logo

Ерга экин экишдан олдин ишлов бериш. Қишлоқ хўжалик экинларини экиш усуллари. Ерга экин экишдан кейин ишлов бериш

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

120.5 KB
Ер га экин экишдан олдин ишл о в бериш. Қишлоқ хўжалик экинларини экиш усуллари. Ерга экин экишдан кейин ишлов бериш Режа: 1. Қишлоқ хўжалик экинларини экишдан олдин ерларни текислаш. Текислаш усуллари: жорий, қисман ва асосий текислаш. 2. Экиш олдидан тупроққа ишлов бериш: Қатқалоқни юмшатиб, тупроқда нам сақлаш; юмшоқ қатлам ҳосил қилиш; уруғларнинг қийғос униб чиқиши учун шароит яратиш; бегона ўтларга қарши кураш. 3. Ерни экин эккандан кейин ишлаш. Қатор оралари ишланадиган экинларга ишлов бериш. Ёппасига экилган кузги ва баҳорги экинларга ишлов бериш. 4. Қишлоқ хўжалик экинларини экиш усуллари , қишлоқ хўжалик экинларини ўз вақтида ва сифатли экишнинг аҳамияти.Экиш муддатлари, экиш чуқурлиги, уруғ экиш меьёри ва ўсимликларни озиқланиш майдони. Таянч иборалар : асосий текислаш, қисман ва жорий текислаш, шудгорланган ерлар, мелиоратив ҳолатини яхшилаш, нишаблик, суғориш техникаси, унумдор қатлам, топографик юза, базали текислагич, бороналаш, қатор оралари ишланадиган экинлар, қатқалоқ, ҳимоя минтақаси, культиватор, ротацион мотига, аэрация, оғир тишли борона, дискалаш. 1. Қишлоқ хўжалик экинларини экишдан олдин ерларни текислаш. Текислаш усуллари: жорий, қисман ва асосий текислаш. Суғориладиган ерларни текислаш сув, минерал ўғит ва қишлоқ хўжалик техникаларидан самарали фойдаланишнинг асосий шартларидан биридир. Яхши текисланмаган ерларда сув бир хил тақсимланмайди. Сув исрофгарчилиги 2 - 3 баровар кўпаяди, тупроқларни ботқоқланиши ва шўрланиши кучаяди, минерал ўғитлардан фойдаланиш даражаси паст бўлади. Суғориладиган ерлар яхшилаб текисланганда, далалар тенг тақсимланиб, тупроққа бир вақтда сифатли ишлов беришга эришилади, ундаги тупроқ бир текис намиқади, суғориш меьёри камаяди, суғориш шахобчаларини қуриш билан боғлиқ ишларнинг ҳажми камаяди, қишлоқ хўжалик ишларини механизациялаштириш имкони кўпаяди, суғориш ишларига кам меҳнат сарфланади, ҳосил ортади. Яхши текисланган ерларда сувчининг иш унумдорлиги кунига 2-3 гектарни ташкил этса, текисланмаган ерларда бор-йўғи 0,5-0,8 гектарни ташкил этади. Ерларни текислаш, янги ва шўрланган ерларни ўзлаштириш ҳамда ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалиги экинларидан юқори ҳосил олиш гаровидир. Экин майдонидаги баланд жойлар тупроғини унинг паст жойларига келтириб тўкиш, яьни ундаги паст баландликларни, ўнқир-чўнқир жойларни йўқотиш йўли билан шу майдон юзасида маьлум нишаб яратиш (ёки унда горизонтал юза ҳосил қилиш) ер текислаш дейилади. Ер текислашда бажариладиган тупроқ ишлари ҳажмига боғлиқ ҳолда, текислашни уч усулга ажратиш мумкин. а) асосий (капитал) текислаш; б) қисман текислаш; в) жорий текислаш. Асосий (капитал) текислаш. Ер текислаш усулининг энг кўп меҳнат талаб қиладиган тури асосий текислашдир. Бу усул асосан янги ерларни ўзлаштиришда қўлланилади. Асосий текислашда суғориш участкаси сиртининг табиий кўриниши бутунлай ўзгаради, нишаблик эса суғориш техникасига мослаштрилади. Шунинг учун, бунда жуда катта ҳажмдаги тупроқ ишларини бажаришга тўғри келади. Асосий (капитал) текислаш иши махсус лойиҳа-харита асосида олиб борилади. Лойиҳа таркибига режа кўринишида ёки қатор профиллар кўринишида, махсус иш чизмалари, шунингдек, иш ҳажмини ҳисоблаш қайдномалари, схемалар кўринишидаги турли қўшимча материаллар ва шунга ўхшашлар киради. Текислаш вақтида тупроқнинг устки (унумдор) қатламини иложи борича сақлаб қолишга, яьни уни жуда чуқур жойларга келтириб тўкмасликка интилиш керак. Акс ҳолда участка тупроғининг унумдорлиги камайиб кетади ва ердан мўл ҳосил олиб бўлмайди. Қисман текислаш. Қисман текислашда суғориш участкаси