logo

Ёзувчининг нияти ва бадиий образ (Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романи асосида )

Yuklangan vaqt:

10.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

119.5 KB
 Ёзувчининг нияти ва бадиий образ (Одил Ёқубов нинг “Улуғбек хазинаси” романи асосида ) Режа: 1. “Улуғбек хазинаси” романининг яратилиш тарихи . 2. “Улуғбек хазинаси” романи даги тарихий ва тўқима образлар . 3. Асарда Амир Темур сиймоси. 4. “Улуғбек хазинаси” романи даги учта подшоҳнинг адабий типи . “Улуғбек хазинаси” романининг яратилиш тарихи шуни кўрсатадики, бадиий жараённинг ибтидоси ҳаёт ҳақиқатини бевосита ўрганишдан бошланади, яъни ҳаётий воқелик ҳақидаги илк ахборот адиб онгида образли тафаккурни уйғотади. Образли тафаккур боис ижодий ният туғилади. Ижодий ният туғилиши билан бадиий тўқима ишга тушиб, сюжетга асос бўладиган манзаралар ва уларда фаолият кўрсатувчи образлар ёзувчи онгида шакллана бошлайди. Ана шу ижодий жараённинг моҳияти ҳақида ёзувчининг ўзи шундай ҳикоя қилади: Баъзан тафаккур отининг ўрнидан жилиш учун енгил турткининг ўзи етарлидир. Бир вақтлар газетада Улуғбекнинг фожиали ўлимидан кейин изсиз йўқолган машҳур Улуғбек кутубхонаси тўғрисидаги кичик бир мақолани ўқигандим. Унда бу китоблар Улуғбекнинг қотиллари томонидан йўқ қилиб юборилмаганлиги, балки унинг шогирдлари томонидан Самарқанддан олиб чиқиб кетилиб, Ургут тоғларига ёки бўлмаса, Шаҳризабз яқинидаги бир ғорга яширилганлиги тахмин қилинганди. Мақола талай ўқувчиларда фикр уйғотди, янги далиллар келтирилди, турли афсоналар нақл қилинди. Баъзи хатларнинг муаллифлари ҳатто китоблар кўмилган жойнинг эҳтимолга яқин ўрнини ҳам келтиришди. Улкан кутубхона (тахминан 15 минг жилддан иборат, бу ўша давр учун ҳайратомуз рақам) нинг изсиз йўқолиши мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрнинг ўзи анчайин асосли кўринар тасаввурни асосларди. Республика Фанлар академияси кутубхонани излаб топиш учун кичик экспедиция ҳозирлади, талай фидойилар ҳам топилди. Менинг онгимда эса саргузашт қисса туғила бошлади. Мен ҳалитдан кутубхонани қутқариб қолиш мақсадида Улуғбек шогирдларининг бу ерга яширинча кириб келишларини “кўрардим” сарой тўполонлари, довюрак йигитлар ортидан уюштирилган қув-қувларни тасаввур қилардим, отлар дупури ва қиличлар жаранги эшитиларди. Имкони борича тарихий материалларни ўрганиб, Самарқандга йўл олдим. Гўри Амир ва Улуғбек мадрасаларининг ғира-шира, ним қоронғу йўлакларида кездим, атоқли риёзиётчи Қозизода Румий ва Улуғбек навжувон талабаларига сабоқ айтган машҳур мадрасанинг улкан ярим вайрона хонасида ўйга чўмдим. Неча дафъа буюк расадхона харобаларида титроқ ва ҳаяжон билан кўздан кечирдим. Энди мени Улуғбек образи - унинг юзи, саъйи ҳаракати муттасил таъқиб қиларди. Коинот сирларини англаб етган бу буюк инсон нечун ўзини бутун борлиғи ила илмга бахш этмади? Тожу тахт учун кураш нақадар беҳуда ишлигини нега тушуниб етмади? – деган ва кейинчалик китобда Али Қушчи томонидан баён қилинган фикрлар ҳол жонимга қўймасди. Саргузашт қисса ҳақидаги фикрдан воз кечиб, катта тарихий полотно устида ўйлай бошладим”. 1 Ёзувчи идрокида Улуғбек кутубхонаси билан боғлиқ бўлган ижодий фикрнинг туғилиши ва унинг такомили, адиб бадиий ниятини ҳаяжонга келтирган турли-туман кечинма ва туйғуларнинг ягона ва умумий бир ҳисга қўшилиб кетиши натижасида саргузашт қиссага дахлдор бўлган бадиий тўқиманинг ишга тушиб кетиши жараёнига алоҳида эътибор берайлик. Кутубхона билан боғлиқ бўлган маълумот кўз илғамас даражадаги майда бир дон тарзида Одил Ёқубов кўнглига ижодий уруғ бўлиб тушадию, ана шу уруғдан униб чиққан ижодий ният адибнинг тафаккур отини жойидан силжитиб юборади. Натижада саргузашт қиссанинг сюжет тўқимасига дахлдор бўлган ижодий фикр бирликлари, яъни кутубхонани қутқариш билан боғлиқ воқеалар тизими қиссанинг образлар силсиласи ва уларнинг фаолияти келтириб чиқарадиган турли-туман ҳаётий манзаралар, айни шу жараёндаги ҳаёт-мамот жанглари ёзувчи онгида шиддат билан шакланна бошлайди. Ёзувчи шуурида туғилган ижодий ғоя унга тинчлик бермай қўяди уни мувозанатдан чиқаради. Шу боис у имкони борича кўпроқ тарихий материалларни ўрганиш мақсадида Самарқандга йўл олиб, воқеа содир бўлган маконни ҳам ипидан-игнасигача текшириб чиқади. Натижада дастлабки тасаввурлар кўлами жиддий кенгаяди. Улуғбек даврига оид 1 Қаранг: “Ўзбекистон маданияти”. 1988 йил, 27 январь. тарихий манбалар қанчалик чуқур ва атрофлича ўрганилгани сари адолатли шоҳ ва жаҳоншумул олим бўлган Улуғбек сиймоси ёзувчи кўз ўнгида жонланиб, давр адабий типи сифатидаги белгиларини намоён эта бошлайди. “Коинот сирлари англаб етган бу буюк инсон нечун, ўзини бутун борлиғи ила илмга бахш этмади? Тожу тахт учун кураш нақадар беҳуда ишлигини нега тушуниб етмади?” –деган саволлар адиб хаёлида чарх уриб, унга сира тинчлик бермайди. Бу саволларга жавоб топиш учун эса, Улуғбек даври тарихий воқелигига дахлдор бўлган барча манбаларни ўрганиб, бу зиддиятли давр ҳақиқатини текшириб чиқиш лозим эди. Чунки ёзувчининг тафаккур осмонида чарх урган жумбоқли саволларга Улуғбек даври ҳақиқатидан келиб чиққан ҳолдагина тўғри жавоб топиш мумкин эди. Натижада кутубхонани қутқазувчи шогирдлар фидойилиги, саройдаги тўполонлар, отлар дупури, қиличлар жарангидан иборат кенг кўламли тарихий воқелик ёзувчи кўз ўнгида жонланади. Бу давр ҳақиқатини очиб берувчи тарихий ва тўқима образларнинг ҳаммаси Улуғбек шахси атрофида тўпланиб, бирлари – муҳаббат ва садоқат, бошқалари нафрат ва ёвузлик тимсоли сифатида гуруҳлана бошлайди. Бадиий тўқиманинг серқирралиги ва тарихий фактнинг куламдорлиги саргузашт қиссанинг ўз ўрнини тарихий романга бўшатиб беришига