logo

Нуткий мулокот тизими бирликлари ёхуд дискурснинг тузилиши ва унинг тахлили

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

157 KB
Нутқий мулоқот тизими бирликлари ёхуд дискурснинг тузилиши ва унинг таҳлили Илмий билим инсон ақлий фаолиятининг энг юқори босқичида ҳосил бўлади . Илмий билиш мақсади «амалий фаолият предметларининг бирор бир маҳсулотга айланиш жараёнини» (Шермуҳамедова 2007: 25) кузатишдир. Бу жараённинг кечиши объектларнинг тараққиёти ва ўзгаришини таъминловчи қонуниятларга асосланади. Шу сабабли илмий фаолиятнинг асосий вазифаси ушбу қонунуиятларни аниқлашдир. Собиқ совет тузуми даврида тилшунослик фани ўз тадқиқ объектини аниқлашда ва ушбу объектни қай йўсинда таҳлил қилишда турли қийинчиликларга дучор бўлганининг турли сабаблари бўлиб, бундай сабаблардан бири таҳлил тамойиллари танловининг аниқ эмаслиги эди. Ўша даврда ижод қилган болгар файласуфи Тодор Павлов систем-структур таҳлилнинг асосий камчилиги унинг диалектик ва тарихий материализм тамойилларига ёт эканлигида деб ҳисоблайди (Павлов 1969: 127). Файласуфнинг бу фикрини маъқуллаган тилшунос Ф.П.Филин илмий билишнинг (шу жумладан, тилшуносликнинг, лисоний таҳлилнинг ҳам) асосини фақатгина марксизм-ленинизм таълимотига таянган диалектик - материализм методидан излаш лозим, деб жар солганлиги эсимизда (Филин 1970: 24). Айтиш жоизки, тилшунослик фанининг фалсафий асослари ҳақидаги адабиётларни варақлаганимизда, бирор бир методологик йўналишнинг батамом ҳукмронлиги тўғрисидаги бундай даъволарни бошқа муаллифларда ҳам учратиш мумкин. Қизиқ, тилшунослик фанини ягона бир мафкуравий «қафас»га қамаб қўйиш, унинг таҳлил тадқиқини алоҳида бир фалсафий йўналиш ёки ғоя билан боғлаш қай даражада ўзини оқлар экан?! Бундай саволга шу заҳотиёқ жавоб бериш қийин, жавобга шошилсак, янги чалкашликларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлишимиз мумкин. Авваломбор, тилшунослик фанининг тадқиқ объекти ҳақидаги масалада бир тўхтамга келиш керакмикан?! Маълумки, табиий фанларда тадқиқ объекти сифатида «идеал объектлар» деб номланадиган мавҳум назарий қурилмалар танланиб, уларнинг таҳлилига назарий қонуниятлар тадбиқ қилинади. Масалан, назарий физикада бундай идеал объектлар қаторига моддий (материал) нуқта, инерция тизими, идеал газ кабилар киради. Тилшуносликда ҳам худди шу турдаги идеаллаштирилган объектларни мавҳум қурилма –моделларни топиш истаги йўқ эмас. Бунинг мисоли сифатида тил тизимининг турли сатҳларига оид ва шу сатҳларнинг асосий бирликларга бўла оладиган турли «эмик» бирликларни («фонема», «морфема», «лексема», «синтаксема» ҳамда янада мавҳумроқ эшитиладиган «семема», «прагмема», «текстема» кабилар) келтириш мумкин. Албатта, бундай идеаллаштириш ҳаракатини ва ажратилган мавҳум қурилма – бирликларни сатҳлар тизимида маълум ҳудудларга, «токча»ларга жойлаштириш ҳаракатини (бундай истакнинг охирги намуналаридан бири сифатида қаранг: Мухин 2007) бутунлай инкор этиб бўлмайди. Бу ҳаракат тизимлаштириш истагини амалга ошириш усулларидан биридир. Аммо тил қурилишини қатъий чегарадаги қаватма-қават тузилишга эга бўлган тизим кўринишида тасаввур қилиш қийин. Тилнинг қаватлари ўртасидаги чегара ўта заиф, сатҳлар бири иккинчисига сингиб кетади ва бирликлар ҳам бири иккинчисига кўчиб юришади-ку, уларнинг тил умумий тизимининг қайси қисмига оидлигини аниқлаш катта қийинчиликлар туғдиради. Албатта, тилшунослар бу хилдаги «кўчманчи», «ярим ҳудудли» ҳодисаларни тизимга жойлаштириш йўлини ҳам топишган. Уларнинг фикрича, тил қурилиши таҳлилининг маъқул услуби унга майдон назарияси нуқтаи назаридан ёндашувдир, чунки бундай ёндашув «сатҳларни қатъий чегаралашга чек қўйиб, оралиқ ҳодисаларни «қарама-қаршиликлар умумийлиги» ва шу йўсинда узвийлик асосланадиган «боғловчи ҳудудлар» сифатида талқин қилиш имконини беради» (Павлов 1996: 110). Лисоний таҳлилнинг фалсафий асосида, сўзсиз, диалектик муносабатлар туради ва лисоний белгилар моҳиятини, уларнинг тизимга доир хусусиятларини ўрганишда диалектиканинг умумийлик ва хусусийлик категориал хусусиятлари муносабатига таянмоқ лозим (қаранг: масалан, Шахобиддинова 2001; Набиева 2007). Диалектика категорияларининг лисоний фаолиятдаги «изи»ни топмасдан туриб, диалектиканинг тил тизимидаги аксини яққол кўрмасдан туриб, илмий таҳлилда объектив натижаларга эришиб бўлмаслиги аниқ. Бироқ диалектикани тушунишнинг ҳам ўз йўли бор . Биринчидан, яқинда Санкт-Петербурда ўтказилган анжуманда айтилганидек, «ҳеч ким диалектикани ўқишни истамайди, чунки бу оғир ва зерикарли машғулотдир» (Павлова 2007: 196). Ҳа, ҳамкасбимиз Анна Владимировна Павлованинг бу фикрига қўшиламиз. Диалектикани ҳар ким ўзича тушунишга ҳаракат қилади, баъзан ўқиётгани айрим парчалар бўлиб, диалектиканинг моҳияти ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш имконини бермайди. Энг хавфлиси – диалектик муносабатларни, улар негизидаги категорияларни бир томонлама (ўз илмий эҳтиёжига мослаштирган ҳолда) талқин қилиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Умумийлик ва хусусийлик муносабати талқинида ҳам шундай ҳолатлар учрайди. Маълумки, умумийлик ва хусусийлик билиш жараёнида ҳосил бўладиган тафаккурнинг илк шаклларидир. Инсон борлиқни «ўзлаштириши» жараёнида дастлаб хусусий белгиларга эътиборни қаратиб, кейин хусусийликлар қиёси асосида умумийликни ўзлаштиради. Немис файласуфи Ҳанс-Георг Гадамер, ўз юртдошлари Ф.Шлеермахер ва В.фон Ҳумбольдт фикрини давом эттириб, хусусийликни (индивидуалликни) «охирига етиб бўлмайдиган сир» дея таърифлаганлигини (Гадамер 1988: 238) билсак ҳам уни ҳеч қачон тасодифий ҳодисалар қаторига киритмаймиз. Аксинча, хусусийликни системани ҳеч қачон бузмайдиган диалектик ҳодиса сифатида талқин қилиш ҳақиқатга яқиндир. Илмий билиш жараёнида қўлланиладиган методлар диалектиканинг «ва-ва» ҳамда «ёки-ёки» мантиқий асосига таянади. Булардан бири («ёки- ёки») тилшуносликда қарама-қаршиликлар, оппозициялар қаторини ажратиш ва шу қаторларга кирувчи лисоний ҳодисаларни фарқлаш, тизимлаштириш мақсадида қўлланишини биламиз. Аммо «ва-ва» диалектикасининг илмий билиш жараёни учун қанчалик муҳим эканлигини ҳануз охиригача англамаётгандекмиз. Сўзсиз, ўрганилаётган объектнинг икки белгиси (масалан, умумийлик ва хусусийлик) бир хил «куч» га, қийматга эга бўлмаслиги, уларнинг бири кўзга яққол ташланиб, иккинчиси эса «яширин» бўлиши мумкин. Лекин қийматнинг нотекислиги доимий эмас, унинг муҳит, вазиятга нисбатан ўзгариб кетишини ҳам инкор этмаслик лозим. Шундай экан, ҳар бир объектни билиш жараёнида унинг барча хусусиятларига эътиборни қаратиш ҳамда «ва-ва» диалектикаси асосида ёндашиш талаб қилинади. Шу хусусда, диалектиканинг яна бир бошқача талқини мавжудлигини ҳам эслатмоқчиман. Ўтган асрнинг ўрталарида Франкфурт