топографик юзасининг характери ўзгармайди. Қисман текислаш ишлари лойиха-харитага асосан олиб борилади. Бунда ернинг табиий нишаблиги қисман ўзгартирилади, қисман фақат дўнгликлар, ўнқир-чўнқирлар, кераксиз эски каналлар, йўллар текисланади. Қисман текислаш билан суғоришга етарли даражада шароит туғдириш мумкин бўлмаган ҳолдагина асосий текислаш ишлари қилинади. Жорий текислаш. Асосий (капитал) текисланган участка сиртида вақт ўтиши билан ер ҳайдаш, суғориш ва бошқа деҳқончилик ишлари таьсирида ўнқир-чўнқирлар пайдо бўлади. Тупроққа ишлов беришда ҳосил бўлган мана шу паст-баландликларни йўқотиш- жорий текислаш дейилади. Хўжаликдаги участкалар йилда бир марта, албатта жорий текисланиши лозим. Жорий текислаш хўжаликнинг ўз кучи ва машиналари билан бажарилади. Ҳар йили шудгордан сўнг ёки экиш олдидан эгат ва пушталар, ўқариқлар, айрим дўнгликлар текисланади. Текислаш ишлари кўз билан чамалаб олиб борилади. Кичик хажмдаги тупроқ ишлари бажарилади. Текислашда енгил техникадан ва қўл кучидан фойдаланилади. Бунда иш ҳеч қандай лойихасиз, далачилик бригадасининг бригадири ёки хўжалик гидротехниги раҳбарлигида олиб борилади. Жорий текислашда узун базали текислагич жуда қўл келади: бу машина участка юзини механик равишда теп-текис қилиб кетади. 2. Экиш олдидан тупроққа ишлов бериш: Қатқалоқни юмшатиб, тупроқда нам сақлаш; юмшоқ қатлам ҳосил қилиш; уруғларнинг қийғос униб чиқиши учун шароит яратиш; бегона ўтларга қарши кураш. Республикамиздаги илғор хўжаликлар тажрибасига кўра, ерни экин экишга тайёрлашда ҳар бир агротехника тадбирини хўжаликнинг тупроқ - иқлим шароитини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш лозим. Ерни экин экиш олдидан ишлаш шудгорни бороналашдан бошланади. Бороналанганда даланинг юзаси текисланади, ўсиб чиқаётган бир йиллик бегона ўтлар йўқотилади, кесаклар майдаланади, ҳосил бўлган қатқалоқ юмшатилади ва нам буғланишининг олдини олади. Ерни экин экишдан олдин ишлашни ер етилмасдан олдин бошлаб юбориш ҳам катта зарар келтиради, чунки ёғингарчиликдан кейин тупроқда қалин қатқалоқ ҳосил бўлади, унинг юза қисми зичлашади. Шунинг учун тупроқнинг етилганлигига эьтибор бериш, баҳорда шудгорнинг 8-10 см чуқурликдаги тупроғи етилиши билан ерни ишлай бошлаш керак. Республикамизнинг турли тупроқ-иқлим шароитига бу муддат тахминан қўйидаги даврларда тўғри келади: Сурхандарё, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида – феврал ойининг биринчи ярми ёки март ойининг биринчи беш кунлиги; Фарғона водийси (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида) март ойининг биринчи ярми; Сирдарё, Жиззах, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида март ойининг иккинчи ярми; Хоразм ва Қарақалпоғистон республикасида март ойининг учинчи ун кунлиги ёки апрель ойининг биринчи беш кунлиги, баҳор қандай келишига қараб бу муддатлар бироз ўзгариши мумкин. Ерни экин экиш олдидан ишлаш усуллари шудгорнинг ҳолатига ва ерга яхоб бериш ҳамда тупроқнинг шўрини ювиш муддатига қараб белгиланади. Яхоб берилмайдиган, шўри ювилмайдиган ерларни экин экишга тайёрлаш учун бир икки марта бороналанади, сўнгра мола бостирилади. Ўт босган ерларда юмшатгичлар ва культиваторлардан фойдаланилгани маъқул. Бунда уларга кенг ўткир ғозпанжалар ўрнатиш керак, чунки ўтлар яхшироқ қирқилади. Шудгор серкесак бўлса, яхшилаб майдалаш ва органик-минерал ўғитларни аралаштириш учун дискли бороналардан фойдаланиш яхши натижа беради. Лекин илдизпояли бегона ўтлар тарқалган майдонларда бу усулдан фойдаланиб бўлмайди. Яхоб бериладиган, тупроғи шўр ва кузги шудгордан ёки асосий ҳайдашдан кейин шўри ювилган ерларни чигит экишга тайёрлашда махсус қўшимча ишлар бажарилади, яьни баҳорда эгат, марзалар ва бошқа баланд- пастликлар текисланади, сўнгра яхоб бериш учун эгат ва ўқариқлар олинади. Тупроқнинг