logo

Психология фанининг предмети. янги давр психологияси психология фанининг турли босқичлардаги таърифи

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

107 KB
Психология фанининг предмети. янги давр психологияси психология фанининг турли босқичлардаги таърифи Режа: 1. Психология фанининг предмети. 2. Янги давр психологияси психология фанининг турли босқичлардаги таърифи Психология термини грек тилидан олинган бўлиб, икки қисмдан - psuhe ва logos дан иборат. Psuhe қисми ўзбек тилида руҳ, жон, logos қисми эса, илм, фан, таълимот маъноларини беради. Улар бириктирилганда руҳ ёки жон  ақидаги фан деган мазмунни англатади. Шуни таъкидлаш лозимки, философия, физиология, геометрия, география терминларида бўлганидек, психология терминининг ҳам фан сифатидаги мазмунини ўзбек тилига тўғридан-тўғри таржима қилиб бўлмайди. Чунки сўзма-сўз таржимасидан маълумки, психология руҳ ёки жон мавзуида баҳс этувчи фан эмас. Ҳар бир шахс ўзининг кундалик фаолиятида бир қанча одамлар билан учрашади, улар билан муомалада бўлади. Уларнинг баъзилари шахсга ёқимли, ҳаяжонли таъсир ўтказади, баъзилари эса, аксинча бундай хусусиятга эга бўлмайди. Шунинг учун хам шахс ўзини баъзиларга яқин тутади, баъзилардан олиб қочади. Шахс турмушдаги воқеа-ҳодисаларга, турли-туман факт ва предметларга ҳам бир хилда муносабатда бўлавермайди. Уларнинг баъзилари шахсни ўйлатади, ҳис-ҳаяжонга солади, уни қизиқтиради, баъзиларига нисбатан эса шахс бепарво муносабатда бўлади. Баъзи таъсиротлар шахсга ҳузур-ҳаловат бағишлайди, унинг руҳини тетиклаштиради, кайфиятини яхшилайди, айримлари эса шахсга нохуш таъсир қилади ва унда турли-туман руҳий кечинмаларни вужудга келтиради. Айрим шахсларнинг ножўя қилиқлари бошқаларда антипатик ҳисларни қўзғайди, ғазабини келтиради. Жамиятимиз аъзоларидаги юксак ахлоқий инсоний фазилатлар- меҳнатсеварлик, инсонпарварлик, байналминалчилик, жамият бахт-саодати йўлидаги ҳалол меҳнат, жамоатчилик, ижтимоий ва шахсий ҳаётда ҳалоллик, ростгўйлик, оддийлик, камтарлик каби сифатлардан завқланамиз. Инсон ўзини ўраб олган социал муҳитда яшайди ва ҳаракат килади. У ҳар қандай эҳтиёжга муҳтождир ва уни қаноатлантиришга (қондиришга) интилади. Теварак-атрофдаги муҳитдан ҳар хил ахборотлар (информациялар) қабул қилади ва ўзини шунга мувофиқлантиришга ҳаракат қилади. Дунёдаги реал образларни миясида онгли шакллантиришга киришади, шунга қараб ўзининг шу муҳитда қандай ҳаракат қилиш кераклиги тўғрисида, у ёки бу воқеага қандай ёндашиш учун режалар тузади. Ўзининг олдига қўйган мақсадларини ўз ҳаракат натижаларига солиштириб кўради, ўз бошидан жуда катта ҳиссий (эмоционал) ҳолатни кечиради. Ҳаёт фаолиятидаги баъзи камчилик ва хатоликларни тўғрилаш йўлларини ахтаради. Бунинг учун уйлайди, фикр юритади, ҳаяжонланади. Баъзан ўзини тута олмай пессимизмга берилиб кетади. Ниҳоят, ўзини тутиб олади, ўз олдига қўйган мақсадга эришишига бутун кучини қаратади. Мана шу ҳолатларнинг ҳаммаси кишининг психик фаолияти ҳисобланади. Ана шу психик фаолият қонунларини ўрганувчи фан психология фанидир. Психология фанининг ўз олдига вазифа қилиб қўядиган проблемалари жуда хилма-хил бўлиб, у энг аввало, психик фаолиятнинг асосий қонунини белгилаш, унинг ривожланиш йўлларини аниқлаш, ҳар бир психик процесснинг асосида қандай механизм борлиги, унинг ўзгариш жараёнларини очиб бериш масалаларини ўрганади. Психология психик фаолиятнинг у ёки бу шароитда қандай рўёбга чиққанлигини ўрганиш билангина шуғулланиб қолмасдан, бу жараёнларни қандай бошқариб бориш масалаларини ҳам илмий асосда