logo

Ёзувчи ғояси ва бадиий образ (Одил Ёқубовнинг “Куҳна дунё” ва Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони”романлари мисолида)

Yuklangan vaqt:

24.09.2019

Ko'chirishlar soni:

0

Hajmi:

637.5 KB
Ёзувчи ғояси ва бадиий образ (Одил Ёқубовнинг “Куҳна дунё” ва Пиримқул Қодировнинг “Авлодлар довони”романлари мисолида) Кириш Ўзбек адабиётида халқимиз тарихининг энг шонли зарварақларини теран бадиий таҳлил қилишга бағишланган бир қатор йирик асарлар яратилган. Халқимиз тарихининг турфа босқичларини тасвирлаш, миллатимизнинг ижтимоий ва маънавий ҳаётида муҳим роль ўйнаган истеъдод соҳиблари шахсиятининг жамият тараққиётида тутган ўрнини кўрсатиб бериш, тарихий воқелик ва шахс муносабатини ёритиш, шунингдек, давлатчилигимиз тарихи ва миллий қадриятларимизнинг тарихий-ҳаётий асосларини ойдинлаштириш ўзбек тарихий романларининг ўзига хос миллий хоссаларини ташкил этади. Тарихий мавзуда ёзилган бадиий асарлар, хусусан, романлар халқимиз тарихининг бадиий солномасидир. Шунинг учун ҳам миллий ҳурлик туфайли ўзлигини англаётган, аждодларининг ким экан лиги, тарихий илдизлари қайси даврларга бориб тақалиши билан қизиқаётган ҳар бир ватандошимиз учун тарихий манбалар билан бир қаторда шу мавзудаги бадиий асарлар ҳам ғоят нодир тарихий хотира сарчашмаси вазифасини ўтайди. Зеро, Республикамиз Президенти И.А.Каримов жуда тўғри таъкидлаганларидек, “Тарих хотираси халқнинг, жонажон ўлканинг, давлатимиз ҳудудининг холис ва ҳаққоний, тарихини тиклаш, миллий ўзликни англаш, таъбир жоиз бўлса миллий ифтихорни тиклаш ва ўстириш жараёнида ғоят муҳим ўрин тутади”. 1 “Ҳаққоний тарихни билмасдан туриб ўзликни англаш мумкин эмас” деган ғоят пурмаъно ғояни илгари сурган Президентимиз ўзларининг бир гуруҳ тарихчи олимлар билан учрашувларида тарихнинг халқимиз ва мамлакатимиз тақдиридаги аҳамияти масаласига тамомила янгича ёндашдилар ҳамда ҳаққоний тарихни яратишнинг янги назарий йўналишларини белгилаб бердилар. Тарихий хотиранинг ижтимоий аҳамияти, тарихнинг миллат ва давлат тақдиридаги ўрни, тарих ва маънавият каби, долзарб масалаларни теран таҳлил қилган зукко юртбошимиз И.А.Каримовнинг “ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват оладиган халқни енгиб бўлмас экан, биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантиришимиз зарур” 2 деган хулосалари озод Ватанимизнинг ҳаққоний ва холисона тарихини яратиш нечоғлик муҳим ҳаётий аҳамият касб этишидан далолат беради. Мамлакатимиз раҳбарининг эл-юрт тақдири, озод ва обод диёримизнинг истиқболини ўйлаб куйиб-ёниб айтган бу сўзлари адабиётимизда ҳам тарихий мавзу янада чуқурроқ, кенг қамровли ёритилиши, халқ ва Ватан тарихининг барча қирралари холисона тасвирланишига алоҳида аҳамият бериш лозимлигини кўрсатади. 1 И.А.Каримов. Ўзбекистон ХХ1 аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари. Тошкент, Ўзбекистон. 1997. 140-бет. 2 И.А.Каримов. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. “Маърифат”, 1998. 19-август. 2 Ўзбек тарихий романларининг ўзига хос миллий эстетик табиати, мавзу йўналишлари, тарихий воқеликни бадиий акс эттириш мезонлари, сюжет тузилиши ва образлар тизими хусусида бир қатор илмий тадқиқотлар яратилган. Ўзбек романчилигининг умумназарий муаммоларидан баҳс юритадиган йирик монографик тадқиқотлардаги тарихий романлар таҳлилга доир боблар, 3 шунингдек, бевосита тарихий романларнинг бадиий хусусиятлари, тарихий воқелик ва бадиий уйдирманинг романдаги ўрни, тарихий шахслар образининг бадиий талқини масалаларини ўрганишга бағишланган номзодлик ва докторлик диссертацияларида ўзбек тарихий романчилигининг шаклланиши, ривожланиш тамойиллари, поэтикаси ва адиблар бадиий маҳорати чуқур тадқиқ этилган. Республикамиз мустақилликка эришгач, бир томондан, бадиий адабиётда халқимиз тарихида муҳим роль ўйнаган буюк шахслар – (хусусан, соҳибқирон Амир Темур, Бобур, Феруз каби)га бағишланган адабий асарлар юзага келди. Иккинчидан, тарихий мавзудаги асарларни соф бадиий матн сифатида таҳлил этиш асосида янги назарий тадқиқотлар ҳам яратилди. Хусусан, адабиётшунос Ғ.Муродовнинг мақола ва китобларида тарихий романнинг поэтик табиати, фольклор ва унинг роман сюжет қурилишидаги ўрни, романлар таснифи ҳамда янги романларда тарихий шахслар образининг бадиий талқини каби масалалар ёритилган. 4 Профессор Э.Каримов Муҳаммад Алининг “Сарбадорлар” романи таҳлилига доир мақоласида бу асарни тарихий даврни ўзида акс эттирган йирик эпик асар деб ҳисоблайди. 5 Фольклор ва унинг тарихи роман сюжетидаги бадиий вазифаларини О.Ёқубовнинг “Кўҳна дунё”, А.Мухторнинг “Чинор” романлари мисолида тадқиқ этган А.Эргашевнинг илмий ишида ҳам тарихий шахс ва тарихий воқелик бадиий инъикосининг бир қатор муҳим назарий масалалари ёритилган. 6 Ўзбек тарихий романлари бадииятини ўрганишнинг долзарб масалаларидан бири давр ҳақиқатини шоҳлар адабий сиймосида мужассамлашишида бадиий тўқиманинг ўрни муаммосидир. Хўш, давр ҳақиқати нима? Кекса тарих ҳар бир даврнинг ўз ҳақиқати бўлиши ва бу ҳақиқат аждодлари ёди билан чатишиб кетишини, ўз даврининг энг илғор ғояларини ўз фаолиятида мужассамлантириб, жамият 3 Мирвалиев С. Ўзбек романи. Тошкент, “Фан”. 1996. Ўрта Осиё ва Қозоғистон халқлари адабиётидаги роман жанрини типологик ўрганиш. Тошкент. “Фан”. 1991. Сатторов М., Каттабеков А. Олис юлдузлар жилоси. Тошкент, “Ўқитувчи”. 1994. 4 Муродов Ғ. Тарихий романда ҳужжатлилик// Ўзбек тили ва адабиёти. 1994, 4-5-6- сонлар; Ўша муаллиф. Мозий ва бадиий адабиёт. Бухоро. “Бухоро” нашриёти. 1994. 5 Каримов Э. “Сарбадорлар” романи ҳақида мулоҳазалар. Ўзбек тили ва адабиёти. 1995. 4-сон. 11-бет. 6 Эргашев А. Ривоят ва унинг бадиий асар сюжет композицион тузилишидаги поэтик ўрни. НДА. – Самарқанд, 1993 3 тараққиётига кучли таъсир ўтказган буюк тарихий шахслар тимсолида давр ҳақиқатининг бетакрор чизгилари муҳрланиб қолишини қайта ва қайта исботлаган. Ўтмишда бўлиб ўтган ҳар қандай ҳодиса аждодларимиз тарихий хотирасидан абадул - абад жой олиши оддий ҳаётий ҳақиқатдир. Шу ўринда иқтидорли шоир Хуршид Даврон қаламига мансуб қуйидаги сатрлар ёдга тушади: “Эрамиздан олдинги 530 йил ёзида Турон тупроғига ўша замоннинг энг кучли ҳукмдори, форслар шоҳи Кайхисрав бостириб кирди. Қадим аждодларимиз саналмиш массагетлар маликаси Тўмарис келгиндиларни жангда мағлуб этди ва босқинчи шоҳ калласини танасидан жудо қилиб, қонли мешга солди. Эрамиздан олдинги 519 йилда Амударёдан форсларнинг янги ҳукмдори Доро кечиб ўтди. Шак қабиласининг чўпони Широқ ҳийласини сезгач, қатл этдилар ва йўл излаш давомида жуда кўп одамларни йўқотиб, орқага чекинишга мажбур бўлдилар. Эрамиздан аввалги 329 йилда Турон тупроғига Искандар Макдуний қўшини бостириб кирди. Сўғд ҳокими Спитамен, туркийча айтганда Шеппатаман бошлиқ маҳаллий халқ юнон босқинчиларига қарши матонат билан жанг қилдилар. Курашнинг энг авжида хоинлар Спитаменни ўлдирдилар. Эрамизнинг саккизинчи асрида икки дарё оралиғига ислом байроғини кўтариб кирган араблар жуда узоқ давом этган ҳарбий юришлар натижасида Туронни забт этдилар. ХIII асрнинг бошларида Мовароуннаҳр тупроғи Чингизхон бошлиқ мўғул босқинчилари оёғи остида топталди. Улар билан юзма-юз жангда фидойилик кўрсатган Жалолиддин Мангуберди, Темур Малик, Маҳмуд Таробий каби халқ қаҳрамонлари номи тарих китобларида адабий муҳрланди. XIX асрнинг олтмишинчи йилларида эса Туркистон тупроғига чор Россиясининг қонхўр ва жоҳил қўшинлари бостириб кирдилар. Бу шафқатсиз босқинга қарши жанггоҳларга отилиб чиққан халқимиз ўғлонлари Пўлатхон, Бобон, Султон Содиқ, Намоз каби буюк инсонлар ҳурлик учун қурбон бўлдилар. Сизу бизнинг Ватанимиз бўлган икки дарё оралиғи ва унинг атрофидаги тупроқ тарихи буюк тараққиёт йўли, илми урфондаги истеъдоди оламгирлик қилган буюк олимлар, қаламининг кучи тошни йиғлатган шоирлар фаолияти, тафаккур қудрати туфайли бу ўлка шон шуҳратини оламга ёйган даҳолар маърифати тарихидир”. 7 Ана шуларнинг барчаси халқимиз тарихида ўчмас из қолдирган ҳар бир даврнинг ўз ҳақиқати, ўз овози, биз набираларига айтадиган ўз сўзи борлигидан нишонадир. Аммо, ҳар бир даврнинг бу катта ва умрбоқий ҳақиқатларидан ташқари халқ ҳаётида муҳим ўрин тутмайдиган ўткинчи 7 Хуршид Даврон. Самарқанд хаёли. Тошкент, “Камалак”. 1991, 4-5-бетлар. 