logo

Дала экинларининг оптимал намлик билан таъминланиши экинзорда ўсимликнинг фотосинтез фаолияти

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

89.5 KB
Дала экинларининг оптимал намлик билан таъминланиши экинзорда ўсимликнинг фотосинтез фаолияти Режа: 1. Тупроқнинг экин учун оптимал намлиги ва илдиз тизими. 2. Экинзордаги фотосинтетик тизим. Фотосинтетик фаол радиация. 3. Экинзор фотосинтетик фаолиятининг кўрсаткичлари. 4. Фотосинтезни чекловчи омиллар. Дала экинларининг потенциал ҳосилдорлигини шаклланиши учун ўсимлик ўсув даврида тупроқнинг оптимал миқдордаги чекланган дала нам сиғимининг (ЧДНС) 60-100 % оралигида бўлиши талаб қилинади. Чекланган дала нам сиғими (ЧДНС) - бу тупроқдаги гравитацион сув оқиб кетгандан кейин, тупроққа боғланиб, тупроқ ғовакларида қолган сув бўлиб - тупроқнинг максимал даражада сувни ушлаб туриш кобилиятидир. Шундай ҳолдаги тупроқ қуритилиб мутлоқ қуруқ тупроққа нисбатан унинг намлиги аниқланади. Аниқланган намлик ЧДНСнинг 100 % тенг бўлади. Бу кўрсаткич тупроқнинг механик таркиби ва гумус миқдорига боғлиқ бўлади. Ўртача қумоқ тупроқларда гумус миқдори 2 % бўлганда 100 % ЧДНС абсалют қуруқ тупроқ намлигининг 25-26 % тўғри келади. Қумлоқ, гумус миқдори кам тупроқларда бу кўрсаткич 22-24 %, оғир лой тупроқларда бу кўрсаткич 27 % ва ундан ортиқ бўлиши мумкин. Энг кам дала нам сиғими (ЭКДНС) рус тилида (НВ - наименьшая влагоемкость) кўпинча ЧДНС синоними сифатида ишлатилади. Аммо бу атама унчалик қулай эмас, сабаби тупроқнинг сўлиш намлиги энг кам дала нам сиғимидан анча паст бўлади. Шунингдек, тупроққа бириккан энг кўп намликни энг кам дала нам сиғими деб аташ мантиққа тўғри келмайди. Энг кам дала нам сиғимидан кам бўлган тупроқ намликлари (сўлиш коэффициенти, гигроскопик намлик) ҳам бор. Амалиётда маҳсулдор намлик кўрсаткичи ҳам кўп қўлланилади. Хар бир экин учун ўзига хос оптимал тупроқ намлиги бор. Бу кўрсаткич ўсимликнинг ривожланиш фазалари бўйича ҳам ўзгариши мумкин. Тупроқ намлиги ЧДНС 100 % тенг бўлганда тупроқнинг ҳамма капилярлари сув билан тўлган ва боғланган бўлади, йирик ёриқлар (поралар) ҳаво билан тўлган бўлади. Шунинг учун ўсимлик илдизи кислород танқислигини сезмайди. Илдиз капилярларни топиб улардан бутун ҳаёти давомида турнинг ва навнинг генотипига боғлиқ ҳолда 5-20 кун давомида улардан сувни ютади. Тупроқ намлиги ЧДНС 100 % юқори бўлса илдизлар кислороднинг етишмаслигини сезади ва бундай намлик керагидан ортиқча ҳисобланади. Шунинг учун ЧДНС 100 % оптимал намликнинг юқори чегараси деб аташ мумкин. Тупроқ юзасидан ўсаётган ўсимлик юзасидан сувнинг буғланиши туфайли, тупроқнинг ҳайдалма қатламида намлик доимий равишда камайиб боради ва маълум босқичга келиб ягона сув капиляр тизими бузилади, тупроқ капилярлари узилади. Тупроқнинг намлик бўйича бу ҳолати тупроқ капиляр намлигининг узилиши (КНУ) дейилади. Кўпгина тупроқларда у ЧДНС 60 % бошланса, енгил, гумус миқдори кам тупроқларда бу ҳолат 63...65, оғир, гумус миқдори кўп тупроқларда 55-58 % бошланади. Тупроқдаги намлик капилляр