файлафуслари гуруҳининг назариётчиси Теодор Адорно ижтимоий ҳаёт, жамият тараққиётини таъминлашда хусусийлик, алоҳидаликка оид ҳодисаларнинг муҳимлигини ва умумийликни сақлаш учун хусусийлик бўлиши талаб қилинишини яна бир карра таъкидлаш истагини билдиради. Ушбу таъкиднинг изоҳини у самовий жисмлар тизимидаги ўзгаришлар тартибидан излайди. Маълумки, астрономияда « констелляция » қонунияти мавжуд бўлиб, унга биноан юлдузларнинг бир-бирига нисбатан жойлашиши ва ўзаро ўрин алмашиши уларнинг марказ томон интилиш ҳаракати билан боғлиқдир. Теодор Адорнонинг фикрича, констелляция умумийликни хусусийликнинг энг юқори ёки энг паст даражадаги (экстремал) ривожи таъсирида бўлиши ҳамда сақланишини исботловчи ҳодисадир ( Adorno 1966; Соловьева 1990: 5). Кейинчалик фалсафада ушбу йўналиш « негатив диалектика » атамасини олган бўлса ҳам, аслида у Гегель диалектикасини инкор этиш йўлидаги уриниш эмас. «Негатив» ( n е gative ) тушунчасини ҳам бу ерда «инкор, қарама- қарши» маъносида эмас, «нисбий» (математикадаги «нисбий ўлчов» тушунчаси билан қиёсланг) мазмунида англамоқ зарур. Айнан шу мазмунда негатив диалектика ғоясининг « ва-ва » муносабатини ёқловчи Гегель диалектикасига мос келиши кўриниб турибди. Келинг, Гегель диалектикаси таҳлилида унинг давомчилари қандай йўл тутганликлари ва шу жумладан, Т.Арно фалсафасидаги констелляция қонунияти «ва-ва» диалектикасига қанчалик мос келиши масаласи муҳокамасини файласуфларнинг ўзларига (айниқса, «неогегельчилик» ҳаракати билан қизиқувчиларга) қолдирайлик-да, ўз мақсадимизга ўтайлик. Юқорида келтирилган фалсафий мулоҳазалардан асосий мақсад – инсон лисоний фаолиятининг барча қобиқларида узвийлик мавжудлигини ва бу узвийлик тизимий муносабатларда, умумийлик ҳамда хусусийлик белгилари доимо бир-бирини тақозо этишини исботловчи далилларни топишдир. «Топиш» деганда, «кашф этиш»ни англамаслик керак, зеро, табиат ва жамият тараққиётига оид қонуниятлар ҳақиқатдир , уларни Яратувчининг ўзи яратган. Бу воқелик ва Оллоҳнинг ажралмас бирлигидир. Ҳақиқатга эришишнинг турли йўллари бор. Сўфийлар фалсафасининг назариётчиларидан бири бўлмиш Ибн Араби ҳақиқатни билишнинг асосий усуллари қаторига мушоҳада киришини таъкидлаган эди. Умумийлик айнанлик (бир хиллик) эмаслигига ишониш учун мушоҳада юритмоқ даркор, зеро, мушоҳада бевосита сезиб, ҳис этиб турган зоҳирий хусусиятлар билан бир қаторда, ботиний хусусиятларни, яширин маънони идрок этиш имконини яратади (Ибн Араби 1980; Шермухамедова 2007: 62-63). Демак, бизнинг вазифамиз илмдаги янгиликлар куртагини ўтмишдан излаш, ўтмишдошлар меросининг мағзини англаш, мағзни пўстидан ажратаётиб, ҳеч бир нарсани (ҳатто жуда майда деталларгача) қатъий равишда «бегона», «ёт», «эскирган» ёрлиқлари билан атаб, тўсатдан ташлаб юбормасдан ўрганишдир. Топилган «мағз»ни эса авайлаш, батафсил тадқиқ қилиш, ҳеч эринмасдан ботинидаги қирраларни очишга интилиш. Албатта, бу осон вазифа эмас. Қўйилган мақсадга эришмоқ учун кимлар билан баҳслашмоқ, улар фикрини эътироф этиш билан бирга, неча бор эътироз билдирмоқ керак бўлади. Аммо илмий билиш фаолиятида мушоҳада ва мунозара ёнма-ён. Фақатгина мулоқот, беғараз, батакаллуф мунозара бизга ҳақиқатни, тадқиқот объектининг моҳиятини билиш имконини беради. Йўқ, хато қиляпман, биз моҳиятга фақатгина яқинлашамиз . Илмий янгиликка даъвогар бўлиш – оғир масъулият. Илмий янгилик сифатида таърифланаётган хулоса ва натижаларимиз ҳар доим ҳам янгиликмикан?! Айнан шу сабабли нутқни фақатгина индивидуалликдан иборат ҳодиса сифатида қаровчи таърифга рози эмаслигимизни, нутқий мулоқот тўлиғича тизимий хусусиятга эга эканлигининг фалсафий асосини топишга уриндим. Тилшунослик фани билан машғул бўлишнинг яна бир машаққати шундаки, ушбу фаннинг таҳлил объектининг жуфтлигида. Лисон ва нутқий (мулоқот) фаолият онтологик жиҳатдан бир-бирини такрорламайди. Бу эса таҳлил учун тадбиқ қилинадиган методларнинг турлича бўлишини талаб қилади. Онтологик фарқ таҳлил объектлари табиати билан боғлиқ. Илмий билиш объектларининг ўзига хос хусусиятларга эга бўлиши таҳлилнинг қандайдир даражада бошқача фалсафий асосга эгалигига таъсир етказса ажаб эмас. Балки шу сабабли тил тизими тадқиқида методологик асос сифатида кўпроқ материалистик диалектика ғояларига таянилган бўлса керагу, нутқий фаолият таҳлилининг асосий методологик ғояси сифатида фаолият назарияси танлангандир. Мулоқот фаолиятининг тизимий хусусиятларини аниқлаш, унинг таркибий қисмларини ва ташкил этувчи бирликларини ажратиш методларини топиш йўлидаги уринишлар давом этмоқда. Методлар турли бўлгандан сўнг натижаларда ҳам етарлича фарқ юзага келиши мумкин. Мулоқот тизимини таҳлил қилиш борасида қўлланилаётган методларнинг асосий қисми, худди тилшуносликнинг бошқа соҳаларида бўлганидек, тизим структурасига хос белгиларни ва ушбу структурани ташкил қилувчи элемент, узвларни фарқлаш, уларни гуруҳларга ажратиш сари йўналтирилган. Ана шундай методлардан бири Америка социолингвистикасида шаклланган конверсацион таҳлил (инг. с onversation - «сўзлашиш») методи бўлиб, унинг доирасида ўта тартибсиздек туюлаётган сўзлашув жараёнида қандайдир тартиб бўлиши ва бу тартиб нималар воситасида бошқариб, назорат қилиниб борилишини ўрганиш мақсади қўйилади. Этнометодологик тамойилларга асосланган ушбу турдаги таҳлил жараёнида тадқиқотчиларнинг диққат-марказида суҳбатдошларнинг ўзаро ҳамкорлигининг қандай таъминланиши, оддийроқ қилиб айтганда, суҳбат давомида улар ким ва қачон гапиришини қандай белгилашлари масаласи туради. Бу соҳадаги илк тадқиқотлар муаллифлари Ҳарви Сакс, Эмануэл Шеглофф ва Гейл Жефферсонлар нутқни фаолият тури сифатида қарашиб, мулоқот иштирокчиларининг ўзаро муносабатга киришиши жараёнида қандай ҳаракатлар, аниқроғи, фаолият турлари (масалан, диалогнинг бошланиши ва тугалланиши, сўзлашиш навбатининг алмашинуви ҳамда таъриф қилиш ва унинг қабул ёки инкор этилиши каби ҳаракатларнинг бажарилиши) воқеланиши каби масалалар билан қизиққан эдилар ( Sacks et al . 1974; Schegloff et al . 