logo

Абдулла Қодирий. Жадидчилик – адиб илк ижодининг тамал тоши

Yuklangan vaqt:

20.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

27.5595703125 KB
Абдулла Қодирий . Жадидчилик – адиб илк ижодининг тамал тоши Режа: 1. Жадидчилик – адиб илк ижодининг тамал тоши. 2. Кичик насрий асарларида маърифатдан реализмга ўсиши. 3. “Ўткан кунлар” романи пафоси - мустақиллик. Абдулла Қодирий – жадид адабиётининг йирик сиймоси. Жадид адабиёти бешигида балоғат ва камолотга етган адиб ўзбек реалистик ҳикоя ва романчилик мактабига асос солди. У бадиий ижод ва бадиий эстетикада бирдай қалам сурди. Шу боис ҳам жаҳон адабиётида олтинчи романчилик мактабини ўзбек адабиётида яратишга муяссар бўлди. Адиб эстетик қарашларида бадиий ижоднинг қатор тамойилларини эътироф этган ва ўз асарларида уни қўллаган. Айниқса, бадиий асар тили борасидаги фикрлари ҳамма замонлар учун ибратлидир. У “сўз қолип, маъно қолип ичидаги ғишт” деган эди. “Равот қашқирлари” кинофильмига ёзган тақризида “...фильмнинг ҳаётимизга ёндашиб келган лавҳалари кўринишлари бус-бутун деб бўлмаса-да ва лекин қисман хаёлий, сохтанамо бўлади” каби жумлалар бор. Адиб бундай сохталиклардан қутулишнинг чораси “халқ турмушини чуқур билиш” деб англади. Унинг “Ўзбек турмушининг майда- чуйдасигача ўзбек боласи билади” деб қўшиб қўйишида рамзий маъно бор эди. Европалик сценаристлар, артист ва артисткаларнинг ўрнига миллийсини тайёрлаш орқали сохталикдан ҳаққонийликка эришиш мумкин, деган хулосага келади адиб. Улуғ адиб бундай эстетик тафаккур соҳиби бўлишгача жадид адабий муҳитида тарбия топди, қаламини чархлади. Унинг бадиий қалам ушлашига вақтли матбуот боис бўлди. У ёзади: “Шу миёнларда бозор воситаси билан татарларда чиқадурғон газетларни ўқиб, дунёда газета деган гап борлиғига имон келтирдим...” Унинг биринчи “Янги масжид ва мактаб” мақоласи “Садойи Туркистон” газетасининг 1914 йил 1 апрел сонида “Абдулла Қодирий” имзоси билан чиқди. Ўз эсдаликларининг бирида... шуларга (газеталарга) “гап ёзиб юбориш фикри уйғонди” дейди. Ана шу гаплар айрим мақолаларини ҳисобга олмаганда, асосан, илк ижодини шеърдан бошлаб, “Миллатимга”, “Аҳволимиз”, “Тўй” каби шеърларини эълон қилди. Қодирий бадиий қалам тебратишга киришган вақтларда “Миллат”, “Ватан” тушунчалари бот-бот такрорланадиган ва унинг тақдири ҳамда келажаги ҳақида фикр билдирилар эди. Хусусан, ҳар икки тушунча умум, жамоа, ягона, яхлит Ватан, миллат тушунчасига кўчди. Албатта, ҳар икки сўзнинг умумэл, умумхалқ маъно касб этишида жадид зиёлиларининг саъй-ҳаракати алоҳида бўлгани тайин. Жумладан, Қодирий “Аҳволимиз”, “Миллатимга” шеърларида олтин, молу мулкни мактаб, дорилфунунга сарфлаш ўрнига қишин-ёзин кўкнори ичиб, бедона сайратиб, болаларга кокил солдириб, “оҳ-воҳ” дегувчилар устидан кулади. Келингиз, ёшлар, зиёлилар бу кун ғайрат қилинг, Ухлаганларни агар қодир эсак, уйғотамиз. Ғафлат уйқусидаги халқни уйғотиш Қодирий учун олижаноб ғоягина эмас, балки бунга жасорат ва фидойилик ҳам керак эди. У бу йўлдан тоймади. Фикрини чархлаб, матонатини кўрсата борди. “Тўй” шеърининг ғоявий мазмуни ҳозир ҳам ўз кучини йўқотган эмас. Аммо ундаги “ташласун бўлса гар мусулмон тўй” мисрасини тўғри идрок қилмоқ керак. Муаллиф миллий урф-одатимиз тўйни инкор қилмоқчи эмас, балки дабдабали, ортиқча сарфу харажатли, хўжакўрсинга қилинадиган тўйга зид. Зеро, “тўй ақчаси йўқни этади вайрон”. Қарзлар эвазига қилинган тўйнинг оқибати фожеа билан тугаши жадид адабиётидан маълум. Профессор А.Қулжоновнинг “Наср султони” рисоласида келтирилишича, Қодирийнинг “Фикр айлағил” ғазали ҳам мавжудлиги аниқланган. Қисқаси, Қодирийнинг илк шеърияти жадид адабиётининг йўналишидан келиб чиқиб, чақириқ, даъват, ташвиқ характери билан ўз даврида катта аҳамиятга молик бўлган. Қодирий матбуотни кузатиш жараёнида жадидчиликнинг туб моҳиятини эрта англади ва жадид адабиёти йўналишига тезда берилди. Ўша даврда Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмасининг таъсири беҳад кучли эди. Адибнинг айтишича, “Падаркуш”нинг таъсирида “Бахтсиз куёв”ни ёзиб юборган. Шўро адабиётшунослигида “Падаркуш”га нисбатан “Бахтсиз куёв”да ғоявий-бадиий жиҳатдан ўсиш борлиги таъкидланган. Дарҳақиқат, образларнинг ўзаро муносабатлари, ижтимоий йўналиши устуворлик касб этади. Қисқача воқеаси шундай: Солиҳ ота-онаси вафотидан сўнг киши эшигида хизматкор бўлиб ишлайди. Ҳовли бўм-бўш. Бир кун амакиси Абдураҳим Солиҳни уйлантириб қўймоқчи бўлиб, қарз олишни маслаҳат беради. Жиянининг рад этишига қарамай, ҳовлини гаровга қўйиш ҳисобига судхўр бой Қосимдан қарз олишади. Қарз муддати битгач, суддан тўлов ҳақида қоғоз келади. Бу воқеанинг устига қайин отаси Файзибой келиб қолади ва ҳеч қандай ёрдам кўрсатмайди. Солиҳ эл олдида шарманда бўлади. У ўзини-ўзи пичоқлайди. Бу аёвсиз фожеага дош беролмаган Раҳима ҳам ўзини ҳалок этади. Икки ёш заҳарли ҳаётнинг қурбони бўлади. Асар “Падаркуш”га жуда-жуда ҳамоҳанг. “Падаркуш”да бойнинг хатосини зиёли эслатса, “Бахтсиз куёв”да элликбоши Файзибой катта қарз эвазига тантанали тўй қилиб, ҳар икки ёшнинг тақдирига сабабчи бўлганини рўкач қилиб айтади: “Куёвимиз билан қизимизнинг ўлимига нима сабаб бўлди, биласизми? Мен сизга сабабини айтсам, қизга бекор шариатдан ташқари тўй қилиб, куёвингиздан кўп ақча олиб, қарздор қилганингиз сабаб бўлди”. “Падаркуш”нинг хотимасида зиёли одамларга қарата илмсизликнинг беадад жоҳилликка олиб келиши гапирилса, “Бахтсиз куёв”да ҳам худди шундай насиҳатомуз якуний фикр билан хулосаланади. “Сизлар ҳам шундай исроф қилмоқдасиз. Исрофнинг зиёнини кўрдингизлар, Файзибойдан ибрат олинглар. Кўрдингизларми, исроф қилиб, охири нима бўлди?.. Бидъат, тўйда исроф