намликнинг узилишидан пасайганда, каппиллярни топган илдиз тукчаси ундаги сувни тез ўзлаштириб тугатади ва нобуд бўлади. Илдиз тукчасининг фаолият кўрсатиши 10...20 кундан 3....4 кунгача хатто бир неча соатга камаяди. Бундай ҳолатда ўсимлик капиляр сувни топиш учун янги-янги илдиз тукчаларини ҳосил қилишга мажбур. Илдиз тукчасининг узунлиги ўртача 1 мм, кўнғирбошсимонларда 1,5 мм бўлади. Маккажўхори илдизининг ўсиш қисмида 1 мм 2 да 1900 дона илдиз тукчасининг бўлиши аниқланган. Битта ўсимликдаги илдиз тукчаларининг умумий узунлиги 3-4 км, қовоқда 25 км бўлиши аниқланган. Буғдойзорда 1 га ўсимликлар илдизининг юзаси 100 минг м 2 етади. Сув етишмаганда шундай катта юза тез-тез алмашинишга мажбур. Шунинг учун бўлса керак қуруқ чўл минтақасида тупроқда намликнинг даврий равишда етишмаслиги тупроқда гумуснинг кўп бўлишига олиб келган. Бундай шароитда ўсимликлар қоплами юз минг, миллион йиллар давомида сув билан тўлган капилляр ёриқларни излашган ва илдиз тукчаларининг тез-тез ҳосил бўлиши учун фотоассимиляторларнинг асосий қисми илдизга, тупроққа йўналтирилган. Бинобарин, капилляр намликнинг узилиши (КНУ) тупроқ намлигининг юқори чегарасидир. Тупроқ намлиги ЧДНС 50...45 % ўсимлик тургор ҳолатини сақлаб қолади ва ташқи кўринишидан сув тақчиллиги белгилари кўринмайди, аммо фотоассимилятларнинг катта қисми майда илдизчалар ва илдиз тукчаларини ҳосил бўлиши учун сарфланади, ер усти вегетатив ва генератив органларининг массасининг ортиши секинлашади. Тупроқдаги ЧДНС 35...25 % камайганда ер усти қуруқ массасининг тўпланиши тўхтайди ва ҳамма ассимилятлар сув излайдиган майда илдизчалар, илдиз тукчаларининг ҳосил бўлиши ва ўсиши учун сарфланади. Айниқса, тупроқ капиляр намлигининг узилиши (КНУ) азотли ўғитлар солинмайдиган дуккакли экинларги катта зарар етказади. Ҳаво азотини симбиотик фиксация қилиш учун ўсимлик жуда кўп углеводларни сарфлайди. Тупроқ намлиги кам бўлганда майда илдизларни ҳосил бўлиши учун туганаклардаги углеводлар сарфланади ва энергиянинг етишмаслиги натижасида ҳаво азотининг фиксацияланиши дастлаб камаяди, кейинчалик тўхтай бошлайди. Туганаклар нобуд бўлиб бошлайди. Ўзбекистон шароитида суғориш режимининг бузилиши соя илдизларида туганакларнинг ҳосил бўлмаслигига олиб келади. Шундай ҳолат бошқа дуккакли ўсимликлар – беда, кўк нухат сингари ўсимликларда ҳам кузатилган. Туганакларнинг ҳосил бўлмаслиги натижасида ўсимликлар фақат сувнинг етишмаслигидан эмас, балки азотли озиқланишни танқислигидан ҳам қийналишади. Тупроқ намлиги суғориш ёки ёғингарчиликлар натижасида тикланса эски туганаклар тикланмайди, аммо илдиз тизимининг чеккаларида янги азот ўзлаштирадиган туганаклар ҳосил бўлади. Бундай ҳолларда ўсимлик вегетация даврининг маълум даврида сув ва азот етишмаганлиги туфайли маҳсулдорлик камаяди. Туганаклар ҳосил қилмайдиган ўсимликлар капиляр намликнинг узилишидан маҳсулдорлигини унчалик кескин камайтирмайди. Сабаби намликнинг тикланишидан улар дарҳол маъданли азотни ўзлаштириб бошлашади. Шундай қилиб, дала экинларини