. Дарахтда бўлар уяси, Алла, болам-о, алла. Дарахт бошини сел олса, Алла, қўзим-о, алла. Шайдолар бўлар онаси, Алла, болам-о, алла. Ўзбек аллаларини композицион таркибига кўра икки турга бўлиш мумкин: 1. ВОҚЕАБАНД (СЮЖЕТЛИ) АЛЛАЛАР . Буларни аллачиликнинг энг такомиллашган намуналари санаш жоиз. Бундай аллалар ягона, яхлит сюжет (воқеа)га эга, барча бандлардаги поэтик муддао бир силсилада марказлашган ҳаётий воқеалар эпизодлари уйғотган кайфиятлар тасвиридан иборат бўлади. Уларда композиция пухта: экспозиция, тугун, кульминация ва ечим сингари узвлар мавжуд: Булбул сайрар ёзина, алла-ё алла, Қуллуқ қуш овозина, алла-ё алла. Маним булбул шу ўғлим, алла-ё алла, Қулоқ қўйсин овозима, алла-ё алла. Булбул кичкина қушдир, алла-ё алла, Саҳар овози хушдир, алла-ё алла. Берманг булбула озор, алла-ё алла, Булбул беозор қушдир, алла-ё алла. Булбул сайрар чаманда, алла-ё алла, Шу бағри кенг ватанда, алла-ё алла. Уни асло чўчитманг, алла-ё алла, Сайрасин шу чаманда, алла-ё алла. Булбул учар қўлимдан, алла-ё алла, Ҳар ким қўрқар ўлимдан, алла-ё алла. Шу булбулим сайраса, алла-ё алла, Ўлим қочар йўлимдан, алла-ё алла. Аллада экспозиция – булбулнинг ёзда сайраган ва мафтункорлигининг ҳар қандай миннатдорликка сазоворлиги бўлса, тугун – булбул образидаги ўғилнинг келажакдаги тақдири, аниқроғи, ким бўлиши. Кулминация эса шу булбул – ўғил тақдирининг ўлимга рўпара келмаслиги ниятидан туғилган туйғулар қарама-қаршилигида кўринади. Ниҳоят, шу ўғил – булбулнинг хушхон сайраб қолиши – ўлимни қочиришидан иборат таскин тугуннинг оптимистик ечими ҳисобланади. Воқеабандлик хусусиятини нафақат лирик, балки юмористик ҳамда йиғи ва йўқлов характеридаги аллаларда, шунингдек, бадиҳавий аллаларда ҳам кузатиш мумкин. 2. ПАРОКАНДА АЛЛАЛАР ҳам ўзбек оналари репертуарида сероб бўлиб, айни замонда нисбатан фаол яратилмоқда. Уларнинг муҳим хусусияти – яхлит ва изчил сужет негизида қурилмаганлигидир. Бундай аллаларда ҳар бир банд ўзича мустақил, тугал мотив, ё мазмунга эга. Лекин мустақиллик бошқа белги, холос. Чунки мазмун мантиқи, барибир, болага қаратилганилиги туфайли бир неча байт ёки банд ягона бир ипга тизилган бўлади. Бунда вазн, қофия, радиф ва нақарот сингари бадиий-тасвирий ҳамда композицион-структурал узвлар кучаяди. Аллада парокандаликнинг юзага келишида уни куйлаётган она кайфиятидаги беқарорлик, аниқроғи, саргузаштлари, ҳаётий ташвишларидаги омад ва омадсизликлари, ўкинчлари, армонлари гирдобига нечоғлик чуқур кира бориши, мутаассирлиги асосий рол ўйнайди. Бундай вазиятларда “ўз мулоҳазаларига кучли ғарқ бўлиб кетиш оқибатида она чақалоғининг келажак тақдирини ва ҳаётининг барча даврларини ўйлай бошлайди. Фикри бола атрофида айланади-ю, бироқ қўшиққа озми-кўпми миқдорда оналик ҳислари ва истакларини сингдираётганини ўзи сезмай қолади” (А.Ветухов). Натижада онанинг ўй- мулоҳазалари икки йўналишга бўлинади: ҳам болани, ҳам ўзини ўйлашга мойиллаша боради, оқибатда эса, она ўй-мулоҳазаларида паришонлик- тарқоқлик юзага кела бошлайди. Бироқ онанинг ўзи ҳақидаги ўй- мулоҳазалари, аслида, боласи атрофидаги ўй-мулоҳазалар замирида кечади. Бу эса алладаги сиртдан парокандадай туюлаётган мотивга бир бутунлик бағишлаб туради. Болалар қўшиқлари . Ота-оналар болаларининг табиатга муносабатларини шакллантиришда ҳам фаол иштирок этадилар. Бунинг натижасида болаларнинг тақвими ва унга алоқадор мавсум-маросим қўшиқлари юзага келган. Йил фасллари – баҳор, ёз, куз, қиш мавсумлари билан боғлиқ бундай қўшиқларнинг бир қисми ижтимоий-сиёсий тараққиёт тақозосига кўра катталар репертуаридаги мавқеини йўқотган, ё тамоман сўниб кетган, ё трансформацияга учраб болалар репертуаридагина сақланиб қолган. “Қўшиқ” кенг маънода қўшиқшуносликка, тор маънода фольклорга оид атамадир. Қўшиқ– халқ оғзаки ижодида шаклланган лирик жанр сифатида машҳур. Унинг муҳим белгиси – ижро учун мўлжалланганлик. Халқ қўшиқлари бирор мусиқа жўрлигида (лапар, ёр-ёр), муайян иш-ҳаракат ритми (қўш қўшиқлари, чархчи қўшиқлари) ёки