сабаб бўлган. Кўринадики, тарихий ҳақиқатни очиб бериш билан боғлиқ ҳаётий материалларни бадиий тўқима кўзгусида чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш, индивидуалаштириш ва типиклаштириш орқали ёзувчи мукаммал бадиий шакл ва образлар яратиш имконига эга бўлган. Ана шу ижодий жараён натижаси ўлароқ “Улуғбек хазинаси” тарихий романи яратилган. Романнинг марказида давр ҳақиқатини бутун салобати билан очиб берувчи адолатли ва маърифатпарвар шоҳ Улуғбек образи туради. Одил Ёқубовнинг бу романи ёзилгунига қадар ўзбек тарихий романчилигида воқеликнинг тарихий моҳиятини яхлит ҳолда ифода эта олувчи шоҳ образи яратилмаган эди. Ёзувчи ўз бош қаҳрамонини тугал ва мукаммал адабий тип даражасига кўтаришда шоҳлар оламига дахлдор бўлган ҳаётий тарихий ҳақиқатларни очиш йўлидан боради. Роман икки қисмдан иборатдир. Биринчи қисм Улуғбекнинг фожиаси билан тугаса, иккинчи қисм падаркуш Абдулатифнинг фожиаси билан тугайди. Кўринадики романда ҳар бири ўзича тугал ва мукаммал бўлган иккита шоҳ образи яратилган. “Улар ҳаётда нимага интилиш лозим, ҳақиқат нима?”- деган саволларга ўз эътиқодлари ва ҳаётий маслагига таяниб жавоб берувчи тарихий шахслардир. Шу боисдан ҳам ёзувчи уларнинг ўзига хос адабий типини яратар экан, бадиий тўқимада ҳаёт ҳақиқатидан четга чиқиб кетмаслик лозимлигига алоҳида эътибор беради. Чунки, бадиий тўқима асардаги ғоявий ва ҳаётий мазмунни тарихий- ҳаётий материалларга таяниб қайта жонлантиришда ҳам, шунингдек, асарнинг бадиий шаклига дахлдор бўлган сюжет унсурлари оламининг кашф этилишида ҳам етакчи мавқеда туради. Чунки, бадиий асар маиший турмушнинг оддийгина кўчирмаси эмас, балки ана шу ҳаётий воқеликдан олинган таассуротнинг адиб бадиий нияти асосида “қайта ишланган” кўринишидир. Ёзувчи учун бош қаҳрамон фаолияти кўрсатадиган замон ва воқеалар бўлиб ўтадиган маконни белгилаб олиш бадиий туқиманинг энг масъулиятли лаҳзасидирки, воқелик талқинининг замон ва макон белгиси ҳал қилингач, асарнинг мазмуни ва шакл бирлигини таъминлаш имконияти юзага келади. “Ёзувчи яратаётган асарнинг асосий маъноси бош қаҳрамон образи орқали ифодаланади. Бош қаҳрамон ифода қиладиган маъно қай даражада аниқ бўлса, асар шу даражада композицион жиҳатдан мукаммал бўлади”. 2 “Улуғбек хазинаси” романининг сюжет тузилишидаги мукаммаллик ҳам аввало асар бош қаҳрамони сиймосининг бадиий теранлигида деб ўйлаймиз. “Улуғбек хазинаси” романида бош қаҳрамон – Улуғбек салтанатининг энг охирги дамлари замон чегараси тарзида белгиланган бўлса, Самарқанд ва унинг атрофлари асардаги воқеалар бўлиб ўтадиган жой, яъни бадиий макон сифатида танлаб олинган макондаги энг муҳим жой расадхона ва унинг ичида жойлашган кутубхонадир. Воқеалар ривожининг 2 Тўлаганова С. Ўзбек романчилигида ёндош образлар // Ўзбек тили ва адабиёти. 1997, №2, 57-бет. аввало ҳам шу жойда, яъни вақт тун ярмидан ошганда. Улуғбек мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчининг Кўксаройга ташриф буюришини амр қилиб, навкар юбориши тасвиридан бошланади. Тун тасвири ва навкарнинг ташрифи сабаб китобхон кўз ўнгида Али Қушчи билан Улуғбекнинг оғир қисматидан огоҳ этувчи бадиий манзара гавдаланади. Бу бадиий ҳиссиёт бутун роман давомида китобхон диққатини ўзига тортиб туради. Китобхон Улуғбек даври ва унинг шахси тўғрисидаги ҳақиқатларни Али Қушчи ҳикояси орқали англай боради. У Улуғбекнинг ички кечинмалари ва руҳий оламини Али Қушчининг хаёллари ила таҳлил қилади: у Али Қушчи билан бирга ўйлаб, бирга қайғуради. Ёзувчи китобхон ва бадиий образ руҳий бирлигининг теран талқинини ярата олган: “Ўтган куни топнг пайтида устод Мирзо Улуғбек расадхонага ташриф буюрган эди. Йўлбарс териси ёпилган ўз курсисида ўтириб, тимқора осмонга разм солиб ўзоқ хаёл сурди... Мана, бир икки йил бўлди, олис Ҳиротдан Хоқони Саид аталмиш Шоҳруҳ Мирзо вафоти тўғрисида машъум хабар келганидан буён Мовароуннаҳр ва Хуросон осмонидан қора булутлар аримай қолди. Тахт ва салтанат ишқида ёнган Темурий шаҳзодалар қилич ва тиғ чархлашдан қўллари бўшамади. Ниҳоят, Улуғбек қиличи ўткир чиқиб, мағрибдан машриққача қанот ёзган ҳудудсиз салтанат хиёл осойиш топган эди, тожу тахт валиаҳди Абдулатиф ўз падари бузрукворига қарши шамшир кўтариб чиқди. Ражаб ойининг бошларида аъло ҳазратлари лашкар тортиб Жайҳун томон отланишга мажбур бўлди. Аммо давлатпаноҳ Жайҳун бўйларида лашкар тортиб турганида дорулмулкда содир бўлган фитналар уни Самарқандга қайтишга мажбур этди. Мана энди уч-тўрт кундирки, шаҳарда ваҳимали миш – мишлар: гўё шаҳзода лашкарлари Жайҳундан ўтиб Кешга яқинлашиб қолганмиш... Тўғри, ўтган куни расадхонага кириб келган устод бу тўғрида лом- мим демади. Қўлида устурлоб, самони қузатиб ўзоқ ўтирди сўнг, мармар зинанинг тик пиллапояларидан ҳорғин одимлаб, учинчи ошёнадаги кутубхонага ўтди. Чеҳраси сўлғин, хаёли паришон, нақшинкор жовонларга терилган китобларни, салкам қирқ йил салтанат тебратиб, йиққан нодир қўлёзмаларини бир-бир кўздан кечирди, ёдига устози Қозизода Румий тушди, чамаси унинг “Риёзиёт” ини ўзоқ варақлаб турди, кейин бўйнини ҳам қилганича лом-мим демай бир –бир босиб чиқиб кетди. У ҳатто Али Қушчи билан хайрлашмади ҳам”. 