ўрганади. Шунинг учун ҳам илмий психология бошқа барча ўрганилаётган предметлар орасида энг асосий фанлардан ҳисобланадики, унинг жамият ривожланиши билан аҳамияти янада ортиб ва такомиллашиб бораверади. Турли мазмундаги таъсиротлар туфайли пайдо бўладиган ҳиссий ҳолатлар психик (руҳий) ҳаётимизнинг турли-туман кўринишларидирки, буларнинг ҳаммасини психология фани, жумладан, умумий психология ўрганади. Ташқи муҳит таъсиротлари билан муносабатда бўлиш туфайли одамда вужудга келадиган руҳий (психик) ҳолатларнинг йиғиндиси п с и х и к а деб юритилади. “Психика” термини юнон тилидаги псухикос (руҳий, жонга оид) сўзидан олинган бўлиб, юксак даражада ташкил топган тирик материя - бош миянинг объектив оламни сезгилар, идрок, тасаввур, хотира, ҳиссиёт, иродавий ҳаракатлар каби формаларда акс эттириш демакдир. Психология тарихида психиканинг пайдо бўлиш проблемасига оид бир қанча фикрлар мавжуддир. Булардан бири философия тарихида Декарт номи билан боғлик бўлган “антропопсихизм” назариясидир. Бу назариянинг моҳияти шундаки, у психиканинг пайдо бўлишини одамнинг пайдо бўлиши билан боғлайди ва психика фақат одамларда мавжуддир деган ғояни олға суради. Бу психиканинг пайдо бўлиши проблемасига бир томонлама ёндашишдир. Психология тарихида психиканинг пайдо бўлиши ҳақида яна бир қанча турли-туман фикрлар бор. Узоқ асрлар давомида психика (руҳий ҳаёт) ва унинг пайдо бўлиши, тараққиёти масалаларига ҳар хил нуқтаи назардан ёндашиб келинди. Бундан миллиард йиллар бурун неорганик (жонсиз) материя негизида органик (жонли) материя вужудга келди. Руҳий ҳаётнинг пайдо бўлиши ва ривожланиши ана шу даврдан бошланди. Узоқ тарихий давр жараёнида ривожланган жонли организм оддий ҳужайрадан олий босқичгача - инсонгача бўлган тараққиёт даврини босиб ўтди. Психиканинг тараққиёти унинг ҳаракати, ўзгаришидир.Қадимги философлар руҳий ҳодисаларнинг ривожланишини турлича талқин этиб келдилар, уни илоҳий кучга боғлаб тушунтиришга ҳаракат қиладилар. Масалан, грек философи Фалес (эрадан аввалги 624-547 йиллар) одамнинг руҳий ҳаётини буғ шаклида тасаввур қилган ва унинг асосида сув ётади деган. Анаксимен эса (эрадан аввалги 588-525 йиллар) руҳий ҳаётнинг манбаи ҳаводир деб таълим берган. Гераклит (эрадан аввалги 544-488 йиллар) руҳий ҳаётнинг манбаини олов деб тарғиб қилган. Қадимги философиянинг машҳур намояндалари Сократ (эрадан аввалги 469-399) ва Платон (эрадан аввалги 427-347 йиллар) ҳам инсон психикаси, руҳий ҳаёти ҳақида бутунлай бошқача назарияни олға сурганлар. Уларнинг фикрича, тана ва жон бошқа-бошқа қисмлардир. Гуёки жон инсон танасига “идеал” дунёдан киради-ю, маълум вақтдан сўнг яна ўша дунёга қайтиб кетади. Машҳур философ Демокрит эса (эрадан аввалги 460-370 йиллар) инсон организми атомлардан ташкил топган, унинг руҳи майда атомлардан иборат деган фикрни олга суради. Психология тарихида психика ва унинг тараққиёти ҳақида турли-туман фикрлар юқоридагилардан ташқари ҳам жуда кўп. Психик ҳодисаларни материалистик нуқтаи назардан талқин этишда машҳур грек философи Аристотелнинг(эрадан аввалги 384-322 йиллар) хизмати каттадир. Аристотель қадимги философлардан биринчи бўлиб психологияни алоҳида фан сифатида қаради, психик ҳодисаларга материалистик нуқтаи назардан ёндашди. Машҳур философнинг “Этика”, “Риторика”, “Метафизика”, “Ҳайвонлар тарихи” каби асарларида турли психик ҳодисаларга оид фикрлар жуда кўп. Буюк олимнинг “Жон ҳақида” номли асари психология тарихида биринчи соф психологик асардир. Аристотель ўзигача бўлган философларнинг, жумладан, ўз устози Платоннинг психологик