logo

Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида анъанавий фольклор жанрларининг ҳозирги яшаш шакллари

Yuklangan vaqt:

10.09.2022

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

72 KB
Абдулла Қаҳҳор ҳикояларида анъанавий фольклор жанрларининг ҳозирги яшаш шакллари Адабиётимизда халқ оғзаки бадиий тафаккурининг ғоявий - эстетик анъаналаридан фойдаланиш кенг русум даражасига кўтарилган . Халқ ижодидан ўрганиш ижодкорнинг дунёқараши , шахсияти ва ижодий принциплари билан чамбарчас боғлиқ бўлганлиги учун ҳам ҳар бир сўз санъаткори фольклордан ўзига хос равишда фойдаланади . Бирида унинг таъсир кучи самаралироқ , бирида озроқ , бирида кенг кўламда , бирида эса муайян бир йўналишда . Масалан , Ғафур Ғулом , Ойбек , Ҳамид Олимжонлар ижодида Уйғун , Мақсуд Шайхзодаларга нисбатан фольклор таъсири кучлироқ . Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳор ҳам ўзбек халқининг содиқу солиҳ фарзанди сифатида аждодларининг маънавий ва маданий меросини , миллатининг урф - одатларини чуқур англаб , ўз ижодида халқ бадиий тафаккурининг ютуқларини кенг қўллаб , анъанавий фольклор жанрларининг ҳаётбахш таъсиридан унумли фойдаланди . Абдулла Қаҳҳор ижодида фольклорга хос сюжет , мотив ҳамда образлар деярли учрамаса - да , бироқ халқ ижодига хос халқчиллик ва демократизмнинг кўлами кенг . Фольклоршунос олима , филология фанлари доктори С . Мирзаева тўғри қайд этганидек : " А . Қаҳҳорнинг " Рақиб ", " Олам яшарадир ", " Гумроҳ ", " Афлотун муҳаббати " каби илк ҳикояларидан бошлаб , 30- йилларда ёзилган ва китобхонлар орасида катта шов - шувларга сабаб бўлган барча асарларида фольклорона руҳ ёрқин сезилиб туради . Бу ўринда шуни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш зарурки , ана шу ҳикояларда фольклорга хос сюжет ва мотивлардан адиб фойдаланмаган . Аммо ўтмишнинг мудҳиш лавҳалари халқнинг машаққатли ҳаётини жонли тасвирларда акс эттириш учун у фольклорга хос шартли тасвир усулларидан , халқ эртакларига хос вазиятлардан ўринли фойдаланишга ҳаракат қилган ". Дарҳақиқат , ҳунарманд отаси билан қишлоқма - қишлоқ кўчиб юриб , вояга етган Абдулла Қаҳҳор халқ тили жозибасининг барча серқирра фазилатларини чуқур ўрганиб , халқ тили бойлигидан фойдаланишнинг классик намунасини кўрсатди . Ёзувчи халқ характери ва психологияси ҳамда идеалини чуқур билганлиги учун ҳам унинг асарлари тили , шу билан бирга қаҳрамонларнинг нутқи шу қадар ўткир , ширали , таъсирли ва ихчамки , бу борада ўзбек адабиётида Қаҳҳорнинг тенги йўқ . Абдулла Қаҳҳор услубидаги ижобий қаҳрамонни идеаллаштириб , салбий қаҳрамонни ўта хунук қилиб тасвирлаш принципи ҳам халқ ижодиёти ҳаётбахш анъаналарининг самарали таъсири билан боғлиқ . Атоқли адибнинг жонли халқ тилида характерли бўлган тасвирлаш воситаларини , яъни мақол , ҳикматли сўзларни танлаб олиб ишлатиш соҳасидаги маҳорати алоҳида диққатга сазовордир . У томонидан қўлланган ҳар бир ҳикматли сўз , мақол ҳамда матал асарнинг чуқур мазмунидан келиб чиқади . Бу хусусият , айниқса , персонажларнинг характери , қайси ижтимоий қатламга тааллуқли эканини назарга олиб , ёзувчи уларга мос келадиган мақол ва ибораларни ишлатишида кўзга ташланади . Масалан , ёзувчи чор амалдорлари , маҳаллий мулкдорларнинг очкўзлиги , порахўрлигини очиш учун " Ўғри " ҳикоясида , " Қуруқ қошиқ оғиз йиртади " мақолидан ўринли фойдаланиб , асарда ифодаланган воқеанинг мағзига усталик билан сингдириб юборади . « Кечқурун Қобил бобо аминнинг олдига борадиган бўлди . Қуруқ қошиқ оғиз йиртади , аминга қанча пул олиб борса бўлади ? Берганга битта ҳам кўп , олганга ўнта ҳам оз ». Ёзувчининг ҳикояларида ишлатилган мақоллар , иборалар , ўхшатишлар , киноя ва мажозлар воқеалар йўналишига мос равишда истифода этилади . " Текинга мушук офтобга чиқмайди ", " Ўйнашмагил арбоб билан - сени урар ҳар боб билан " (" Ўғри "), " Гўшт суяксиз бўлмайди " (" Мунофиқ "), " Бир балоси бўлмаса , шудгорда қуйруқ на қилар " (" Ошиқ "), " Бошим кал бўлса ҳам , кўнглим нозик " (" Қанотсиз читтак ") каби кўплаб мақол ва маталлар ўз ўрнида , ғоявий - эстетик талаб ва мақсадга мувофиқ ишлатилади . Ёзувчи асар сюжети ва шахсларнинг характеридан келиб чиқиб эпиграфлардан маҳорат билан фойдаланиш намунасини кўрсатиб , уларни усталик билан қўллайди . У қўллаган барча эпиграфлари , деярли мақоллардан иборат . Адибнинг бу соҳадаги маҳорати ҳикояларга янада аниқлик ва тиниқлик киритиб , улар ёрдамида асар ғояси китобхонга тез ва таъсирчан етиб боради . " Ола қарға ғақ этади , ўз вақтини чоғ этади " (" Башорат "), " Осмон йироқ , ер қаттиқ " (" Бемор "), " Отнинг ўлими - итнинг байрами " (" Ўғри ") каби эпиграфлар асар мазмуни билан узвий боғланиб кетади , асар ғоясига батамом мос тушади . " Отнинг ўлими - итнинг байрами " эпиграфида ёзувчи Қобил бобонинг амалдор , мулкдорлар томонидан таланишини , хароб бўлишини отнинг ўлимига , амалдорларнинг талашлари , шу йўл билан бойишларини итнинг байрамига ўхшатиб , муҳим социал хулосалар чиқаради , чуқур умумлашмалар қилади . Бу ҳол Абдулла Қаҳҳорнинг мақолларни жуда ўринли ишлатишда ўзига хос маҳоратга эга эканлигини тасдиқлайди . Ёзувчи халқ мақолларини ўз асарларида қўллаш билан кифояланиб қолмай , уларга новаторона муносабатда бўлиб , улар асосида янги афоризмлар ҳам қўллайди . Мазкур афоризмлар, аксарият ҳолларда мақолларнинг давоми ва ривожи сифатида майдонга келади. Натижада мақоллар билан ёзувчи томонидан қўлланган иборалар бир-бирларини тўлдириб, бир бутунликни ташкил қилади. Масалан, "Ўроқда йўқ, машоқда йўқ-хирмонда ҳозир бўлганлар бошларингни айлантирганлар" ("Кўр кўзнинг очилиши"). Бу жумланинг аввалги қисми халқ мақоли бўлиб, давоми эса мақол асосида тузилган автор ибораси эди. Абдулла Қаҳҳор ижодида бундай мисоллар кўп учрайди. Ҳозирги кунга келиб фольклоршунос мутахассислар айрим анъанавий фольклор жанрларининг таъсири жуда сусайиб, бора-бора улар тарих мулкига айланади, деган фикрларни билдирмоқда. Бунга муайян асослар ҳам йўқ эмас. Ҳозирда тадқиқотчилар ўзбек фольклори эпик жанрларини янгидан яратилмайдиган ва фақат жонли ижрода яшайдиган ҳамда янгидан яратиладиган ва доимо яшашда давом этадиган жанрлар гуруҳига ажратиб тадқиқ қилиш фикрини илгари сурмоқдалар. Абдулла Қаҳҳор асарлари жумладан, ҳикояларига шу нуқтаи назардан ёндашилса, уларда фольклорнинг доимий яшаш шаклларидан унумли фойдаланилганлигига амин бўламиз. Мана шу ҳолатнинг ўзи ҳам анъанавий фольклорга эътибор сусайган пайт, бугунги кунга келиб, ёзувчи ҳикоялари халқимиз оғзаки бадиий тафаккури ҳаётий анъаналарининг ҳамиша узоқ сақланиб қолишига хизмат қилади, деган хулосага келишга имкон беради.