4 ҳақиқатлар босқинчилик, талончилик, хиёнат, золимлик, ахлоқсизлик, тубанлик сингари жуда кўп кечмишлар ҳам борки, улар тарихий тараққиётнинг қатъий талабларини қондиришдан ҳамиша йироқда бўлиб келган. Бироқ бу ўткинчи ҳақиқатлар бамисоли қум зарралари сингари шу қадар кўпки, улар даврларнинг катта ва умрбоқий ҳақиқатларини кўмиб юбора оладилар. Натижада халқимизнинг шонли ўтмишини белгилайдиган не-не улуғвор ҳақиқатлар бепоён тарих кенгликларига сингиб кетган. Шу боис тарихий манбалар ва ҳужжатлар замирига жо бўлган давр ҳақиқатларини адабий типлар сиймосига кўчиришга бел боғлаган ёзувчи изланишларини қум барханлари орасидан тилла заррачаларини ажратиб оладиган олтинтопарларнинг машаққатли меҳнатига тенглаштирса бўлади. Бу машаққатли жараёнда бадиий тўқиманинг ўрни шу қадар улканки, уни тарихий роман ижодкори бисотидаги ҳеч бир бадиий унсур билан тенглаштириб бўлмайди. Демак, тарихий романларда бадиий ҳақиқатни юзага чиқарувчи ягона ва айни пайтда энг тўғри поэтик восита бадиий тўқимадан самарали фойдаланишдир. Шўролар истибдоди давридаги таълимот, яъни ўтмишга синфий нуқтаи назардан ёндашиш назарияси узоқ йиллар давомида ёзувчиларимизни чалғитиб келди. Соҳибқирон Амир Темур, буюк ватанпарварлар Жалолиддин Мангуберди, Маҳмуд Таробий, Темур Малик шоҳ шоирлар Бобур, Ҳусайн Бойқаро, Умархон ва Феруз каби улуғ сиймолар шахси ва фаолияти бир томонлама баҳоланди. “Дин – халқ учун афюндир”,- дейилди ва ўтмишда яшаб ўтган диний арбобларнинг бадиий образини яратишда фақат қора бўёқлар ишлатиш хусусида йўл – йўриқлар берилди. Мозий бир-бири билан чиқишмайдиган синфлар кураши ва тарихидан иборат деб тушунтирилди ва ҳукмдорларнинг адабий типларини халққа душман кишилар қиёфасида талқин қилинг мақсадга мувофиқ деб қайта-қайта уқитириб келинди. Буларнинг барчаси халқни ўз тарихидан узоқлаштирган, дунё цивилизациясига муносиб ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, адабий ва маърифий фаолиятини камситишга, халқимизнинг миллий ғурурини топташга қаратилган мустамлакачилик сиёсатининг натижаси эди. Шу боис Республикамиз Президенти И.А.Каримовнинг қуйидаги сўзлари барчамизга ибрат бўлмоғи керак: “Хоҳ ўтмишда, хоҳ бугун бўлсин, бошқа миллат, давлатни ўзига қарам қилиш ниятида ҳаракат қилган, қилаётган кучлар доимо бир сиёсатни юритганлар, юритадилар: яъни қарам халқнинг маънавий маънавий, маданий, тарихий меросини йўқ қилиш, ундан жудо этиш”. 8 Миллий истиқлол туфайли халқимиз ўзининг ҳаққоний тарихига эга бўлди. Истиқлол илгари эл кўзидан яшириб келинган қадриятларимиз, мунаввар тарихимизда ёрқин из қолдирган улуғ аждодларимиз мероси, бобларимиз тафаккурининг бебаҳо дурдоналаридан баҳраманд бўлиш имконини берди. 8 И.А.Каримов. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. “Маърифат”. 1998. 5 Ўзбек адиблари ҳам ўтмиш ҳақида асар ёзишда тарихийлик бош мезон бўлиши лозимлигини, тарих не-не авлодларни камол топтирадиган улуғ мураббий эканлигини дилдан ҳис қилган ҳолда қалам тебратиш вақти етганлигини англадилар. Хусусан, Хуршид Даврон эътирофича: “Ҳар бир халқ ўз тарихини авайлаб келади, бу тарих неъматлари бўлмиш меросдан келажак сари илдам йўл босиш учун куч-қувват олади. Халқ озодлиги учун қурбон бўлган миллий қаҳрамонлар жасорати, миллат равнақи учун жонбозлик қилган илм ва фан соҳибларининг фаолияти эса, ҳар бир авлод учун йўлчи юлдуз бўлиб хизмат қилади. Уларнинг хотирасини абадийлаштириш эса бугунги ва келгуси авлодларнинг муқаддас бурчи. Зеро, тарихдан бехабар халқ- мазлум халқ, тарихини асраган халқ ва билган халқ – қудратли ва тенглар ичида тенг халқдир”. 9 Кўринадики, тарих – истиқбол бешиги, комил авлодларни қадриабад анъаналар руҳида тарбияловчи маърифат сарчашмасидир. Тарихий романлар эса, ҳозирги ҳақиқий тарихдан хабардор қилувчи тарих воқеликнинг ҳақиқий бадиий талқинини ўзида ифодаловчи, тарихий факт ва бадиий тўқима уйғунлиги воситасида яратилган адабий типлар талқинида ўз тарихини асраб қолишга рағбатлантирувчи манбадур. Шу боисдан ҳам узоқ йиллар давомида тарихий мавзуларда бадиий асарлар яратилишига ҳар қандай йўллар билан тўсқинлик қилиб келинди. Бундай сиёсатнинг нотўғрилигини мутафаккир ёзувчиларимиз яхши билар эдилар. Масалан, хассос адиб Абдулла Қаҳҳор собиқ шўролар давридаги маъмурий буйруқбозлик сиёсати бадиий адабиёт ривожига таъсир кўрсатаётганлиги, яъни давр ва воқелик ҳақиқати бузилаётганлигидан ташвишга тушиб, қуйидагиларни ёзган эди: “адабиётнинг ҳар бир сўзидан доҳий ва доҳийчаларнинг ҳамма қилмиши, ҳар бир сўзи тўғри ва оқилона эканини тасдиқ ва исбот қилиш талаб қилинар эди. Шу қолипда ёзилган асарлар нақадар ғариб ва нотавон бўлмасин, баъзан расмий доира ва доирачаларнинг таҳсинига сазовор бўлар, адабиётга машъал қилиб кўтарилар эди. Шунинг учун ёзувчи баъзан ҳаёт ҳақиқатига юзма-юз келишдан мумкин қадар қочишга, бу ҳақиқатга лоақал ёнбошидан қарашга, ўшанда ҳам кўзи тушганини ўз ҳолича эмас, бўяб кўрсатишга мажбур бўлар эди. Лекин ўшанда ҳам адабиётимиз издан чиқмади”. 10 Адабиётимизнинг ўз бадиий анъаналарини сақлаб қолиши ва изчил ривожланиб келишига, агар таъбир жоиз бўлса, издан чиқмаганига сабаб оз бўлса ҳам ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқат юксаклиги даражасига кўтарувчи жасоратли талант соҳибларининг борлиги эди. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ойбек ва Абдулла Қаҳҳор каби адибларнинг фуқаролик шижоатлари уларнинг ўтмиш мавзуини ёритиш борасидаги бадиий маҳоратидан кам бўлмаган. Бундай ёзувчилар А.Қаҳҳор таъбири билан айтганда, адабиёт атомдан кучли эканлигини, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш 9 Хуршид Даврон. Самарқанд хаёли. 5-6-бетлар. 10 Абдулла Қаҳҳор. Ёшлар билан суҳбат. Тошкент, Ёш гвардия. 1968, 90-бет. 6 керак эмаслигини яхши билишарди. Кейинчалик ана шу ватанпарвар ижодкорлар қаторига Одил Ёқубов ва Пиримқул Қодиров каби истеъдодли романнавислар келиб қўшилдилар. Ана шу талант соҳибларининг жасоратлари туфайли ўзбек тарихий романчилигида шоҳлар сиймосининг ўрганишга арзийдиган адабий типлари яратилди. О.Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё” романлари, П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар” ва “Авлодлар довони” сингари тарихий мавзудаги йирик насрий асарлари сюжет тузилишининг ўзига хослиги, тарихий воқеликни бадиий ҳақиқат уйғунлигида тасвирлаш йўсинининг оригиналлигини, образлар тизимининг кенг кўламлиги билан адабиётимиз тарихида алоҳида ўрин тутади. Биз ушбу романларни шоҳлар адабий типининг кашф этилиши, ана шу кашфиётда давр ҳақиқатининг бадиий ўрни бадиий тўқиманинг муайян тарихий воқеликни характерловчи адабий типлар яратишдаги поэтик вазифалари, шоҳлар бадиий образи тасвирида тарихий факт ва бадиий тўқиманинг эстетик кўлами каби масалалар хусусида фикр юритиш ниятидамиз. ЁЗУВЧИНИНГ НИЯТИ ВА БАДИИЙ ОБРАЗ “Улуғбек хазинаси” романининг яратилиш тарихи шуни кўрсатадики, бадиий жараённинг ибтидоси ҳаёт ҳақиқатини бевосита ўрганишдан бошланади, яъни ҳаётий воқелик ҳақидаги илк ахборот адиб онгида образли тафаккурни уйғотади. Образли тафаккур боис ижодий ният туғилади. Ижодий ният туғилиши билан бадиий тўқима ишга тушиб, сюжетга асос бўладиган манзаралар ва уларда фаолият кўрсатувчи образлар ёзувчи онгида шакллана бошлайди. Ана шу ижодий жараённинг моҳияти ҳақида ёзувчининг ўзи шундай ҳикоя қилади: Баъзан тафаккур отининг ўрнидан жилиш учун енгил турткининг ўзи етарлидир. Бир вақтлар газетада Улуғбекнинг фожиали ўлимидан кейин изсиз йўқолган машҳур Улуғбек кутубхонаси тўғрисидаги кичик бир мақолани ўқигандим. Унда бу китоблар Улуғбекнинг қотиллари томонидан йўқ қилиб юборилмаганлиги, балки унинг шогирдлари томонидан Самарқанддан олиб чиқиб кетилиб, Ургут тоғларига ёки бўлмаса, Шаҳризабз яқинидаги бир ғорга яширилганлиги тахмин қилинганди. Мақола талай ўқувчиларда фикр уйғотди, янги далиллар келтирилди, турли афсоналар нақл қилинди. Баъзи хатларнинг муаллифлари ҳатто китоблар кўмилган жойнинг эҳтимолга яқин ўрнини ҳам келтиришди. Улкан кутубхона (тахминан 15 минг жилддан иборат, бу ўша давр учун ҳайратомуз рақам) нинг изсиз йўқолиши мумкин эмаслиги ҳақидаги фикрнинг ўзи анчайин асосли кўринар тасаввурни асосларди. Республика Фанлар 7 академияси кутубхонани излаб топиш учун кичик экспедиция ҳозирлади, талай фидойилар ҳам топилди. Менинг онгимда эса саргузашт қисса туғила бошлади. Мен ҳалитдан кутубхонани қутқариб қолиш мақсадида Улуғбек шогирдларининг бу ерга яширинча кириб келишларини “кўрардим” сарой тўполонлари, довюрак йигитлар ортидан уюштирилган қув-қувларни тасаввур қилардим, отлар дупури ва қиличлар жаранги эшитиларди. Имкони борича тарихий материалларни ўрганиб, Самарқандга йўл олдим. Гўри Амир ва Улуғбек мадрасаларининг ғира-шира, ним қоронғу йўлакларида кездим, атоқли риёзиётчи Қозизода Румий ва Улуғбек навжувон талабаларига сабоқ айтган машҳур мадрасанинг улкан ярим вайрона хонасида ўйга чўмдим. Неча дафъа буюк расадхона харобаларида титроқ ва ҳаяжон билан кўздан кечирдим. Энди мени Улуғбек образи - унинг юзи, саъйи ҳаракати муттасил таъқиб қиларди. Коинот сирларини англаб етган бу буюк инсон нечун ўзини бутун борлиғи ила илмга бахш этмади? Тожу тахт учун кураш нақадар беҳуда ишлигини нега тушуниб етмади? – деган ва кейинчалик китобда Али Қушчи томонидан баён қилинган фикрлар ҳол жонимга қўймасди. Саргузашт қисса ҳақидаги фикрдан воз кечиб, катта тарихий полотно устида ўйлай бошладим”. 