logo

Деҳқончилик тизими ва унинг тарихий шакллари. Замонавий деҳқончилик тизимлари ва уларнинг таркибий қисмлари

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

64.5 KB
Деҳқончилик тизими ва унинг тарихий шакллари. Замонавий деҳқончилик тизимлари ва уларнинг таркибий қисмлари Режа: 1. Деҳқончилик тизими тўғрисида тушунча. 2. Деҳқончиликнинг ибтидоий (примитив) тизими. 3. Деҳқончиликнинг экстенсив тизими. 4. Замонавий д еҳқончилик тизим лари ва уларнинг таркибий қисмлари Таянч иборалар: деҳқончилик тизими, тузимлар, ташкилий хўжалик, агротехник, агрокимёвий, агромелиоратив, алмашлаб экиш тизими, ерни ишлаш ва ўғитлаш тизимлари, кимёвий мелиорация, ибтидоий, экстенсив, интенсив, қуруқ ер ёки бўз ер тизими, партов ер тизими, сидерация тизими, дуккакдош экинлар, ўрмонларни кесиш ва куйдириш тизими, экстенсив тизими, кўп далали ўт тизими, ғаллачилик тизими, интенсив тизим, экин алмашинадиган тизим, саноат-завод тизими. 1. Деҳқончилик тизими тўғрисида тушунча. Деҳқончилик тизими хўжаликни бошқариш тизимининг таркибий ва ажралмас қисми бўлиб, у доимий бўлмайди. Бинобарин, кишилик жамиятининг ривожланиши асосида тузумларнинг ўзгариши, фан ва техниканинг ривожланиши билан у ҳам ўзгаради, яьни деҳқончилик тизимининг келиб чиқиши ва ривожланиши жамият ишлаб чиқариш кучларининг тараққиет қилишига ва ишлаб чиқариш мунособатларига боғлиқ. Қишлок хўжалик экинларидан юқори ва сифатли ҳосил олишга қаратилган ташкилий хўжалик, агротехник, агрокимёвий ҳамда агромелиоратив тадбирлар мажмуасига деҳқончилик тизими дейилади. Қишлок хўжалик ишлаб чиқариши ҳалқ хўжалигининг бошқа соҳаларига қараганда табиий ва иқтисодий шароитга қатъий боғлиқ, чунки республикамиз худуди кенг ва шароити ҳам хилма-хилдир. Шунинг учун деҳқончиликни республикамизнинг ҳамма ери учун бир хилда яроқли бўлган қандайдир ягона тизим асосида ривожлантириш мумкин эмас. Бундай ягона тизим йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Барча деҳқончилик тизимлари умумий таркибий қисмга эга. Бунга қўйидагилар: хўжалик худудининг агротехникасини тузиш ва алмашлаб экиш тизими; ерни ишлаш тизими; ўғитлаш тизими; бегона ўтларга, касаллик ва зараркунандаларга қарши кураш тизими; уруғлик; тупроқни сув ва шамол эрозиясидан ҳимоя қилиш тадбирлари ва хакозалар киради. Шу билан бир қаторда: ихота ўрмон полосалари борпо этиш; суғориш; ботқоқларни қуритиш; кимёвий мелиорациялаш (охаклаш, гипслаш ва бошқалар) ҳам қўшилади. Деҳқончилик тизимининг ҳар бир таркибий қисмининг ҳар хил тупроқ- иқлим минтақасида тупроқ унумдорлиги ва қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини оширишдаги аҳамияти турлича бўлади. Масалан, Ўрта Осиё шароитида суғориш, нам тўплаш ва намликни сақлашга қаратилган ерга ишлов бериш тизими ва бошқалар энг асосий омил ҳисобланади. Тупроғи унчалик унумдор бўлмаган, намлик етарли