logo

Қонун чиқарувчи ҳокимият органининг экологик функцияси ( конун чикарувчи хокимият органининг экологик функцияси

Загружено в:

20.09.2019

Скачано:

0

Размер:

123 KB
Қонун чиқарувчи ҳокимият органининг экологик ф ункцияси Режа: 1. Қонун чиқарувчи ҳокимият органининг экологик ф ункцияси 2. Ижро этувчи ҳокимият органларининг экологик функцияси Жамият ҳаётининг ҳар қандай жабҳасида маълум вазифалар ва ҳаракатларни амалга ошириш учун, албатта, шу ҳаракатни амалга оширишни белгилаб берадиган ҳуқуқий асослар яратилган бўлиши лозим. Давлатнинг экологик функциясини амалга оширишда қонун чиқарувчи ҳокимият органи бўлмиш Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси алоҳида ўрин тутади. Юридик адабиётда давлатнинг экологик функцияси билан боғлиқ ғоялар бундан йигирма йиллар аввалроқ билдирилган. Мустақиллик туфайли турли соҳаларда ўтказилаётган иқтисодий ислоҳотлар боис ушбу масаланинг нақадар долзарблиги, унда давлат органларининг ўрни катта эканлиги ҳам таъкидланган 1 . Ҳозирги бозор иқтисодиёти шароити атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш вазифаларининг амалга оширилишини белгилаб берадиган ҳуқуқий пойдеворнинг, яъни қонунларнинг яратилишини тақозо этади. Қонунлар ёрдамида атроф табиий муҳит, фуқароларнинг қулай табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқлари ҳимоя қилинади. Бунга қонун чиқарувчи олий ҳокимият органи ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг экологик функциясини амалга ошириш орқали эришилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг экологик функциясига оид ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунлари ва қонун ости норматив ҳужжатларида кўрсатилган. Буларга Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонунлари, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, 1 Қаранг : Мирхамидов М . Органы государственного управления Республики Узбекистан. – Т. , 1992. – С.   43 . «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлари ҳамда Ер кодекси, Ҳаво кодекси ва бошқа норматив – ҳуқуқий ҳужжатларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Бу каби қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш орқали давлат ўзининг экологик функциясини бажарса, уларда белгиланган қоидаларни бевосита амалга ошириш ва бажариш орқали ушбу функцияни мустаҳкамлайди. Ҳуқуқий адабиётда таъкидланганидек, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлаш каби давлат экологик сиёсати асосий йўналишларининг ҳуқуқий асосини яратиш, экологик қонун ҳужжатларини амалиётга самарали татбиқ этиш, экологик муаммоларни ҳал этишда жамият, давлат ва ҳуқуқнинг барча воситаларини жалб қилиш билан боғлиқ фаолият туркуми парламентнинг экологик функциясини ташкил этади 2 . Берилган ушбу таърифда Олий Мажлиснинг экология соҳасидаги фаолиятининг барча қирралари қамраб олинмаган. Чунки, Олий Мажлис, қонун қабул қилиш билан бирга, уларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини ҳам олиб боради. Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг экологик функцияси деганда, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлашга қаратилган давлат экологик сиёсатининг устун йўналишларини белгилаш, экологик қонунчилик ҳужжатларини қабул қилиш, уларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳамда бу қонунларнинг бажарилиши устидан парламент назоратини амалга ошириши тушунилиши лозим. Давлатнинг экологик функциясини белгилашда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси муҳим ўрин тутади. Унга кўра, табиат бойликлари умуммиллий бойлик бўлиб, улар давлат муҳофазасидадир (55-модда). Бундан ташқари, Конституцияда Ўзбекистон Республикасининг Олий 2 Қаранг: Файзиев Ш. Х. Ўзбекистон Республикаси парламентининг экологик функциясини такомиллаштириш масалалари // Ўзбекистон Парламенти: бугуни ва истиқболи: Халқаро илмий-назарий анжуман материаллари. – Т., 2002. – Б.   61. Мажлиси, Ўзбекистон Республикасининг Президенти, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг экологик функциясини ифодаловчи бир қатор ҳуқуқий қоидалар ўз аксини топган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг экологик функциясини белгилашда экологик қонунлар алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу қонунларда давлатимизнинг олий ҳокимият органи ҳисобланган Олий Мажлиснинг атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш соҳасидаги ваколатлари кўрсатилган. Шундай