11 Ёзувчи идрокида Улуғбек кутубхонаси билан боғлиқ бўлган ижодий фикрнинг туғилиши ва унинг такомили, адиб бадиий ниятини ҳаяжонга келтирган турли-туман кечинма ва туйғуларнинг ягона ва умумий бир ҳисга қўшилиб кетиши натижасида саргузашт қиссага дахлдор бўлган бадиий тўқиманинг ишга тушиб кетиши жараёнига алоҳида эътибор берайлик. Кутубхона билан боғлиқ бўлган маълумот кўз илғамас даражадаги майда бир дон тарзида Одил Ёқубов кўнглига ижодий уруғ бўлиб тушадию, ана шу уруғдан униб чиққан ижодий ният адибнинг тафаккур отини жойидан силжитиб юборади. Натижада саргузашт қиссанинг сюжет тўқимасига дахлдор бўлган ижодий фикр бирликлари, яъни кутубхонани қутқариш билан боғлиқ воқеалар тизими қиссанинг образлар силсиласи ва уларнинг фаолияти келтириб чиқарадиган турли-туман ҳаётий манзаралар, айни шу жараёндаги ҳаёт-мамот жанглари ёзувчи онгида шиддат билан шакланна бошлайди. Ёзувчи шуурида туғилган ижодий ғоя унга тинчлик бермай қўяди уни мувозанатдан чиқаради. Шу боис у имкони борича кўпроқ тарихий материалларни ўрганиш мақсадида Самарқандга йўл олиб, воқеа содир бўлган маконни ҳам ипидан-игнасигача текшириб чиқади. Натижада дастлабки тасаввурлар кўлами жиддий кенгаяди. Улуғбек даврига оид тарихий манбалар қанчалик чуқур ва атрофлича ўрганилгани сари адолатли шоҳ ва жаҳоншумул олим бўлган Улуғбек сиймоси ёзувчи кўз ўнгида жонланиб, давр адабий типи сифатидаги белгиларини намоён эта бошлайди. “Коинот сирлари англаб етган бу буюк инсон нечун, ўзини 11 Қаранг: “Ўзбекистон маданияти”. 1988 йил, 27 январь. 8 бутун борлиғи ила илмга бахш этмади? Тожу тахт учун кураш нақадар беҳуда ишлигини нега тушуниб етмади?” –деган саволлар адиб хаёлида чарх уриб, унга сира тинчлик бермайди. Бу саволларга жавоб топиш учун эса, Улуғбек даври тарихий воқелигига дахлдор бўлган барча манбаларни ўрганиб, бу зиддиятли давр ҳақиқатини текшириб чиқиш лозим эди. Чунки ёзувчининг тафаккур осмонида чарх урган жумбоқли саволларга Улуғбек даври ҳақиқатидан келиб чиққан ҳолдагина тўғри жавоб топиш мумкин эди. Натижада кутубхонани қутқазувчи шогирдлар фидойилиги, саройдаги тўполонлар, отлар дупури, қиличлар жарангидан иборат кенг кўламли тарихий воқелик ёзувчи кўз ўнгида жонланади. Бу давр ҳақиқатини очиб берувчи тарихий ва тўқима образларнинг ҳаммаси Улуғбек шахси атрофида тўпланиб, бирлари – муҳаббат ва садоқат, бошқалари нафрат ва ёвузлик тимсоли сифатида гуруҳлана бошлайди. Бадиий тўқиманинг серқирралиги ва тарихий фактнинг куламдорлиги саргузашт қиссанинг ўз ўрнини тарихий романга бўшатиб беришига сабаб бўлган. Кўринадики, тарихий ҳақиқатни очиб бериш билан боғлиқ ҳаётий материалларни бадиий тўқима кўзгусида чуқур ўрганиш, таҳлил қилиш, умумлаштириш, индивидуалаштириш ва типиклаштириш орқали ёзувчи мукаммал бадиий шакл ва образлар яратиш имконига эга бўлган. Ана шу ижодий жараён натижаси ўлароқ “Улуғбек хазинаси” тарихий романи яратилган. Романнинг марказида давр ҳақиқатини бутун салобати билан очиб берувчи адолатли ва маърифатпарвар шоҳ Улуғбек образи туради. Одил Ёқубовнинг бу романи ёзилгунига қадар ўзбек тарихий романчилигида воқеликнинг тарихий моҳиятини яхлит ҳолда ифода эта олувчи шоҳ образи яратилмаган эди. Ёзувчи ўз бош қаҳрамонини тугал ва мукаммал адабий тип даражасига кўтаришда шоҳлар оламига дахлдор бўлган ҳаётий тарихий ҳақиқатларни очиш йўлидан боради. Роман икки қисмдан иборатдир. Биринчи қисм Улуғбекнинг фожиаси билан тугаса, иккинчи қисм падаркуш Абдулатифнинг фожиаси билан тугайди. Кўринадики романда ҳар бири ўзича тугал ва мукаммал бўлган иккита шоҳ образи яратилган. “Улар ҳаётда нимага интилиш лозим, ҳақиқат нима?”- деган саволларга ўз эътиқодлари ва ҳаётий маслагига таяниб жавоб берувчи тарихий шахслардир. Шу боисдан ҳам ёзувчи уларнинг ўзига хос адабий типини яратар экан, бадиий тўқимада ҳаёт ҳақиқатидан четга чиқиб кетмаслик лозимлигига алоҳида эътибор беради. Чунки, бадиий тўқима асардаги ғоявий ва ҳаётий мазмунни тарихий-ҳаётий материалларга таяниб қайта жонлантиришда ҳам, шунингдек, асарнинг бадиий шаклига дахлдор бўлган сюжет унсурлари оламининг кашф этилишида ҳам етакчи мавқеда туради. Чунки, бадиий асар маиший турмушнинг оддийгина кўчирмаси эмас, балки ана шу ҳаётий воқеликдан олинган таассуротнинг адиб бадиий нияти асосида “қайта ишланган” кўринишидир. Ёзувчи учун бош қаҳрамон фаолияти кўрсатадиган замон ва воқеалар бўлиб ўтадиган маконни белгилаб олиш бадиий туқиманинг энг масъулиятли лаҳзасидирки, воқелик талқинининг 9 замон ва макон белгиси ҳал қилингач, асарнинг мазмуни ва шакл бирлигини таъминлаш имконияти юзага келади. “Ёзувчи яратаётган асарнинг асосий маъноси бош қаҳрамон образи орқали ифодаланади. Бош қаҳрамон ифода қиладиган маъно қай даражада аниқ бўлса, асар шу даражада композицион жиҳатдан мукаммал бўлади”. 12 “Улуғбек хазинаси” романининг сюжет тузилишидаги мукаммаллик ҳам аввало асар бош қаҳрамони сиймосининг бадиий теранлигида деб ўйлаймиз. “Улуғбек хазинаси” романида бош қаҳрамон – Улуғбек салтанатининг энг охирги дамлари замон чегараси тарзида белгиланган бўлса, Самарқанд ва унинг атрофлари асардаги воқеалар бўлиб ўтадиган жой, яъни бадиий макон сифатида танлаб олинган макондаги энг муҳим жой расадхона ва унинг ичида жойлашган кутубхонадир. Воқеалар ривожининг аввало ҳам шу жойда, яъни вақт тун ярмидан ошганда. Улуғбек мавлоно Алоуддин Али ибн Муҳаммад Қушчининг Кўксаройга ташриф буюришини амр қилиб, навкар юбориши тасвиридан бошланади. Тун тасвири ва навкарнинг ташрифи сабаб китобхон кўз ўнгида Али Қушчи билан Улуғбекнинг оғир қисматидан огоҳ этувчи бадиий манзара гавдаланади. Бу бадиий ҳиссиёт бутун роман давомида китобхон диққатини ўзига тортиб туради. Китобхон Улуғбек даври ва унинг шахси тўғрисидаги ҳақиқатларни Али Қушчи ҳикояси орқали англай боради. У Улуғбекнинг ички кечинмалари ва руҳий оламини Али Қушчининг хаёллари ила таҳлил қилади: у Али Қушчи билан бирга ўйлаб, бирга қайғуради. Ёзувчи китобхон ва бадиий образ руҳий бирлигининг теран талқинини ярата олган: “Ўтган куни топнг пайтида устод Мирзо Улуғбек расадхонага ташриф буюрган эди. Йўлбарс териси ёпилган ўз курсисида ўтириб, тимқора осмонга разм солиб ўзоқ хаёл сурди... Мана, бир икки йил бўлди, олис Ҳиротдан Хоқони Саид аталмиш Шоҳруҳ Мирзо вафоти тўғрисида машъум хабар келганидан буён Мовароуннаҳр ва Хуросон осмонидан қора булутлар аримай қолди. Тахт ва салтанат ишқида ёнган Темурий шаҳзодалар қилич ва тиғ чархлашдан қўллари бўшамади. Ниҳоят, Улуғбек қиличи ўткир чиқиб, мағрибдан машриққача қанот ёзган ҳудудсиз салтанат хиёл осойиш топган эди, тожу тахт валиаҳди Абдулатиф ўз падари бузрукворига қарши шамшир кўтариб чиқди. Ражаб ойининг бошларида аъло ҳазратлари лашкар тортиб Жайҳун томон отланишга мажбур бўлди. Аммо давлатпаноҳ Жайҳун бўйларида лашкар тортиб турганида дорулмулкда содир бўлган фитналар уни Самарқандга қайтишга мажбур этди. Мана энди уч-тўрт кундирки, шаҳарда ваҳимали миш – мишлар: гўё шаҳзода лашкарлари Жайҳундан ўтиб Кешга яқинлашиб қолганмиш... Тўғри, ўтган куни расадхонага кириб келган устод бу тўғрида лом- мим демади. Қўлида устурлоб, самони қузатиб ўзоқ ўтирди сўнг, мармар 12 Тўлаганова С. Ўзбек романчилигида ёндош образлар // Ўзбек тили ва адабиёти. 1997, №2, 57-бет. 10 зинанинг тик пиллапояларидан ҳорғин одимлаб, учинчи ошёнадаги кутубхонага ўтди. Чеҳраси сўлғин, хаёли паришон, нақшинкор жовонларга терилган китобларни, салкам қирқ йил салтанат тебратиб, йиққан нодир қўлёзмаларини бир-бир кўздан кечирди, ёдига устози Қозизода Румий тушди, чамаси унинг “Риёзиёт” ини ўзоқ варақлаб турди, кейин бўйнини ҳам қилганича лом-мим демай бир –бир босиб чиқиб кетди. У ҳатто Али Қушчи билан хайрлашмади ҳам”. 