logo

Ривожланган хорижий давлатларда таълим тизими Америка , Япония, Ж.Корея , Франция, Германия

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

121.5 KB
Ривожланган хорижий давлатларда таълим тизими Режа: 1. Америка Қўшма Штатларида таълим тизими 2. Японияда таълим тизими 3. Жанубий Кореяда таълим тизими 4. Францияда таълим тизими 5. Германияда таълим тизими Америка Қўшма Штатларида болалар 6 ёшдан 17 ёшгача 12 йил ўқийдилар. Таълим тизими қуйидагича ташкил этилган: 1. 3 ёшдан 5 ёшгача мактабгача тарбия муассасаларида. 2. Бошланғич мактаб. Бу босқич 1—5-синфларни ўз ичига олади. 3. Тўлиқ бўлмаган ўрта мактаб. Бу босқич 6—8-синфлардан иборат. 4. Юқори мактаб. Бу босқич 9—11-синфлар бўлади. Мазкур Юқори мактаб билан Олий таълимни аралаштирмаслик керак. Америка мактабларида 9-синфгача асосий эътибор математикага эмас, балки табиий фанларга қаратилади, юқорида тасдиқланган ягона дастурлар бўлмайди. Ўқувчилар учун ягона, мажбурий дарсликлар, қўлланмалар йўқ. Америка мактабларида техникавий жиҳатдан яхши жиҳозланган, синфлар компьютерлаштирилган. Ҳар бир мактабда бошланғич синф ўқувчиларини ташийдиган махсус автобуслар, стадионлар, турли лабораториялар бор. Америка мактабларининг аксарияти давлат ихтиёрида бўлиб, давлат маблағи билан таъминланади. Лекин шахсий мактаблар ҳам анчагина. Катта шаҳарларда яшовчи ўзига тўқ ота-оналар фарзандларини шахсий мактабларга беришга ҳаракат қилишади. Давлат мактабларида текин, шахсий мактаблар эса — пуллик ўқитилади. Вашингтон шаҳридаги шахсий мактабда болани ўқитиш учун бир йилга тахминан ўн минг доллар тўлаш керак. Бундай мактабларда бой оила фарзандлари таълим оладилар. Шахсий мактабларнинг ҳар бири ўзи хос хусусиятларга, махсус дастурларга, махсус ўқитувчиларга эга. Бундай мактабларда синфда ўқийдиган ўқувчилар сони кам бўлдаи. Шахсий мактабларда бошланғич синфлардан бошлаб эстетик тарбияга, санъатга алоҳида эътибор берилади. Америка давлат мактабларининг юқори синфларидаги ўқиш-ўқитиш тизими бизникидан тубдан фарқ қилади. Юқори синфлардаги ҳар бир ўқувчига алоҳида ўқитувчи-мураббий бириктирилади. У шу ўқувчининг қобилияти, қизиқишларини синчиклаб ўрганиб, фақат шу ўқувчига мос алоҳида режа тузади, унинг ўқишига раҳбарлик қилади. У ўрганиши лозим бўлган мажбурий фанлар рўйхатини тузиб чиқади. Масалан, 9-синф ўқувчиси бир фандан, дейлик, кимёдан кучли бўлса-ю, чет тилидан оқсаса, бу ўқувчига 9-синфда ўнинчи синф режаси бўйича кимёни ўрганишга рухсат этилади. У чет тилини 9-синф ҳажмида ёки енгиллаштирилган режа бўйича ўрганиши мумкин. Кимёдан ёки математика, биология, физика ва бошқа табиий фанлардан мактаб режасини муддатидан олдин тугатган, барча контрол ишларини топширган ўқувчига мактабда ўқиб юрган вақтидаёқ шу фанлар бўйича ўзи кирмоқчи бўлган коллежнинг биринчи курси имтиҳонларини ҳам топширишига имконият яратилади. Американинг Юқори мактабларида шундай ўқитувчилар борки, улар коллежларнинг биринчи курсларида ўқитиладиган маълум фанлардан дарс беришлари ҳамда имтиҳон олишлари шарт. Америка мактабларида битириш имтиҳонлари йўқ. Олий ўқув юртларига кириш учун биздагидек кириш имтиҳонлари олинмайди. Бироқ ҳар бир абитуриент олий ўқув юртига кириш учун математика ва инглиз тилидан синов (тест) топширади. Бундай тестлар Америкада ҳар йили 3—4 марта ўтказилади. Синов саволлари китоб шаклида ҳар йили чоп