logo

Умумий ўрта таълим давлат таълим стандарти асосидаги меҳнат таълими дастурининг илмий-услубий таҳлили

Yuklangan vaqt:

23.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

57.5 KB
Умумий ўрта таълим давлат таълим стандарти асосидаги меҳнат таълими дастурининг илмий-услубий таҳлили Режа: 1. Умумий ўрта таълимда меҳнат таълими фанини ўқитишнинг мақсад ва вазифалари. 2. Меҳнат таълимининг йўналишлари 3. Ўқувчиларни меҳнат таълимини амалга ошириш учун ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар. 4. Меҳнат таълимидан амалий машғулотларни ўтказиш. Умумий ўрта таълимда меҳнат таълими фанини ўқитишнинг мақсад ва вазифалари. Мустақил республикамизда жорий этилган ўқув дастури умумтаълим мактабларида меҳнат таълими фанини ўқитишнинг моҳияти, мазмуни, мақсади вазифалари тамойиллари ва бошқа мезонларини белгилайди. Дастур Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси-нинг 1999 йил 14-15 апрелда ўтказилган биринчи чақириқ XIV сессиясида Президент И.А.Каримов нутқида белгилаб берилган таълим соҳасини ривожлантиришнинг ҳозирги долзарб масалалари баркамол авлодни ватанпарвар, меҳнатсевар, илмли бўлишини таъминлаш юзасидаги вазифаларга, Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида» ги қонуни ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастур» ларига биноан ишлаб чиқилган. Дастур 1998-1999 ўқув йилида р еспубликанинг белгиланган мактабларида меҳнат таълими ўқув фанидан ўтказилган тажриба синовлари натижаларига асосан тузилган. Умумий ўрта таълим мактабида меҳнат таълими фанини ўқитишнинг мақсади - ўқувчиларни ақлий ва жисмоний меҳнат турлари, жараёнлари ҳамда касблар турлари билан таништириш, уларда дастлабки меҳнат кўникмалари ва малакаларини, меҳнатга қизиқиш ва меҳнатсеварликни шакллантириш, уларни меҳнат ва касбларни қадрлаш, уларни аҳамиятини тушунтиришга ўргатиш ҳамда касб танлашга тайёрлаш орқали уларнинг касбгача бўлган тайёргарликларини амалга оширишдан иборат. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги таълимий-тарбиявий ва ривожлантирувчи вазифаларни бажариш лозим бўлади. Таълимий вазифа- ўқувчиларнинг баркамол шахс бўлиб шаклланишлари учун уларга меҳнат жараёнлари, касблар, умумий технология, техника ва ишлаб чиқаришнинг илмий асосларини ўргатиш, уларни касб танлашга йўналтириш, камида 3 та касб билан дастлабки тайёргарликларини амалга ошириш ва касб-ҳунар коллежларида таълим олишга тайёрлашдан иборат. Тарбиявий вазифа- ўқувчиларнинг меҳнат кўникмаларини шакллантириш жарпаёнида меҳнат ва касбга муносабатларида юқори аҳлоқий сифатларини, меҳнатсеварлик ва тадбиркорликни ривожлантириб боришдан иборат. Ривожлантирувчи вазифа- меҳнат таълими машғулотлари жараёнида ўқувчиларга ақлий, жисмоний, ахлоқий, бадиий-эстетик тарбия ва таълим бериш, касбгача тайёргарликларини амалга ошириш орқали уларнинг баркамол шахслар бўлиб етишишларига ёрдам беришдан иборат. Меҳнат таълими фанининг мазмуни шартли равишда 3 га, яъни меҳнат таълими тайёргарлиги, касблар бўйича тайёргарлик ва касбгача махсус тайёргарлик қисмларига бўлинади. Бу қисмлар ҳар бир дарс ва машғулотларнинг таркибига сингиб кетган бўлиб, уларнинг ўқитувчилар ва услубчилар томонидан илмий-услубий нуқтаи-назаридан ҳисобга олинган ҳолда таҳлил қилиб борилиши меҳнат таълими машғулотларининг аниқ мақсадга йўналтирилган бўлишини таъминлайди. Меҳнат таълимининг йўналишлари. Меҳнат таълимининг йўналишлари мактаб атрофидаги корхона, ташкилот ва