logo

«Ўқитувчи нутқи маданияти» фанининг мақсад ва вазифалари, унинг бошқа лингвистик ва нолингвистик соҳалар билан алоқаси

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

64.5 KB
«Ўқитувчи нутқи маданияти» фанининг мақсад ва вазифалари, унинг бошқа лингвистик ва нолингвистик соҳалар билан алоқаси Режа: 1. «Ўқитувчи нутқи маданияти» фанининг мақсад ва вазифалари. 2. Нутқ маданияти ва бошқа фанлар. 3. Нутқ маданияти - миллат маънавий камолотининг муҳим белгиси. 4. Хулоса. Ўзбек нутқи маданияти ва услубияти масалаларини тадқиқ қилиш ўзбек тилшунослиги олдида турган энг долзарб муаммолардан биридир. Чунки нотиқлик санъати сирларини ўрганиш, ўз фикрини баён қилаётган лисоний материаллардан тўғри фойдаланиш, ҳар бир тил воситасини керакли ва лозим бўлган ўринда мантиқан ва грамматик жиҳатдан тўғри қўллаш ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида хизмат қилувчи ҳар бир мутахассис учун, умуман ҳар қандай маданиятли киши учун ҳаётий зарурат деб ҳисобланиши керак. Ҳар бир шахснинг нутқи ўзига хослиги билан ажралиб туради. Бир кишининг нутқи тингловчига яхши тушунилади, воқеа – ҳодисалар ҳақида аниқ, равшан маълумот беради, ўзининг тил қурилиши билан тингловчининг хулқига таъсир этади. Бошқа бир кишининг нутқидан тингловчи асосий нарсаларни ажратиб ололмайди. Бундай нутқнинг тил қурилишида грамматик - услубий нуқсонлар бўлади. Тилга олинган нутқларнинг биринчиси тўғри, маданиятли нутқ, кейингисини нуқсонли нутқ дейиш мумкин. Тор маънода нутқ маданияти - тил меъёрларини эгалламоқ, яъни талаффуз, урғу, сўз ишлатиш, гап тузиш қонунларини яхши билмоқ, шунингдек, тилнинг тасвирий воситаларидан ҳар хил шароитларга мос ва мақсадга мувофиқ фойдалана олиш, ифодали ўқиш маданиятини эгаллаш демакдир. Нутқ маданияти - тилнинг туганмас бойлигини эгаллашдир. Нутқ маданиятини эгаллаш орқали киши етуклик сари бир қадам ташлаган бўлади. Инсоният умуммаданиятининг катта таркибий қисмини нутқ маданияти ташкил этади. Нутқ маданияти атамаси адабиётларда асосан икки хил маънода ишлатилади: биринчидан, нутқ маданияти дейилганда, нутқнинг фазилатлари (сифатлари) йиғиндиси, бу фазилатларнинг тизими тушунилади; иккинчидан, нутқ маданияти атамаси намунавий нутқ сирларини эгаллаш ҳақидаги таълимотни англатади. Ўқитувчи нутқи маданияти - амалий жиҳатдан ўқитувчи нутқининг хилма - хил муаммоларини тадқиқ қилувчи фан., Педагогика институтларида тилшуносликнинг назарий курсларидан олинган билимларга суянган ҳолда тўғри ва чиройли нутқ тузишнинг қонуниятлари, сирлари, тил, тил меъёрлари, нутқ, нутқнинг сифатлари, нутқий услублар, нутқда учраши мумкин бўлган камчилик ва хатолар, нутқий асарларнинг кўринишлари, нутқнинг талаффузига доир муаммолар юзасидан баҳс юритади. Ўқитувчи нутқи маданияти фан сифатида ўз текшириш объекти ва вазифаларига эга. Унинг текшириш предмети нутқнинг тил қурилиши, адабий тил меъёрлари ва нутқнинг коммуникатив (алоқавий) фазилатларидир. Бу фазилатлар ҳар қандай нутқда бир хил даражада бўлмайди. Шунинг учун турли кишининг нутқи тингловчи томонидан турлича қабул қилинади. Ҳатто бир кишининг турли мавзуда сўзлаган нутқи ҳам ҳар хил бўлиши мумкин. Маълумки, ҳар қандай фан ҳам у ёки бу томонлари билан бошқа фанлар билан боғланган бўлади, унда кўтарилган масалалар, муаммолар бошқа фанлар томонидан ҳам ўрганилади, баъзан уларнинг ҳам текшириш объекти бўлади. Баъзан эса маълум бир муаммони ҳал қилишга бошқа - бошқа фанлар ўз хусусиятларидан келиб ёндошади ва уни ана шу хусусиятлардан келиб чиқиб ҳал қилади. Жумладан, услубият ҳам тилшуносликнинг, ҳам адабиётшуносликнинг текшириш объекти бўла олади. Фақат тилшунослик нуқтаи - назаридан бошқа йўсинда, адабиётшунослик нуқтаи - назаридан бошқа йўсинда текширилади. Услубиятга ҳар икки фан ўз хусусиятларидан келиб чиқиб ёндашади, икки хил муносабатда бўлади. Ўқитувчи нутқ маданияти фан соҳаси сифатида шаклланган экан, у албатта, бошқа фанлар билан муносабатда бўлади. Нутқ маданияти таълимотининг лингвистик ва нолингвистик фанлар ўртасида тутган ўрнини белгилашда унинг бошқа фанларга қай даражада алоқаси борлигини, поэтика, услубият, меъёрий грамматика каби таълимотлар билан алоқасини улар орасидаги умумий томонлар ва тафовутларни аниқлаш катта аҳамиятга эгадир. Рус тилшуноси Б.Н.Головиннинг фикрича: «...бу соҳа тилшуносликнинг барча бўлимларига, шунингдек руҳшунослик, мантиқшунослик, эстетика, социология, педагогика фанларига таяниб иш кўради. Нутқ маданияти, айниқса стилистика билан яқин муносабатдадур. Баъзи мутахассислар нутқ маданиятини услубиятга сингдириб юбормоқчи бўлишади. Ҳолбуки, услубиятнинг ўз предмети ва ўзига хос вазифалари бор». Кўринадики, ўқитувчи нутқ маданияти алоҳида соҳа сифатида шаклланган ва ўқув режаларига алоҳида фан сифатида киритилган бўлишига қарамай, бу соҳа айниқса тилшунослик фани билан жуда мустаҳкам алоқададир. Нутқнинг алоқавий сифатлари ичида нутқнинг тўғрилиги энг асосий белгилардан ҳисобланади. Намунавий нутқ биринчи навбатда тўғри тузилган нутқ бўлиши керак. Нутқ тўғрилиги эса адабий тил меъёрларига тўла амал қилишга асосланади. Демак, нутқ маданиятида асосий нарса нутқ тўғрилиги бўлса, бу эса адабий тил меъёрларига амал қилиш орқали юзага келадиган бўлса, ўз – ўзидан ҳар бир халқ нутқий маданиятининг, у ҳақидаги таълимотнинг асосини шу халқ тилининг меъёрий грамматикаси, шу халқ тили системаси ташкил этади. Нутқ маданияти соҳаси тил ҳодисаларига бошқа томондан ёндашади: грамматик ҳодисалар, грамматик категориялар, тил қурилиши каби масалалар билан шуғулланмайди. Нутқ маданияти грамматик ҳодисаларга, тил далилларига асосан шу тил адабий меъёрларига мос келиш – келмаслиги нуқтаи – назаридан ёндашади. Қандай ҳолатда меъёрга қатъий амал қилиш жуда зарур бўлиб, қандай ҳолатларда ундан чекининг мумкинлиги, унга йўл қў-йилиши мумкинлиги нуқтаи - назаридан