бўлган районларда ҳамда суғориладиган деҳқончиликда, айниқса, минерал ўғитлар қўллашда, ортиқча кислотали ва ишқорли тупроқларда эса кимёвий милеорация, ортиқча нам сақланадиган шароитда захни қочириш ва қуритиш тадбирларининг аҳамияти катта. Юқорида келтирилган таркибий қисмнинг ҳар бирининг роли минимум қонунга кўра баҳоланиши керак. Деҳқончилик тизими самарадорлик даражасига кўра уч турга: ибтидоий, экстенсив ва интенсивга бўлинади. Деҳқончиликнинг ибтидоий тизимига қуруқ ва бўз ер тизими, партов ер тизими; экстенсив тизимига эса шудгорлаш тизими киради. Интенсив тизимига фан ва техника ютуқларидан самарали фойдаланишга асосланган тупроқ унумдорлигини оширишни ва экинлардан юқори ва сифатли ҳосил олишни таьминлайдиган ҳозирги тизимилар киради. 2.Деҳқончиликнинг ибтидоий (примитив)тизими. Ибтидоий жамоа тизими даврида қуруқ ер ёки бўз ер тизими қўлланилган. Бу тизимда деҳқонлар қуруқ ер очиб деҳқончилик қилишган. Бу тизим ҳали хусусий мулкчилик бўлмаган даврда пайдо бўлган. Бу вақтда ерлар оддий усулда ишланган, деҳқонлар ихтиеридаги қуруқ ёки бўз ерлар майдони чекланмаган. Деҳқонлар ерларни оддий қуроллар билан ишлаганлар ва 3-4 йил муттасил асосан дон экинлари (буғдой, арпа, сули ва х.к) экканлар. Бу ерларда тупроқ унумдорлиги камайган, ҳашоратлар, касалликлар, бегона ўтлар кўпайиб кетган. Ҳосилдорликни пасайиб кетиши деҳқонларни бу ерни ташлаб бошқа янги ер очишга мажбур қилган. Ташлаб кетилган ернинг унумдорликлари 15-20 йилдан кейин табиий равишда тикланган. Шу усулда тупроқ унумдорлигини тиклаш ва деҳқончилик юритиш партов ер тизими дейилади. Партов ер деганда, илгари ишланиб бир неча йил экин экилган унумдорлиги пасайгандан кейин ташлаб кетилган ерга баъзи жойларда 8-15 йилдан сўнг фойдаланиш учун қайтилган. Деҳқончиликнинг қуруқ ер тизимини партов тизимидан фарқи шундаки, қуруқ ер тизимида тупроқнинг унумдорлигини ва хоссаларини тиклаш учун ташлаб қўйилган ерларга деҳқон катта экин экмаган. Бу иккала тизимда ҳам тупроқ унумдорлиги одамлар иштирокисиз, яьни табиий жараёнлар таьсирида тикланган. Деҳқончиликнинг партов ер тизимида қишлоқ хўжалик қуролларида маьлум ўзгаришлар юз берди. Масалан, анча такомиллашган мотига ва белкураклар пайдо бўлди. Ёғоч мола, темир лемихли ва ағдаргичли бир корпусли плуглар билан алмаштирилди. Ерларни ағдармасдан ва юза ҳайдаш ўрнига чуқурроқ ишлаш ва ҳайдаш усули қўлланилди. Партов ер тизимида ерлардан қўйидагича фойдаланилган, яъни даланинг бир қисмига ғалла экинлари экилган, қолган қисми эса партов қилиб ташлаб қўйилган. Белгиланган муддат ўтгач, у ер яна экин экиш учун фойдаланилган. Деҳқончиликнинг партов ер тизими даврининг охирларида партовдаги ерлар майдони ва партовга қолдириш муддати кескин қисқарди. Натижада ерларнинг унумдорлиги пасайди, табиий хоссалари ёмонлашди, бегона ўтлар билан кучли ифлосланди, булар