logo

Ахлоқшунослик фани ва унинг вазифалари, жамият тараққиётидаги роли. Этика ахлоқ хақидаги назария. Ахлоқнинг умуминсоний ва миллий, тарихий ва конкрет, диалектик ва ижтимоий характери.

Загружено в:

23.09.2022

Скачано:

0

Размер:

107.5 KB
Ахлоқшунослик фани ва унинг вазифалари, жамият тараққиётидаги роли . Этика ахлоқ хақидаги назария. Ахлоқнинг умуминсоний ва миллий, тарихий ва конкрет, диалектик ва ижтимоий характери. Режа: 1. Жамиятни ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий юксалтиришда, шахсни камол топтиришда ахлоқнинг роли. 2. Этика ва бошқа социал фанлар. Ахлоқ ва дин. Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” асарида бу муаммоларнинг талқини. Этика ахлоқ хақидаги назария. Ахлоқнинг умуминсоний ва миллий, тарихий ва конкрет, диалектик ва ижтимоий характери. Одам одам билан тирик. Бу кўхна ҳақиқат. Аммо ҳар бир одам ўзи бир олам бўлиб яралган, ҳеч ким ҳеч қачон бировга айнан ўхшамайди. Шу сабабли ҳам бизларнинг хоҳиш ва эҳтиёжларимиз, орзу ва умидларимиз, яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги, бахт ва муҳаббат ҳақидаги фикрларимиз турличадир. Бундай ҳар хиллик бизнинг ният ва истакларимизнинг баъзан рўёбга чиқмаслигига сабаб бўлади ва ўзимизни омадсиздек, бахтсиздек хис этамиз ва бизга эътибор билан қарашларига эҳтиёж сезамиз. Бу эҳтиёж қондирилмас экан, биз ўзимизни одамлар ичида ҳам бегонадек ҳис қила бошлаймиз, ўзимизга ва жамиятга ташвишлар орттириб бораверамиз. Одам жамиятда яшаб туриб, жамиятдан холи бўла олмайди. Бу хол кишининг ҳамма ишига, жумладан, унинг ахлоқий қиёфасига ҳам бевосита ўз таъсирини кўрсатади, унинг юриш-туришига нисбатан муайян тарбиявий- маънавий талаблар қўяди. Одамларга баҳо берганда, уни ёшидан, касбидан, мутахассислигидан, даражасидан қатъий назар ахлоқли ёки ахлоқсиз экан, тарбияли ёки тарбиясиз экан, зиёли экан, ўқиган бўлса ҳам, уқмаган экан, олим бўлиш осон-у, одам бўлиш қийин экан деб баҳо берамиз. Бунда биз кишиларнинг маънавий қиёфасини, хулқ-атворини, яхши ёки ёмон хатти- ҳаракатини ифодалаган бўламиз. Қарангки, ҳар бир одам бир олам бўлса ҳам, у такрорланмас ноёб, ўзига хос бир мўъжиза бўлган тақдирда ҳам бир ўзи яшай олмайди, бахтли ҳам, бахтсиз ҳам бўла олмайди. Шундай экан, одам ўз моҳияти билан, табиати билан жамият билан чамбарчас боғлиқ, жамоа бўлиб яшайди, тирикчилик қилади, жамиятдан олади, жамиятга беради; қанча олиб-бериши эса унинг ақл-идрокига, виждони-иродасига, имонию-эътиқодига, турмуш тарзига, маънавияти-тарбиясига боғлиқдир. Ахлоқ, хулқ-атвор ҳақидаги этика фани бу хусусда баҳс юритади, таълимот яратади. Мен, - дейди Президентимиз Ислом Каримов, - Абдулла Авлонийнинг «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё момот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир», деган фикрини кўп мушоҳада қиламан. Буюк маърифатпарварнинг бу сўзлари асримиз бошида миллатимиз учун қанчалар муҳим ва долзарб бўлган бўлса, ҳозирги кунда биз учун ҳам шунчалик, балки ундан ҳам кўра муҳим ва долзарбдир. Чунки таълим-тарбия - онг маҳсули, лекин айни вақтда онг даражаси ва унинг ривожини ҳам белгилайдиган омилдир. Бинобарин, таълим-тарбия тизимини ўзгартирмасдан туриб, онгни ўзгартириб бўлмайди. Онгни, тафаккурни ўзгартирмасдан туриб эса биз кўзлаган олий мақсад – озод ва обод жамиятни барпо этиб бўлмайди» 1 . Абдулла Авлоний «Туркий гулистон ёхуд ахлоқ» рисоласини шундай