баҳолайди. Грамматик категориялар, грамматик шакллар, тил бирликларига адабий тил меъёри талаби билан баҳо беради. Уларнинг табиати билан шуғулланмайди. Жумладан, масалан сўзнинг қайси туркумга оидлиги, қандай грамматик категорияларга, қандай фонетик ёки морфологик тузилишларга эга эканлиги нутқ маданияти фанининг текшириш объекти эмас. Бироқ ўша сўз ўзбек адабий тилида кам қўлланадими, унинг қўлланиши, маълум бир шакли, талаффуз маълум бир маъноси билан ҳозирги тилда ишлатилиб туриши ўзини оқлайдими ёки йўқми эканлиги нутқ маданияшга алоқадордир. "Тилдаги сўзлар, грамматик шаклларнинг маъно ва вазифалари, уларнинг тузилиши тилшуносликда ўрганилади. Бироқ нутқнинг маълум бир жараёнида ўша сўз ёки грамматик шакл қайси шаклда ва қайси маънода қўлланиши мумкинлиги, қўллашнинг ўзини оқлаш - оқламаслиги нутқ маданиятша алоқадордир. Нутқ маданиятининг алоқавий сифатларидан ҳисоблангаи мантиқлилик ва таъсирчанлик ҳам, маълумки, адабий тил меъёрларига тўла амал қилиш орқали таъминланади. Меъёрга амал қилмаслик мантиқсизликни вужудга келтириб қўйиши, нутқни бузиши мумкин. Масалан, «Кунлар исиб кетди, музлар эриди» гапини олайлик. Бу гап боғловчисиз қўшма гапдир. Грамматик қурилиш тўғри, сўзлар ўзаро тўғри боғланган, қўшма гап қисмлари ҳисобланган ҳар бир содда гап орқали ифодаланган фикр ҳам тўғри, умумий фикр ҳам мантиққа мос келади. Шу гапни «Музлар эриди, кунлар исиб кетди» шаклида ўзгартириб кўрилса, яна ҳар бир гап ифодалаган фикр ҳам, сўзларнинг бирикиши ҳам тўғрилигича қолаверади. Бироқ мантиқ бузилади. Демак, бу қўшма гап қисмларининг ўринлашиш тартиби фақат биринчи ҳолатдаги каби бўлиши лозим. Кўринадики, лисоний воситаларни юқоридаги каби нотўғри қўллаш, биринчидан нутқни бузса, иккинчидан мантиқийликка ва таъсирчанликка таъсир қилади. Демак, адабий тил меъёрининг бузилиши, нутқ сифатий хусусиятига салбий таъсир қилади. Ана шунинг учун ҳам нутқ маданияти соҳаси тилшунослик фани билан – меъёрий грамматика билан чамбарчас боғлиқ ҳолда бўлади ва унга таянади. Нутқ маданияти соҳасининг лексикология ва семасиология соҳалари билан узвий боғлиқлиги ҳеч шубҳасиздир. Нутқий аниқлик ва мантиқийликни тилнинг сўз бойлигини эгалламасдан, ҳар бир сўзнинг маъноларини аниқ билмасдан туриб таъминлаш мумкин эмас. Жумладан, тилдаги синонимларнинг яхши билмасдан туриб, тушунчаларни аниқ ифодалаб бўлмайди. Масалан, юз сўзи англатган тушунча билан башара сўзи англатган тушунча бир хил эмас: Башарангга одам қараб бўлмайди, юзингга одам қараб бўлмайди гапларини олиб қарайлик. Бу иккала гап маъносида гуё фарқ йўқдек. Бироқ биринчи гапда шахснинг бутун гавдаси, уст - боши кўзда тутилса, иккинчи гапда юзи кўзда тутилади. Демак, юз ва башара сўзлари ўзаро синоним бўлса - да, улар англатаётган тушунчалар бир - биридан фарқ қилади. Тилнинг сўз бойлигини, унинг синонимлар, антонимлар, омонимлар системасини, ҳар бир сўзнинг ўзига хос маъно ва грамматик хусусиятларини, уларнинг ўзаро муносабатларини яхши билиш - нутқнинг тозалиги, таъсирчанлиги, ифодалилши, қисқалиги каби кўпгина бошқа алоқавий сифатларни ҳам таъминлайди. Демак, тилнинг луғат таркибини яхши билмасдан туриб, бой нутқга эришиб бўлмайди. Нутқ маданияти илмий тармоқ сифатида луғатшунослик (лексикография) билан узвий алоқадорлигипи кўрсатади. Шу ўринда С.