қарашларини таҳлил қилди. Аристотельнинг психологик таълимотида руҳ ва тананинг ўзаро муносабати проблемаси муҳим ўрин тутади. “Руҳ, - дейди Аристотель, ўз табиатига кўра ҳукмрон асосдир, тана эса тобе нарсадир. Форма материяга нисбатан қандай бўлса, руҳ ҳам танага нисбатан худди шундай. У (руҳ) ҳаётга маъно ва йўналиш беради, руҳ таъсир қилади ва ҳаракатлантиради, тана эса таъсирланади ва ҳаракатга келади. Руҳ тирик тананинг сабаби ва манбаидир”. Аристотельнинг руҳ ва тана муносабатига оид таълимотига хос ғоя шундан иборатки, руҳ ва танани алоҳида-алоҳида қараш илмий нуқтаи назардан тўғри бўлмаганидек, руҳни бирламчи, тананинг манбаи дейиш ҳам ҳақиқатга тўғри келмайди. Бу каби жузъий етишмовчиликларнинг манбаи Аристотель яшаган давр, муҳит ва шароитнинг таъсири натижасидир. Аристотельнинг турли психик ҳодисалар ҳақидаги фикрлари ҳозирги психология фани учун ҳам муҳим назарий аҳамиятга эга. Унинг сезгилар, ҳиссиёт, иродавий ҳаракатлар, тафаккур, тасаввур ҳақидаги ва бошқа психик ҳодисаларга оид фикрлари бунинг далили ҳисобланади. Аристотельдан кейин ҳам философларнинг психологияга оид фикрлари турлича формада баён қилиниб келинди. Эпикурнинг (эрадан аввалги 342-271 йиллар) фикрича руҳ бутун организмга тарқалган жуда нозик жисмдир, уни ғайрижисмий дейиш алаҳсирашдан бошқа нарса эмас. Ўрта асрларга келиб Шарқда ҳам , Ғарбда ҳам Аристотелнинг психологик таълимоти ҳукмрон бўлиб қолди. Бу таълимот кейинчалик метафик ёки рационалистик психология исми билан юритилди. Метафизик деб аталишининг сабаби шундаки, бу таълимотга асосан руҳ ғайрижисмий бир нарса деб тушунтирилади. Унинг текшириш методи қуруқ мулоҳазадан иборат бўлиб, тажрибадан ажралган ҳолда бўлганлиги учун рационалистик номи билан ҳам юритилади. Руҳнинг моҳияти, кучи, танага бўлган муносабати, тана ўлгандан кейинги тақдири масалаларида ўрта аср мутафаккирлари турли-туман мулоҳазалар баён қилдилар. Аммо, улар бу соҳада Платон ва Аристотельнинг фикрларига ҳеч қандай янгилик кирита олмадилар. Ўрта аср психологик қарашларида Ўрта Осиёлик машҳур мутафаккирлар Форобий, Беруний ва Ибн Синонинг психология соҳасидаги фикрлари муҳим аҳамиятга эгадир. Ўрта Осиё халқлари бошқа дунёвий фанлар қатори психология фани соҳасида ҳам бой меросга эга. Халқимизнинг буюк намояндалари, бутун дунёда номи тарқалган мутафаккирлар, олимлар ва шоирлар инсон руҳий жараёнларини талқин этишда ўз замонаси учун илғор фикрларни олға сурдилар. Бу мутафаккирлардан Форобий, Ибн Сино ва Берунийларнинг психология соҳасидаги фикрлари, миллий психология тарихи ва ҳозирги мустақиллик даври учун ғоят катта аҳамиятга эгадир. 1Х - Х1 асрларда ижод этган мутафаккирларимиз ҳаёти Ўрта Осиё, умуман яқин ва Ўрта Шарқда иқтисодий ва сиёсий зиддиятлар кучайган, ҳар хил ижтимоий табақалар ўртасида курашлар авжига чиққан, турли-туман ғоявий оқимлар орасида кескин курашлар бошланган бир даврга тўғри келди. Шу даврда ижтимоий ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги каби инсон руҳи (психикаси) ни талқин қилиш борасида ҳам турли йўналишлар ва оқимлар ўртасида кескин кураш кетар эди. Ўрта Осиё мутафаккирларининг илмий ижоди материалистик йўналишни янада ривожлантириш, мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этди. Абу Наср Форобийнинг (874-950) психология соҳасидаги қарашлари унинг фалсафий фикрлари билан чамбарчас боғлангандир. Форобий материя ҳақида фикр юритар экан, унинг реал нарса ва ҳодисаларнинг асосини ташкил этишини ва кейинчалик мустақил ривожланганлигини исбот қилишга ҳаракат қилади. Унинг