маълум бир руҳий ҳолат моҳиятига (йўқловлар) мос тарзда ижро қилинган. Бу жиҳатлар болалар қўшиқларида ҳам намоён бўлади. У турли фасл, ҳолат ва вазиятларда ёхуд ҳар хил ўйинлар жараёнида куйланиб, болаларнинг ақлий ва жисмоний камолотга етишувида муҳим омил саналади. Болалар қўшиқлари орасида баҳор ва ёз мавсумларига бағишланган намуналари анча фаол. Айниқса, баҳор фасли катта-ю кичик қалбини қувончга тўлдирган. “Бойчечак” – болалар куйлайдиган мавсумий ва маросим қўшиғи. Бойчечак қадимда Наврўз элчиси сифатида болалар қувончига сабаб бўлган. Ундан гулдасталар ясашган болакайлар ҳовлима-ҳовли юриб, қўшиқ куйлаб, бойчечак улашиб, баҳор хабарини бериб, суюнчи олишган. Унинг хуш кайфиятда куйланиши, “Қаттиқ ердан қаталаб чиққан бойчечак, Юмшоқ ердан юмалаб чиққан бойчечак” нақаротининг мазмун моҳияти каттаю кичикка бирдек тушунарли. Бироқ қўшиқни ёд олган, завққа тўлиб куйлаган кичкинтойлар унинг мазмунини теран англаганларидагина халқ маданий тарихи, миллий қадриятларимиздан воқиф бўладилар. Қўшиқнинг биринчи банди шундай бошланади: Бойчечагим бойланди, Қозон тўла айрондир. Айронингдан бермасанг, Қозон-товоғинг вайрондир. Қўшиқда қадимги аждодларимизнинг илк баҳор кунларидаги “қозон тўлди” маросими ва баҳор келганига ишора қилинаётир. Негаки, бойчечак баҳор элчиси экан, энди яйловда ўт-ўланлар кўкаради, сигир-эчкилар сути кўпаяди, иссиқ бошланиши билан ҳамма айронхўрликка ўтади. Кишиларнинг қозон тўлдириб айрон тайёрлаши ва бир-бирларига улашиши хайрли удумлардан саналиб, халқда уни бир-биридан қизғанганда рўзғорга путур етиши мумкинлиги инончини пайдо қилган. Бойчечак ҳақидаги қўшиқларнинг генезиси жуда қадимий даврлар билан боғлиқлиги қўшиқнинг кейинги бандида кўринади: Бойчечакни тутдилар, Тут ёғочга осдилар, Қилич билан чопдилар, Бахмал билан ёпдилар. Бу тарихан ҳосилдорлик культи билан боғлиқлигини замондош ўқувчига тушунтириш лозим. Фольклоршунос олимлар эътирофича, ўсимликлар культининг пайдо бўлиши ибтидоий маданият даври билан боғлиқ бўлиб, қадим инончлардан биридир. Зеро, “архаик дунёқарашда бутун табиат каби ўсимликлар ҳам жонли ва онгли, деб тушунилган ва кўпгина халқлар ўзларининг илк аждодларини ўсимликлар тотеми билан боғлашган”. Бойчечак – бадавлат, муқаддас, илоҳий гул деган маъноларга ҳам эга. Олимлар таъкидича, қўшиқларда бойчечак тўнғич гўзал қизга ўхшатилади. Юқоридаги мисралар ҳам шу маънода жуда қадим даврларда кўкламги маросимларда қизларни қурбонлик қилиш маросимидан нишона экани эътироф этилган. Қўшиқдаги: Бойчечакни тутдилар, Тут ёғочга осдилар. Қилич билан чопдилар, Бахмал билан ёпдилар. Мисралари шундай талқинга асос бўлган. Зотан унда таърифланган бойчечак – эрта баҳорда очилган гул эканлиги билан бирга тарихий ҳодисаларнинг умумлашма образи ҳамдир. Қўшиқ тугагач, бойчечакхонларга совғасаломлар беришган. Болалар буларни ўзаро бўлишиб олган, ҳаммалари биргаликда меҳмоннавозлик қилишиб, халқимизнинг меҳмондорчилик анъаналарини ўзлаштиришган. Шу маънода: Бойчечагим бойланди, Кўчама-кўча айланди. Бойчечагим кўк сомса, Чўнтакларга жойланди,-мисралари орқали болаларнинг илк бойчечакни олиб, ҳовлима-ҳовли суюнчи сўраши, кексалар уни юзларига сутиб, “омонлик-омонлик”, - дея егуликлар, пуллар беришлари, кўк сомсалар пиширишлари поэтик ифодаланган. Болаларнинг қўшиққа бўлган кучли мойиллиги улар фаолиятининг асосини ташкил этувчи ўйинларда ҳам намоён бўлади. Улар бир-бирларини ўйинга қўшиқ айтиб чақириш асосида чорламалар , ўйинда иштирок этадиган болалар таркибини аниқлашда чеклашмачоқлар , навбат аниқлашда санамалар , шунингдек, ўйин ниҳоясида тарқалмачоқлар куйлашган. Буларнинг ҳар бири болалар фольклорининг мустақил поэтик жанрлари ҳисобланади. Албатта, даврлар, авлодлар янгиланиши билан бундай ўйин-қўшиқлар ҳам ўзгариб, янгича мазмун-моҳият касб этиши тайин. Хусусан, турли спорт ўйинлари, анжомлари ва машғулотлари кенг миқёсда оммалашиб бормоқда. Шундай бўлса-да, халқ ижодининг кўпгина намуналари болалар маънавий оламини бойитишга