logo

Оилавий ҳаёт психологиясининг фанлар тизимида тутган ўрни. Оилавий психологиянинг тадқиқот методлари

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

52.5 KB
Оилавий ҳаёт психологиясининг фанлар тизимида тутган ўрни . Оилавий психологиянинг тадқиқот методлари Режа :  Оила психологияси фан сифатида  Оилавий психологиянинг тадқиқот методлари  Кузатиш методи  Конкрет вазиятларни таҳлил қилиш методи  Сўров методи  Эксперимент  Статистик методлар О ила психологияси ижтимоий психологиянинг бир тармоғи сифатида ХХ асрнинг охирларига келиб шаклланган. ХХI асрга келиб эса унинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ва жамият маънавиятини барқарорлаштиришдаги роли янада сезила бошлади. Зеро, дунёнинг қатор мамлакатлари, жумладан, ривожланган давлатларда ҳам оила ва никоҳ муносабатларидаги бўҳрон, психотерапевтлар ёрдамига муҳтожлик каби ҳолатлар ушбу масканнинг муаммоларини ўрганиш ва шу йўналишда мақсадли тадқиқотлар, илмий- амалий тадбирларни амалга ошириш лозимлигини уқтирмоқда. Оилавий муносабатлар психологияси ва ушбу масалага қарашлар тарихидан шу нарса аён бўлдики, инсон, унинг ким билан ва қандай яшаши муаммосига қизиқиш қанчалик узоқ ўтмишга бориб тақалса, оила психологиясининг фан тармоғи сифатида шаклланиши шунчалик навқирон ва ёш бўлиб, унинг шаклланиши янги даврга тўғри келади. Оила психологияси фан сифатида оиланинг ижтимоий институт мақомидаги фаолиятининг объектив қонуниятларини, оила-никоҳ ҳамда қариндош-уруғчилик муносабатларининг механизмлари ва турмуш тарзига оид конкрет вазиятларда оила аъзолари ижтимоий хулқининг намоён бўлишини ўрганади. Ижтимоий психологиянинг амалий тармоғи сифатида у никоҳга оид установкаларни, оила аъзолари ўртасидаги муносабатларнинг – меҳрибонлик, ғамхўрлик, ҳамдардлик, ҳамжиҳатлик, тобелик, бўйсуниш, етакчилик каби ўзига хос қирраларини, оилавий роллар тақсиомтива ва ўзаро таъсирнинг жинсга оид қонуниятларини, ота-она ва фарзандлар, яқин қариндош уруғлар ўртасидаги ҳиссий-эмоционал боғлиқликни, оилавий рўзғор юритиш ва турмуш тарзини ташкил этишга боғлиқ бўлган психологик жараёнларнинг кечишини тадқиқ этади, ўрганади. Оилавий ҳаёт психологияси, шундай қилиб, инсонларнинг қандай қилиб ўзаро қовушишлари, биргаликда яхши ният билан оила – рўзғор юритишлари, баҳамжиҳатликда ҳаёт кечиришларини ўрганувчи фан тармоғидир. Ҳар бир оила конкрет давр, вақт, замон ва маконда мавжуд бўлганлиги сабабли, у авлодлараро боғлиқлик, маънавий мерос, миллий анъаналар, урф-одатлар ва расм-русмларни сақловчи ноёб иносний уюшмадир. Шу институт бўлгани сабабли, ҳар бир миллат, элат ва халқларнинг ноёб удумлари асрлар оша сақланиб келмоқда. Умуман, никоҳ деб аталмиш қадриятнинг мавжудлиги ва унга авлодларнинг эътиқод қилиши ҳам оиланинг муҳим вазифасидир. Ижтимоий психология оила психологиясини ўрганганда, унга жамиятнинг бир бўғини, кичик ижтимоий гуруҳ сифатида қарайди. Шу сабабли ҳам конкрет изланишларда унинг пайдо бўлиши, мавжудлигига асос бўлувчи омилларни ва тугаши билан боғлиқ ҳолатларга эътиборни қаратади. Зеро, оила аъзолари ўртасидаги муносабатлар бир қарашда эмоционал ҳиссиётларга асосланганга ўхшаса-да, аслида бир инсоннинг иккинчисига кўнгил қўйиши, танлаши, биргаликда умр кечириши жараёни ижтимоий- психологик қонуниятларга тўла бўйсунади. Айрим олимлар, масалан, француз тадқиқотчиси Ле Пле ўз вақтида оилада соф психологик қонуниятлардан ташқари, рўзғорни бошқариш, фарзандлар сони ва таркибига кўра оила бюджетининг ўзгаришларини инобатга олиб, уни ижтимоий иқтисодий қонуниятлар маскани деб аташни ҳам таклиф этган. Унинг фикрича, оилавий ўзаро муносабатлар ниҳоятда ўзгарувчан бўлиб, улар замон ва давр таъсирида, оила аъзоларининг сони ва