бўладиган ақчага ўғлингизни ўқитингиз!” Барибир “Бахтсиз куёв” “Падаркуш”га нисбатан ҳаётни ҳаққоний акс эттириш ва реалистик тасвир жиҳатидан анча олдинлаб кетган. Турмуш ҳаққонияти изчил тасвирланган. Файзибой ҳар икки ёшнинг қийналиши, азоби, изтиробидан пинагини бузмайди, кўмакка келмайди. Худди шунингдек, Қосимбой ҳам ўта судхўр, мулк олдида иймонини сотган шахс. Ўлик устида қарзини қичайди, ҳовлини расмийлаштириш масаласини кўндаланг қўяди. Капитал жамғариш унинг иймони, диёнатидир. “Бахтсиз куёв”да элликбоши зиёли ўрнида иш кўради ва илғор фикрларни ўртага ташлайди. “Ҳозирда биз туркистонликлардан бошқа жумла мусулмонлар, хусусан, Макка, Мадина, истанбулликлар ... куёвдан ақча сўрмакликни номусулмонлик деб биладилар ва бизлардек исроф қилмайдилар”. Асарда элликбоши улуғ инсонийлик кўрсатиб, фожеанинг сабабларини ахтаради. Бироқ ўзи ёлғизлик қилади. Имом-домла унинг ёнини олмаганидан бироз койинади. Айниқса, судхўр Қосимнинг қарзни тиқилинч қилиб сўрашига нисбатан: “Бир-икки кун тўхтанг, ўлик кўмилгандан сўнг ҳовлини соттириб оларсиз?”, дейди. Драмадаги Солиҳ ўз даврининг тўпори йигитларидан эмас. Ҳаёт оқимини баҳолай олади. Биринчидан, уйланса, қаровсиз, ташландиқ ҳовли эгалик бўлади. Иккинчидан, тўй харажатининг ошиб-тошиб кетганини эшитгач, рад қилмоқчи бўлади, аммо амакиси Абдураҳимнинг “фотиҳадан қайтиш гуноҳ” эканини онгли тушуниб, фикридан қайтади. Раҳима образи энг ёрқин ва муаллиф уни инсонийлик мавқеида туриб тасвирлаган. У - бойнинг эрка, егани олдида, емагани кейинида қизи. У ижтимоий нотенгликка бормайди. Ҳаётдаги бошқа аёлларга кўра эрига содиқ, оилага қайишувчан, садоқатли аёл. У эрининг қарзини эшитиб, турмушини бузиб, яна ота даргоҳига қайтиши мумкин эди. У бу йўлни танламайди ва танлай олмас ҳам эди. Асар нуқсонлардан ҳоли эмас. Файзибой, Қосим, Абдураҳим образлари схематик чиққан, улар ҳақидаги ифодалар қуруқ. Боз устига икки ёшнинг фожеаси ҳам, руҳий зиддиятлар ҳам кечинмалар воситасида берилмаган. Жадидчилик ғоялари элликбоши образида қаламга олинган. Унда бироз яланғоч ифода устун. Драма “Падаркуш”, “Адвокатлик осонми?”, “Пинак” каби асарлардан бадиий тиниқлиги, нақл, қуруқ воқеалик ўрнига тасвир, ифода эгаллаши жихатидан муҳимдир. Бу келажаги буюк носир Қодирий ижодининг равнақидан ниш бериб туриш эди. Ўз даврида янгилик бўлган театр омма орасида осонликча ижобий баҳо олган эмас. Ҳатто маъмурият қаттик қаршилиқ кўрсатар эди. “Падаркуш”га Тифлисдан ижозат олиниб, сўнг саҳнага қўйилди. “Бахтсиз куёв” эса тезда тегишли театрларда ўйналди. Бунга қарши театр “ҳаром” деган ваҳима ва қўрқинчли сўз эл орасида ўрмалаб қолди. Бу Сайидаҳмад Васлийнинг “Шариати исломия” мақоласида учрайди (“Садойи Фарғона”, 1914, 83-сон). Драма борасида ўринли ва баъзан ўринсиз тақризлар эълон қилинди. Шўро даврида Қодирийга тиргак ва кўмак бўлсин учун матндаги сўзга атайин сунъий маъно юклаб, асарни ҳимоя қилишга куч беришлар бўлган. Э.