logo

Тил ва маданият тил - миллатнинг тарихий-маданий мероси

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

114 KB
Тил ва маданият тил - миллатнинг тарихий- маданий мероси Режа: 1. Тил ва маданият 2. Тил - миллатнинг тарихий-маданий мероси сифатида 3. Тил маданияти назарияси ҳақида Тил ва маданият Тил - миллатнинг тарихий-маданий мероси сифатида Тил – инсоният томонидан аждодлардан мерос қилиб олинган «маънавий бойлик», таркибида турли элементлар, қоидалар, барча сатҳлардаги муносабатлар сақланаётган имкониятлар хазинасидир. Тил бутун борлиғича тарихий ҳодиса. Кўп тиллиликнинг умуммаданий хусусиятларини ва умуминсоний тил муаммосининг таржима жараёнига оид томонларини ўрганган Женева университетининг профессори Ж.Стайнернинг чуқур ишонч билан таъкидлашича, «ҳар қандай лисоний акт маълум вақт оралиғида кечади. Вақт доирасидан ташқарида ҳеч қандай семантик шакл юзага келмайди. Ҳар қандай сўзни қўллаётиб, дейиш мумкинки, биз унинг олдинги тарихини уйқудан уйғотгандек бўламиз, уни аввалгидек тарихан жаранглашга мажбур қиламиз. Ҳар қандай матн алоҳида тарихий бир замонда вужудга келади… Матнни тўлиқ ўқиш унда ифодаланган мазмунни, нутқнинг ҳаққонийлигини белгилайдиган мақсад ва вазифаларини қайта тиклаш демакдир» ( Steiner 1975: 24). Тил фақатгина мавҳум синхрон ҳолатда қаралса ва луғавий бирликларнинг фақат ички структуравий муносабатлари ҳисобга олинса, ҳеч қачон нутқий тузилмалар асл мазмунини англаб бўлмайди. Лисоний мазмун тарихан шакл топган қоидалар мажмуаси, норма, узус кабилар билан боғлиқдир. Тил ва замон бир- бирига боғлиқ ҳолда мавжуд ва бу жаҳоннинг турли минтақаларида яшаётган одамларнинг дунёқарашларини шакллантирувчи омиллар сарчашмаларига мурожаат қилиш имкониятини беради. Ж.Стайнер Европа халқларининг анъанавий маданиятини ўрганиб чиқиб, бу маданиятларнинг хусусиятларини илмий шарҳловчи ўзига хос ғояни ўртага ташлади. Унинг фикрича, Европа маданияти ва цивилизациясини қадимий Ўрта Ер денгизи маданияти намуналаридан «транскрипция» қилиб олинган мерос деб талқин қилиш мумкин. Бу муҳитда пайдо бўлган барча янгиликлар эса худди шу мумтоз андозаларга асосланади. Мавжуд бўлган тушунчалар атрофида янгиликлар яратиш имкони ҳам чексиз. Ҳозирги замон Ғарб санъатида (П.Пикассо, И.Стравенский, Т.Элиот, Ж.Джойс, Р.Лоуэлл, Э.Паунд ижодларида) Ж.Стайнернинг анъаналарнинг маданий тараққиётга таъсири ҳақидаги қуйидаги фикри диққатга сазовордир: «Эҳтимол, маданий анъаналар бизнинг синтаксисимизда мустаҳкамроқ ўрнашиб қолгандир ва бизнинг ҳаётимиз, биз буни истаймизми ёки йўқми, бизнинг шахсий ва ижтимоий ўтмишимизнинг таржимаси бўлиб қолаверади» ( Steiner 1975: 467). Тил ва маданият муносабатини маданият кўп аспектли ҳодиса эканлигини ҳисобга олиб ўрганиш зарур. Шу сабабли тилнинг мураккаб тизим сифатида маданиятнинг турли қисмларига турлича муносабатда бўлиши аниқланган. Бироқ, тилнинг маданият бўлакларига (шунингдек, ижтимоий структурага) таъсири ҳал қилувчи характерга эга эмас. Инсоннинг лисоний маданияти унинг маънавий оламида муҳим ўринни эгаллайди. Унда тарихий даврларнинг, сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг энг муҳим хусусиятлари намоён бўлади. Муҳими, бу хусусиятлар тил структурасида, унинг лисоний қурилишидаги ўзгаришларда, луғат ва фразеология таркибидаги семантик силжишларда, шунингдек, рамзий-стилистик воситалар тизимидаги янгиликларда, нутқий мулоқот нормаларида ва, умуман, тил маданиятининг ижтимоий-психологик вазифалари қаторининг кенгайишида ҳам ўз ифодасини топади. «Тил маданияти» тушунчасининг мазмуни турли тарихий даврларда турлича кўриниш олиши эҳтимоли йўқ эмас (Щерба 2000: 114-115). Тил маданияти – энг аввало ижтимоий амалиёт жараёнида шаклланган ва жамият томонидан эътироф этилган тил нормалари, унинг луғат бойлигидир. Уларнинг