сифатига боғлиқ тарзда тинимсиз сифат ўзгаришларини бошдан кечиришини, ҳаттоки, эр-хотин ўртасидаги одатий муносабатлар йиллар тазйиқи, жамият нормалари, саноатнинг ривожи ёки маънавиятнинг таназзули таъсири остида бошқача тус олиши мумкинлигини, ота-она – бола муносабатлари тизими, бунда ҳаттоки, отанинг авторитети ҳам ўзгариб бориши, яқин қариндошлар ўртасидаги психологик масофа йиллар ўтиши муносабати билан узоқлашиб кетишини таъкидлайди. Хориж мамлакатларида оилавий муносабатларга қизиқиш ўтган асрнинг бошларида кескин ошди. Таниқли тадқиқотчи олимлар У.Жемс, Ч.Кули, У.Томас, Ф.Знанецкий, Ж.Пиаже, З.Фрейд кабилар оиланинг даврасида рўй берадиган шахслараро муносабатларнинг характерига алоҳида эътибор беришиб, бир шахснинг бошқа бир шахс таъсирида қандай қилиб, ўз сифатларини такомиллаштириши, ўзгартириши, тарбияланиши каби қатор масалаларни ўргандилар. Натижада, бу борада олиб борилажак илмий изланишларнинг нақадар муҳимлиги ўз навбатида жамоатчиликнинг диққат- эътиборини тортди. Олимлар оила борасида ўтказиладиган тадқиқотлар ва унда қўлланиладиган усулларнинг ноёблигини таъкидлашиб, оила тадқиқотларида риоя этилиши зарур бўлган одоб нормалари ҳақида ҳам фикр юритганлар. Масалан, америкалик социолог Р.Хилл ва бошқалар оила ва никоҳ муаммосини ўрганишнинг сермашаққат иш эканлигини таъкидлаб, усулларни танлаш ва респондентлар билан ишлаганда қуйидаги омилларни ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ эканлиги тўғрисида ёзган:  тадқиқот учун шундай методикаларни, изланиш воситаларини топиш лозимки, токи у билан респондентларга мурожаат қилинганда, оилавий ҳаётга зиён этмасин, тадқиқотчи кетгач, эр-хотин муносабатлари бузилмасин;  тадқиқотда оила аъзолари бевосита қатнашиши ҳисобга олинса, ушбу жараён уларнинг нафақат ўзаро муносабатларига, балки психологик ҳолатлари ва кайфиятларига ҳам салбий таъсир этмасин;  тадқиқотчи ҳам тирик инсон бўлгани сабабли, унинг оилага кириб келиши, уйдаги турмуш тарзига, одатлар, ўзаро яқинлик алоқаларига путур етказмасин. Дарҳақиқат, барчамиз учун жуда яқин ва танишдек туюлган оила ва никоҳ масалалари билан шуғулланадиган олимларга, оила психологи ёки педагоги бўлиб фаолият юритувчиларга ташқаридан кузатувчилар улар ишини осондай тасаввур қилишади. Лекин минг афсуски, ундай эмас. Чунки мактабда таълим олаётган боланинг хулқу-одоби ҳақида ота-она билан суҳбатлашиш ҳам осон эмас, зеро, ота-она ишдан чарчаб келгач, хонадонида биринчидан, боласининг ўқитувчисини кутмайди, қолаверса, минг меҳмоннавоз, сертакаллуф инсон бўлса ҳам ўқитувчининг кутилмаган ташрифидан чўчиш, норизолик, “нима деркин болам ҳақида” деган шубҳа, ҳадик бўлиши табиий. Худди шундай, оилавий муносабатларга тааллуқли илмий изланиш олиб бораётган тадқиқотчининг ҳар қандай оилага ташрифи хонадон эгаларига ёқавермайди. Қолаверса, агар респондентларга тақдим этилаётган сўровнома ёки тест ўзаро муносабатларга, айниқса, Ўзбекистон шароитида қайнона-келин муносабатларига ёки эр-хотиннинг яқин муносабатларига оид бўлса, тадқиқотчи кетгач, оила аъзолари ўртасида “ким таклиф этди, нима мақсадда?” қабиладаги сўровлар, “терговлар”нинг бўлмаслигига ким кафолат беради. Шу боис ҳам ҳамиша бизнинг шароитимизда оилавий муносабатларга оилада тадқиқотлар ўта одоб нормаларига бўйсундирилиши, муаммонинг нимада эканлигини аниқ, самимий иборалар воситасида тушунтира олиш маданияти катта аҳамият касб этади. Бунда тадқиқотчининг қўлидаги илмий “қуроли” – методикалари ҳам катта аҳамият касб этади. Оилавий психологиянинг тадқиқот методлари О ила психологиясининг асосий методларига қуйидагилар киради: – Кузатиш методи . Оилавий муносабатларни кузатиш деб оилавий ва турмуш вазиятларида одамларнинг ташқи