Каримов “Ўзбек адабиётида реализмнинг ривожланиши” асарида драмадан қуйидаги матн келтириб, “ сустлашган ” сўзини “сиёсатлашган” қабилида ўқишга даъват этади, мана ўша матн: “...элликбоши қаёқдаги бўлмаган сўзларни гапириб, сизни сиёсатлаштириб қўйдилар”. И.Султон таҳрири остида чиққан “Ҳийлаи шаръий”, Ҳ.Ёқубов таҳрири остида эълон қилинган “Адабиёт хрестоматияси” китобида “Бахтсиз куёв” драмасининг матни берилган. Ҳар икки матнда ҳам “сиёсатлаштириб”эмас, “сустлаштириб”, дея ёзилган. Агар Қодирий асарлари варақ-варақ ахтарилса, “сиёсатлаштириб” қўйди, деган ибора ёки сўзни умуман учратмайсиз. Э.Каримов “сиёсатлаштирган” сўзига алоҳида урғу бериб, сунъий сўз ясашидан мақсад Қодирий ижодий ғоясини устуворлаштириш ва мавқеини сиёсат пардасига ҳамоҳанглаштиришдан бошқа нарса эмас эди. Аммо бунга Қодирий ижоди муҳтож эмас. “Бахтсиз куёв”га қанча ранг бермайлик, у жадид адабиётининг маърифатпарварлик йўналишидаги асардир. Қодирийнинг ўзи эса жадид адиби сифатида намоён бўлади. ХХ аср ўзбек ҳикоячилигининг жаҳон миқёсидаги шуҳратини Абдулла Қаҳҳор таъминлаган бўлса, унинг тамал тошини Абдулла Қодирий қўйди. 1915 йил Туркистон генерал губернатор девони босмахонасида биринчи асари “Жувонбоз” қизил рангда, араб алифбосида босилиб чиққан. Мазкур ҳикоянинг иккинчи нашри адиб таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан “Шарқ юлдузи”да чоп этилди. Ҳикояда Ўрта Осиёдаги энг яроқсиз одат-ярашамган қилиқ жувонбоз (баччабозлик) лик қораланади. Яроқсиз “удум” миллатнинг урф-одати эмас, балки тўқликка-шўхлик қилувчи бир ҳовуч бойвачча ва безориларнинг “ўйини” эди, холос. Бу ярашмаган “гажжак” оилада бола ва ўсмирлар тарбиясига қаттиқ салбий таъсир кўрсатган. Ҳикояда бесоқолбозликнинг оқибати таназзул эканини Саъдулла ҳаёти воситасида кўрсатиб берилади. У - турмушнинг ярамас иллати. Оиланинг онаси Солиҳа ўғли Саъдулладан шикоят қилиб, дод солади: “Саъдулла тушкур эса мадрасада турмаса, на уйга келмаса, на дадасига хат ёзиб, омон-эсонлигини билмаса, бола бўлиб, ақли кирмади.” Қисқача мазмуни: Саъдулла Раҳимни бачча қилиб олиб, ўйнатади. Раҳим эса кундан-кун таъмахўрлигини ошириб, от олиб беришни сўрайди. От олиб беради (300 сўм), от майиб бўлади. Яна бошқа от сотиб олиб беради. Раҳимнинг отаси ўғли “хизмати”ни рўкач қилиб, пул талаб қилади. Унга 700 сўм беради. Бир ресторанда ўтириб, кетган харажатга қарздор бўлиб, қарзи эвазига тўн ва камзулини, уйдаги пулга кетадиган нарсаларни, боғ-роғларни сотади. Саъдулланинг отаси Рауфбой катта савдогар, сафарга кетишдан олдин 15 сўм ташлаб кетган. Ота ўғли тарбиясига катта сарфу харажат қилган (ўқитиш, тўйи ва ҳ.