1 3 Бу ўринда ёзувчининг адабий тип яратиш санъати яққол кўзга ташланади. Али Қушчи Улуғбек даврининг шундай бир зукко олимидирки, у ҳамма нарсани бутун ҳаёт оқими ва бу оқимнинг энг майда шохобчаларини, ўз даври воқелигининг бутун зиддиятларини, қайғули ва кучли томонларини, унинг Улуғбекка дахлдор жиҳатларини, давр қаҳрамонлари ва разиллигини, ўша давр тарихига алоқадор сохталик ва ҳақиқатни билади. Ёзувчи Али Қушчи изтироблари фонида Улуғбек сиймосини яратар экан, тарихий воқеликнинг майда ва аҳамиятсиз бўлиб кўринган барча жиҳатларини таҳлилга тортиб, улардан салтанат инқирозига сабаб бўлган катта бир ҳақиқатни – тахт ва салтанат ишқида ёнган темурийзодаларнинг қилич ва тиғ чархлашдан қўллари бўшамаганини, шаҳзода Абдулатифнинг ҳам падари бузрукворига қарши шамшир кўтариб чиққанини тасвирда алоҳида бурттиради. Бу эса ўша даврнинг етакчи ҳақиқати эди. Ана шу етакчи ҳақиқат “Улуғбек хазинаси” романини юзага келтирган бош ғоявий ният билан шу қадар пайвандланиб кетадики, натижада романнинг бутун композицион марказини – Улуғбек қирқ йил салтанат тебратиб, йиққан илм хазинаси кутубхонани келгуси авлодлар учун асраб қолиш эҳтиёжини келтириб чиқарди. Бу ғоявий мантиқ романнинг номида ҳам “Улуғбек хазинаси” шаклида муҳрланган. Улуғбекнинг жаҳоншумуллигини таъминлаган, уни бошқа подшоҳлардан кескин ажратувчи фарқ ҳам бу ғоявий мантиқда ўз ифодасини топган. Замонасидан ўзиб кетиб, келажак тонгини олдиндан кўра олган бу буюк мутафаккирга хос фазилатлар роман саҳифаларида бирин-кетин 1 3 Ёқубов О. Улуғбек хазинаси. Тошкент. Адабиёт ва санъат нашриёти. 1974, 4-бет. очилаборади. У адолатли шоҳ, элу юртига қирқ йил осойишта турмуш бахшида этган. Маърифатпарвар шоҳ бўлган Улуғбек мамлакатда илму маърифатни равнақ топтиришга катта ҳисса қўшган жасоратли шоҳдир. Улуғбек шахсиятига хос бўлган бу ҳақиқатлар унинг бадиий сиймосини давр адабий типи даражасидаги юксакликка кўтарган. Унинг илм-маърифат ва Мовароуннаҳр осойишталиги йўлида чеккан заҳматлари тарихда абадул- абад қолишига ишонади. Ҳатто салтанат талашганда ҳам ўз даври учун жумбоқ бўлган икки хил қўрқинч унинг бутун борлиғини қамраб олган эди. У салтанатидан айрилиб қолишдан эмас, балки бу элга қирқ йил раҳнамолик қилиб орттирган ягона бойлиги – мадрасаю, расадхонаси, нодир хазинаси – тўплаган кутубхонаси ва ниҳоят яратган асарлари – барчаси поймол бўлишидан қўрқади, холос. Бунинг устига тағин бир нарсадан – келгуси авлодлар мендан ҳазар қилмасму деб қўрқади. Мирзо Улуғбекдай коинот сирларини очиб, фозилликка эришган мавлоно, ҳайҳот, ахир оқибат ўткинчи салтанатни деб, ўз пушти камаридан бўлган фарзанди билан тожу –тахт ташалибди-да, деган ном қолдирмоқдан қўрқади. Англашиладики, ёзувчи Улуғбек даври ва унинг шахсига алоқадор бўлган тарихий маълумотларни образли ўзлаштирган. Натижада ўзига хос бадиий манзараларни шу қадар ишонарли қилиб чизиб берганки, образли ўзлаштирилган ҳаётий факт ва ҳодисларни китобхон ўша давр ҳақиқати тарзида жуда катта мамнуният билан қабул қилади. Айни шундай ўринларда ёзувчи ижодий иқтидорининг ўзига хослиги, бадиий тўқима орқали янги сўз айтиш маҳорати ярқ этиб кўзга ташланади. Ҳақиқатан ҳам бадиий тўқима аралашмаган бирон бир образ, бирон бир манзара йўқ, десак хато бўлмас. Масалан, Али Қушчи қалбини безовта қилган ҳиссиётлар бўрони гарчи тарихий ҳақиқат бўлса ҳам унинг ички кечинмалари, шунингдек, ҳаётий факт ва ҳодисаларни олимона таҳлил қилиб, ўз устоди ҳолатини аниқлаши тасвирида ёзувчи қалбини ўртаган ўй-хаёллар, ҳиссиётларнинг излари ҳам мавжудлигини тан олишимиз лозим. Шуниси ҳақиқатки, ҳар бир образ ёзувчи қаламга олган давр маҳсули ёки аниқ тарихий шахс сиймосининг бадиий тимсоли бўлса ҳам у ёзувчининг идроки, қалби ва онги орқали ўтиб, роман саҳифаларидан жой олади. Али Қушчи Улуғбекнинг садоқатли шогирди эканлиги маълум, бироқ унинг романдаги фаолияти, шижоати ва садоқатини ифодаловчи манзаралар ёзувчи бадиий тўқимасининг маҳсулидир. Тарихий ҳақиқатни ўзида мужассамлаштирган ҳар бир бадиий образни адиб эстетик кечинмаларининг ифодаси деб изоҳласак масала анча ойдинлашади. Чунки, ёзувчи ҳаётдан олган таассуротларини ўз бадиий идроки ва ҳиссиётлари негизида таҳлил қилиб кўргач, ўз тафаккурининг бадиий режасига мувофиқ қаҳрамонлар сиймосига кўчиради. Айни шу ўринда бадиий тўқиманинг роли очиқ-ойдин кўрина бошлайди. Ёзувчи устоз ва шогирдни фикрлар баҳсига чорлайди. Бироқ, садоқатли ва андишали шогирд бўлган Али Қушчи гарчи шоҳнинг бундай оғир вазиятдан чиқиб кетишини билса ҳам дилига тугиб турган фикрларини шоҳга ошкора айтолмайди. Андишали шогирд ўз устозининг кўзига тик боқиб, нуқсонларини рўй-рост кўрсатиши ҳам ўша давр ҳаёт ҳақиқатига мос келмас эди. Улуғбек Али Қушчига ўзининг кўрган тушини айтиб бериб, “Бу бевафо салтанатни деб илм-фандан юз ўгирдинг, тож соҳиби бўламан деб, шундай етук салоҳиятни жувонмарг қилдинг”, -дея устоз Қозизода Румийнинг қаттиқ койиганини ҳикоя қилиб берганидагина Али Қушчи устозидан кечирим сўраб ва ўнғайсизланиб, “мен ҳам бир икки сония муқаддам худди шу фикрни кўнглимдан кечирган эдим”, - дея олади, халос. Романда қирқ йил Мовароуннаҳрда маърифатли шоҳ бўлган, мурувватли фуқаропарвар подшо сифатида шуҳрат қозониб, бутун иқтидори ва салоҳиятини ўз давлати, ўз эли осойишталигига сарф қилган Улуғбек сиймоси саҳифалар оша қад кўтаради. Бироқ, унинг ўз даврининг донишманд фарзанди сифатидаги салоҳияти Али Қушчи фаолияти ва хотиралари фонида янада гўзалроқ, янада жозибалироқ очилган. Улуғбек Али Қушчига Жаҳонгир Темурнинг олтинларидан бериб, мабодо фожиа юз бергудай бўлса илм хазинасини қутқазиб қолишни буюради. Китобхонлар унинг нигоҳи билан ердан шифтгача терилган уч қатор қора чарм жилдлик оғир, қалин китоблар билан танишади, уларнинг олис Қоҳирадан келтирилганини, Соҳибқирон Амир Темур Курагоний султон Боязид Йилдиримга қарши юриш қилганида ўша томонлардан олиб келганини, лекин улар ҳанузгача яхши мутолаа этилиб, шарҳ қилинмаганини билиб оламиз. Ёзувчи Али Қушчини ўз даври олимларининг адабий типи юксаклигида яратишга интилиб, унинг турмуш тарзи ва илмий фаолияти тасвирида, Улуғбек даври илмий муҳитининг, ижтимоий шарт- шароитларининг