1 3 Бу ўринда ёзувчининг адабий тип яратиш санъати яққол кўзга ташланади. Али Қушчи Улуғбек даврининг шундай бир зукко олимидирки, у ҳамма нарсани бутун ҳаёт оқими ва бу оқимнинг энг майда шохобчаларини, ўз даври воқелигининг бутун зиддиятларини, қайғули ва кучли томонларини, унинг Улуғбекка дахлдор жиҳатларини, давр қаҳрамонлари ва разиллигини, ўша давр тарихига алоқадор сохталик ва ҳақиқатни билади. Ёзувчи Али Қушчи изтироблари фонида Улуғбек сиймосини яратар экан, тарихий воқеликнинг майда ва аҳамиятсиз бўлиб кўринган барча жиҳатларини таҳлилга тортиб, улардан салтанат инқирозига сабаб бўлган катта бир ҳақиқатни – тахт ва салтанат ишқида ёнган темурийзодаларнинг қилич ва тиғ чархлашдан қўллари бўшамаганини, шаҳзода Абдулатифнинг ҳам падари бузрукворига қарши шамшир кўтариб чиққанини тасвирда алоҳида бурттиради. Бу эса ўша даврнинг етакчи ҳақиқати эди. Ана шу етакчи ҳақиқат “Улуғбек хазинаси” романини юзага келтирган бош ғоявий ният билан шу қадар пайвандланиб кетадики, натижада романнинг бутун композицион марказини – Улуғбек қирқ йил салтанат тебратиб, йиққан илм хазинаси кутубхонани келгуси авлодлар учун асраб қолиш эҳтиёжини келтириб чиқарди. Бу ғоявий мантиқ романнинг номида ҳам “Улуғбек хазинаси” шаклида муҳрланган. Улуғбекнинг жаҳоншумуллигини таъминлаган, уни бошқа подшоҳлардан кескин ажратувчи фарқ ҳам бу ғоявий мантиқда ўз ифодасини топган. Замонасидан ўзиб кетиб, келажак тонгини олдиндан кўра олган бу буюк мутафаккирга хос фазилатлар роман саҳифаларида бирин-кетин очилаборади. У адолатли шоҳ, элу юртига қирқ йил осойишта турмуш бахшида этган. Маърифатпарвар шоҳ бўлган Улуғбек мамлакатда илму маърифатни равнақ топтиришга катта ҳисса қўшган жасоратли шоҳдир. Улуғбек шахсиятига хос бўлган бу ҳақиқатлар унинг бадиий сиймосини давр адабий типи даражасидаги юксакликка кўтарган. Унинг илм-маърифат ва Мовароуннаҳр осойишталиги йўлида чеккан заҳматлари тарихда абадул- абад қолишига ишонади. Ҳатто салтанат талашганда ҳам ўз даври учун жумбоқ бўлган икки хил қўрқинч унинг бутун борлиғини қамраб олган эди. У салтанатидан айрилиб қолишдан эмас, балки бу элга қирқ йил раҳнамолик қилиб орттирган ягона бойлиги – мадрасаю, расадхонаси, нодир хазинаси – тўплаган кутубхонаси ва ниҳоят яратган асарлари – барчаси поймол бўлишидан қўрқади, холос. Бунинг устига тағин бир нарсадан – келгуси 1 3 Ёқубов О. Улуғбек хазинаси. Тошкент. Адабиёт ва санъат нашриёти. 1974, 4-бет. 11 авлодлар мендан ҳазар қилмасму деб қўрқади. Мирзо Улуғбекдай коинот сирларини очиб, фозилликка эришган мавлоно, ҳайҳот, ахир оқибат ўткинчи салтанатни деб, ўз пушти камаридан бўлган фарзанди билан тожу –тахт ташалибди-да, деган ном қолдирмоқдан қўрқади. Англашиладики, ёзувчи Улуғбек даври ва унинг шахсига алоқадор бўлган тарихий маълумотларни образли ўзлаштирган. Натижада ўзига хос бадиий манзараларни шу қадар ишонарли қилиб чизиб берганки, образли ўзлаштирилган ҳаётий факт ва ҳодисларни китобхон ўша давр ҳақиқати тарзида жуда катта мамнуният билан қабул қилади. Айни шундай ўринларда ёзувчи ижодий иқтидорининг ўзига хослиги, бадиий тўқима орқали янги сўз айтиш маҳорати ярқ этиб кўзга ташланади. Ҳақиқатан ҳам бадиий тўқима аралашмаган бирон бир образ, бирон бир манзара йўқ, десак хато бўлмас. Масалан, Али Қушчи қалбини безовта қилган ҳиссиётлар бўрони гарчи тарихий ҳақиқат бўлса ҳам унинг ички кечинмалари, шунингдек, ҳаётий факт ва ҳодисаларни олимона таҳлил қилиб, ўз устоди ҳолатини аниқлаши тасвирида ёзувчи қалбини ўртаган ўй-хаёллар, ҳиссиётларнинг излари ҳам мавжудлигини тан олишимиз лозим. Шуниси ҳақиқатки, ҳар бир образ ёзувчи қаламга олган давр маҳсули ёки аниқ тарихий шахс сиймосининг бадиий тимсоли бўлса ҳам у ёзувчининг идроки, қалби ва онги орқали ўтиб, роман саҳифаларидан жой олади. Али Қушчи Улуғбекнинг садоқатли шогирди эканлиги маълум, бироқ унинг романдаги фаолияти, шижоати ва садоқатини ифодаловчи манзаралар ёзувчи бадиий тўқимасининг маҳсулидир. Тарихий ҳақиқатни ўзида мужассамлаштирган ҳар бир бадиий образни адиб эстетик кечинмаларининг ифодаси деб изоҳласак масала анча ойдинлашади. Чунки, ёзувчи ҳаётдан олган таассуротларини ўз бадиий идроки ва ҳиссиётлари негизида таҳлил қилиб кўргач, ўз тафаккурининг бадиий режасига мувофиқ қаҳрамонлар сиймосига кўчиради. Айни шу ўринда бадиий тўқиманинг роли очиқ-ойдин кўрина бошлайди. Ёзувчи устоз ва шогирдни фикрлар баҳсига чорлайди. Бироқ, садоқатли ва андишали шогирд бўлган Али Қушчи гарчи шоҳнинг бундай оғир вазиятдан чиқиб кетишини билса ҳам дилига тугиб турган фикрларини шоҳга ошкора айтолмайди. Андишали шогирд ўз устозининг кўзига тик боқиб, нуқсонларини рўй-рост кўрсатиши ҳам ўша давр ҳаёт ҳақиқатига мос келмас эди. Улуғбек Али Қушчига ўзининг кўрган тушини айтиб бериб, “Бу бевафо салтанатни деб илм-фандан юз ўгирдинг, тож соҳиби бўламан деб, шундай етук салоҳиятни жувонмарг қилдинг”, -дея устоз Қозизода Румийнинг қаттиқ койиганини ҳикоя қилиб берганидагина Али Қушчи устозидан кечирим сўраб ва ўнғайсизланиб, “мен ҳам бир икки сония муқаддам худди шу фикрни кўнглимдан кечирган эдим”, - дея олади, халос. Романда қирқ йил Мовароуннаҳрда маърифатли шоҳ бўлган, мурувватли фуқаропарвар подшо сифатида шуҳрат қозониб, бутун иқтидори ва салоҳиятини ўз давлати, ўз эли осойишталигига сарф қилган Улуғбек 12 сиймоси саҳифалар оша қад кўтаради. Бироқ, унинг ўз даврининг донишманд фарзанди сифатидаги салоҳияти Али Қушчи фаолияти ва хотиралари фонида янада гўзалроқ, янада жозибалироқ очилган. Улуғбек Али Қушчига Жаҳонгир Темурнинг олтинларидан бериб, мабодо фожиа юз бергудай бўлса илм хазинасини қутқазиб қолишни буюради. Китобхонлар унинг нигоҳи билан ердан шифтгача терилган уч қатор қора чарм жилдлик оғир, қалин китоблар билан танишади, уларнинг олис Қоҳирадан келтирилганини, Соҳибқирон Амир Темур Курагоний султон Боязид Йилдиримга қарши юриш қилганида ўша томонлардан олиб келганини, лекин улар ҳанузгача яхши мутолаа этилиб, шарҳ қилинмаганини билиб оламиз. Ёзувчи Али Қушчини ўз даври олимларининг адабий типи юксаклигида яратишга интилиб, унинг турмуш тарзи ва илмий фаолияти тасвирида, Улуғбек даври илмий муҳитининг, ижтимоий шарт- шароитларининг қирқ йил давомида устод билан биргаликда ишлашнинг нурли излари қолганини унинг хотираларини қайта жонлантириш жараёнида моҳирлик билан очиб беради. Бу восита шогирд хотирасида устодлар буюклиги, уларнинг илм-фан равнақи йўлидаги раҳнамоликлари ҳамда илмлар хазинасининг эгаси бўлиб етишган шогирдлар садоқатининг ҳаққоний мезонидир. Али Қушчи хотираси устозлар адабий типини яратувчи кучли воситага айланади. “Эсида бор, илиқ баҳор куни Мавлоно Қозизода Румийни Мирзо Улуғбек ўзи бошлаб келган эди. У маҳал аълоҳазратлари айни кучга тўлган, ёш, иқтидорли йигит эди. Ўзи ҳам эгнидаги заррин либоси, бошидаги симобий дастори, бутун шиддатли қиёфаси билан ёнидаги барча аъёнлардан ажралиб турарди. Шу боисданми, аълоҳазратларининг ёнида устод Қозизода Румий яна ҳам нимжонроқ ва ожизроқ кўринарди. Лекин, бу нимжонгина оппоқ чолнинг вужудидан аллақандай ички бир зиё, кишини ўзига ром қилувчи бўлакча меҳр ёғилиб турарди”. Буларнинг барчаси хотира шаклидаги бадиий тўқималардир. Унда даврнинг илмий ҳаёти қайта жонланади: “Мавлоно билан Мирзо Улуғбек чинор соясидаги баланд курсилардан жой олишди. Сўнгра устод Қозизода Румий онҳазратнинг илтимоси билан зарбоф матога ўралган қалин китобини очиб, риёзиёт илми ҳамда бу илмнинг фалаккиёти ўрганишдаги ўрни тўғрисида баҳс юритди. Али Қушчи устоднинг риёзиёт илмига бағишланган бу пурҳикмат китобини мадрасада кўп мутолаа қилган эди. Лекин мутолаадан олган завқи бир бўлдию, Мавлононинг оғзидан эшитгани бир бўлди. Устод мураккаб риёзиёт масалаларини шундай мулойим овозда шундай тиниқ бир мантиқ билан ечиб бердики, Али Қушчи гўё рисола эмас, ажиб мусиқа тинглаётгандек эриб кетди... Фақат Қушчи эмас, Мирзо Улуғбек билан бирга келган барча аёнлар ва барча илм аҳли ва ҳаттоки, илм-фандан узоқ аркони давлатлар ҳам бошларини эгиб, чуқур сукутга чўмиб эшитдилар. 13 Ниҳоят, устод китобини ёпиб, аълоҳазратларига қаради. Аълоҳазратлари мавлонога ташаккур билдириб, ҳамон сукут сақлаб ўтирган аъёнлар ва барча толиби илмларга юзланди... устоднинг каломи аён бўлган – бўлмаганлигини сўради. Мирзо Улуғбекнинг сўроғига бирон кимса жавоб бермади. Мавлоно Қозизода Румий хафақон бош чайқади, Мирзо Улуғбек эса мийиғида кулимсираб қўйди. Шунда Али Қушчи ийманибгина ўрнидан турди ва қисиниб- қимтиниб унга ҳамма нарса аён эканини изҳор қилди. Мавлоно Қозизода Румийнинг кўзлари чарақлаб кетди. Мирзо Улуғбек эса илми риёзиёт ва ҳандаса борасида устма –устига саволлар берди. Али Қушчи аввал тортиниб, кейин эса хиёл дадилланиб, ҳамма сўроқларга жавоб берди. Шундан кейин Мирзо Улуғбек уни ёнига чақириб, авлод - аждодини, қайси мадрасада, кимлардан таълим олганини суриштирди, устод Қозизода Румий эса, майин соқоли билан унинг юзини силаб, пешонасидан ўпди”. Мана, сизга хотирада жонланган адабий типлар, Али Қушчининг илм дунёсига кириши тарихи. Романда Али Қушчи шу қутлуғ даргоҳни деб, шу илм дурдоналарини деб дунё лаззатларини тарк этиб, ҳатто ногирон онасини юм-юм йиғлатиб, уйланмоқ ва фарзанд кўрмоқ бахтидан маҳрум бўлиб умр ўткарган тарихий шахс қиёфасида тасвирланган. Унинг бошига ҳар қандай фожиалар тушганда ҳам илм хазинасини бидъат ва хурофон хуружларидан сақлаб қола олгани очиб берилган. Бу адабий тип Улуғбек даври ҳақиқатининг бадиий