Акобировнинг қуйидаги фикри жуда аҳамиятлидир: «Фикрни қисқа, аниқ ва тўғри ифодалаш учун мувофиқ сўз топиш керак бўлган холларда ҳам луғатлардан фойдаланилади». Нутқ маданияти соҳасининг текшириш объекти нутқнинг алоқавий сифатлари йиғиндиси ва тизимини, уларни таъминловчи шарт - шароитлар, шу сифатларнинг такомиллашуви, ривожи ёки қолоқлашиши, пасайиши кабиларни ўз ичига олса; услубият соҳасининг объекти тил ва нутқ услубларини ўрганшидир. Модомики, услубият нутқ услубларини ҳам ўрганар экан, худди шу ҳолатда нутқ маданияти билан унинг муносабати вужудга келади. Чунки нутқ маданияти ҳақидаги таълимот ўз-ўзидан тил услубларини батафсил акс эттириш, ҳар бир услубнинг ўзига хос томонларга эга эканлигининг имкониятларининг ёритилишига эҳтиёж сезади. Чунки нутқнинг алоқавий сифатлари, одатда ҳар бир услуб доирасида ўзгариши, бири бир услубда яхшироқ намоён бўлгани ҳолда, иккинчиси бошқа бир услубда сустроқ намоён бўлади. Масалан, публитистик услубда аниқлик, тўғрилик биринчи ўринга чиқса ва яхшироқ намоён бўлса, бадиий услубда ифодалилик, тасвирийлик, образлилик, мантиқлилик каби сифатлар биринчи ўринга чиқади. Бадиий услубда бадиий тасвир воситаларидан кенг фойдаланилади. Шунинг учун ҳам баъзан, бадиий услубда эскирган ва лаҳжавий сўзлардан ҳам фойдаланилади, баъзан сўз шаклларининг ўзгартирилишига ҳам руҳсат этилади. Нутқ маданияти ҳақидаги таълимот нутқ услубларининг нутқ алоқавий сифатларига баъзан ижодий, баъзан салбий таъсир қилиши билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳам ўрганади. Чунки кишилар ҳар қандай шароитда ва ўз фаолиятларининг ҳамма соҳаларида бир-бирлари билан алоқада булар эканлар, уларнинг ҳар бири ўз тилидаги луғавий грамматик ва бошқа воситаларни танлаб ишлатишга ҳаракат қилади. Кўринадики, услубият ва нутқ маданияти бир - бирини тамомила инкор этмайди аксинча, бир - бирини тўлдиради, алоҳида - алоҳида соҳа бўлишларига қарамай, бир - бири учун хизмат қилади. Нутқ маданияти илмий соҳа сифатида мантиқшунослик ва руҳшунослик фанлари билан чамбарчас алоқада бўлади. Маълумки, мантиқий тушунчалар ва ҳукмлар билан иш юритади. Мадомики, тушунчалар сўз билан; фикрлар, ҳукмлар гап билан ифодаланар экан, ана шу сўзлар ва гаплар билан улар ифодалаган тушунчалар ва ҳукмларнинг бир - бирига мос келган - келмаганлиги, улар ўртасида зидликнинг бор - йўқлиги муҳимдир. Маълумки, сўзлар кўп маъноли бўлади ва улар бир неча тушунчани ифодалаши мумкин: оёқ - одамнинг оёғи, стулнинг оёғи, машинанинг оёғи каби. Шунингдек, сўз ўзгармай