қирқ йил давомида устод билан биргаликда ишлашнинг нурли излари қолганини унинг хотираларини қайта жонлантириш жараёнида моҳирлик билан очиб беради. Бу восита шогирд хотирасида устодлар буюклиги, уларнинг илм-фан равнақи йўлидаги раҳнамоликлари ҳамда илмлар хазинасининг эгаси бўлиб етишган шогирдлар садоқатининг ҳаққоний мезонидир. Али Қушчи хотираси устозлар адабий типини яратувчи кучли воситага айланади. “Эсида бор, илиқ баҳор куни Мавлоно Қозизода Румийни Мирзо Улуғбек ўзи бошлаб келган эди. У маҳал аълоҳазратлари айни кучга тўлган, ёш, иқтидорли йигит эди. Ўзи ҳам эгнидаги заррин либоси, бошидаги симобий дастори, бутун шиддатли қиёфаси билан ёнидаги барча аъёнлардан ажралиб турарди. Шу боисданми, аълоҳазратларининг ёнида устод Қозизода Румий яна ҳам нимжонроқ ва ожизроқ кўринарди. Лекин, бу нимжонгина оппоқ чолнинг вужудидан аллақандай ички бир зиё, кишини ўзига ром қилувчи бўлакча меҳр ёғилиб турарди”. Буларнинг барчаси хотира шаклидаги бадиий тўқималардир. Унда даврнинг илмий ҳаёти қайта жонланади: “Мавлоно билан Мирзо Улуғбек чинор соясидаги баланд курсилардан жой олишди. Сўнгра устод Қозизода Румий онҳазратнинг илтимоси билан зарбоф матога ўралган қалин китобини очиб, риёзиёт илми ҳамда бу илмнинг фалаккиёти ўрганишдаги ўрни тўғрисида баҳс юритди. Али Қушчи устоднинг риёзиёт илмига бағишланган бу пурҳикмат китобини мадрасада кўп мутолаа қилган эди. Лекин мутолаадан олган завқи бир бўлдию, Мавлононинг оғзидан эшитгани бир бўлди. Устод мураккаб риёзиёт масалаларини шундай мулойим овозда шундай тиниқ бир мантиқ билан ечиб бердики, Али Қушчи гўё рисола эмас, ажиб мусиқа тинглаётгандек эриб кетди... Фақат Қушчи эмас, Мирзо Улуғбек билан бирга келган барча аёнлар ва барча илм аҳли ва ҳаттоки, илм-фандан узоқ аркони давлатлар ҳам бошларини эгиб, чуқур сукутга чўмиб эшитдилар. Ниҳоят, устод китобини ёпиб, аълоҳазратларига қаради. Аълоҳазратлари мавлонога ташаккур билдириб, ҳамон сукут сақлаб ўтирган аъёнлар ва барча толиби илмларга юзланди... устоднинг каломи аён бўлган – бўлмаганлигини сўради. Мирзо Улуғбекнинг сўроғига бирон кимса жавоб бермади. Мавлоно Қозизода Румий хафақон бош чайқади, Мирзо Улуғбек эса мийиғида кулимсираб қўйди. Шунда Али Қушчи ийманибгина ўрнидан турди ва қисиниб- қимтиниб унга ҳамма нарса аён эканини изҳор қилди. Мавлоно Қозизода Румийнинг кўзлари чарақлаб кетди. Мирзо Улуғбек эса илми риёзиёт ва ҳандаса борасида устма –устига саволлар берди. Али Қушчи аввал тортиниб, кейин эса хиёл дадилланиб, ҳамма сўроқларга жавоб берди. Шундан кейин Мирзо Улуғбек уни ёнига чақириб, авлод - аждодини, қайси мадрасада, кимлардан таълим олганини суриштирди, устод Қозизода Румий эса, майин соқоли билан унинг юзини силаб, пешонасидан ўпди”. Мана, сизга хотирада жонланган адабий типлар, Али Қушчининг илм дунёсига кириши тарихи. Романда Али Қушчи шу қутлуғ даргоҳни деб, шу илм дурдоналарини деб дунё лаззатларини тарк этиб, ҳатто ногирон онасини юм-юм йиғлатиб, уйланмоқ ва фарзанд кўрмоқ бахтидан маҳрум бўлиб умр ўткарган тарихий шахс қиёфасида тасвирланган. Унинг бошига ҳар қандай фожиалар тушганда ҳам илм хазинасини бидъат ва хурофон хуружларидан сақлаб қола олгани очиб берилган. Бу адабий тип Улуғбек даври ҳақиқатининг бадиий кўзгусига айланган. Шу кўзгуда падаркуш Абдулатиф ўзининг кечирилмас гуноҳларга ботган тақдирини очиқ – ойдин кўради. Романда давр ҳақиқатини бор зиддияти билан кўрсата оладиган энг улкан, энг тиниқ кўзгу Улуғбек сиймосидир. Бу зот шу қадар зийракки, ўзи шоҳ сифатида босиб ўтган йўлни хаёлан чуқур таҳлил қилиб, қандай хатолар салтанатни хавф остига қолдирганини бехато топа олади. У салтанат бошига тушган хавф- хатарнинг бош сабабчиси волидаи меҳрибони Гавҳаршодбегим эканлигини, унинг саройни жоҳил – гумроҳларга тўлдириб юбориб, бегуноҳ қатл ва қирғинларни авж олдириб, шаҳзодалар орасига низо уруғини сочиб, фарзанднинг отага қарши тиғ кўтартирганини юрак тўла дард билан идрок этади. Улуғбекнинг бу борадаги ўй изтиробларида ўша даврнинг дардчил ҳасратлари тож-тахт учун кураш фожиалари, яъни давр ҳақиқати кўзгусида тасвирдек тиниқ ифодаланади. Улуғбек мана шу хатодан жоҳил уламолару, ғаразгўй саркардалар усталик билан фойдаланиб, хоинлик йўлига ўтган нодон Абдулатифни падаркушлик сари бошлаётганликларини ҳам яхши билади: биладигина эмас, балки ўз тақдирининг фожиали якунини башорат кўзгусида кўра олади: “Хуросон юришидан кўп бойлик, юксак рутба ва шон-шавкат кутган саркардаларнинг ҳамма умидлари пучга чиқди. Не чора, бу оғир юриш зафар келтирмади. Кейинчалик, Мирзо Улуғбек ўз ўғли Абдулатифга қарши қўшин тортиб, Жайҳун бўйларига отланганида эса, Самарқандда қолган шаҳзода Абдулазиз кўп номақбул ишлар қилиб, бир қанча нуфузли амирларни унга қарши қўяди, урушдан чарчаган фуқаро ҳам ундан совийди. Оқибат, мана қирқ йиллик меҳнати хавф остида турибди... У шогирди Али Қушчининг минг чандон ҳақ эканини дилидан ҳис этар, айни замонда унинг бояги гаплари қайта-қайта эсига тушиб, юрагини ўртар эди”. Бу азобли ўйларда фақат Улуғбекнинг ўзигагина аён бўлган жамиятни бошқариш, тожу тахтдан илму фунун йўлида, эл-юрт фаровонлиги йўлида қаттиққўллик билан фойдаланиш, келгуси авлодлар учун умрбоқий маърифат хазинасини мерос қилиб қолдириш тўғрисидаги ҳақиқат ўз бадиий ифодасини топган Улуғбекнинг буюклиги шундаки, у ўзига замондош бўлганлардан беқиёс даражада юқори турган ва ҳайратда қолдирадиган даражада коинот сирларини очган. Ўз давридаги шоҳлик анъаналари ва давлатни бошқариш қонуниятлари билан маҳкам боғлиқ бўлган бу мутафаккир уларнинг барчасига қарши бориб, ўз илоҳий ақлига тўғри келадиган қонунларни жорий қилади, илмий кашфиётларга