фикрича, материя - реал нарсаларнинг моддий бошланғичидир, бу бошланғич, асосан тўрт элементдан - тупроқ, сув, ҳаво ва оловдан иборатдир. Булар содда субстанциялар бўлиб, уларнинг хусусиятларини кўрсатиб, олов иссиқлик, ҳаво жуда тез бир жойдан иккинчи жойга учиб юришлик, сув совуқлик, тупроқ қаттиқликдан иборатдир. Форобий мана шу содда субстанциялар вужудга келади деган хулосани чиқаради ва мураккаб субстанцияларнинг ўз- ўзича вужудга келмаслиги, балки унинг ривожланишида ўзига яраша қонуният мавжуд эканлиги тўғрисида фикр юритади. Форобийнинг фикрича, содда субстанциянинг бирлашувидан аввало минераллар - неорганик жисмлар вужудга келади, ундан кейин ҳайвонот ва, ниҳоят, олам жисмлари ривожланишининг олий босқичи - инсон вужудга келади. Олим мана шу ўсимлик, ҳайвон ва инсонга хос бўлган хусусиятларни қувват деб атайди ва уни учга ажаратади - ўсиш қуввати, ҳайвоний қувват, инсоний қувват. Форобийнинг қувватлар тўғрисидаги фикрини ҳозирги замон терминалогияси билан айтганда - 1. Ўсиш қуввати - бу биологик жараён бўлиб, барча тирик организмларга тааллуқлидир. 2. Ҳайвоний қувват - бу физиологик психик жараён бўлиб, ҳайвонларга ва инсонларга хосдир. 3. Инсоний қувват - бу ақлий, интеллектуал жараёнлар бўлиб, фақат инсонларга хос деб тушунмоқ керак. Форобий материяни форма - шаклга нисбатан бирламчи деб билади, чунки материя нарсанинг моддий асоси - мазмунидир, форма-шакл эса унинг (модданинг) тузилишидир Мана шу умумфалсафий фикрлардан келиб чиқиб, олам инсон организми билан руҳий қувватлар ўртасидаги муносабатлар масаласини ҳам ёритишга ҳаракат қилади. Инсон организми ва руҳий қувватларнинг ўзаро муносабатларни худди материя ва шакл алоҳида- алоҳида яшай олмагани каби инсон организми ва руҳий жараёнлар ҳам алоҳида яшай олмайди, улар организмга боғлиқдир. “Идеал шаҳар аҳолисининг фикрлари” асарида руҳий жараёнлар тўғрисидаги таълимотни асослаб - инсонда туғилганидан озиқлантирувчи биринчи қувват пайдо бўлиб, унинг ёрдамида инсон овқатланади, иккинчидан, сезиш қуввати пайдо бўлиб, бу қувват ёрдамида инсон иссиқ, совуқ кабиларни сезади, учинчи хаёл қуввати бўлиб, ҳиссий қабул этилган тимсолларнинг тартибда комбинация қилиш функциясини бажаради, тўртинчи - ақлий қувват вужудга келиб, унинг ёрдамида инсон онгли ва абстракт фикр юритади, санъат ва фан ҳақида билимга эга бўлади, ақли етадиган нарсалар билан шуғулланади, гўзалликни хунукликдан ажратиш қобилиятига эга бўлади, дейди. Форобий инсон руҳий қувватларини иккига ажратади; ташқи ва ички қувватлар. Буларнинг турларини кўрсатади ва уларга тавсиф беради. Ташқи қувватни; 1. Тери сезгиси. 2. Таъм билиш сезгиси. 3. Ҳид билиш сезгиси. 4. Эшитиш сезгиси. 5. Кўриш сезгиси каби беш турга бўлиб, уларнинг бевосита ташқи таъсир натижасида сезги органлари орқали вужудга келишини таъкидлайди. Буларнинг инсонга ҳам, юқори ташкил топган ҳайвонларга ҳам хос эканлигини кўрсатиб ўтади. Ички қувватлар қуйидагилардан иборатдир; 1. Хотира - тасаввур қуввати. 2. Хаёл қуввати. 3. Туйғу – эмоцияқуввати. 4. Нутқ қуввати. 