logo

Тупроқ экологияси, уни тозалаш ва тиклаш биотехнологиялари

Yuklangan vaqt:

25.05.2023

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

22.5224609375 KB
Тупроқ экологияси, уни тозалаш ва тиклаш биотехнологиялари Режа: 1. Тупроқ ҳосилдорлигини ташкил этиш 2. Микроб сенози 3. Тупроқдаги микроббиокимёвий жараёнлар 4. Тупроқ микроббиотехнологияси Тупроқни ифлослантирувчи объектларни назорат қилиш ва баҳолаш атроф муҳит ифлосланиши манбаларини мониторинг қилиш тизимининг таркибий қисми ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудида бевосита дала ишларини амалга ошириш (ўлчовлар ўтказиш ва намуналар олиш) вилоят АНИИларига юкланган, назоратни услубий бошқариш ва натижаларни умумийлаштириш билан АНИДИ тупроқ ифлосланиши мониторинги бўлими шуғулланади. Йирик саноат корхоналарининг шлам тўпловчи омборлари, нефтни қайта ишлаш заводлари ва нефть базалари, заҳарли химикатлар, заҳарли моддалар кўмиш ерлари, қишлоқ хўжалиги аэродромлари ва бошқаларга бевосита тегишли участкалар назорат объектлари ҳисобланади. Ўзбекистон ҳудудида 1998-2007 йиллар даврида тупроқ ифлосланишини ўрганиш икки босқичга – 1998-2001 йиллар ва 2002-2007 йиллар даврига ажратиш мумкин. 2002 йилгача тадқиқотлар умумий тусга эга бўлиб, алоҳида ифлосланиш манбаларидаги локал тадқиқотлар билан чекланарди. Бироқ шу даврнинг ўзида республика тупроғи ифлосланишининг миқёслари белгиланиб, муаммолар аниқланди. 2002 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 3 апрелдаги 111-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасида атроф табиий муҳитнинг давлат мониторинги тўғрисидаги Низом» қабул қилинганидан кейин тупроқ ифлосланишини кузатиш мақсадга йўналтирилган ва тизимли тусга эга. Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорини амалга ошириш учун республика вилоятлари ҳудудларидаги бутун тадқиқотлар тизимини тубдан ўзгартириш, яъни - лаборатория базасини юқори даражага кўтариш (замонавий асбоб-ускуналар, ўлчаш услубиятлари ва юқори малакали ходимлар билан таъминлаш), дала тадқиқотлари услубиятларини ишлаб чиқиш, шунингдек маълумотлар базасини ва барча манфаатдор ташкилотлар танишиши мумкин бўлган ахборотлаштириш тизимини ташкил қилиш талаб этилди. Ҳозирги пайтда вилоят АНИИ асосий экологик кўрсаткичлар бўйича тупроқ ифлосланиши даражасини назорат қилиш имконини берадиган замонавий лаборатория ускуналари билан жиҳозланди. Ҳар йили лабораторияларда тупроқлардаги ифлосланиш ингредиентларини аниқлашнинг янги замонавий услубиятлари ўзлаштирилмоқда. Вилоят лабораторияларини услубий бошқариш АНИДИ тажрибали мутахассислари томонидан амалга оширилмоқда. Кўриб чиқилаётган даврда АНИДИ тупроқ мониторинги бўлимида тупроқлардаги ифлослантирувчиларни аниқлаш бўйича 6 та Раҳбарий Ҳужжат ишлаб чиқилди, 10 дан ортиқ янги услубият ўзлаштирилди. Кузатув натижалари ички ва ташқи назоратдан ўтмоқда. Тупроқ ҳосилдорлигини ташкил этиш ва бошқаришда биологик омилларни ролини биринчилардан бўлиб, тупроқшунослик фанининг асосчилари В.В.Докучаев, П.А.Костўчев ва В.Р.Вильямсонлар баҳолаб берганлар. Улар тупроқ ҳаётида биологик бирикмаларни роли жуда ҳам катта эканлигини исботлаб бердилар. Бу ғоя кейинроқ С.Н.Виноградский, Е.Н.Мишустин, М.М.Кононова, Д.Г.Звягинсев, В.Т.Емсев, Д.И.Никитин ва бошқа олимларни изланишларида ўз ривожини топди ва анча-мунча аниқлик ҳам киритди. Айниқса Е.Н.Мишустин, Д.Г.Звягинсев, В.Т.