бошлайди: «Ахлоқ инсонларни яхшиликка чақиргувчи, ёмонликдан қайтаргувчи бир илмдур. Яхши хулқларнинг яхшилигини, ёмон хулқларнинг ёмонлигини далил ва мисоллар ила баён қиладурғон китобни ахлоқ дейилур» 2 . Абдулла Авлоний фикрини давом эттириб бу муаммога чуқурроқ ёндошади: «Ахлоқ илмини ўқуб, билуб амал қилган кишилар ўзининг ким эканини, жаноби Ҳақ на учун халқ қилганини, ер юзида нима иш қилмоқ учун юрганин билур. Бир киши ўзидан хабардор бўлмаса, илмини, уламони, яхши кишиларни, яхши нарсаларни, яхши ишларнинг қадрини қимматини билмас. Ўз айбини билур, иқрор қилуб, тузатмакки саъй ва қўшиш қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур» 3 . Ахлоқ - русча – морал, лотинча « mores », « moralis » сўзларидан олинган бўлиб, маъноси хулқ, одат демакдир. Ахлоқ - ижтимоий онгнинг муайян шакли бўлиб, кишиларнинг ижтимоий ва шахсий ҳаётида бир-бирларига бўлган муносабатларининг, 1 2 3 яъни хатти-ҳаракат принциплари ва нормаларининг йиғиндисидир. Ахлоқ сўзи, тушунчаси ҳам арабча бўлиб, хулқ сўзининг кўплигидир. Ахлоқ кишиларнинг феъл-атвори, юриш-туриши, уларнинг ижтимоий ва шахсий ҳаётдаги ўзаро муносабатларини тартибга солиб туради. Ахлоқ нормалари жамият ёки муайян гуруҳ томонидан шахс феъл-атворига қўйиладиган талабдир. Бу нормалар шахснинг жамиятга – Ватан, давлат, миллат, гуруҳга муносабатини, шунингдек, шахснинг турмушдаги, айрим кишиларга, касби-корига, мутахассислигига, ҳатто ўз-ўзига бўлган муносабатлардаги хатти-ҳаракатни ҳам ўз ичига олади. Кишилик жамиятининг илк даврларида ахлоқ нормалари – юриш- туриш қоидалари ва одоб принциплари кишиларнинг меҳнат қилиш жараёнида вужудга келиб, уларга риоя қилиш урф-одатга, анъанага айланиб боради. Кейинчалик жамият, ижтимоий ҳаёт тараққий этиб, ақлий меҳнат жисмоний меҳнатдан ажралгач, меҳнат тақсимоти юз бергач, одамларнинг юриш-туриш қоидалари, одам ахлоқининг моҳияти ҳақидаги масалалар бир бутун фалсафий билимлар системасига солинади, маълум даражада мустақил фанга айланади. Шу тариқа этика, яъни ахлоқ ҳақидаги таълимот пайдо бўлади. Этика – грекча-юнонча « ethos » деган сўздан олинган бўлиб, бунинг маъноси хулқ-одат демакдир. Этика, яъни ахлоқ ҳақидаги фан, ўзбек тилида ҳозирги пайтда ахлоқшунослик фани деб ҳам юритилади. Лекин биз этика фани деб юритишимизни маъқул топдик. Сабаб бу ном дунёда юритиладиган стандартга мос келади, деб ўйлаймиз, гарчи фаннинг номлари қандай йўсинда юритилмасин, унинг мазмунига путур етмайди, шакл мазмунни, моҳиятни тубдан ўзгартириб юбормайди, гарчи таъсир этса ҳам. Этика одамларнинг юриш-туришида, ахлоқида тарихан ўзгариб турадиган, ривож топиб, тараққий этиб борадиган принципларни, ахлоқий норма, қоидаларни; ахлоқнинг манбаи ва келиб чиқишини, ахлоқий категорияларни яъни яхшилик ва ёмонлик, ор-номус, виждон каби умумий тушунчаларни, ахлоқий эътиқод, маслак ва ҳис-туйғуларни изоҳлаб беради. Шунингдек, ахлоқнинг абадий муаммолари бўлган – ахлоқий баҳонинг мезони нимада, ахлоқда ҳақиқат борми, ахлоқий эркинлик нима, инсон ўз хатти-ҳаракати учун жавобгарми, масъулми каби саволларга жавоб ахтаради. Этика фан сифатида ахлоқни, одоб-хулқни, ахлоқий муносабатларни акс эттирибгина қолмай, балки одам интилиши лозим бўлган мақсадни, яъни юксак ахлоқий ғояни, бу ғояни, яъни бизнинг пировард стратегик мақсадимиз бўлган – озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт ғоясини амалга оширмоқ учун қандай яшаб, қандай ҳаракат қилмоқликни маъноси очиб берилади, одамларнинг юриш-туриши қандай деган саволгагина эмас, балки қандай бўлиши керак деган саволга ҳам жавоб беради. Шунинг учун ҳам ахлоқий иллатлар танқид қилинади, одамларнинг хатти-ҳаракатига юксак ахлоқий ғоя ва мақсад нуқтаи назаридан қатъий баҳо берилади. Хулқ, одоб деганда иқтисодий тузум тақозоси билан, турмуш шароитининг алоҳида тарзидан, традицияларидан, анъаналаридан, урф- одатларидан пайдо бўлган, бироқ мунтазам қарашлар, қоидалар, йўл- йўриқлар системасига кирмаган муносабатлар хусусияти тушунилади. Демак, хулқ одамларнинг амалий хатти-ҳаракатлари, одамлар ўртасидаги амалий муносабатлар, ахлоқ ижтимоий онг билан боғлиқ бўлиб, мазкур хатти-ҳаракат принциплари ва нормаларининг ахлоқ талаблари шаклида ифодалаб берилганидир, этика бўлса ахлоқ принциплари ва нормаларининг изоҳлаб ва асослаб бериш демакдир, яъни ахлоқ ҳақидаги назариядир. Ахлоқ нормалари пассив эмас, балки улар ҳам жамият ҳаётида, ҳам шахс турмушида фаол таъсир кўрсатадиган муҳим фактордир. Илғор, тараққийпарвар ахлоқ нормаларининг таълим-тарбияга таъсири ижобий бўлади, реакцион хулқ нормаларининг таъсири эса жамиятда ҳам, шахс тарбиясида ҳам салбий бўлади. Маълумки, кишилик жамияти доимо тараққиётда экан, унинг ахлоқий. Маънавий қарашлари ҳам доимо ўзгариб, ривожланиб, тараққий этиб боради. Яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги тушунчалар ҳам тарих давомида ўзгариб келди, аввал инфийлик, партиявийлик нуқтаи назаридан қараб баҳо берилади. Ибтидоий жамоа тузуми билан бугунги жамиятда татбиқ этиладиган ахлоқ тушунчаларига бир хил ёндошиб бўлмайди. Масалан, илк ибтидоий жамиятда касалларни, кексаларни ўлдириб ейиш одат бўлган, уят ҳисобланмаган. Шундай экан, ҳамма ижтимоий ходисаларга реал ёндошилгандек, ахлоқий ходисаларга ҳам конкрет, диалектик, тарихий ёндошмоқ тақозо этилади. Этика қадимда физика ва логика билан биргаликда фалсафанинг узвий учинчи қисми ҳисобланар эди. Кейинчалик Арасту биринчи бўлиб «Этика» дарслигини ёзгач, у алоҳида фалсафий йўналишдаги фан мақомини олди. Этиканинг бошқа фалсафий фанлардан фарқи, ўзига хослиги шундаки, унда назария билан амалиётнинг, практиканинг омухталигидир, уйғунлигидир. Қадимги антик давр донишмандларининг фикрича, фалсафани азим дарахтга, чинорга қиёс қилсак, унинг илдизи табиат ҳақидаги таълимотлар, пояси – мантиқ, меваси эса – этикадир. Дарҳақиқат, билим – ақл булоғи, ахлоқ эса - ҳаёт чироғидир, ёки билим – хазина, ахлоқ эса фазилатдир. 2. Жамиятни ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий юксалтиришда, шахсни камол топтиришда ахлоқнинг роли. Ахлоқшунослик бир неча минг йиллик тарихга эга бўлган қадимий фан. У бизда «Илми равиш», «Илми ахлоқ», «Ахлоқ илми», «Одобнома» сингари номлар билан атаб келинган. Оврўпада эса «Этика» номи машҳур, биз ҳам яқин-яқингача шу атамани қўллар эдик. У дастлаб манзилдошлик, яшаш жойи, кейинчалик эса одат, феъл, фикрлаш тарзи сингари маъноларни англатган, юнонча « ethos » сўзидан олинган. Уни биринчи бўлиб юнон файласуфи Арасту муомалага киритган. Арасту фанларни тасниф қилар экан, уларни уч гуруҳга бўлади: назарий, амалий ва ижодий. Биринчи гуруҳга фалсафа, математика ва физикани; иккинчи гуруҳга этика ва сиёсатни; учунчи гуруҳга эса санъат, ҳунармандчилик ва амалий фанларни киритади. Шундай қилиб, қадимги юнонлар ахлоқ ҳақидаги таълимотни