маърифатга кенг йўл очади, илм хазинасини бошқа хазиналардан устун қўяди, инсонни ўзига назар солмоқ ва ўзлигини танитмоққа ўргатади. Шундай қилиб, Улуғбекнинг ўзи таъкидлагандай, бошқа шоҳ ва бошқа фотиҳлардан Улуғбекни келгуси авлодларнинг ажратиб ола билишига йўл очилади. Бироқ, Улуғбекдаги бу алоҳидаликни унинг ўз даври қабул қилмайди ва бошқа фожиалардан чиқмайди. Бу давр ҳақиқати эди. Романда ўз даврининг адолатли ва маърифатпарвар ҳукмдори бўлган Улуғбек воситасида, яъни унинг тўғрисидаги чексиз ўйлари, тушлари, хотираларида жаҳонгир Амир Темур сиймоси қад кўтаради. То шу роман яратилгунга қадар Амир Темур ҳақида бир томонлама мулоҳаза юритиш одат бўлиб қолган эди. Унинг улуғ инсон ва буюк соҳибқирон сифатидаги фазилатларини биринчи бўлиб тан олган ва буни Улуғбек нигоҳи билан эътироф этган дастлабки ижодкор Одил Ёқубовдир. У ўз романида Улуғбекнинг болалик чоғларида бобоси Амир Темур билан мулоқотларини ниҳоятда гўзал тарзда қайта жонлантиради: “У ҳали кичкина бола эди. Бир гал олис сафардан қайтган бобоси бир- икки ҳафта шу боғда турди. Худди мана шу булоқ бўйига суюкли энагаси Сароймулкхонимнинг ҳаворанг ипак саропардаси тўқилган эди... Гоҳо энагаси олдига этак тутиб, чодир ёнидаги бўлиқ оқ бияни ўзи соғар, сўнг, алоҳида мешга қуйиб, қиёмига келтириб қимиз қилар ва яхдай булоққа ташлаб қўярди. Аҳён-аҳёнда бу қимизни ичгани ҳаворанг саропардаги бобоси Амир Темур келарди. У сезиларлик оқсоқланса ҳам, асо ушалмас, новча қаддини йигитлардай тик тутиб: гўё бир ёққа шошаётгандай шитоб билан юрар эди. У ҳеч қачон қимматбаҳо заррин тўнлар киймас, ёзги саройида ҳам туя жунидан тўқилган оқ сарғиш чакмонини ечмас, ўтирганда чакмонининг этаги билан майиб оёғини ўраб, тиззасини силаб ўтирар эди. Бобоси Амир Темур оқ юзли, қирғай бурун, сийраккина чўққи соқол одам эди. Ундан ҳамма ҳайиқар, у сийрак қошларини чимириб, ўткир кўзлари билан қадалиб қараганда, ҳеч ким тоб беролмас, ҳамма кўзини олиб қочар, у келаётганда ҳар ким турган жойда қўл қовуштирганича қотиб қолар эди. Лекин ажабо кичкина Муҳаммад Тарағайни кўрганда бобосининг қовоғи очилиб, чеҳрасидаги шиддат бўлакча бир мулойимлик билан алмашар, ўткир нигоҳида шўх учқунлар ўйнар эди. Одатда у неварасини тиззасига ўтқазиб эркалар, аксарият мударрисларни чақириб, неварасининг сабоқларини суриштирар эди. Мударрислар Улуғбекнинг зеҳнини мақташса, бобоси неварасининг кенг пешонасидан ўпиб кулар: - Баракалло сизга. Амир Темур авлодидан ҳам Хорун Рашиддай бир фозил подшоҳ чиқсин-да, -деб қўяр эди. Гоҳо эса, билъакс неварасини мутолаа устида кўрса, жаҳли чиқар, дарғазаб бўлиб невараларидан бирига: - Олиб чиқ. От минсин. Қилич ўйнасин, - деб буюрар эди... (68-69- бетлар). Ёзувчи Амир Темур шахсияти, ақл-идроки, шижоати, давлатни бошқаришдаги тадбиркорлиги, айниқса, невараси Улуғбекка муносабати, унинг тақдирига раҳнамолигини юксак маҳорат билан тасвирлар экан, буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлган буюк саркарда ва давлат арбоби образини биринчи бўлиб ўзбек романчилигида олиб киради. Ёзувчи Улуғбекнинг туш кўриши лаҳзаси орқали Амир Темур қиёфасини чизар экан, унга қалб нури, ҳиссиёти, меҳру садоқатини сингдириб юбора олганининг гувоҳи бўламиз. “Ёши ўн бешга тўлмасданоқ Мовароуннаҳр тахтига ўтирган Мирзо Улуғбек ёмон бир туш кўради. Тушида бобоси билан қаттиқ тўқнашади: -Ҳой шаҳзода валиаҳдим Муҳаммад Тарағай. Қайга қочурсан? Тўхта? Мирзо Улуғбек қараса қабр устида Хўжа Аҳмад Яссавий эмас, бобоси Амир Темур турар эмиш. Эгнида қора мовут чакмон, бошида учи найзасимон мис дубулға, белидаги камарида олтин сопли қилич, бобоси қовоғини солиб, дарғазаб бўлиб турармиш. -Султон Муҳаммад Тарағай, - дермиш у, қовоғи ёзилмай. – Мен сени ўн тўрт яшар чоғингда Мовароуннаҳр тахтига ўтқазганимда умидим шу эдими? Қани айтчи, Мовароуннаҳр султони: Мен бу дашти азимда Хўжа Аҳмад Яссавийга бу мақбараи муаззимани нечун кўрдирдим? Муродим не маним? Уни ҳамиша эркалаб гапирадиган бобосининг товушидаги бу қаҳр Мирзо Улуғбекни сескантирса ҳам ўзини босиб жавоб берармиш: - Бу мақбараи муаззимани қурдиришдан муддаонгиз ул пиримуршид Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг покиза руҳини шод этмоқдур, қиблагоҳ... - Покиза руҳларини шод этмоқ, - деб заҳарханда кулармиш Амир Темур. – Бу мақбарани тикламоқдан муродим:... Олтин Ўрда ила Қалмоқ ва дашти қипчоқ ҳоқонларини титратмоқ эди... Нотинч қора халқ бу даҳмаи муаззамни кўриб даҳшатга тушсин, куну-тун тиз чўкиб тавоф қилсин, эски ғанимларим бўлмиш Олтин Ўрда ила қалмоқ ҳоқонлари эса менинг сарҳадим шу маҳобатли мақбара эканини билиб даф бўлсин, ани босиб ўтмоқдин ҳайиқсин, деб барпо этган эдим буни. Аттанг, олтин тахтимни сенга ишониб топширганимда не бўлди? Ана пастга қара. Қузғун Бароқбек суворийлари шаҳарни забт этар, бу мақаддас даргоҳни топтар хор қилар. Бобоси қалтироқ босиб, қисиқ кўзларида ўт чақнаб, шаҳарга имо қилармиш. Мирзо Улуғбек қараса, атрофидаги шаҳар кўчаларида, икки ёни раста мавзеларда қалмоқ башара суворийлар, ойсимон эгри қиличларини ўйнатган ясовуллар сурон солиб от ўйнатишар, уйларга ўт қўйишар, ҳаммаёқ дуд ва ёнғин ичида қолган эмиш. -Мовароуннаҳр ўт ичида қолди, - бақирармиш бобоси. –Сен эсанг, бу орсиз хотининг бирлан бу мозор устида бешарми ҳаё ўйнашиб юрасен. Билиб қўй: бошингга бу тожни мен қўндирган эдим, мен олиб ташлаймен. Ё бу бадхоҳларни сарҳадимдан даф этасен, ё тожимни қайтариб берасен. Амир Темур қаҳр билан унга томон юрармиш. Мирзо Улуғбек даҳшатга тушиб, орқага тисарилармиш... У гўё асфаласофилинга қулаётгандай бўлиб уйғониб кетди. Лекин ўшанда уни бу мудҳиш тушдан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга солган нарса шу бўлдики, тонг пайтида олис Яссида унинг ҳузурига ўн нафар йигит арз қилиб келди: Сайхун соҳилида кўчмачилик қилиб юрган Бароқбек ботир Ясси ва Сиғноқ шаҳарларини забт этиб, шаҳар теварагида Гулдай қишлоқларни талон-тарож қилган эмиш. Ҳайратга тушган Мирзо Улуғбек ўша заҳотиёқ лашкар тўплаб, Бароқхонга қарши юриш бошлади...” (44-45-бетлар). Ёзувчи Улуғбек характерига хос бадиий чизғиларни қоғозга туширар экан, давр фарзанди бўлган ана шу буюк зот ўрнига ўзини қўйиб, унинг кечинмаларини ўз дардлари ила бўйлаштиради. Улуғбекдаги ҳис, ички дард, унинг қалбини ҳам кемириб юборган. Балки, ёзувчи одил, олим, маърифатпарвар шоҳнинг сўнгги дамларини қаламга олар экан, ўзи яратган адабий тип-Улуғбек сингари ўзини қаерга қўйишни билмай қолгандир. Улуғбек дардига эш бўлиб, юрагидаги дардларини қоғозга тўккандир. Чунки, бу дард азоб бериш даражасига етмаганида эди, ўз суюкли қаҳрамонига бу қадар шафқатсизлик қилиб, унга ибрат қилиб, бошқа бир шоҳни – Жаҳонгир Амир Темурни улуғлаб, унинг шахсига юкиниб, нуроний сиймосига сажда қилиб, роман саҳифаларига киритмаган бўлур эди. Ёзувчи Улуғбекни ўз даврининг пешқадам алломаси, юксак дид соҳиби, бутун умрини ҳақиқат ва адолат тантанаси йўлига бахшида этган Амир Темур олдида синовдан ўтаётгандай бир қиёфада гавдалантиради. Романнинг қайси бир саҳифасида Амир Темур қиёфаси кўзга ташланмасин, унда улуғ соҳибқироннинг ўз невараси Улуғбекдан розилиги ёки норозилиги изҳор этилган бўлса, буни адибнинг ички мажбурияти уни ёзишга мажбур қилган давр ҳақиқати, уни ўз ихтиёрига бўйсундирган ҳиссиёт деб изоҳлаш лозим. Чунки бу ҳиссиёт Амир Темурнинг башорати эди. У Улуғбекдан мамнун бўлиб, “Темур авлодидан Хорун Рашиддай фозил бир подшоҳ чиқсин-да” деб башорат қилган экан, бу башоратни Улуғбек ўз илмий фаолияти орқали рўёбга чиқазди. Бироқ, Амир Темур Улуғбек сиймосида ўзидаги жаҳонгирлик, сиёсатдонлик, ҳарбий саркардалик фазилатлари етишмаслигини сезиб, “олиб чиқ. От минсин. Қилич ўйнасин”, - деб норозилик билдирган экан, бу башорат ҳам салтанатнинг хавф остида емирилиб бораётган дамларида бутун даҳшати билан рўёбга чиқаётгандай бўлиб кўринади. Улуғбек болалигида раҳнамо бўлган бобоси унга тож-тахт топширилганида ҳам бўлажак фожиалардан огоҳ этиб, тушларига киради. “Ё бу бадхоҳларни сарҳадимдан даф этасан, ё тожимни қайтариб берасан”, - деб шарт қўяди. Улуғбекнинг болалик хотиралари ва туши воситасида воқеалар ривожига олиб кирилган соҳибқирон Амир Темур образига асарда жуда қисқа ўрин берилса-да, у улкан адабий тип даражасида тасвирланган. Ёзувчи ўз бош қаҳрамони сиймосида етишмаган давр ҳақиқатини шу буюк зот сиймосида бера олган. Унинг буюк шахс ва арбоб сифатидаги фазилатларини баъзан хотира, баъзан туш шаклидаги бадиий тўқималар воситасида маҳорат билан тасвирлаган адиб соҳибқирон бобомизнинг камситадиган шўровий қарашларга қақшатқич зарба берди. Бу ёзувчининг чинакам бадиий жасоратидан нишона эди. У Амир Темурнинг ҳарбий юришларига ҳам холисона баҳо беришдан чўчимади. Буюк соҳибқироннинг энг аввал, Самарқандни ва ундан сўнг она юрти Кешни ободонлаштиргани, уларнинг салобати ва жаҳоншумул улуғворлигини орттиришга интилгани ҳам тарихий ҳақиқатдир. Амир Темурнинг бунёдкор ва элпарвар ҳукмдор сифатидаги сиймоси ҳам Улуғбек ҳиссиёти воситасида роман саҳифаларида қайта жонлантирилган. “Мирзо Улуғбек оғир хўрсиниб олдинга, кўкимтир туман орасида элас- элас кўзга чалинган тоғларга тикилди. Илгарилаб кетган қўшин кўринмас, фақат олдиндаги ясси қир ва адирларда от ўйнатиб юрган суворийлар гуруҳи кўзга чалинар эди, холос. Кўкимтир туман орасидан элас-элас кўринган довон ортида аждодларининг юрти ётибди. Раҳматли бобоси Амир Темур ҳам Мирзо Улуғбек ҳам кўҳна Кешга бўлакча меҳр қўйган эди. Кешда Амир Темур ҳукми билан барпо бўлган Оқ сарой даҳмасида барлос уруғи зодагонларининг хоки ётибди. Бобоси Темур бирламчи – дорулсалтанат Самарқандни обод қилган бўлса, иккиламчи – ўз она шаҳри Кешни обод қилдирган, туман орасидан базўр кўриниб турган довон этагида эса, одам кирса адашиб қоладиган “Боғи беҳишт”ни барпо қилдирган эди. Чиндан ҳам беҳиштга ўхшаган бу боққа олис Мисрия хурмоларию, хушбўй хитой олмаларини, Ҳиндистондан эса ажойиб банан дарахтларини келтириб ўстирган эди. Боғда, тоғ этагидаги хушбўй арчазорда, шохлари қулочга сиғмайдиган оқ архарлар, ўйноқи кийикчалар, кўзлари маъсум оҳулар гала бўлиб юрарди. Тиниқ, шаффоф булоқларда, оқ мармардан ясалган ҳовузларда олтин балиқлар сузарди... Бобоси Темур қийин сафарлардан чарчаб қайтганида, аксарият шу боғда ҳордиқ чиқарар, тоғ ён бағридаги хушбўй арчазорларда ов қилар, хорижий улус элчиларини ҳайратга солувчи шоҳона зиёфатлар, маъракалар ўтказарди...” (46-47-бетлар). Асарда ўрни-ўрни билан Темур шахсиятига мурожаат қилиниши ёзувчи бадиий тўқимасининг ҳаққонийлиги ва таъсирдорлигини кучайтириб, Улуғбекнинг бадиий сиймосини ёрқин тасвирлашга хизмат қилган асарда ёзувчи барча ғоявий йўналишлар ортида туриб, уларни моҳирлик билан бошқариб боради. Нитажада ўзига хос маънавий олам соҳиби бўлган улуғ саркарда Амир Темурнинг ибратли инсоний фазилатлари Улуғбекка мадад берувчи руҳий қувватга айланади, Шайхулислом Бурҳонуддиннинг “тожу тахт қўлда экан, уни маҳкам тутинг, давлатпаноҳ”, деб берган далдаси бир вақтлар отаси Шоҳруҳ Мирзодан эшитган бир ҳикояни ёдига туширади. Ҳикоятда Амир Темурнинг қўл берган пири Саид Бараканинг Ўрол соҳилларида Тўхтамишхон билан олиб борилган жанг пайтидаги тадбиркорлиги, довюраклиги, ғалабани таъминлашдаги жасорати улуғланган. Улуғбек ёнидаги Шайхулислом Бурҳониддин, севимли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодир, шогирди Али