қолгани ҳолда тушунча ўзгариб кетиши мумкин: домла тушунчаси ўзгарган, сўз ўша - ўша. Худди шунингдек, ҳар бир ҳукм албатта маълум бир гап орқали ифодаланса-да, баъзан гап билан ҳукм бир-бирига мос келмай қолиши ҳам мумкин. Масалан, фарзандни ким севмайди, дейсиз? гапи сўроқ гап, инкор шаклида, бироқ ундан тасдиқ ҳукми англашилади. Риторик сўроқ гаплар ана шундай хусусиятларга эгадир. Бир ҳукм баъзан бир неча гап орқали ҳам ифодаланиши мумкин. Бунинг натижасида синтактик синонимия вужудга келади. Мен бу китобларни укам яхши ўқисин деб олдим. Бу китобларни укам яхши ўқисин деган мақсадда олдим. Ҳар икки гап ҳам тўғри тузилган. Улар ифодалаган ҳукмда ҳам зидлик йўқ. Демак, нутқдан мантиқсизлик кузатилмайди. Ана шу нутқда мантиқсизлик йўқлиги мантиқий категория ҳисобланган ҳукмнинг тўғрилиги билан тасдиқланади. Берилган ҳукм икки хил гапда ифодаланган экан. Бирида ҳиссийлик йўқ, иккинчисида эса қисман бўлса-да ҳис -туйгу бор. Нутқ маданияти билан руҳшуносликнинг муносабати, нутқнинг ўринли - ўринсиз эканлигини белгилашда намоён бўлади. Сўзловчи ҳар - хил вазиятларда, ҳар - хил одамлар ўртасида бўлади. Демак, у ўз нутқини ана шу вазиятлар ва одамлар ҳолатини ҳисобга олган ҳолда тузиши керак. Бундан ташқари тингловчилар кайфияти деган нарса ҳам бор. Сўз тингловчиларнинг зерикиб турганлиги сезилиб турса-ю, нутқ қанчалик тўғри бўлмасин, нотиқ ўша зерикканликни ҳис қилмаса ва нутқни чўзиб юборса, унинг таъсир кучи йўқолади. , Нутқни таъсирчан қилишда тилнинг тасвирий воситаларидан ҳисобланган метонимия, метафора кабилардаи фойдаланилади. Нутқ маданияти билан руҳшунослик муносабатида кўпроқ нотиқнинг у ёки бу фикрини баён қилишда одамлар кайфиятини ҳисобга олиши биринчи ўринда туради. Ҳар бир кишининг, умуман тингловчининг кайфиятига қараб нутқсўзлаш тақозо этилади. Тингловчилар билан самимий муомала ҳамма вақт нотиқнинг асосий вазифаси бўлиши лозим. Тингловчиларнинг юз ва кўз ифодаларини кўрмай, сезмай туриб, энг зўр зарур гапни айтиб юборишни ўйлаб кўриш керак. Ана шундай зарур гаплар ҳамманинг диққати тортилган пайтда айтилиши зарур. Ҳамма вақт ҳам тингловчилар олдида уялиб қолмаслик, ноўрин сўзларни, гапларни ишлатиб юбормаслик учун нотиқ одамлар руҳиятини чуқур кўзда тутиши лозим, уларни қизиқтирадиган нарсаларни топишга ҳаракат қилиши, бошқа мавзу, бошқа ҳодисаларга ўтиб кетмаслиги керак. Ҳар бир нотиқ унинг нутқи қандай тузилганда тилнинг қандай тасвирий воситаларини қайси ҳолатларда, нутқнинг қайси қисмида ишлатганда тингловчилар кайфиятига таъсир қилиниши, улар кайфиятини ўзгартиришини яхши билиши лозим. Ана шундагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Нутқ маданияти нафосат (эстетика), бадиий адабиёт, адабиётшунослик, адабий танқидчилик каби фанлар билан узвий алоқададир. Чунки яхши нутқ тингловчига эстетик завқ бериши керак, уни ҳаяжонлантириши лозим. Бадиий нутқ эса таъсирчан нутқ бўлади, шу орқали