қонунлар жумласига биринчи навбатда Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунини киритиш мумкин. Ушбу қонуннинг иккинчи боби «давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари»га бағишланган бўлиб, унинг 7-моддасида бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш ваколатлари ўз аксини топган. Мазкур 7-моддада кўрсатилишича, Олий Мажлиснинг экологик функцияларига қуйидагилар киради: табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш; давлат экология дастурларини тасдиқлаш; табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги республика қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш; ҳудудларни фавқулодда экология ҳолати, экология офати ва экология фалокати минтақалари деб эълон қилиш, бундай минтақаларнинг ҳуқуқий режимини ва жафо кўрганларнинг мақомини белгилаш; табиатни муҳофаза қилишга тааллуқли қонунлар ижросини мувофиқлаштириб бориш; табиий ресурслардан фойдаланганлик учун ҳақ олишнинг энг кам-кўп ҳажмини, шунингдек, тўловларни ундириб олишдаги имтиёзларни белгилаш ва бошқалар. Демак, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишда Олий Мажлиснинг ўрни алоҳида бўлиб, у табиий муҳитни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаш, инсон ва табиат ўртасидаги муносабатларнинг уйғунлигини таъминлаш, фуқароларнинг қулай атроф табиий муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини кафолатлашга қаратилгандир. Ваҳоланки, Олий Мажлиснинг ер, сув, ўрмон, ер ости бойликлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш, давлат дастурларни тасдиқлаш, шу соҳадаги қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишдаги ваколатлари алоҳида аҳамиятга эга. Шу сабабдан, юқорида санаб кўрсатилган қонун ҳужжатларида Олий Мажлиснинг функционал ваколатлари белгиланган қоидалар ўрнатилса, мақсадга мувофиқ бўлур эди. Олий Мажлис ўзининг экологик функциясини бажаришда Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 12 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида»ги Конституциявий қонунларига 3 асосланади. Ушбу қонунларда Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлиси республикада қонун чиқарувчи ҳокимиятни амалга оширувчи олий давлат вакиллик органи эканлиги, у Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ ўз ваколатига берилган ҳар қандай масалани ўз муҳокамасига қабул қилиш ҳуқуқига эгалиги, Конституция ва бошқа қонунларни қабул қилиш ҳамда уларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда давлат стратегик дастурларини қабул қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг раисини тайинлаш ва вазифасидан озод этиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазирликлар, давлат қўмиталарини ва давлат бошқарувининг бошқа органларини тузиш ва тугатиш ҳақидаги фармонларини тасдиқлаш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонларини 3 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари тўплами. – Т., 2002. – №   24 тасдиқлаш, халқаро шартномаларни ва битимларни ратификация ва денонсация қилиш ваколатига эга эканлиги кўрсатилган. Таҳлил этилган қонунлар ва қонун ости норматив ҳужжатлари шундан далолат берадики, Олий Мажлиснинг экологик функцияси қуйидаги асосий йўналишларда амалга оширилади: биринчидан, экологик қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва қабул қилиш; иккинчидан, қабул қилинган қонунларнинг бажарилишини назорат қилиш. Экологик қонун ҳужжатларини тайёрлаш ва қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг муҳим вазифаси бўлиб, республикамиз мустақилликка эришганидан кейин қисқа бир даврда экология соҳасига доир 30 га яқин махсус қонунлар ва ўнлаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ва шу соҳадаги кўплаб халқаро ҳужжатлар ратификация қилинди. Қабул қилинган қонунлар асосан экологик инқирозни бартараф этиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, фуқароларга қулай табиий муҳит яратишга қаратилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг экологик функцияси қонунларнинг бажарилишини назорат қилишда ҳам намоён бўлади. Экологияга доир қонун ҳужжатларининг амалиётда қўлланилиши, бажарилишини таҳлил этиш Олий Мажлис фаолиятининг муҳим ва ажралмас таркибий қисми ҳисобланади. Экологияга доир қонун ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, ҳокимликлар, корхона, муассаса, ташкилотлар томонидан қандай ижро этилаётганлигини Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталари доимий равишда назорат қилиб боради. Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали ва изчил амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қонун чиқариш ва қабул қилиш фаолияти алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу фаолият, хусусан, экологик муаммоларни муваффақиятли ҳал этишга, экологик хавфсизликни таъминлашга, республикамиз фуқароларининг қулай табиий атроф муҳитга эга бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва кафолатлашга хизмат қилади. Ижро этувчи ҳокимият органларининг экологик функцияси Давлат экологик функциясининг бевосита амалиётда бажарилишида ижро этувчи давлат ҳокимияти органлари муҳим ўрин тутади. Улар табиатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатини, давлат экология дастурларини, табиатни муҳофаза қилишга оид қонун ҳужжатларини жойларда бевосита ижро этувчи ҳокимият органлари ҳисобланади. Экология соҳасида давлат функциясини амалга оширувчи ижроия ҳокимият органларининг тизимини Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, вилоят ва туман ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Саноат, кончилик ва коммунал- маиший секторларда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометерология хизмати маркази, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси кабилар ташкил этади. Ижро этувчи давлат ҳокимияти органларининг экология соҳасидаги ваколатлари қуйидаги қонунларда ўз аксини топган: Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги, «Маҳаллий ҳокимият органлари тўғрисида»ги, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ўрмон тўғрисида»ги, «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги, «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги қонунларида, Ер кодекси, Ҳаво кодекси ҳамда экология соҳасидаги давлат функциясини амалга оширувчи вазирликлар, давлат қўмиталарининг низомларида белгиланган. Экология соҳасидаги давлат функцияси ижро этувчи органларнинг атроф муҳитни муҳофаза қилишни ва табиатдан фойдаланишни ташкил қилишида намоён бўлади. Ушбу функцияни ташкил этиш асосида инсон учун атроф табиий муҳитни яхшилаш, табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик хавфсизликни таъминлаш мақсадлари туради. Давлатнинг экологик функцияси орқали ижроия органлари, табиий ресурслардан фойдаланиш жараёнини ташкил этадилар ва уларни тасарруф этиш ҳуқуқини амалга оширадилар. Давлат бошқарув органларининг ижроия фаолияти ушбу органларнинг ижроия ҳокимиятига тааллуқлилигидан келиб чиқиб, қонунчилик ва вакиллик органларининг қарорларини амалга оширишга қаратилган бўлади. Экология соҳасида давлат бошқаруви органларининг ижро этиш ва фармойиш бериш фаолияти табиий ресурслар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бажарилишини таъминлашга қаратилгандир. Ижроия органларининг экология соҳасидаги давлат функциясини амалга оширишлари қуйидаги принципларга асосланган: 1) бошқарувнинг қонунийликка асосланиши, яъни давлат бошқарув органларининг экологик муносабатларни тартибга солишда фақат қонун ҳужжатларида белгиланган ваколат доирасида ҳамда ҳуқуқлар асосида фаолият юритиши; 2) тармоқ ва ҳудудий бошқарувни мувофиқлаштиришга, яъни экологик муносабатларни тартибга солишда давлат органларининг фаолияти ҳам ҳудуднинг ривожланишини, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг таъминланиши; 3) экология масалаларини ҳал қилишда ҳар томонлама ёндашиш, яъни республика халқ хўжалиги ва аҳолининг табиий ресурсларга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлаш. 4) Экология соҳасида давлат бошқарувини ташкил этишда табиий ресурслардан фойдаланиш ва назорат қилишни ажратиш, яъни экология соҳасида табиий ресурслардан бевосита фойдаланувчилар назорат қилиш ваколатига эга бўлмаслигида, экология соҳасида давлат бошқаруви органларини шакллантириш ҳамда уларнинг фаолиятини ташкил қилишда фойдаланиш ва назорат қилиш ваколатларини тартибга солиш. Экология соҳасидаги давлат функциясини ижро этувчи ҳокимият органлари маълум бир шакл ва усулларда амалга оширадилар. Ҳуқуқ ижод қилиш, ижроия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти ушбу функциянинг шаклларидир. Ижроия органлари ҳуқуқ ижод қилиш йўли билан қабул қилган норматив ҳужжатларда, қонунларда белгиланган қоидаларни янада ривожлантириб, ижтимоий муносабатларни батафсил тартибга солувчи қоидаларни белгилайдилар. Масалан, Ер кодексининг ва «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги қонуннинг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31 декабрдаги 543-сонли қарори билан тасдиқланган. «Давлат ер кадастрини юритиш тўғрисида»ги низом, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси тасдиқлаган ва Адлия вазирлиги 1999 йил 27 майда 736-сон билан давлат рўйхатига олган «Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома билан тартибга солинади. Давлат бошқарув органларининг ижроия фаолияти қонун ҳужжатларини амалга ошириш бўйича амалий фаолият ҳисобланади. Масалан, ер участкаларини жойида ажратиб бериш, ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатига олиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этишни назорат қилиш ва ҳоказо. Табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш қоидалари бузилган тақдирда айбдор экология соҳасидаги давлат бошқарув органлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолияти орқали шахсларни жиноий, маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортиш масаласини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки ушбу шахслар ишлайдиган ташкилот маъмуриятининг олдига қўядилар. Агар экологик назорат органлари маъмурий жавобгарликка тортиш ҳуқуқига эга бўлсалар, суд органларида атроф табиий муҳитга етказилган зарарни ундириш бўйича даъво аризаларини қўзғатадилар, табиий ресурслардан фойдаланувчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширадилар. Экология соҳасида давлат функциясини амалга оширадиган ижроия органларнинг доираси кенгдир. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ, экология соҳасида давлат функциясини амалга оширадиган органлар умумий ва махсус ваколатга эга бўлган давлат органларига бўлинади. Умумий ваколатга эга бўлган органлар қаторига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари киради. Вазирлар Маҳкамасининг экология соҳасидаги ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида (98-моддаси), «Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги 2003 йил 29 августда янги тахрирда қабул қилинган қонунида, Ўзбекистон Республикасининг «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунининг 9-моддасида ҳамда табиатни муҳофаза қилишга қаратилган бошқа қонунларнинг тегишли моддаларида белгиланган. Олий ижроия органи ҳисобланган Вазирлар Маҳкамаси табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича норматив ҳужжатлар (қарор, низом, қоида ва тартиблар) қабул қилади; табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади; табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширишни ташкил этади; табиий ресурслардан фойдаланганлик учун солиқлар ва тўловлар миқдорини белгилайди; атроф табиий муҳит мониторинги, табиий ресурслар давлат кадастрларининг юритилишини ташкил қилади; махсус ваколатга эга бўлган давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради; давлат экологик назоратини ташкил этади; ер участкаларини эгалик қилишга, фойдаланишга, шу жумладан ижарага беради, ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилади; ер ости бойликларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради ва уни бекор қилади, ер ости бойликларидан фойдаланишнинг лицензиялаш тизимини ташкил этади; фойдали қазилмалар рўйхатини белгилайди; экологик жиҳатдан танг вазиятлар, табиий офатлар ва фалокатларнинг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқади; табиий офатлар ва йирик аварияларнинг оқибатларини тугатиш чора-тадбирларини амалга оширади; экология соҳасида халқаро алоқаларни йўлга қўяди. Экология соҳасида давлат функциясини амалга оширувчи маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, Ўзбекистон Республикасининг «Маҳаллий давлат ҳокимият органлари тўғрисида»ги қонунида (10, 24, 25-моддалари), «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунда (10-модда) ва табиатни муҳофаза қилишга доир бошқа қонунларнинг тегишли моддаларида белгиланган. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ҳудудларида экология соҳасида давлат бошқарувининг қуйидаги ваколатларини амалга оширадилар: минтақада (ҳудудда) табиатни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилайдилар, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг ҳудудий дастурларини тасдиқлайдилар; атроф табиий муҳитга зарар етказаётган объектлар фаолиятини вақтинча ёки бутунлай тўхтатиш ва қайта ихтисослаштириш тўғрисида қарорлар қабул қиладилар; фойдаланишни ташкил қилиш мақсадида табиий ресурсларни тақсимлайдилар (ер участкаларини – эгаликка, фойдаланишга ёки ижарага, сув объектини танҳо фойдаланишга, ўсимлик дунёсидан пичан ўриш ёки мол боқиш учун, аҳоли пунктларида дарахтлар кесиш мақсадида фойдаланиш ҳуқуқини берадилар) ва шундай фойдаланиш ҳуқуқларини бекор қиладилар; атроф табиий муҳит мониторинги, табиий ресурслар давлат кадастрлари юритилишини ташкил этадилар; табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширадилар. Экология соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи махсус ваколатли давлат органларига вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралари киради. Уларнинг фаолияти асосан экологик муносабатларни тартибга солиш билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, махсус ваколатли органлар деб номланадилар. Улар тармоқлараро, яъни бир неча тармоқларни ва бир неча табиий ресурсларни идора этувчи органларга ҳамда тармоққа оид, яъни маълум бир табиий ресурсни идора этувчи органларга бўлинади. Экология соҳасида давлат функциясини бажарувчи махсус ваколатли органлар ичида марказий ўринни Ўзбекистон Республикасининг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси эгаллайди. Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1996 йил 26 апрелдаги қарори билан тасдиқланган Низомга 4 мувофиқ табиатни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш соҳасида давлат назоратини ҳамда тармоқлараро бошқарувни амалга оширувчи, идоралардан устун турувчи ҳамда мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли органдир. Ўзбекистон Республикасининг Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикасининг Олий Мажлисига бўйсунади ва унга ҳисобдордир. 4 Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. – 1996. – №   5–6. – 70-модда. Табиатни муҳофаза қилиш, давлат қўмитаси юқорида кўрсатилган Низомга асосан ўз ваколатлари доирасида: – атроф муҳитни муҳофаза қилишда иқтисодий усулларни кенг қўллаш, ресурсларни тежайдиган, камчиқит ва чиқитсиз технологияларнинг барча жойларда қўлланилишини рағбатлантириш, экология соҳасига фан-техника ютуқларини жорий этиш асосида табиатни муҳофаза қилиш фаолиятини комплекс бошқаради; – табиатни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан фойдаланиш юзасидан республика экологик нормативлар, қоида ва стандартларни тасдиқлайди, – атроф муҳитга ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш (оқизиш) нормативларини белгилайди ҳамда табиатдан фойдаланувчилар эътиборига етказади; – давлат экологик экспертизасини ўтказади; – атроф муҳит ифлосланишининг аҳволи ва унга бошқача зарарли таъсирлар, табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларнинг республика ягона экологик ахборот банкини ташкил этади ва юритади; – республикада қўриқхоналарга доир ишларга раҳбарлик қилади, алоҳида муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ҳамда ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрини юритишда қатнашади; – экологик ташвиқотни амалга оширади, экологик таълим ва тарбияни ташкил этиш ҳамда юритишда иштирок этади; – ифлослантирувчи моддаларни атроф муҳитга чиқариб ташлаш ва оқизиш, чиқиндиларни жойлаштириш ва кўмиш, сувдан махсус фойдаланишга, ов қилиш ва балиқ тутишга рухсатномалар беради, ёввойи доривор гиёҳлар, озуқа ўсимликлари ва манзарали ўсимликларни, техникавий хомашё ва бошқа табиий ҳосилаларни (шу жумладан мумиёни) йиғиш (тайёрлаш), уларни республика ҳудудидан олиб чиқиш ва республикага олиб кириш ҳуқуқини беради; – табиатни ифлослантирганлик ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаганлик натижасида унга етказилган зиённи қоплаш тўғрисида юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан даъво қўзғатади; – банк муассасаларига экологик қонун ҳужжатларини бузган ҳолда иш олиб борилаётган саноат ва бошқа объектларни лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш ёки кенгайтириш ишларини маблағ билан таъминлашни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома киритади; – экологик қоидаларга амал қилмай иш олиб борилаётган саноат ва бошқа объектларни лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш ёки кенгайтиришни тақиқлайди, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ишини тўхтатиб қўяди; – экологик талабларга риоя этмаган шахсларни маъмурий жавобгарликка тортади, зарурат бўлганида ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этади; – табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан белгиланган ҳолларда ва тартибда давлат назоратини олиб боради ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади. Экология соҳасида давлат бошқарувини амалга оширишда махсус ваколатли давлат органи бўлган Ер ресурслари давлат қўмитаси катта аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси республика Президентининг 2003 йил 9 декабрдаги фармони билан ташкил этилган бўлиб, унинг низоми Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 19 октябрдаги 483-сонли қарори билан тасдиқланган. Ушбу орган ер мониторингини амалга оширади, давлат ер кадастрини юритади; ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олади, ер ресурсларининг давлат ҳисобини олиб боради, ердан оқилона фойдаланиш ва унинг муҳофаза этилиши устидан давлат назоратини олиб боради; ер тузиш ишларини ташкил этади ва бошқа ваколатларни амалга оширади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Саноат, кончилик ва коммунал – маиший секторда ишларнинг бехатар олиб борилишини назорат қилиш давлат инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 9 июлдаги фармонига мувофиқ, фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун ва у билан боғлиқ бўлмаган ер иншоотларининг қурилиши ва улардан фойдаланиш учун кон ажратиш ҳужжатларини беради; ер ости бойликларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини олиб боради. Ер ости бойликлари, улардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш, бошқариш ҳамда бошқа масалалар Ўзбекистон Республикасининг «Ер ости бойликлари тўғрисида»ги 2002 йил 13 декабрда 5 қабул қилинган қонунида батафсил кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 26   ноябрдаги 419- сонли қарори билан тасдиқланган низомига мувофиқ, давлат сув ҳисобини ва давлат сув кадастрини ер ости сувларининг истеъмол қилиш қисмида юритади, сувдан фойдаланишни режалаштиришда қатнашади, сувдан лимитли фойдаланиш бўйича шартномалар тузади; сунъий сув ҳавзалари ва каналлардаги сувдан фойдаланиш устидан давлат назоратини олиб боради. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ичимлик сувларнинг ифлосланиши устидан санитария назоратини, атмосфера ҳавосига зарарли таъсир кўрсатилиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Йўл ҳаракати хавфсизлиги давлат хизмати (ЙҲХДХ) атмосфера ҳавосининг ифлосланиши устидан давлат назоратини амалга оширади. Умуман олганда, экология соҳасидаги давлат функциясини бажарувчи ижроия органлари қуйидаги ваколатларни амалга оширадилар: 5 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. – 2003. – № 1. – 5-модда. – табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш бўйича норматив ҳужжатларни қабул қилиш орқали давлат органлари қонун ва ҳукумат қарорларидаги қоидаларни янада ривожлантирувчи ва муфассаллаштирилган идоравий норматив ҳужжатларни қабул қилиш; – атроф табиий муҳитнинг муҳофаза қилинишини таъминловчи нормативларни қабул қилиш. Буларга: сувда ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган даражада тўпланиши; атмосфера ҳавосида ифлослантирувчи моддалар ва биологик организмларнинг йўл қўйиладиган даражада тўпланиши, физикавий омиллар атмосфера ҳавосига акустик, электромагнит, ионлаштирувчи ва бошқа зарарли таъсир кўрсатишнинг йўл қўйиладиган даражалари киради; – экологик стандартлаш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экологик талабларга жавоб беришини аниқлаш. Ўзбекистон Республикаси «Стандартлаш тўғрисида»ги 6 қонунининг 8-моддасида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги стандартлаш органлари сифатида белгиланган бўлиб, улар экологик стандартлашни амалга оширадилар. Ўзбекистон Республикасининг «Сертификациялаш тўғрисида»ги 7 ва «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунларига мувофиқ, экологик сертификациялаш сертификация қилинадиган маҳсулотнинг белгиланган экологик талабларга мувофиқлигини аниқлаш борасидаги фаолиятдир. Ушбу қонуннинг 5-моддасига мувофиқ, экология соҳасидаги давлат органлари ва бошқа юридик шахслар экологик сертификат олиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология бош бошқармаси томонидан аккредитациядан ўтадилар ва ушбу фаолиятни амалга оширишга рухсат оладилар. 6 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Советининг ахборотномаси. – 1994. – №   2. – 46-модда. 