logo

Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг фуқаролик процессуал ҳуқуқлари ва уларга ҳуқуқий ёрдамлар

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

49 KB
Режа: 1. Чет эл фуқароларининг ва ташкилотларининг фуқаролик процессуал ҳуқуқлари 2. Ҳуқуқий ёрдамлар 3. Чет эл судлари ва арбитражларининг ҳал қилув қарорини ижро этиш Чет эл фуқароларининг ва ташкилотларининг фуқаролик процессуал ҳуқуқлари ФПКнинг 386-391-моддаларида белгиланганидек, чет эл фуқаролари, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи, аммо фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар ва республика фуқаролари билан бир қаторда фуқаролик процессуал ҳуқуқлардан фойдаланадилар. Чет эл корхоналари ва ташкилотлари ҳам Ўзбекистон Республикаси судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар ва ўзларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун фуқаролик процессуал ҳуқуқларидан фойдаланадилар. Чет давлатларда Ўзбекистон фуқароларининг процессуал ҳуқуқларини чеклашга йўл қўйилиши мумкинлигини эътиборга олиб, фуқаролик суд ишларини юритиш фуқароларнинг, корхона ёки ташкилотларнинг фуқаролик процессуал ҳуқуқларини махсус чеклаган давлатларга жавобан қонун уларнинг фуқароларига, корхона ва ташилотларига нисбатан ҳам шундай чеклашларни белгилаши мумкин. Бу қонунга мувофиқ чет эл давлатларига даъво қўзғатишга, даъвони таъминлашга ва чет давлатнинг Республикадаги мулкидан ҳақ ундиришга фақат тегишли давлатнинг ваколатли органлари руҳсати билангина йўл қўйилиши мумкин. Чет давлатларининг Республикадаги дипломатик вакилларини ҳамда тегишли қонунлар ва битимларда кўрсатилган бошқа шахсларни фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси судига чақиришга фақат халқаро ҳуқуқ нормаларида ёки тегишли давлатлар билан бирга бўлган битимларда белгиланган доиралардагина йўл қўйилади. Дипломатлар суд ишлари бўйича гувоҳлик беришга мажбур эмаслар. Хорижий давлатларининг ва уларнинг вакилларининг юқорида кўрсатилган ҳуқуқлари ва имтиёзлари Республикада бакамтилик шартлари билангина, яъни ҳудди шундай ҳуқуқ ва имтиёзлар ўша давлатларда Ўзбекистон давлатига ва унинг вакилларига берилганидагина таъминланади. Акс ҳолда Республика Вазирлар Маҳкамаси ёки бошқа ваколатли орган томонидан ўша давлатга, унинг мулкига ёки ўша давлат вакилига нисбатан шундай жавоб чоралари кўриши мумкин. Чет эл судларининг судга доир топшириқларини ижро этиш ва Ўзбекистон Республикаси судларининг чет эл судларига топшириқ билан мурожаат қилиш тартиби ФПКнинг 390-моддасида белгиланган. Бу қонунда кўрсатилишича, Ўзбекистон Республикаси судлари чет эл судларининг айрим процессуал ҳаракатларни (чақирик хатлари ва бошқа ҳужжатларни топшириш, тарафлар ва гувоҳларни сўроқ қилиш, экспертиза ўтказиш, жойига бориб кўриш ва бошқаларни) бажариш тўғрисида белгиланган тартибда берган топшириқларини ижро қиладилар. Бундай топшириқларни ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига зид келадиган ёки Ўзбекистон Республикасининг хавфсизлигига тахдид соладиган; топшириқни ижро этиш суднинг ҳуқуқ доирасига кирмайдиган ҳолатлар мустаснодир яъни ижро этилмайди. Чет эл судларининг айрим процессуал ҳаракатларни ижро этиш тўғрисидаги топшириқлари Ўзбекистон қонунлари асосида бажарилади. Ўзбекистон Республикаси судлари чет эл судларига айрим процессуал ҳаракатларни ижро этиш тўғрисида топшириқ билан мурожаат қилишлари мумкин. Ўзбекистон Республикасининг судлари чет эл судлари билан муносабатда бўлиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро битимлари билан белгиланади. Ҳуқуқий ёрдамлар Ҳар бир давлатнинг юстиция органлари ўз фаолиятларини ўз мамлакатлари доирасидагина тўла ҳажмда амалга оширишлари мумкин . Чет мамлакатларда процессуал ҳаракатларнинг қайси мамлакат ҳудудида амалга оширилиши лозим бўлса, фақат шу мамлакат давлатининг розилиги билангина ва унинг ҳуқуқий ташкилотлари ёрдами билангина амалга оширишлари мумкин. Чет давлат фуқаролари ва юридик шахслари бошқа давлатнинг суд органларида ҳаракат қилишларида шартнома ёки битимлар асосида ҳуқуқий ёрдам оладилар. Ҳуқуқий ёрдам деганда шахсий ва мулкий ҳуқуқ, оила ва ворислик ҳуқуқи нормалари, чет давлат фуқаролари ёки корхоналари ва ташкилотлари иштирок этаётган ишларнинг бирон-бир ташкилотга ёки судга тааллуқли бўлишлиги, мулкий низолар ҳамда номулкий характердаги ишлар бўйича ҳуқуқларнинг тан олиниши ва суд қарорларининг ижро этилишини тартибга соладиган нормалар тушунилади. Ўзбекистон Республикаси билан бошқа чет давлатлар ўртасида ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими ўз ичига: биринчидан, фуқаролик, оилавий ишлар ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида ҳамдўстлик мамлакатлари билан