ҳосилдорлик имкониятларидан тўла фойдаланиш учун тупроқ намлиги ўсув даврида ЧДНС 100 фоиздан (КНУ) капиляр намликнинг узилишигача бўлган даражада ушланиши талаб қилинади. Капиляр намликнинг узилиши тупроқни суғоришдан олдинги чегараси бўлиб ҳисобланади. Турли турдаги ўсимликлар вақтинчалик намлик етишмаслигини турлича ўтказишади. Бу ҳусусият уларнинг илдиз тизимларининг ривожланиш даражасига боғлиқ. Мисол учун, иссиқхонада ўстирилган жавдарнинг илдизларининг умумий узунлиги 623 км, уларнинг умумий юзаси 639 м 2 ёки ер устки органларининг юзасидан 130 баробар кўп бўлган. Илдизларнинг бир суткада умумий ўсиши 5 км, битта илдизчанинг ўсиши 2- 6,5 см бўлган. Бу илдизлар ҳажми 6 л тупроқда ўсган. Сув ва ботқоқ ўсимликларда илдиз тукчалари бўлмайди. Дуккакли экинларининг, намликнинг етишмаслигига муносабати турлича. Тупроқ намлиги ЧДНС нинг 50 % доимий камайганда фаол симбиотик потенциалнинг 15 % гача кўк нўхатда, 60 % сариқ люпинда, 75 % бурчоқда камайиши кузатилган. Бу бурчоқ ва сариқ люпин илдизларининг чуқурга кириб бориши билан таърифланади. Намликнинг меъёрдан ортиқ бўлиши (100 % ЧДНС) дуругай себарга симбиозига кам таъсир килса, эспарцетга кучли салбий таъсир кўрсатади. Бедада сизот сувларнинг 1 м ва ундан юза бўлиши симбиотик аппаратнинг фаоллигига ва катталигига салбий таьсир курсатади. Кейинги йилларда ўтказилаётган тажрибалар шуни кўрсатмокдаки, илдиз массасининг асосий қисми жойлашган тупроқнинг ҳайдалма қатламини захлатиш яхши натижа бермоқда. Бунда суғориш меьёрлари кам бўлади, аммо тез-тез суғориб туришга тўғри келади. Бу усулда сувнинг умумий сарфи камаяди, озика моддаларнинг ҳайдалма қатламдан пастга ювилишининг олди олинади, маьлум бирликдаги сув ҳисобига максимал ҳосил олинади, маьданли ўғитлар самарадорлиги ортади. Тупроқ намлиги доимо ўзгариб турадиган кўрсаткич бўлганлиги учун, экин учун тупроқнинг оптимал намлиги дейилганда унинг маълум чегараларда ўзгариб туриши ёки суғоришдан олдинги намлик чегараси хақида гапириш мумкин. Экинзордаги фотосинтетик тизим. Ҳосил фотосинтез жараёнида, яшил ўсимликларнинг углерод тўрт оксиди (СО 2 ), сув ва маьданли моддалардан органик моддаларни яратиши натижасида ҳосил бўлади. Бу жараёнда қуёш нурларининг энергияси ўсимлик биомассаси энергиясига, яъни қуёш кинетик энергияси потенциал энергияга айланади. Бу жараённинг самарадорлиги ҳосил, экинзорнинг фотосинтезлайдиган тизим сифатидаги фаолиятига боғлиқ. Фитоценоз ёки агроценоз маълум майдондаги ўсимликларнинг мажмуаси бўлиб, ўзгариб турадиган, ўз-ўзини бошқарадиган мураккаб фотосинтетик тизимдир. Бу система доимо ўзгариб туради, турли омилларни таъсир қилишига қарамасдан ўз-ўзини бошқариб туради, айрим кўрсаткичлари ўзгарсада гемостаз ҳолатини сақлаб туради. Фотосинтез тизимининг ҳусусиятлари битта алоҳида олинган ўсимлик ҳусусиятларидан фарқ қилади. Мисол учун, битта ўсимликнинг озиқланиш майдони оширилса, у билан боғлик ҳолда ёритилганлик ҳам оширилса ўсимликнинг уруғ махсулдорлиги ошади. Аммо ценоз учун ҳосилдорликни ошириш ўсимликлар