7 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. – 1999. – №   5. – 124-модда. Табиий объектлар тўғрисида маълумот тўплаш мақсадида, давлат органлари уларнинг давлат ҳисобини амалга оширадилар. Ушбу ваколат орқали табиий объектларнинг сон ва сифат кўрсаткичлари, яъни уларнинг миқдори, тарқалганлиги, жойлашган жойи ва бошқа тавсифлари аниқланади. Табиий объектларнинг давлат ҳисоби табиий объектларнинг мониторинги (уларни кузатиш), инвентаризация қилиш ёки фойдаланишни рўйхатга олиш йўли билан амалга оширилади. Табиий ресурслар давлат кадастрларини юритишдан мақсад табиий объектлар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, уларнинг ҳолатини аниқлашдан иборат. Табиий объектларнинг миқдори ва сифати, уларнинг ҳуқуқий, табиий, хўжалик ҳолати, фойдаланиш даражаси тўғрисидаги маълумотлар тизими табиий объектлар кадастрлари деб номланади. Табиий объектлар кадастрлари ҳар бир табиий объект юзасидан алоҳида юритилади ва уларни юритиш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади. Масалан, давлат ер кадастрини юритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси «Ер кодекси»нинг 8 15-моддаси, «Давлат ер кадастри тўғрисида»ги 9 қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 31 декабрдаги 543-сонли қарори билан тасдиқланган давлат ер кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низоми ва Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси 1999 йил 30 мартда тасдиқлаган ва Адлия вазирлиги томонидан 1999 йил 27 майда 736-рақам билан рўйхатга олинган «Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатига олиш тартиби тўғрисида»ги йўриқнома қўлланилади. Табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш чоғида фойдаланувчилар, давлат органлари ва бошқа шахслар ўртасида келиб чиқадиган низоларни ҳал қилишда давлат органлари қатнашадилар. Табиий ресурсларнинг ҳуқуқий ҳолатини белгиловчи қонунларда ушбу низоларнинг 8 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. – 1998. – №   5–6. – 82-модда. 9 Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг ахборотномаси. – 1998. – №   9. – 165-модда. ҳал қилиниши масаласи турлича ёритилган. Масалан, Ер тўғрисидаги кодекснинг 89-моддасида ер тўғрисидаги низолар фақат суд органлари томонидан ҳал этилиши белгиланган, «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 85-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек сувларни идора этувчи махсус ваколатга эга бўлган органлар сувдан фойдаланишга доир низоларни ҳал қилувчи органлар сифатида белгиланган. Юқорида қайд этилган ваколатлардан ташқари, алоҳида табиий ресурслардан фойдаланиш ва уларнинг муҳофазаси бўйича давлат бошқаруви органлари махсус ваколатларни амалга оширадилар. Масалан, қонун ҳужжатларида сувлар зарарли таъсирининг (сув тошқини, зах босиши кабиларнинг) олдини олиш, ўрмонларни қайта кўпайтириш, ерларнинг мелиорациясини ташкил этиш кабилар кўзда тутилган. Юқоридагилардан ҳам кўриниб турибдики, ижро этувчи ҳокимият органлари экологик функцияларининг қонун асосида амалга оширилиши ва ушбу органларнинг табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир тегишли ваколатларга эга бўлиши давлатнинг экологик функциясини мустаҳкамлашга ёрдам беради. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 1. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. – Т.: Ўзбекистон, 2003. - 4 0 2. Каримов   И.   А.   Ўзбекистон: миллий истиқлол, иқтисод, сиёсат, мафкура. Т. 1. – Т.: Ўзбекистон, 1996. – 364   б. 3. Каримов   И.   А.   Биздан озод ва обод Ватан қолсин. Т. 2. – Т.: Ўзбекистон, 1996. – 380 б. 4. Каримов   И.   А.   Ватан саждагоҳ каби муқаддасдир. Т. 3. – Т.: Ўзбекистон, 1996. – 366 б. 5. Каримов   И.   А.   Бунёдкорлик йўлидан. Т. 4. – Т.: Ўзбекистон, 1996. – 394   б. 6. Каримов   И.   А.   Янгича фикрлаш ва ишлаш – давр талаби. Т. 5. – Т.: Ўзбекистон, 1997. – 384 б. 7. Каримов   И.   А.   Хавфсизлик ва барқарор тараққиёт йўлида. Т. 6. – Т.: Ўзбекистон, 1998. – 429 б. 8. Каримов   И.   А.   Биз келажагимизни ўз қўлимиз билан қурамиз. Т. 7. – Т.: Ўзбекистон, 1999. – 413 б. 9. Каримов   И.   А.   Озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт пировард мақсадимиз. Т. 8. – Т.: Ўзбекистон, 2000. – 525 б. 10. Каримов   И.   А.   Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз. Т. 9. – Т.: Ўзбекистон, 2001. – 439 б. 11. Каримов   И.   А.   Хавфсизлик ва тинчлик учун курашмоқ керак. Т. 10. – Т.: Ўзбекистон, 2002. – 432 б. 12. www . ziyonet . uz