5. Мантиқий фикрлаш қуввати. “Хаёл қилиш ва сўзлаш, фикр юртиш, ақл қувватини Форобий фақат инсонгагина хос деб тўғри тушунади. Инсон ўзинанг шу қувватлара, қобилиятлари билан ҳайвонот оламидан тубдан фарқ қилади. Демак, олим ҳайвон психикаси билан инсон психикасининг бир томондан умумийлигини ва иккинчи томондан улар ўртасадаги фарқни тўғри тушуна олади. Психиканинг вужудга кегиши ташқи дунёга боғлиқлигини, инсон организмининг дунёдаги барча нарса ва ҳодисалар таъсирига жавоб қайтаришини тушуниб етди ва ҳар бир психик жараённинг моддий асоси борлигини таъкидлади. Бу масалада у илмий позицияда туради. Хусусан, инсондаги бошқа сезги органлари ва уларнинг ҳар қайсиси алоҳида вазифани бажариши тўғрисида ва ташқи муҳитдан олинган таассуротларини марказга элтиб, марказ уларни умумлаштириш ҳақида мукаммал фикр юритади. Лекин у сезгининг анатомик-физиологик механизмини тушуниб ета олмаган эди. Форобий фикрича, одам организмининг маркази юракдир. Чунки юрак бутун тана ва унинг аъзоларини қон билан таъминлайди, қон юрак орқали бутун организмга тарқалади. Иккинчи марказ миядир. Мия ҳам қон билан тирик бўлганлиги сабабли юракка бўйсунади, яъни юракдан қон олади, лекин шу билан бирга, у бутун организм ва унинг аъзоларига раҳбарлик қилади, ўз буйруғига бўйсундиради, уларни маълум мўътадилликда ушлаб туради. Бу таълимот Аристотелнинг инсон организми аъзоларини бошқариб борувчи ягона марказ юракдир, деган фикрга қарши, масалага илмий нуқтаи назардан ёндашишдир. Ўз даврининг забардаст олими Ибн Сино (980-1057) илмий меросида психология масалаларига ҳам катта эътибор берганлигини кўрамиз. У ўзидан илгари ўтган олимлар - Форобий, ал-Қонун, ар-Розий ва бошқаларнинг психология соҳасидаги таълимотларини мукаммал ўрганди ва ҳаттоки, махсус асарлар ҳам ёзиб қолдирди. Жумладан, “Жон тўғрисида”, “Тушни йўйиш китоби”, булардан ташқари, “Тиб қонунлари”, “Шафо берувчи китоб”, “Донишнома” ва бошқа асарларида психологияга доир кўпгина муаммоларни ҳал қилишга ҳаракат этган. Ибн Синонинг психология масалалари билан шуғулланишига биринчидан, ўзидан илгари ўтган Шарқ мамлакатлари олимлари томонидан ёзиб қолдирилган асарларни ўрганиб, фаннинг бу соҳаси бўйича ҳам ўзининг оригинал фикрларини билдириш; иккинчидан антик дунё олим, файласуфларининг таъсири ҳам катта роль ўйнади. Хусусан Аристотель Ибн Синонинг фалсафада “биринчи ўқитувчиси” эди. У Аристотельнинг “Жон ҳақида”ги асари билан яхши таниш эди; учинчидан, олимнинг медицина соҳасидаги олиб борган ишларида одам анатомияси, физиологияси ва нерв системасини яхши ўрганиш ва шу асосда ҳар хил касалликларни даволаш жараёнида кишиларнинг психик хусусиятларини билиш зарур эди; тўртинчидан, ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялаш масалаларини тўғри ҳал қилишда психологияга мурожаат қилиш ва ундан фойдаланиш зарурлигини англаб етган эди. Ибн Синонинг психология соҳасидаги таълимоти асосан илмий характерга эгадир, бу унинг тирик организмдаги ҳаётий биологик процессларни тушунтиришида яққол кўринади. Буюк олим психология соҳасидаги рисолаларида қандай масала юзасидан илмий-текшириш иши олиб бормасин, аввало, текширилаётган объект мавжудми ёки йўқми эканлигини аниқлаш кераклигини уқтиради. Агар ҳар қандай нарса ва ҳодиса ички ёки ташқи сабаблар билан ҳаракатга келадиган бўлса, демак инсоннинг яшаши ва ҳаракатида ҳам бирорта сабаб бўлиши керак, бундай сабаблардан бири “Руҳий қувватлар” деб кўрсатади олим. Аристотель ва Форобий каби Ибн Сино ҳам одам танаси ва “Руҳий қувватлар” материя билан шакл тариқасида бир-биридан ажралмаган ҳолда мавжуд эканлигини таъкидлайди. Ибн Сино психика ҳайвонлар билан инсонларга хос нарса деб таъкидлар экан, ҳайвонлар психикасининг инстинктив характерга эга эканлигини, инсон эса онгли фикрловчи зот эканлигини уқтиради. “Инстинкт”, - дейди олим,- шундай қувватдирки, бу ҳайвон онгида мантиқсиз вужудга келади...”