кўзгусига айланган. Шу кўзгуда падаркуш Абдулатиф ўзининг кечирилмас гуноҳларга ботган тақдирини очиқ – ойдин кўради. Романда давр ҳақиқатини бор зиддияти билан кўрсата оладиган энг улкан, энг тиниқ кўзгу Улуғбек сиймосидир. Бу зот шу қадар зийракки, ўзи шоҳ сифатида босиб ўтган йўлни хаёлан чуқур таҳлил қилиб, қандай хатолар салтанатни хавф остига қолдирганини бехато топа олади. У салтанат бошига тушган хавф- хатарнинг бош сабабчиси волидаи меҳрибони Гавҳаршодбегим эканлигини, унинг саройни жоҳил – гумроҳларга тўлдириб юбориб, бегуноҳ қатл ва қирғинларни авж олдириб, шаҳзодалар орасига низо уруғини сочиб, фарзанднинг отага қарши тиғ кўтартирганини юрак тўла дард билан идрок этади. Улуғбекнинг бу борадаги ўй изтиробларида ўша даврнинг дардчил ҳасратлари тож-тахт учун кураш фожиалари, яъни давр ҳақиқати кўзгусида тасвирдек тиниқ ифодаланади. Улуғбек мана шу хатодан жоҳил уламолару, ғаразгўй саркардалар усталик билан фойдаланиб, хоинлик йўлига ўтган нодон Абдулатифни падаркушлик сари бошлаётганликларини ҳам яхши билади: биладигина эмас, балки ўз тақдирининг фожиали якунини башорат кўзгусида кўра олади: “Хуросон юришидан кўп бойлик, юксак рутба ва шон-шавкат кутган саркардаларнинг ҳамма умидлари пучга чиқди. Не чора, бу оғир юриш зафар келтирмади. Кейинчалик, Мирзо Улуғбек ўз ўғли Абдулатифга қарши қўшин тортиб, Жайҳун бўйларига отланганида эса, 14 Самарқандда қолган шаҳзода Абдулазиз кўп номақбул ишлар қилиб, бир қанча нуфузли амирларни унга қарши қўяди, урушдан чарчаган фуқаро ҳам ундан совийди. Оқибат, мана қирқ йиллик меҳнати хавф остида турибди... У шогирди Али Қушчининг минг чандон ҳақ эканини дилидан ҳис этар, айни замонда унинг бояги гаплари қайта-қайта эсига тушиб, юрагини ўртар эди”. Бу азобли ўйларда фақат Улуғбекнинг ўзигагина аён бўлган жамиятни бошқариш, тожу тахтдан илму фунун йўлида, эл-юрт фаровонлиги йўлида қаттиққўллик билан фойдаланиш, келгуси авлодлар учун умрбоқий маърифат хазинасини мерос қилиб қолдириш тўғрисидаги ҳақиқат ўз бадиий ифодасини топган Улуғбекнинг буюклиги шундаки, у ўзига замондош бўлганлардан беқиёс даражада юқори турган ва ҳайратда қолдирадиган даражада коинот сирларини очган. Ўз давридаги шоҳлик анъаналари ва давлатни бошқариш қонуниятлари билан маҳкам боғлиқ бўлган бу мутафаккир уларнинг барчасига қарши бориб, ўз илоҳий ақлига тўғри келадиган қонунларни жорий қилади, илмий кашфиётларга маърифатга кенг йўл очади, илм хазинасини бошқа хазиналардан устун қўяди, инсонни ўзига назар солмоқ ва ўзлигини танитмоққа ўргатади. Шундай қилиб, Улуғбекнинг ўзи таъкидлагандай, бошқа шоҳ ва бошқа фотиҳлардан Улуғбекни келгуси авлодларнинг ажратиб ола билишига йўл очилади. Бироқ, Улуғбекдаги бу алоҳидаликни унинг ўз даври қабул қилмайди ва бошқа фожиалардан чиқмайди. Бу давр ҳақиқати эди. Романда ўз даврининг адолатли ва маърифатпарвар ҳукмдори бўлган Улуғбек воситасида, яъни унинг тўғрисидаги чексиз ўйлари, тушлари, хотираларида жаҳонгир Амир Темур сиймоси қад кўтаради. То шу роман яратилгунга қадар Амир Темур ҳақида бир томонлама мулоҳаза юритиш одат бўлиб қолган эди. Унинг улуғ инсон ва буюк соҳибқирон сифатидаги фазилатларини биринчи бўлиб тан олган ва буни Улуғбек нигоҳи билан эътироф этган дастлабки ижодкор Одил Ёқубовдир. У ўз романида Улуғбекнинг болалик чоғларида бобоси Амир Темур билан мулоқотларини ниҳоятда гўзал тарзда қайта жонлантиради: “У ҳали кичкина бола эди. Бир гал олис сафардан қайтган бобоси бир- икки ҳафта шу боғда турди. Худди мана шу булоқ бўйига суюкли энагаси Сароймулкхонимнинг ҳаворанг ипак саропардаси тўқилган эди... Гоҳо энагаси олдига этак тутиб, чодир ёнидаги бўлиқ оқ бияни ўзи соғар, сўнг, алоҳида мешга қуйиб, қиёмига келтириб қимиз қилар ва яхдай булоққа ташлаб қўярди. Аҳён-аҳёнда бу қимизни ичгани ҳаворанг саропардаги бобоси Амир Темур келарди. У сезиларлик оқсоқланса ҳам, асо ушалмас, новча қаддини йигитлардай тик тутиб: гўё бир ёққа шошаётгандай шитоб билан юрар эди. У ҳеч қачон қимматбаҳо заррин тўнлар киймас, ёзги саройида ҳам туя жунидан тўқилган оқ сарғиш чакмонини ечмас, ўтирганда чакмонининг этаги билан майиб оёғини ўраб, тиззасини силаб ўтирар эди. Бобоси Амир Темур оқ юзли, қирғай бурун, 15 сийраккина чўққи соқол одам эди. Ундан ҳамма ҳайиқар, у сийрак қошларини чимириб, ўткир кўзлари билан қадалиб қараганда, ҳеч ким тоб беролмас, ҳамма кўзини олиб қочар, у келаётганда ҳар ким турган жойда қўл қовуштирганича қотиб қолар эди. Лекин ажабо кичкина Муҳаммад Тарағайни кўрганда бобосининг қовоғи очилиб, чеҳрасидаги шиддат бўлакча бир мулойимлик билан алмашар, ўткир нигоҳида шўх учқунлар ўйнар эди. Одатда у неварасини тиззасига ўтқазиб эркалар, аксарият мударрисларни чақириб, неварасининг сабоқларини суриштирар эди. Мударрислар Улуғбекнинг зеҳнини мақташса, бобоси неварасининг кенг пешонасидан ўпиб кулар: - Баракалло сизга. Амир Темур авлодидан ҳам Хорун Рашиддай бир фозил подшоҳ чиқсин-да, -деб қўяр эди. Гоҳо эса, билъакс неварасини мутолаа устида кўрса, жаҳли чиқар, дарғазаб бўлиб невараларидан бирига: - Олиб чиқ. От минсин. Қилич ўйнасин, - деб буюрар эди... (68-69- бетлар). Ёзувчи Амир Темур шахсияти, ақл-идроки, шижоати, давлатни бошқаришдаги тадбиркорлиги, айниқса, невараси Улуғбекка муносабати, унинг тақдирига раҳнамолигини юксак маҳорат билан тасвирлар экан, буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлган буюк саркарда ва давлат арбоби образини биринчи бўлиб ўзбек романчилигида олиб киради. Ёзувчи Улуғбекнинг туш кўриши лаҳзаси орқали Амир Темур қиёфасини чизар экан, унга қалб нури, ҳиссиёти, меҳру садоқатини сингдириб юбора олганининг гувоҳи бўламиз. “Ёши ўн бешга тўлмасданоқ Мовароуннаҳр тахтига ўтирган Мирзо Улуғбек ёмон бир туш кўради. Тушида бобоси билан қаттиқ тўқнашади: -Ҳой шаҳзода валиаҳдим Муҳаммад Тарағай. Қайга қочурсан? Тўхта? Мирзо Улуғбек қараса қабр устида Хўжа Аҳмад Яссавий эмас, бобоси Амир Темур турар эмиш. Эгнида қора мовут чакмон, бошида учи найзасимон мис дубулға, белидаги камарида олтин сопли қилич, бобоси қовоғини солиб, дарғазаб бўлиб турармиш. -Султон Муҳаммад Тарағай, - дермиш у, қовоғи ёзилмай. – Мен сени ўн тўрт яшар чоғингда Мовароуннаҳр тахтига ўтқазганимда умидим шу эдими? Қани айтчи, Мовароуннаҳр султони: Мен бу дашти азимда Хўжа Аҳмад Яссавийга бу мақбараи муаззимани нечун кўрдирдим? Муродим не маним? Уни ҳамиша эркалаб гапирадиган бобосининг товушидаги бу қаҳр Мирзо Улуғбекни сескантирса ҳам ўзини босиб жавоб берармиш: - Бу мақбараи муаззимани қурдиришдан муддаонгиз ул пиримуршид Хўжа Аҳмад Яссавий ҳазратларининг покиза руҳини шод этмоқдур, қиблагоҳ... - Покиза руҳларини шод этмоқ, - деб заҳарханда кулармиш Амир Темур. – Бу мақбарани тикламоқдан муродим:... Олтин Ўрда ила Қалмоқ ва 16 дашти қипчоқ ҳоқонларини титратмоқ эди... Нотинч қора халқ бу даҳмаи муаззамни кўриб даҳшатга тушсин, куну-тун тиз чўкиб тавоф қилсин, эски ғанимларим бўлмиш Олтин Ўрда ила қалмоқ ҳоқонлари эса менинг сарҳадим шу маҳобатли мақбара эканини билиб даф бўлсин, ани босиб ўтмоқдин ҳайиқсин, деб барпо этган эдим буни. Аттанг, олтин тахтимни сенга ишониб топширганимда не бўлди? Ана пастга қара. Қузғун Бароқбек суворийлари шаҳарни забт этар, бу мақаддас даргоҳни топтар хор қилар. Бобоси қалтироқ босиб, қисиқ кўзларида ўт чақнаб, шаҳарга имо қилармиш. Мирзо Улуғбек қараса, атрофидаги шаҳар кўчаларида, икки ёни раста мавзеларда қалмоқ башара суворийлар, ойсимон эгри қиличларини ўйнатган ясовуллар сурон солиб от ўйнатишар, уйларга ўт қўйишар, ҳаммаёқ дуд ва ёнғин ичида қолган эмиш. -Мовароуннаҳр ўт ичида қолди, - бақирармиш бобоси. –Сен эсанг, бу орсиз хотининг бирлан бу мозор устида бешарми ҳаё ўйнашиб юрасен. Билиб қўй: бошингга бу тожни мен қўндирган эдим, мен олиб ташлаймен. Ё бу бадхоҳларни сарҳадимдан даф этасен, ё тожимни қайтариб берасен. Амир Темур қаҳр билан унга томон юрармиш. Мирзо Улуғбек даҳшатга тушиб, орқага тисарилармиш... У гўё асфаласофилинга қулаётгандай бўлиб уйғониб кетди. Лекин ўшанда уни бу мудҳиш тушдан ҳам кўра кўпроқ ҳайратга солган нарса шу бўлдики, тонг пайтида олис Яссида унинг ҳузурига ўн нафар йигит арз қилиб келди: Сайхун соҳилида кўчмачилик қилиб юрган Бароқбек ботир Ясси ва Сиғноқ шаҳарларини забт этиб, шаҳар теварагида Гулдай қишлоқларни талон-тарож қилган эмиш. Ҳайратга тушган Мирзо Улуғбек ўша заҳотиёқ лашкар тўплаб, Бароқхонга қарши юриш бошлади...” (44-45-бетлар). Ёзувчи Улуғбек характерига хос бадиий чизғиларни қоғозга туширар экан, давр фарзанди бўлган ана шу буюк зот ўрнига ўзини қўйиб, унинг кечинмаларини ўз дардлари ила бўйлаштиради. Улуғбекдаги ҳис, ички дард, унинг қалбини ҳам кемириб юборган. Балки, ёзувчи одил, олим, маърифатпарвар шоҳнинг