вазифаси тил воситасида фикрлашнинг мантиқий равонлигини, мазмунан аниқлигини таъминлашдир. Тил нормаларининг бузилмаслигини, муҳимлигини таъминлаш орфография, орфоэпия, фонетика, морфология, синтаксис, семантика каби соҳалар зиммасига юкланган. Нутқ узуси шунингдек, социолингвистик факторларнинг ҳаракатчанлигига ҳам боғлиқ. Масалан, адабий фаолият доирасининг кенгайиши, миллий тил вариантларининг умумлашуви, адабий тил ва диалектлар орасидаги фарқларнинг камайиши, тилнинг «касбийлашуви», яъни маълум фаолият соҳаси талабларига мослашуви кабилар ҳам тил маданиятининг шаклланиши ва ривожланишида ўз аксини топади (Маматов 2005). Умуман олганда, тил нормаларини аниқлаш ва фарқлашда қуйидаги ҳолатларга асосланиш мумкин: 1) тил кўп қатламли, кўп қисмли қурилмадир, бироқ у яхлит воқелик сифатида доимий ривожланишда бўлади ва ҳар доим мулоқот жараёнининг қийинчиликсиз рўй беришини таъминлаш қобилиятига эга; 2) тил нормалари тил тизимида мавжуд бўлган имкониятлар ичидан танлаб олинган бирликлар мажмуасидир; 3) тил нормаси муайян узусга асосланади; 4) тил нормаларидаги ўзгаришлар мазкур тилда сўзловчи жамият аъзоларининг коммуникатив эҳтиёжлари ўзгариши туфайлигина юзага келиши мумкин; 5) тил воқелигида мулоқот муҳитига мос ҳолда фарқланадиган норма қатор ўзига хос белгиларга эга бўлган ўлчамдир; 6) тил нормасини фарқлаш ва унинг хусусиятларини тушуниш учун фарқловчи белгилар икки асосий турда бўлишини унутмаслик зарур: а) соҳалардаги фарқлар бўйича (диалект нормаси, сўзлашув нутқи нормаси, адабий тил нормаси); б) хусусиятига кўра фарқлаш (вариантли ва вариантсиз нормалар, зарурий ва факультатив нормалар ва ҳоказо). Тил маданияти – социолингвистик ҳодиса сифатида мажмуавий характерга эга. «Тил маданияти» тушунчасининг ўзида, биринчидан, тил тизими ва коммуникатив фаолият ўртасидаги муносабатларнинг, иккинчидан, тил тизимида ижтимоий ва нутқий фаолиятнинг индивидуал хусусиятлари диалектик табиати ўз аксини топган. Тил маданиятининг юқорида қайд этилган тамойилларига шахснинг умумий хусусиятларининг таркибий қисмлари деб ҳам қараш мумкин. Сўзловчи шахснинг тил маданияти мақомини ўрганишда эса, унинг ижтимоий-маданий қоидаларга қандай риоя қилиши ҳисобга олинади. Бу қоидаларни белгилашда шахснинг ёши, жинси, маълумоти, ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва иқтисодий ҳолати кабилар инобатга олинади. «Тил маданияти»дан фарқли ўлароқ, лисоний «мулоқот маданияти» тушунчаси қуйидаги хусусиятлари билан характерланади: 1) бу тушунча лисоний фаолиятнинг икки тури, яъни нутқ яратиш ва уни тушуниш жараёнларини назарда тутади; 2) тўлиқ нутқий ахборотларга тааллуқли бўлади (маълум мавзуга оид матнлар); 3) матнда бир эмас, бир неча тилдаги ахборотларнинг ишлатилиши кузатилади. Кейинги даврларда лисоний мулоқот маданиятига турлича нолисоний факторларнинг таъсири кучаймоқда. Булар қаторига жамиятдаги ижтимоий ва касбий муносабатларнинг мураккаблашуви, меҳнат фаолиятининг ўзгариши, адресатга нисбатан диққат-эътиборнинг ошиши, ифода воситалари заҳирасининг бойиши кабилар киради. Мулоқот маданияти коммуникантлар характери билан ёки мулоқот вазиятига иложи борича кўпроқ элементларнинг қўшилиши билан боғлиқ бўлади. Бу ўз навбатида ижтимоий ҳаёт кўзгуси бўлган луғатнинг лисоний – маданий ривожланишига олиб келади. Ҳозир у кундалик ҳаётдаги эвфемизмлар ва сиёсий мулоқот жараёнида кенг қўлланилаётган коннотатив баҳолаш бирликлари ҳисобига фаол ривожланмоқда. Масалан, инглиз тилида fat сўзи (`ёғли, семиз) эвфемистик усулда бошқа сўзлар билан алмаштирилмоқда. Мабодо, гап кийимнинг ҳажми (размери) ҳақида кетса, қуйидаги ифода воситалари қўлланилади: қизлар учун – churbette , ўғил болалар учун – husky , эркаклар учун – portly , аёллар учун – womens ` sizes . Қиёсланг: Аёлларнинг кичик размерли кийимларини ифодалаш учун – « misses » or « junior ». Бундан ташқари, лисондаги ифода имкониятларнинг кенглигини сўзларнинг кўп вазифалигида ёки полисемантик хусусиятлари намоён бўлишида ҳам кўриш мумкин. Бинобарин, ўзбек тилшунослари М.