1977). Мулоқот структурасининг таркиб топиши таҳлилида «ўйин» метафорасидан фойдаланиб келинаётганлиги маълум. Бу ўхшатишнинг ташаббускори Л. Витгенштейн бўлиб, кейинчалик унинг издошлари бу тамойилни турли кўринишларда тараққий эттириш ва бевосита таҳлил жараёнига тадбиқ этиш йўлларини ахтардилар. Уларнинг баъзиларида конверсацион таҳлилга светофор ҳаракати метафорасини татбиқ қилиш фикри пайдо бўлди, зеро, чорраҳадаги светофор чироқлари тўхтовсиз ва ҳисобсиз ҳаракатни ҳеч қандай тўқнашувсиз тартибга солиш имконини беради. Аслида, мулоқот тизими тартибини бозор иқтисодиёти тартибига ўхшатиш маъқулроқ бўлса керак (Сафаров, Тоирова 2007). Бозорда, биринчидан, ҳар ким тежамкорликка интилади, кам сарф билан кўп фойда орттириш ғамида бўлади, иккинчидан, ҳар бир бозорнинг ўз тартиб- қоидалари, харидор ва сотувчи ўртасидаги муносабатни тартибга солиш талаблари мавжуд. Нутқий мулоқотда ҳам харжни кам сарфлаб (лисоний тежамкорлик) коммуникатив мақсадга эришиш нияти ҳукмрондир. Мулоқот ўз менежмент тизимига эга ва бу тизим, биринчи навбатда, маълум ижтимоий гуруҳ учун умумийдир. Ушбу бошқарув (менежмент) қоидаларига амал қилиш мулоқот иштирокчиларига «камёб товар» - сўзлаш, фикр билдириш навбатини олиш имконини беради. Маълум бир нутқий ҳаракат ижросининг бошланғич нуқтаси бўлган сўзлашиш навбатини олиш ўз тартиб-қоидасига эга. Бу навбат суҳбатдошларнинг ўзаро розилиги ва суҳбат ташаббускорининг тузган режаси ҳам ушбу режани муайянлаштириш мақсадида танлаган йўли, амаллари билан боғлиқ. Суҳбатдошлар, одатда, бир-бирларига маълум кўринишда сўз навбати тугаганлиги, иккинчиси ўз нутқий ҳаракатини бошлаши лозимлиги ҳақида ишора қиладилар. Навбатнинг бузилиш ҳолатлари ҳам учраб туради (тадқиқотчилар ҳисобича бу ҳолатлар миқдори 5% ни ташкил қилади: Ervin – Tripp 1979). Суҳбат жараёнида навбатнинг бузилиши асаб бузилиши, шошилиш ёки суҳбатни «тўғри йўлга солиб қўйиш» истагидан дарак беради. Қисқаси, нутқий ҳаракат навбати олдидан сукут сақлаш ҳам ўзига хос мазмунни ифодалаши аниқ. Сўзлаш навбатини олишни ( turn - taking ) тартибга солувчи қоида ва нормаларнинг кўпчилиги доимий бўлиб, уларга риоя қилиш қатъий талаб қилинади. Бундай нормаларнинг мавжудлиги мулоқот тизимини бошқарувчи тамойилларнинг шаклланишига сабаб бўлади ва ушбу тамойилларга амал қилиш натижасида шахслараро муносабатнинг нутқий воқеланиши кўпгина ҳолларда ритуал, қолиплашган кўринишни олади. Буни айниқса, саломлашув, ҳол-аҳвол сўрашиш, хайрлашув каби фатик диалогларда яққол кўрамиз ( Adamzik 1984: 122-127; Werlen 1984: 80-81). Навбат алмашинувининг бу йўсинда тартибга солинишини айрим тилшунослар, юқорида айтилганидек, шахмат ўйинига қиёслайдилар ( Metring 1981: 53-55) ҳамда навбат алмашинуви динамик (ҳаракатдаги) жараён сифатида тавсифланади, зеро, бир ҳамсуҳбатнинг ҳар бир «қадами» иккинчиси томонидан инобатга олиниб, бўлғуси «қадам» (ҳаракат) режаси тузилади ва амалга оширилади. Нутқий ҳаракатлар, одатда, жуфтлик кўринишида фаоллашади. Нутқ навбатининг бундай алмашинувини этнометодологлар «қўшни жуфтлик» ( adjacency pair ) атамаси билан номлайдилар ( Cook 1992: 53). Бундай «қўшничилик» суҳбатдошларнинг бири жавоб ҳаракатини бажариши шарт бўлганда юзага келади. Масалан, бири саломлашганда, иккинчиси ҳам саломлашмоғи даркор, савол- жавоб ҳаракати икки вариантда бўлиши мумкин. Бинобарин, таклифни қабул қилиш ёки инкор этиш, айбловга эътироз билдириш ёки эътироф этиш мумкинлиги маълум. Ушбу жуфтликлар турғун, такрорланувчи ҳаракатлар намуналари, қолипларини ташкил қилишади. Уларнинг аҳамияти ҳам бажариладиган социал ва нутқий ҳаракатларнинг намунавий моделларини шакллантиришдадир ( Heritage 1984: 249). Албатта, этнометодологлар эслатаётган мулоқотнинг таркиб топиши ҳақидаги қоида ва қонуниятларни билиш лисоний фаолият амалиёти учун муҳимдир. Конверсацион таҳлил натижаларининг муҳимлиги яна шундаки, навбат олиш, нутқий акт алмашинуви ва жуфтликларнинг ташкил топиши кўпгина ҳолатларда маданий хусусиятларга эга. Нутқий мулоқотни таркиб топтирувчи қоидаларнинг турли маданиятларга хос томонларини билмасдан туриб, лингводидактик тавсияларни яратиб бўлмайди. Лекин конверсацион таҳлилнинг ҳар қандай кўриниши ҳам (унинг вариантлари ҳақида қаранг: S с hiffrin 2003: 232-281; Hudson 2001: 134-136) Дебораҳ Шиффрин хоним айтганидек, «мулоқотга структуравий ёндашувдир» ( S с hiffrin 2003: 236). Ҳақиқатдан ҳам ушбу таҳлил уч тамойилга асосланади: 1) мулоқот тартибли тузилишга эга; 2) суҳбатдошларнинг мулоқот таркиб топишидаги «ҳисса»си контекст билан боғлиқ; 3) тартибли структуранинг бирор бир элементини тушириб қолдириб бўлмайди. Ж. Ҳеритажнинг бу ишончига ( Heritage 1984: 241) амал қиладиган бўлсак, мулоқот тизимини унинг фақатгина тузилиш тартиби билан боғлиқ ҳолда тасаввур этиш хавфи кучаяди. Тизим структуранинг айнан такрори бўлмаса керак. Мулоқот – мураккаб кўринишдаги лисоний (нутқий) тафаккур фаолиятидир. Бу фаолият натижасида нутқий тузилмалар ҳосил бўлади ва ушбу тузилмалар структурасида лисоний тафаккур фаолиятининг «из»лари сақланади. Аммо ушбу «из»ларни топиш ва уларни қисмларга ажратиш осон эмас, зеро, мулоқот бирлиги – матннинг таркиб топишида тил тизимининг барча элементлари инсон онгида туғиладиган нутқий қолипни воқелантирувчи воситаларга айланадилар. Бундан ташқари, мулоқот матнининг шакллантирилишида нолисоний бирликларнинг ҳам иштирок этишини унутмаслик лозим. Ҳозирги пайтда лисоннинг ҳаракатдаги (динамик) нотекис, ўз-ўзидан таркиб топувчи ва мослашувчан (адаптив) тизим эканлиги эътроф этилмоқда. Бетартибликдан тартибнинг юзага келишини тарғиб этувчи фалсафий ғоя – синергиянинг (икки ёки ундан ортиқ энергиянинг ўзаро таъсири натижасида ҳосил бўладиган янги моҳият) турли фан соҳаларида (Хакен 2003; Пригожин 2000; Шредер 2001) татбиқ этилиши керакли натижаларни бермоқда. Синергетика тилшунослик учун ҳам мустаҳкам фалсафий асос бўлиши мумкинлиги ўз исботини топмоқда. Шу жумладан, мулоқот тизими бирликларининг синергетик хусусиятлари таҳлили борасида ҳам дастлабки қадамлар қўйилмоқда (Борьботко 2007). Аммо Санкт-Петербург тилшуносларининг оқсоқолларидан бири Раймунд Генрихович Пиотровский айтганидек, биз ҳозирча «тил тизимининг жамиятда мунтазам қўлланиши ва алоҳида шахснинг нутқий тафаккур фаолиятини бошқарувчи синергетик қурилмаларнинг қандай тузилганлигини» аниқ билмаймиз (Пиотровский 1995: 418). Шундай экан, мулоқот тизими тадқиқига синергетика нуқтаи назаридан тўлиқ ёндашиш учун дастлаб ушбу тизимнинг таркибий қисмларини ажратиш ва уларнинг ўзаро муносабатларини аниқлаш масаласига эътиборни кучайтирмоқ даркор. Нутқий мулоқотни фаолият намунаси сифатида талқин қилувчилар нутқий актни мулоқот тизимининг асосий бирлиги сифатида қараш тарафдоридирлар. Дарҳақиқат, нутқий актнинг тавсифий белгилари (эркинлик, мақсадлилик, мантиқий шаклланганлик, ҳаракатчанлик) унга нутқий мулоқотда мустақил қўлланиш билан бир қаторда бошқа шаклдаги фаолият таркибига кириш имконини ҳам беради. Аммо нутқий акт мулоқотнинг энг кичик, минимал бирлиги бўла олмайди, у фақатгина «хабар етказувчи кичик бирликдир» (Сусов 1984: 5). Нутқий акт – мулоқот учун «қурилиш материали»дир, у коммуникатив жараён мантиқий давомлилигини акс эттирмайди. Энг асосийси, нутқий акт назарияси матн таркибида юзага келадиган мулоқот бирликларининг синтагматик хусусиятларини ҳамда маълум турдаги нутқий бирликларнинг кейинги ўринларда келадиган бирликларнинг иллокутив вазифасини белгилаб беришдаги ролини аниқлаш имконини