эса ҳар хил касаллик ва зараркунандаларнинг кўпайишига ва ҳосилдорликнинг пасайишига сабаб бўлди. Партовдаги бегона ўтларни бир йил ичида йуқотиш зарурияти туғилди, натижада бундай ерлар шудгор қилинди ва бу деҳқончилик тизими эса шудгорлаш тизими деб аталди. Деҳқончиликнинг сидерациялаш тизими . Бу тизим бундан икки минг йиллар олдин шарқ мамлакатларида қадимги Грецияда, Рим империясида ва бошқа ерларда қўлланилган. Бу тизимнинг моҳияти шуки, экинларнинг ҳосили йиғиштириб олингандан кейин ҳар йили ёки 2-3 йилда бир марта кузги жавдар ёки ранг ўт экиб, кейинчалик кузги жавдарни най ураш фазасида, ранг ўтни эса гуллаш даврида (кеч кузда) ерга қўшиб ҳайдалади. Деҳқончиликнинг сидерациялаш тизимида тупроқ унумдорлигининг ортиши ва сақлаши кўкат ўғитлар ҳисобига асосланган эди. Бу тизим ҳозирги вақтда ҳам кенг қўлланилади. Деҳқонларга ўша даврда тупроқ унумдорлигини оширишда дуккаксиз ўсимликларга қараганда дуккакдош экинларнинг аҳамияти катта эканлиги маьлум бўлган. Деҳқончиликнинг ўрмонларни кесиш ва кўйдириш тизими . Собиқ иттифоқнинг шимолий минтақаларида ерни чакалакзор ўрмонлардан тозалаш, янги ерларни ўзлаштиришда инсон ўтдан фойдаланган. Ўрмон енғинлари бўлган ерлардаги ўтлар жуда авж олиб ўсган, энг содда усулда юза ишлов бериб дон, зиғир экилганда энг яхши ҳосил олинган. Натижада, табиий ўрмон ўтлари кўйдирилиб, тозаланган ерлар маданий экин экиш учун фойдаланилган. Бу усул деҳқончиликнинг ўрмонларни кесиш ва кўйдириш тизими деб номланган. Ерда кўплаб кул қолиши кислота муҳитли тупроқларнинг нейтралланишига ижобий таьсир этган. Дастлабки 2-5 йил ғалла экинларидан юқори ҳосил олишни таьминлаган. Кейинчалик тупроқ унумдорлиги пасайган, табиий хоссалари ёмонлашган, микробиологик жараёнлар сўнган. Чунки, ўсимликлар тўплаган органик моддалар, мавжудодлар ва микроорганизмлар ҳам кўйиб кетган. Натижада деҳқон меҳнатига яраша ҳақ ололмагандан кейин у ерни ташлаб, янги ер ўзлаштирган, ташлаб кетилган ерни эса янги дарахтлар ва табиий ўтлар эгаллаган. 3.Деҳқончиликнинг экстенсив тизими. Деҳқончиликнинг экстенсив тизими . Экстенсив деҳқончилик сиймосида ҳайдаладиган ерларнинг ҳаммасига ёки куп қисмига гўнг солинади, бегона ўтлардан тозаланади ва юмшатилади. Бунга деҳқончиликнинг шудгор тизими киради. Тупроқ унумдорлиги инсон томонидан бошқариладиган табиий омиллар ҳисобига тикланади. Доимий равишда юмшоқ ҳолда сақланадиган далаларда озиқ моддалар ва нам тўпланади. Деҳқончиликнинг шудгор тизими лалмикор районларда муҳим аҳамиятга эга. Деҳқончиликнинг шудгорли тизимида ташлаб қўйилган партов ерга ишлов бериб бегона ўтлар йўқотилади. Натижада, бир йилдан сўнг яна экин экиш имконияти туғилади. Дастлабки даврда икки далали шудгор-дон алмашлаб экиш қўлланилган. Яьни, ерга бир йил тоза шудгор сифатида ишлов берилган, иккинчи йили донли экинлар экилган. Кейинчалик бу