Миртожиев ва Н.Маҳмудовлар «олтин» сўзининг нутқий тузилмаларда эпитет (сифатлаш) вазифасида қўлланишида ифодаланадиган маъно хусусиятларини қуйидагича изоҳлашади: Ердаги олтин соч ва порлоқ юлдузлар нурини ичамиз (Ҳ.Олимжон) гапида муаллиф сочнинг рангини ифодаламоқчи бўлса, «Шу олтин дамларни сезардим танҳо» (Ғайратий) гапида шоир «қадрга эгалик» ва «ҳузур- ҳаловатли» онларни эслатмоқчи. Худди шунингдек, «Иним Йўлчи, олтин бошинг бор» (Ойбек) ва «Кам бўлманг, олтин сўзларни айтдингиз» (И.Раҳим) тузилмаларида қимматлилик, ақллилик, насиҳатомузлик мазмунларига ишора бор (Миртожиев, Маҳмудов 1992: 42-43). Тилнинг маданий мазмунини ифодаловчи муҳим хусусиятлар қаторига унинг эркин ишлатилишини (ўзи ифодалайдиган нарсага нисбатан ҳеч қандай физик ва биологик рамзийликнинг йўқлиги), маҳсулдорлигини (жумлалар тузиш имкониятининг чекланмаганлиги), семантик универсалликни (ифодалайдиган фикрнинг мавзуси чекланмаганлиги), қатламларнинг силжишини киритиш мумкин. Охиргиси ахборотни макон ва замонга нисбатан бефарқ узатиш мумкинлигини ифодаловчи универсал хусусиятларидан биридир ( Anderson 1976: 297-331). Тил умумий ва хусусий категориялар билан иш юритиш қобилиятига эга. Бироқ, борлиқни тил воситалари билан ифодалаш у ёки бу предмет ва ҳодисанинг белгиларини турлича идрок қилиниши натижасида турлича кечади. Тил маданияти назарияси ҳақида Тил тараққиётининг ҳозирги босқичида меъёрлашув, намуналашиш, табақаланиш, «интеллектуаллашув», глобаллашув, интернационаллашув ва демократлашув каби турли жараёнлар кечмоқдаки, уларнинг умумий тил тизимига, у нутқий мулоқот фаолиятига таъсири бир хилда кечмайди. Меъёрлаштириш ёки стандартлаштириш сўзлашув тили ва ёзма тил услубларини бир қолипга тушириш, улар орасидаги фарқни йўқотиш ҳаракатидир. Бунда адабий тилнинг диалектларга таъсири ва ўзаро таъсир натижасида ҳудудий диалектларнинг аста-секин йўқолиши кўзда тутилади. Бу хилдаги жараённинг бошланиши бадиий адабиёт тилининг «камбағаллашуви», унинг грамматикаси ва луғатининг намуна ва норма вазифасини бажара олмай қолишига сабаб бўлади, инсонлар бадиий адабиётдан кўра матбуот, радио, телевидение, реклама тилига кўпроқ дуч келишади. Натижада оммавий ахборот воситалари тили билан адабий тил нормаларини мувофиқлаштириш муаммоси келиб чиқади. Бундай глобал ҳодисаларнинг асосий сабаби меҳнат фаолияти жараёнидаги интеграциядир ва бу эса, ўз навбатида, мулоқот фаолиятини жадаллаштирувчи қандайдир бир «умумий тил» яратиш заруратини илгари суради. Тилнинг табақаланиши эса социолектлар (муайян ҳудуддаги бир гуруҳ, бир ёшдаги, бир хил маданият даражаларидаги одамларнинг мулоқотидаги ўзига хосликлар), «профессиолектлар» (маълум шаклдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи кишиларнинг мулоқот тили) каби қатламларнинг фарқланишидир. Тил тараққиётидаги бу анъана илмий-техникавий тараққиётнинг, янги касблар, замонавий коммуникация воситаларининг вужудга келиши натижасидир. Масалан, ҳозирги даврда дунёдаги барча тилларнинг луғат таркибида янги атамаларнинг яратилиши, синоним, омоним сўзларнинг кенг тарқалиши, контекстуал маъно ролининг ошиши билан боғлиқ луғавий табақаланиш ҳодисаси кенг тарқалмоқда. Тилнинг «интеллектуаллашуви » - умумий мулоқот тилига илмий тилга хос хусусиятларнинг кенг миқёсда кириб келишидир. Бу ҳолатда лисоний мулоқотнинг аниқликка, бир маънолиликка, ифода воситаларини тежашга бўлган интилиши кузатилади. Бунинг сабабларидан бири фан ва техника тараққиёти, жамиятда содир бўлаётган ўзгаришларнинг тобора чуқурлашиб бораётганлигидир. Интеллектуаллашув