о.). Рауфбой банкка 4 минг 500 сўм қўйиб, сафарга кетади. Ўғлига банкдан пул олиш учун ишончнома ёзиб қолдиради. Дўсти Каримбойдан хабар келади. Унда Хитойдан яхши ва арзон мол келгани, олишга келиши айтилган. Катта пулни олиб юрмасдан орқасидан юборишини маслаҳат кўриб, буни ўғлига ишониб топшириб кетади. Ўғли ишонч қоғоз билан банкдан пулни олиб, Раҳим бесоқолнинг сарфу харажатига ишлатиб юборади. Маҳалланинг саркори Боқи, Эшназар, Кичикхўжа гапхўрликда Раҳимга кокил қирқтириб, ўйнатади. Бунга қарши турган Саъдулланинг қўл-оёғини боғлаб қўйишади. Ҳар иккиси сазойи қилинади. Аламидан Раҳим Саъдуллага: “Агар мени хўрликка солувчиларни ўлдирмасанг, сен билан юрмайман”, дейди. Саъдулла мажбур бўлиб, гапхўрларни гумдон қилади. Оқибат Саъдулла суд бўлиб, 15 йилга Сибирга сургун қилинади. Ҳикоя бадиийлик мезони жиҳатидан баланд савияда эмас. Аммо муаллиф Туркистондаги ярамас жоҳилликни илмсизлик ва калтабинликда деб кўрсатади. Қолоқ ўлкада бундай турмуший шармандалик бўлишини муаллиф фош қилади. Ҳикоянинг моҳияти ҳам шу нуқтада. Қодирий фожеавий ҳикоясида йирик бир масалани кўтариб чиққан. Ҳаётнинг катта ва муҳим оқимидан ажралиб қолган, ўзининг шахсий манфаатини ўйлаган, қолоқ, ўта тубан шахслар башараси ҳикояда очиб берилган. Бундай қисмат фожеа билан тугаши асар хулосасини белгилайди. Тўғри, муаллиф баёнчиликдан тўлиқ қутулган эмас. Асар образларини муаллиф баёни етаклайди. Ҳикоя маърифий жиҳатдангина эмас, балки бадииятга кўра ҳам бир қадам бўлса-да, олға силжишдир. Эпик тасвир, тилдаги ифодалилик, тасвирдаги холислик бадииятга дахлдор. Ҳикоя мазмунидан қолоқлик, жоҳиллик маърифатнинг душмани, деган хулоса келиб чиққади. Ҳикояни жадид илк насри тадрижи нуқтаи назаридан баҳолайдиган бўлсак, “Янги саодат” типидаги романга нисбатан тасвирда жозиба ва холислик, индивидуаллик мавжуд. Шу маънода ҳикоя жадид насрининг тамал тошига алоҳида бир ғишт вазифасини ўтайди. “Улоқда” номли ҳикояси “Жувонбоз” ва бошқа асарларига нисбатан тенглаштирилмас даражада юқори бир асар” (Ойбек). “Жадид адабиёти учун характерли аломат, яъни санъаткорнинг ўрнини воиз эгаллаши, насиҳатгўйлик, “оқартирувчилик” ва бошқалар “Бахтсиз куёв” (“Жувонбоз”да – Ҳ.М.) да кўринади” (Ойбек). “Улоқда” (1915) ҳикоясида эса воиз ўрнини санъаткор эгаллайди. Насиҳатгўйлик, баён қилиш ўрнини тасвир, ифода, жозибали тил эгаллайди. Образларни тавсифлаб, етаклаб юрмайди муаллиф, аксинча кўрсатади. Бадиий адабиёт ҳаёт ва образни ифодалаб, тасвирлайди. Тўғри, “Улоқда” ҳам жадид адабиётининг анъанаси бор. Бир кўнгилсиз воқеа ва ахлоқ масаласи баён қилинади. Аммо бу воқеалар воизлик билан эмас, балки санъаткорлик билан тасвирланади. Жадид адабиёти намунларида воқеага нисбатан танқид бошдан оёқ давом этарди. “Улоқда”да ундай эмас. Ёш Турғуннинг чавандозлар қаторидан ўрин олишига интилиши, ҳаваси, отга, улоққа меҳри самимият билан тасвирланган. Тасвирда