этилади. Уларда мингга яқин машқлар, масалалар ва уларнинг ечимлари кўрсатилади. Синфларда қандай саволлар бўлиши бизга ўхшаб сир тутилмайди, балки очиқ-ойдин «математика ва инглиз тилидан бу йил мана шу саволларга жавоб бериш лозим» деб кўрсатилади. Ўқувчилар бу китобни олиб, кириш синовларига тайёрланади. Америкада талабалар математика ва инглиз тилидан кириш синовларини 10-12 синфларда ўқиб юрган вақтларида, ўзларига қулай пайтда топшира оладилар. Америка олий ўқув юртларига кириш учун белгиланган синов (тест)лар икки хил бўлади: САТ (Схоластик аптитюд тест); АКТ (Американ коллеж тест) синовлари. САТ синовлари мураккаброқ бўлади. Машҳур университетларга кириш учун САТ синовларини топшириш шарт бўлади. Булардан ташқари Мураккаблаштирилган синов ҳам бор. Бу синовни олий мактабларга кираётган барча талабалар ҳам топширишлари шарт эмас. Мабодо бирор талаба шу мураккаблаштирилган синовларни топшириб университетга кирса, у талабага махсус стипендия берилади. Американинг энг катта бойлиги — бу ақл . Ақл бу мамлакатда қадрланади, ақлли талабалар алоҳида тақдирланади. Ақлли, аълочи талабалар ўқув юртларининг фахри саналгани сабабли ҳам, уларга турли йўллар билан ёрдам бериш, стипендиялар тайинлаш орқали уларни ўқув юртларида сақлашга ҳаракат қиладилар. Ўзи танлаган соҳада ютуқларга эришаётган талабалар рўйхати ҳар йили алоҳида китобда нашр этилиб турилади. Бундан мақсад мазкур соҳа билан қизиқувчи компанияларнинг эътиборини бўлажак олимларга қаратишдир. Юқорида санаб ўтилган синовларнинг натижалари ва юқори синфларда барча фанлардан олган баҳоларининг ўртача миқдори талабани университетга қабул қилиш ёки қилмаслик учун асос ҳисобланади. Америка коллежлари икки йиллик ва тўрт йиллик бўлади. Икки йиллик коллежларни битирган талаба олий таълим поғонасидаги энг бирламчи даражага эга бўлади. Тўрт йиллик коллежларни тугатган талабалар бакалавр даражасини олиб, олий маълумотнинг биринчи поғонасига эришадилар. Тўрт йиллик коллежлар бизнинг тўрт йиллик институт ва айрим университетларга мос келади. Америка университетлари таркибига икки ва тўрт йиллик коллежлар, илмий-тадқиқот марказлари ҳамда иккинчи босқич олий маълумот берувчи ўқув юртлари киради. Иккинчи босқич олий маълумот берувчи ўқув юртлари бизнинг аспирантурага тўғри келади. Бу ўқув юртига кириш учун икки фандан имтиҳон топширилиши шарт. Ўқишни муваффақиятли битирган талаба магистрлик даражасини олади. Магистрлик илмий даражасини олган талаба докторантурага кириши мумкин. Америкада докторантурага кириш учун фақат мутахассисликдан жиддий имтиҳон топширилади. Имтиҳон комиссияси таркибида талабанинг бўлажак илмий раҳбари ҳам иштирок этади. Ўқишни муваффақиятли битириб, диссертация ёқлаган талаба докторлик илмий даражасини олади. Ижтимоий фанлардан докторлик диссертацияси ёқлаган талабаларнинг ҳаммасига «фалсафа доктори» илмий унвони берилади. АҚШ мактаблари — олий мактабгача мана шундай босқичларга эга. Японияда таълим тизими Япония таълимининг шаклланиши 1867—1868 йилларда бошланган. Япония ўз олдига икки вазифани: 1—бойиш, 2-Ғарб технологиясини Япония ишлаб чиқаришига киритиш масаласини қўяди ва бу ишни амалга ошириш учун биринчи галда таълим тизимини тубдан ўзгартириш кераклиги айтилади. 1872 йили «Таълим ҳақида Қонун» қабул қилинди. Бунда япон таълими Ғарб таълими билан уйғунлаштирилади. 