ҳамон ҳисса қўшиб келмоқда. Жумладан, болалар репертуарида ибтидоий аждодларимизнинг қадимги анимистик ва тотемистик ақидалари асосида шаклланиб, эндиликда дастлабки моҳиятини йўқотган я линчоқ лар ва ҳукмлагич лар ҳамон яшамоқда. ЯЛИНЧОҚЛАР – ибтидоий анимистик қарашлар замирида вужудга келган табиат ҳодисаларига алоқадор мавсумий маросим қўшиқлари. Улар қачонлардир катталар репертуарида юзага келган. Бироқ даврлар ўтиши билан анимистик эътиқод ҳам сўна борган, оқибатда, унга дахлдор маросим ҳам сўнган. Лекин шу маросимнинг вербал қисми бўлган айтим-қўшиқлар, инчунин, қуёшга, ойга, юлдузларга, камалакка, шамолга, ёмғирга ва бошқа табиат ҳодисаларига сиғинишни ифодалаган қўшиқлар ҳам аста-секин ялиниш-сиғинишдан иборат анимистик моҳиятини йўқота бориб, гоҳ парча (рудимент) ҳолида, гоҳ трансформацияга учраган ҳолда болалар репертуарига ўтиб яшай бошлаган. Ғоят кенг тарқалган ва хилма-хил вариантларга эга “Офтоб чиқди оламга” ялинчоғи шу жиҳатдан эътиборга эга. Уни қиш охирлаб, қуёш булутни ёриб кўринганда, болалар ўша қуёшга қарата, қувноқ руҳда шовқин солиб, сакраб-сакраб биргаликда жўравоз бўлиб куйлаганлар: Офтоб чиқди оламга, Югуриб бордим холамга. Холам: – Ана ер, – деди, Бориб ўтин тер, – деди. Ўтин тердим бир қучоқ, Нон ёпди ўчоқ-ўчоқ. Менга берди элакдай, Ўзига олди ғилакдай. Отиб урдим эшикка, Бошим тегди тешикка. Ялинчоқнинг қуёш кўрингандагина унга қараб куйланишида аждодларимизнинг қуёшга сиғинишдан иборат қадимий анимистик эътиқоди тарихий илдизини фаҳмлаш қийин эмас. Геродот маълумотича, қадимги массагетлар энг чопқир отни қурбон қилиб, қуёш чиқишини интизор кутганлар ва унга сиғиниш маросимини уюштирганлар. Тўмариснинг қуёш номи билан қасамёд қилишида ҳам шу эътиқодга ишора қилинаётгани аён. Шу эътиқоднинг сўниши туфайли маросими ҳам йўқолган, даврлар ўтиши билан болалар қишки ўйинида куйланадиган ялинчоқ шаклида сақланиб қолган. Бироқ у энди анимистик моҳиятини ҳам йўқотиб, шикоят мотивини ифодалаш устувор тус олган; қишнинг шафқатсизлиги меҳрсизлик моҳиятини очувчи ижтимоий параллелизм (мувозийлик)ни юзага келтирган. Ялинчоқда лирик қаҳрамон мурувват кўрсатмаган холасидангина эмас, балки ўтин терса-да, меҳнати муносиб қадрланмаганидан ўксинади, бироқ ўз қадрини ерга урмайди. Ялинчоқ болаларга ана шундай ахлоқий сабоқ беради. Мақол , масал, матал, зарбулмасал, нақл, ҳикмат, фойда, ҳикматли сўз, танбеҳ, машойихлар сўзи, донолар ёки донишмандлар сўзи, оқинлар сўзи ва оталар сўзи атамалари билан эл орасида юрган бу жанр намуналари ғоят оммавий бўлиб, умумфольклор ҳодисаси ҳисобланади. Илмий таомилда эса мақол атамаси истеъмолдадир. Мақол арабча “қаволла” сўзидан олинган ва “айтмоқ, сўзламоқ” маъноларини англатади. Халқ орасида “қавлида собит” ёки “қавлида тутуруқсиз” иборалари бор: биринчисида “сўзида қатъиятли, бир сўзли” маънолари англашилса, иккинчисида “сўзида турмайдиган, сўзи устидан чиқа олмайдиган, сўзи билан иши бир бўлмаган” маънолари ифодаланган. Бинобарин, “мақол” сўзи ўзбек тилида икки маънода, аввало, ўз луғавий маъносида “сўз, нутқ”ни англатса, иккинчидан, истилоҳий маънода фолкьлорда кенг тарқалган жанрни ифода этади. Мақол, масал ва нақл жанрларининг юзага келишига таъсир кўрсатган, масал ва нақлнинг хулосаси, қиссадан чиқарилган ҳиссасига айланганлиги туфайли баъзан масал ва нақл истилоҳлари билан уйқашиб кетган. Аслида эса, “масал” сўзи ҳам арабча бўлиб, “ўхшамоқ” маъносини англатса-да, ўзбек тилида мақол ва бирор мақсадни изоҳлашга қаратилган мажозий ҳикоя сингари икки маънода қўлланади. Бироқ ХХ асрга келиб уни мақол маъносида истифода этиш чекланиб, фақат тожик фольклоршунослигида мақолни масал истилоҳи билан аташ қарор топди. “Нақл” сўзи ҳам мақол маъносида қўлланса-да, арабча сўз бўлиб, “кўчирмоқ” маъносини англатади. Ўзбек тилида эса “баён қилмоқ, ҳикоя қилмоқ, ривоят қилмоқ” сингари иккинчи маънога эга ва халқ оғзаки насрининг мустақил афористик жанрини ифодаловчи илмий истилоҳ сифатида қўлланади. “Яхши нақл – томири ақл” мақолида “нақл” – мақол маъносидадир. Мақоллар халқ донишмандлигининг нодир намуналари сифатида оғзаки бадиий ижоднинг кенг тарқалган мустақил жанридир. Шартли равишда уларни халқона ахлоқ-одоб қоидалари деб аташ ҳам мумкин. Зеро, мақоллар халқнинг асрлар давомида ҳаётий тажрибаларида синалган ижтимоийсиёсий, маънавий-маданий, ахлоқий-фалсафавий қарашларининг ғоят ихчам, лўнда, сиқиқ ва образли ифодасидан туғилган ҳодисадир. Мақоллар махсус ижод қилинмайди, балки маълум бир шароит тақозоси туфайли синалган ҳаётий тажрибадан туғиладиган хулосанинг ахлоқий баҳоси сифатидаги ҳукм бўлиб юзага келади. Ҳар бир халқ мақолида ўша халқнинг қалби, миллий сажиясига хос қарашлари ифодаланса-да, улардаги ғоя умумхалққа тегишлидир. Шу хусусиятларига кўра, мақоллар ҳам миллий, ҳам умуминсоний моҳият касб этганлар. Мақоллар инсонларнинг турли соҳалардаги фаолиятлари жараёнида узоқ муддатли синовлардан ўтган турмуш тажрибаларининг ҳосиласи– барқарор ва ўзгармас, тўғри ва ҳаққоний хулосаси тарзида юзага келган. Мақоллар ҳам шеърий, ҳам насрий шаклларда бўлиб, на лирик, на эпик турга мансуб. Шу сабабли улар ҳам топишмоқлар, иримлар ва образли иборалар каби паремик турга киритилиб, ёзиб олиниши ва тўпланиб китобат қилиниши паремиография га дахлдор бўлса, пайдо бўлиши, тараққиёт тамойиллари ва қонуниятлари, бадиияти паремиология да ўрганилади. Мақоллар шаклан ихчам бўлсалар-да, бадииятига кўра юксак образлиликка эгадирлар. Уларда фикр содда, табиий, равон, силлиқ ва тушунарли бўлиб, таъсирчан ифодаланиши эҳтиёжи турли нарсалар, ҳайвонлар, ўсимликлар ва ҳодисалар образларидан ғоявий-бадиий ниятни ифодалашда фойдаланишни тақозо этган. Натижада, тимсолий образлар воситасида ҳаётдаги ижобий ё салбий воқеаларга, инсоний муносабатларга ахлоқий баҳо берилиб, ҳукмлар чиқарилган. Мақоллар тузилишига кўра, бир ва бир неча синтактик бутунликлар асосида ташкил топгандир. Бир синтактик бутунликдан иборат мақоллар, одатда бир қисмли мақоллар саналиб, кўпинча дарак гап йўсинида бўлади: “Аёл тилини аёл билади”, “Арғимчига қил – қувват”, “Ватанни сотган эр бўлмас”, “Гавҳар ерда ётмас”, “Ёмон ит эгасини қопар”, “Ишни ишчандан ўрган” каби. Кўп синтактик бутунликдан иборат мақоллар эса кўп қисмли ёки мураккаб мақоллар деб юритилади. Бундай мақоллар бир-бирига ўхшаш ёки зид фикрлар баёнидан иборат бўлади. Аксарият мақоллар икки қисмдан ташкил топган; бир қисми тасвирий моҳиятга эга бўлса, иккинчи қисми хулосадан иборатдир: “Айтмас ерда тилингни тий, меҳмонга борсанг нафсингни тий”, “Булбулнинг сайраши гулдир, меҳр хазинаси тилдир”, “Буғдой нонинг бўлмасин, буғдой сўзинг бўлсин”, “Ёлқитса ҳам ёғ яхши, ёндирса ҳам ёз яхши”, “Ишониш билан касал бўлсанг – умид қилсанг, тузаласан” каби юзлаб мақолларда иккинчи қисм зарбли ва асосий ўгитни ифодалайди. Мақоллар жонли сўзлашув тилида яратилган ва шу тахлитда сўзланади. Аксарияти тўғри маъноларда қўлланса, маълум қисми кўчма (рамзий ва мажозий) маъно ташийди: “Аввал ўйла, кейин сўйла”, “Ёш келса – ишга, қари келса – ошга”, “Меҳнат, меҳнатнинг таги роҳат”, “Ватани борнинг – бахти бор, меҳнати борнинг – тахти”, “Ватанинг тинч – сен тинч” мақолларида тўғри маъно устувор; “Дунёни сув олса – ўрдакка не ғам?”, “Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади” сингари мақоллар кўчма маънолардагина ҳикматлилик касб этган. Мақолларда сажълар фаол бўлиб, ўзига хос ички қофиядошликни юзага келтирган ва уларнинг оҳангдошлигини таъминлайди. Мақолларни тасниф қилишнинг хилма-хил кўринишлари мавжуд. Жумладан, алифбе тартибида, мавзулари, синонимик ёки антонимик моҳиятига кўра, тўғри ёки кўчма маъно ташишига ҳамда қайси ижтимоий даврда яратилганлиги, яъни хронологиясига кўра гуруҳлаш ё тасниф қилиш паремиологияда анъанага айланган. Аммо ҳозирча ўзбек мақолшунослигида алифбе тартиби ва мавзусига кўра тасниф қилиш анъанасига икки жилдлик “Ўзбек халқ мақоллари” (1987) ва кўп жилдлик “Ўзбек халқ ижоди” рукнида “Ўзбек халқ мақоллари” (1989) тўпламини