қалинлигини маълум даражада ошириш билан боғлик. Бунинг учун ценоз ва алоҳида бир ўсимликнинг маҳсулдорлигини максимал ошириш шароитлари бир-бирига тўғри келмайли. Ҳозирда ценозлар фотосинтезини тадқиқ қилиш учун Халкаро биологик дастур яратилгал. Ўсимликларда фотосинтез жараёнини бошқариш юқори ҳосил олиш ва ҳосил шаклланишининг бошқариш имкониятларини назарияси билан чамбарчас боғлик. Фотоситез маҳсулдорлигини ўрганишга А. Н. Ничипорович, И. С. Шатилов ва бошқа олимлар катта ҳисса қўшишган. Ценозларда ҳосилни шаклланишини бошқариш жуда мураккаб бўлиб, ўсув даврида ўсимлик ўзгариб туради ва мураккаб тизимлар - тупроқ микроорганизмлари, зараркунандалар, касаллик тарқатувчи, замбуруғлар, бактериялар, вируслар, бегона ўтлар билан ўзаро таъсирда бўлади. Мухитнинг жуда кўп омиллари - ҳарорат режими, ёғингарчиликлар, ёруғлик ва бошқа омилларни амалий жиҳатдан назорат қилиш қийин. Аммо маълум тупроқ-иқлим минтақасини таҳлил қилиб, шу шароитга мослашган навларни танлаб улардан юқори ва сифатли ҳосил етиштириш технологияларини ишлаб чиқиш мумкин. Жуда кўп омилларни - тупроқ унумдорлиги, маъданли озиқланиш, бегона ўтлар, касалликларнинг ценозга таъсирини бошқариш мумкин. Ҳосил шаклланишини ўсимликларнинг ривожланиши, фотосинтиз фаоллиятини олдиндан белгиланган ўлчамлар асосида бошқариш мумкин. Фотосинтетик фаол радиация. Фотосинтез жараёнида ўсимликлар томонидан қуёш радиациясининг энергияси яшил ўсимликлар томонидан қанча кўп ютилса шунча кўп дон, туганак, илдизмева ва бошқа турдаги ҳосил кўп бўлади. Фотосинтез жараёнида қуёш нурларининг кўринадиган қисмигина ўсимликлар томонидан ютилади ва улар фотосинтетик фаол радиация ФФР ёки ФАР дейилади. Бу нурларнинг тўлқин узунлиги 380 дан 720 нм (нанометр ёки миллимикрон) бўлади. Қуёшдан келаётган ултрабинафша нурлар узунлиги 200 дан 380 нм, инфрақизил нурлар узунлиги 720 нм юқори бўлади ва улар кўзга кўринмайди, фотосинтезда иштирок этмайди. Яшил ўсимликлар томонидан ютиладиган энергия ФАР умумий қуёш радиацияси энергиясининг 50 % ташкил қилади. Ультра I бинафша нурлар қуёш ёруғлик энергиясининг 1 % ташкил қилади. Инфрақизил нурлар умумий қуёш энергиясининг 49 % иборат ва улар фотосинтезнинг фотокимёвий реакцияларида иштирок этмайди. Бу нурлар тупроқ томонидан ютилади, тупроқ юзасини, қавати, ўсимликларни қиздиради, транспирация ва тупроқдан сувни физик буғланишини кучайтиради. ФАРнинг кунлар, ойлар, йиллар бўйича турли жуғрофий минтақалардаги миқдори турли маълумотномаларда берилган. Ҳосил миқдори ФАРдан фойдаланиш коэффициентига боғлик бўлиб бу кўрсаткич 2...3 % жуда юқори ҳосил олинганда 4-5 % ва ундан юқори бўлиши мумкин. Экинзорларнинг фотосинтетик фаолиятининг кўрсаткичлари. Экинзор ФАРни ютадиган оптик тизимдан иборат. Дастлабки ривожланиш даврида ўсимликнинг ассиммляцион юзаси кам бўлиши туфайли ФАРнинг кўп қисми барглар томонидан ютилмайди. Барглар юзасининг ортиб бориши билан барг индекси 4...5 етганда бир гектарда 40...50 минг м 2 барг юзаси ҳосил бўлади ва ФАРнинг барглар томонидан