Емсев ва бошқалар тупроқ ҳосилдорлигида микроорганизмларни роли беқиёс эканлигини исботлаб бердилар ва шу туфайли микроббиокимё асослари тиклана бошланди. Ҳозирги вақтда микроорганизмлар ўзларининг фаолияти ва массаси билан тупроқ ҳосилдорлигини белгилашда асосий рол ўйнаши аниқ бўлиб қолди. Шундай экан, ҳар хил қишлоқ хўжалиги тизимида тупроқ ҳосилдорлигини ошириш ва уни сақлаб туриш, бу жараённи бошқариш кўп маънода, тупроқда микробиологик жараёнларни бошқариш билан узвий боғлиқ. Қишлоқ хўжалик экинларидан унумли ҳосил кўтариш жараёнини ва тупроқда микроббиокимёвий жараёнларни бошқариш қишлоқ хўжалик фанида янги йўналиш - тупроқ микроббиотехнологиясини пайдо бўлишига олиб келди. Бу йўналиш тупроқ шароитида микроорганизмлар таркибини ўрганиш ва бошқариш муаммоларига асосланган бўлиб, микроорганизмлар фаолиятини бошқариш ва улар томонидан олиб борилаётган метаболитик реакцияларни, қишлоқ хўжалик экинлари ҳосилдорлигини оширишга юналтиришни тақазо этади. Тупроқ микроббиотехнологияси фанининг асосий муаммоси тупроқда, айниқса ўсимликлар ризосфераси ва ризопланида ўтадиган микробиологик жараёнларни бошқаришдир. Бу муаммо, фақатгина маълум бир белгиланган шароитда, маълум таркибга эга бўлган микроблар ассосиасиясини ташкил қилиш билан белгиланади. Бу муаммоларни ечишни аниқ йўллари белгилаб олинган. У ҳам бўлса қуйидагилар билан белгиланади: агрономик аҳамиятли микроб сенозига ёки микроорганизмлар гуруҳига ташқаридан туриб таъсир қилишни бошқариш, яъни уларни кўпайиши, ўсиши, ривожланиши ва ўсимлик учун зарур бўлган ФФМ (антибиотиклар, фитогармонлар ва ўсимликни ўсишини бошқарувчи бошқа моддалар ва х.к.) ишлаб чиқаришини ташкил қила билиш; тупроқда микробларни ўсиши ва ривожланишини таъминловчи ўсимликлар иштирокида алмашлаб экишни ташкил қилиш ва шу туфайли микроббиокимёвий жараёнларни бошқариш; тупроқда микроббиокимёвий жараёнларни бошқаришда органик ваминерал ўғитлардан оқилона фойдаланиш;тупроқ мироорганизмларини азот ютиш ва фосфорли бирикмаларни эритиш қобилиятидан оқилона фойдаланиш; микробиологик жараёнларни тўлақонли ўтиши учун ҳар хил турдаги тупроқ мелиорасиясидан фойдаланиш. Табиатда содир бўладиган бир қатор муҳим воқеалар - биогеосеноз, тупроқдаги органик моддаларни минераллаштириш, уларни ҳаётий зарур биологик (модда алмашинуви) жараёнларда иштирокини белгилаш, микроб сенози (маълум шароитдаги микроорганизмларни таркиби ва фаоллиги) билан белгиланади. Тупроқ микрофлорасини аниқлашда, уларни таркиби ва ўзига хослигини белгилашда, антропоген таъсирлар шароитида ўзгариши ва бошқа бир қатор шароитларда микробни тузилиши ва фаоллиги (функцияси) асосий белгиловчи омил бўлиб хизмат қилади. Микроорганизмларни сони ва сифатини микроскоп остида, динамикада таҳлил қилинганда уларни доимий эмаслиги ва вақти-вақти билан ўзгариб туриши исботланган. Микроб массасини тез ўзгарувчанлик даври, мўътадиллашиб (стабилизасия) бориши билан алмашиб туради. Бошқача қилиб айтганда бир вақтда микроб массаси тез ўзгаради, баъзи-бир вақтда эса ўзгармасдан туради ва х.к. Тупроқнинг микроб сенози (таркиби) - бу биосферанинг ўзига хос реактив компонентидир. Унинг юқори реактивлиги физиологик хилма-хиллиги, ўсиш тезлиги, полифункционаллиги, оқибат натижада эса модда алмашинуви, минерализасияланиши жараёнидаги беқиёс иштироки билан белгиланади. Микроб сенози - микроблар классификасиясининг катта бир бўлаги сифатида бир хил шароитда яшаб турган микроорганизмлар тўдасидир. Микроорганизмлар учун ўта зарур шароитлар: микроклимит, сув режими, тупроқнинг геологик тузилиши ва озиқа моддалари ҳисобланади. Шу ва бошқа омиллар ҳисобидан микроб сенози маълум биосеноздаги органик ва минерал моддалар трансформасиясида ҳамда биологик ва нобиологик моддаларни биосферада ўзаро таъсирида иштирок этади. Қисқа қилиб айтганда - микроорганизмлар доимий равишда ташқи муҳитга таъсир қиладиган ва унинг таъсири остида бўладиган тирик организмлардир. Тупроқда микроб сенози хилма-хилдир. Е.