механик таркибига қараб, эгатлар орқали гектарига 1000-1500 м 3 ҳисобида сув берилади. Ер етилиши билан ўқариқлар текисланади ва дала иккита кетма-кет уланган боронада бир ўтишда бўйламасига ёки кўндалангига бороналанади. Чигит экишгача ерни яхши юмшатиш учун чизель-культиватор, культиватор ва дискли бороналардан фойдаланилади. Чигит экиш олдидан шудгор яна бороналанади, сўнгра мола бостирилиб, сўнг чигит экилади. Шўри ювилган ерлар ҳам экин экишга шу тартибда тайёрланади. Баҳорда ерни саёзроқ бўлса ҳам қайта ҳайдашга йўл қуймаслик керак. Агар яхоб берилганда ёки тупроқ шўри ювилгандан кейин ер жуда зичлашиб, бегона ўт босган бўлса, плугнинг ағдаргичларини олиб қўйиб юмшатиш мумкин. Кўкламда ҳайдаладиган ерларни иложи борича барвақт ер етилиши биланоқ ишлашга киришиш керак. Шундай қилинганда, тупроқ да нам кўпроқ тўпланади, экиш давридаги қийинчиликлар бартараф этилади, экиш компанияси қисқа ва қулай муддатларда ўтказилади. Ер баҳорда ҳайдалганда зудлик билан дискалаш ва бороналаш керак. Акс ҳолда тупроқдаги нам тез буғланиб кетади. Ўсув даврининг бошларида ғўза яхши ривожланиши, кейинчалик кўсаклар етилишини таьминлаш учун азотли ва фосфорли ўғитларнинг бир қисмини баҳорда ерни экин экишга тайёрлаш вақтида солиш фойдалидир. Ўғит культиватор ва чизелга ўрнатилган ўғитлагичларда солинади. Ўғит агрегат сопошкалари билан 14-16 см чуқурликка солиниб ёки ер юзасига сепилиб, сўнгра уни 8-10 см чуқурликда чизел ёки диск билан юмшатиб, тупроққа аралаштириш ва кўмиш ҳам мумкин. Ерни экин экилгандан бошлаб то ҳосили йиғиштириб олингунча ўз вақтида сифатли қилиб ишлаш улардан юқори ҳосил етиштиришда асосий тадбир ҳисобланади. Чунки бу тадбирлар туфайли ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланиши учун муайян шароит яратилади. 3. Ерни экин эккандан кейин ишлаш. Қатор оралари ишланадиган экинларга ишлов бериш. Ёппасига экилган кузги ва баҳорги экинларга ишлов бериш. Тупроқни экин экилгандан кейин ишлаш қатор оралари ишланадиган ва ёппасига экилган кузги ҳамда баҳорги экинларни ишлаш тизимига бўлинади. а ) Қатор оралари ишланадиган экинларни парвариш қилиш . Республикамиз тупроқлари ёмғир ёққандан кейин қуриши билан қатқалоқ бўлишига мойил. Т упроқнинг механик таркиби қанча оғир ва тупроқ шўр бўлса, қатқалоқ яна ҳам қаттиқ бўлади. Шунинг учун экинзорларда баҳорги ёмғирлардан кейин ҳосил бўлган қатқалоқни зудлик билан юмшатиш лозим. Қатқалоқ ўз вақтида юмшатилмай кечиктирилса, унинг қаттиқлиги ва қалинлиги ортиб боради, юмшатиш қийинлашади ва зарари катта бўлади. Агар чигит униб чиққан ва униб чиқиш олдида бўлса, ротацион мотигадан, мабода, чигит ёки маккажўхори униб чиқиб, қаторлари билинган бўлса, ротацион юлдузчалар ўрнатилган культиваторлардан фойдаланилади. Агар чигит экиб бўлиши билан ёғин еғса, қатқалоқни ёппасига юмшатадиган енгил, тишининг узунлиги 6-8 см бўлган «зиг-заг» борона билан қаторларнинг кўндалангига бороналаш мумкин. Экинлар қатор орасини ишлаш муддати ва чуқурлиги тупроқнинг ҳолатига, бегона ўтлар билан ифлосланганлигига ва об-ҳаво шароитига қараб белгиланади. Биринчи культивация майсалар униб чиққандан бошланади. Культиваторнинг икки четидаги пичоқ 6-8 см, ўртасидаги ғозпанжа юмшатгич 10-12 см чуқурликда ишлатилади. Ғўза қатор ораларининг қандай кенгликда (60 ёки 90 см) бўлишидан қатьий назар культивация қилишда 8-10 см кенгликда ҳимоя зонаси қолдирилади. Кейинги культивацияда юмшатувчи иш органларининг четдаги пичоғи 8-10 см, ўртадагисиники эса 14-26 см чуқурликда ишлатилади. Иккинчи, учинчи ва кейинги культивацияларда ҳимоя зонаси 10-12 см гача кенгайтирилади. Ҳар галги суғоришдан сўнг ер етилиши билан культивация ўтказиш лозим. Бу намликни сақлашни таьминлайди. Ғўза ўсув даврида 4-5 марта культивацияланади. Кўп ўт босган ҳамда илдизпояли