ютилиши максимал даражага 75-80 % ёки умумий радиациянинг 40 % етади. Барглар юзасининг янада ошиши ФАР ютилишини оширмайди. Экинзорда баргларнинг шаклланиши оптимал булса, ФАРнинг ютилиши ўсув даврида тушаётган радиациянинг 50...60 % тенг бўлади. Ўсимлик қоплами томонидан ютилган ФАР фотосинтезнинг энергетик асосидир. Аммо ҳосилда бу энергиянинг фақат маълум қисмигина аккумиляция бўлади, тўпланади. ФАР нинг фойдаланиш коэффициенти одатда ўсимлик қопламига тушаётган ФАР га нисбатан аниқланади. Қуруқ биомасса ҳосили ўсув даврида ўртача барглар юзасига, даврининг давомийлигига ва фотосинтез соф маҳсулдорлигига боғлиқ. Х = ФП х СФМ Бунда ФП - фотосинтетик потенциал минг ёки млн.м 2 кун/га, СФМ - соф фотосинтез маҳсулдорлигига, г/м 2 - кун. Фотосинтез маҳсулдорлиги қуйидаги формула бўйича аниқланади, ФП = Sy x T Бунда – Sy - ўсув даврнинг бошланиши ва охирида баргнинг юзаси, минг, м 2 /га, Т – даврнинг давомийлиги, кун. Баргларнинг ўртача юзаси қуйидаги формула бўйича аниқланади. S у = ( S 1 + S 2 ) / 2 Бунда S 1 ва S 2 – даврнинг бошланиши ва охирида баргнинг юзаси минг м 2 /га. Шундай қилиб X = S уТ x СФМ Ценознинг асосий кўрсаткичлари ҳосилдорлик сингари 1 м 2 ёки 1 га ҳисоблаб чиқилади. Барглар юзаси ҳам минг м 2 /га ҳисобида бўлади. Булардан ташқари барг юзаси индекси ҳам қўлланилади. Ассимиляция юзасининг асосий қисмини барглар юзаси ташкил қилади ва уларда фотосинтез амалга ошади. Фотосинтез пояларда, қилтиқларда, бошоқ қипиқларида, яшил меваларда ва бошқа органларда ҳам содир бўлиши мумкин, аммо умумий фотосинтезда уларнинг салмоғи жуда кам. Экинзорларни бир-бири билан солиштириш ҳамда экинзорни ўзгариб турадиган барг юзасини "ассимиляция юзаси" деб аташ қабул қилинган. Баргларнинг юзаси экинзорда аста-секин ошиб боради. Дастлаб барг юзаси секин (майсалашда) кейин тез (тупланиш, найчалаш) ошади ва башоқлаш фазасидан кейин пастки баргларнинг сарғайиши ва нобуд бўлиши билан камайиб боради, Ўсув даврининг охирида яшил барглар ўсимликда бўлмайди (донли экинлар). Барглар юзаси экинларда ўсиш шароитига, қўлланилган агротехникага боғлик ҳолда ўзгариб боради. Экинзорда қуроқчилик йиллари барг юзаси 5...20 минг м 2 /га, намлик ва азотли озиқланиш етарли бўлганда 70 минг м 2 /га ортиши ҳам мумкин. Экинзорда барг индекси 4...5 (4-5 м 2 /м 2 )га тенг бўлганда фотосинтез тизими оптимал режимда ишлайди ва энг кўп ФАР ютилади. Барглар юзаси кам бўлганда ФАР барглар юзаси билан ушланиб қолмайди. Оптимал барг юзаси 50 минг м 2 /га дан ошганда пастки барглар сояланиб қолади уларни фотосинтезда иштироки камаяди ва ҳатто юқориги барглар пасткиларини «боқади». Энг кўп барг юзаси кўнғирбошсимонларда бошоқлаш, гуллаш, доннинг сут пишиш, дуккакли дон экинларида дуккакларнинг юқориги ярусларда ҳосил бўлиши даврида, кўп йиллик ўтларда гуллаш фазасида кузатилади. Озиқа экинларида барглар озиқа массасининг асосий қисмини ташкил этади, уларда барг юзаси 60-80 минг м 2 /га етиши мумкин. Фотосинтетик потенциал (ФП) баргларнинг юзаси ва уларнинг фаолият кўрсатиш