Қушчи, доруға Мироншоҳлар садоқатига ишонади. Ёзувчи ҳам китобхонларни шунга ишонтира олган. Бироқ ана шу ишонч фитна ва бўҳтонлар гирдобига тушиб қолган Улуғбекни фожеий қисматида огоҳ этолмагани ва сақлаб қололмагани тарихий ҳақиқатнинг чигал нуқталаридан бири сифатида жуда оғир ҳиссиётлар ифодасида очиб берилганки, бу ҳам ёзувчининг бевосита ҳаётий воқеликдан келиб чиқиб бадиий ҳақиқат яратувчи ижодкор эканлигини кўрсатади. Романнинг иккинчи қисми падаркуш Абдулатифнинг олти ойлик ҳукмронлиги давридаги воқеаларнинг бадиий инъикосига бағишланган. Кўринадики, романда бир-бирига ўхшамайдиган, ҳар бири ўзича бир “янги олам” бўлган учта шоҳнинг типик образи яратилган. Биринчиси – йирик марказлашган кучли давлатнинг асосчиси бўлиб, Ўрта Осиё аҳолисини чет эл босқинчилари зулмидан қутқазган халоскор бўлса, иккинчиси бутун башариятнинг мулки бўлиб қолган илм хазинасининг яратувчисидир. Учинчиси эса тожу тахтни эгаллаш иштиёқида, фитналарга учиб, отасини қатл эттирган Абдулатифдир. Агар романнинг биринчи қисми Улуғбекнинг севимли шогирди Али Қушчининг оғир ҳиссиётлари баёнидан бошланган бўлса, иккинчи қисми Улуғбекнинг яна бир шогирди Мавлоно Муҳиддин оиласидаги безовталиклар тасвиридан бошланади. Улуғбекнинг ўлими тўғрисидаги даҳшатли хабар Салоҳиддин заргар билан унинг ўғли Муҳиддин ўртасига зиддият солади. Отани қатл қилдирган падаркуш даврида қирғинлар бошланишини Салоҳиддин яхши билади: “- Энди қирғин бошланур, - деди Салоҳиддин заргар, ўғлининг ваҳимали шивирлашига эътибор бермай. – Устозингнинг барча хешу ақраболари, дўсту шогирдлари шаҳзоданинг қаҳрига йўлиқадур, таъқиб остида қоладур... - Нечун? - Нечун? – Салоҳиддин заргар калака қилгандай ишшайди. – Шунгаям ақлингиз етмайдими? Ҳамма давр, ҳамма замонда шундай бўлган, ўғлим. Эски тўн янги хўжайинга тўғри келмайдур. Кўплар қирғинга учрайдур, кўплар раҳматлик, Мирзо Улуғбек янглиғ калласидан жудо бўлур... Ҳақ таолоға шукрким, буни билгандай Шайх Низомиддин Хомуш ҳазратларига пирим деб қўл берган эканман... - Валинеъмат... Жаннатмакон устоддан кўп яхшилик кўрган эдик... - Яхшиликлар кўрган бўлсанг... сўзла. Масжиди жоменинг минбарига чиқиб жар сол. Яхшилик эмиш. Улардан кўрган жабру жафо ёдингдан кўтарилдиму? Суюкли ўғли, дўзахий Абдулазиз не қилди? Оллодан тилаб олган қизинг Хуршида, кўзимнинг нури ғунчаси не бўлди? - Устод шаҳзоданинг бу машъум қилмишидан бехабар бўлган... - Бехабар эмиш...- Салоҳиддин заргар ғалати хи-хилаб кулди. - Баракалло сендай коинот сирларини билган алломаи мунажжимга. Аллома эмас, бесавод авом сендан яхшидур. Билиб қўй, ҳой, муаллим ул- аввал Арасту. Эрта бир кун қирғин бўлганда ҳаммадан бурун сенинг бошинг кетадур. Ҳамма даҳрий алломалар орасида биринчи бўлиб сенинг калланг қиличдан ўтадур. Сенинг уйингга ўт қўйиладур. Сенинг...” (133-134-бетлар). Икки қисмдан иборат бўлган бу романнинг ҳар бир фасли шогирдлар руҳий изтироблари тасвиридан бошланиши бадиий тўқима қатларида қандайдир бир сеҳр яшириниб ётганлигидан далолат беради. Улуғбек рози бўлган шогирдидан ёзувчи ҳам рози, норизо бўла бошлаганидан эса адибнинг ҳам кўнгли қолганлиги саҳифалар оша ошкор бўла боради. Ёзувчи биринчи қисмда Али Қушчини нечоғлик меҳр-муҳаббат билан тасвирласа, иккинчи қисмда Мавлоно Муҳиддин қиёфасини шу қадар жирканиш ҳисси билан жонлантиради. Унинг отаси таъсирида Низомиддин Хомуш даргоҳига бориши ва ундан топшириқ олиб, устози хотирасига хиёнат қилишга ўқувчида ҳам нафрат уйғотади. Агар романнинг биринчи қисмида тож тахт учун кураш фитна-ю бўҳтонлар маърифат чироғини ўчириш умидида устод ва шогирд бошига қиёматлар тўфонини ёғдирганлиги тасвирланган бўлса, бу ҳиссиётлар гирдоби иккинчи қисмда Али Қушчи ва Мавлоно Муҳиддинларни ўз домига тортади. Мавлоно Муҳиддин аста-секин хоинлик йўлига кириб, ақлдан озади ва бу ёруғ дунё билан хайрлашади. Али Қушчи эса Мавлоно Муҳиддин билан авахта азобларини енгиб ўтади ва инсоният тафаккурининг маҳсули бўлган илм хазинасини сақлаб қолади. Асарнинг иккинчи қисмида падаркуш Абдулатифнинг бошига тушган ҳиссиётлар тўфони ва унинг қалбини кемирувчи ички кечинмаларни тасвирлаш марказий ўринни ишғол қилади. Ўз отасини хоин саркардалару сотқин уламоларнинг ғиж-ғижлаши оқибатида қатл эттирган падаркуш энди Амир Темур ганжларини излаб топиш истаги билан ёнади. У отасининг илмий хазинасини ер юзидан йўқотиш ниятида унинг шогирдлари билан юзма-юз фикрлар жангига киришади. Бу жангда Али Қушчидан зарба ейди, уни букиб ололмаганидан азобланади. Мавлоно Муҳиддиннинг қўрқоқлигини кўриб, ундан жирканади. Падаркуш Абдулатиф ҳам ўз даврининг социал типи. Ёзувчи буни чуқур идрок этган ҳолда тож-тахтга эга бўлиш учун ҳар қандай тубан ишлардан қайтмайдиган қотил тождорларнинг умумлашма образини яратган. Шу боисдан ҳам уни тарихий шахс Абдулатифнинг оддийгина нусхаси дея олмаймиз. Абдулатифнинг саройда бошлаган қирғинлари ўша давр тождорларининг ҳақиқий башараларини очиб берувчи манзараларнинг типиклаштирилган, индивидуаллаштирилган ҳақиқати эди. Кетма-кет қирғинлар Абдулатифни вос-вос касалига мубтало қилиб қўяди. Ёзувчи падаркушнинг бир-икки кундаёқ лунжлари ўйиб олингандай ичига ботиб кўзлари катта-катта бўлиб, чўпдай озиб кетганини тасвирлар экан, шаҳзоданинг вужуд-вужудини қақшатган бу васвасадан қутулиш учун шаробга зўр беришини, унинг шафқатсизлигидан, давлатни бошқаришдаги зулмидан безган саркардалар ва нуфузли беклар орасида ҳам норозилик кучайганидан кучайиб боришини давр ҳақиқати тарзида типиклаштиради. Бутун саройни, ҳаттоки, бутун дорулсалтанатни чексиз, бетизгин, бешафқат ғам чулғаб олган. Ҳатто қаландарлар чеҳраси ҳам сўлғин: “Қашқар чалқанча ётиб, осмон тўла ғуж-ғуж