яратмайди. Ҳолбуки, синтагматик муносабатлар мулоқот бирликлари учун ҳам ёт эмас. Мулоқот матни нутқий фаолият жараёнида нутқий актлар кетма-кетлиги асосида ҳосил бўлади. Ф. де Соссюр «синтагма» тушунчасига таъриф бераётиб, уни кетма-кет келаётган камида иккита бирликдан иборат бўлиши шартини қўяди: «масалан, re – lire («қайта ўқимоқ»), contre tous («ҳаммага қарши»), la vie humaine («инсон ҳаёти»), s ` il fait beau tempus , nous sortrons («агарда ҳаво яхши бўлса, айланишга чиқамиз») ва ҳоказо» (Соссюр 2004: 121). Аслида, нутқий фаолиятнинг ўзи моҳиятан синтагматик қатордан иборат, чунки «биз алоҳида белгилар воситасида эмас, балки белгилар бирикмалари воситасида сўзлаймиз. Шунинг учун ҳам лисонда барча моҳият фарқлар билан боғлиқ бўлиб қолмасдан, балки бирикувларга ҳам келиб тақалади» (Соссюр 2004: 125). Демак, мулоқот матни таркибидаги нутқий актларнинг лисоний-коммуникатив моҳиятини тўлиқ тавсифлаш талаби уларнинг синтагматик қаторларини ҳам аниқлаш эҳтиёжини туғдиради. Айнан шу эҳтиёжни қондириш учун бўлса керакки, прагмалингвистикада «нутқий акт» тушунчасини бошқача талқин қилиш ва ҳатто уни бошқа атамалар билан алмаштириш нияти ҳам йўқ эмас. Бинобарин, У. Эдмонсон ( Edmonson 1981) коммуникатив фаолиятнинг кичик бирлигини «интеракция акти» деб аташни таклиф қилади, чунки бу атама мулоқотнинг ҳамкорликда кечаётган фаолият эканлигини ўзида акс эттиради ( interact – «ўзаро муносабат, икки томонлама ҳаракат»). Т. ван Дейк «коммуникатив акт» тушунчасини маъқул кўради ва ушбу тушунча сўзловчининг нутқий ҳаракати, тингловчининг қабул қилиш ҳаракати ва коммуникатив вазият каби таркибий қисмлардан иборат бўлишини қайд этади ( Dijk T . van 1981). И.П.Сусов ҳам мулоқот тизимининг энг кичик бирлиги сифатида нутқий ҳаракатлар алмашинувидан иборат бўлган «оддий интеракция»ни, яъни «икки қисмли, диалог тузилишидаги бирликни» танлашни маъқул кўради (Сусов 1984: 8) ҳамда ушбу турдаги «микродиалог» ёки диалогик бирликни ушбу тизимнинг энг катта бирлиги - макродиалог таркибида ўрганиш тавсиясини беради (Ўша асар, 9-б). Бундай талқинда нутқий акт кичик ва катта (микро ва макро) бирликларни таркиб топтирувчи элементлар сифатида қаралади. Мулоқот фаолияти кўп босқичли жараён эканлигини қайта-қайта таъкидлашга мажбурман. Ушбу фаолиятнинг юзага келишида когнитив, лисоний, нутқий, ижтимоий ҳаракатларнинг бир хилда иштирок этишини эътироф этиш лозим. Шу сабабли бўлса керакки, айрим тилшунослар мулоқот фаолияти таркибида турли хусусиятга эга бўлган бирликларни фарқлашни таклиф қилишмоқда. Тверь психолингвистларидан И.Э. Клюкановнинг нутқий ҳаракатни нутқий фаолият бирлиги сифатида ажратиб, нутқий ҳаракатлар алмашинувидан иборат бўлган микро ва макродиалогларни эса мулоқот бирлиги сифатида фарқлайди. Унинг фикрича, нутқий акт нутқий бирликнинг «қотиб қолган» прагма-семантик муқобилидир (Клюканов 1988: 46). Дўстим И.Э.Клюканов мулоқот тизимида психолингвистик ва прагмалингвистик бирликларни (нутқий ҳаракат ва интеракция-диалог) кескин фарқлаш борасидаги уринишларининг самараси унинг ўзини ҳам тўлиқ қаноатлантирмади (бу муаммони биз учрашувларимизда бир неча бор муҳокама қилганмиз). Менимча, мулоқот жараёнини босқичларга ажратишлар уни бир-биридан тўлиғича фарқлашга олиб келмаслиги керак, акс ҳолда тизимнинг бузилиши ва уни бўлакларнинг оддий бирикуви кўринишида тасаввур қилиш хавфи туғилади. «Мажбурий редукция» усули методолог жиҳатдан ҳар доим ҳам ўзини оқлай олмайди. Яхшиси, мулоқот фаолиятини умумий (синтетик) жараён сифатида қараб, унинг тизимида мавжуд бўлган бирликларни микро ва макро кўринишларда фарқлаш (яъни уларнинг қайси бири иккинчиси таркибида иштирок этишига нисбатан) маъқулдир. Нутқий мулоқот тизимининг катта ҳажмдаги макробирликларини ажратиш оддий вазифадек туюлади. Амалда эса бу вазифа ижросида учрайдиган муаммолар янада мукаммалроқдир. Макробирликни ажратишнинг қийинлиги унинг иерархик (поғонали) тузилишда бўлиши ва иерархияни ташкил этувчи бўлакларнинг муносабатлари структуравий, семантик, когнитив хусусиятларга эга бўлишидадир. Мулоқот тизими макробирлигининг шаклланиши мазмуний ва мундарижавий яхлитлик асосида кечади. Бу яхлитлик когнитив-лисоний ҳодиса бўлиб, унга прагмалингвистлар трансакция ( transaction –келишилган иш, фаолият) атамасини беришган. Бирмингем университетининг ходимлари Ж.Синклэр ва М. Култҳардлар тарнсакцияни мулоқот тизимининг энг юқори бирлиги сифатида ажратаётиб, ушбу бирлик таркибида тизимнинг энг кичик бирликлари бирикишини назарда тутишган ( Sinclair , С oulthard 1975). Демак, трансакция макродиалогнинг айнан ўзидир. Аммо мулоқот тизими бирлигининг бу йўсинда фарқланиши ушбу тизим таҳлилига «сўз бирикмаси ва гапдан юқори босқичдаги лисон» ( Stubbs 1983) тақлидидаги ёндашувдан бошқа нарса эмас. Бу ҳолда тадқиқотчи эътиборини асосан матн қисмларида ва оғзаки нутқ жараёнида юзага келадиган лисоний бирликларнинг формал муносабатлари жалб қилиши табиийдир. Мулоқот бирлиги таҳлилида формал ва функционал белгиларнинг ўзаро муносабатини ҳамда шу муносабат заминида ҳосил бўладиган мазмун кўрсаткичларини инобатга олмасликнинг иложи йўқ. Мулоқот – мақсадли фаолият ва бу фаолият доирасида бажариладиган ҳар бир ҳаракат ҳам ўз мақсади, интенциясига эга. Нутқий актларнинг интенциясига хос хусусиятлар ҳақида олдинги боблардан батафсил гапирилди. Ҳозир эса нутқий интенциянинг айри ҳолда фаоллашмаслигини эслатмоқчиман. Мулоқот матнида нутқий ҳаракатларнинг интенцияси ва мазмуни синтагматик қатордаги бошқа бирликлар таъсирида маълум силжишларга, ўзгаришларга учраши мумкин. Демак, матнда коммуникатив ва интеракция – ҳамкорлик мақсадлари ўзаро бирикадилар. Мулоқот интенцияси узатилаётган ахборотнинг негизини ташкил қилади. Шу сабабли мулоқот жараёнида сўзловчи тингловчига етказиш истагида бўлган ахборотни қандай узатиши ва умуман ушбу ахборотни мулоқот матнига киритиш йўллари масаласига қизиқиш кучли ( Sperber , Welson 1995; Лузина 1994). Мулоқот мақсадини бу йўналишда ўрганишда асосий эътибор мулоқотнинг когнитив жараён сифатида кечишига қаратилади. Эътибор беринг: мулоқотга киришаётган шахснинг асосий мақсади ахборотни узатиш эмас, балки тингловчини ушбу мақсадни англашга ундашдир . Айнан шунинг учун ҳам коммуникатив бирлик мазмуни воқелик ҳақидаги хабар билан чегараланиб қолмайди, балки пропозиция мазмунига қўшимча маъноларни ҳам ифодалайди (Бундай қўшимча маъно турига, масалан, эмоцияни киритиш мумкин). Мақсадли ифодаланадиган коммуникатив мазмун ва сўзловчи истаги билан боғлиқ бўлмаган ҳолда тингловчи идрокида (қабулида) ҳосил бўладиган информатив мазмун бир-бирини инкор қилмайди, аксинча, улар ўзаро қоришиб, бирикиб, мулоқотнинг самаралилигини таъминловчи омилга айланадилар. Коммуникатив ва информатив мазмунлар уйғунлиги мулоқот тизими макробирлигининг яхлитлигини таъминлайди. Ҳозирги пайтда бундай яхлитлик хусусиятига фақатгина дискурс эга эканлиги эътироф этилмоқда. Хўш, дискурс ҳодисасининг моҳияти нимадан иборат ва уни қандай таърифлаш мумкин? Е.