даврининг давомийлигига боғлик бўлади. Фотосинтетик потенциални ҳар 10 кунда, бир ойда ёки ривожланиш фазалари оралиғида аниқлаш мумкин. Бу кўрсаткични дастлабки аниқлаш қуйидагича амалга оширилади. Мисол учун, баргларнинг дастлабки аниқланишда 20 минг м 2 /га, 10 кун ўтгач аниқланганда 30 минг м 2 /га, ўн кун ичида ФП (20 + 30) / 2 х 10 = 250 минг м 2 /га ташкил этади. Ўсув даври 100...110 кун бўлса фотосинтетик потенциал ўсув даврида 2,0...2,5 млн.м 2 -кун/га ташкил этади. Ўзбекистон шароитида кузги буғдой суғориладиган ерларда 3...4 млн. м 2 -кун/га ФП ҳосил қилади. Фотосинтез соф махсулдорлиги (ФСМ) экинзордаги фотосинтез жадал (интенсив) лигини кўрсатиб 1 м 2 барг юзасида ҳосил бўлган грамм ҳисобидаги қуруқ модда билан ҳисобланади. Сугориладиган ерларда кузги буғдой ФСМ 6...7 г/м 2 кун ташкил этиши мумкин. ФСМ = (В 2 – В 1 ) / ФП Бунда В 1 ва В 2 маълум бирликдаги майдонда, даврнинг бошида ва охиридаги ўсимликлар қуруқ моддасининг ортиб бориши В 2 – В 1 – қуруқ биомассанинг ортиб бориш кўрсаткичи. Ўсимликларнинг дастлабки ривожланиш даврида ФСМ юқори бўлади, сабаби барглар бир-бирини сояламайди, ҳамма барглар яхши ёритилган бўлади. Кейинги ривожланиш фазаларида пастки баргларнинг сояланиши туфайли ФСМ – г/м 2 кун ҳисобида камайиб боради. Дастлабки ривожланиш фазаларида биомассанинг тўпланиши секин, кейинчалик тезлашади. Ўсув даврининг охирига келиб барглар юзаси камайганлиги учун суткалик биомассанинг ортиши ҳам катта бўлмайди. Бу даврда баргларда пояда, илдизларда ҳосил булган ассимилятларнинг генератив органларга тақсимоти содир бўлади. Ҳар қандай вақт оралигида биомассанинг ортиб бориши ФП ва СФМ тенг бўлади. Масалан, кузги буғдойда СФМ 6 г/м 2 кун, ФП 4 млн.м 2 кун/га бўлганда қуруқ биомассанинг миқдори 100 кунда 24 т/га ташкил қилади. Экинзорда барглар юзаси 30...50 минг м 2 /га бўлганда фотосинтезловчи тизим махсулдорлиги энг юқори бўлади. Фотосинтез махсулдорлиги 5...7 г/м 2 кун бўлганда барг юзаси 40 минг м 2 /га бўлганда 30 кун давомида 6...8 т/га биомасса тўпланади (40 минг.5 = 200 кг/га 1 суткада, 30 кунда . 200 = 6 т/га). Бу даврда ФАР фойдаланиш коэффиценти ўсимликнинг дастлабки ривожланиш фазалари ва ўсув даврининг охирига нисбатан 2...3 марта кўп бўлади. Пишиш пайтига келиб илдизлар ва ўсимликнинг 50...60 % қуруқ массаси тўпланади ва унинг асосий қисми клетчаткадан иборат. Тўпланган 12 т қуруқ биомассанинг 5...6 т/га дон ҳиссасига тўгри келади. Фотосинтезни чекловчи омиллар. Ҳосил биомассаси Х = ФП х СФМ иборат бўлиб, ФП ва СФМ тўғри пропорционал. Аммо улар омиллар таъсири остида турли даражада ўзгаради. Фотосинтез соф маҳсулдорлиги секин ўзгарадиган консерватив кўрсаткичдир. Ўсимликнинг ўсиши учун зарур омиллар озиқлантириш, сув таъминоти ва бошқалар яхшиланса ўсиш жараёни жадаллашади, барглар юзаси катталашади. СФМ бегона ўтлар йўқотилганда, ретордантлар қўлланилганда, чеканка қилинганда, касалликлар, зараркунандаларга қарши курашилганда ҳам ортади. Тик баргли архитектоникаси янгича генотипли интенсив типдаги янги