тузилган шартномаларни; иккинчидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси билан ўзаро битимлар тузмаган давлатларнинг судлари томонидан фуқаролик ишлари бўйича бериладиган топшириқларни; учинчидан, фуқаролик ишлари бўйича суд топшириқларини бажариш тўғрисида хорижий давлатлар билан тузилган шартномаларни олади. Фуқаролик, оилавий ишлар ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдамлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар барча ҳамдўстлик давлатлар билан тузиш учун тадбирлар белгиланмоқда. Ҳамдўстлик давлатлар ўртасида тузилган ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар мамлакатлар, фуқаролар ҳамда юридик шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи юридик манба сифатида муҳим аҳамиятга эгадир. Бу шартномалар ҳамдўстлик давлатлари ўртасида одил судловни амалга ошириш, ҳуқуқий тартиботни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқ нормаларини унификация (бир хил) қилишда муҳим аҳамиятга эга. Ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар тўла тенг ҳуқуқлилик, ҳудудий дахлсизлик, давлатнинг суверенитети ва бир-бирларининг ички ишларига аралашмаслик ва манфаатларининг ўзаро ҳисобга олиниши принциплари асосида тузилган бўлиши лозим. Ҳамдўстлик давлатлари билан ҳуқуқий ҳамкорлик муносабатларни ривожлантиришда бу шартномалар ҳуқуқ тартиботни мустаҳкамлашга, одил судловни тўғри амалга оширишда катта роль уйнайди. Фуқаролик, оила ва меҳнат масалаларидан келиб чиққан низолар бўйича ишларни ҳал қилишда, агар ўзаро келишилган давлатларнинг фуқаролари ёки корхона ва ташкилотлари қатнашсалар, шунингдек, юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда (агар бу фактларни белгилашнинг бошқача тартиби қонунда назарда тутилмаган бўлса), чет эл фуқароларини бедарак йўқолган деб топиш ва уни ўлган деб эълон этиш, фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни ҳал қилишда чет мамлакат судларининг қарорларини ижро этиш бўйича суд топшириқларини бажаришда тегишли ҳамдўстлик давлатларининг қонунлари тадбиқ этилади. Хорижий давлатнинг судлари томонидан берилган топшириқни бажарувчи Ўзбекистон Республикаси суди, агар бундай топшириқ Ўзбекистон Республикаси қонунларига хилоф бўлмасагина, мазкур давлатнинг процессуал ҳуқуқ нормаларини тадбиқ этиши мумкин. Фуқаролик ишлари бўйича чет давлат фуқаролари ёки хорижий корхоналар ва ташкилотлар фуқаролик ишларида қатнашганларида иш юритишнинг асосий масаласини- хорижий давлатнинг моддий ҳуқуқий нормаси тўғрисида масала бўлади. Хорижий давлатларнинг фуқаролари ва ташилотлари иштирок этган фуқаролик ишларини ҳал қилиш учун чет мамлакатларнинг моддий ҳуқуқ нормаларининг тадбиқ этилиши асослари ва шартларини, уларнинг мазмунини аниқлаш тартибини процессуал нормаларнинг тадбиқ этилишини, бу нормаларнинг нотўғри тадбиқ этилишининг процессуал оқибатларини билиш зарур. Чет эл фуқаролари ва ташкилотлари иштирок этган фуқаролик ишларини ҳал қилишда суд қонунга мувофиқ чет эл ҳуқуқ нормаларини ҳам тадбиқ этади. Агар Ўзбекистон Республикаси иштирок қилган халқаро шартномада ёки халқаро битимда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунларида назарда тутилган қоидаларга қараганда бошқача қоидалар белгиланган бўлса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам ҳудди юқоридаги қоида- халқаро шартнома қоидалари тадбиқ этилади (ФПКнинг 3-моддаси). Чет эл судлари ва арбитражларининг ҳал қилув қарорини ижро этиш Ўзбекистон Республикасида чет эл судлари ва арбитражларининг қарорларини ижро этиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлар билан тузган тегишли битимлари билан белгиланади. Чет эл суди ёки арбитражининг ҳал қилув қарори шу ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил ичида мажбурий ижрога топширилиши мумкин. Ижро этиладиган қарорлар процессуал қонунга мувофиқ чиқарилган бўлиши керак (ФПКнинг 391-модддаси). Суд қарорларининг мажбурий равишда ижро этилишини сўраб берилган илтимосномада тубандагилар: 1-дан, ҳақ ундирувчининг номи, агар илтимоснома вакил томонидан берилса-бу вакилнинг номи, доимий ёки вақтинча турар жойи; 2-дан, қарздорнинг номи ва унинг доимий ёки вақтинча турар жойи; 3-дан, қарорнинг мажбурий равишда ишро этишга руҳсат берилиши тўғрисида ҳақ ундирувчининг илтимоси кўрсатилади. Илтимосномага тубандагича ҳужжатлар: 1-дан, суд қарорининг тўла матни; 2-дан, агар қарор мазмунидан маълум бўлмаса, қарорнинг қонуний кучга кирганлиги тўғрисидаги расмий ҳужжат; 3-дан, процессда иштирок этган жавобгарга судга чақириш тўғрисидаги хатнинг топширилганлиги тўғрисидаги ҳужжат; 4-дан, юқорида кўрсатилган ҳужжатларнинг тасдиқланган таржималари, шунингдек, илтимосноманинг тасдиқланган таржимаси илова қилинади.