С.Кубрякова қайдича, «тилшунослик фанининг ҳозирги тараққиёти даврида дискурснинг умумий қабул қилинган бирор бир таърифи мавжуд эмас» (Кубрякова 2000:6). Бунинг устига, дискрус ҳодисасининг лингвистик таҳлил объекти бўла олишига шубҳа билан қараётганлар ҳам йўқ эмас (Ревзина 1999: 25-34). Ушбу рисолада ҳам бу масаланинг ечимини излаш нияти кўзланмаяпти, асосий мақсад дискурс ҳодисасига аниқ таъриф бериш эмас, балки унинг моҳиятини ва таркиб топишини белгиловчи хусусиятларини ёритишдир. Ғарб тилшунослигида кенг қўлланилаётган «дискурс» (инг. discourse ; фран. discours ) тушунчаси дастлаб лисоннинг гапдан юқори турадиган сатҳи сифатида таҳлил қилинди (Звегинцев 1976: 170). Лисоний фаолиятда «марказга интилувчи куч» нинг таъсири мавжудлигини эътироф этган В.А.Звегинцев, дискурсни «булутлар орқасига яширинган лисоний ҳудуд» деб ҳисоблаган ва бу ҳодисани лингвистик методлар воситасида таҳлил қилиш мумкинлигига тўлиқ ишона олмаган эди. Тўғрида, объект «булут билан қопланган» бўлса ва уни ўрганиш методи аниқ бўлмаса, қандай илмий билиш ҳақида сўз бўлиши мумкин?! Демак, булутларни қувиш йўлини топишимиз ва ёруғликка чиққан объектнинг идрокини таъминловчи билиш усулларини излаш лозим. Шу ўринда «Тилшунослик қомуси»да ушбу ҳодисага берилган таърифни келтирмоқчиман (гарчи таърифларни ёқтирмасам ҳам): «Дискурс – нолисоний омиллар (прагматик, ижтимоий-маданий, руҳий) билан биргаликдаги матн; воқеа кечиши нуқтаи назаридан қаралаётган матн; мақсадли ижтимоий ҳаракат сифатида қараладиган нутқ» (Арутюнова 1990: 136-137). Ушбу таърифда дискурс ҳодисасини аниқлашда «матн» ва «нутқий фаолият» тушунчаларига бир хилда мурожаат қилинаётганлигини сезиш қийин эмас. Ҳозирча «дискурс» ва «матн» тушунчалари муносабатига тўхталиб ўтирмасдан, матн ва «нутқий фаолият» бир-бирини қай йўсинда тақозо этиши мумкинлиги масаласига эътиборни қаратмоқчиман. Гап ва матнга «бир кўз» билан қараб, бир даражада тавсиф қилиб бўлмаганидек, матн ва нутқий фаолиятни бир қатордаги, бир хил даражадаги ҳодисалар сифатида талқин қилишнинг имкони йўқ. Психолингвист Т.М.Дридзе, матн фаолиятини инсон фаолиятининг мустақил кўриниши эканлигининг тасдиғи ва ушбу ҳодисанинг моҳиятини нутқий фаолият доирасидан излаш маслаҳатини беради (Дридзе 1980: 20). Тўғри, матн нутқий фаолиятнинг мантиқий – ақлий, баҳолаш, эмоционал, ижтимоий-психологик жиҳатлари билан боғлиқ ҳолда шаклланади. Аммо бу боғлиқлик тобелик муносабатининг аксидир, зеро, матн – нутқий фаолият маҳсулидир. Нутқий фаолиятнинг бошқа турларидаги каби, матн ҳодисасининг моҳиятини аниқлаш ва уни бошқа лисоний ҳодисалардан фарқлаш учун унинг категориал хусусиятлар қаторини ажратиш лозим. Бу хусусиятлар категория сифатида қаралиши учун эса улар доимийлик, барча матнлар учун хослик белгисига эга бўлиши талаб қилинади. Олимлар ана шундай инвариант хусусиятлар қаторини ажратишга анчадан буён уриниб келмоқдалар. Матн тилшунослиги билан қизиққан тадқиқотчилар мурожаат қилиб келаётган таърифни олсак, унда матн тўғри тузилган бўлиши учун қуйидаги шартларга риоя қилиниш талаби қўйилган: матн мазмунининг унинг номланишига (сарлавҳага) мос келиши; ўз номланишига (сарлавҳасига) нисбатан тугалланган ҳамда янги функционал стил (вазифавий услуб) талабларига мос равишда бадиий ишланганлиги; унинг таркибида асосан мантиқий ва бошқа турдаги алоқалар воситасида бириккан гапдан йирик бирликларнинг мавжудлиги; коммуникатив мақсадга йўналтирилганлиги ва прагматик шартларнинг мавжудлиги (Гальперин 1981: 24-25). Ушбу категориал хусусиятларнинг мавжудлиги матннинг тўғри тузилганлигини белгилашини эътироф этган Илья Романович Гальперин улардан чекиниш ҳолатларида матннинг «заифлиги», нотўғри тузилганлиги кузатилишини таъкидлаган. Матн тузилишининг бу кўринишдаги тавсифини бошқа «мумтоз» таърифларда ҳам учратамиз. Олмон матншунослари Р.А.де Богранд ва В.Дресслернинг фикрича, матн «коммуникатив воқеа» сифатида етти категориал хусусиятини намоён қилиши даркор. Бу хусусиятлар (когезия, когерентлик, интенция (коммуникатив мақсад) ифодаси, идрок (қабул) қилиш имконияти, информативлик, вазият билан боғлиқлик, интертекстуаллик, яъни матнлараро боғлиқлик барча матнлар учун шартдир. Ушбу намунага риоя қилинмаса, матн самарасиз, коммуникация талабларига мос келмайдиган «номатний» тузилма сифатида қаралади ( Beaugrande , Dressler 1981). Матннинг тузилишига бу хилдаги қатъий талабларнинг қўйилиши ва унинг намуналаштирилган қолипга солиниши бежиз эмас. Бадиий асарлар ва расмий ҳужжатлар матнлари бекаму кўст бўлиши ва услубий жиҳатдан бежирим шаклга эга бўлиши стилистиканинг талабидир. Юқорида эслатилган олимлар ўз пайтида стилистика билан мукаммал шуғулланган ва стилистикага оид асарларнинг муаллифлари бўлганлари сабабли, матн лингвистикасига оид тадқиқотларида ҳам стилистик қарашларнинг «изи» сақланган. Яна бир услубшунос А.И.Горшков ўз ҳамкасблари фикрини янада аниқлаштириш истагини билдиради. Олим санаб бераётган етти категориал белгининг И.Р.Гальперин таклиф қилган таърифга қанчалик мос келишини қаранг: 1)лисоний белгилар воситасида ифодаланганлик; 2) тартибга эга бўлиш ёки структуравийлик; 3) тугалланганлик; 4) мазмунийлик ёки информативлик; 5) бирор бир нутқий жанрга хослик; 6) бошқа матнлардан фарқ қилиш; 7) қайта яратилиш имкониятига эга бўлиш (Горшков 2001). Бу белгилар категориал хусусиятга эга эканлиги равшан, аммо А.И. Горшков баъзан ушбу хусусиятлардан айримларининг қисқариши, мавжуд бўлмай қолиш ҳолатлари учрашини ҳам инкор этмайди. Олим бундай ўзига хос «тежамкорлик»нинг сабабини изоҳлаш мақсадида майдон назариясига мурожаат қилади. Натижада, категориал белгиларнинг тўлиқ тўпламига эга бўлган тузилмалар матн майдонининг марказидан жой олишса, ушбу белгиларнинг баъзиларидан холи бўлган матнлар эса майдоннинг четига суриб қўйиладилар. Бундай майдон сарҳадидан ўрин оладиган матнлар сифатида, масалан, болалар ёки руҳий касаллар нутқига оид матнлар, жадвал, реклама, дастурлар, лавҳалар каби примитив, яъни тўлиқ бўлмаган нутқий фаолият маҳсулларини эслатиш мумкин. Санаб ўтилган матн хусусиятлари орасида «яхлитлик» ва «тугалланганлик» энг муҳим кўрсаткичлар ҳисобланади. Матн ҳодисасини тўғри таърифлаш ушбу икки категориал белгининг қандай талқин қилиниши билан боғлиқ. «Яхлитлик» ва «тугалланганлик» бири иккинчисини тақозо этувчи хусусиятлардир, аммо уларнинг ҳар иккаласининг талқини ҳар хил. Тадқиқотчилар матннинг яхлитлигини аниқлашда икки хил ёндашмоқдалар. Бу хусусиятни «пастдан юқорига» тамойилига биноан аниқлаётганлар назарида яхлитлик қуйи босқич (сатҳ)лар бирликлари ва уларнинг хусусиятларининг бирикишидан ҳосил бўладиган мажмуадир. Элементар бирликларнинг ўзаро бирикиши ва яхлитлик ҳосил бўлишини таъминловчи восита бўлмоғи даркор. Ана шундай восита сифатида фразалараро (гаплараро) мантиқий - мазмуний ҳамда структуравий алоқа қаралади. Марҳум рус романисти Елизавета Артуровна Реферовская ўз рисоласининг кириш қисмидаёқ матннинг коммуникатив тузилишини белгиловчи асосий хусусият унинг мазмунининг боғлиқлиги ва мантиқийлигида эканлигини таъкидлаган эди. Бу хусусиятлар, ўз навбатида, «гапларни ташкил қилувчи элементлар боғлиқлиги, охиргиларининг (гапларнинг – Ш.