навларни яратиш ҳам СФМ ни оширади. Маданий ўсимликларда фотосинтез С 3 типида ўтганда СО 2 концентрацияси ортиши, ёругликка тўйиниши билан фотосинтез жараёни кучаяди. Ёругликка тўйиниш тўла қуёш ёруглиги 50 % га етганда кузатилади. Шу билан биргаликда фотосинтез жараёнида фиксация қилинган углероднинг 15-30 % фотонафас олишга сарфланади. Фотосинтез С 4 типида ўтадиган ўсимликларга шакарқамиш, маккажўхори, оқ жўхори, тариқнинг айрим турлари, гултожихўроз киради. Уларда ёруғлик билан тўйиниш ва сезиларли фотонафас олиш кузатилмайди. Ҳамда СО 2 компенсация нуқтаси жуда паст. Шунинг учун СФМ С 4 ўсимликларда С 3 ўсимликларга нисбатан жуда юқори, айниқса, барг юзаси катта бўлганда. Сўнгги йилларда аниқланишича бўйи паст, барглари пояга нисбатан ўткир бурчак остида жойлашган навларда СФМ юқори бўлиши аниқланган. Қанд лавлагида баргларнинг воронкасимон бўлиб жойлашиши ҳам улар СФМ оширади. Ўсимлик навларида баргларда ҳосил бўлган озиқа моддаларни генератив органларга тез, жадал ўтказиши ҳам мухим жараён ҳисобланади. Биомасса хосилини ошишида ФП ва СФМ нинг аҳамияти бир хил қимматга эга. Ҳосилдорликни 2 баробар ошириш учун ФП ёки СФМ икки марта ошириш керак. Суғориш, ўғитлаш, қатор ораларини ишлаш ва бошқа агротехник услублар барг юзасини кескин ортишига, уларнинг фаолият кўрсатишини давомийлигини узайишига олиб келади. Бундай ҳолда фотосинтетик потенциал ФП ортади, аммо СФМ камайиб бориши мумкин. Тадқиқотларда ҳосилдорлик билан ФП ва СФМ ўртасида кучсиз коррелятив боғланиш бўлиб, салбий (тескари) йўналишга эга. Юқори ҳосил олиш учун экинзорда етарли даражада фотосинтетик потенциал (ФП) ҳосил қилиниши керак. Кечпишар навлар нисбатан юкори ФП хосил қилади, эртапишар навлар учун ФП ... 1,5...2 млн. м 2 кун/га, ўртапишар 2,5...3, кечпишар навлар учун 3...5 млн.м 2 кун/га бўлиши талаб қилинади. Битта нав доирасида ФПни ошириш барглар юзасини ва унинг максимал кўрсаткичини кўпайтиришга асосланади. Туп қалинлиги ҳам ФП бошқаришни мухим омилларидан биридир. Аммо туп қалинлиши жуда ошириш ўсимликларни бир-бирини соялашга ва СФМ камайишига, репродуктив органларни кам ҳосил бўлишига сабаб бўлади. Ўзбекистонда экилаётган қишлоқ хўжалик экинларининг навлари юқори потенциал ҳосилдорликка эга, лекин бу имконият экин ўстиришдаги ноқулай омиллар туфайли, ФП шу нав, минтақа учун хос оптимал катталикка етмаслиги туфайли фойдаланилмайди. Одатда экинларнинг дастлабки ривожланиш фазаларида барглар юзаси секин катталашади, оптимал барг юзаси қисқа давр мобайнида фаолият кўрсатади. Барг юзасининг секин ортиши айниқса, ўсимликлар сийрак бўлган экинзорларда мутлақо мақсадга мувофиқ эмас, сабаби ФАР фойдаланиш учун зарур бўлган вақтдан самарасиз фойдаданишга олиб келади. Барг юзасининг ортиши жуда тез содир бўладиган бўлса (туп қалинлиги юқори бўлса) хўжалик жиҳатдан қимматли башоқ, дуккаклар, суталарнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Ўғитлаш ва суғориш бир пайтда оширилганда ўсиш жараёнларини шундай кучайтирадики, натижада барглар юзаси оптимал