тил системасининг лексик, фонологик ва морфологик қатламларида ўз аксини топади. Масалан, ҳозирги немис тилида бу ҳодисани қуйидаги жараёнларда кўриш мумкин: 1) луғат таркибига махсус илмий-техникавий атамаларнинг кўп миқдорда кириб келиши (масалан, « Plast »- дастлаб бу термин органик кимёга мансуб эди, ҳозирги пайтда у «сунъий мато» маъносини англатади.); 2) тилда мавжуд бўлган луғат бирликларининг махсус семантик маънога эга бўлиши. Тилнинг интернационаллашуви – умумий тилнинг бир неча тилларда мавжуд бўлган, бир хил шакл ва маънода ишлатилувчи янги сўзлар билан бойишидир. Тилларнинг интернационаллашувида инглиз тили муҳим ўрин тутади. Лотин, юнон ва бошқа тиллар асосида ҳам янги интернационал сўзлар вужудга келмоқда. Масалан, олмонча: « Autopilot » - автопилот, « Antikriegs film » - урушга қарши фильм; ўзбекча: «мониторинг», «лицей», «траффик», «гендер» кабилар. Тилнинг демократлашуви – бу ёзма ва сўзлашув тилининг бир-бирларига яқинлашувидир. Бу ҳодиса сўзлашув тилидаги бирикмаларнинг ёзма нутққа кириб келишида ўз аксини топади. Масалан, немис тили ёзма нутқида мустаҳкам ўрин олган « Fernschen » - «телевидение» сўзи ёшларнинг сўзлашув тилида « Television » сингари қўлланилади, асос сўз « Tele » эса айрим қўшма отларнинг ясалишида ишлатилади: « Tele - Theater » - телетеатр, « Tele - Klub » - телеклуб; Қиёсланг: ўзбекча «Теледебат», «Телеўйин». Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда тил ва маданиятнинг ўзаро муносабатларини ифодаловчи « тил маданияти » масаласининг ўрганилиши долзарб муаммо эканлиги ҳақидаги фикрга қўшилиш мумкин. Тил ва маданиятнинг ўзаро муносабатлари масаласини ўрганар эканмиз, маданиятнинг кўп қиррали ва кўп аспектли ҳодиса эканлигини унутмаслигимиз лозим. Ўз навбатида, тил ҳам мураккаб қурилма сифатида маданиятнинг турли қисмлари билан бир хил муносабатларга киришавермайди. Аммо, тилнинг маданиятнинг турли элементларига таъсири ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас (Сафаров 2006). Инсоннинг тил маданияти унинг маънавий оламида муҳим ва залворли ўрин эгаллайди. Унда тарихий босқичнинг, тизимнинг, у ёки бу ижтимоий- иқтисодий қурилмаларнинг ўзига хос хусусиятлари ўз аксини топади. Улар тил қурилишида унинг асосий лисоний хусусиятларнинг ўзгаришларида, стилистик воситаларнинг идрок қилинишида, мулоқотнинг ўзига хос (махсус) шаклларида, шунингдек, тилнинг ижтимоий фаолиятдаги вазифаларида ҳам ўз ифодасини топади. Шу сабабли «тил маданияти» тушунчаси турли тарихий даврларда турлича мазмунга эга бўлган. Тил маданияти, энг аввало, илмий хулосалар ва ижтимоий амалиёт натижалари асосида ўрнатилган, лисоний фикрлашнинг аниқлигини таъминлайдиган тил нормалари, унинг луғат бойлиги, фразеологик заҳирасидир. Тил маданияти ҳодисасини унинг тараққиёти нуқтаи назаридан ўрганиш учун қуйидаги тадқиқ йўналишларига мурожаат қилиш лозим: 1) орфография (замонавий тизимни архаик хусусиятлардан тозалаш мақсадида орфографияни илмий асосларда ислоҳ қилиш борасидаги тадқиқотлар); 2) нутқнинг товуш (оҳанг) томонини ўрганишга оид тадқиқотлар (бу тадқиқотлар фақат орфоэпиягагина доир эмас, балки талаффузнинг мулоқотни амалга оширишдаги вазифасини ҳам қамраб олади); 3) морфология. Тил маданияти муаммоси грамматикага ҳам дахлдордир, бироқ грамматик тизимда тил маданияти бошқача йўналиш олади. Зеро, тил маданияти назарияси мустақил равишда морфологик норма яратишга қодир эмас. Норма тил тизимининг ўзида вужудга келади, тил маданиятининг унга таъсири билвоситадир; 4) синтаксис. бу соҳани тил маданияти доирасида ўрганишда оғзаки ва ёзма нутқ синтаксиси ўртасидаги фарқларга алоҳида эътибор бериш талаб қилинади; 5) тил маданиятини стилистик фарқлар нуқтаи назаридан ўрганиш; 6) тил маданиятини семантик нуқтаи назардан ўрганиш луғат таркибини меъёрлаштириш ва атамалар тизимини тараққий эттириш имкониятларини аниқлаш билан боғлиқ. Нутқ узусига боғлиқ бўлган социолингвистик ҳодисалар қуйидагилардан иборат: 1) адабий тил фаолият доирасининг кенгайиши; 2) миллий тилнинг алоҳида вариантларининг ички интеграцияланиши; адабий тил ва маҳаллий диалектлар орасидаги фарқлар тобора камая боради. Бу кўплаб мамлакатлардаги урбанизация жараёнининг жадаллашуви, жамият тизимининг ўзгариши туфайли рўй беради. 