logo

Илмий тадкикот методологияси фанининг максад ва вазифалари. фан ва ижод ҳақида асосий тушунчалар

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

56.5 KB
Илмий тадқиқот методологияси фанининг мақсад ва вазифалари. фан ва ижод ҳақида асосий тушунчалар Режа: 1. Кириш. «Илмий тадқиқот методологияси» фанининг мақсади ва вазифалари. 2. Асосий таъриф ва тушунчалар 3. Метод ва методология Кириш. «Илмий ТАДҚИҚОТ методологияси» фанининг мақсади ва вазифалари. «Илмий тадқиқот методологияси» фанининг мақсади– магистрант талабаларга илмий тадқиқотларнинг асосий тушунчалари, таърифлари, усуллари ва босқичлари ҳақида назарий билимларни бериш, уларни илмий тадқиқотларни олиб бориш методологияси, экспериментларни бажариш усуллари, олинган натижаларини ишлаб чиқиш ва таҳлил этиш методлари, уларни расмийлаштириш ва амалиётга татбиқ этиш усуллари билан таништиришдан иборатдир. Ушбу фанни ўзлаштирган талаба ўз илмий соҳаси бўйича илмий тадқиқот ишларини бажариш, магистрлик диссертацияси мавзуси бўйича илмий изланишларни олиб бориш методларини, тажриба натижаларини таҳлил қилишни, хулосалар чиқаришни, амалиётга тадбиқ этишни, ўрганилаётган объектнинг математик моделини тузишни ўзлаштириб олади. Асосий таъриф ва тушунчалар Фан - инсон фаолияти соҳаси бўлиб, унинг вазифаси борлиқ ҳақидаги объектив билимларни ишлаб чиқиш ва назарий томондан тизимлаштириш ҳисобланади. Бу соҳа қуйидагиларни ўз ичига олади: илмий тушунчалар, постулатлар ва аксиомалар, илмий қонунлар, назариялар ва фаразлар, эмперик илмий далиллар, услублар, усуллар ва тадқиқот йўллари тарзидаги узлуксиз ривожланиб борувчи билимлар тизимини; билимларнинг мазкур тизимларини яратиш ва ривожлантиришга йўналтирилган инсонларнинг илмий фаолиятини ва ижодини; инсонлар ижодини илмий меҳнат объектлари, воситалари ва илмий фаолият шароитлари билан таъминловчи муассасани. Фаннинг асосий мақсади –холис дунёни яъни борлиқнинг назарий аксини билиш ва табиатга жамият учун фойдали натижалар олиш мақсадида таъсир кўрсатишдан иборатдир. Постулатлар ва аксиомалар илмий билишнинг бошланғич ҳолати ҳисобланади, улар тизимлаштиришнинг бошланғич шакли бўлиб, таълимот, назария ва ҳ.к. ларнинг асосини ташкил қилади. Таъриф илмий билимни умумлаштириш ва тизимлаштиришнинг олий шаклидир. У мавжуд объектлар, жараёнлар ва ҳодисаларни умумлаштириб идроклашга, шунингдек, янгиларини олдиндан айтиб беришга имкон берувчи тадқиқотларнинг илмий тамойиллари, қонунлари ва усулларини ифодалайди. Илмий билим таркибида илмий қонунлар муҳим аҳамиятга эга. Улар табиат, жамият ва тафаккурдаги энг аҳамиятли, барқарор ва такрорланувчи объектив ички боғлиқликларни акс эттиради. Одатда, илмий қонунлар умумий тушунчалар ва категориялар жумласига киради. Агарда илмий натижага эришишда восита сифатидаги далил материаллари етарлича бўлмаса, унда фараз (гипотеза)дан фойдаланади. Фараз илмий тахмин бўлиб, тажрибада текширишни талаб этади ва назарий жиҳатдан ишончли илмий назария бўлиши учун асосланиши лозим. Фараз ўзининг ривожланиш жараёнида уч босқични босиб ўтади: Далилли материалнинг тўпланиши. Фаразнинг шаклланиши. Амалда синалиши ва тасдиқланиши. Шу тарзда фараз илмий назарияга айланади. Оддий фаразда объектнинг физик хоссалари хақида тахминлар қилинади, кейин эса унинг математик назарияси берилади. Фараз ушбу холларда асосли ҳисобланади: Билиш тамойилларига зид бўлмаса. Аввалдан фанга маълум бўлган қонунларни эътиборга олса, аммо янгиларини уларга яқинлаштириб қурмаган бўлса. Илгари сурилган барча омилларни тушунтириб берса. Уни текшириш мумкин бўлса. У мумкин қадар соддалик асосида қурилган бўлса, (яъни ўзида керак бўлмаган элементларни сақламаса). Мантиққа зид бўлмаса. Маълумки, битта ходиса учун одатда бир эмас, балки бир нечта фаразлар илгари сурилади. Айрим холарда уларнинг баъзилари бир-бирини инкор этади. Бу эса нохуш холат ҳисобланмайди, чунки турли фаразларнинг мавжудлиги турли сохалар бўйича таҳлил қилишни талаб қилади, бу эса илмий умулаштириш жараёнини жиддий тарзда амалга ошириш учун замин яратади. Маълумки маълум бир нарсани исботлаб ёки инкор этиб, олим янгиликни қидиради. Фараз тасдиқланадими ёки йўқми, бунга боғлиқ бўлмаган холда, у