. Кишининг онгли ва мантиқий фикрлашида асосий марказ мия эканлигини тушуниб етди ва мия... сезилувчи суратларни идрок қилади ёки сақлайди. Хаёлда сақланган суратларни бирлаштириб ёки бўлиб иш юритади ва шу билан сезги орқали келган суратларга ўхшаган турли суратларни вужудга келтиради, - дейди у. Бу жараёнлар Ибн Сино фикрича, нервлар воситаси билан содир бўлади, кишидаги нерв системасининг тузилишини кўрсатишга ҳаракат қилади. Олимнинг фикрича, нервларнинг бошланиш жойи бош мия бўлиб, организмнинг барча томонларига тарқалади ва шу туфайли одам ташқи оламдан бўладиган таъсиротга жавоб қайтариш қобилиятига эга бўлади. Ибн Сино Форобийнинг сезгилар тўғрисидаги таълимотини ривожлантириб, инсонда бешта сезги (кўриш, эшитиш, ҳид билиш, маза ва тери-туйғу) мавжуд эканлигини, ўша сезгилар орқали, теварак-атрофдаги нарса ва ҳодисаларнинг таъсирига жавоб қайтарилиши, уларнинг хусусиятлари ва аҳамияти ҳақида тўхталиб, ҳар қайси сезгининг бош мияда алоҳида бошқариб борадиган маркази бор эканлигини ишонч билан баён этади . Ҳисларнинг бошланиш ўрни мия бўлиб, ҳар қайси (бош) ҳис учун таъсири пайдо бўладиган айрим орган бўлади. Масалан, кўрув маркази миянинг энси қисмида жойлашган бўлиб, бош миянинг ўнг томонидан келадиган нервлар кўз қорачиғининг чап томонига, чап томонидан келадиган нервлар ўнг томонга таралгандир. Бундай нервларнинг ... бир-бирини кесиб ўтиши ҳар иккала кўзнинг баробар тенг кўра олиш учун зарурдир, деб таъкидлайди. Ибн Сино инсоннинг фикрлаш қобилиятига, хаёл хотираси ва ирода сифатларига юксак баҳо беради ва бу психик жараёнларнинг бир-бирлари билан мустаҳкам боғлиқ эканлигини англайди. Айниқса, Ибн Синонинг мижозлар (темперамент) тўғрисидаги фикрлари табиий-илмий жиҳатдан диққатга сазовордир. Бу соҳадаги таълимот қадимги Греция олими Гиппократнинг (милоддан аввалги У аср) гумараль назариясига асосланади. Ибн Сино ҳам Гиппократ каби одам танасида тўрт хил модда бор(сафро, қон, қора ўт, балғам), шу моддалардан бирортаси организмда кўпроқ бўлса, бу одам мижозининг (темпераменти) типини белгилайди. Олимнинг таърифича, элементларнинг (моддалар) ниҳоят даражада майда бўлаклардаги қарама-қарши кайфиятларининг бир-бирига таъсиридан пайдо бўлган кайфият мижоз деб аталади. Ибн Сино киши психикасининг индивидуал хусусиятлари масаласи билан ҳам қизиқади. Унинг фикрича, кишиларнинг индивидуал фарқи улар мижозининг мўътадил ёки номўътадил бўлишига боғлиқдир.Масалан, мўътадил мижозли одамларнинг барча ҳаракатлари бир-бирига монанд, тугалланган ва етук бўлади. Бундай типдаги одамларнинг тафаккури, хаёли ва хотираси кучли тараққий этган, ахлоқли бўлади, деб таъкидлайди. Умуман, Ибн Сино психологиянинг кўпгина масалалари юзасидан оригинал, прогрессив фикрлар қолдирдики, бу билан психология фанининг кейинги тараққиётига катта ҳисса қўшди. Беруний психология соҳасида ўзидан илгари ўтган олимлар - Форобий, Хоразмий замондоши бўлган Ибн Сино асарларини ва Ҳиндистондаги психологик фикрларни яхши ўрганиб, ҳаётий тажрибалар асосида психология соҳасида оригинал фикрлар қолдирган. Беруний инсоннинг барча мавжудотлардан устунлигини унинг тафаккурга эга эканлиги билан изоҳлайди. Инсонда идрок, тасаввур, хаёл, хотира каби психик процессларнинг мавжудлиги ва уларни ишга солишни исботлаб беради. Олим ўқиган, эшитган, кузатишдан олган билимларнинг киши хотирасида мустаҳкам сақланиб қолиши масаласига алоҳида эътибор беради. Шунинг учун ҳам у киши фаолиятида хотиранинг роли катта эканлигини ва унинг аҳамиятини кўрсатишга ҳаракат қилади. Берунийнинг асослаб берадиган барча нарса хотирада яхши сақланиб қолинади, уни тез ва осон эсга туширилади, деган фикри диққатга сазовордир. Олим киши хотираси тўғрисидаги фикрида илмий ва диний нуқтаи назарни