1908 йил Японияда бошланғич таълим мажбурий 6 йилликка айлантирилди. 1893 йили касб йўналишидаги дастлабки коллеж пайдо бўлди. 1946 йили қабул қилинган Конституция фуқароларнинг таълим соҳасидаги ҳуқуқ ва бурчларини белгилаб берди. Унда барча болалар бепул умумий таълим олишлари шарт эканлиги белгилаб қўйилган. Ҳозирги замон япон таълим тизимларининг таркиби қуйидагича: боғчалар, бошланғич мактаб, кичик ўрта мактаб, юқори ўрта мактаб, олий таълим тизимларига кирувчи ўқув юртлари. Болалар ёш хусусиятларига қараб 3, 2, 1 йиллик таълим курсларига жалб қилинади. Японияда мактабгача таълим муассасаларининг 59,9% хусусий, 40,8% муниципал, 0,3% давлатникидир. Мажбурий таълим. Таълимнинг поғонаси 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларни ўз ичига олади. 6 йиллик бошланғич таълим ва 3 йиллик кичик ўрта мактаб, 9 йиллик мажбурий таълимни ташкил этади ва у бепулдир, текин дарсликлар билан таъминланган. Мухтож оилаларнинг болалари бепул нонушта, ўқув қуроллари, тиббий хизмат билан таъминланади. Зарур бўлган тақдирда уларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатилади. Шу қаторда хусусий мактаблар ҳам мавжуд. Юқори босқич ўрта мактаб 10, 11, 12 синфларни ўз ичига олади, бундай мактабларнинг кундузги, сиртқи ва кечки бўлимлари мавжуд. Ўқувчиларнинг 95% кундузги мактабларда ўқийдилар. Японияда ўқув йили 240 кун (АҚШ 180). Ўқув йили 1 апрелдан бошланиб мартда тугайди. Ёзги каникул июнь ойининг охирида бошланиб, августда тугайди. Дарслар 7 соатдан ўтилади. Дорилфунунларга катта ўрта мактабни ёки 12 йиллик оддий мактабни тугатган ўқувчилар қабул қилинади. У ерда 460 та университет бўлиб, 95 таси давлат тасарруфида, 34 таси муниципал, 331 таси хусусий, 1-тоифадаги университетларда ҳар бир ўқитувчига 8 нафар, 2-тоифали университетларда эса 20 тадан талаба тўғри келади. Университетларга қабул қилиш икки босқичга бўлинади: 1-босқичи турар жойда ўтказилади: бунинг учун япон, эски япон тили, математика, физика, химия, жамиятшунослик, тарих бўйича тест синовларидан ўтадилар. Бу синовлардан ўтган ўқувчилар университетларга йўлланма оладилар ва яна синовдан ўтадилар. Хусусий университетларга эса тўғридан-тўғри тест топширилади. Бир қатор хусусий университетлар ўзининг узлуксиз шахобчасига эса (боғчадан бошлаб ҳамма босқичларни қамраб олади). Университетдан талабаларни ҳайдаб юбориш мумкин эмас. Лекин ўқиш муддатини чўзиш мумкин (4 йиллик ўқиш 5-6 йилгача чўзилиб кетиши мумкин). Коллежлар: 1-кичик коллеж; 2-техник коллеж 3-махсус коллежларга бўлинади. Уни битирган талабалар бакалавр дипломини олади ва университетнинг 3 ёки 4 курсларига қабул қилинади. Жанубий Кореяда таълим тизими Жанубий Кореяда таълим ҳақидаги Қонун 1948 йилда қабул қилинган. Таълим тизимига асос қилиб анъанавий ғарб модели олинган: 6 йил — қуйи мактаб, 3 йил — ўрта, яна 3 йил — олий мактаб; сўнгра тўрт йиллик коллеж ва бакалавр унвони берилади; танланган фан яна 2 йил чуқур ўрганилгандан сўнг магистр унвонини олиш мумкин. Фан доктори бўлиш учун яна 3 йил вақт сарфлаш лозим. Мамлакатда олий ўқув юртларининг ишлари яхши йўлга қўйилган. Кореяда 104 та олий ўқув юрти бор, уларнинг 80 фоизи хусусийдир. Ҳозир мамлакатда олий ўқув юртларида ўқишга қизиқиш жуда кучайиб кетган. Ҳар йили мактабларни битирувчиларнинг 40 фоизи ўқишга киради. Талабалар сони бўйича Корея дунёда биринчи ўринда туради. Лекин мактабгача