ифода, тил жозибаси, тимсолилик бор: - Бечора бултурги ҳайитда менга ярим сўм ҳайитлик берган эди. Илоҳим, яхши бўлсин, деб кўнглимдан ўтказдим. Бу жумлаларда тиниқ ва самимий ифода мавжуд. - “Дадам бозор кетмадими?” – деб сўраган эдим, ойим: - Эсонбойнинг жанозасида! – деб жавоб берди. Менинг уйқум ўчди. Бу жумлаларда истиоравий ифода баёнчиликнинг ўрнини олган. “Улоқ”да ҳикояси Турғун тилидан олиб борилса-да, оломон иштирок этган биринчи асар (У.Норматов). Биринчи жаҳон уруши кетмоқда, аммо одамлар бундан ғофил. Ўзларининг машғулоти, одатий ўйинлари билан банд. Эҳсон полвоннинг ўлимидан сўнггина оломон ва Турғун бироз хушёр тортадилар. “Қисқаси, “Улоқда” - октябр тўнтарилишигача бўлган ўзбек адабиётидаги реализмнинг чўққиси, ёзувчининг ижодий муваффақияти” (У.Норматов). “Ўткан кунлар” романи нашр этилгандан буён танқидчиликнинг мунтазам равишда ўрганиш манбаи бўлиб келди. Ҳатто у жаҳон адабиётшунослиги гази билан ҳам юқори баҳоланди (Бертельс). Қолаверса, Кавказорти (Озарбайжон адабиётшунослигида), Марказий Осиё адабиётшунослари ва буюк санъаткорлари (Берди Кербобоев, Хидир Деряев, Чингиз Айтматов, Мухтор Авезов) ҳам юксак баҳо беришганлар. Ўзбек адабиётшунослигида романнинг авра-астарини чиқариб, танқид қилганлар М.Шевердин ва Сотти Ҳусайн бўлган. Ўртамиёна баҳони Ойбек, Ғафур Ғулом, Асқад Мухторлар беришганлар. 30-йилларда республика ҳукумати Ойбекка Қодирий, Ҳамид Олимжонга Фитрат, Шайхзодага Чўлпон борасида китоб ёзиш буюрилади. Шунда Ойбек “Абдулла Қодирийнинг ижодий йўли” (1936) монографиясини даврнинг руҳини ҳисобга олган ҳолда адиб романига муносабат билдирган. Аввало, Ойбек бадиий адабиётнинг сиру асроридан чуқур огоҳ бўлганлиги учун ҳам романнинг жозибаси, тансиқ асарлигига, айниқса, адибнинг маҳоратига таъзим келтиради. Бироқ у Қодирий ҳақидаги ёзилаётган китоб экани, у назорат остига олинишини билган ҳолда уни замон, жамият, синфий кураш нуқтаи назаридан баҳолашни мезон қилиб олиши тайин эди. “Синфлар мавжуд бўлган жамиятда ... ижтимоий ҳаётнинг асосини синфий кураш ташкил қилади.” Ойбек ана шу кредодан келиб чиқиб, романга шундай баҳо берган: “...Ўтган кунлар ҳақиқати бу қолипга тушмайди. ...синфлар кураши эмас, яхшилик идеяси билан ёмонлик идеясининг кураши каби бир ҳол сезилади” (260-бет). Буюк адиб романдаги феодал турмушнинг қолоқликлари, чиркинликлари, оилавий муносабатлардаги фожеа, эркин муҳаббат масалалари тўғри акс этганини тўғри пайқаса-да, бош мезон синфий кураш четда қолиб кетган каби тушунчасидан жилла бўлса-да тоймайди. Яна бир баҳога эътибор берайлик. Ойбекнинг таъкидлашича, Отабек социал-тип даражасига кўтарилмаган. Типда эса бирор социал гуруҳнинг муҳим белгилари ифодаланиши назарда тутилган ўша вақтда. Хўш, роман воқеаси кечган даврда Туркистонда қандай социал типлар бор эди. Ҳали ўзбек халқи