сўнгги дамларини қаламга олар экан, ўзи яратган адабий тип-Улуғбек сингари ўзини қаерга қўйишни билмай қолгандир. Улуғбек дардига эш бўлиб, юрагидаги дардларини қоғозга тўккандир. Чунки, бу дард азоб бериш даражасига етмаганида эди, ўз суюкли қаҳрамонига бу қадар шафқатсизлик қилиб, унга ибрат қилиб, бошқа бир шоҳни – Жаҳонгир Амир Темурни улуғлаб, унинг шахсига юкиниб, нуроний сиймосига сажда қилиб, роман саҳифаларига киритмаган бўлур эди. Ёзувчи Улуғбекни ўз даврининг пешқадам алломаси, юксак дид соҳиби, бутун умрини ҳақиқат ва адолат тантанаси йўлига бахшида этган Амир Темур олдида синовдан ўтаётгандай бир қиёфада гавдалантиради. Романнинг қайси бир саҳифасида Амир Темур қиёфаси кўзга ташланмасин, унда улуғ соҳибқироннинг ўз невараси Улуғбекдан розилиги ёки норозилиги изҳор этилган бўлса, буни адибнинг ички мажбурияти уни 17 ёзишга мажбур қилган давр ҳақиқати, уни ўз ихтиёрига бўйсундирган ҳиссиёт деб изоҳлаш лозим. Чунки бу ҳиссиёт Амир Темурнинг башорати эди. У Улуғбекдан мамнун бўлиб, “Темур авлодидан Хорун Рашиддай фозил бир подшоҳ чиқсин-да” деб башорат қилган экан, бу башоратни Улуғбек ўз илмий фаолияти орқали рўёбга чиқазди. Бироқ, Амир Темур Улуғбек сиймосида ўзидаги жаҳонгирлик, сиёсатдонлик, ҳарбий саркардалик фазилатлари етишмаслигини сезиб, “олиб чиқ. От минсин. Қилич ўйнасин”, - деб норозилик билдирган экан, бу башорат ҳам салтанатнинг хавф остида емирилиб бораётган дамларида бутун даҳшати билан рўёбга чиқаётгандай бўлиб кўринади. Улуғбек болалигида раҳнамо бўлган бобоси унга тож-тахт топширилганида ҳам бўлажак фожиалардан огоҳ этиб, тушларига киради. “Ё бу бадхоҳларни сарҳадимдан даф этасан, ё тожимни қайтариб берасан”, - деб шарт қўяди. Улуғбекнинг болалик хотиралари ва туши воситасида воқеалар ривожига олиб кирилган соҳибқирон Амир Темур образига асарда жуда қисқа ўрин берилса-да, у улкан адабий тип даражасида тасвирланган. Ёзувчи ўз бош қаҳрамони сиймосида етишмаган давр ҳақиқатини шу буюк зот сиймосида бера олган. Унинг буюк шахс ва арбоб сифатидаги фазилатларини баъзан хотира, баъзан туш шаклидаги бадиий тўқималар воситасида маҳорат билан тасвирлаган адиб соҳибқирон бобомизнинг камситадиган шўровий қарашларга қақшатқич зарба берди. Бу ёзувчининг чинакам бадиий жасоратидан нишона эди. У Амир Темурнинг ҳарбий юришларига ҳам холисона баҳо беришдан чўчимади. Буюк соҳибқироннинг энг аввал, Самарқандни ва ундан сўнг она юрти Кешни ободонлаштиргани, уларнинг салобати ва жаҳоншумул улуғворлигини орттиришга интилгани ҳам тарихий ҳақиқатдир. Амир Темурнинг бунёдкор ва элпарвар ҳукмдор сифатидаги сиймоси ҳам Улуғбек ҳиссиёти воситасида роман саҳифаларида қайта жонлантирилган. “Мирзо Улуғбек оғир хўрсиниб олдинга, кўкимтир туман орасида элас-элас кўзга чалинган тоғларга тикилди. Илгарилаб кетган қўшин кўринмас, фақат олдиндаги ясси қир ва адирларда от ўйнатиб юрган суворийлар гуруҳи кўзга чалинар эди, холос. Кўкимтир туман орасидан элас-элас кўринган довон ортида аждодларининг юрти ётибди. Раҳматли бобоси Амир Темур ҳам Мирзо Улуғбек ҳам кўҳна Кешга бўлакча меҳр қўйган эди. Кешда Амир Темур ҳукми билан барпо бўлган Оқ сарой даҳмасида барлос уруғи зодагонларининг хоки ётибди. Бобоси Темур бирламчи – дорулсалтанат Самарқандни обод қилган бўлса, иккиламчи – ўз она шаҳри Кешни обод қилдирган, туман орасидан базўр кўриниб турган довон этагида эса, одам кирса адашиб қоладиган “Боғи беҳишт”ни барпо қилдирган эди. Чиндан ҳам беҳиштга ўхшаган бу боққа олис Мисрия хурмоларию, хушбўй хитой олмаларини, Ҳиндистондан эса ажойиб банан дарахтларини келтириб ўстирган эди. Боғда, тоғ этагидаги хушбўй арчазорда, шохлари қулочга 18 сиғмайдиган оқ архарлар, ўйноқи кийикчалар, кўзлари маъсум оҳулар гала бўлиб юрарди. Тиниқ, шаффоф булоқларда, оқ мармардан ясалган ҳовузларда олтин балиқлар сузарди... Бобоси Темур қийин сафарлардан чарчаб қайтганида, аксарият шу боғда ҳордиқ чиқарар, тоғ ён бағридаги хушбўй арчазорларда ов қилар, хорижий улус элчиларини ҳайратга солувчи шоҳона зиёфатлар, маъракалар ўтказарди...” (46-47-бетлар). Асарда ўрни-ўрни билан Темур шахсиятига мурожаат қилиниши ёзувчи бадиий тўқимасининг ҳаққонийлиги ва таъсирдорлигини кучайтириб, Улуғбекнинг бадиий сиймосини ёрқин тасвирлашга хизмат қилган асарда ёзувчи барча ғоявий йўналишлар ортида туриб, уларни моҳирлик билан бошқариб боради. Нитажада ўзига хос маънавий олам соҳиби бўлган улуғ саркарда Амир Темурнинг ибратли инсоний фазилатлари Улуғбекка мадад берувчи руҳий қувватга айланади, Шайхулислом Бурҳонуддиннинг “тожу тахт қўлда экан, уни маҳкам тутинг, давлатпаноҳ”, деб берган далдаси бир вақтлар отаси Шоҳруҳ Мирзодан эшитган бир ҳикояни ёдига туширади. Ҳикоятда Амир Темурнинг қўл берган пири Саид Бараканинг Ўрол соҳилларида Тўхтамишхон билан олиб борилган жанг пайтидаги тадбиркорлиги, довюраклиги, ғалабани таъминлашдаги жасорати улуғланган. Улуғбек ёнидаги Шайхулислом Бурҳониддин, севимли навкари Бобо Ҳусайн Баҳодир, шогирди Али Қушчи, доруға Мироншоҳлар садоқатига ишонади. Ёзувчи ҳам китобхонларни шунга ишонтира олган. Бироқ ана шу ишонч фитна ва бўҳтонлар гирдобига тушиб қолган Улуғбекни фожеий қисматида огоҳ этолмагани ва сақлаб қололмагани тарихий ҳақиқатнинг чигал нуқталаридан бири сифатида жуда оғир ҳиссиётлар ифодасида очиб берилганки, бу ҳам ёзувчининг бевосита ҳаётий воқеликдан келиб чиқиб бадиий ҳақиқат яратувчи ижодкор эканлигини кўрсатади. Романнинг иккинчи қисми падаркуш Абдулатифнинг олти ойлик ҳукмронлиги давридаги воқеаларнинг бадиий инъикосига бағишланган. Кўринадики, романда бир-бирига ўхшамайдиган, ҳар бири ўзича бир “янги олам” бўлган учта шоҳнинг типик образи яратилган. Биринчиси – йирик марказлашган кучли давлатнинг асосчиси бўлиб, Ўрта Осиё аҳолисини чет эл босқинчилари зулмидан қутқазган халоскор бўлса, иккинчиси бутун башариятнинг мулки бўлиб қолган илм хазинасининг яратувчисидир. Учинчиси эса тожу тахтни эгаллаш иштиёқида, фитналарга учиб, отасини қатл эттирган Абдулатифдир. Агар романнинг биринчи қисми Улуғбекнинг севимли шогирди Али Қушчининг оғир ҳиссиётлари баёнидан бошланган бўлса, иккинчи қисми Улуғбекнинг яна бир шогирди Мавлоно Муҳиддин оиласидаги безовталиклар тасвиридан бошланади. Улуғбекнинг ўлими тўғрисидаги даҳшатли хабар Салоҳиддин заргар билан унинг ўғли Муҳиддин ўртасига зиддият солади. Отани қатл қилдирган падаркуш даврида қирғинлар бошланишини Салоҳиддин яхши билади: 19 “- Энди қирғин бошланур, - деди Салоҳиддин заргар, ўғлининг ваҳимали шивирлашига эътибор бермай. – Устозингнинг барча хешу ақраболари, дўсту шогирдлари шаҳзоданинг қаҳрига йўлиқадур, таъқиб остида қоладур... - Нечун? - Нечун? – Салоҳиддин заргар калака қилгандай ишшайди. – Шунгаям ақлингиз етмайдими? Ҳамма давр, ҳамма замонда шундай бўлган, ўғлим. Эски тўн янги хўжайинга тўғри келмайдур. Кўплар қирғинга учрайдур, кўплар раҳматлик, Мирзо Улуғбек янглиғ калласидан жудо бўлур... Ҳақ таолоға шукрким, буни билгандай Шайх Низомиддин Хомуш ҳазратларига пирим деб қўл берган эканман... - Валинеъмат... Жаннатмакон устоддан кўп яхшилик кўрган эдик... - Яхшиликлар кўрган бўлсанг... сўзла. Масжиди жоменинг минбарига чиқиб жар сол. Яхшилик эмиш. Улардан кўрган жабру жафо ёдингдан кўтарилдиму? Суюкли ўғли, дўзахий Абдулазиз не қилди? Оллодан тилаб олган қизинг Хуршида, кўзимнинг нури ғунчаси не бўлди? - Устод шаҳзоданинг бу машъум қилмишидан бехабар бўлган... - Бехабар эмиш...