таълим муассасалари ишида муаммолар бор. Талаб эҳтиёжни қондира олмаяпти. Шунинг учун 1982 йилда мактабгача тарбия ҳақида қонун қабул қилинди. Бу ерда тарбияга болалар боғчасида асос солинишини яхши тушунишади. Шу туфайли бу тармоқ кейинги йилларда 60 фоизга кенгайди. Бунда диний ташкилотларнинг ҳиссаси каттадир. Бошланғич мактаб масаласига келганда (бу мактабга олти ёшлилар келишади) синфларнинг тиғизлигини кузатиш мумкин. Ҳар синфда 50 нафаргача бола ўқийди. Дарс нагрузкалари ҳам кўпроқ. Лекин ўйинлар дам олиш ўқув дастурига киритилган. Шунинг учун дам олишга имконият бор. Бошланғич мактабда дарс 40 минут давом этади. Ўрта мактабда эса дарслар 45 минут. Олий мактабда дарснинг давомийлиги 50 минутга тенг. Бу ерда икки муҳим жиҳатга тўхталиб ўтиш зарур. Олий мактабга, албатта, кириш имтиҳонлари топшириб кирилади, ўқишлар пуллик. Бошланғич мактабда 9 та фан ўқитилади. Корейс тилини ўрганишга алоҳида эътибор берилади. Бундан ташқари арифметика, айрим ижтимоий фанлар ҳам ўқитилади. Ўрта мактабда фанлар яна 4 тага кўпайтирилган. 7-синфдан бошлаб чет тиллар ўргатилади. Мамлакатда инглиз тилига эътибор кучли. Кўпчилик бу тилда бемалол гаплаша олади. Чет тилларни ўқитишга ҳафтасига 4—5 соат ажратилган. Корейслар яна бир тилни — классик хитой тилини мажбурий равишда ўрганадилар. 8-синфдан бошлаб Хитой тарихи ўрганилади. Ҳунар мактаблари Кореяда 600 тани ташкил этади. Бу мактабларнинг 45 фоизи бўлажак мулкдорларни тайёрлайди, 23 фоизида техник касб эгалари етишиб чиқади. Қолган мактабларда денгизчилик, қишлоқ хўжалик ихтисослари ўзлаштирилади. Шуниси диққатга сазоворки, бу мактабларга корхоналар оталиқ қиладилар. Таълим ҳақидаги қонун талабларидан бири шудир. Кореяда ҳам алоҳида иқтидорли болаларга эътибор кучли. Сўнгги йилларда 5 та спорт, 6 та илмий мактаб очилган. Жисмоний тарбиянинг ривожланишига Сеул олимпиадаси катта таъсир кўрсатган. Кореяда ногиронларга кўрсатилаётган ғамхўрликни ҳар қадамда кузатиш мумкин. Айтайлик, бу ерда аравачалар ёрдамида ҳаракатланувчилар учун ер ости лифтлари мавжуд, махсус жиҳозланган паст қилиб қурилган телефон-автоматлардан ногиронлар бемалол фойдаланадилар, ривожланишдан орқада қолган болалар учун махсус мактаблар мавжуд. Бу мактабларнинг аксарияти хусусий ёки диний ташкилотларнинг хайрия маблағлари ҳисобига қурилган. Давлат мактабларида дин ўқитилмайди. Лекин 3-синфдан бошлаб «Одобнома» каби махсус фан жорий этилади. Бу фан 12-синфгача ўқитилиб, ҳафтасига 2 соат вақт ажратилган. Бу фан ўз ичига динни ҳам қабул қилади. У қотиб қолган бир нарса сифатида эмас, қадрият сифатида ўқитилади. Бу бутун тарбия тизими натижасидир. Эҳромларга бориш, тарихий ёдгорликлар билан танишиш, маънавий тарихни ўрганиш мактаб фанининг мажбурий давоми ҳисобланади. Мактаблар учун ўқитувчи кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам катта эътибор берилади. Кореядаги барча талабаларнинг 6,5 фоизи бўлажак педагоглардир. Мамлакатда 11 та ўқитувчилар коллежлари мавжуд. Ҳар бир провинция ўз коллежига эга. Бошланғич синфлар ўқитувчиси бўлиш учун 2 йил ўқиш керак. Фан ўқитувчиси бирмунча кўпроқ ўқийди. Кореяда ўқитувчининг иш ҳақи 700 долларга тенг. Агар бунга педагогика олий ўқув юртларига ўқишга киришдаги юқори танловни ҳам қўшадиган бўлсак, бу мамлакатда ўқитувчи касбининг эъзозланиши сабаблари аёндир. Жанубий Кореяда таълимнинг обрўси нақадар