С.) фразадан юқори бирликлар таркибида бирикиши ва ушбу бирликларнинг ўзаро боғлиқлиги билан таъминланади. Бу боғлиқлик нафақат мазмуний, балки формал ифодага эгадир» (Реферовская 1989: 3). Матн яхлитлиги узатилаётган ахборот мазмуни билан боғлиқ, ахборот эса пропозиция ва прагматика қисмларидан иборатдир. Биринчисида воқелик денотатив мазмунда ифода топса, иккинчиси эса пропозиция мазмунини нутқий фаолият муаллифидан тингловчи (ўқувчи)га етказишдир. Шакл матннинг модели, қисмларнинг бириктириш услубидир (Богданов 1993: 17). Шу сабабли матннинг яхлитлигини аниқлашда унинг ички структур- семантик кўрсаткичларига, айниқса, «унинг таркибий қисмларини тартиблаштирувчи ва ягона иерархик бутунликка бирлаштирувчи омилларга» (Прокопчук 1990: 23) эътибор берилади. Молдаван тилшуноси М.П.Йонице матн қисмларини боғловчи алоқани бекорга функционал-семантик категориялар қаторига киритмаган эди (Йонице 1981: 27-28), чунки қисмлар интеграцияси доимо маъно ва шакл уйғунлигида кечади. Шакл маъно ифодаси учун хизмат қилади. Матннинг яхлитлиги шаклланишида қисмлар мазмунининг мослашуви ва интеграцияси талаб қилинганидек, бу интеграцияни таъминловчи лисоний бирликларнинг иштироки ҳам шартдир. Маълумки, матн қисмлари алоқаси уч кўринишда юзага келади. Матн бўлагининг ўзидан олдинги қисмдаги элемент билан алоқадорлиги анафора ҳодисасини юзага келтирса, ушбу бўлакнинг кейинги контекст билан алоқаси эса катафора ни ҳосил қилади. Лекин матн бўлаги бир пайтнинг ўзида олдинги ва кейинги контекстлар билан мазмуний алоқада бўлиши ҳам мумкин. Бу ҳолатда диафора ёки диафорик алоқа юзага келади. Ушбу турдаги алоқаларни воқелантирувчи воситалар эса грамматик шакллар ҳамда луғавий бирликлардир. Матн яхлитлигини таърифлашга «юқоридан пастга» тамойили асосида ёндашув бутун ва қисмлар муносабати диалектикасига таянади. Бунда матн яхлитлиги қисмларга хос хусусиятлар орқали тавсифланмасдан, балки яхлитлик мазмуни қисмлар хусусиятларини белгилаш манбаси сифатида қаралади. Ҳақиқатдан ҳам матн, кўп қиррали нутқий тафаккур фаолияти маҳсули сифатида, ўз таркибидаги бўлакларнинг мазмуний мундарижасига таъсир ўтказади. Матн мазмуни шаклланишида баён қилинаётган воқелик билан бўлган муносабат муҳимдир. Баён қилинаётган воқеа-ҳодиса эса яхлит объект сифатида идрок қилинади. Шунинг учун ҳам бўлса керакки, матн мазмуни негизида алоҳида мавзу, бошқача айтганда – топик туради. Когнитологлар фикрича, матн мазмунининг марказида макоропропозиция туради ва макропропозициянинг лисоний воқеланиши матн микроструктурасини яратади (Дейк 1989: 42). Хуллас, матн қандайдир бир аморф, шаклсиз ҳодиса эмас, аксинча, у барча лисоний қурилмалардек, ботиний ва зоҳирий сатҳларга эга бўлган, мазмун ва шакл уйғунлиги доирасида ҳосил бўладиган ҳодисадир. Айрим тилшуносларнинг матнни давомсиз жараён сифатида талқин қилиш истакларига қўшилиб бўлмайди. Зеро, матн ҳажмини маълум даражада кенгайтириш мумкиндир, аммо ҳар қандай ҳолатда матн таркиби ва тузилишини, у тугаллик хусусиятига эга бўлганлиги учун, бевосита кузатиш мумкин. Матнинг тугалланганлиги нима билан белгиланади? Математик лингвистика соҳасининг мутахассиси А.И.Новиков ушбу хусусият формал кўрсаткичга эга эмас, деб ҳисоблайди. Унинг фикрича, матннинг тугалланганлик ёки тугалланмаганлигини мазмун сатҳидан излаш лозим ва матннинг ҳажми муаллиф режалаштирган ғояга, мазмунга мос келиши (ёки келмаслиги) билан белгиланади (Новиков 1983: 28-29). Тугалланганликнинг бу йўсинда талқин қилиниши ҳақиқатга анча яқин. Бироқ муаллиф танлаган мавзунинг тўлиқ ёритилганлиги ёки унинг айрим қирралари «очилмасдан» қолганлигини аниқлаш мушкул эканлигини биламиз. Менимча, матн тугалланганлигини фақатгина муаллиф ғоясининг ёритилиши нуқтаи назаридан аниқланиши ушбу хусусият талқинидаги бирёқламаликка сабаб бўлмоқда. Муаллиф мазмун, ғоянинг баёнини қанчалик тўлиқ деб ҳисобламасин, ўқувчи бошқа бир фикрда бўлиши мумкин-ку?! Бирор бир ҳикояни, илмий мақолани ўқиганимизда ундан тўлиқ қониқмасдан, неча бор «Нега муаллиф асарини (ишни) тугатмаган?» қабилидаги савол қўйганлигимизни эслайлик. Демак, матн тугалланганлиги нафақат унинг яратилиши нуқтаи назаридан, балки идрок этилиши, тушунилишига нисбатан ҳам, яъни адресант – адресат муносабатида аниқлаш йўлларини излаш керак. Бундан ташқари, тугалланганлик қанчалик даражада мазмуний белги бўлмасин, ҳар ҳолда ушбу категория формал кўрсаткичларни олиши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Яна бир нарса: тугалланганлик матн яхлитлигининг белгисидир. Шу сабабли бу икки хусусиятни бир-биридан ажратиш имкони йўқ. Улар ягона бир ҳодисанинг икки томонидир. Бу хусусиятларни фарқлаш билан бир қаторда уларни мувофиқлаштирувчи омилларни ҳам аниқлаш матннинг мулоқот тизимининг макробирлиги сифатида тавсифлаш имконини излашга ундайди. Бундан ташқари, яхлитлик ва тугалланганлик хусусиятлари матнни унинг парча (қисм)ларидан ҳамда тизимнинг микро ва макробирликларини фарқлаш учун асосдир. Матн таҳлилининг муҳим амалларидан бири бўлган дискретлаштириш амали (Мецлер 1987: 19) ҳам юқоридаги хусусиятлар мавжудлигига таянади. Маълумки, матн шаклланиши узуқ-узуқ ва узлуксиз содир бўладиган жараёндир. Узуқ-узуқлик (дискретлик) қисмлар, бўлакларга хос хусусият бўлса, узлуксизлик матннинг яхлитлигига ишора. Шу сабабли матн қисмлари боғлиқлиги ва алоҳидалиги (дискретлиги) ўзаро алоқада бўлибгина қолмасдан, балки бири иккинчисини тақозо ҳам этади. Зеро, матннинг маълум бўлагини нисбатан мустақил бирлик (қисм) сифатида ажратилиши ушбу қисмнинг ички хусусиятларининг эътиборга олинишини талаб қилиш билан биргаликда, унинг узлуксиз жараёндаги ўрни ва бу жараённинг бошқа бўлаклари билан алоқасини ҳам назардан қочирмасликка ундайди. Умуман, матн тузилиши жараёнини узлуксизлик ва дискретлик категорияларининг ўзаро муносабатисиз тасаввур қилиш қийиндир. Бу эса, ўз навбатида, матннинг тугалланганлиги ва яхлитлиги унинг ҳажми билан белгиланмаслигидан дарак беради. Масалан, бир гапдан иборат матн ҳам (мақол, афоризм, топишмоқ кабилар) яхлит мазмунга ва тугал шаклга эга