тузишда амал қилинган. Шундай бўлса-да, ўзбек халқ мақолларини ёзиб олиш тарихи анча қадимий бўлиб, икки йўналишда давом этганини кузатиш мумкин: Биринчи йўналиш – мақолларни жонли сўзлашувда қандай айтилса, шу ҳолатида халқдан ёзиб олиш ва китобат қилиш. Ўзбек халқ мақолларини илк бор ёзиб олиш ва китобат қилиш ХИ асрнинг буюк филологи Маҳмуд Қошғарий номи билан боғлиқ. У жуда кўп туркий қабила ва халқлар орасида бўлиб, халқ ижодиётининг бошқа жанрларига мансуб намуналари қаторида анчагина мақолларни ҳам ёзиб олиб, “Девону луғотит турк” асарида дарж этди. Шу асосда мақолларни китобат қилиш анъанасини ҳам бошлаб берди. Қуйидаги мақоллар шулар жумласидан бўлиб, уларни ҳозирги нусхалари билан ёндош бериш асосида ҳар бирига оид трансформация жараёни ҳамда маъно товланишларини кузатиш мумкин: М.Қошғарийда: Киши оласи ичтин, Йилқи оласи тоштин. Ҳозирги нусхаси: Мол оласи – ташида, Одам оласи – ичида. Мақол мазмунида ҳеч қанақа ўзгариш бўлмаса-да, ундаги синтактик бўлаклар ўрин алмашган. Қадимий ўзбекча “киши” сўзи арабча “одам” ва туркий халқларнинг отга сиғиниши асосида қўлланган “йилқи” сўзи умумлаштирувчи маънога эга арабча “мол” сўзи билан алмашинган. Бу эски ўзбек тили сўз бойлигига араблаштириш нечоғли кучли таъсир кўрсатганини аёнлаштиради. Шунингдек, ўрин-пайт келишигини ифодаловчи “-тин” қўшимчаси “-да” билан алмашиниб, тилнинг грамматик қурилишига хос ўзгаришни намоён этади. Бундай ҳолатни девондаги: “Тоғ тоққа қовушмас, одам одам билан қовушур”, “Эр сўзи – бир” мақолларини ҳозирги “Тоғ тоғ билан учрашмас, одам одам билан учрашар” ва “Йигитнинг сўзи бир бўлар” нусхалари билан қиёслаганда ҳам кузатиш мумкин. Ўзбек ҳалқ мақолларини ёзиб олиш анъанаси ХВИИИ аср охири ва ХИХ асрнинг биринчи ярмида яшаб ижод этган шоирлар Муҳаммадшариф Гулханий ва Сулаймонқул Рожийлар томонидан давом эттирилди. Гулханий 400 дан кўпроқ, Рожий эса 450 тача халқ мақолини тўплаб, ўзларининг “Зарбулмасал”ларида жамлаб берганлар. Албатта, улар илмий мақсадларни кўзлаб мақол йиғмаганлар, балки, асосан, асарларида халқона жозибани кучайтириш, персонажлар тилини индивидуаллаштириш ва табиий, содда ифодавийликка эришишни назарда тутганлар. Шунга қарамай, уларнинг бу хизмати ўзбек паремиографияси тарихий тадрижини кўрсатишда айрича аҳамиятга эга. ХИХ асрнинг 2-ярмидан эътиборан ўзбек халқ мақолларини илмий асосда ёзиб олиш ва нашр этиш ҳаракати изчил тус ола борди. Венгер олими Ҳ.Вамбери 1867 йилда Лейпцигда чоп эттирган “Чиғатой тили дарслиги”га 112 та ўзбек мақолини киритди. У бу мақолларни ўзбек тилида араб алифбосида ва лотинча транскрипцияда, сўнгра, ўзи амалга оширган немис тилидаги таржималари билан эълон қилди ва илк бор ўзбек халқ мақолларини Европа жамоатчилиги эътиборига ҳавола этди. Вамбери эълон қилган мақоллар орасида “От ориқликда – йигит ғарибликда”, “Ақлли киши икки марта бир тошга қоқилмас”, “Ичда бўлган оғриқни кесиб бўлмас”, “Қўлинг мойли бўлса, бошингга сурт”, “Тилидан келгани қўлидан келса, ҳамма одам гадой бўлмай хон бўлур”, “Ошиққан ошга шайтон қўшилур”, “Ҳайит отлиники, тўй тўнлиники” сингари нодир намуналар борки, ҳанузгача бирор тўпламда учрамайди. Кейинги мақол эса ҳозир “Тўй кимники – тегишлиники, ҳайит кимники – барчаники” шаклини олган ҳолда ўзгарган. “Ичда бўлган оғриқни кесиб бўлмас” мақоли ўз маъносида тушунилса, яъни замонавий тиббиёт тараққиёти ичдаги ҳар қандай оғриқли аъзони кесиб, ямаб ва янгилаб даволай олиши инобатга олинса, эскирганлиги аёнлашади, бироқ кўчма маънода қўлланса, унда инсон ички оламига хос мураккаб туйғулар англанади ва мақол ҳамон ўз моҳиятини йўқотмаган ҳолда хизмат қилавериши равшанлашади. Миссионер К.П.Остроумов ҳам 1888-1890- йилларда чоп этилган “Сирдарё вилояти” статистикаси учун материаллар тўплами”нинг биринчи жилдида – 492 та ва иккинчи жилдида – 628 та, жами – 1120 мақолни ўзбек ва ўз таржимасида рус тилларида эълон қилган. У бу мақолларни бевосита ўзи ёзиб олган эмас, балки рус-тузем мактаби талабалари ёрдамида тўплашга муваффақ бўлган. Ўзбек халқ мақолларини тўплаш ва оммага етказишда 70-80 йилларда жиддийроқ киришилди. Бу соҳадаги дастлабки иш Э.