кишилар онгига таъсир этади. Ундай нутқ эгаси бадиий тасвир воситаларидан жуда кенг фойдаланади. Бадиий нутқнинг адабий тил меъёрларига муносабати ҳам бошқача. Унда баъзи адабий меъёрлардан чекининг ҳам учраши мумкин. Бироқ бунда маълум бир мақсад кўзда тутилган бўлади. Хуллас, нутқ маданияти соҳаси кўпгина бошқа фанлар билан ҳам ўзаро муносабатда бўлади. Айниқса, унинг тилшунослик, услубият, нотиқлик санъати, матншунослик, руҳшунослик, фалсафа ҳамда адабиётшунослик фанлари билан алоқаси жуда мустаҳкамдир. Табиат ва жамиятда инсон тилидек мураккаб, серқирра, серқатлам, сервазифа, шакл ва мазмун мослиги ҳодисаси камдан-кам топилади. Тил дунёни билиш, билимларни тўплаш, сақлаш, кейинги авлодларга етказиш, руҳий категорияларни воқелантириш каби бир қанча вазифаларни бажаришга қарамасдан асосий эътибор унинг кишилар ўртасидаги алоқани таъминлаш вазифасига қаратиб келинди. Тилни фақат инсонлар ўртасидаги алоқа воситаси сифатидагина талқин этиш инсоннинг табиий тилини, бу бениҳоя мураккаб ва муҳташам ҳодисани соддалаштиришдан, аниқ бир миллий қиёфа ёки миллий - руҳий заминдан мутлоқо мосуво бўлган сунъий тилга (масалан эсперанто) тенглаштиришдан, йўл ҳаракатини тартибга солиш мақсадида яратилган шартли «тил» га бараварлаштиришдан бошқа нарса эмас. Агар тил фақат алоқа воситасигина бўлганда эди. У жуда оддий, содда ва қашшоқ бир нарсага айланган буларди. Ҳолбуки, тил бемисил бой, сеҳр-у синоатга, руҳ-у руҳониятга, кўрк - у комилликка лиммо - лим бир хилқатдир. Чинаккам нутқ маданияти эса тилни ана шундай рангин хилқат тарзида идроқ этиш асосида шаклланади. Аниқки, нутқ маданияти жамият маданий - маърифий тараққиётининг, миллат маънавий камолотининг муҳим белгисидир. Ҳақиқий маънодаги маданий нутқ шахс умуммаданий савиясининг фавқулодда муҳим унсурларидан биридир. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда маънавий - маърифий ислохотлар давлат сиёсатининг устувор йўналиши деб эълон қилинган бугунги кунда нутқ маданияти кўникмалари ва малакаларини ошириш, таълим жараёнларининг барча босқичларида маданий нутқ муаммоларини етарли даражада назарда тутиш ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этганлиги бежиз эмас. Республикамизнинг «Давлат тили ҳақида» ги, «Таълим тўғрисида» ги қонунлари, Кадрлар тайёрлаш бўйича Миллий Дастур ва бошқа жуда кўплаб ҳужжатларда маънавий - маърифий тарбия, тил масалаларига алоҳида аҳамият берилган. Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси, ҳар қандай мутахассис, замон билан ҳамқадам кадр, энг аввало, ўз она тилисининг собит соҳиби бўлмоғи лозим. Президентимиз И.