3. Нутқ узуси адабий тил нормаларига катта таъсир ўтказа бошлаган янги зиёлилар авлодининг шаклланиши. Барча табиий тиллар фикр ифодалашнинг универсал системаларидир. Тил ёрдамида маданият ривожининг турли босқичларида турган ҳар қандай жамоа барча турдаги коммуникатив эҳтиёжларини қондиради. Ҳозирги замон адабий тилларининг характерли хусусиятларидан бири, масалан, юқорида зикр қилинган «интернационаллашув» ва «интеллектуаллашув»дир. Бунинг натижаси ўлароқ, барча мамлакатларда, нафақат миллий ўз-ўзини англаш ва она тилига, унинг маданиятига, балки тилларнинг луғат таркибини бошқа тиллар орқали бойитишга ҳам эътибор кучайди (Бушуй 2003: 120-124). Масалан, Жанубий - Шарқий Европа тилларида XX аср давомида ижтимоий- сиёсий атамалар тизими шаклланишига назар солсак, у ўхшаш ўзгарувчан коммуникатив вазиятлар шароитида юзага келган ҳамда янгидан вужудга келган маънавий ва моддий маданиятга оид тушунчалар ҳисобига бойиганлигини кўрамиз. Аммо бу жараён турли тилларда турлича йўллар билан кечди. Масалан, болгар тилида луғат таркибининг бойиши кўпроқ рус тилидан кириб келган сўзлар ҳисобига рўй берди. Румин тили француз тили, янги грек тили қадимий юнон тили ҳисобидан бойигани кузатилди. Албан тилида эса, она тили элементларидан янги сўзлар ясаш анъанаси, серб-хорват тиллари рус тилидан ўзлаштириш ва она тили заҳирасидан фойдаланган ҳолда янги сўзлар ясалиши билан характерланади. Диққатга сазовор томони шундаки, болқон тилларининг ўзаро муносабатлари уларнинг ижтимоий- сиёсий лексикасида қарийб ўз аксини топмади ва ушбу тилларда иннавацион жараёнлар кўпроқ нолисоний факторларнинг таъсири ҳисобига кечди. Тиллараро муносабатларга тил маданияти назарияси нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, бу ўринда академик Л.В.Щербанинг қуйидаги ибратли фикрини келтирмоқ жоиз: «Янги тушунчаларни номлаш учун тилнинг ўзида сўз топилмаса, ўзга тиллардаги тайёр сўзлардан, айниқса, улар байналминал кўринишда бўлса, фойдаланишдан чўчимаслик керак. Мабодо, янги тушунчани ўз воситалари билан ифодалаш имконияти бўлса (сўз ясаш ёки қўшма сўзлар тузиш), албатта, ўз луғат таркибини бегона элементлар билан тўлдирмаслик яхши. Бироқ, бу икки ҳолатнинг чегаралари шунчалик нозикки, уни махсус лингвистлик, адабиётшунослик сезгиси билангина пайқаш мумкин. Бироқ, бу сезги албатта мистик характерга эга эмас ва у филологик тарбия натижасида шаклланади» (Щерба 2000: 117). Ҳозирги пайтда жаҳонда миллий тилларни атамалар яратиш ҳисобидан бойитиш борасида катта тажриба тўпланди. Масалан, малай тили қуйидаги принциплар асосида ясалган атамалар орқали ўз таркибини бойитмоқда: 1. Дастлаб умумфойдаланишда бўлган сўзлар асосида атамалар яратиш. Масалан, «бирга қочмоқ» маъносидаги малазийча « selari » сўзи илмий тилдаги «параллел» маъносида ишлатилади; 2. Мумтоз малазий тилининг луғат бойлиги семантик ўзлаштирма сўз манбаи вазифасини бажаради. Масалан, «жисм» - олдин «тана, вужуд»ни англатиб, ҳозирда «осмон жисми» маъносидаги тушунчани ифодалайди. 