бегона ўтлар тарқалган далалар чопиқ қилинади. Ўсимликларга ишлов беришни озиқлантириш билан бирга қўшиб олиб бориш керак. Ғўза ривожланишининг биринчи даврида азот ва фосфорни, шоналаш даврида азотни ва гуллаш-ҳосил тугиш даврида азот ва фосфорни кўпроқ талаб қилади. Хўжаликнинг тупроқ иқлим шароитига қараб, мавсумда ғўза 3-7 марта ва ундан ортиқ, ҳар хил схемаларда суғорилади. Ҳар галги суғоришдан олдин окучниклар ёрдамида 18-22 см чуқурликда эгатлар олинади. б) ёппасига экилган кузги экинларни парвариш қилиш . Суғориладиган деҳқончилик шароитида экиладиган кузги бошоқли экинларга кузги буғдой ва кузги арпа киради. Кузги буғдой, арпа куз-қишки ва баҳорги нам захирасидан яхши фойдаланилади. Биологик кузги навлари эрта кузда экилганда, энг юқори ҳосил олинади. Кузги буғдой бу муддатда экилганда қишгача илдиз тизими баққуват ривожланади, яхши туплайди ва шу фазада нормал қишлаб чиқади. Кузги буғдой най чиқариш ва бошоқлаш даврида сувга энг талабчан бўлади. Тупроқнинг намлиги оптимал даражада сақланса, у гармселдан зарарланмайди. Эрта кузда экилган дон экинларига куз-қиш даврида яхоб суви берилади. Кузги буғдой ва арпани ўсув даврида 2-3 марта суғориш керак. Ўзбекистон шароитида кузги дон экинларини баҳорда ўз вақтида сифатли бороналаш натижасида тупроқ намни яхши сақлайди, ҳаво алмашиниши яхшиланади, микроблар фаолияти фаоллашади, бир йиллик бегона ўтлар 3-8 марта камаяди ва ҳосил гектарига 1,5-2,0 ц/га ортади. Экинзорларда бир йиллик бегона ўтларни йўқотишда гербицидлардан гранстар, хуссар, парднер бир йиллик бегона ўтларга, кўп йиллик бегона ўтларга қарши фюзилад супер қўллаш яхши натижа беради. Кузги дон экинларини тўпланиш ва най чиқариш фазасида азот билан озиқлантириш муҳим аҳамиятга эга. в) Ёппасига экилган баҳорги экинларни парвариш қилиш . Ўзбекистон шароитида ёппасига экиладиган баҳорги экинларга баҳорги буғдой, арпа, кўп йиллик ўтлардан беда ва бошқа ўсимликлар киради. Бу экинлар экилгандан кейин ер камроқ ишланади. Ҳозирги вақтда баҳорги арпа ва буғдой экинлари деярли экилмайди, асосан кузда экилмоқда. Маьлумки, беда, сули ёки арпа билан аралаштирилиб экилади. Иккинчи ва учинчи йили беда тупроқнинг юқори қатламини бироз зичлаштиради. Натижада тупроқнинг сув ўтказувчанлиги, аэрацияси сусаяди. Бедапоя эрта баҳорда оғир зиг-заг борона билан бороналанади. Биринчи йили бедапоя бороналанмайди ҳам, дискланмайди ҳам. Дастлабки йили бедани ўт босиб, унинг намлик ва минерал моддаларига шериклик қилади. Ўт босган майдонда беда сийракланади, айниқса илдизпояли кўп йиллик бегона ўтлар ўсган ерда эса кескин камаяди. Бедапоядаги бегона ўтларга қарши курашда биринчи ўримни барвақт ва паст ўриш катта аҳамиятга эга. Бедани иккинчи ва учинчи йили оғир тишли боронада бороналаш ёки дисклаш катта аҳамиятга эга. Бу ишни баҳорда, хали беда кўкармасдан, ер етилиши биланоқ бажариш керак. Икки марта сифатли қилиб бороналаш яхши натижа беради. Бедапоя бороналанганда ёки дискланганда ер юмшаб, нам яхши сингади ва яхши сақланади, ўна бошлаган бегона ўтлар қурийди. Шунингдек, тупроқ аэрацияси яхшиланади, фитономус билан зарарланиш камаяди, беданинг илдиз буғзидаги куртаклар ўйғониб, қўшимча поя чиқаради ва ҳосилининг сифати яхшиланади. Иккинчи ва учинчи йили бедапоя сурункасига бороналанмаса ёки дискаланмаса, бедапояда бегона ўтлар кўпайиб, оқибатда беда сийраклашиб кетади. Беда дуккакли ўсимлик бўлгани учун фосфорли ва калийли ўғитларга талаби катта. Беданинг иккинчи ва учинчи йили ўсиш даврида эрта баҳорда гектарига 100 кг фосфор, ва 75-100 кг калий ўғити сепилади. Минерал ўғитлар солингандан кейин дискли борона билан уни яхшилаб кўмиш керак. Ер суғорилганда ўғитлар эриб, илдиз озиқланадиган қатламга ўтади. Беда нам севар ўсимлик. Шунинг учун 2-3 йиллик бедани ҳар ўримдан кейин шароитга қараб 2-3 марта суғориш юқори ҳосил олишда асосий омилдир. 