хулқ-атворини идрок этиш ва мунтазам қайд этиб боришга боғлиқ фаолиятга айтилади. Одатда тадқиқот ўтказаётган психологнинг кузатаётганлигини оила аъзолари билмасликлари, сезмасликлари керак. Кузатув натижаларини қайд этиш аниқ кўрган- кечирганларни қандай бўлса шундайлигича ёзиб бориш ёки эсда сақлаб қолиб, кейин ҳеч бир субъектив хулоса ёки таҳлилсиз дафтарига белгилаб бориш тарзида кечади. – Конкрет вазиятларни таҳлил қилиш методи . Оила муҳитида ёки ҳаётий шароитларда рўй берган воқеа-ҳодисаларни қайд этиш унга комплекс ёндашувни талаб этади. Бунда ўрганаётган шахс тестлар ўтказиши, оила аъзоларининг биографик маълумотларини таҳлил этиши ёки аниқ мақсадли сўров ўтказиши мумкин. – Сўров методи . Одатда психолог бир хонадонга кириб, ҳаммада бирдан сўров ўтказа олмайди, у ким билан, қачон ва қандай мақсадда сўров ўтказиши лозимлигини аниқ билиши ва олдиндан танловни белгилаб қўйган бўлиши лозим. Одамлар танлаб олингач, сўровномага киритилган ҳар бир саволнинг ифодаланишига эътиборни қарааатиш лозим. Чунки бир шахсга жуда осон ва аниқдай туюлган савол бошқа бир шахс учун қийин, ноқулай, мавҳум бўлиб туюлиши мумкин. Масалан, саволнинг мазмунини тушунишда уйда ўтирган бека билан оила аъзоси бўлган педагог аёл ўртасида фарқ бўлиши мумкин. Сўров одатда бевосита юзма-юз кўришиб ўтказилиши, телефон орқали ёки почта орқали юборилган ёзма саволнома тарзида ўтказилиши мумкин. Оила психологиясида сўровномалар тарқатиш орқали одамларнинг фикрлари, муносабатларини аниқлаш кенг тарқалган. – Эксперимент . Ушбу усул ёрдамида бир омил таъсирининг бошқа бир омил ёки ҳолатнинг келиб чиқишига туртки бўлишини аниқлаш мумкин. Одатда оилавий муносабатлар динамикасини ўрганишда, у ёки бу ҳодисалар ёки омиллар ўртасидаги боғлиқликни аниқлашда эксперимент усулидан фойдаланилади. Бунда бир неча хонадон экспериментал, яъни синов ўтказилаётган гуруҳ ҳисобланса, бошқалари назорат гуруҳи сифатида сақланади, экспериментдан сўнг, олинган натижалар иккала гуруҳ мисолида қиёсланади. Чунки бундай таққослаш ўтказилмаса, эксперимент ўтказилган гуруҳдаги ўзгаришларнинг салмоғини қайд этиш мушкул бўлади. Республика “Оила” илмий-амалий маркази олимлари 2006 йилда мамлакатимизнинг айрим худудларида танлаб олинган гуруҳларда ўзига хос эксперимент ўтказишган: маҳаллада “Оила университетлари” ёки “Ота-оналар университетлари” ташкил этиб, эксперимент олдидан университет тингловчиларининг қатор масалаларда оилавий установкаларини қайд этганлар, сўнгра аниқ дастур асосида 6 ой мобайнида машғулотлар, давра суҳбатлари, маърифий тадбирлардан сўнг яна ўша сўровнома орқали улар фикрлари ўрганилиб, натижалари мониторинг қилинганда, тарғибот- ташвиқот ишларининг самарадорлиги қайд этилган. Бу ҳам ўзига хос эксперимент бўлиб, муайян мақсад ва натижани кўзлайди. – Статистик методлар. Математик статистиканинг қатор усуллари эмпирик изланишлар давомида қўлга киритилган маълумотларнинг қай даражада илмий жиҳатдан асосланганлигини исботлдаш мақсадида қўлланилади. Айниқса, бир ҳодиса ёки ҳолатнинг биошқа бир ҳолат ёки ҳодисанинг оқибати, сабаби эканлигини исбот этиш учун статистик методларни қўллаш барча тадқиқотларнинг талабларидан биридир. Масалан, оила аъзоларининг бирор қадриятларга нисбатан муносабатларида яқинлик, ўхшашлик борлигини исботлаш учун кореляцион методлардан фойдаланилади. Масалан, Спирмен нинг ёки Кэндалл нинг корреляция коэффициентларини ҳисоблаш усуллари бундай шароитларда жуда қўл келади. Ёки олинган эмпирик рақамларнинг ишончлилиги ва математик жиҳатдан тўғрилигини исботлаш мақсадида тадқиқотчилар Стьюдент нинг t – мезонини қўллайдилар. Бундай ёндашув олимнинг меҳнати асосланган, маълумотлари ишончли эканлигини тасдиқлайди.