3. Илмий атамаларнинг бир қисмини атамаларга айланган диалектга оид сўзлар ташкил қилади. Масалан, кедах ва келантан диалектларидаги «охир», «якун» маъносидаги « sut » сўзи илмий терминологияда бошқа маънода ишлатилади. Шунингдек, семантик деривация, калькалаш, фонетик ўзгартириш ва бошқа сўз ясаш усулларидан ҳам фойдаланилади ( Istilah pendiekan Melayu - Inggeris … 1996). Тил маданияти социолингвистик ҳодиса сифатида мажмуавий хусусиятга эга. Тил маданияти деганда, адабий тилнинг асосий қонуниятларини ва ўзига хос хусусиятларини, унинг ижтимоий нормаларини (орфоэпик, орфографик, лексик, морфологик, синтактик воситаларини) онгли ва мустаҳкам ўзлаштириш тушунилади. Бунга адабий тилнинг функционал услубларини ҳам киритиш мумкин. Тил маданияти доирасига тилнинг жамиятда тутган ўрнига боғлиқ бўлган ҳодисалар ҳам мансубдир. Барча диалектлари билан муносабатда бўлган адабий тил маданийлашади. Тил маданияти масалаларини ўрганишда ҳар бир адабий тил ўзига хос хусусиятлари билан фарқланиши ва бу хусусиятларнинг мулоқот муҳити ва вазияти билан боғлиқлиги ҳисобга олинади. Адабий тил нормалари ҳам динамикдир ва унинг ўзига хос хусусиятларидан бири ифода воситаларининг вариантлилигидадир. Тил маданияти учун ижтимоий ҳаётдаги ўзгаришлар, миллий онг, маданий омилларнинг таъсири тилнинг ички тизимий ўзгаришлари фаоллиги, меъёрлаштириш сиёсатининг таъсирчанлиги катта аҳамиятга эгадир. Тил нормасига таъсир қилувчи ички жараёнлар қаторига, биринчи навбатда, сўзлар полиморфизмининг чекланганлигини ва аналитик конструкциялар салмоғининг ошиб бораётганлигини киритиш мумкин. Бу жараёнлар таъсирида муқобиллар миқдори ошиб бормоқда. Уларни баҳолаш ва энг маъқул вариантларини танлаш бугунги кундаги кўплаб мамлакатларнинг меъёрийлаштириш борасидаги сиёсатининг долзарб масаласи ҳисобланади. «Тил маданияти» тушунчаси умумий «маданият» тушунчаси доирасида унинг бошқа соҳалари билан боғлаб ўрганилади. Ўтмишда тил маданияти энг аввало пуризм (тилни ёт унсурлардан тозалаш) ғояси билан боғлиқ ҳолда ўрганилган ва у назарий тилшунослик тамойилларидан анча йироқ бўлган. Ҳозирги пайтда тил маданияти мустақил илмий предмет сифатида шаклланаяпти. Тил маданиятининг асосий ўлчови сифатида, қандайдир бир мавҳум меъёр (софлик) эмас, балки тилнинг ўз асосий вазифаларини бажара олиш қобилияти қабул қилинди. Ҳозирги замон тил маданияти фани ўз олдига эркин ва аниқ нутқий мулоқотни таъминлашни асосий мақсад қилиб қўяди. Масалан, Европада бу ишга Прага тилшунослик мактаби ўзининг катта ҳиссасини қўшди (тилга функционал ёндашув, тил тизимининг динамик мувозанати ҳақидаги таълимотлар). «Тил маданияти» тушунчасини унда сўзловчи шахслар маданияти билан боғлаб ўрганиш зарур. Чунки «тил маданияти» тушунчасида бир томондан тил системаси ва нутқ фаолиятининг, иккинчи томондан, тил ва нутқ орқали юз берадиган ижтимоий ва индивидуал фаолиятнинг диалектик муносабатлари ўз аксини топади. Тил маданиятининг бу томонлари алоҳида шахс фазилатларининг мажмуасини ташкил қилади. Шу сабабли, тил маданиятини шакллантириш шахсга таълим ва тарбия бериш жараёнида муҳим босқичлардан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан қуйидаги масалалар муҳокамаси муҳимдир: 1) шахснинг таълим ва тарбияси жараёнида тил маданияти қандай рол ўйнайди? 2) таълимнинг турли босқичларида тил маданиятини ўргатиш борасида қандай вазифалар илгари сурилади? Сўзловчи шахс ва тингловчи нутқий мулоқот жараёнида ўзаро тўрт турдаги социолингвистик муносабатлар пиллапоясини э галлаши қайд қилинган, булар – юқори, тенг, паст ва нейтрал . Бундай даражаланишда нутқий мулоқот иштирокчиларининг «ижтимоий масофа» си ( social distance ) ҳам ўз ифодасини топади. Бу кўпинча мулоқот жараёнининг «юқоридан пастга» қабилида, суҳбатдошни менсимаслик, буйруқона оҳангда рўй беришига олиб келади. Бундан ташқари, суҳбатдошларнинг бир-бирларини яхши танимаслиги оқибатида рўй берадиган «бетакаллуф» мулоқот тури ҳам мавжуд. Мулоқотда иштирок этувчи шахсларни бир-биридан ажратиб турувчи бу ҳолатлар нутқий мулоқот муносабатларининг даражасини белгилайди. Масалан, ўғилнинг ўз отасига муносабати «пастдан юқорига» ва «ўзаро яқинлик» даражаларида баҳоланади. Буларнинг ҳаммаси тил маданиятини белгиловчи муҳим омиллардир. Таъкидлаш жоизки, кўрсатилган муносабат даражаларининг бирор бир тилда тўлиқ ифодаланиши қийин масала. Масалан, К.