фан даражасига кўтарганлар ва «Этика» ( ta ethika ) деб атаганлар. Бироқ бизда миллий-минтақавий ахлоқий қадриятларимизнинг, дастлабки ахлоқий ғояларнинг вужудга келиши қадимги юнонлар яшаган даврда ўнлаб асрлар аввал рўй берган. Аждодларимизнинг энг кўҳна эътиқодий китоби «Авесто» бунинг ёрқин далилидир. Шу сабабли эндиликда бу фанни ҳам илмий-тарихий, ҳам замонавий-ҳаётий талаблар нуқтаи назаридан «Ахлоқшунослик» деб аташни мақсадга мувофиқ деб билдик. Ахлоқшунослик ахлоқнинг келиб чиқиши ва моҳиятини, кишининг жамиятдаги ахлоқий муносабатларини ўрганади. «Ахлоқ» сўзи арабчадан олинган бўлиб, «хулқ» сўзининг кўплик шаклидир. «Ахлоқ» ибораси икки хил маънога эга: умумий тушунча сифатида у фаннинг тадқиқот объектини англатса, муайян тушунча сифатида инсон феъл-атвори ва хатти- ҳаракатининг энг қамровли қисмини билдиради. Ахлоқни умумий тушунча сифатида олиб, уни доира шаклида акс эттирадиган бўлсак, доиранинг энг кичик қисмини одоб, ундан каттароқ қисмини – хулқ, энг қамровли қисмини ахлоқ эгаллайди. Одоб – инсон ҳақида ёқимли таассурот уйғотадиган, лекин жамоа, жамият ҳаётида бурилиш ясайдиган даражада муҳим аҳамиятга эга бўлмайдиган, миллий урф-одатларга асосланган чиройли хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади. Хулқ - оила, жамоа, маҳалла-кўй миқёсида аҳамиятли бўлган, аммо жамият ва инсоният ҳаётига сезиларли таъсир кўрсатмайдиган ёқимли инсоний хатти-ҳаракатларнинг мажмуи. Ахлоқ - жамият, замон, инсоният тарихи учун намуна бўла оладиган ижобий хатти-ҳаракатлар йиғиндиси, инсоний камолот даражасини белгиловчи маънавий ҳодиса. Бу фикрларимизни мисолллар орқали тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Дейлик, метрода ёшгина йигит, талаба ҳамма қатори ўтирибди. Навбатдаги бекатдан бир кекса киши чиқиб, унинг рўпарасида тик туриб қолди. Агар талаба дарҳол: «Ўтиринг, отахон!» деб жой бўшатса, у чиройли аъмол қилган бўлади ва бу аъмоли билан атрофдагиларда яхши кайфият уйғотади; четдан қараб турганлар унга ич-ичидан миннатдорчилик билдириб: «Барака топгур, одобли йигитча экан», деб қўядилар. Аксинча, талаба ё тескари қараб олса, ёки ўзини мудираганга солиб, қарияга жой бўшатмаса, ғашимиз келади, кўнглимиздан: «Бунча беодоб, сурбет экан!» деган фикр ўтади, хуллас, у бизда ёқимсиз таассурот уйғотади. Лекин, айни пайтда, талабанинг қарияга жой бўшатгани ёки бўшатмагани оқибатида вагондаги йўловчилар ҳаётида дарҳол бирор-бир ижобийми, салбийми – муҳим ўзгариш рўй бермайди. Хулққа қуйидагича мисол келтириш мумкин: маҳалламиздаги оила бошлиқларидан бири имкон борича қўни-қўшниларнинг барча маъракаларида хизматда туради, қўли-очиққўл, доимо ўз билимини ошириб боришга интилади, тиришқоқ, оила аъзоларига меҳрибон ва ҳ.к. Ундай одамни биз хушхулқ инсон деймиз ва унга маҳалламизнинг намунаси сифатида қараймиз. Борди-ю, аксинча бўлса, у қўни-қўшнилар билан қўпол муомала қилса, тўй- маъракаларда жанжал кўтарса, сал гапга ўдағайлаб, мушт ўқталса, ичиб келиб, оилада хотин-болаларини уриб, ҳақоратласа, уни бадхулқ деймиз. Унинг бадхулқлилигидан оиласи, теварак-атрофдаги баъзи шахслар жабр кўради, маҳалладагиларнинг тинчи бузилади, лекин хатти-ҳаракатлари жамият ижтимоий ҳаётига ёки инсоният тарихига бирор-бир кўзга ташланадиган таъсир ўтказмайди. Бироқ бу фикрлардан одоб ва хулқнинг жамиятдаги роли у қадар аҳамиятли эмас экан, деган хулоса чиқмаслиги керак; фуқоролар