logo

Иқтисодий ривожланишда иқтисодий мувозанат ва мутаносибликнинг зарурлиги

Yuklangan vaqt:

16.03.2024

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

102.5 KB
Иқтисодий ривожланишда иқтисодий мувозанат ва мутаносибликнинг зарурлиги Режа: 1. Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар ва унинг иқтисодий мувозанатга таъсири . 2. Иқтисодий мутаносибликлар ва уларнинг турлари. 3. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишини қайта қуриш жараёнида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш муаммолари. Асосий таянч тушунчалар: Иқтисодий мувозанат, хусусий мувозанат, умумий мувозанат, иқтисодий мутаносиблик, тармоқлараро мутаносиблик, тармоқ ичидаги мутаносиблик, ҳудудий мутаносиблик, давлатлараро мутаносиблик Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар ва унинг иқтисодий мувозанатга таъсири Иқтисодиёт барқарор ривожланиши учун унинг турли томонлари ўртасида маълум мувозанат бўлишини тақозо қилади. Иқтисодий мувозанат деб иқтисодий жараёнлар, ҳодисаларнинг икки ёки бир неча томонининг бир-бирига тенг келган ҳолатига айтилади. Шунинг учун ҳам бутун иқтисодиётнинг мувозанати тўғрисида гап борганда энг аввало ялпи талаб ва ялпи таклиф ўртасидаги тенглик эътиборга олинади. Макроиқтисодиётда иқтисодий мувозанатнинг шаклланиш жараёни, уни таъминлаш анча мураккаб ва зиддиятли. Чунки у ўз ичига хусусий ва умумий тавсифдаги бир қатор мувозанатлар тизимини олади. Хусусий мувозанат — бу иккита ўзаро боғлиқ бўлган иқтисодий кўрсаткичлар ёки иқтисодиёт томонларининг миқдоран тенг келиши. Хусусий мувозанат ишлаб чиқариш ва истеъмол, аҳолининг сотиб олиш лаёқати ва товар таклифи масалалари, бюджет даромадлари ва харажатлари, алоҳида товарларга талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанат кўринишида намоён бўлади. Бу мувозанатлар ичида Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов таъкидлаб ўтганларидек: «...ички бозорда талаб билан таклиф ўртасида мутаносибликка эришиш, яъни чиқарилган пул миқдори билан унга сотиб олинадиган моллар салмоғи ўртасида тўғри нисбатни таъминлаш ғоят катта роль ўйнайди». Умумий мувозанат жамият барча эҳтиёжлари ва миллий ишлаб чиқариш ҳажмининг ўзаро тенг келишини билдиради. Умумий иқтисодий мувозанат бозор шароитида, аввало, ялпи талаб ва ялпи таклифнинг тенг келишида кўринади. Бу нафақат истеъмол неъматларига, балки ишлаб чиқариш воситаларига, ишчи кучига ҳамда барча иқтисодий фаолият натижаларига умумий талаб ва таклифнинг мувофиқ келишидир. Умумий иқтисодий мувозанат бир қатор шарт-шароитларни тақозо этади. Биринчидан, бу ижтимоий мақсадлар ва иқтисодий имкониятларнинг мос келишидир. Иккинчидан, иқтисодий мувозанат мамлакатдаги барча иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланадиган хўжалик механизмини тақозо қилади. Учинчидан, мувозанатли ишлаб чиқаришнинг умумий таркибий тузилиши истеъмолнинг таркибий тузилишига мос келиши лозимлигини билдиради. Тўртинчидан, иқтисодиётда мувозанатнинг умумий шарт-шароитлари бўлиб бозор мувозанати, яъни барча асосий бозорлар (товарлар, ресурслар, ишчи кучи ва ҳоказолар) да талаб ва таклиф мувозанатга эришиши хизмат қилади. Иқтисодий мувозанат эркин рақобат бозорида барча харидорлар тенглиги, иқтисодий вазият барқарорлиги каби қатор шарт-шароитларни ҳам тақозо қилади. Реал ҳаётда иқтисодиёт доимий ҳаракатда ва тўхтовсиз ривожланиш ҳолатида бўлади. Иқтисодий цикл фазаларида, бозор конъюнктураси, бозор субъектлари