хақиқатни изланишига ёрдам кўрсатади. Тўғри бўлмаган фараз ҳам фойда беради, чунки уни инкор этиш жараёнида хақиқатга олиб борувчи йўллар тораяди ва қисқаради. Агар фараз тасдиқланса, у илмий назарияга айланади. Ҳар қандай билим ҳам илмий бўлмайди. Илмий билим ходисаларнинг ўзаро боғланиш ва содир бўлиш қонунларини очиб беради ва уларнинг келгусидаги тараққиёти ҳақида башорат қилади. Илмий билимнинг ҳаққонийлиги амалиётда мутлақо текшириш билан кафолатланади. Илмий назария деб назарий билимларни ташкил қилишнинг энг юқори шаклига айтилади. У маълум бир соҳадаги асосий ғоя ва гипотезаларни ягона бир тизимга бирлаштиради. Назариянинг ҳаққонийлик мезони – бу амалиётдир. Табиат ва жамиятнинг объектив қонунларини билишга асосланган илмий назариялар ушбу қонунлар натижасида келгусида вужудга келадиган ходисаларни олдиндан кўра олиш имкониятини беради. Илмий назария – бу маълум бир ходисалар йиғиндисини тушунтириб берувчи ва илгари сурилган барча қонуниятларни асословчи ва шу сохада очилган қонунларни ягона бир асосга бирлаштирувчи билимлар тизимидир. Масалан: нисбийлик назарияси, квант назарияси, давлат ва хуқуқ назарияси ва х.к. Илмий назариянинг асосий белгиларига қуйидагилар киради: Илмий назария-маълум бир предмет ёки жуда аниқ ва органик тарзда бир- бирига боғланган ходисалар гурухи ҳақидаги билимлардир; Назариянинг асосий белгиси сифатида далилларнинг маълум йиғиндисини тушунтириш, уни оддий тарзда тасвирлаш эмас, балки ундаги қонуниятларнинг кечиши ва ривожланишини очиб бериш хисобланади; Назария башорат қилиш кучига эга бўлиши, жараёнларнинг кечишини олдиндан айтиб бериши керак; Ривожланган назарияда унинг барча бош қонуниятлари ягона бир муқаддимага бирлаштирилиши, ягона асосга эга бўлиши керак. Назария таркибига кирувчи барча қонуниятлар асосланини керак. Илмий назариянинг структураси назариянинг асосидан, унинг якуни ҳисобланган қонунлардан, назариянинг асосий мазмунини очиб берадиган тушунчалардан ва объектив борлиқ тасвири билан инсонлар олдида турган амалий вазифаларни бирлаштирувчи ғоядан ташкил топади. Метод ва методология Ихтиёрий фаннинг асоси методологиядир. Методология термини орқали фаолиятнинг методлари, структураси, мантиқий шаклланиши ва воситаларини ўргатувчи таълимот тушунилади. Махсус-илмий ва фалсафий методологиялар мавжуд бўлиб, махсус –илмий методология ўз навбатида бир неча поғонага бўлинади: умумий ва илмий методологик концепциялар, алоҳидаги махсус фанлар методологияси, тадқиқотлар методикаси. Кимки методологияни яхши билса, у ёки муаммоларни ечиш учун энг мақбул тадқиқот методларини танлай олади, аввалги тадқиқотларнинг натижалари асосида янги илмий назарияни яратиш имкониятига эга бўлади. Билиш жараёни бевосита аниқ ва конкрет методларни талаб қилади, уларнинг йиғиндиси эса ушбу фаннинг тадқиқот методикасини ташкил қилиб, махсус-илмий методологиянинг маълум бир поғонаси ҳисобланади. Илмий тадқиқот ишларига киришишдан аввал, унинг методларини, шаклларини, воситаларини тўғри танлаб олиш ва методикани илмий жихатдан асослаш лозим. Таянч сўз ва иборалир: Фан, ижод, постулат, аксиома, далил, тамойил, таъриф, илмий қонунлар, фараз, амалиёт, назария, методология, метод. Мавзу юзасидан назорат саволлари: Фан ва ижод тушунчаларини изоҳлаб беринг. “Илмий қонунлар” деганда нимани тушунилади? Табиий ва гуманитар фанлар тушунчаларини изоҳланг. Таъриф, фараз, назарий тушунчаларига изох беринг. Фаразнинг ривожланиш босқичларини айтиб беринг. Фараз қайси холларда асосли ғисобланади? Илмий назария ва унинг белгилари. Методология тушунчасини изоҳланг. Тавсия этилаётган адабиётлар 1. Каримов И. Юксак маънавият – енгилмас куч. – Т.: Маънавият, 2008.– 173 б. 2. Перегудов Л.В., Саидов М.Х., Алиқулов Д.Е. Илмий ижод методологияси. –Тошкент: «Молия» нашриёти, 2002. 3. Перегудов Л.. Методология научных исследований. – Ташкент, 2002 4. Тожиев М. ва бошқ. Таълим жараёнида замонавий ахборот технологиялари. – Т., 2001. 5. Грязнов В.М. Методология научного творчества. – М.: РУДН, 2000. 6. Давронов З. Илмий ижод методологияси. – Т.: Иқтисод-Молия, 2007. 7. http:www.geosities.com./tyaglo/ct/index.html. 8. www.casemethod 9. Ruzaniya@ rambler.ru 10. www.Ziyo.net.uz