катталагини қуйидаги мисолдан ҳам кўрсак бўлади: Солиқлар тизимида таълимий солиқ жорий қилинган: ишлаб чиқарувчилар фойданинг маълум фоизини маорифга юборадилар. Давлат бюджетининг 24 фоизи таълимга сарфланади. Мамлакат президенти (у халқ таълими Давлат кенгашини бошқаради) шахсан провинциялар таълим бошқармалари (биздаги халқ таълими бошқармалари каби) бошлиқларини тайинлайди. Бу ҳам ушбу мамлакатда маорифга қанчалар зўр аҳамият берилишини кўрсатиб турибди. Францияда таълим тизими Франция таълим тизими ҳам қадимий ва бой тарихга эга. Бу мамлакатда «Таълим ҳақида»ги Қонун дастлаб 1955 йилда қабул қилиниб, 1975 йилда унга қатор ўзгартиришлар киритилган. Франция давлатининг ҳозирги даврда амал қилинаётган «Таълим ҳақида»ги Қонуни 1989 йил 10 июлда қабул қилинган бўлиб, унинг ўзгартирилишига таълим стратегиясида рўй берган ўзгаришлар, мамлакатнинг ички, ташқи сиёсатдаги ислоҳатлар, юзага келган иқтисодий шароитлар, чет эл педагогикасидаги илғор тажрибаларнинг мамлакат таълим тизимларига кириб келиши, ўқув предметларининг интеграциялари ва бошқалар сабаб бўлди. Францияда таълимнинг асосий мақсади шахснинг ҳар томонлама камол топишини таъминлаш, уни мустақил фаолиятга тайёрлаш, бозор муносабатлари шароитида ўқувчиларни тадбиркорликка, ишбилармонлик ва омилкорликка ўргатиш, шунга яраша касб-корга эга қилишдан иборатдир. Бу ерда: 1. Давлат мактаблари; 2. Хусусий мактаблар; 3. Оралиқ мактаблари мавжуд. Ўқитиладиган предметлар ичида француз тили ва адабиёти, ўқиш ва ёзув алоҳида аҳамиятга молик бўлиб ҳисобланади. Улар учун дарс вақтининг 30% ажратилади. Ўртача ҳафталик соатлар 26 соатдан иборат, дарснинг давомийлиги эса 60 минут. Ўқув йили 5 чоракка бўлинади. Француз мактаблари бошланғич синфларида ўқиш эрталабки ва тушдан кейинги қисмларга бўлинади. Эрталаб ўқувчилар она тилидан, тушдан кейин эса математика ва бошқа предметлардан сабоқ оладилар. Математика, она тили ва адабиёти база предмети, тарих, география, меҳнат, жисмоний тарбия предметлари эса ривожлантирувчи предметлар ҳисобланади. Франция таълимида болаларнинг гўдаклик чоғиданоқ мактабда ўқитиш учун тайёр ҳолда олиб келиш ғоят муҳим масала ҳисобланади. Бу босқичда тарбияланувчилар қуйидагича табақалаштирилган: кичик гуруҳ (2- 4 ёш), ўрта гуруҳ (4-5 ёш), катта гуруҳ (5-6 ёш). Мактабга тайёрлов гуруҳи (5-6 ёш) бўлиб, уларга Францияда 100% шу ёшдаги болалар қамраб олинган. Болаларни мактабга тайёрлаш учун алоҳида дастур ва дарсликлар мавжуд. Францияда бошланғич таълим мактабларига 6 ёшдан 11 ёшгача бўлган болалар жалб қилинадилар. Бошланғич мактаб бепул ва мажбурий. Унинг вазифаси ўқиш, ёзиш, ҳисоблаш малакасини беришдир. Ўқув машғулотлари эрталаб соат 9 дан 12 гача, ҳамда соат 14 дан 16 гача 5 соат давом этади. Мактабда овқатланиш пуллик, лекин жуда арзонлаштирилган нархларда. Бошланғич синфларда ўқиш уч босқичда амалга оширилади: 1. Тайёрлов босқичи; 2. Элементар курс (бу босқич икки йил давом этади); 3. Чуқурлаштирилган босқич. Дастурларда ўқув предметларнинг барчасига уч босқич бўйича аниқ, алоҳида-алоҳида талаблар қўйилади. 1990 йилдаги ҳукумат қарорида болаларни билимига, қобилиятига қараб дарс жадвалини табақалаштирган ҳолда тузиш ҳуқуқи берилди. Ўқувчилар 11 ёшда бошланғич мактабни тугаллаб ўрта мактабга ўтадилар. Ўрта таълим эса коллежлар ва лицейларда амалга оширилади. Ўрта таълим икки босқичда берилади. Биринчи босқич (11 ёшдан 15 ёшгача) 4 йил бўлиб, энг кичик синф 6-синф, 5-4 ўрта синф, 3-синф эса катта синф ҳисобланади. Демак синфларни рақамлаш юқоридан пастга қараб амалга оширилади. 