эканлиги эътироф этилган. Ниҳоят, «матн» ва «дискурс» тушунчаларининг муносабати ҳақида сўз юритишнинг пайти келган бўлса керак. Бу икки тушунча негизидаги ҳодисаларни фарқлашда функционаллик-структуравийлик, динамик-статик, актуаллик-виртуаллик каби қарама-қаршиликлардан фойдаланиб келинмоқда. Бизни қизиқтираётган нарса: биринчидан, бундай қарама- қаршиликлар мавжудмикан, иккинчидан эса, агарда улар ҳақиқатдан мавжуд бўлса, қай йўсинда ва қандай кўринишларда намоён бўлишади? Матн ва дискурс таҳлили муаммолари билан кўп йиллардан буён машғул бўлган Микаэл Стаббс 1983 йилда нашр қилинган асарида қуйидагиларни ёзган эди: «Одамлар гаплар тасодифий қаторини боғлиқ ( coherent ) матндан фарқлай оладилар, шунинг учун ҳам когерентликни таъминловчи тамойилларни ўрганиш дискурс таҳлилининг мавзусидир» ( Stubbs 1983: 15). Эътибор беринг, матн ҳодисасининг моҳияти когерентлик (қисмлар боғлиқлиги) билан белгиланмоқда. Аммо матн тилшунослигининг илк даврларида эътибор асосан когерентликни ифодаловчи формал воситаларни аниқлаш ҳамда қисмлар боғлиқлиги асосида юзага келадиган яхлитликнинг (матннинг) тузилиш моделлари, намуналиликни ажратишга қаратилди. Натижада, матнни турғун структура сифатида оғзаки нутқ материалига, дискурсга қарама-қарши қўйиш ҳаракати авж олди. Матннинг турғун, тайёр маҳсулот, дискурсни эса кечаётган нутқий мулоқот жараёни сифатида талқин қилиниши уларнинг кескин фарқланишига сабаб бўлади. Ҳ.Ҳаберланд матнни турли жойда, турли пайтда пайдо бўлиши мумкин бўлган предмет ( a thing ), дискурсни эса аниқ замон ва маконда кечаётган ҳодиса ( event ) деб ҳисоблайди. Унинг қайд этишича, «матндан чекланмаган миқдорда фойдаланиш мумкин, уни бир жойдан иккинчисига кўчириш имкони бор, дискурс – ҳозиргина кечаётган жараён, у ҳар сафар қайта яратилади» ( Haberland 1999: 914). Ушбу тавсиф олим «предмет» ва «маҳсул(от)» тушунчаларини фарқламаслигидан гувоҳлик беради: «Матн, сўзсиз, лисоний маҳсулот ( the product aspect of language ), дискурс» - лисоннинг яратувчанлик соҳаси ( the production aspect ) намунасидир (Ўша асар: 915). Диққат билан ўқисак, Ҳ.Ҳаберланднинг фикрини икки хил изоҳлаш мумкин. Биринчидан, олим иккала ҳодисани ҳам натижа, маҳсул сифатида қарамоқда, яъни матн – кечган мулоқот натижаси, маҳсули (оғзаки матн) ёки ёзув фаолияти, нашр натижаси (ёзма матн). Дискурс, ўз навбатида, туғилган ғоя, коммуникатив мақсад (интенция) натижасидир. Иккинчидан эса, матн моддий объект ( a thing ) сифатида номоддий объект – дискурсдан фарқланмоқда. Агарда матн ва дискурснинг ҳар иккиласи ҳам инсон лисоний фаолиятининг натижаси бўлса, уларни фақатгина зоҳирий – формал кўрсаткичга асосан «оғзаки» ва «ёзма» сифатлари билан фарқлаш имконига гумоним бор. Худди шунингдек, уларнинг бирини моддий кўринишли ҳодиса, иккинчисини бу хусусиятдан холи кўринишда тасаввур қилиш қийин масала. Ахир буларнинг иккаласи ҳам натижали фаолият маҳсули бўладиган бўлса, эришилган натижа моддий кўриниш олиши керак-ку?! Санкт-Петербург педагогика университетининг профессори И.К.Архипов дискурс ва матн ҳодисаларининг моҳиятини фарқлашда Ҳ.Ҳаберландга эргашади. Ушбу масалага лисоний белгиларнинг маъно ифодалаш қобилиятининг намоён бўлиш «ҳудуди» нуқтаи назаридан ёндашган Игорь Константиновичнинг таъбирича, матн мураккаб белги сифатида ўзида моддийлик (шакл) ва идеаллик (маъно) боғланишини акс эттириши керак. Лекин маъно мулоқот иштирокчилари бир-бирига узатаётган тайёр маҳсулот эмас, маъно яратилиш ва қайта яратилиш жараёнларини талаб қилади ҳамда ушбу жараёнлар руҳий-психик фаоллик шароитида кечадилар (Мамардашвили 1996: 158). Демак, маъно шаклланиши икки томонлама ақлий фаолият натижасидир. Шунинг учун қоғозга туширилган матнда асл маънодаги белги йўқ. Уларда фақатгина ҳарфлар тўплами мавжуд ва бу тўпламлар мазмун шаклланиши учун туртки бўлишлари мумкин. Бунинг учун уларга онг «тегиб кетиши» керак бўлади (Архипов 2003: 99). Лисоний белгининг яратилиши ва маълум маъно касб этиши жараёнларини фақатгина дискурсив фаолият натижаси сифатида таърифлаётган И.К.Архиповнинг матн ва дискурс ҳодисаларини бир қаторга қўйиш ва тенглаштириш истагида юрганларга бутунлай қарши чиқиши турган гап. Унингча, бу икки ҳодиса моддийлик (матн) ва психо-физиологик жараён (дискурс) хусусиятлари билан фарқланадилар (Ўша асар: 102). Менинг ҳам И.К.Архиповга эргашгим келади, лекин профессорнинг Смольний ёнидаги квартирасида унинг рафиқаси доцент А.Г.Гурочкина ва менинг номзодлик диссертациямга оппонентлик қилишган профессорлар Елена Самойловна Кубрякова ва Татьяна Михайловна Беляевалар иштирокидаги мунозарамизни эслайман. Ўшанда Игорь Константиновичга «Нимага асосланиб ва қайси услубда лисоний структурада моддийлик ва идеалликни кескин ажратасиз ва иккаласини икки турдаги жараёнда ҳосил бўлишини тасаввур қиласиз?» деган эътирозимни билдирган эдим. Ушбу мунозара давом этаётганга ўхшайди. Эслатилаётган суҳбат И.К.Архипов Ленинград университетида ясама сўз семантикаси мавзусига оид докторлик диссертацияси ҳимоясидан икки кун ўтиб (1985 йилнинг 16 сентябрида) кечаётган бўлса, орадан 20 йил ўтгандан сўнг нашр қилаётган ишларида олимнинг матн ва дискурс ҳодисалари ўртасига қўяётган чегараси янада кескинлашибди. Наҳотки матн ва дискурс бир- бирини инкор этадиган ҳодисалар бўлса? Ҳеч ишонгим келмайди. Ахир ҳар қандай лисоний ҳодиса айни пайтнинг ўзида шакл ва маъно уйғунлигига эга бўлмаса, ёхуд унда моддийлик ва мавҳумлик –рамзийлик белгилари бирикмаса, мазмун ифода этиш қобилиятини йўқотмайдими?! Балки матн ва дискурсни қандайдир жиҳатдан статика-динамика қарама-қаршилигида қиёслашимиз мумкиндир. А.А.Кибрик ва В.А.Плунгян дискурсни «лисоннинг аниқ замонда (вақт оралиғида - Ш.С.) фаоллашуви», деб таърифлашаётганларидек (Кибрик, Плунгян 1997: 308), когнитологларнинг ушбу ҳодисани бевосита, яъни « online режимида» қабул қилиш ва таҳлил қилиш мумкинлиги ҳақидаги таъкидларига (қаранг: Кибрик 1994; Макаров 1998) ишонаётган бўлсалар керак. Биз ҳам бундай таъкидга ишонамиз, аммо бу ишонч матнни ёзма нутқ маҳсули ёки монолог, дискурсни эса оғзаки нутқ жараёни ёки интерактив диалог кўринишида чегаралашга олиб келмаслиги даркор. Мулоқот - ахборот алмашув жараёни, унинг мақсади ҳам шу. Ахборот узатиш ёзма ёки оғзаки усулда кечиши билан унчалик фарқ қилмайди. Ҳатто диалог ҳам ёзма нутқ воситасида кечиши мумкинлигини биламиз (масалан, дипломатик ноталар алмашинуви, хуфёна ёзишмалар, «Меҳробдан чаён»даги Анвар ва Раънонинг ёзма шеърий севги изҳори кабилар). Сиёсий ва илмий мазмундаги маърузалар аввал ёзма тайёрланиб, кейин ўқиб берилади. Шунинг учун ҳам кўпчилик «илмий матн» ва «илмий дискурс» тушунчаларини бир хил маънода англайдилар, чунки бу ҳолатда матн тузилиши унинг шакллантирувчи мантиқий ва коммуникатив шароитлар, когнитив, прагматик омиллар, илмий хабар муаллифининг коммуникатив режаси ва бошқа кўпгина лисоний материалга ҳамроҳлик қилувчи нолисоний факторлар билан боғлиқдир (Чернявская 2006: 24). Демак, матннинг online режимида идрок этилиши, унинг мундарижасини тасмасимон (алоҳида қисмлар қатори) кўринишда тингловчи (ўқувчи) томонидан қабул қилиниши ва идрок этилишидан иборатдир. Матнга динамик хусусият хослигининг эътироф этилиши унинг когнитив талқинига мос келади. Е.