тизими икки даладан уч далалига айлантирилади. Бунда ҳар далага икки йил ғалла (биринчи йили кузги, иккинчи йили эса баҳорги ғалла) экинлари экилиб, учинчи йили эса экилмай шудгорга қолдирилар эди. Деҳқончиликнинг кўп далали ўт тизимида ерларнинг ярмидан кўпи табиий яйлов ва кўп йиллик ўтлар билан банд бўлган. Қолган қисмига дон экилган. Яьни қўйидагича ўхшаш бўлган: 1-6 дала кўп йиллик ўтлар, 7 –дала зиғир, 8-дала тоза шудгор, 9-дала жавдар, 10-дала баҳорги экинлар, 11-дала тоза шудгор, 12-дала жавдар, 13-дала баҳорги экинлар, 14-дала тоза шудгор ва 15-дала жавдар. Бу тизим ХХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ асрнинг биринчи ярмида ёғин сочин кўп бўладиган Европа мамлакатларида, қисман Болтиқ бўйи, Украина ва Беларуссия республикаларида қўлланилган. Деҳқончиликнинг яхшиланган ғаллачилик тизими, бу тизим Россияда Х VIII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб сут чорвачилиги ривожланган ёки техника экинларини етиштириш билан банд бўлган хўжаликларда жорий этила бошланди. Бунда деҳқончиликнинг ҳар хил жадалроқ шакллари ўт экинларининг экиш ҳисобига ҳосил бўлади. Масалан, шудгорлаш тизимини яхшилаш, дон-шудгор алмашлаб экишга кўп йиллик ўтларни киритиш усули билан ҳосил бўлди. Натижада тўрт далали алмашлаб экишда экинлар қўйидагича навбатланди: 1-дала-шудгор,2-дала кузги экинларга себарга қўшиб экилади,3-дала-себарга ва 4-дала-баҳорги дон экинлари. Деҳқончиликнинг кўп далали-ўт алмашлаб экиш тизими ҳам аста-секин яхшиланган ғаллачилик тизимига ўта бошлади. Бунда кўп йиллик ўтлар майдонини қисқартириш ҳисобига дон экинлари майдони кенгайтирилди. Собиқ иттифоқнинг ноқоратупроқ минтақаларида деҳқончиликнинг яхшиланган ғаллачилик тизимига ўтлар киритилиб, бу тизим кенг майдонларда қўлланилди. Бу тизимдаги ғалла-ўт алмашлаб экишда ҳайдаладиган ернинг 2/3 қисми дон экинлари, 15-25% тоза шудгор ва 20-30% кўп йиллик ўтлар билан банд бўлган. Қатор оралари ишланадиган ва дуккакли дон экинлари умуман йўқ эди. Тупроқ унумдорлиги кўп йиллик ўтлар, шудгорга ишлов бериш, ерни ўғитлаш, асосан гўнг қўллаш ҳисобига сақланган. Тоза шудгор майдонларини қисқартириш ва банд шудгорларга алмаштириш ҳамда алмашлаб экишга қатор оралари ишланадиган экинларни киритиш ҳисобига ривожлантириб борилди. Ноқоратупроқ минтақаларида шудгорлаш тизими қатор оралари ишланадиган экинларни (қанд лавлаги, кунгабоқар, картошка, макажўхори ва бошқаларни) киритиш йўли билан ернинг физик-кимёвий хоссалари яхшиланади. Масалан, 4 далали алмашлаб экиш даласида экинлар қўйидагича навбатланган: 1-дала тоза шудгор, 2-дала кузги буғдой, 3-дала қанд лавлаги, 4 дала баҳорги буғдой ёки арпа бўлган. Ҳозирги вақтда деҳқончиликнинг яхшиланган ғаллачилик тизимини турли шакллари Сибирда, Шимолий Қозоғистонда кенг қўлланилмоқда. Бу шароитда ушбу тизим анча интенсив бўлганлиги учун шудгор-қатор оралари ишланадиган шакл деб номланади. 