М.Ҳорненинг кузатишларига кўра, инглиз тили учун кўпроқ «бетакаллуф нейтрал» даража характерлидир ( Horne 1995: 77-87). Француз-немис ва испан тиллари эса бу борада «яқин - нейтрал» (« close - neutral ») ва «узоқ нейтрал» (« distant - neutral ») даражаларидан фойдаланишади. Айни пайтда, корейс тили юқорида келтирилган даражаларнинг олтитасидан фойдаланиши билан бошқа тиллардан фарқ қилади: «узоқ-юқори» (« distant - superior »), «яқин-тенг» (« close - equal »), «узоқ-паст» (« distant - inferior »), «узоқ-нейтрал» (« distant - neutral »), «шахссиз-нейтрал» (« impersonal - neutral »), «яқин-нейтрал» (« close - neutral »). Яван тилида эса, нутқ даражаларининг сони тўққизтага етади. Яван тиллари доирасида юқори мансабдор шахсларнинг болалари нутқ маданияти даражаларини коллежга ўқишга кириш пайтларидаёқ эгаллаб оладилар. Нутқий мулоқот даражасини ифодаловчи воситалар турли-тумандир. Шундай бўлса-да, ҳар бир тилда, одатда, қайсидир бир усул устувор характерга эга бўлади. Масалан, тай тилида асосан расмий ( protocol ) иборалар ишлатилса, яван тилида бундай ҳолда шунга мос лексика танлашга интилишади. Корейс тилида эса, бошқа ифода воситаларидан фойдаланиш истисно қилинмаса-да, грамматик кўрсаткичларга таянилади ( Horne 1995: 85- 86). К.М.Хорне таклиф қилган бу модел ҳозирги пайтда ижтимоий-маданий ўзгаришлар нутқ даражаларидаги фарқларни камайишига олиб келаётган япон ва бошқа тилларда содир бўлаётган айрим силжиш, янгиликларни аниқ тавсифлашга ёрдам беради. Нутқ маданияти тил воситаларидан муайян нутқ вазиятига мос ҳолда фойдаланишни тақозо қилади. Сўзловчи турли функционал услублардан эркин фойдаланиши лозим. Ижтимоий коммуникатив фаолиятни муайян қонун-қоидалар асосида ривожлантириш, тил маданияти ва тил сиёсатига оид назарий ва амалий масалаларни ҳал қилиш умуммаданий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Нутқ маданияти ғояси доирасида ривожланаётган назарий йўналишлар қуйидагилардир: 1) нутқ нормаларининг вариантлилиги; 2) нормаларни баҳолашга вазифавий ёндашув; 3) адабий тил нормаларининг шаклланиши ва ривожланишида ташқи ва ички (лисоний ва нолисоний) факторларнинг алоқаси; 4) миллий тил таркибида адабий тил элементларининг ўрни, роли ва бошқалар. Нормативлик масалаларига тил бирликлари вазифалари нуқтаи назаридан ёндашув маданий мулоқот фаолиятининг лисоний тарбия дастурига айланишига, лисоний ҳиссиётнинг шаклланишига, мулоқот малакасининг ривожланишига, ҳар қандай нутқий вазиятларда жамиятда ўрнатилган қонун-қоидаларга мос равишда образли ифода воситаларидан унумли фойдаланишга олиб келади. Бундай ёндашув тил нормасини, адабий тилни, унинг функционал алоқаларини ва диахроник ўзгаришларни тарихан, ижтимоий ва лингвистик жиҳатдан англашни тақозо қилади. Н.Махмудов таъкидлаганидек. «маданий нутқ учун фақат грамматик тўғрилик эмас, балки танланган ифода вариантининг ижтимоий мақбуллиги, ўринлилиги ҳам муҳимдир» (Махмудов 2007: 13). Тил маданияти нутқ маданиятига нисбатан кенг тушунча; Биринчиси, нафақат эшитиладиган нутққа, балки матнга ҳам тааллуқлидир. Нутқ маданияти эса аввал эшитиладиган ва кейин идрок қилинадиган ҳодисадир. Бироқ улар орасидаги барча зиддиятлар лисоний фаолият жараёнида ечилади. Бу жараёнда тил заҳираларига гоҳ фаол, гоҳ онгли муносабатлар кўзга ташланади ва айнан улар тил маданиятининг моҳиятини ташкил қилади. Тил маданияти тушунчасининг мазмуни ҳам кўп қирралидир. Масалан, миллий (масалан, немис тили) адабий тилнинг нутқ маданияти шу миллатнинг анъаналари ва ҳозирги эҳтиёжлари билан узвий боғлиқдир ва улар миллий маданиятнинг