даромадлари ва талаби таркибида ўзгаришлар рўй бериб туради. Буларнинг ҳаммаси мувозанат ҳолатини турғун иқтисодиётдаги шартли умумий мувозанат сифатида қараб чиқишни тақозо қилади. Шундай қилиб, макродаражада умумий иқтисодий мувозанат - бу мамлакат бутун иқтисодиётнинг мутаносиблигидир. Бу барча соҳалар, тармоқлар, хўжаликларнинг меъёрида ривожланишини таъминлайдиган иқтисодий фаолиятнинг барча қатнашчилари ҳамда барча бозордаги ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тақозо қиладиган мувозанатлар тизимини ўз ичига олади. Иқтисодий мутаносибликлар ва уларнинг турлари Иқтисодий мутаносибликларни бу каби турли кўринишдаги туркумлашлар бошқа манбаларда ҳам кўплаб учрайди. Шунга кўра, уларнинг барчасини умумлаштириб мутаносибликнинг қуйидаги гуруҳлари таркибига киритиш мумкин. 1. Умумиқтисодий тавсифдаги мутаносибликлар. Бунга миллий даромаддаги таркибий қисмлар: истеъмол фонди ва жамғариш фонди ўртасидаги; иқтисодиётдаги товар ва хизматлар массаси билан пул массаси ўртасидаги; аҳолининг даромадлари билан харажатлар ўртасидаги мутаносибликларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. 2. Тармоқлараро мутаносибликлар. Миллий иқтисодиётнинг мувозанатини таъминлашда тармоқлараро мутаносибликлар алоҳида ўрин тутади. Мамлакат халқ хўжалиги жуда кўп тармоқ ва соҳалардан иборат бўлиб, уларнинг ривожланиши бир-бири ни тақозо қилади. Бир тармоқда яратилган маҳсулот бошқа тармоқда истеъмол қилинади ёки пировард маҳсулотга айлантирилиб, ўз истеъмолчисини топади. Масалан, қишлоқ хўжалик маҳсулотларнинг кўпчилик қисми (пахта, ғалла, пилла, сут ва ҳ.к.) саноатнинг тегишли тармоқларида қайта ишланиб, пировард маҳсулотга айлантирилади ва истеъмолчилик товарлари бозорига чиқарилади. Ўз навбатида саноатнинг ишлаб чиқариш воситалари яратадиган соҳаларнинг маҳсулотлари халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари (қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва ҳ.к.) да унумли истеъмол қилинади. Бу уларнинг бир- бирига боғлиқликда ривожланишини тақозо қилади. Тармоқлараро мутаносибликларга саноат билан қишлоқ хўжалиги ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқлари ўртасидаги мутаносибликлар мисол бўлади. 3. Тармоқ ичидаги мутаносибликлар. Тармоқлараро мутаносиблик ва миллий ишлаб чиқариш даражасидаги мувозанатлик тармоқлар ичидаги мутаносиблик орқали таъминланади. Тармоқлар ичидаги мутаносиблик алоҳида олинган тармоқ таркибидаги соҳа ва ишлаб чиқаришлар ўртасидаги боғлиқликни ифодалайди. Масалан, саноатнинг ишлаб чиқариш воситалари ва истеъмол буюмлари ишлаб чиқарадиган соҳалари, қишлоқ хўжалигининг дехқончилик ва чорвачилик соҳалари ўртасидаги мутаносибликлар ва ҳ.к. Шу билан бирга таъкидлаб ўтилган соҳаларнинг ичидаги таркибий бўлинмалар ўртасида ҳам боғлиқлик бўлиши зарур. Масалан, саноатнинг қазиб олиш ва қайта ишлаш тармоқлари, чорвачиликнинг сут ва гўшт ишлаб чиқариш соҳалари ўртасида ва бошқалар 4. Ҳудудий (территориал) мутаносибликлар. Иқтисодий ривожланиш мамлакат айрим ҳудудлари ўртасидаги боғлиқликни ҳам тақозо қилади. Юзаки қараганда ҳудудлар ўртасидаги мутаносибликларнинг мамлакат иқтисодий ривожидаги роли тўлиқ намоён бўлмайди. Лекин алоҳида ҳудудий бўлинмалар (вилоят, туман, шаҳар ва бошқа ҳудудий бирликлар)нинг бир- бирига иқтисодий ва ташкилий жиҳатдан боғлиқлиги, ихтисослашиш, ишлаб чиқариш кооперацияси ва коммуникация нуқтаи-назаридан қаралса, бу боғлиқликнинг аҳамияти яққол кўринади. 