6-5 синфлар умумий ўрта таълим, 4-3 синфлар эса ўқувчиларнинг мойиллигига қараб берилади. Бу биринчи босқични тугатгач, ўқувчилар касбий йўналишлари бўйича гувоҳнома оладилар. Сўнгра иккинчи босқич бошланади. Бу босқичда 15-18 ёшгача бўлган болалар таълим оладилар. Улар уч йил ўқиб бакалавр унвони ва дипломи учун имтиҳон топширадилар. Ана шунда диплом олган ўқувчиларгина олий ўқув юртларга қабул қилиниш ҳуқуқига эга бўладилар. Францияда талабалар педагогика, политехника институти, олий маъмурий мактабларга кириш учунгина имтиҳон топширадилар. Бундан ташқари шу касбга мойиллиги ҳам алоҳида синаб кўрилади. Бошқа олийгоҳларга ва университетларга эса бакалавр дипломи бўлган ёшлар имтиҳонсиз қабул қилинаверади. Олий таълим университетларда уч туркумда амалга оширилади. Биринчи туркум: умумий бўлиб, ўқиш муддати икки йил давом этади. Иккинчи туркум: ўқиш бир йил давом этади. Талабалар уни магистр даражаси билан якунлайди. Учинчи туркум: ўқиш 1—2 йил давом этади. Бу циклда: - бирон бир предметни чуқурлаштириб ўрганилганлиги ҳақида диплом 1 йил; - ихтисослаштирилган олий маълумот тўғрисида диплом 1-йил; - учинчи туркум докторлик диссертацияси 1—2 йил; - давлат докторлик диссертацияси бирон-бир соҳани мукаммал ўрганиб диссертация ёзиш каби ҳужжатлар олиш мумкин. Францияда олий маълумот ва ихтисос берувчи олий технологик институтлар мингдан ортиқ. Улар одатда саноат, маиший хизмат кўрсатиш, информатика мутахассисликларига ихтисослашган. Ўқиш муддати 2 йил бўлиб, саккиз хафталик ишлаб чиқариш амалиётини ҳам кўзда тутади. Сиртқи таълим шохобчалари жуда кенг бўлиб, у 500 турдаги ўрта, олий профессионал маълумот беришни тавсия эта олади. Францияда мактаб раҳбарлиги лавозимига эришмоқ учун таълимга раҳбарлик қилишдан сабоқ берувчи махсус марказларда ўқийдилар. Бундай марказларда улар раҳбарлик қилиш, мактаб иқтисодиётини бошқариш, таълимдаги юридик масалалар, қонунчилик, ота-оналар билан ишлаш, маданий оқартув ишларини ташкил этиш, жамоада яхши психологик муҳитни барпо этиш каби жиҳатларни ўрганади. Ўқишни якунлагач, суҳбатдан, тест имтиҳонларидан ўтадилар. Директор дарс бермайди. Унинг иш фаолиятини икки йил давомида диққат билан кузатиб борилади. Шу икки йил давомида мактаб директори талантли ташкилотчи, етук раҳбар сифатида фаолият кўрсата олмаса, у бу лавозимидан олиб ташланади. Мактаб ўқувчиларига қўйилган талаб Францияда ўта юқори. Айниқса, бошланғич мактабларда ўқитувчи ўз касбини устаси, ажойиб нотиқ, санъаткор, мусиқачи, спортчи, ташкилотчи, намунали хулқ-атвор эгаси бўлмоғи лозим. Ўқитувчилар ўз назарий — услубий малакаларини оширишга аҳамият берадилар. Малака ошириш курсларидан ўтиш учун аниқ муддат белгилаб қўйилмаган. Ўқитувчилар ўз ихтиёрлари билан тест марказларида имтиҳон топширадилар. Шу имтиҳонлар даврида ўқитувчи фаолиятида айрим нуқсонлар сезилиб, малака оширишга эҳтиёж аниқланса, ўз вақти ва маблағлари ҳисобига малака оширилади. 