умумий шарт-шароитлари ва улар тарқалган ҳудуддаги тил қурилиши билан ифодаланади. Масалан, Швецарияда немис тилининг софлиги немис стандарт тилининг софлиги деб эмас, миллий хусусиятларга эга бўлган швецар узусининг немис адабий тили меъёри деб тушунилади. Шундай қилиб, маданият деганда, инсоният жамияти томонидан яратилган ва шу жамият амал қиладиган хулқ-атворлар мажмуаси тушунилади. Тил умумийлиги дейилганда эса, тарихан шаклланган, бир хил лисоний бирликлардан фойдаланиш, шунингдек, фойдаланиладиган тилга нисбатан мавжуд умумий социал баҳолашлар системаси тушунилади. Инсоннинг умумий маданияти тил маданияти билан узвий боғлиқ. Инсон умумий маданиятининг ривожидаги энг муҳим ютуқлардан бири ўз тилидаги қолоқ элементларни йўқ қилишга интилишдир. Бу шахснинг ўз фикрини самарали равишда оғзаки ва ёзма баён қила олиш, тилнинг замонавий лексик ва фразеологик воситаларидан, стилистик заҳираларидан фойдалана олиш қобилиятини ифодалайди. Тил маданиятининг тараққиёти ҳам ижтимоий, ҳам лингвистик омилларга боғлиқ. Ижтимоий омиллар қаторига жамиятнинг муайян даражадаги тараққиёти, иқтисоддаги, халқаро миқёсдаги, фан ва маданият соҳасидаги интеграциялашув анъаналари киради. Бу омиллар лингвистик факторлар билан бирлашиб, ягона бутунликни ҳосил қилади, яъни миллий тилни, биринчи навбатда, адабий тилни илмий англаш орқали тил маданиятининг тўлиқ назарияси яратилади. Тил маданиятиннг назариясини ва амалиётини, социолингвистик асосларини қуйидаги вазифалар фаоллаштиради: - тил маданиятини тадқиқ қилишни маданият тушунчасининг умумий доирасида ташкил қилиш. - тилни онгли равишда маданийлаштиришга интилиш (Германия, Венгрия, Польша, Чехия, Словакия, Болгария, Франция, Туркия). - фуқароларнинг адабий тилга нисбатан мустаҳкам ва ижобий муносабатларни шакллантиришга йўналтирилган тил ва маданият сиёсатини қўллаб - қувватлаш, чунки тил маданияти борасидаги ҳар қандай фаолият, сўзловчи шахснинг тилга муносабатини эътиборга олиши лозим. Бундан ташқари, ушбу фаолият муайян, олдиндан мавжуд бўлган қоида, йўл- йўриқлар, объектив баҳо шартларига ҳам таянади. Шундай қилиб, норма шаклланиши жараёни қуйидагилардан иборат: 1. Дескриптив (тавсифловчи) босқич; 2. Нормани тўғрилаб бориш босқичи (бу босқич баҳолаш ва кодлаштиришни ҳам ўз ичига олади); 3. Перформатив босқич (тил тизимини воқеликни етарли даражада ифодалай олиши нуқтаи назаридан таҳлил қилиш). Илм-фан, техниканинг беқиёс ривожи ижтимоий ҳаёт фаолиятларининг жадаллашув жараёни мураккаб ижтимоий муносабатларни ва моддий воқеликнинг барча соҳаларини лисоний ифодалашда янги муаммоларини юзага келтиради. Шу сабабли ҳозирги пайтда турли халқлар маданиятининг ўзаро муносабатларини ифодалаган тил муаммоларни тадқиқ қилаётиб, ҳар бир жамиятда тиллар, маданиятлар тараққиётининг ўзига хос ва умумий хусусиятларини, қонуниятларини ҳисобга олиши талаб қилинади. Тиллар ва маданиятлар ўзаро муносабатларининг энг умумий қонуниятлари қаторига турли тилларнинг ўзаро алоқаларга киришувини ва бир-бирларини бойитишларини киритиш мумкин. Бироқ бу турдаги алоқа тиллар ва маданиятларнинг нафақат тараққиётига ёки бойишига, балки айрим ҳолларда ривожланишига тўсиқ бўлиши мумкин. Буларга қуйидагилар киради: 1. Ҳеч қандай асоссиз бошқа тиллардан сўзларнинг ўзлаштирилиши; 2. Миллий тил ва маданиятнинг софлигини, миллий хусусиятини сақлаш ниқоби остида пуристик қарашларнинг тарғиб қилиниши. Бундай анъаналар охир-оқибатда тилларнинг «иҳоталаниб» қолишига сабаб бўлиши мумкин. 3. Нормалар ва илғор анъана, ғояларнинг бузилиши. 4. Нозарур ҳолатларда лисоний вариантлар доирасини кенгайтириш ва фойдаланиш. Хулоса қилиб айтганда, тил маданияти нафақат инсониятнинг маънавий, маданий ҳаётида, балки кўп миллатли ва кўп тилли жамиятнинг ижтимоий соҳаларида ҳам залворли аҳамиятга эгадир.