кўрсаткичдан юқори бўлади. Бу ҳол ёруғлик режимининг бузилишига, генератив органларнинг ривожланишини секинлашишига сабаб бўлади. Экинзорда сув етишмаганда барглар юзаси ва ФП ҳамиша паст бўлади. Бундай шароитда юқори микдордаги маъданли ўғитларни қўллаб мўл ҳосил олиб бўлмайди. Бундай ҳолда намлик чекловчи омил бўлиб хизмат қилади. Юқори ҳосил олиш учун намлик билан бир қаторда маъданли озиқланиш ҳам мухим аҳамиятга эга. Маъданли ўғитларни айниқса, азотни кўп қўллаш ўсимликни шиддат билан ўсишига, барг юзасини оптимал катталикдан ҳам ошиб кетишига, ўсимликларнинг ётиб қолишига, фотосинтез жараёнинг кўрсаткичларинчи пасайишига олиб келади. Намликнинг ва азотли озиқнинг кўп бўлиши буғдой ҳосилида дон ҳиссасини камайиб сомон миқдорини ортишига олиб келади. Жуда кўп навлар селекция жараёнида сув таъминоти ва тупроқ унумдорлиги чекланган шароитда яратилиб, бу кўрсаткичлар (фон) яхшиланганда кучли ўсиш ҳусусиятига эга қилиб яратилган. Бу фойдали ҳусусият юқори меъёрларда ўғит, сув етарли шароитда қўлланилса салбий натижа бериши мумкин (ётиб қолади). Сув таъминоти ва маъданли озиқланиш яхши шароитда, ўсиш жараёнларини ва фотосинтезни бошқариш усуллари мавжуд: - усув даврининг иккинчи яримида сув таъминотини чегаралаш; - маъданли озиқлантиришни оптималлаштириш; - микроўғитлардан самарали фойлаланиш; - қирқиш, шакл бериш, чеканка йўли билан ҳосил элементларини шаклланишини бошқариш; - физиологик фаол моддалар (ретардантлар, ўсиш регуляторлари) дан фойдаланиш. Фотосинтез махсулдорлигини оширишда янги навларда фойдали ҳосил (дон, илдизмева, туганак қисми) кўп вегетатив органларини кам бўлиши, нисбатан паст буйи, баргларда ҳосил бўлган ассимилятларни ҳосил элементларига тез ўтказиши талаб қилинади. Ҳосилни шаклланиш жараёни босқичларга бўлинади. Дуккакли дон экинларида бошланғич (экиш - униб чиқиш) ва охирги (пишиш) босқичлари бор. Охиргисида фотосинтез бўлмайди. Ўсимликларни майсаланишдан пишишигача биологик даври фарқланади: 1) майсалаш - гуллашни бошланиши, 2) гуллаш ва меваларни ҳосил бўлиши, 3) меваларнинг ўсиши, 4) доннинг тўлиши. Биринчи даврда барглар ва ФП ошиб боради. Икнинчисида - барг юзаси ва ФП максимал кўрсаткичга етади. Учинчи даврда барглар аста-секин камайиб боради, аммо ҳали юқори даражада бўлади. Биомасса ошиб боради. Тўртинчи даврда ўсимлик учинчи даврда тўпланган мевалар ва уруғлар сонига боғлиқ ҳолда фотосинтез ўтади. Бу даврда донлар тўлишади, барглар, поялар, илдизлар, дуккакларнинг пўстидаги пластик моддалар уруғларга ўтади. Уруғлар, мевалар кўп бўлса тўртинчи даврда ўсимликни фаол равишда фотосинтез жараёнини ўтказишга мажбур қилади. Тўртинчи даврда 1000 уруғ массаси, ҳосилдорлик ва оқсил ҳосили кўрсаткичлари шаклланади. Экинзорда учинчи ва тўртинчи даврларда фотосинтез тизими фаол фаолият кўрсатади ва бу даврлар давомийлиги биринчи давр давомийлигига тенг бўлсада, умумий биомассанинг 60...70 % тўпланади. Шундай қилиб, экинзордаги ҳосил ва унинг сифати ўсув даврида фотосинтетик тизимнинг фаолиятига кўп жиҳатдан боғлиқ.