Н.Мишустин уларни зимоген, автохтон, олиготроф, автотроф гуруҳларга бўлиб ўрганишни тавсия қилади. Бу гуруҳлар ўртасидаги алоқадорлик доимий ўзгариб туради ва кўп маънода тупроқка бўлган таъсир билан белгиланади. Д.Н.Никитин экотизимда олиготроф микроорганизмларни роли катта эканлигини, улар табиатда тарқалган энергияни тўплаш қобилиятига эга эканлигини эътироф этади. Охирги йилларда тупроқдаги микроб биомассаси ҳақида кўпроқ фикрлар ёритиладиган бўлиб қолди. Бунга бир неча сабаблар бор, албатта. Д.Г.Звягинсев микроб массаси ва уни "айланиш" тезлиги, тупроқ хусусиятига боғлиқ (яъни - рН, намлик, ҳарорат, аэрасияга) деб ҳисоблайди. Т.В.Тарвис тупроқда микроб массаси тўпланганда микроб билан ўсимлик орасида озиқа муҳити учун рақобат кетади деган фикрни илгари суради. Микроб биомассасини тез тўпланиши, уларни энергетик материаллар билан таъминланганлигига боғлиқ бўлиб, тупроқ унумдорлигидан хабар беради. Азот ўзлаштирувчи микроорганизмларни таркиби, уларни энергетик ресурслари, физиологик фаоллиги, микроб массасининг миқдори, минерализасия жараёни ва тупроқ унумдорлиги кўрсаткичи ҳақида маълумот беради. Микроб массасини тўпланиши ва парчаланиши, тупроқдаги азот миқдорини ўзгаришига ва ўсимликни озиқланиш шароитига тўғридан-тўғри таъсир этиб, тупроқ унумдорлигини ошишига хизмат қилади. Тупроқни ферментатив фаоллиги, яъни тупроқда яшовчи тирик организмларни ферментларини ўзига сорбция қилиш хусусияти ҳам диққатга сазовордир. Тупроқда боғланган (иммобилизасия қилинган) ферментлар фаоллиги улар учун диагностик кўрсаткич бўлиб хизмат қилади. Тупроқда ферментларни учраши ва фаоллик кўрсатиши, тупроқни биологик фаоллиги ва унумдорлигидан хабар беради. Микроб сенози - ўз-ўзини бошқарувчи биологик тизимдир. Бу тизимни мўътадил фаоллик кўрсатиши ҳар хил гуруҳга мансуб микроорганизмларни ривожланишига боғлиқ бўлади. Шу уринда, тупроқ доимий равишда ташқи муҳит таъсирига табиий ва антропоген таъсирга учраб туриши, бу эса унинг таркибий қисми бўлмиш микроорганизмларга ҳам таъсир кўрсатишини эсда тутмоқ лозим. Янги экологик тизимда микроорганизмлар фаоллиги ўзгариб, унинг имкониятлари тизимнинг динамик ривожи учун етарли бўлмай қолиши мумкин. Бундай шароитда, тупроқдаги микроббиокимёвий жараёнларни мўътадиллаштириш учун уларни йўналиш ларини ўзгартириш лозим бўлади. Бундай имкониятлар, микроблар тизимининг ички имкониятларини чуқур таҳлил қилиш, уларни функционал хилма-хиллигини ўрганиш, гетеротроф микроорганизмларни фаоллигини чуқур ўрганиш орқали минералланиш ва гумус моддалари ҳосил қилиш жараёнларини таҳлил этиш каби бир қатор биокимёвий жараёнларни ўрганиш орқалигина амалга оширилади. Фақатгина, тупроқдаги микроорганизмлар гуруҳларини, уларни фаоллигини ўзгартириш орқалигина тупроқ унумдорлигини ва ўсимлик ҳосилдорлигини ошириш мумкин. Микроб гуруҳлари фаолиятини бошқариш тупроқ микроббиотехнологиясининг асосини, унинг мазмун ва моҳиятини ташкилқилади. Тупроқдаги микроббиокимёвий жараёнларни фаоллигини ва тупроқ унумдорлигини оширишнинг асосий йўлларидан бири органик ва минерал ўғитлардан фойдаланиш, нордон тупроқларни охаклантириш ва