4. Қишлоқ хўжалик экинларини экиш усуллари , қишлоқ хўжалик экинларини ўз вақтида ва сифатли экишнинг аҳамияти. Экиш муддатлари, экиш чуқурлиги, уруғ экиш меьёри ва ўсимликларни озиқланиш майдони. Экинлардан юқори ва барқарор ҳосил етиштиришда навдор уруғлик билан бир қаторда, уни ўз вақтида ва сифатли қилиб экиш ҳам катта аҳамиятга эга. Уруғни экишгача бўлган барча зарурий чора-тадбирларни (уруғни тозалаш, хиллаш, хўжалик жиҳатидан яроқлилигини аниқлаш, касаллик ва зарар кунандаларга қарши дорилаш ва бошқаларни) тўлиқ амалга ошириш, уни бир текис ундириб олиш билан бир қаторда барча майдонларда кўчатлар тўлиқ бўлишини таъминлайди. Юқори ҳосил, асосан, маълум кўчат қалинлигини ҳосилни йиғиб териб олиш вақтига қадар қанчалик сақлаб қолишга боғлиқ. Лекин, кўчат қалинлиги экинларнинг биологик хусусиятларига боғлиқ ҳолда ҳар хил бўлади. Масалан, кўчатларнинг ўртача қалинликда бўлиши учун, ғўза ўсимлиги гектарига 100 минг туп, буғдой 5 млн туп, каноп экини 1,6 млн туп ва уруғлик каноп 200 минг туп, маккажўхори дон учун 45-60 минг туп бўлишини таъминлаш керак. Кўчатлар қалинлиги у ёки бу экинлар учун юқоридагига қараганда кескин кам ёки ортиқ бўлиши, вегетация даврида барча тадбирларга тўғри амал қилинганда ҳам ҳосилга салбий таъсир этади. Шунинг учун кўчатлар керакли қалинликда бўлиши ва уни тўла сақлаб қолиш тадбирлари экин экишдан бошланади. Майсаларни қийғос униб чиқиши ва кейинчалик уларнинг нормал ўсиши ҳамда ривожланиши, экиш усуллари, муддатларига, экиш меъёрларига, уруғнинг кўмилиш чуқурлигига ва ерни тайёрлаш сифатига ҳамда экиш агрегатларининг қанчалик нормал ишлашига боғлиқ. Илгари вақтда барча экинлар асосан қўлда сочиб экилар эди. Бу усулда уруғ далада бир текис тақсимланмайди ва бир хил чуқурликка тушмайди. Шунинг учун уруғнинг бир қисми нормал чуқурликка тушиб, бир қисми эса, кеч чиқар баъзилари эса умуман чиқмас эди. Натижада кўчатлар сийрак бўлиб уларнинг ўсиши ва ривожланиши турлича бўлади. Бундан ташқари, қўлда сочиб экилганда, экиш меъёри бузилади ва экинни парвариш қилиш ва ҳосилни йиғиштириб олишда механизациядан фойдаланиш қийинлашади. Шунинг учун ҳам ҳозир экинлар турли хил конструкциядаги сеялкаларда қаторлаб экилади. Ёппасига қаторлаб экиш. Бу сулда СД-24, СЭН-24, комбинациялаштирилган СУК-24 ва бошқа сеялкаларда арпа, буғдой, жавдор, сули ва бошқа экинлар экилади, қаторлар ораси 13-15 см, ўсимликлар ораси, 1,2-1,5 см бўлади. Тор қаторлаб экиш. Бу усул билан СУБ-48, СУБ-48Б ва СА -48 маркали дискли ва сошникли сеялкаларда зиғир, рапс, буғдой, жавдар каби экинлар экилади. Бунда қаторлар ораси 6-8 см, ўсимликлар ораси 3-4 см қилиб экилади. Шахмат усулида экиш. Бу усул ғалла экинларини СУ-24, СЗД-24, СУК-24 сеялкаси билан экишда қўлланилади. Бунда сеялка уруғни ярим меъёрини сепадиган қилиб созланади. Уруғнинг ярми даланинг узунасига, қолган қисми эса даланинг кўндалангига юриб экилади. Қаторсиз экиш. Бу усулда культиватор сеялка ва КАС-3,5 маркали ўрнатма сеялкадан фойдаланилади. Уруғ сеялканинг тебраниши натижасида панжалар очиб кетган эгатчалар тагига 6-11 см кенгликда йўл – йўл бўлиб тушади. Сеялканинг пружинали боронаси тупроқ бетини текислайди ва уруғ устига бироз тупроқ тортиб уни кўмади. Дуккакли дон ва ерма қилинадиган экинлар қаторсиз экилганда яхши натижа беради. Лента шаклида экиш. Бунда 2 ёки бир неча қатор бир-бирига яқин қилиб экилади. Ҳар бир қаторлар ораси ўсимликнинг хусусиятига қараб 7-8 - 15 см, бир қўш қатор билан, иккинчи қўш қаторлар ораси 45-60 см бўлади. Бундай қаторлар лента дейилади. Тариқ, сабзи, пиёз ва бошқа экинлар шу усулда экилади. Эгат тагига экиш. Иссиқ ва қирғоқчил, тупроқнинг юза қатлами тез қурийдиган ҳамда тоғли туманларда дон экинларнинг уруғини эгат очиб эгат тагига