орасида одоблилик ва хушхулқлиликнинг кенг ёйилиши жамият ахлоқий ҳаётидагина эмас, балки бутунисича ижтимоий тарақкиётга ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Бу таъсир туфайли гарчанд жамият бирданига юксалиб кетмаса-да, аста- секинлик билан, мунтазам равишда яхшиланиб, равнақ топиб боради. Ахлоққа келсак, масала ўта жиддий моҳият касб этади: дейлик, бир туман ёхуд вилоят прокурори ўзи масъул ҳудудда доимо қонун устуворлигини таъминлаш учун интилади, адолат қарор топишини кўзлаб иш юритади, лозим бўлса, ҳокимнинг ноқонуний фармойишларига қарши чиқиб, уларнинг бекор қилинишига эришади; оддий фуқаро наздида нафақат ўз касбини эъзозловчи шахс, балки ҳақиқий ҳуқуқ посбони, адолатли тузум тимсоли тарзида гавдаланади; у – умрини миллат, Ватан ва инсон манфаатига бағишлаган юксак ахлоқ эгаси; у, ўзи яшаётган жамият учун намуна бўлади, ўша жамиятнинг янада тараққий топишига хизмат қилади. Агар мазкур прокурор, аксинча, қонун ҳимоячиси деган номи бўлатуриб, ўзи қонунни бузса, шахсий манфаати йўлида оқни қора, қорани оқ деб турса, у ахлоқсизлик қилган бўлади: оддий фуқаро наздида биргина киши – прокурор- амалдор эмас, балки бутун жамият адолатсиз экан, деган тасаввур уйғонади. Бундай тасаввурларнинг мунтазам кучайиб бориши эса охир-оқибат ўша жамият ёки тузумни таназзулга олиб келади. Албатта, ҳар учала ахлоқий ҳодиса ва уларнинг зидди нисбийликка эга. Чунончи, ҳозиргина мисол келтиргнимиз прокурорнинг ахлоқсизлиги даражаси билан ўз якка ҳукмронлиги йўлида миллионлаб бегуноҳ инсонларни ўлимга маҳкум этган Ленин, Сталин, Ҳитлер, Пол Пот сингари шахслар ахлоқсизлиги орасида фарқ бор: агар прокурорнинг ахлоқсизлиги бир миллат ёки мамлакат учун зарар қилса, тоталитар тузум ҳукмдорлари хатти-ҳаракатлари умумбашарий миқёсдаги фожиаларга олиб келади. Бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ахлоқий тарбия натижасида одоблилик – хушхулқлиликка, хушхулқлилик – юксак ахлоқийликка айланган каби, ахлоқий тарбия йўлга қўйилмаган жойда муайян шахс, вақти келиб, одобсизликдан – бадхулқлиликка, бадхулқлиликдан – ахлоқсизликка ўтиши мумкин. Шундай қилиб, ахлоқшунослик мазкур уч ахлоқий ҳодисани бир-бири билан узвийликда ва нисбийликда ўрганади. Ана шу уч ахлоқий ҳодисанинг умумлашмасини, яъни мазкур фанимизнинг предмети бўлган умумий тушунча сифатида ахлоқни қуйидагича таърифлаш мумкин: Ахлоқ - барча одамлар учун бирдек тааллуқли ҳисобланган, шахс ҳаётидаги ҳамма соҳаларда ўзига ва ўзгаларга нисбатан қўйиладиган маънавий-ижтимоий талаблар ҳамда эҳтиёжларнинг муносабатлар шаклидаги кўринишидан иборат бўлган, инсонга берилган ихтиёр эканлигининг хатти- ҳаракатлар жараёнида ички ирода кучи томонидан оқилона чекланишини тақозо этувчи маънавий ҳодиса. Шунингдек, атоқли файласуф Эркин Юсуповнинг: «Умуман, ахлоқ ижтимоий муносабатлар заминида алоҳида шахс сифатида мавжуд бўлган инсонларнинг ўз-ўзини идора қилиш шакллари ва меъёри, ўзаро мулоқот ва муносабатларда уларга хос бўлган маънавий камолот даражасининг намоён бўлишидир»-деган таърифи ҳам диққатга сазовордир 4 . Ахлоқшунослик қадимда физика ва метафизика билан биргаликда фалсафанинг узвий (учинчи) қисми ҳисобланар эди. Кейинчалик (Арастудан сўнг) алоҳида фалсафий йўналишдаги фан мақомини олди. Бу фикрни қуйидагича кенгайтириброқ талқин этиш мумкин. Маълумки, фалсафанинг фанлар подшоси сифатида вазифаси барча табиий ва ижтимоий