касб-ҳунар коллежларида кенг тарқалган соҳалар касбларга мувофиқ танлаб олинади. Шунга кўра ҳар бир мактабда меҳнат таълимининг қуйидаги йўналишлари асос қилиб олиниши мумкин. - ёғоч ва унга ишлов бериш технологияси - металл ва унга ишлов бериш технологияси - газламаларга ишлов бериш технологияси - пазандачилик асослари - қишлоқ хўжалиги асослари ва бошқалар 5-7 синфларда ушбу йўналишлардан айримлари танланади ва 8-9 синфларда шу танланган йўналишларга мувофиқ ҳолда ишлаб чиқариш асослари ва касбга йўналтириш курси ўқитилади. Ушбу йўналишларнинг ҳар бири юзасидан қуйидаги билимлар бўйича ўзаро уйғунлаштирилган назарий билимлар берилади ва амалий иш кўникмалари шакллантирилади. 1. Материалшунослик асослари 2. Асбоб-ускуналар ҳақида маълумот ва ишлатиш усуллари 3. Машина механизм, станоклар ва мосламаларнинг тузилиши ва ишлатиш асослари 4. Маҳсулотлар ишлаб чиқариш технологияси 5. Халқ ҳунармандчилиги касблари бўйича умумий маълумотлар бериш ва ўзаро турдош учта касб йўналиши бўйича касбгача тайёргарликни амалга ошириш. Бундан ташқари ҳар бир асосий йўналиши бўйича уй-рўзғор маданияти ва унга тегишли таъмирлаш ишларини бажариш кўникмалари шакллантириб борилади. Ҳар бир йўналиш бўйича ишлатиладиган электротехника воситалари, улардан тўғри фойдаланиш ҳамда таъмирлаш ишлари ўргатилади. Ҳар бир асосий йўналиш бўйича компьютер техникаларидан фойдаланиш масалалари юзасидан дастлабки маълумотларни бериш кўзда тутилади. Ҳар бир дарс мазмунига боғлиқ ҳолда иқтисодий, ҳуқуқий, экологик билимлар ҳамда хавфсизлик техникаси қоидалари ўзаро уйғунлаштирилган ҳолда ўргатиб борилади. 5-7 синфларда меҳнат таълими йўналишларининг ҳаммаси учун уйғунлаштирилган бадиий меҳнат технологияси ва машина элементлари машғулотлари ўтказилади. Дастурда бадиий меҳнат технологияси машғулотлари барча йўналишлар бўйича умумлаштирилган ҳолда берилган, улардан тегишли йўналишларга доир мавзулар ўқитувчи томонидан ажратиб олиниши лозим. Меҳнат таълими дарсларида ўқувчилар касблар турларига оид билим кўникма ва малакалар мактаб жойлашган ҳудуддаги имконият ва эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда танланадиган касблар асосида шакллантирилади. Қишлоқ хўжалиги меҳнати таълими заминида машғулотларнинг асосан халқ ҳунармандчилиги касблари ва ёш фермерлик йўналишида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Йирик саноат ишлаб чиқариши ривожланган ҳудудлардаги мактабларда меҳнат таълими дарсларида ўқувчиларни шу саноат соҳасига оид замонавий касбларга йўналтириш имкониятлари яратилиши лозим. Ўқувчиларни меҳнат таълимини амалга ошириш учун ҳал қилиниши лозим бўлган вазифалар. Ташкилий вазифалар. Меҳнат таълими бўйича назарий машғулотлар учун ўқув хонаси ва амалий машғулотлар учун устахона ташкил қилиш ва уларда хавфсиз ва қулай меҳнат шароитларини яратиш. Ўқувчиларни машғулотлар учун зарур хом ашё материал, асбоб- ускуналар билан таъмирлаш ҳамда мосламалар, механизмлар, станоклар билан амалий ишлаш жараёнини ташкил қилиш. Санитария-гигиена ҳамда меҳнат хавфсизлиги бўйича меъёрий ҳужжатларда белгиланган талабларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш ва мунтазам назорат қилиб бориш. Ўқувчиларни турли касблар бўйича меҳнат жараёнлари ва касб эгалари билан яқиндан танишишларини амалга ошириш учун корхоналар жамоа хўжаликлари, ташкилотлар, муассасалар билан доимий алоқа ўрнатиш. Расмий ҳужжатлар: меъёрий ривожлантирувчи ҳужжатлар, устахонада хавфсизлик