Каримов ҳам ўз нутқларида шундай таъкидлаганлар: «Ўз фикрини мутлақо мустақил, она тилида равон, гўзал ва лўнда ифода эта олмайдиган мутахассисни, авваломбор, раҳбар курсисида ўтирганларни бугун тушунинг ҳам, оқлаш ҳам қийин». Фикрни она тилида мустақил, равон, гўзал ва лўнда ифода этмоқ учун одамда нутқий маданият етарли даражада бўлмоғи лозим. Зеро,нутқ маданияти тилдан бемалол ва мақсадга ўта мувофиқ тарзда фойдалана олишни таъминлайдиган кўникма, малака ва билимларнинг жами демакдир. Нутқнинг маданийлигини таъмин этадиган тўғрилик, аниқлик, мантиқийлик, ифодалилик, бойлик, софлик каби бир қанча сифатлар мавжуд. Ана шу коммуникатив сифатларнинг барчасини ўзида мужассамлаштирган нутқ маданий нутқ ҳисобланади. Албатта, нутқнинг тўғрилиги, яъни унинг адабий тил меъёрларига қатъий мослиги маданий нутқнинг асосий, марказий сифатидир. Аммо ҳар қандай тўғри нутқ маданий бўлавермайди. У юқорида айтилган бошқа коммуникатив сифатларга эга бўлгандагина чин маънодаги маданий нутқ атамасини олади. Шунга қарамасдан, узоқ вақтлар бизнинг таълим тизимимизда, асосан, нутқнинг тўғрилигигагина диққат қилинди, шу сифатни ўргатишга зўр берилди. Россияда Пётр I замонида шундай фармон чиқарилган экан, унга кўра жисмоний ёки нутқий нуқсонга эга бўлган одам, ҳар қанча етук мутахассис бўлмасин, дарс бериш учун синфга киритилмаган. Дунёда боладай зийрак тақлидчи ва танқидчи йўқ, шунинг учун «жонли кўргазмали қурол» ҳар жиҳатдан тўкис ва тугал бўлиши лозимлиги оддий мантиқнинг талабидир. Ўқитувчининг асосий қуроли «кетмони» унинг тили, нутқи экан, бу қурол самарали ишламоғи учун у ўткир бўлиши керак, шунинг учун «Ўқитувчи нутқ маданияти» фани фақат филология факультети талабаларигагина эмас, балки ҳар қандай фан ўқитувчиларини тайёрлайдиган факультетларда ҳам ўқитиляпти. Хулоса қилиб айтганда, нутқ маданияти муаммоларини илмий асосда ўрганишни янада чуқурлаштириш ҳам бугунги кунда алоҳида долзарблик касб этди. Бу борада анчагина ишлар қилинган. Аммо ҳали қилинадиган ишлар жуда кўп. Мустақиллик шарофати билан эркин тараққиёт йўлига тушиб олган тилимизнинг ўз табиатига хос мезонларни тайин этиш унуттирилган бойликларни тиклаш, софлигини таъминлаш тамо-йилларини такомиллаштириш, бир неча минг -йиллик маданиятимиз тарихидаги нутқий одоб анъаналарини ўрганиш, сўзни беназир неъмат сифатида ардоқлаган улуғ аждодларимизнинг улкан меросини бор бўйича кўрсатиб бериш ўқитувчилар ва бўлажак ўқитувчилар олдида турган муҳим вазифалардир. Фойдаланилган адабиётлар руйхати: 1. Ахмедов А. Нотиклик санъати Т., “Узбекистон”, 1967 й. 2. Бегматов С. Нутк маданияти масалалари Т., “Укитувчи”, 1980 й. 3. Бегматов Э. Нутк маданияти ва адабий норма Т., “Узбекистон”, 1973 й. 4. Бегматов Э., Бобоева А., Асомиддинова М., Умуркулов Б. Узбек нутки маданияти очерклари Т., “Укитувчи”, 1988 й. 5. Бегматов Э., Бобоева А., Асомиддинова М. Адабий норма ва нутк маданияти Т., “Фан”, 1983 й. 6. Бегматов Э. Нотикнинг нодир бойлиги Т., “Узбекистон”, 1980 й. 7. Бегматов Э. Нутк маданияти тушунчаси хакида, “Узбек тили ва адабиёти” журнали, 1975 й., 5-сон 8. Дониёров Х., Йулдошев Б. Адабий тил ва бадиий стиль Т., “Фан”, 1988 й. 9. Жалилов Х. Нотиклик санъати Т., “Узбекистон”, 1976 й.