илмлар эришган ютуқлардан умумий хулосалар чиқариб, инсониятни ҳақиқатга олиб боришдир. Шундан келиб чиққан ҳолда фалсафанинг предметини тафаккур деб белгилаш мақсадга мувофиқ. Ахлоқшунослик ахлоқий тафаккур тараққиётини тадқиқ этади ва амалиётда инсонни эзгулик орқали ҳақиқатга олиб боришга хизмат қилади. Шу боис уни ахлоқ фалсафаси ёхуд эзгулик фалсафаси деб аташ мумкин. Ҳозир у фалсафий фан сифатида уч йўналишда иш олиб боради, яъни ахлоқий тафаккур тараққиётини тадқиқ этар экан, у ахлоқни: 1) баён қилади; 2) тушунтиради; 3) ўргатади. Шунга кўра, у тажрибавий-баёний, фалсафий- назарий ва русмий-меъёрий табиатга эга. Қадимгилар уни амалий фалсафа деб атаганлар. Зеро, соф назарий ахлоқшуносликнинг бўлиши мумкин эмас. У инсоният ўз тажрибаси орқали эришган донишмандлик намуналарини ҳикматлар, нақллар, матал-мақоллар тарзида баён этади, кишиларни ахлоқий қонун-қоидаларга ўргатади, уларга ахлоқнинг моҳиятини тушунтиради ва фалсафий хулосалар чиқаради. Яъни ахлоқшунослик фанида Афлотун, 4 Юсупов Э. Инсон камолотининг маънавий асослари. –Т., Университет, 1998. 38-б. Арасту, Эпикур, Цицерон, Сенека, Августин, Форобий, Ибн Сино, Fаззолий, Насафий, Спиноза, Кант, Ҳегель, Шопенҳауэр, Фойербах, Киркегард, Нитцше, Вл.Соловьёв, Лосский сингари буюк файласуфлар яратган ахлоқ назариясига доир таълимотлар билан биргаликда «Патанжали», «Қутадғу билик», «Қобуснома», Саъдийнинг «Гулистон», Жомийнинг «Баҳористон», Навоийнинг «Маҳбуб ул-қулуб», Монтеннинг «Тажрибанома», Ларошфуконинг «Ҳикматлар», Гулханийнинг «Зарбулмасал» каби амалий ахлоққа бағишланган асарлари ҳам ўз мустаҳкам ўрнига эга. Ахлоқшуносликнинг бошқа фалсафий фанлардан фарқи ҳам, ўзига хослиги ҳам ундаги назария билан амалиётнинг ана шундай омухталигидир. 3. Этика ва бошқа социал фанлар. Ахлоқ ва дин. Ислом Каримовнинг “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” асарида бу муаммоларнинг талқини. Ахлоқшунослик ва эстетика. Ахлоқшунослик бошқа ижтимоий ва фалсафий фанлар билан ўзаро алоқадорликда ривожланиб келмоқда. Айниқса, унинг эстетика билан алоқаси қадимий ва ўзига хос. Аввало, инсоннинг ҳар бир хатти-ҳаракати ва нияти ҳам ахлоқийликка, ҳам нафосатга тегишли бўлади, яъни муайян ижобий фаолият ҳам эзгулик (ички гўзаллик) хусусиятларини мужассам қилади. Шу боис Суқрот, Афлотун, Форобий сингари қадимги файласуфлар кўп ҳолларда ахлоқийликни ички гўзаллик, нафосатни ташқи гўзаллик тарзида талқин этганлар. Бундан ташқари, маълумки, санъат нафосатшуносликнинг асосий тадқиқот объекти ҳисобланади. Ҳар бир санъат асарида эса ахлоқнинг долзарб муаммолари кўтарилади ҳамда санъаткор доимо ўзи яшаётган замонда эришилган энг юксак ахлоқий даража ва унга муносабатни бадиий қиёфалар орқали бевосита ёхуд билвосита акс эттиради. Демак, эстетика ўрганаётган ҳар бир бадиий асар айни пайтда, маълум маънода, ахлоқшунослик нуқтаи назаридан ҳам тадқиқ этилаётган бўлади. Ахлоқшунослик ва диншунослик. Ахлоқшуносликнинг диншунослик билан алоқаси шундаки, ҳар иккала фан ҳам бир хил муаммо – ахлоқий мезон муаммосини ҳал этишга қаратилган. Чунки умумжаҳоний динлар вужудга келгунига қадар мавжуд бўлган маълум урф-одатлар ва қадриятлар муайян диний қонун-қоидаларга, муқаддас диний китобларга катта таъсир кўрсатган. Айни пайтда, динлар ҳам ахлоққа ана шундай таъсир ўтказганлар. Чунончи, ислом динини оладиган бўлсак, Қуръони карим, Ҳадиси шариф, Ижмоъ ва