4. Замонавий д еҳқончилик ва унинг таркибий қисмлари . Ҳайдаладиган ҳамма ерлар экинлар билан банд қилиниб, уларга қатор оралари ишланадиган экинлар экилади. Деҳқончиликнинг бу тизимида ерга органик ва минерал ўғитлар солиб, юқори даражада сифатли ишлов бериш орқали микробиологик жараёнлар тартибига солинади, бегона ўтлар, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашишда кимёвий воситалардан фойдаланилади, механизация ишлари юқори даражада олиб борилади ва мелиоратив тадбирларни қўллаш йўли билан тупроқ унумдорлиги оширилади. Алмашлаб экишда шудгор қилинмасдан ёки ниҳоятда оз майдонларда қўлланиб, дон ва бошқа экинлар навбатлаб экиш, экин алмашинадиган тизим дейилади. Бу тизимда фан ва техника ютуқларидан фойдаланилади. Деҳқончиликнинг ўт далали тизими ХІХ асрнинг биринчи ярмида қўлланилди. Бу тизимда кўп йиллик ўтлар ва дала экинлари навбат-лаб экилади. Ернинг ярмидан ёки ундан ҳам кўпроғини ўт эгаллагани учун бу тизим ҳам самарасиз деб топилди. Деҳқончиликнинг интенсив тизимига қатор оралари ишланадиган саноат-завод тизими анча интенсив бўлиб, катта капитал ва моддий маблағ талаб этади. Ҳайдаладиган ҳамма ерлар экинлар билан, жумладан, алмашлаб экиш структурасида 50 % дан ортиқ майдонлар қатор оралари ишланадиган экинлар билан банд бўлади. Агротехник, агрокимёвий, агромелиоратив тадбирлар, фан ва техниканинг ҳозирги замон ютуқларидан, илғор тажрибалардан фойдаланилган ҳолда деҳқончилик олиб борилади. Хулоса : Қишлоқ хўжалик экинларидан юқори ва сифатли ҳосил олишга қаратилган ташкилий хўжалик, агротехник, агрокимёвий ва агро-мелиоратив тадбирлар мажмуаси деҳқончилик тизимини ташкил этади ҳамда у ибтидоий, экстенсив, интенсив (жадаллашган) тизим-ларидан иборат. Ибтидоий даврда қўриқ ер ёки бўз ер ва партов ер тизими, сидерациялаш ва ўрмонларни кесиш ҳамда кўйдириш тизимлари; экстенсив тизимда шудгор, кўп далали ўт, яхшиланган ғаллачилик; интенсив тизимда экин алмашинадиган тизимлар қўлланилиб, тупроқ унумдорлиги оширилган ва экинлардан мўл-кўл ҳосил етиштирилган.  Фойдаланилган адабиётлар: 1.Vorobyov S.A., Кashtanov A.N., Likov A.M., Makarov I.P. Zemle-delie. M.: Agropromizdat. 1991. 2. Ermatov A.Q. Sug’oriladigan dehqonchilik. T.:O’qituvchi. 1983. 3. Ermatov A.Q.,G’aniyev V. Dehqonchilik. T.: Mehnat. 1990. 4.Zaurov E.I. Dehqonchilikdan laboratoriya ishlari va amaliy mashg’u-lotlar T:. «O’qituvchi»,1979 . 5. Tursunxujaev Z., Bolkunov A. Nauchniyi osnovi xlopkovix sevooborotov. T.: Mehnat, 1987. 6.H.Sheraliev. M.Shodmanov Dehqonchilik. Ma’ruzalar matni T.:2004 7. Astanov R., Shodmanov M., Madraimova S. Sistema zemleldeliya .Tekst leksiy. T.: 2004. 8. O’zbekiston Respublikasining "Suvdan foydalanish to’g’risida"gi qonuni, T.1993. 9. U.Norqulov, X.Sheraliev «Qishloq xo’jaligi melioratsiyasi» T.2003.