бирлашмаган, иттифоқлашмаган, миллат даражасида эмас эди. Яна бир қараш. Романда савдогарлар тоифасига мусбат баҳо кўтаринки руҳда берилган эмиш. Яна бир қолипга сиғмайдиган чизги. Уста Олим дўкондор – тўқувчи бўлса-да, ош билан Отабекни меҳмон қилишга ҳамиша тайёрлиги бузиб тасвирлаган эмиш. Шўро адабиётининг тамойили бўйича уста Олим қамбағал-қасанғи, нону ошга зор шахс бўлиш керак эди. Роман Ойбекдан ташқари адиб ва танқидчиларнинг баҳосига ҳам боис бўлди. Г.В.Белинский ва И.Султонларнинг фикрича, асарнинг йўналиши, ғоявий-бадиий калити - пафосдир. Адабиётда инқилоб, синфийлик, партиявий принцип, социалистик жамият манфаати нуқтаи назари ҳукмрон бўлиб турган бир пайтда “Ўткан кунлар” романи пафосини истиқлол нуқтаи назаридан белгилаш ва уни ошкора этиш жаҳаннамга кетиш билан баробар эди. Роман пафоси тўғри аниқланмасдан ҳар куйда баҳоланди. Улоқ қилиб, чўзишиб, “социалистик реализм асари” (У.Норматов) даражасида мезонланди. Бунга асос бадииятнинг юксаклиги эди. Қанчадан-қанча тадқиқот ва мақолаларда романнинг пафоси нимадан иборат? Нимага воқеани кейинги “хон замонлари”ни, “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари”дан танланди? Нега “кир”, нега “қора кунлар” - бунга эътибор қаратилмади? Миллати, элати бирлашган ва иттифоқлашган халқ - кучли, қудратли. Бу ҳол Туркистонда бормиди? Йўқ эди, бори ҳам тарқоқ тарзда эди. Қипчоқ билан қорачопонлар, Азизбек билан Худоёрхон, Тошкент баёнлари билан Азизбек, боз устига Нормуҳаммади ўртасидаги зиддиятлар ана шу тарқоқликни ташкил этар эди. Бундан ҳам ашаддийси халқнинг бурни остидаги душман – рус империяси ерли халқни оёқости қилган рақиб бўлиб ётарди. Бундан ташқари октябр тўнтарилиши туфайли чор Россияси зобитлари оёғи остидан жафокор омма бош кўтаргандай бўлди, аммо орзу ушалмади. Буларнинг ҳамммаси Абдулла Қодирий кўнглида дарду алам ва ғусса бўлиб туғён урарди. Ички изтиробни ювиш учун Туркистон умаро ва фузалоларининг иттифоқлигини тиклаш ва бунинг натажасида рус зобитларига қарши ҳис- туйғуни халқ кўнглида уйғотиш масаласини ҳам бадиий образларда кўрсатиш заруру шарт эди. Бу ҳуррият бермаган инқилобга нисбатан бир киноя ҳам эди. Романда кўп ижтимоий ва ҳаётий масалалар қаламга олинган. Шулардан бири миллатни озод кўриш. Қодирийгача ва унинг даврида бирор санъаткор мустамлака зуғуми остида халқнинг кесакдай эзилаётганини бадиий таъсирчан қилиб ҳеч ким қаламга олган эмас. Отабек Шамайга бориб, рус тузумига ҳавас қилиб, уни ўз юртида кўришни дил-дилидан исташи ва: “Шамай меним бу фикримни ост-уст қилиб, ўзимни ҳам бутунлай бошқа киши ясади. Мен ўруснинг идора ишларини кўриб, ўз идорамизнинг худди бир ўйинчоқ бўлганлигига иқрор этишга мажбур бўлдим.” Отабекнинг тасаввурида юрт бамисоли улкан қабристон, унга нажот берувчи кимса йўқ. У иш бошидан, идора усулидан ғаразгўйлар