С.Кубрякованинг талқинича, «инсон тажрибасининг маълум бир парчасини акс эттирмайдиган ва уни фаҳмлаш имконини бермайдиган матннинг ўзи бўлмайди ва бўлиши ҳам мумкин эмас» (Кубрякова 2004: 516). Шунга биноан матнда акс этган воқелик мазмунини ҳамда унда акс топган предмет ва ҳодисаларга берилаётган баҳони, ҳис- туйғуларни таҳлил қилиш имкони мавжуддир. Матн ақлий модел – фреймнинг воқеланиши бўлганлиги учун ҳам унинг идроки ҳам ушбу моделнинг қайта яратилишини тақозо этади. Адресат воқеликнинг лисоний тасвири – образини англаш, тушуниш орқали ўз билим доирасини кенгайтиради. Матнга ҳам ҳаракатчанлик, динамик хусусиятлар хос эканлигини таъкидлаш билан ҳеч қачон «матн» ва «дискурс» атамаларини синоним, бир мазмундаги тушунчаларни номловчи атамалар демоқчи эмасман. Сўзсиз, «дискурс» «матн»га нисбатан кенгроқ мазмунда талқин қилинмоғи керак. Ҳа, «дискурс – бир пайтнинг ўзида ҳам лисоний фаолият жараёни, ҳам унинг (фаолиятнинг- Ш.С.) маҳсулидир» (Кибрик, Плунгян 1997: 307). Дискурсив фаолият моҳиятан билим (маълумот) бериш ҳамда «янги билимни шакллантирувчи ҳодисадир» (Кубрякова 2000:11). Билим узатилиши ва янгидан шаклланиши учун эса матн яратилмоғи даркор, демак, матн дискурсив фаолият кечаётган пайтнинг ўзидаёқ яратила бошлайди. Маъқули, қиёсланаётган бу икки ҳодисани «гипероним» - «гипоним» муносабатида ўрганишдир. Дискурс инсон онгли фаолиятининг маълум бир тури, туркуми бўлса, матн унинг бир кўринишидир. Дискурс категориясининг бу хилдаги кенг маънода, умумлаштирувчи мазмунда талқин қилиниши мулоқот тизими, инсон онгли фаолияти билан қизиқувчи бошқа фан соҳалари – фалсафа, социология, психология, кибернетика кабилар учун аллақачонлар эътироф этилган қоидадир. Матн ва дискурс ҳодисаларининг муносабати ҳақида гапираётиб, уларнинг ўзаро учрашишига сабаб бўладиган яна бир ҳодиса мавжудлигини унутмаслик керак. Бу ҳодиса – маданиятдир. Бир томондан, мулоқотнинг кечиши ва матннинг шаклланиши маданий жараён эканлиги маълум. Бошқа томондан, матн тил ва маданиятни боғловчи муҳим «тугун»дир, чунки матн таркиби таҳлилидан фойдаланиб, тил тизимининг миллий-маданий хусусиятлари ҳақидаги лингвокультурологик маълумотларни тўплаш мумкин. Демак, матн тил тизимига нисбатан фаол муносабатда бўлади, яъни лисон матн қурилишининг асосий воситаси, иштирокчиси бўлиб қолмасдан, балки унинг ўзи ҳам матн шаклланиши жараёнида кескин сифат ўзгаришларига учрайди. Бунинг исботини биз лисоний бирликларнинг айнан матн таркибида тил тизими қоидалари «исканжаси»дан чиқиб, эркин қўлланиш ҳуқуқини олишида кўрамиз. Бу борада бир пайтлар академик Л.В.Щербанинг (1940: 104) инсоннинг нутқий фаолияти асосан «маълум бир тил тизими қоидаларига тобе ҳолда юзага келадиган нутқ ижодкорлигидир», деган тавсифини унутмаймиз. Нутқий фаолиятнинг ва умуман лисоннинг ижодкорлик табиатини лисоний, айниқса, луғавий бирликларнинг матнда қўлланиш имконияти белгилайди. Бу заҳиравий имконият тўлиғича инсон дискурсив фаолиятида, матн таркибида воқеланади ҳамда лисоний бирликларга юқорида эслатилган эркинликни – тизим исканжасидан чиқиш имконини беради ҳамда инсон лисон заҳирасидан матн талаби, мулоқот вазиятига мос ҳолда фойдаланиш қобилиятини намоён этади. Тил ва инсон боғлиқлиги бир томонлама эмас: инсоннинг лисонга эҳтиёжи «ҳар бир шахснинг ўзлигини намоён этиши истаги» (Гертман 1996: 90) билан боғлиқ бўлса, тил ҳам ўз имкониятларини намоён этиш учун ҳар бир шахсга, унинг лисоний фаолиятига муҳтождир. Шу сабабли ҳар бир янги матн маълум даражада тил бирликлари танловини акс эттирувчи янги лисондир. Шунинг учун ҳам матн, худди дискурс каби, доимий (турғун) мазмунга эга бўлган ёпиқ тизим сифатида қаралмаслиги керак, матннинг шаклланиши ва мазмуний ривожи синергетик жараёндир . Бу жараён текис ҳамда сакраш йўли билан ривожланадиган босқичлардан иборатдир. Ушбу босқичлардаги ўзгаришлар бевосита мазмун трансформациясига сабаб бўлиши аниқдир. Тил тизими тараққиётининг синергетик қонуниятларини машҳур фаранг психосистематиги Гюстав Гийом таълимотига қанчалик мос келиши билан қизиққан канадалик М.Беланже тил адаптив вазифани бажаришини эътироф этади (Беланже 1995: 14). Бу вазифа сўзловчи ва фикрловчи шахснинг эҳтиёжларига мослашишидан бошқа нарса эмас. Энг асосийси, тизимнинг мослашиши ва шу йўсинда адаптив вазифанинг фаоллашуви учун мулоқот матни, дискурс даркордир. Ҳақиқатдан ҳам дискурс ва матн тил тизими заҳиралари имкониятларининг тўлиқ намоён бўлиши учун барча шарт-шароитларни яратувчи ўзига хос «тажриба майдони»дир. Фақатгина шу турдаги тажрибадан ўтган лисоний бирликларгина тизимда мустаҳкам ўрин олишлари мумкин. Ушбу хулоса билан дискурс ва матн муносабати ҳақидаги мулоҳазаларни якунлаш ниятида эдим, аммо илмий мушоҳадага якун ясаш қийин экан, фикрлар қарама-қаршилигининг ҳам охири кўринмайдиганга ўхшайди. Тўсатдан Россиянинг Санкт-Петербург ва Ставрополь университетларида ўтказиб туриладиган матн таҳлилининг илмий- методологик асослари ҳақидаги доимий семинар тўпламида чоп қилинган мақолада матн-дискурс қарама-қаршилиги янада кескинлаштирилганлигини кўриб қолдим. Мақола муаллифи М.Я.Дымарскийнинг фикрича, дискурснинг матндан фарқи унинг аниқ (реал) вақт оралиғида кечишида. Матн эса маданиятнинг замон-макон майдони ҳудудидан жой олган ҳодиса сифатида қаралади. Энг ажабланарлиси, муаллиф дискурсни мазмун яратиш ва ахборот тўплаш имкониятидан маҳрум деб ҳисоблайди (Дымарский 1998; Кузьмина 1998). Ажабланмасдан ҳам бўладими: қандай қилиб дискурсда мазмун шаклланмас экан?! Унда мулоқотдан масқад нима?! Дискурснинг яратилиш ва қабул қилиниши бир хилда маданиятнинг маълум замон-макон майдонида, аниқ коммуникатив муҳитда кечади. Дискурсда ахборот узатиш мақсади мос келадиган мазмун яратилади. Бу мазмун доирасида коммуникантлар муносабатини, уларнинг ижтимоий мавқеини, жамиятда ҳаракатда бўлган ахлоқий-этик нормаларни акс эттирувчи ижтимоий-маданий ахборот жамланади. Ушбу турдаги ахборотларнинг мавжудлиги ва мазмуннинг коммуникатив мақсадга мослиги мулоқотнинг самарасини, дискурснинг ахборот воситаси бўла олишини таъминлайди. Дискурс ва матн ҳодисаларининг ҳар иккаласи ҳам мулоқот иштирокчиларининг онгли фаолияти туташадиган макондир . Онгли фаолият эса доимо маънавий- маданий асосга эга бўлади.