экиш яхши натижа беради. Бунда сеялка сошникларининг олдига эгат очадиган махсус панжалар ўрнатилади, у 12-15 см чуқурликда ва 45 см кенгликда эгат очади. Кенг қаторлаб экиш. Чигит, маккажўхори, лавлаги, оқжўхори каби экинлар кенг қаторлаб экилади ва экишда СХУ-4, маркали сеялкалардан фойдаланилади. Қаторлар ва қатордаги ўсимлик оралиғининг кенлиги ҳар қайси экиннинг биологик хусусиятига қараб белгиланади. Экинларнинг қатор ораси 60-90 см ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Квадрат уялаб экиш. Бу усулда чигит ҳамда маккажўхори, лавлаги СКГХ-4-6А, СКГХ-6Б, СТВХ-4, СТХ-4 маркали махсус сеялкалардан фойдаланиб экилади. Қаторлаб экиш усули такомиллаштирилган шакл ҳисобланади. Кенг қаторлаб сер уялаб экиш. Ўрта Осиёда суғориладиган деҳқончилик шароитида чигит, маккажўхори, лавлаги ва бошқа экинларни 60х90 см, ўсимлик орасини эса 10-30 см қилиб экиш усули қўлланилмоқда. Уруғни эгатга экиш усули. Республикамизнинг жанубий пахтакор хўжаликлари ерни эгат олиб суғориб, ер етилиши билан ерга чигит экмоқда. Эгатлар кузда ёки баҳорда олиб қўйилади. Экиш муддати . Ўзбекистонда экинлар тўрт муддатда: кузда, эрта ва кеч баҳорда ҳамда езда экилади. Ўз вақтида экиш, мавсумийликка ҳамда мазкур экин учун белгиланган оптимал (энг қулай) муддатга боғлиқ. Экиш ўз вақтида ўтказилса, уруғларнинг униб чиқиши учун яхши шароит вужудга келади, тупроқ намлигидан ва озиқ моддалар захирасидан тўлиқроқ фойдаланилади, шунингдек ўсишда бегона ўтлардан ўтиб кетади. Кузги буғдойни мақбул муддатларда экиш катта аҳамиятга эга. Кузги буғдойни суғориладиган ерларда, лалми ерларга нисбатан эртачи муддатларда экиш керак. Чунки, бундай ерлар сув билан таьминланган бўлиб, уруғ экилгандан сўнг, суғориш натижасида майсаларни тўлиқ ундириб олиш мумкин. Эртаги муддатларда экилган буғдой кузда ўсиб кетади, касаллик ва зараркунандалардан кўп зарарланади, натижада ёмон қишлайди, сийраклашади ва ҳосили пасаяди. Кеч экилганда эса уруғларнинг дала шароитида унувчанлиги пасаяди, ўсимлик тўпланаолмайди, кузги- баҳорги намлик захирасидан яхши фойдалана олмайди, ўсиш ва ривожланишдан орқада қолади ва кам ҳосил беради. Кузги буғдой мақбул муддатда экилганда, мақбул миқдордаги ҳарорат, намлик ва озиқ моддалар билан таьминланганда кузги вегетацияси тугагунча 3-5 тагача новда ҳосил қилади, ўсимликларнинг қишга чидамлилиги ва маҳсулдорлиги ҳам юқори бўлади. Экиш муддати, тупроқ иқлим-шароити ва экинларнинг биологик хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Профессор Н.Халилов (1994) тажрибаларида Самарқанд вилоятининг суғориладиган ерларида биологик кузги буғдой навлари мақбул экиш муддати октябрь ойининг биринчи ўн кунлиги, биологик баҳори ва дуварак навлар учун октябр ойининг иккинчи ўн кунлиги аниқланган бўлса, П.Бобомирзаев (1998 йил)нинг тадқиқотларида эса, Қашқадарё вилояти суғориладиган ерларида биологик баҳори ва дуварак буғдой навлари учун оптимал экиш муддати октябр ойининг учинчи ўн кунлиги эканлиги аниқланган. Шунинг учун, кузда буғдойнинг октябр-ноябр ойлари майсалаши, ноябр ойларининг охирига тўпланиши ва шу ривожланиш даврида қишлаши кузда тутилиши керак. Шуни ҳисобга олган ҳолда, кузги буғдойнинг экиш учун қулай муддатлари шимолий вилоятлар (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) учун сентябр ойининг биринчи ва иккинчи ўн кунлиги, марказий вилоятлар учун сентябрнинг сўнги ўн куни октябрнинг бошлари ва иккинчи ун кунлиги ва жанубий вилоятлар учун октябрнинг иккинчи ва учинчи ўн кунлиги ҳисобланади. Лалмикор ерларда кузги дон экинлари уруғларини кузда қуриб қолган тупроққа экиш яхши натижа бермайди. Шунинг учун кузги буғдой минтақа об-ҳаво шароитига қараб, ёғингарчилик кунлар яқинлашиб қолганда ёки ёғингарчиликлардан кейин экилади. Лалмикорларда кузги буғдой экиш учун оптимал