қувилиб, холис ва яхши одамларни қўйишни нажот йўли деб билади. Шу фикрнинг ўзи Туркистонда ҳам жамиятга нажот йўлини излаётган зиёлилар борлигини кўрсатади. Акс ҳолда романдан инқилобчи қидириш ўта бемаъниликдир. Хусусан, Юсуфбек ҳожи исённинг йўлбошчиси бўлиб, ўртадан Азизбекни олиб ташлаш ҳам сабр косанинг тўлгани ва бунга малҳам изловчилар борлигидан далолат. Романда Қодирий ислоҳотчи бўлиб кўринади, дегувчилар ҳам бўлди. Бу гап ҳам ақлга сиғмайди. Қодирий октябр тўнтарилишидан сўнг ижтимоий сиёсий ўзгаришнинг катта қозонида қайнади. У ислоҳотчилик ва инқилобчиликни жуда яхши фарқлар эди. Бироқ роман воқеаларининг зирваги инқилобчиликни эмас, фақат ислоҳотчиликни кўтарарди. Синфий курашнинг ўзи бўлмаган жойда инқилоб нима қилсин. Роман воқеаси ва унинг содир бўлган даври фақат ислоҳотчилик билан эмас, балки юрт мустақиллиги ва халқ озодлигини орзу қилиш билан боғлиқ эди. Юсуфбек ҳожи қипчоқ қирғини маслаҳати иштирокчиларига бурун остидаги душман ҳақида куйиниб, кўз ёшини соқолига оқизиб, гапиради. Отабек ўз яқини билан сайрдан қайтса, Тошкент қипчоқлар мурдаси билан тўла. Уйга келиб, отага қарз саломини ҳам бермасдан кўрпага ўраниб, ётиб олади. Ота ўғли гумонини зудлик билан пайқайди. Рўбарў ўтириб, ўғлига: “Ўз наслини ўз қўли билан кофир қўлига тутқун қилиб топширувчи – биз кўр ва ақлсиз оталарга худонинг лаънати албатта тушар, ўғлим!”, дейди. Донишманд отанинг ўғли падар ўгити ва ҳаётий қарашини тўғри англиб етди. Кекса отанинг айтганини, бошлаган ишини давом эттириш учун сипоҳ бўлиб, Авлиё ота устидаги чор аскарларга қарши тўқнаш келиб, мардларча, ҳалок бўлади. Отабек доно, оқил падарнинг изидан бориб, эл-юрт ғами, мустақиллик йўлида жонини қурбон қилди. Асар пафоси эл-юрт ғами, миллатнинг иттифоқлиги, юртни душманлардан озод қилиб, мустақилликни қўлга киритиш. Асар пафоси ҳам ана шу. Роман шу пафосда таҳлил қилинса, нореал даъволар, муҳокама ва мунозаралар ўз-ўзидан изга тушиб кетади. Фойдаланилган адабиётлар 1. Аъзамхўжаев С. Туркистон мухторияти, - Т.; 2000. 2. Абдураҳмонов Ғ., Мамажонов С. Ўзбек тили ва адабиёти, дарслик, -Т.; 2001. 3. Долимов У. Туркистонда жадид мактаблари,-Т:,2006. 4. Жалолов А. XIX аср охири ва XX аср бошларидаги ўзбек маърифатпарвар-демократик адабиёти,- Т.;1996. 5. Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш,мустақиллик ва тараққиёт учун кураш (даврий тўплам, 1-сон),-Т:,1999. 6. 6. Каримов Н. ва бошқалар, ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи,- Т.;1999. 7. 7. Миллий уйғониш, -Т.; 1993. 8. 8. Қосимов Б. Миллий ўйғониш, - Т.; 2002. 9. 9. Қосимов Б ва бошқалар, Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти,- Т.; 2004. 10. 10. Қулжонов А. Жадид адабиёти (ўқув-услубий мажмуа), Гулистон, 2001. 11. 11. Шоназаров Ю. Жадид адабиётининг илк насри ва драмаси, - Хўжанд, 1996.