муайян фатволардаги мезонлар ҳамда талаблар мусулмон Шарқи миллатлари ахлоқий даражасининг шаклланишида катта аҳамият касб этган. Шунингдек, комил инсон муаммоси ҳар иккала фан учун умумий ҳисобланади. Фарқ шундаки, ахлоқшунослик бу муаммога замонавий тарбия нуқтаи назаридан ёндошади. Ахлоқшунослик ва хуқуқшунослик. Ахлоқшуносликнинг ҳуқуқшу- нослик билан алоқаси узоқ тарихга эга. Маълумки, жуда кўп ҳолларда ахлоқ меъёрлари билан ҳуқуқ меъёрлари моҳиятан ва мазмунан бир хил бўлади. Шунга кўра, ахлоқни жамоатчилик асосидаги ҳуқуқ, ҳуқуқни эса қонунийлаштирилган ахлоқ деб аташ мумкин. Зеро, ахлоқшунослик билан ҳуқуқшуносликнинг тадқиқот объектлари кўп жиҳатдан ўхшаш, улар фақат ёндашув усули нуқтаи назаридан фарқ қилади, яъни ҳуқуқ меъёрларининг бажарилиши, одатда, махсус адлия идораларидаги лавозимли кишилар орқали, мажбурий санкциялар воситасида йўлга қўйилади; ахлоқ меъёрлари эса умумий қабул қилинган миллий урф-одатлар, жамоатчилик фикри ёрдамида, алоҳида белгиланган кишилар томонидан эмас, балки муайян ижтимоий гуруҳ, жамият томонидан амалга оширилади. Шунингдек, ҳуқуқшунослик касби учун муҳим бўлган амалий ахлоқ жиҳатларини ахлоқшуносликнинг ҳуқуқшунос одоби деб аталадиган махсус соҳаси тадқиқ қилади ва тавсия этади. Ахлоқшунослик ва педагогика. Ахлоқшунослик педагогика билан ҳам чамбарчас алоқада. Педагогикадаги шахсни шакллантириш, тарбиялаш, таълим бериш жараёнларини панд-насиҳатларсиз, одобнома дарсларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Шу боис ахлоқшунослик ўзиинг назарий ва, айниқса, амалий жиҳатлари билан педагогиканинг асоси ҳисобланади. Зеро, маориф тизимидаги таълим-тарбия ўзини ҳар бир қадамда ахлоқий тарбия сифатида намоён қилади. Ахлоқшунослик ва руҳшунослик. Қадимдаёқ ахлоқшуносликнинг руҳшунослик (психология) билан алоқаси алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Зотан, бу иккала фан кишилар хатти-ҳаракати, феъл-атвори ва майл истакларини ўрганади. Лекин бу ўрганиш икки хил нуқтаи назардан олиб борилади: руҳшунослик у ёки бу хатти-ҳаракат, феъл-атвор, сабабий асос (мотив)ларнинг руҳий табиати ва шаклланиш шарт-шароитларини очиб беради, ахлоқшунослик эса руҳшунослик тадқиқ этган ҳодисаларнинг ахлоқий аҳамиятини тушунтиради. Ахлоқшунослик ва социология. Ахлоқшуносликнинг жамиятшунослик (социология) билан алоқаси ўзига хос. Бу иккала фан инсон фаолиятини бошқаришнинг ижтимоий мурватларидан бўлмиш ахлоқни ўрганади. Лекин ахлоқшуносликнинг миқёси бу борада кенг. Маълумки, социология инсонларнинг оммавий хатти-ҳаракати ва уларнинг қонуниятларини фақат муайян ижтимоий тузум доирасидагина тадқиқ этади. Ахлоқшунослик эса, ўз моҳиятига кўра, лозим бўлганда, муайян ижтимоий тузум ёки давр доирасидан чиқиб, инсон ахлоқининг юксак ютуғи сифатида келгуси даврлар учун ҳам тарихий ва ахлоқий аҳамият касб этган шахсий, истисноли хатти- ҳаракатларни ҳамда уларнинг сабабий асосларини ўрганади. Ахлоқшунослик ва сиёсатшунослик. Ахлоқшуносликнинг сиёсатшу- нослик билан алоқаси, айниқса, ўзига хос ва мураккаб. Чунки сиёсий кураш қарама-қарши ахлоқий қоидалар ва талаблар курашини тақозо этади. Шахсий интилишлар билан давлат ва жамият манфаатларининг мослиги, мақсадлар ва воситаларнинг пок ёки нопоклиги муаммолари ўртага чиқади. Лекин аслида сиёсат қай даражада ахлоқийлик касб этса, шунчалик у оқилона бўлади. Бу ҳозирги кунда ахлоқшунослик ҳам, сиёсатшунослик