- Салоҳиддин заргар ғалати хи-хилаб кулди. - Баракалло сендай коинот сирларини билган алломаи мунажжимга. Аллома эмас, бесавод авом сендан яхшидур. Билиб қўй, ҳой, муаллим ул- аввал Арасту. Эрта бир кун қирғин бўлганда ҳаммадан бурун сенинг бошинг кетадур. Ҳамма даҳрий алломалар орасида биринчи бўлиб сенинг калланг қиличдан ўтадур. Сенинг уйингга ўт қўйиладур. Сенинг...” (133-134- бетлар). Икки қисмдан иборат бўлган бу романнинг ҳар бир фасли шогирдлар руҳий изтироблари тасвиридан бошланиши бадиий тўқима қатларида қандайдир бир сеҳр яшириниб ётганлигидан далолат беради. Улуғбек рози бўлган шогирдидан ёзувчи ҳам рози, норизо бўла бошлаганидан эса адибнинг ҳам кўнгли қолганлиги саҳифалар оша ошкор бўла боради. Ёзувчи биринчи қисмда Али Қушчини нечоғлик меҳр-муҳаббат билан тасвирласа, иккинчи қисмда Мавлоно Муҳиддин қиёфасини шу қадар жирканиш ҳисси билан жонлантиради. Унинг отаси таъсирида Низомиддин Хомуш даргоҳига бориши ва ундан топшириқ олиб, устози хотирасига хиёнат қилишга ўқувчида ҳам нафрат уйғотади. Агар романнинг биринчи қисмида тож тахт учун кураш фитна-ю бўҳтонлар маърифат чироғини ўчириш умидида устод ва шогирд бошига қиёматлар тўфонини ёғдирганлиги тасвирланган бўлса, бу ҳиссиётлар гирдоби иккинчи қисмда Али Қушчи ва Мавлоно Муҳиддинларни ўз домига тортади. Мавлоно Муҳиддин аста-секин хоинлик йўлига кириб, ақлдан озади ва бу ёруғ дунё билан хайрлашади. Али Қушчи эса Мавлоно Муҳиддин билан авахта азобларини енгиб ўтади ва инсоният тафаккурининг маҳсули бўлган илм хазинасини сақлаб қолади. Асарнинг иккинчи қисмида падаркуш Абдулатифнинг бошига тушган ҳиссиётлар 20 тўфони ва унинг қалбини кемирувчи ички кечинмаларни тасвирлаш марказий ўринни ишғол қилади. Ўз отасини хоин саркардалару сотқин уламоларнинг ғиж-ғижлаши оқибатида қатл эттирган падаркуш энди Амир Темур ганжларини излаб топиш истаги билан ёнади. У отасининг илмий хазинасини ер юзидан йўқотиш ниятида унинг шогирдлари билан юзма-юз фикрлар жангига киришади. Бу жангда Али Қушчидан зарба ейди, уни букиб ололмаганидан азобланади. Мавлоно Муҳиддиннинг қўрқоқлигини кўриб, ундан жирканади. Падаркуш Абдулатиф ҳам ўз даврининг социал типи. Ёзувчи буни чуқур идрок этган ҳолда тож-тахтга эга бўлиш учун ҳар қандай тубан ишлардан қайтмайдиган қотил тождорларнинг умумлашма образини яратган. Шу боисдан ҳам уни тарихий шахс Абдулатифнинг оддийгина нусхаси дея олмаймиз. Абдулатифнинг саройда бошлаган қирғинлари ўша давр тождорларининг ҳақиқий башараларини очиб берувчи манзараларнинг типиклаштирилган, индивидуаллаштирилган ҳақиқати эди. Кетма-кет қирғинлар Абдулатифни вос-вос касалига мубтало қилиб қўяди. Ёзувчи падаркушнинг бир-икки кундаёқ лунжлари ўйиб олингандай ичига ботиб кўзлари катта-катта бўлиб, чўпдай озиб кетганини тасвирлар экан, шаҳзоданинг вужуд-вужудини қақшатган бу васвасадан қутулиш учун шаробга зўр беришини, унинг шафқатсизлигидан, давлатни бошқаришдаги зулмидан безган саркардалар ва нуфузли беклар орасида ҳам норозилик кучайганидан кучайиб боришини давр ҳақиқати тарзида типиклаштиради. Бутун саройни, ҳаттоки, бутун дорулсалтанатни чексиз, бетизгин, бешафқат ғам чулғаб олган. Ҳатто қаландарлар чеҳраси ҳам сўлғин: “Қашқар чалқанча ётиб, осмон тўла ғуж-ғуж юлдузларга тикилди. Назарида осмонни тўлдириб юборган бу оппоқ юлдузлар гўё унга кўз қисиб мазах қилаётгандай, улар гўё юлдуз эмас, олам сирларидан хабардор аллақандай жонли нарсалардай бўлиб туюлди. Мирзо Улуғбек ҳазратларини шаҳриёри фалак-иқтидор дегувчи эдилар, бу ҳудудсиз коинотнинг барча сир-асроридан боқиф дониши жаҳон дегувчи эдилар. Шу сабаб уламон киромлар у зоти шарифни ҳам ёмон кўришар, ҳам ундан қўрқишар эди... Филҳақиқат: бу сўзда бир ҳикмат борга ўхшайдиким, кимки у дониши жаҳонга ғанимлик қилса, ҳоли вой бўлди. Мирзо Улуғбек ҳазратларига қилич кўтарган баттоллардан бири Саид Аббос эди, у ҳам ҳақ таолонинг қаҳрига йўлиқди. Аъло ҳазратларининг тузини еб, тузлиғига туфлаган қанча амиру умаро қатли қирғинга учради. Энди навбат шаҳзоданинг ўзига келди...” (232-бет) Худди биринчи қисмдагидек ҳиссиётлар қуюни ичра қонли манзаралар шарпаси кўрина бошлайди. Абдулатиф ёмон бир туш кўриб, бутунлай ақлдан озади. Бунинг гувоҳи бўлган Али Қушчи “Ҳайҳот. Ким айтмиш, бу норасо дунёда ҳақ ва адолат йўқ деб, бор. Кимки, бу дунёда ёмонлик қилса – хоҳ шоҳ бўлсин, хоҳ гадо – у жазосиз қолмайди”, - деган 21 хулосага келади. Тож тахт ва шон-шавкат ишқида алломалар сарвари ёққан илм машъалини сўндириб, Мовароуннаҳрни зулмат қўйнига ташламоқчи бўлган, бандаи мўминларни қатли ом қилган, меҳру вафо ўринга жабру жафо келтирган илм-маърифат ўрнига зулмат уруғини сочган Абдулатиф ўтмишда яшаган золим тождодларнинг адабий типга айланган бадиий образидир. Ёзувчи уни ана шу ниятда яратган. Унинг фожиа билан тугаган тақдирида ҳам ўша давр ҳақиқати яққол кўзга ташланиб туради: “... Ана қийқириқлари оламни тутган қора тўфон пастдаги хадаққа етди. Тўфоннинг олдида бир-бирларининг отларини қамчилаган икки суворий келарди. Ниқобларини юлиб олган бу икки суворийнинг бири... Амир Султон Жондор эди. Иккинчиси ё раб. Худди тушида баркаш кўтариб кирган навкарга ўхшаган бу иккинчи суворий... кўпдан бери фитна қўзғаб қочиб юрган Бобо Ҳусайн Баҳодир эди. Шаҳзода жон ҳолатда отининг бошини бурди, лекин қочиб бораётган навкарларга яқинлашиб қолганида, тўсатдан елкасига заро билан қадалган ўқ-ёй уни букчайтирганича эгардан ағдарди... Шаҳзода ҳолсизланиб кўзини юмаркан, тусатдан қонли булутлар орасидан чиқиб келган падари бузрукворини кўрди... “Жигаргўшам, болам... Пушти камаримдан бўлган зурриётим Падаринг бошига етган бу қузғунлар сенинг бошингга ҳам етибдур. Не чора? Ота-бобонгга вафо қилмаган бул машъум тожу тахт сенга ҳам вафо қилмайдур, дедим. Сўзимга инонмадинг. Не қилай, болам”?... Оламни тутган қаҳрли сурон яқинлашиб келмоқда. Кўз ёши аралаш бу мунгли овоз эса, аксинча, тобора узоқлашмоқда эди... Шаҳзода гўё отасини тўхтатмоқчи бўлгандай бор кучини йиғиб толпинди, толпиндию боши узра кўтарилган яланғоч қилични кўриб, кўзини юмди, юмаркан: “Гуноҳкор фарзандингизни кечиргайсиз, бузруквор”, -деб пичирлади. (298-299- бетлар). Кўринадики романда учта подшоҳнинг адабий типи яратилган. Уларнинг ҳар бирида ўзи яшаган даврнинг тарихий ҳақиқати индивидуал бадиий қиёфа касб этган. Бироқ, шулар орасидан иккинчи подшоҳ – Мирзо Улуғбек романнинг бош қаҳрамони қилиб танланган. Ёзувчи унинг сиймосини барча даврларга татийдиган катта бир ҳақиқат ёғдулари билан нурлантирган. Романнинг Али Қушчи руҳий кечинмалари баёни билан бошланиб, Али Қушчининг дардчил изтироблари билан тугатилишида ҳам ана шу ҳақиқатга дахлдор ҳукм бор: “- Ҳануз хотирамда. Ўша машъум кечадан сал олдин устод билан худди мана шу ерда учрашиб видолашган эди. Раҳматлик устод бу нодир хазинани сақламоқни фақирга юклаган эди. Энди камина буни икковингга, икковингга оллога топширамен. Абадул-абад эсларингда бўлғай: “Мовароуннаҳр донишларининг ақл дурдоналари йиғилган бу ноёб хазина бўлғуси авлодлар узоқ зурриётларимизга хизмат қилур. Зероким, Мовароуннаҳр элини чулғаган бу зулмат тарқаган кунида қайтамен, деган 22 умиддаман. Ва лекин қайтмай мусофирликда оламдан ўтсам... бу хазинани кўз қорачиғидай сақлангиз, сўнг инонган шогирдларингга топширингиз, улар ҳам ўз шогирдларига топширгай. Ва шу йўсин зурриётлардан, зурриётларга ўтиб, элимиз осмонига офтоб чиққанда яшайтурғон бахтли авлодларга етиб боргай... Сенлардан тилайдурғон бошқа тилагим йўқ...” (319-бет). Кўринадики, ҳар бир адабий тип ўз даврининг бадиий ҳақиқати сифатида тарихий роман саҳифаларида яшаб қолади. Бироқ, ўз замонасидан ўзиб кетиб, истиқболни олдиндан кўра оладиган Улуғбек, Али Қушчи сингари адабий типлар яратилгани мазкур асарга абадийлик муҳрининг босилганидан нишонадур. Чунки маҳоратли ёзувчи адабий типлар яратаётганида уни қалбидаги муҳаббат ва нафрат оловини оламга сочиш учун бир восита деб билади ҳамда ўзи яратган ҳар бир адабий типга у яшаган даврнинг тарихий ҳақиқатини мужассамлаштириш билан бирга яна келажакка дахлдор бўлган ҳақиқат моҳиятини ҳам сингдириб юборишнинг уддасидан чиқади. “Улуғбек хазинаси” романида тасвирланган ҳукмдорлар образининг бадиий табиатига доир мулоҳазаларимизни профессор М.Қўшжоновнинг қуйидаги фикрлари билан якунлашни лозим топдик: “Одил Ёқубов Улуғбек фожиасини, Али Қушчи шижоатини, Абдулатиф хоинлигини, мавлоно Муҳиддин сотқинлигини психологик асосда кўрсатадиган воқеаларни макон жиҳатидан ҳам, замон жиҳатидан ҳам фокусга, характер ва воқеаларни катталаштириб, бўрттириб кўрсатадиган кўзгуга солгандек, бир ерга жамғара олади. Китобхон тасвирланаётган замон руҳини, маълум бир даврдаги тарихий фожиани, поклик ва нопоклик, самимийлик билан носамимийлик, тараққиёт билан жаҳолат орасидаги адабий зиддиятни воқеалар тасвирида англаб олади”. 13 КЎҲНА ДУНЁ ҲАҚИҚАТЛАРИ Ҳаёт ҳақиқатини бадиий тафаккур қатларига кўчиришда ўзига хос ижодий иқтидорини намойиш эта билган таниқли адиб Одил Ёқубов тарихий шахслар, айниқса, ҳукмдорлар адабий типларини яратишда тарихий маълумотлар билан бадиий тўқима уйғунлигидан самарали фойдаланган. Маълумки, бадиий асар сюжетига асос қилиб олинган воқеаларнинг барчаси ҳам айни тарихий ҳақиқатлардан иборат бўлмайди. Адабий типлар бадиий қиёфасини чизишда ёзувчи ўзининг тафаккур хазинасида мавжуд бўлган поэтик деталларни ишлатади: ўзини ўйлантирган, узоқ хаёлларга толдирган кечинмаларини ўз қаҳрамонлари руҳиятига сингдириб юборади. Ана шу ижодий жараён бевосита бадиий тўқиманинг эстетик имкониятлари доирасида рўй беради. 13 Қўшжонов М. Сайланма. Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти. 1982. 