муддат Каттақўрғонда декабр, Қаршида ноябр, Қамашида октябрнинг иккинчи ярми, Ғаллаоролда сентябр, Бахмалда сентябр, октябр ойлари ҳисобланади. Оптимал муддатлардан эрта ёки кеч экилганда кузги буғдой ҳосили камаяди. Маьлумки, чигитни доимий ўртача ҳарорат 12-14 0 С бўлганда экиш керак. Ўзбекистонда чигит экиладиган энг қулай муддатлар тахминан қўйидагича (9-жадвал). Демак, чигитни ниҳоятда эрта ва кеч муддатларда экиб соғлом ва тўлиқ кўчат олиш мумкин эмас. жадвал Ўзбекистонда чигит экиш муддатлари Вилоятлар Экиш муддатлари Сурхондарё: жанубий туманларда шимолий туманларда Қашқадарё: жанубий туманларида шимолий туманларида Бухоро Андижон Наманган Сирдарё Жиззах Тошкент Фарғона Самарқанд Андижон вилоятининг тоғли туманлари Хоразм Қорақалпоғистон Республикаси: жанубий туманларда шимолий туманларда 25 мартдан 10 апрелгача 1-10 апрель 25 мартдан 10 апрелгача 1-10 апрель 1-15 апрель 1-15 апрель 1-15 апрель 1-15 апрель 1-15 апрель 5-15 апрель 5-15 апрель 5-20 апрель 5-20 апрель 10-25 апрель 15-30 апрель 20 апрельдан 5 майгача Уруғнинг униб чиқиши учун зарур бўлган иссиқликка қараб баҳорги экинлар икки гуруҳга бўлинади. Биринчи гуруҳга эрта баҳорги, уруғнинг униши учун 5 0 С дан паст ҳарорат талаб этадиган ва майсалари совуққа чидамли арпа, буғдой, сули, нўхат, кунгабоқар, қанд лавлаги, чина, кўп йиллик ва бир йиллик ўтлар (вика, сераделла) ва бошқа экинлар киради. Бу экинлар кўпчилик туманларида ер етилиши билан, баҳорнинг боши ёки ўрталарида экилади. Иккинчи гуруҳга иссиқсевар, совуққа чидамсиз, уруғининг униши учун 8-12 0 С зарур бўлган экинлар- маккажўхори, пахта, тариқ, жўхори, шоли, соя, ловия, еренғоқ, кунжут ҳамда барча полиз экинлари қовун, тарвуз, ошқовоқ ва бошқалар киради. Бу экинлар тупроқнинг устки қисми (0-10 см) 10-14 0 С қизиганда экилади. Экиш меьёри . Бир гектар ерга экиладиган уруғнинг оғирлик миқдори экиш меьёри дейилади. Экиш меьёри экиннинг турига, уруғнинг абсолют оғирлигига, йирик-майдалиги, ўниб чиқиш даражаси, тозалиги, экиш усулига ва бошқаларга боғлик бўлади. Бир гектар ерга экиладиган уруғ минг ёки миллион дона ҳисобида ифодаланса, экиш меьёрини янада аниқроқ тасаввур этиш мумкин. Экиш меьёрини килограмм ҳисобида қўйидаги формула билан ифодалаш мумкин. Э=С х О Бунда С-бир гектар ерга экиш учун сарфланадиган кондицион уруғлар сони; О-1000 дона уруғнинг вазни. Агар 1000 дона шоли уруғнинг ўртача вазни 35 г бўлса бир гектар ердан 5 млн туп кўчат олиш учун (5 млн х 35 г/=175 кг) уруғлик шоли экиш кераклиги аниқланади. Уруғнинг хўжалик жиҳатдан яроқлилиги паст бўлса, экиш меьёрини тузатиш асосида тўғриланади. Агар уруғлик шолининг хўжаликка яроқлилиги 95% ни ташкил этса, гектарига экин меьёри 175 х 100/95=184,2 килограмни ташкил этади. жадвал Экиш усулига кўра чигит экиш меьёри (га/кг) Экиш усули, см Тукли чигит Туксиз чигитни уяларга белгиланган миқдорда экиш 60х10 60х15 60х45 40-45 35-40 45-55 25-28 22-35 25-30 60х60 60х25 90х5 90х10 90х20 35-40 90-100 40-50 40-45 35-45 25-30 25-30 25-28 21-35 22-25 Уруғ экиш меьёри, шу экин экилаётган хўжаликнинг тупроқ-иқлим шароитига, экиш муддатига ва усулига қараб ўзгаради. Чигит экиш меьёри экиш усулига боғлиқ. Ўрта толали ғўза навлари учун экиш меьёри қўйидагича бўлиши тавсия этилади (10 жадвал). Экиш меьёри тўғри белгиланганда, ҳар гектар ерда ўсимликлар тегишли қалинликда унади ва юқори ҳосил етиштирилади. Тукли чигит серуялаб экилганда, гектарига 60 кг, туксизлантирилган чигит аниқ миқдорда уялаб экилганда 25-30 кг уруғлик сарфланади. Кузги бугдой, экиш меьёри лалми ерларда, унумсиз ва сув билан кам таьминланганлиги сабабли суғориладиган ерларга нисбатан кам бўлади. Уруғни экиш меьёри лалми ерларнинг шароитига қараб ҳар хил бўлади. Тоғолди ва тоғли минтақаларда кўпроқ, текислик ва дўнгли текис минтақаларда камроқ уруғ сарфланади. Шунга кўра, бундай ерларда бир гектар ерга 2,0-2,5 млн дона, яьни 60-70 кг дан 120-125 кг гача уруғ сарфланади. Суғориладиган ерларнинг унумдорлиги юқори ва сув билан етарли таьминланганлиги сабабли ўсимлик қалинлигини ошириш ҳисобига юқори ҳосил олинади. Шунинг учун суғориладиган ерларда уруғ экиш меьёри лалми ерларга нисбатан икки баровар кўп, яьни гектарига 4-5 млн дона уруғ эқилиши керак. Профессорлар Е.