баён этади. У бир жойда хотира кишига “Оллоҳ таолонинг берган инъомидир” ва у ҳосил қилинмайди, деган бўлса, иккинчи бир жойда бу фикрни рад этиб, “Хотиранинг юксак даражага кўтарилиши зўр бериб ва қунт билан ишлаш натижасидир”, дейди. Х1Х асрнинг охирларига келиб психологияда тарихий психология, ёш психологияси ва зоопсихология каби тармоқлар пайдо бўлди. Тарихий психология одам психикаси ва онгининг пайдо бўлиши ва тараққиёт босқичлари масалаларини ўрганади. ХХ аср бошларига келиб барча фанлар учун бўлганидек, психология фанининг тараққиёти учун ҳам кенг йўл очиб берилди. Биз ХХ аср психологиясини тараққиёт нуқтаи назаридан қуйидагича даврлаштиришни мақсадга мувофиқ деб топдик. 1. 20-йиллар психологияси - бу давр психологиясининг тарихида турли оқимлар ўртасидаги кураш, кучли мунозара йиллари ҳисобланади. 20-йиллар психологлари олдида бихевиоризм ва рефлексологияга қарши кураш вазифаси турар эди. Чунки бу даврда бу оқимлар кенг тарқалган бўлиб, рефлексология ҳатто олий ўқув юртларига фан сифатида киритилган эди. 20-йиллар психологиясида ҳар хил фикрларга қарши курашда психоневрология фанлари бўйича биринчи (1923 йил) ва иккинчи (1924 йил) Бутунроссия съездларининг аҳамияти катта бўлди. Бу съездларда эмпирик психология ва рефлексология вакиллари қаттиқ танқидга учрадилар ва 1930 йилга келиб бу оқимлар тугатилди. 2. 30-йиллар психологияси - бу йиллар психологияси машҳур рус психологлари Л.С.Выготский, П.П.Блонский ва И.П.Павловлар номи билан боғлиқдир. Бу даврда умумий психология, болалар психологияси ва педагогик психология соҳасида бир қанча муҳим тадқиқотлар вужудга келди. Л.С.Выготский (1896-1934) умумий, болалар ва педагогик психология бўйича бир қанча тадқиқотлар олиб борди. 1917 йилда Москва университетининг тарих-философия факультетини тамомлагач, Гомелда илмий-педагогик фаолиятини бошлайди. А.С.Выготский 1924 йилда МГУга ишга чақирилади, шундай сўнг психология институтида, Н.К.Крупская номидаги тарбия Академиясида ишлайди. Ана шу даврда унинг психологик тадқиқотлар олиб бориш соҳасидаги фаолияти бошланади. Одамда олий нерв психик функцияларининг пайдо бўлиши, психик процессларни ўрганиш усуллари, одам онгининг ижтимоий-тарихий моҳияти, логик хотира, ихтиёрий диққат, тушунча ва тафаккурга оид фикрлари 30-йиллар психологиясида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Л.С.Выготскийнинг “Танланган психологик тадқиқотлар” (Москва, 1966), “Юқори психик функциялар тараққиёти” ( Москва, 1960) каби асарлари 30-йиллар психологиясига қўшилган муносиб ҳиссадир. Иван Петрович Павлов (1849-1936) машҳур рус физиолог-психолог олимидир. И.П.Павлов биринчи бўлиб олий нерв фаолиятининг қонуниятлари ҳақидаги таълимотни яратди. Рязандаги диний билим юртини 1864 йилда тамомлаб, семинарияда ўқишни давом эттиришга киришган И.П.Павловни семинария таълими қизиқтирмайди. Шундан сўнг И.П.Павлов Петербург университетига ўқишга киради. У университетда аъло баҳоларга ўқиш билан бирга илмий иш ҳам олиб боради. И.П.Павлов 1874 йилда университетни олтин медаль билан тугатгач, медицина-хирургия академиясининг учинчи курсидан ўқишни давом эттиради. Академияда ўқиш давомида 10 дан ортиқ илмий асар яратади. Бу асарлари учун ҳам у олтин медаль билан мукофотланади. И.П.Павлов 1879 йилда ўқишни аъло баҳолар билан тугатиб, профессор С.П.Боткин лабораториясида ишлайди ва 1883 йилда медицина фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертация ёқлайди. 1890 йилда академиянинг профессор лавозимига кўтарилади ва 1891 йилдан бошлаб экспериментал медицина институтининг физиология бўлимини бошқаради. И.