5. Давлатлараро мутаносибликлар. Бу мутаносибликни икки ҳолат тақозо қилади. Биринчидан, дунёнинг кўпчилик мамлакатлари халқаро меҳнат тақсимоти орқали бир-бири билан боғланган, иккинчидан, шу боғлиқлик орқали миллий ишлаб чиқаришнинг бир қисми чет элликлар томонидан харид қилинади ёки миллий ишлаб чиқарувчилар ўз истеъмолининг бир қисмини четдан келтирилган маҳсулотлар ҳисобига қондиради. Қараб чиқилган мутаносибликларга эришиш орқали миллий ишлаб чиқаришнинг мувозанатли ривожини таъминлаб боришдан қуйидагилар кўзда тутилади: - мамлакатда мавжуд бўлган иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда жамиятнинг эҳтиёжларини тўлароқ қондириб бориш; - тўла бандлиликка эришиш, яъни меҳнат қилишга лаёқатли бўлган ва ишлашни хоҳлаганларни тўлиқ ва самарали иш билан таъминлаш; - нарх-навонинг нисбий барқарорлигига эришиш ва уни инфляция таъсиридан холи қилиш; - иқтисодиётнинг бир маромда ўсиб боришини етарли даражада инвестиция билан таъминлаш ва муомаладаги пул массасига боғлаб бориш. Бу мақсадлар фақатгина уларга интилиш бўлиб, бунга эришиш муқаррар эканлигини билдирмайди. Чунки мутлоқ мувозанатга эришиш мумкин эмас, у бузилиб ва қайтадан тикланиб туриши орқали иқтисодий ўсиш нотекис боради. Иқтисодиёт ўта мураккаб, серқирра ва турли жиҳатларни қамраб олувчи ўзига хос тизимдир. Иқтисодиётнинг самарали амал қилиши ва ривожланиши мана шу тизим таркибий қисмларининг ўзаро уйғунлик ва мувофиқликдаги ҳаракатига боғлиқ. Бундан кўринадики, иқтисодий мутаносиблик иқтисодиётнинг турли томонлари ва соҳалари ўртасида амал қилиб, уларнинг мақсадга мувофиқ ҳаракатини тартибга солади. Ўзбекистонда ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишини қайта қуриш жараёнида макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш муаммолари Ўзбекистон мустақилликка эришишдан олдин республикада ишлаб чиқарилган пахта толаси асосан Россиянинг марказий шаҳарларида қайта ишланиб ва пахтамиздан олинадиган газмол ва тикувчилик маҳсулотларини четдан олиб келишга мажбур эдик. Ўзбекистон ресурсларга бой мамлакат бўла туриб, иқтисодий тараққиётда кўпгина Шарқ мамлакатларидан орқада қолиб кетди. 1990 йили аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш бўйича дунёда 75-80 ўринни эгаллади, ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати, унинг таркибий структураси, таркибининг янгиланиши, яъни диверсификацияси жиҳатидан дунё талабларидан анча орқада қолди. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариши кўп жиҳатдан аграр хомашё характерига эга эди ва саноати яхши ривожланмади. 1960-1990 йиллар ичида саноатнинг миллий даромадни яратишдаги ҳиссаси ўзгармади. Вужудга келган номутаносибликлардан яна бири йирик, ўрта ва майда корхоналар ўртасидаги нисбатдир. Собиқ иттифоқ вазирлик ва маҳкамалари томонидан барпо қилинган корхона ва бирлашмалар асосан улкан ҳажмли бўлиб, йирик ишлаб чиқаришга мўлжалланган эди. Бу, албатта, республикада саноат ишлаб чиқаришнинг анъанавий турларини ривожлантириш, меҳнат жамоаларининг ҳаракатчанлик қобилиятини ошириш, бозор конъюнк- турасига тезкор мослашув каби талабларга жавоб бермасди. Ўзбекистон иқтисодиётида 1970-1980 йиллар мобайнида бутун саноат маҳсулоти миқдорида ишлаб чиқариш воситалари ишлаб чиқаришнинг ҳиссаси бир оз камайиб, истеъмол буюмлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсганлигига қарамасдан, таркиб топган бу нисбатни мақсадга мувофиқ деб ҳам бўлмайди. Истеъмол буюмлари ишлаб чиқариш бундан ҳам юксакроқ ривожланиши керак. Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шундан далолат беради. Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқаришида вужудга келган номутаносибликлардан яна бири - қазиб олувчи ва қайта ишловчи тармоқлар ривожланиши ўртасидадир. Минерал хомашёларнинг катта қисми қайта ишланмаган ёки ярим тайёр маҳсулот ҳолида республикадан чиқиб кетарди. Кўпгина тоғ-руда комбинатлари хомашёни қайта ишлашнинг паст даражаси билан ажралиб турарди. Бунинг сабаби шуки, иттифоқ аҳамиятидаги улкан корхоналар қазиб олувчи саноатни республика ичкарисида минерал хомашёни чуқур қайта ишлашга, вертикал интеграция жараёнини, диверсификацияни ривожлантиришга эмас, балки хомашё чиқаришга бўйсундирган. 80-йилларнинг охирига келиб, Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида ҳам мураккаб вазият ва номутаносибликлар вужудга келди. Деҳқончиликда, чорвачиликда суръат пасая бошлади. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш даражаси борган сари унинг техник жиҳозлаш суръатларидан ҳам, аҳолининг табиий ўсиш суръатларидан ҳам орқада қола бошлади. 1980-1990 йиллар да ялпи қишлоқ хўжалик маҳсулоти ишлаб чиқариш суръати республикада аҳоли табиий ўсиши суръатидан икки марта, асосий ишлаб чиқариш фондлари билан таъминлашдан уч мартадан зиёд паст бўлди. Табиийки, бундай шароитда асосий муаммо мўл-кўлчилик, ички озиқ- овқат бозорини шакллантириш, ортиқчасини ташқи бозорга олиб чиқиш эмас, аҳолини минимал зарурий истеъмол маҳсулотлари билан таъминлаш бўлиб қолади. 1980-1991 йиллар ичида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқа-риш ҳаммаси бўлиб 8,9 фоизга ўсди. Бу мамлакат аҳолиси ўсишидан ҳам, қишлоқ хўжалигини асосий фондлар билан таъминлаш ва капитал сармоялар сарфидан ҳам паст кўрсаткичдир. 1980-1991 йиллар мобайнида пахта хомашёси ва толаси, ғалла ишлаб чиқариш пасайди. Буни қуйидаги 1- жадвалдан кўриш мумкин. 1-жадвал Ўзбекистонда 1980-1991 йилларда қишлоқ хўжалик экинларининг ялпи йиғим-терими, (барча турдаги хўжаликларда, минг тонна) Йиллар пахта ғалла картошка сабзавот хомашё тола 1980 5579,0 1623,5 2435,4 239,0 2459,1 1985 5381,8 1727,7 1471,3 240,7 2385,6 1990 5057,7 1592,6 1898,7 336,4 2842,5 1991 4645,8 1443,2 1908,2 351,2 3348,0 1980-1991 йил- ларда ўсиш, % 83,3 88,9 78,3 146,2 136,0 Пахтачиликда бу ҳодиса асосан икки сабабга кўра рўй берди. Биринчидан, пахта майдонлари бошқа экинлар, жамоа ва давлат хўжалик- лари ишчиларининг шахсий томорқа хўжалиги ҳисобига қисқартирилди. Иккинчидан, ҳосилдорликнинг пасайиши ҳам унинг ялпи йиғим-терими миқдорига салбий таъсир кўрсатди. Fаллачиликда ҳам пасайиш ҳосилдорлик ҳисобига бўлди. Картошка ва сабзавот ишлаб чиқариш анча ўсди. Бу ўсиш экин майдонларини кенгайтириш (экстенсив йўл) ҳисобига таъминланди. жадвал Ўзбекистондаги барча хўжалик турлари бўйича 1 гектар ердаги экинлар ҳосилдорлиги, (центнер ҳисобида) Йиллар пахта ғалла картошка сабзавот хомашё тола 1980 29,7 8,6 20,7 100 221 1985 27,0 8,7 15,1 90 199 1990 27,6 8,7 18,8 80 192 1991 27,0 8,4 17,3 87 188 1980-1991 йил-ларда ўсиш, % 90,0 97,7 83,6 87,0 85,1 жадвалдан кўриниб турибдики, асосий қишлоқ хўжалик экинлари бўйича ҳосилдорлик пасайди. 1980-1990 йиллар мобайнида барча хўжалик тоифаларида чорвачилик маҳсулотларини етиштириш сезиларли ўсганини таъкидлаш ўринлидир. Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги аянчли ҳолатга тушиб қолган эди. Бунинг сабаблари анчагина. Энг аввало, шуни таъкидлаш лозимки, бу ерда қарор топган ишлаб чиқариш таркиби озиқ-овқат маҳсулотларини мўл-кўл қилишга эмас, балки саноат марказларини арзон хомашё билан таъминлашга, марказий маҳкамалар иродасини бажаришга қаратилган эди. Шунинг учун ҳам, деҳқончилик экинлари орасида асосий ўринни техника экинлари жумладан, пахта эгаллаб келди. Жаҳондаги тараққий этган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, саноатсиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириб бўлмайди. Қишлоқ хўжалигининг қолоқлиги саноатнинг ночорлиги билан, унинг тараққиёт даражаси билан белгиланади. Саноат ночор бўлса, қишлоқ хўжалиги ҳам ночор бўлади. Ўзбекистон Республикасида 1991 йилгача ижтимоий меҳнат тақсимо- тига кўра, пахта толаси ишлаб чиқаришга нисбатан юқори даражада ихти- сослашган эди. Масалан, ушбу даврларда пахта майдонлари республиканинг умумий экин майдонларининг 75 фоиздан кўпроқ қисмини ташкил этар эди. Президентимиз И.Каримов сўзларига кўра, «жаҳонни бирорта мамлакатида, ерни яроқсиз ҳолатга олиб келадиган унинг унумдорлиги, кимёвий тарки- бини бузадиган бундай юқори даражадаги пахта монополияси бўлмаган». Юқорида баён этилган иқтисодиётдаги салбий ҳолатлар аҳоли турмуш даражасига ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Ўзбекистоннинг ЯИМни аҳоли жон бошига ишлаб чиқариш кўрсат-кичи бўйича собиқ республикалардан бундай орқада қолишининг асосий сабабларидан бири - собиқ иттифоқдаги субъектив тарздаги нотўғри ҳудудий меҳнат тақсимотидир. Ўзбекистон иттифоқнинг асосий пахта базаси, ипакчилик, қоракўлчилик ва бошқа маҳсулотларнинг асосий ишлаб чиқарувчиси бўлиб, уларни хомашё тарзида четга чиқарган. Бу тармоқларда эса, қўл меҳнатининг улуши юқори бўлиб, меҳнат унумдорлиги эса паст даражада бўлган эди. Давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши билан Ўзбекистон учун иқтисодий ва ижтимоий тараққиётнинг кенг истиқболлари очилди ва ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш йўли танлаб олинди. Республикада барқарор иқтисодий ўсиш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш учун иқтисодиётимизнинг таркибий тузилишида туб ўзгаришлар қилиш муҳим вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. Иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни амалга оширишда асосан икки муҳим муаммони ҳал этишга эътибор қаратилиши лозим. Биринчидан, мустақил давлатчиликни шакллантирган ҳолда бозор иқтисодиёти инфратузилмасини вужудга келтириш; иккинчидан жамият аъзоларининг яшаши ва меҳнат қилишлари учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратишдан иборат. Адабиётлар : 1. Mc Connell, Brue. Economics. 17 th edition. Mcgraw-hill/Irwin, USA, 2014. 2. N.Gregory Mankiw. Principles of Economics, 7th edition. Amazon, USA 2016. 3. Paul A. Samuelson, William D. Nordhaus. Economics. 19th Edition. McGraw-Hill Companies. USA. 2015. 4. Шодмонов Ш.Ш., Ғофуров У.В. Иқтисодиёт назарияси. Дарслик. - Т.: Iqtisod - moliya , 2010. - 728 бет. 5. Мамбетжанов Қ.Қ. Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт назарияси. Ўқув қўлланма. Т.: ТДИУ, 2015. 6. Макконнел К.Р., Брю С.Л. Экономикс: принципы, проблемы и политика: Учебник. / 17-изд. - М.: ИНФРА-М, 2009. - 916 с. 7. Нуреев Р.М. Экономическая развития: модели становления рыночной экономика: Учебник. / 2-е изд., перераб и доп. - М.: «НОРМА», 2008. - 640 с. 8. Самуэлсон Пол Э., Нордхаус Вильям Д. Экономика.: Учебник. / 18-е изд.: Пер с англ. -М.: ООО «ИД.Вильямс», 2009. - 1360 с. У