техникаси, санитария-гигиена ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш қоидаларига доир ҳужжатларни юритиш. Услубий вазифалар. Машғулотларнинг ярим ва бир йиллик иш режаларини тузиш. Бунда маҳаллий шароитлар, эҳтиёжлар ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, касблар таснифи асосида, ўқувчиларни яқиндан таништириш мумкин бўлган касб турларини аниқлаш. Ўғил ва қиз болаларнинг ўзларига мос-хос меҳнат машғулотларини ва касб танлашларини амалга ошира бориш. Машғулотларда замонавий илғор педагогик технологиялар, янги дидактик воситалардан кенг фойдаланиш, меҳнат таълими ва тарбиясининг бирлигини таъминлаш. Ўқувчиларда турли касбларга тегишли дастлабки меҳнат кўникма ва малакаларини, меҳнатсеварликни шакллантириш. Меҳнат таълими жараёнида ўқувчиларни ақлий ва ахлоқий жиҳатдан ривожлантириб боришда уларнинг ёш хусусиятларини, шахсий технологик ва физиологик сифатларини ҳисобга олиш. Ўқувчиларда касбга йўналтириш ишларини олиб бориш. Ўқувчиларнинг билим, кўникма ва малакаларини рейтинг асосида назорат қилиб бориш. Давлат таълим стандарти талаблари асосида чуқур ва мустаҳкам билим бериш. Машғулотлар мавзуи амалиёт билан ўқув мазмуни тарбиявий муаммоларни ҳал қилиш билан уйғунлаштирилган ҳолда бўлишини таъминлаш. Халқ ҳунармандчилигининг айрим нодир касбларини ўргатиш учун уста- шогирд ёки ота-ўғил, она-қиз шаклларидан фойдаланиш, бундай машғулотларни тегишли халқ усталари билан мактаб ўртасида тузиладиган шартномалар асосида ташкил қилинади. Мактабда меҳнат таълими ва тарбияси, касбга йўналтириш жараёнини ташкил қилиш ҳамда уни амалга оширишда педагогика, дидактика, психология, физиология, хусусий методика ва махсус фанларнинг илмий хулосаларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган. Машғулотлар мавзуси амалиёт билан уйғунлаштирилган ҳолда бўлишини таъминлайди. Мазкур ўқув дастури асосида олиб борилган ўқув-тарбия ишлари натижаларини ўқувчиларнинг ўзлаштиришларини аниқлаш ва назорат қилиш давлат таълими стандарти асосида амалга оширилади. Умумий ўрта таълим мактабларининг 5-9 синфларида ўқувчилар сони шаҳар мактабларида 25 ва ундан ортиқ, қишлоқ мактаблари 20 ва ундан ортиқ бўлса, меҳнат дарслари шу синфлардаги ўқувчиларни икки гуруҳга ажратган ҳолда олиб борилади. Халқ ҳунармандчилигининг айрим нодир касбларини ўргатиш учун уста шогирд ёки ота-ўғил, она-қиз шаклларида фойдаланилади. Бундай машғулотларни тегишли халқ усталари билан мактаб ўртасида тузиладиган шартномавий асосида ташкил қилинади. Меҳнат таълимидан амалий машғулотларни ўтказиш. Дастурдаги меҳнат йўналишлари бўйича амалий машғулотларни ташкил қилиш ва ўтказиш кетма-кетлиги маҳаллий шароит ва имкониятлар ҳисобга олинган ҳолда ўқитувчи томонидан ҳал қилинади. Меҳнат таълимининг барча йўналишлари бўйича амалий машғулотлар 5-6 синфда 6 кундан , 7-синфда 10 кун ва 8-синфда 16 кун режалаштирилган бўлиб, улар ўқув йилининг ёзги баҳорги ва қишки амалий машғулотлар даврида ўқитувчининг назорати асосида ўтказилади. Қишлоқ хўжалиги асослари йўналиш бўйича амалий машғулотлар ўқув йилининг тегишли мавсумларида ўтказилади. Амалий машғулотларнинг мақсади-ўқувчиларга ўргатилаётган билим кўникма ва малакаларни бевосита ижтимоий фойдали ва унумли ишлаб чиқариш меҳнати жараёнида (устахонада, фермада, корхонада ташкилот муассаса жамоа хўжалиги экинзорларида ёки ҳунарманд уста ҳузурида) мустаҳкамлашнинг бозор муносабатлари қоидалари асосида ташкил қилишдан иборат.