ҳам жиддий тадқиқ этадиган энг муҳим умумий муаммолардан биридир. Шунингдек, раҳбарлик одоби, партиявий одоб, этикет сингари ахлоқшуносликнинг муомала маданияти доирасига кирувчи махсус соҳалари ҳам сиёсатшунослик билан чамбарчас боғлиқ. Ахлоқшунослик ва экология. Кейинги пайтларда ахлоқшуносликнинг экология билан алоқаси тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Тарихан ахлоқшунослик кўпроқ инсоннинг ўзи, ўзгалар ва жамият олдига мажбуриятларини таҳлил этиш билан шуғулланган, унинг табиатга бўлган муносабати диққат марказидан четда қолиб келган. Лекин кейинги даврларда, айниқса, ХХ асрда табиатга нисбатан тор манфаатпарастлик доирасидаги ёндашувлар оқибатида пайдо бўлган экологик бўҳрон манзарани ўзгартирди. Эндиликда глобал экологик муаммолар кўпроқ одамларнинг ижтимоий- ахлоқий нўктаи назарларига боғлиқ экани маълум бўлиб қолди. Шундай қилиб, ҳозирги кундаги экологик муаммоларни ҳал этишнинг кўп жиҳатлари ахлоқшунослик кўмагига бориб тақалмоқда. ХХ асрда экологик ахлоқшунослик деган махсус соҳа ҳам юзага келди. Лекин, бу – ахлоқшунослик экологияни тўлиқ ўз ичига олади, деган сўз эмас. Чунки ахлоқшуносликда ахлоқий баҳолаш ва бошқариш объекти сифатида табиатнинг ўзи эмас, балки одамнинг табиатга бўлган муносабати майдонга чиқади. Ахлоқшунослик ва миллий истиқлол ғояси. Гарчанд фан сифатида миллий истиқлол ғояси олий ва ўрта махсус таълим тизимида яқинда жорий этилган бўлса-да, унинг илдизлари қадимий маънавият тарихимизга бориб тақалади. Зеро, миллий мафкура тизимида ахлоқий ғоялар албатта ўз ўрнига эга бўлади, кўпгина ахлоқий ғоялар замирида эса миллий мафкура унсурлари ётади. Шу сабабли, ахлоқшунослик тарихини миллий ғоя, мафкура тушунчаларисиз ва тарихий даврларнинг ахлоқий-фалсфий тадқиқини уларнинг таҳлилий инъикосисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Ахлоқшунослик фани жамият аъзолари ва ҳар бир фуқорога миллий истиқлол ғоясини сингдириш воситаси сифатида ҳам диққатга сазовор. Чунки миллий истиқлол ғояси эзгуликка муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат- эътибор, ватанпарварлик, миллатпарварлик, фидоийлик, зиёлилик тамойилларини сиёсий онг иштирокида талқин этилган тушунчалар тизими тарзида тақдим қилса, ахлоқшунослик уларни ахлоқий англаш воситасида рўёбга чиқадиган тамойиллар сифатида олиб қарайди. Хуллас, ахлоқшунослик билан миллий истиқлол ғояси ўртасида, халқона тил билан айтадиган бўлсак, эт билан тирноқ даражасидаги яқинлик мавжуд. Адабиётлар 1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси. Т., 2008. 2. Каримов И.А. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари. -Т.: Ўзбекистон, 2009. 3. Мамлакатни модернизация қилиш ва янгилашни изчил давом эттириш - давр талаби. Президент Ислом Каримовнинг 2008 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилга мўлжалланган иқтисодий дустарнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси // Халқ сўзи, 2009 йил 14 февраль. 4. Каримов И.А. Юксак маънавият - енгилмас куч. -Т.: Маънавият, 2008. 5. Каримов И.А. Озод юртнинг улу ғ тантанаси. “Халқ сўзи” газ., 2008 йил 1 сентябрь. 6. Каримов И.А. Юксак маънавият - енгилмас куч. Т., “Маънавият”, 2008. 7. Каримов И.А. Бу байрам – барчамизники, бутун халқимизники. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 16 йиллигига бағишланган тантанали маро-симдаги табрик сўзи. «Халқ сўзи», 2007 йил 1 сентябрь.