П.Горелов ва Н.Халилов (1981) Самарқанд вилоятидаги тажрибалари натижалари шуни кўрсатадики, биологик кузги навларни оптимал экиш меьёри гектарига 3,0 млн. дона уруғ, биологик баҳори навларники эса, гектарига 4,5 млн дона уруғ эканлиги аниқланди. П.Бобомирзаев (1998)нинг олиб борган тажрибаларида эса, Қашқадарё вилоятининг суғориладиган ерларда биологик баҳори ва дуварак навларни мақбул экиш меьёри, гектарига 4,0 млн унувчан уруғ ёки гектарига 180-200 кг уруғ эканлиги аниқланди. Демак, кузги буғдойни экиш меьёри уруғликнинг сифати ҳамда экиш шароитига қараб 180-220 кг бўлиши керак. Экиш муддатлари ҳам экиш меьёрларига таъсир этади. Экиш оптимал муддатлардан кечикканда экиш меьёри оширилади. Кеч экилган ўсимликларда тупланиш коэффициенти кам бўлади. Экиш чуқурлиги. Уруғ нормал текис униб чиқиши ва майдонлардан тўлиқ кўчат олишда экиш чуқурлигини тўғри белгилаш катта аҳамиятга эга. Экиш чуқурлигини белгилашда уруғнинг йирик-майдалиги асосий роль уйнайди. Йирик уруғли экинлар маккажўхори, нўхатни 5-6 см, майда уруғлилар беда, кунжут ва бошқаларни 1,0-1,5 см чуқурликда экиш керак. Икки паллали экинлар уруғини бир паллалиларниникига қараганда юзароқ экиш керак. Чунки, улар уруғ палласини кўтариб чиқади. Агар у белгиланган меьёридан чуқурроқ экилса, униб чиқишида уруғидаги озиқ моддалар кўпроқ сарфланиб, майса нимжон бўлиб қолишига сабаб бўлади. Илмий маьлумотларга ва ишлаб чиқариш илғорларининг тажрибаларига асосланиб ҳар бир экин уруғининг экиш чуқурлиги белгиланган (11-жадвал). Уруғ экиш чуқурлигига экиш вақтидаги об-ҳаво шароити таьсир этади. Масалан, агар баҳорда ёғингарчилик кўпроқ бўлиб, тупроқ сернам бўлса, уруғ юзароқ экилиши керак. Аксинча, тупроқдаги нам уруғнинг униши учун етарли бўлмаса, у бир оз чуқурроқ экилади. жадвал Экинлар уруғининг экиш чуқурлиги (ўртача) Экинлар тури Уруғни экиш чуқурлиги, см Чигит Маккажўхори Жўхори Беда Лавлаги Кўк нўхат Мош Буғдой (баҳорикорликда) Арпа Каноп Кунжут 4-5 5-6 4-5 0,5-1,5 3-4 4-7 3-4 3-5 3-5 2-3 3-5 Уруғни экиш чуқурлигини белгилашда, тупроқ механик таркиби ҳисобга олиниб енгил тупроқли ерларда уруғ чуқурроқ, оғир соз тупроқли ерларда эса юзароқ экилади. Хулоса : Қишлоқ хўжалик экинларидан барқарор ҳосил етиштиришда экиладиган нав, уруғлик ва уни сифатли қилиб экиш муҳим аҳамиятга эга бўлиб, бунда экинларни экиш усуллари: ёппасига қаторлаб, тор қаторлаб, шахмат усулида, лента шаклида, эгат тагига, кенг қаторлаб, пушта устига экишлардан фойдаланилиб, экинларни экиш муддатини, меъёрини ва чуқурлигини тўғри белгилаш орқали эришиш мумкин.  Фойдаланилган адабиётлар: 1. Vorobyov S . A ., К ashtanov A . N ., Likov A . M ., Makarov I . P . Zemle - delie . M .: Agropromizdat . 1991. 2. Ermatov A . Q . Sug ’ oriladigan dehqonchilik . T .: O ’ qituvchi . 1983. 3. Ermatov A . Q ., G ’ aniyev V . Dehqonchilik . T.: Mehnat. 1990. 4.Zaurov E.I. Dehqonchilikdan laboratoriya ishlari va amaliy mashg’u-lotlar T:. «O’qituvchi»,1979 . 5. Tursunxujaev Z., Bolkunov A. Nauchniyi osnovi xlopkovix sevooborotov. T.: Mehnat, 1987. 6.H.Sheraliev. M.Shodmanov Dehqonchilik. Ma’ruzalar matni T.:2004 7. Astanov R., Shodmanov M., Madraimova S. Sistema zemleldeliya .Tekst leksiy. T.: 2004. 8. O’zbekiston Respublikasining "Suvdan foydalanish to’g’risida"gi qonuni, T.1993. 9. U.Norqulov, X.Sheraliev «Qishloq xo’jaligi melioratsiyasi» T.2003.