алмашлабекишни тўғри йўлга қўйишдир. Ўғитлар таъсирида тупроқ микрофлорасини ҳаётий режими ўзгариб боради. Дастлаб ўғитланган тупроқда микробиологик жараёнлар тезлашиб боради. Асосий физиологик гуруҳ микроблар билан бирга нитрофикасия ва селлюлаза парчаловчи микроорганизмлар фаоллиги ошиб боради. Бу эса тупроқда аминокислоталар, ферментлар фаоллигини ошишига олиб келади. Узоқ вақт, сурункасига минерал ўғитлардан фойдаланган тупроқларда микробиологик жараёнлар сусайиб бораверади. Кўп йиллик кўзатувлар тупроқдаги микробиологик жараёнлар узоқ вақт ошиб боргани кузатилган. Минерал ўғитларни юқори меъёри тупроқдаги баъзи-бир физиологик сулфатредукция қилувчи гуруҳларни фаолияти сусайиб кетишига олиб келади. Аммонификасия ва нитрофикасия қилувчи бактериялар сонини ошиши, торф-гунг ва НПК (азот, фосфор, калий) биргаликда ишлатилганда кузатилган. Ўзбекистон шароитида ҳам, тупроқ турларига қараб, маҳаллий ўғит ва НПК биргаликда ишлатилса, ҳамда нордон тупроқлар ўз вақтида оҳаклантирилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бундай шароитда тупроқда актиномисетлар сони ошиб боради. Ўғитлар таъсирида селлюлоза парчаловчи микроорганизмлар, шу жумладан микромисетлар сони ўзгариб бориши кузатилган. Ўсимликларни озиқланиш режимини меъёрига келтириш (органик ва минерал ўғитлар комплексидан меъёрида фойдаланиш) тупроқдаги микроорганизмлар фаоллиги, уларни азотни органик бирикмаларини минераллаштириш фаолияти билан мухофаза қилиб турилади. Микробиологик жараёнларни бошқариш имконияти фақатгина органоминерал ўғитлар тизимидан тўғри фойдаланиш орқалигина амалга оширилади. Тупроқка бундай таъсир, микроблар фаоллигини ошишига, хусусан ўсимлик илдиз тизимида микроблар фаолиятини ошишига олиб келади. Бу ҳолда, микроб массаси ошади, олиготроф микроорганизмлар фаоллиги, умуман тупроқ фаоллиги ошади. Тупроқ биодинамикасида кузатиладиган ўзгаришлар, биокимёвий жараёнларни кучайишига, органик моддаларни парчаланишига, умуман эса тупроқ унумдорлигини ошишига олиб келади. Сурункасига бир ўсимликни экиш (монокультура хокимлиги) тупроқ микрофлорасини ўзгаришига олиб келади. Бундай шароитда микромисетлар, актиномисетлар, спора ҳосил қилувчи бактериялар сони кўпайиб, фаол микроорганизмлар, хусусан азотфиксаторлар камайиб кетади. Монокультура ҳокимлигидаги тупроқларда протеаза, амилаза, пектиназа, селлюлаза, оксидланиш-қайтарилиш реакциясини олиб борадиган ферментлар фаоллиги пасайиб кетади. Хусусан, гумус ҳосил бўлиш ҳамда тупроқдаги полифенолларни парчаланишида иштирок этувчи полифенолоксидаза ферменти фаоллиги бутунлай йўқолиб кетади. Ўсимликларни алмаштириб-алмаштириб экиш тўғри ташкил қилинган тупроқларда ўсимликлар илдиз тизими билан узвий алоқада бўлган микроббиокимёвий компонентлар пайдо бўлади, бу эса биокимёвий жараёнларни ишлаб кетганидан хабардор қилади. Тупроқни мелиоратив ҳолатини яхшилаш уни агрокимёвий хусусиятини тузатиш, хусусан, органик углерод ва гумин кислотасини умумий миқдорини оширишга олиб келади. Шунда азот ва углерод моддаларини трансформасиясида қатнашадиган микроорганизмларни сони ва сифати яхшиланади. Маълум бир шароитда тупроқда фаол ривожланиб келаётган нитрификасия жараёни пасайтириш, фойдасиз минераллаш жараёнини тўхтатишда катта аҳамият касб этади. Тупроққа солинган нитрофикасияни пасайтиривчилар, шу жараённи олиб борувчи нитрификасия қилувчи микроорганизмларни фаолиятини буғиш орқали, азотни аммиак формада тўпланишига олиб келади. Бундай шароитда нитритларни нитратларга оксидлаш