Сиддиқов тузган “Денгиздан қатралар” (1976) тўплами бўлди. Унда икки мингдан зиёдроқ ўзбек мақоллари алифбе тартибида жамланган эди. Бу даврда Т.Мирзаев, Б.Саримсоқов, А.Мусақулов, М.Мадраҳимова сингари фолклоршунослар ғайрати билан 4 минг мақолдан тартиб берилган “Ўзбек халқ мақоллари (1978, 1981 ва 1984) тўплами юзага келди. 13 минг мақолни ўз ичига олган икки жилдлик “Ўзбек халқ мақоллари” ва “Ўзбек халқ ижоди” рукнидаги кўп томлик таркибидаги “Ўзбек халқ мақоллари” томлиги наинки ўзбек паремиологияси, балки фольклоршунослиги тарихида ҳам муҳим воқеа бўлди. Ниҳоят, 1980 йилда Ш.Шомақсудов ва Ш.Шораҳмедовлар илк бор ўзбек мақолларининг изоҳли луғатидан иборат “Ҳикматнома” асарини эълон қилдилар. Бу асарлар ўзбек халқ афористик тафаккурининг нақадар бойлигини намойиш этди. Эртак умумфолклор ҳодисаси сифатида энг қадимий эпик жанрлардан бўлиб, М.Қошғарий “Девону луғотит турк” асарида туркий халқларда унинг “этук” атамаси билан юритилганини қайд этади. Унга кўра, этук “бирор воқеани оғзаки ҳикоя қилиш”ни англатади. Бироқ жонли сўзлашувда Ўзбекистоннинг турли жойларида, чунончи, Наманган вилоятининг Жанубий қисмида “эртанги” деб юритиладиган бу ҳодиса – эртанги, бўлиб ўтган, қадимги замонлардан қилинажак ҳикоя маъносини англатса, Самарқанд, Фарғона ва Сурхондарёда бу ҳодиса – матал, Хоразмда – варсоқи, Бухорода – ушук, Тошкентда – чўпчак, яна бошқа бир қатор масканларда – ҳикоя, ҳикоят, оғзаки ҳикоя, ўтрик ёки ўтирик, афсона деб юритилса-да, фольклоршуносликда эртак илмий истилоҳи қабул қилинган ва муҳим муомалада бўлиб, руслардаги “сказка” истилоҳига тенг эквивалентга айланган. Зеро, Алишер Навоий асарларининг қадимги луғати, саналувчи “Абушқа”да ҳам “эртак” истилоҳи учрайди. “Эртак” сўзи “эр”, аслида “ир” ё “йир, жир” ҳамда “так” сўзларидан таркиб топган. “ир” ё “йир” Алишер Навоий замонида оғзаки ҳикоя, ё достон маъноларини англатганки, бу хусусда у шундай маълумотни ёзиб қолдирган: Эй йиров, сен ҳам ишингни кўргуз, Ётуғон бирла улуғ ирни туз. Навоий тилга олаётган “улуғ ир” аслида достон бўлиб, уни ётуғон (ҳозир дўмбира) жўрлигида йиров ижро этган. Йиров ёки жиров ҳозир ҳам халқ анъанавий достонлари ижрочисини англатади. Навоий замонасида “ир” достонни англатгани боис у эртак маъносида “чўрчак” истилоҳини қўллайди ва оғзаки эпосга хос бу икки ҳодисани бир-биридан фарқлайди: Ҳабибим ҳусни васфин уйла муҳлик англаким, бўлғай, Қошингда қиссаи Юсуф бир уйқу келтирур чўрчак. Шуни таъкидлаш жоизки, Навоий қўллаган “чўрчак” истилоҳи ҳозир Тошкент музофотида “чўпчак” ва уйғурларда “чўчек” шаклларида фонетик ўзгаришга учраган ҳолда истеъмолдадир. Эртак халқ оғзаки бадиий ижодининг энг қадимий, оммавий, ҳажман йирик, катта-ю кичиклар учун баравар қизиқарли бўлган жанридир. Улар жуда узоқ ўтмишда ибтидоий аждодларимизнинг мифологик дунёқараши, қадимий урф-одатлари, маросимлари асосида пайдо бўлган. Эртакларда, одатда, халқнинг маиший турмуши ва энг олижаноб инсоний фазилатлари ҳақидаги орзу-ўйлари хаёлий ва ҳаётий уйдирмалар воситасида баён этилади. Эртаклар жанр сифатида узоқ муддатли шаклланиш жараёнини бошдан кечирган. Улар ибтидоий одамларнинг турмушдаги бирор воқеани оддийгина ҳикоя қилишлари асосида юзага келган. Даврлар ўтиши билан ҳикоя қилиш ҳам такомиллашиб борган, сўзга сиғиниш, илоҳий кучларга сиғиниш, анимистик, тотемистик, фетишистик эътиқодлар, галлюцинация ва туш таъсирида фантастик (тахайюлий) воситаларга тўлиша борса, ҳайвонларни овлаш, хонакилаштириш, улар инончларига ишониш, ҳайвон маҳсулотларидангина эмас, балки кучидан ҳам фойдаланиш жараёнларида ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар пайдо бўла бошлади. Аста-секин шу хилдаги эртакларда турмуш тажрибасини омихталаштира боориш, у ёхуд бу хилдаги қусур ва камчиликлардан кулиш эртакдаги образларга мажозийлик (аллегорик) хусусиятни бахш