2000 йилда Франция мактабларидаги аҳвол синчиклаб ўрганилиб, ўқувчиларнинг кўпчилик дарсларга кирмай бошқа ишлар билан машғул бўлиб юриши аниқлангач, бу камчиликни тузатиш учун жиддий чоралар кўрилмоқда. Полицияни бу ишга жалб этиб, дарс вақтида бошқа жойларда юрган болаларни тутиш, уларга жарима солиш ва мактабга элтиб қўйиш юклатилади. Ўз фарзандларини мактабга юбормоган ота-оналарни эса суд ҳукми билан жазоланади. Унда ҳатто қамоқ жазоси ҳам белгилаб қўйилган. Чунки айнан дарсга қатнашмай юрган болалар ўртасида наркомания ва ҳуқуқбузарлик каби ҳолатлар кўп учрайди. Умуман Францияда таълим тизимини ривожлантириш учун бу йил жуда катта маблағ ажратилган. Германияда таълим тизими Мактабгача тарбия тизими Германия таълим тизимида ҳам муҳим босқич ҳисобланади. Унинг 100 йилдан ортиқ тарихи бор. Болалар боғчалари таълимнинг қуйи босқичи ҳисоблансада, лекин у давлат тизими таркибига кирмайди. Боғчаларни маблағ билан таъминлаш турли жамоат ташкилотлари, ҳайрия бирлашмалари, корхоналар, хусусий шахслар, диний муассасалар зиммасидадир. Ота-оналар болалар боғчаларига ўз фарзандларини тарбиялаётганликлари учун анча миқдорда пул тўлайдилар. 3 ёшдан 6 ёшгача болаларнинг 80% боғчаларга қатнайди. Германияда одатда болалар боғчада тушгача тарбияланадилар. Куннинг ярмида эса уйда, оилада бўладилар. Германияда куни узайтирилган боғчалар ҳам бор. Мажбурий таълим 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаларга тегишли, яъни бу жараён 12 йил давом этади. Бундан 9 йиллик (баъзи жойларда 10 йил) мактабда тўла ҳафталик ўқишда ўқийди. Ўқиш давлат мактабларида текин. Хусусий мактаблар озроқ. Ўқиш 6 ёшдан бошланиб, 4 йил давом этади (фақат Берлинда 6 йил). Бошланғич мактабдан сўнг ўқувчилар йўналиш босқичидаги мактабга ўтадилар. Бу ерда 5-6 синф босқичидаги йўналиш мактабларда махсус дастур асосида ўқийдилар. Кейин навбатдаги мактаб типига кўчадилар: булар — асосий, махсус мактаб, реал билим юртлари. Деярли 30% бола асосий мактабга ўтади. 9 ёки 10 йиллик ўқиш тугатилгандан кейин касбий тайёргарликка ўтилади. Махсус мактабларда нуқсонга эга бўлган болалар ўқийди. Реал билим юртлари асосий мактаб ва юқори босқич мактаби ўртасида туради. Қоидага кўра бу ерда ўқиш 6 йил давом этади (5-10 синфгача) ва тўла ўрта маълумот бериш билан тугалланади. Билим юртини тугатганлар ўрта махсус ўқув юртига ёки юқори босқичдаги ҳунар-техника мактабига кириб ўқиш ҳуқуқига эга бўлади. Германияда гимназиялар ҳам мавжуд. Улар 5-13 синфларни ўз ичига олади. 11-13 синфлар олий ўқув юртларига тайёрлаш вазифасини ҳам бажаради. Гимназияни битирганлик ҳақидаги етуклик аттестати олий ўқув юртида ўқиш имконини беради. Германия таълим тизимида ҳунар таълими муҳим аҳамиятга эга, чунки юқори малакали ишчиларга бўлган талаб кучлидир. Тўлиқсиз ўрта мактабни битирувчиларнинг эса 20% ҳунар таълими тизимида билим олишни давом эттирадилар. Аксарият ҳолларда ўқиш муддати 3—3,5 йилни ташкил этади. Ўқиш уч босқичдан иборат бўлиб, биринчи йили асосий ҳунар таълими берилади. Бунга ўқитилаётган касбга тааллуқли махсус фанлардан назарий асослар берилиб, йирик корхоналарда амалий машғулотлар ўтказилади. Иккинчи йил давомида махсус ҳунар таълими берилади. Ўқувчининг биринчи йилда иккинчи йилга ўтиши синов имтиҳонлари ўтказилиб ўқишни давом эттирувчи ёшлар танлаб олинади. Учинчи йил давомида махсус ҳунар таълими янада чуқурлаштирилиб борилади.. Битирув имтиҳонлари махсус комиссия томонидан қабул қилинади. Комиссия аъзолари корхоналарнинг етакчи мутахассислари, федерал ерлардаги саноат палатаси, ҳунармандчилик палатаси вакилларидан ташкил