жараёни пасаяди, нитритларни ювилиши ва уларни газсимон моддаларга айлантирувчи денитрификасия жараёни пасаяди, тупроқни нитрификасиялаш қобилияти тўхтайди ёки жуда ҳам пасаяди. Нитрификасия жараёнини пасайтирувчи бир неча препаратлар маълум бўлиб, шулардан бири, нитропирин-2-хлор-6- трихлорметил пиридин, бу препарат "Н-Серве-24" номи билан маълум. Препаратни 240 г/л ёғдаги эритмасини аммиакли ўғитлар билан (6 кг/га) тупроқка солинганда, нитрификасия жараёнида қатнашувчи бактерияларни сони жуда ҳам камайиб кетгани тасдиқланган. Шунингдек, препаратни иккиламчи хусусияти аммонификаторларни ўсишини пасайтириши ҳам кузатилган (тупроқни 2-6 см қатламида). Шундай бир ҳолатда бу препарат бошқа тур ва туркумларга мансуб бактерияларга таъсир этмаган. Тупроққа солинган гербисидлар ўзларини асосий вазифаси бўлган бегона ўтларни йўқотиш билан бирга, тупроқда амалга ошиши лозим бўлган биокимёвий жараёнларга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Тупроқда яшовчи микроорганизмларни фаолиятини бузилиши (тупроқда органик ва ноорганик моддаларни, жумладан гербисид, пестисид ва бошқа ядохимикатларни тўпланиб қолиши) тупроқ унумдорлигини пасайишига олиб келади. Бундай ҳолларда, зудлик билан тупроқни ҳар хил сидлардан тозалаш, ундаги (тупроқдаги) микробиологик жараёнларни тиклаш лозим бўлади. Тупроқда гербисидлар микроорганизмлар массаси билан ўзаро алоқага киради. Демак, гербисидларни йўқотиш шу тупроқдаги микроорганизмларни фаоллигига ўғридан-тўғри боғлиқдир. Кўпчилик ҳолларда гербисид сепилган тупроқларда микроорганизмлар дастлаб камайиб кетади, 10-12 кун ўтгач, микроорганизмларни шу шароитга мослашуви (адаптасия) бошланади. 1,5- 2,0 ой орасида гербисид таъсири пасайиб, микробиологик жараёнлар тиклана бошлайди. Микроорганизмларни тикланиш даври бир томондан шу шароитда яшаб турган микроорганизмларни мослашувига, иккинчи томондан эса гербисидларни хусусиятига боғлиқ. Айниқса гербисидлардан фойдаланганда уни ишлатиш мўътадиллигига риоя қилмаслик, тупроқни узоқ вақт давомида бутунлай ишдан чиқаришгача олиб келади. Тупроқ микроббиотехнологияси - тупроқ шароитида микроорганизмлар массасини, уларни фаолиятини ўрганиш қишлоқ хўжалигини замонавий усуллар билан ривожлантиришда асос бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Тупроқ микроббиотехнологияси ютуқлари асосида микроорганизмлар фаолиятидан тўғри ва оқилона фойдаланиш орқали тупроқ унумдорлигини ошириш, юқори сифатли, экологик тоза ва мўл махсулот етказишимиз мумкин. Адабиётлар: 1. Deniz Ekinci “Biotechnology” Croatia, 2015 2. Winter J., Klein J. «Biotechnology: Environmental processes» Germany. VCH. 1999 3. Vallero D.A. «Environmental Biotechnology» - USA. Elsevier. 2010 4. Қ.Д.Давранов., Н.А.Хўжамшукуров. Умумий ва техник микробиология. Тошкент, ТошДАУ нашриёти, 2004 - 279 бет 5. Соловьев А.А. «Возобновляемые источники энергии» - Москва . МГУ . 2006 6. Г. П. Трошкова, Е. К. Емельянова, Н. О. Карабинцева “Экологическая биотехнология”, Учебное пособие. Новосибирск. 2011. 7. Кузнецов А. Е., Градова Н. Б. Научные основы экобиотехнологии. – М.: Мир, 2006. – 504 с. 8. Экологическая биотехнология : учеб. пособие / И.А. Сазонова .— Саратов: ФГБОУ ВПО "Саратовский ГАУ им. Н. И. Вавилова", 2012 - 106 с. 9. Фостер К.Ф., Вейз Дж. Д.А. Экологическая биотехнология. Пер. С англ/ Под ред. Гинака А.И.- Л.: Химия, 1990 10. Лер Р. Переработка и использование сельскохозяйственных отходов. Пер. с англ. / Под. ред. Шамко А. Н.. М.: Колос, 1989 - 415с.