этди. Натижада ҳайвонларга оид эртаклар таркибида мажозий намуналар юзага кела бошлади. Феодал муносабатлар таркиб топиб, унда ижтимоий жараён такомиллаша боргач, эртакларда ҳам шу ижтимоий муносабатларни ифодалаш тамойили чуқурлаша борди, натижада, ҳаётий уйдирмалар асосидаги маиший эртаклар пайдо бўла бошлади. Шу зайлда, эртаклар ижтимоий-эстетик ҳодиса сифатида халқ эпик ижодиётида мустаҳкам қарор топди. Эртакларнинг пайдо бўлиши. Э ртак халқ оғзаки бадиий ижодининг энг қадимий, оммавий, ҳажман йирик, катта-ю кичиклар учун баравар қизиқарли бўлган жанридир. Улар жуда узоқ ўтмишда ибтидоий аждодларимизнинг мифологик дунёқараши, қадимий урф-одатлари, маросимлари асосида пайдо бўлган. Эртакларда, одатда, халқнинг маиший турмуши ва энг олижаноб инсоний фазилатлари ҳақидаги орзу-ўйлари хаёлий ва ҳаётий уйдирмалар воситасида баён этилади. Эртакларни ижро этиш тартиби . Эртаклар профессионал ижрочиликка асосланган. Ўтмишда эртаклар йилнинг маълум даврида белгиланган пайтда ижрочилик салоҳиятига эга бўлган ёши улуғ, доно, ҳурматли ва эътиборли кишилар томонидан айтилган. Одатда бундай профессионал ижрочилар эртакчи, деб юритилади. Эртакларнинг ижроси уч хил усулда ташкил этилиши мумкин: а) театрлаштирилган шаклда; б) декламацион шаклда; в) оҳангга солинган шаклда. Ўзбек эртакларининг уч ички турини фарқлаб ўрганмоқ маъқул. 1. Сеҳрли-фантастик эртаклар 2. Ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар. 3. Маиший-ҳаётий эртаклар. Эртакларнинг жанрий табиати. Э ртаклар халқ оғзаки бадиий ижодиётининг эпик турига мансуб бўлиб, ўзига хос ғоявий-мавзуий йўналишга, ахлоқий-таълимий ва ижтимоий-эстетик вазифаларга эга. Эртаклар ҳам оғзаки тарзда жамоа ижоди маҳсули сифатида аноним кўринишда яратилади. Гарчи, унинг тўқилиш ибтидоси индивидуал ижодкорга бориб тақалса-да, оғиздан-оғизга, уруғдан-уруғга, авлодданавлодга ўтиш жараёнида дастлабки ижрочисига хос белгиларини, образларини, мотивлари ва бадиий воситаларини деярли сақлаб қолади. Шу билан бирга версия ва вариантлилик ҳосил қилиши мумкин. Эртаклар, асосан, профессионал ижрочиликка асосланади. Кишиларда чексиз бадиий завқ уйғота олиш имкониятига эгалиги боисидан кўп ҳолларда таълимий-тарбиявий мақсадларда айтилади. Уларнинг сюжети қизиқарлилиги, уйдирмаларга бойлиги, саргузаштга тўлалиги билан диққатни тез жалб қилади. Ва албатта, ўз ниҳоясида эзгуликнинг ёвузлик, ойдинликнинг қоронғулик, ҳақиқатнинг ноҳақлик, ҳаётнинг ўлим, ақллиликнинг нодонлик, адолатнинг жаҳолат ва тўғриликнинг эгрилик устидан ғалаба қозонишини тараннум этади. Эртаклар ўз жанрий табиатига хос бадиий-композицион қурилишга эга. Улар бир хил бадиий шаклий қолиплар доирасида яратилади ва ижро этилади. Кириш, бошлама, тугун, эпик саргузашт ва тугаллама э ртак композицион қурилмасининг асосини ташкил этади. Эртакларнинг анъанавий кириш билан бошланиши жаҳондаги барча халқлар эртакчилиги учун муштарак хусусият ҳисобланади. Гоҳо шунчаки кириш, гоҳо анъанавий зачин деб юритилувчи бу ҳодисани рус фольклоршуноси В.Дал “докучное сказки” истилоҳи билан атаб, болалар фольклорининг мустақил жанри тарзида тавсифлайди. Чиндан ҳам сўзма-сўз таржимада “зериктирадиган” ёки “ёзма эртак” тарзида ифодалаш мумкин бўлган бу ҳодиса ўзбек болалар фольклорида ҳам эртаклар силсиласини ташкил этади. Қолаверса, улар қатъий бир эртак билан узвий мантиқий боғлиқ ҳолда яшамайди, балки исталган эртак бошлашдан аввал айтилишига кўра нисбатан мустақил бўлиб, сайёр ҳолда ижро этилаверилади. Уларга хос бу хусусиятни ўзбек эртакшуноси К.Имомов ҳам “кириш қисми баъзан содда, примитив сюжет шаклини олади”, - дея қисман тан олса-да, ҳар қалай уни эртак композициясининг ажралмас таркибий қисми сифатида қарашни афзал билади. Ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар. Э ртак халқ оғзаки ижодининг қадимий ва кенг тарқалган жанрларидан биридир. Қадимги кишиларнинг тасаввурлари натижасида юзага келган афсоналар заминида дастлабки эртаклар пайдо бўлган. Дастлабки эртакларда мифологик образлар кўп учрайди. Бу типга мансуб эртакларнинг яратилишида ибтидоий инсонларнинг қадимги тотемистик қарашлари муҳим рол ўйнаган. Уларда ҳайвонлар етакчи персонажлар бўлиб, инсонлар қиёфасида тасаввур этилган ва бадиий жонлантирилган. Шунга кўра уларнинг сюжетида инсон образи кейинги ўринда туради, кўп ҳолларда воқеликка инсон аралашмайди. Бинобарин, улар яратилиш мақсади, мазмун-моҳияти жиҳатидан ҳам ички кўринишларга эга: – этиологик эртаклар бўлиб , буларда у ёки бу ҳайвон шакли, белги хусусиятлари ҳақида маълумот бериш етакчи мотивдир. – соф ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар да инсонларга наф келтирувчи ҳайвонлар мадҳи этакчи мотивга айланган. – мажозий (аллегорик) эртаклар да инсонларга хос қусур ва камчиликларни ҳайвонлар феъли ва хатти-ҳаракати тимсолида танқид қилиш, фош этиш, ёки кулиш етакчи мотив даражасидадир Ҳайвонлар ҳақидаги эртаклар драматик ижрога асосланган; профессионал ижрочилар томонидан ҳаяжонли қилиб айтиб берилади. Айтиш жараёнида ижрочи эртакдаги ҳайвон – персонажларнинг турфа ҳаракатлари ва овозларига тақлид қилади, эртак таркибида шеърий парчалар бўлса, уларни куйга солиб ижро қилади. Маиший-ҳаётий эртакларнинг мазмуни бевосита реал ҳаётга боғлиқдир. Уларда реал ижтимоий воқелик ҳаётий уйдирма асосида тасвирланади, ҳаётий реал кишилар бош қаҳрамон бўлиб келади. Маиший-ҳаётий эртаклар тахайюлотдан деярли холи бўлиб, айрим ҳоллардагина фантастик деталлар учраши мумкин. Ҳажвий-маиший эртаклар асосида ўткир сатира ёки завқбахш кулги (юмор) ётади. Бундай эртаклар ҳажман ихчам, мазмунан лўнда бўлади. “Эртаклар ҳеч вақт бекорчи, эрмак нарсалар эмас, – деб ёзганди улуғ адиб М.Авезов, – улар ҳамма вақт зўр ижтимоий ва тарихий аҳамиятга эгадирлар. Баҳайбат махлуқлар ҳақида ҳикоя қилувчи эртак ва афсоналар ҳамда бу бой жанрнинг бошқа турли кўринишларида у ёки бу даврнинг ижтимоий, ҳаётий курашлари, халқ манфаатлари бадиий ифодасини топгандир”. Уларда аждодларимизнинг яшаш ва кураш сабоғи ифодаланган. Эртаклар халқнинг неча-неча минг йилликлар давомидаги ҳаётий тажрибаларини умумлаштирган ҳолда унинг ижтимоий онгида, эстетик дидида, ахлоқий қарашларида, эътиқодида кечган ўсиш-ўзгаришларнинг бадиий тарихи сифатида айрича аҳамият касб этган. Шу боис ҳозир ҳам мириқиб тингланади, севилиб ўқилади. Муҳими, навқирон авлоднинг маънавий-ахлоқий камол топишида ҳам эртаклар беқиёс таъсир кўрсатиб келмоқда. Сеҳрли-фантастик эртаклар минг йиллар давомида инсониятнинг турли ёвуз кучларига қарши олиб борган курашлари давомидаги хулосалари, улардан келиб чиқадиган эҳтиёжларнинг ўзига хос ечими сифатида майдонга келган. Инсон доимо хаёлий орзу-истаклар билан яшайди. Бундай орзуистакларнинг рўёбини сеҳрли-фантастик эртакларда кўриш мумкин. Бу эртакларда учадиган отлар ва гиламлар, сўйлайдиган жонзотлар, сеҳргар кампирлар, девлар, осмонда, ер ва сув остида яшайдиган одамлар ва бошқалар иштирок этадилар. “Ур тўқмоқ”, “Зумрад ва Қиммат”, “Ёрилтош” каби эртаклар шулар жумласидандир. Адабиётлар: 1. Аллаё-алла. Ўзбек халқ аллалари. Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи О.Сафаров; –Т.:Ўқитувчи, 1999. 2. Афзалов М. Ўзбек халқ эртаклари ҳақида. –Т.: Фан, 1964. 3. Баракаев Р. Халқ оғзаки ижоди ва болалар адабиёти / Ўзбек фольклоршунослиги масалалари. 3-китоб. – Т.: Фан, 2010. – Б. 154-166; Ўзбек болалар адабиётида ўйин қўшиқлари / Ўзбек филологиясининг долзарб муаммолари. – Бухоро, 2015. – Б. 158-162; Халқ ижоди ва ўзбек болалар шеърияти / Ўзбек фольклоршунослиги масалалари. VI китоб. – Тошкент, 2017. - Б. 82-87. 4. Бердиёров Ҳ., Расулов Р. Ўзбек тилининг паремиологик луғати. – Т.:Ўқитувчи,1989. 6. Бойчечак. ЎХ И . Тўпловчи, нашрга тайёрловчи О.Сафаров.– Т.ҒАСН,1984. 7. Валихонов О. Чистон. // “Гулистон” ж., 1974, 7-сон, 31-б. 8. Галиев Ш., Ўзбек болалар ўйин фолклори.– Т.:Фан, 1998. 9. Жалолов Ғ. Ўзбек эртакларида жанрлараро муносабат. – Т.:Фан,1983. 10. Жумабоев М. Болалар адабиёти ва фолклор. –Т., 2006.