топади. Ҳунар мактабларининг дипломлари олий ўқув юртларига кириш учун ҳуқуқ бермайди. Бунинг учун 1 йиллик тайёрлов курсларини тугатиш талаб этилади. Ўқишга қабул қилиш имтиҳонсиз мактаб таълими тўғрисидаги ҳужжатга асосан оширилади. Олий мактаб ўз-ўзини бошқариш ҳуқуқига эга. Олий ўқув юртини штатдаги ректор ёки бир неча йилга сайланган Президент бошқаради. Ўз- ўзини бошқаришда вазифалари аниқ тақсимлаб берилган бир неча гуруҳлар босқичма-босқич иштироки принципига амал қилинади. Унинг таркибига профессор-ўқитувчилар, ўқувчилар, илмий ходимлар ва бошқа ходимлар киради. Талабалар ўқиши эркин ташкил этилган. Кўп сонли ўқув босқичлари билан бирга ўқув режалари таклиф этилади. Ўқишга ҳақ тўланмайди. Агар талаба ёки уларнинг ота-оналари озиқ-овқат ҳаражатларини кўтара олмаса ўқиш учун молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги федерал қонунга кўра улар молия ёрдамида оладилар. Бу ёрдамнинг ярми стипендияга қўшиб берилса, иккинчи ярими қарз тариқасида берилади. Мамлакатда таълимнинг ислоҳ қилиш масаласи кўпдан буён муҳокама қилинмоқда, бунда ўқув жараёнини қисқартириш таклиф қилинмоқда. Ҳозир университетларда талабалар 7 йил ўқийди. Улар ўқишга кирганларига қадар корхоналарда бир неча йил ишлашлари ёки бундесверда хизмат қилишни ҳисобга олсак, талабалар ҳақиқий меҳнат фаолиятларини анча кеч бошлаётганлигини тушунамиз. Германияда Халқ университетлари мавжуд бўлиб, улар партия ва диндан ташқари муассаса. Уларнинг кўпчилиги кечки бўлиб, фақат 1989 йилда университетларда 400000 курслар ташкил этилган ва бу курсларда, 5,5 млн. тингловчи малака оширган. Давлат малака оширганларни рағбатлантиради ва бу учун ҳар йили 5,5 млн. марка маблағ ажратади. Малака ошириш курсларида ўқиш даврида тингловчиларга маблағ билан молиявий ёрдам берадилар. Асосан ишсизлар ўз малакасини ошириш имкониятларидан кўпроқ фойдаланадилар ва бу билан иш топишлари тезлашади. Ярим йил давомида малака оширган ишчиларнинг 75% иш билан таъминланади. Черковлар ҳам фуқароларнинг билим даражаларини оширишда фаол иштирок этади. Евангель черкови ўзининг 15 академиясида долзарб мавзулар бўйича конференциялар ташкил этади. Католиклар малака оширишда никоҳ, оила масалаларига, теология ва маданият соҳаларига катта аҳамият берадилар. Олий ўқув юртларида тадқиқот билан шуғулланиш уларнинг қадимий анъаналаридан бири. Ўтган аср бошларида Вильгельм фон Гумбольдт прусс университетларини ислоҳ қилди, ўшандан бери «Тадқиқот ва ўқитиш бирлиги» уларнинг ҳаётий принципларига айланиб қолган. Олий ўқув юртлари тадқиқотларининг асосий йўналиши-фундаментал амалий тадқиқот бўлиб, уларга бошқа илмий-текшириш институтлари, саноат лабораториялари яқиндан ёрдам беради. Германия таълими ўзига хос йўналишга, жуда мураккаб тизимга эга. Шу билан бир қаторда ҳозирда Германияда таълим тизимини ислоҳ этиш йўлида янги изланишлар олиб борилмоқда. Фойдаланилган адабиётлар рўйхати 1. И.А.Каримов. «Ижобий ишларимизни охирига етказайлик». Т.: Ўзб, 1994 й. 2. И.А.Каримов. Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Т.: Ўзбекистон, 1997 йил 3. Ибн Халмиқон ҳақида. Абу Наср Форобийнинг «Фозил одамлар шаҳри» китобидан олинди. Т. Абдулла Қодирий номидаги Хлақ мероси нашириёти, 4. Абу Наср Форобий. Рисолалар. Масъул муҳаррир Ўзбекистон респебликаси ФА ҳақиқий аъзоси М.М.Хайруллаев. Т. «ФАН», 1975. 5. www . ziyonet . uz