П.Павловнинг 1904 йилда овқат ҳазм қилиш органлари соҳасидаги тадқиқотлари Нобель мукофотини олади. Шундан сўнг И.П.Павлов кенг шуҳрат қозона бошлайди. 1913 йилда унинг ташаббуси билан олий нерв фаолиятини ўрганиш учун эксперимаентал медицина институти қошида махсус бино қурилади ва бу ерда махсус камераларда шартли рефлекслар ўрганила бошлайди. И.П.Павлов раҳбарлигида 1921 йилда Ленинград яқинидаги Колтуши (ҳозирги Павлово) қишлоғида биологик станция қурилди. Кейинчалик бу станция психологик тадқиқотларнинг илмий марказига айлантирилди. Академик И.П.Павлов умрининг охиригача экспериментал медицина лабораторияси ва Колтуши қишлоғидаги биологик станцияга раҳбарлик қилди. Шундай қилиб, академик И.П.Павлов ва унинг шогирдлари томонидан олиб борилган психологик тадқиқотлар 30-йиллар психологияси тараққиётида муҳим ўрин эгаллади ва бу даврга келиб психология фани ўз тараққиётининг янги босқичига кўтарилди. 3. Ватан уруши йиллари психологияси. Ватан уруши даври барча фанларга бўлганидек, психология фани олдига ҳам ниҳоятда масъулиятли вазифаларни қўйди. Бу йиллар психологиясининг асосий масалалари жангчиларда ва фронт орқаси меҳнаткашларида юқори ҳарбий - иродавий сифатларнинг таркиб топишига ( чидам, тоқат, қатъият, жасорат, мардлик, қаҳрамонлик, ҳужумкорлик, сақланиш, ҳарбий қуроллардан моҳирона фойдаланиш, учувчилик маҳорати, кўриш, эшитиш сезгирлиги, самимий ўзаро ҳурмат, дўстлик, биродарлик, меҳрибонлик ва ҳ.к.) муносиб ҳисса қўшишдан иборат эди. Психология фани бу каби вазифаларни муваффақият билан уддалади. 4. Ватан урушидан кейинги давр психологияси. Бу даврда барча фанлар қатори психология фани ҳам ўз тараққиёти сари дадил одимлади. Психологик билим турмушнинг барча соҳаларига кириб борди. Бунинг натижасида психология фанлари тизимида бир қанча янги тармоқлар вужудга келди. Лекин совет ижтимоий тузуми ҳукмрон бўлган бу шароитда миллий психологик хусусиятларни ўрганиш йўлга қўйилмади. Психология соҳасида йирик мутахассислар тайёрлаш учун республикамизда шарт-шароит яратилмади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда психология фанини олий ўқув юртларида ўқитиш йўлга қўйилган бўлса ҳам, бу фанни ўқитишда асосан Россия психологлари томонидан ёзилган дарслик ва қўлланмалардан фойдаланиб келинди. Бу манбаларда ўзбек халқининг ва умуман Республикамиз халқларининг психологик ўзига мослиги акс этмай келди ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР 1. Каримов И.А. Узбекистон буюк келажак сари. Т., Узбекистон, 1998. 2. Каримов И.А. “Маънавий юксалиш йўлида”. Т., “Ўзбекистон”, 1999. 3. Каримов И. А. “Ўзбекистон ХХ1 асрга интилмоқда”. Т., “Ўзбекистон”, 1999. 4. Абдурахмонов Ф. “Қадимги шарқ мамлакатларида психологик фикрлар тараққиёти”. Т., “Ўзбекистон”, 1995. 5. Абдурахмонов Ф. “Одамлар билан қандай мулоқотга киришиш ва ёндошиш керак”. Т., “Ўқитувчи”, 1996. 6. Андреева Г.М. Социальная психология. М., Аспект пресс, 1999. 7. Бадмаев Б.Ц. Психология: как ее изучить и усвоить. М., Учебная литература, 1997. 8. Давлетшин М. ва б. Психология: Изохли лугат. Т., Укитувчи, 1998. 9. Каримов В. Ижтимоий психология. Т., «Укитувчи», 1994. 10. Каримов В., Акромова Ф. Психология. Т, 2000. 11. Ғозиев Э. Интелект психологияси. Т, «Ўқитувчи», 1990. 12. Ғозиев Э. Психология. Т, «Ўқитувчи», 1994. 13. Ғозиев Э. Тафаккур психологияси. Т, «Ўқитувчи», 1990. 14. Халилов М.Х. Билиш жараёнлари психологияси. СамДУ нашри, 1999. 15. Немов Р. Практическая психология. М., Владос, 1998 16. www.ziyonet.uz .