юлдузларга тикилди. Назарида осмонни тўлдириб юборган бу оппоқ юлдузлар гўё унга кўз қисиб мазах қилаётгандай, улар гўё юлдуз эмас, олам сирларидан хабардор аллақандай жонли нарсалардай бўлиб туюлди. Мирзо Улуғбек ҳазратларини шаҳриёри фалак-иқтидор дегувчи эдилар, бу ҳудудсиз коинотнинг барча сир- асроридан боқиф дониши жаҳон дегувчи эдилар. Шу сабаб уламон киромлар у зоти шарифни ҳам ёмон кўришар, ҳам ундан қўрқишар эди... Филҳақиқат: бу сўзда бир ҳикмат борга ўхшайдиким, кимки у дониши жаҳонга ғанимлик қилса, ҳоли вой бўлди. Мирзо Улуғбек ҳазратларига қилич кўтарган баттоллардан бири Саид Аббос эди, у ҳам ҳақ таолонинг қаҳрига йўлиқди. Аъло ҳазратларининг тузини еб, тузлиғига туфлаган қанча амиру умаро қатли қирғинга учради. Энди навбат шаҳзоданинг ўзига келди...” (232-бет) Худди биринчи қисмдагидек ҳиссиётлар қуюни ичра қонли манзаралар шарпаси кўрина бошлайди. Абдулатиф ёмон бир туш кўриб, бутунлай ақлдан озади. Бунинг гувоҳи бўлган Али Қушчи “Ҳайҳот. Ким айтмиш, бу норасо дунёда ҳақ ва адолат йўқ деб, бор. Кимки, бу дунёда ёмонлик қилса – хоҳ шоҳ бўлсин, хоҳ гадо – у жазосиз қолмайди”, - деган хулосага келади. Тож тахт ва шон-шавкат ишқида алломалар сарвари ёққан илм машъалини сўндириб, Мовароуннаҳрни зулмат қўйнига ташламоқчи бўлган, бандаи мўминларни қатли ом қилган, меҳру вафо ўринга жабру жафо келтирган илм-маърифат ўрнига зулмат уруғини сочган Абдулатиф ўтмишда яшаган золим тождодларнинг адабий типга айланган бадиий образидир. Ёзувчи уни ана шу ниятда яратган. Унинг фожиа билан тугаган тақдирида ҳам ўша давр ҳақиқати яққол кўзга ташланиб туради: “... Ана қийқириқлари оламни тутган қора тўфон пастдаги хадаққа етди. Тўфоннинг олдида бир-бирларининг отларини қамчилаган икки суворий келарди. Ниқобларини юлиб олган бу икки суворийнинг бири... Амир Султон Жондор эди. Иккинчиси ё раб. Худди тушида баркаш кўтариб кирган навкарга ўхшаган бу иккинчи суворий... кўпдан бери фитна қўзғаб қочиб юрган Бобо Ҳусайн Баҳодир эди. Шаҳзода жон ҳолатда отининг бошини бурди, лекин қочиб бораётган навкарларга яқинлашиб қолганида, тўсатдан елкасига заро билан қадалган ўқ-ёй уни букчайтирганича эгардан ағдарди... Шаҳзода ҳолсизланиб кўзини юмаркан, тусатдан қонли булутлар орасидан чиқиб келган падари бузрукворини кўрди... “Жигаргўшам, болам... Пушти камаримдан бўлган зурриётим Падаринг бошига етган бу қузғунлар сенинг бошингга ҳам етибдур. Не чора? Ота-бобонгга вафо қилмаган бул машъум тожу тахт сенга ҳам вафо қилмайдур, дедим. Сўзимга инонмадинг. Не қилай, болам”?... Оламни тутган қаҳрли сурон яқинлашиб келмоқда. Кўз ёши аралаш бу мунгли овоз эса, аксинча, тобора узоқлашмоқда эди... Шаҳзода гўё отасини тўхтатмоқчи бўлгандай бор кучини йиғиб толпинди, толпиндию боши узра кўтарилган яланғоч қилични кўриб, кўзини юмди, юмаркан: “Гуноҳкор фарзандингизни кечиргайсиз, бузруквор”, -деб пичирлади. (298-299-бетлар). Кўринадики романда учта подшоҳнинг адабий типи яратилган. Уларнинг ҳар бирида ўзи яшаган даврнинг тарихий ҳақиқати индивидуал бадиий қиёфа касб этган. Бироқ, шулар орасидан иккинчи подшоҳ – Мирзо Улуғбек романнинг бош қаҳрамони қилиб танланган. Ёзувчи унинг сиймосини барча даврларга татийдиган катта бир ҳақиқат ёғдулари билан нурлантирган. Романнинг Али Қушчи руҳий кечинмалари баёни билан бошланиб, Али Қушчининг дардчил изтироблари билан тугатилишида ҳам ана шу ҳақиқатга дахлдор ҳукм бор: “- Ҳануз хотирамда. Ўша машъум кечадан сал олдин устод билан худди мана шу ерда учрашиб видолашган эди. Раҳматлик устод бу нодир хазинани сақламоқни фақирга юклаган эди. Энди камина буни икковингга, икковингга оллога топширамен. Абадул-абад эсларингда бўлғай: “Мовароуннаҳр донишларининг ақл дурдоналари йиғилган бу ноёб хазина бўлғуси авлодлар узоқ зурриётларимизга хизмат қилур. Зероким, Мовароуннаҳр элини чулғаган бу зулмат тарқаган кунида қайтамен, деган умиддаман. Ва лекин қайтмай мусофирликда оламдан ўтсам... бу хазинани кўз қорачиғидай сақлангиз, сўнг инонган шогирдларингга топширингиз, улар ҳам ўз шогирдларига топширгай. Ва шу йўсин зурриётлардан, зурриётларга ўтиб, элимиз осмонига офтоб чиққанда яшайтурғон бахтли авлодларга етиб боргай... Сенлардан тилайдурғон бошқа тилагим йўқ...” (319-бет). Кўринадики, ҳар бир адабий тип ўз даврининг бадиий ҳақиқати сифатида тарихий роман саҳифаларида яшаб қолади. Бироқ, ўз замонасидан ўзиб кетиб, истиқболни олдиндан кўра оладиган Улуғбек, Али Қушчи сингари адабий типлар яратилгани мазкур асарга абадийлик муҳрининг босилганидан нишонадур. Чунки маҳоратли ёзувчи адабий типлар яратаётганида уни қалбидаги муҳаббат ва нафрат оловини оламга сочиш учун бир восита деб билади ҳамда ўзи яратган ҳар бир адабий типга у яшаган даврнинг тарихий ҳақиқатини мужассамлаштириш билан бирга яна келажакка дахлдор бўлган ҳақиқат моҳиятини ҳам сингдириб юборишнинг уддасидан чиқади. “Улуғбек хазинаси” романида тасвирланган ҳукмдорлар образининг бадиий табиатига доир мулоҳазаларимизни профессор М.Қўшжоновнинг қуйидаги фикрлари билан якунлашни лозим топдик: “Одил Ёқубов Улуғбек фожиасини, Али Қушчи шижоатини, Абдулатиф хоинлигини, мавлоно Муҳиддин сотқинлигини психологик асосда кўрсатадиган воқеаларни макон жиҳатидан ҳам, замон жиҳатидан ҳам фокусга, характер ва воқеаларни катталаштириб, бўрттириб кўрсатадиган кўзгуга солгандек, бир ерга жамғара олади. Китобхон тасвирланаётган замон руҳини, маълум бир даврдаги тарихий фожиани, поклик ва нопоклик, самимийлик билан носамимийлик, тараққиёт билан жаҳолат орасидаги адабий зиддиятни воқеалар тасвирида англаб олади”. 3 3 Қўшжонов М. Сайланма. Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти. 1982. 1-том. 301-бет.