1-том. 301-бет. 23 Одил Ёқубовнинг романчилик сифатидаги ўзига хослиги шундаки, у ўз тарихий романларининг қаҳрамонлари талқинига ўша давр руҳини кенг кўламли тарихий ҳақиқатлар моҳиятини сингдириб юбора олади. Бадиий асар қаҳрамонларининг эпик фаолиятида мужассамлашган давр ҳақиқати ёзувчи яшаётган замон руҳияти ва ижтимоий дардлари билан уйғунлашиб кетади. Бундай фазилат фақат “Улуғбек хазинаси” романидагина эмас, балки “Кўҳна дунё” романида ҳам мувжуддирким, бу ёзувчи талантининг адабий типлар кашфиёти борасидаги беназир такомилидан далолат беради. Ёзувчи ўз романини “Кўҳна дунё” деб атаган ва асардаги барча қаҳрамонларни ўзига хос тарзда номлаган. Романда Маҳмуд Ғазнавий ва унинг салтанатидаги барча амалдорлар сарой ходимлари, Маликул шароб ва унинг майхонасига келиб кетувчилар, Исмоил Ғозий бошлиқ карматийлар, Мавлоно Беруний ва у билан алоқадар шахслар, ибн Синога алоқадар инсонлар фаолиятлари мукаммал қамраб олинган. Зотан, уларнинг барчаси кўҳна дунё одамлари, бироқ ҳар бири алоҳида ва мустақил фаолият соҳибларидир. Бироқ, “Кўҳна дунё” сўзлари замиридаги моҳият бу асардаги ҳар бир образнинг сюжет қатламларидаги мустақиллигини инкор этмайди, аксинча уларнинг асар бадиий мазмунини юзага чиқарувчи яхлитлигини англатади. Демак, ёзувчи томонидан ўйлаб топилган ном (“Кўҳна дунё”) унда яратилган адабий типларнинг барчасига баравар бўлган умумий атамадир. Агар романнинг бош қаҳрамонларини аниқлаш масаласи ўртага қўйилса, унда ечилиши мушкул бўлган талай чигалликлар юзага чиқади. Романнинг аннотациясида шундай битикларни ўқиймиз: “Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” деган янги романи икки буюк аллома – Абу Райҳон Беруний билан Абу Али ибн Сино ҳаётига бағишланган...” Мустабид шоҳ Маҳмуд Ғазнавий даврида яшаб, оғир шароитларда ижод қилган бу икки улуғ сиймонинг ҳаётлари чуқур драматик воқеаларга тўла. Романни ўқир эканмиз бир қарашда саргузаштнома бўлиб туюладиган, аслида эса зулм ва адолатсизликка асосланган кўҳна дунёнинг ўткир зиддиятларини ва фожиавий ҳодисаларини кузатамиз. Ноҳақлик ва тубанлик исканжасида қолган икки буюк, бобомизнинг юксак эътиқоди, дарду аламлари, изтироблари, мустаҳкам иродаси ва чуқур руҳий кечинмаларининг гувоҳи бўламиз. Бир қарашда аннотациядаги фикрлар тўғридай бўлиб туюлади: гўё роман Маҳмуд Ғазнавий ҳақида эмас, буюк алломалар тўғрисида яратилгандай. Чуқурроқ ўйлаб кўрадиган бўлсак, бунда санъаткор кўнглига туккан бош ижодий ният ўзича мустақил тақдир эгалари ҳисобланган бадиий образларнинг йирик эпик асар сюжетидаги фаолиятини умумий бир негиз – Маҳмуд Ғазнавий тақдири билан чатиштириш ва ана шу мақсадга бўйсундирилган кўп планли кўламдор асар яратиш эканлигини англаймиз. 24 Зотан, ёзувчининг бурчи аввал бош қаҳрамонларни топиш ва сўнгра асар ёзиш эмас, балки давр ҳақиқатини ташийдиган адабий типлар яратишдир. Масалага ана шу нуқтаи назардан ёндашсаккина бош қаҳрамон масаласи билан боғлиқ чигалликларни бартараф қилиш имконияти туғилади. Ҳақиқатан ҳам бир-бирига сира ўхшамайдиган – жуда кўп шахслар фаолият кўрсатадиган, турли –туман воқеа ҳодисалар, ранг-баранг характерлар ва саргузаштлар битта умумий таассурот, яъни Маҳмуд Ғазнавий тақдирига келиб боғланиши яхлит адабий-тарихий манзара – Маҳмуд Ғазнавий даврини бутун зиддиятлари билан кўз олдимизда гавдалантиради. Мана, сизга романни бир бутун қилиб ушлаб турган, бадиий тўқимага кенг йўл очиб бериб, ҳар бири ўз даври ҳақиқатининг бадиий инъикоси ҳисобланган адабий типларни бошқариб турган, романнинг туғилишида етакчи рол ўйнаган бош ижодий фикр. Агар романдан Маҳмуд Ғазнавий адабий типи чиқариб ташланса, унда асарнинг яхлитлиги бадиий бутунлиги йўқолади, ўз-ўзича яшагандек бўлиб кўринган барча типлар тирқираб сочилиб кетади. Бадиий негиз яхлитлиги йўқ жойда эса, санъат асари бўлмайди. Маҳмуд Ғазнавий образи ва унинг даври ҳақиқатларисиз Абу Али ибн Сино ҳазратларининг мутафаккирона ҳаётининг ўзига хос хусусиятларини илғаб олиш имкониятлари ҳам ўз-ўзидан барҳам топади. Англашиладики, мазмун ва шакл бирлигини таъминловчи адабий типнинг бадиий асар негизини ташкил этувчилик моҳиятига (гарчи у подшо бўлса ҳам) ҳеч бир шак келтириб бўлмайди. Шу ҳақиқатни чуқур идрок этган ёзувчи эса, Маҳмуд Ғазнавий тўғрисида роман ёзибди деган таънадан қутулиш мақсадида ўз асарига “Кўҳна дунё” деб ном беради. Бу ном романнинг яхлитлигини таъминловчи адабий типга ҳам, шунингдек, унда иштирок этган барча образларга ҳам баббаравар тегишлидир. Бу фикрни роман таҳлили жараёнида далиллашга уриниб кўрайлик. Романнинг биирнчи боби Маликул шароб майхонасининг тасвирига бағишланган. Шу майхонадаги барча воқеалар – Маликул Шароб, Бобо Хурмо, Пири Букрий, Абу Райҳон; Абулқосим Фирдавсий, Абул Ҳасанак, Унсурий, Наргизабону; ҳаттоки; сохта ибн Синолар билан боғлиқ бўлган воқеаларнинг барчаси Маҳмуд Ғазнавийга бориб боғланади. Энг аввало, Маликул Шароб тақдири билан боғлиқ тарихга нигоҳ ташлайлик. Бу майхона Маликул Шаробга отасидан, фотиҳи музаффар амир Сабугтегин (Маҳмуд Ғазнавийнинг отаси) нинг содиқ надими Қорағуломдан мерос қолган. Маликул Шаробнинг ўзи ҳам ёшлигида Султон Маҳмуднинг суюкли надими бўлган. Агар ўртада Наргизабону бўлмаганда Султоннинг суянган тоғи ёки энг яқин лашкарбошиси бўлган бўлур эди. Бундан қирқ йил илгари Наргизабону туфайли ораларига тушган зиддият уларнинг тақдирини ажратиб юборган. Қирқ беш йилдирки, улар ўртасидаги нифоқ мавжуд. Ёки Бобо Хурмо тақдирини олиб кўрайлик. Бир маҳаллар ҳозирги Боғи Фируз ўрнида бу муйсафиднинг катта хурмозори бўлган. Бундан йигирма йил муқаддам Султон Маҳмуд Боғи Фируз учун жой танланганида 25 мўйсафиднинг хурмозори жойлашган ер унга манзур бўлиб, уни ўз мулки тасарруфига қўшиб олгану, суюкли боғидан айрилган кекса боғбон савдойи бўлиб қолган. Мана у қарийб йигирма йилдирки, кўча-кўйда юриб тиланчилик қилади. Ёки майхонада содир бўладиган воқеалардан айримларига бир нигоҳ ташлаб ўтайлик. Майхонага меҳмон бўлиб келиб қолган икки сайёҳ (сохта ибн Сино ва унинг надими) Хуросондан Абулқосим Фирдавсий юртидан экан, гап айланиб “Шоҳнома” га бориб тақалади ва шу достон туфайли туғилган баҳс сабаб, Маликул Шароб шоир билан энг сўнгги учрашувини хотирлайди. “Ёдида бор, Абулқосим Фирдавсий, - олло ундан рози бўлғай, - Ғазнани тарк этишдан аввал унинг кулбаи вайронасига ташриф буюрган эдилар. Ташриф буюришдан бир кун аввал эса, шаҳарда ажиб бир гап тарқалган эди. Биров Султон Маҳмуд ул назм султонига катта лутфу эҳсон кўрсатиб, “Шоҳнома” нинг ҳар мисрасига бир тилладан ҳақ тўлабди, деса, бошқа бировлар, билъакс султон буюк шоирнинг қадрига етмабди, ҳатто эгнига сарупо ҳам ёпмабди, деган гапларни топиб келган эди. Устод эса, гўё султон берган пулни чўнтагига солиб, тўғри ҳаммомга борган эмишлар, ҳаммомдан чиққач, бор ақчасини гадоларга улашиб, ўзлари султонга ҳажв битган эмишлар”. Маликул Шароб бу миш-мишларни ҳақиқат қилиб улгурмасданоқ устод ўзлари уни йўқлаб келиб қоладилар. Устод кекса бўлсалар ҳам, бўй- бастлари келишган, оппоқ соқоллари кўксига тушган, тийрак кўзларию, ўткир сўзларига ҳеч ким дош беролмайдиган, тили аччиқ, қайсар одам эдилар. У киши гоҳо-гоҳо май истаб келганларга кайфияти чоғ бўлса, “Шоҳнома”дан ҳикоятлар ўқиб берар, донолар бисотидан ривоятлар айтиб, ҳаммани хушнуд қилар, мабодо кайфиятлари бузуқ бўлса, қаланғи- қасанғи майхўрлар билан ўтиришни истамай, тикка турганларича бир пиёла май ичардилар-да, ўз йўлларига равона бўлардилар. Ўшанда, сўнгги марта келганида, устод худди бесабаб қамчи еган асов тулпордай бетоқат эдилар. Соч-соқоллари тўзғиган юзлари бўғриққан, оппоқ қошлари тагидаги тийрак кўзлари аллақандай ички бир аламдан ёнар, ўзлариям одатдаги кимхоб тўн ўрнига оддийгина қора чакмон кийиб, бошларига эски қалпоқни қўндириб олган, қўлларида асо, елкаларида хуржун, тарки дунё қилган бир зоҳидга ўхшар эдилар”. Маликул Шароб хотираси воситасида Абулқосим Фирдавсий адабий типи яратилади. Унинг хулқи, майхўрлар орасидаги фаолияти, портрети шундай бир донишмандни кўз ўнгимизга келтирадики, унга романда озгина жой ажратилганига қарамасдан, даврнинг жаҳоншумул ҳақиқатини ўз нутқи воситасида бадиий ифодалайди: “Устод Маликул шароб тутган бир коса майни бир сипқоришда бўшатиб, косани қайтариб бердилар. 26 - Йўқ! – деб хитоб қилдилар. – Йўқ, Маликул Шароб, фақир қорнимга эмас, қадримга йиғлайман... Шу боисдан, бу гумроҳ Султон Ғазнавий берган барча инъомларни гадолар ва йўқсулларга улашдим. Бир мирисини қолдирмай улашдиму, мана энди фариштадай масъум, гўдакдай қип-яланғоч ортимга отланди. Э-воҳ. Бу гумроҳ шоҳлар олдида биздай фақир шоирлар қисмати шу экан. Не чора? Айб ўзимда. Билъакс инсоф ва адолатлни куйлаб, одил шоҳлар тарихини битган шоир, келиб-келиб шу мустабид султондан ҳақиқат қидириб келурманми? О гумроҳлар, гумроҳлар. Камина гўёким Эрон билан Туронни бир-бирига қарши қўйган эмишмен. Гўёким форсий шоҳларни улуғлаб, туркийларни камситибмен. Йўқ! – дедилар у киши тўсатдан кулоҳли бошларини баланд кўтариб, - бир элни бошқа элга қарши қўймоқ – донолар иши эмас? Бу –шоҳлар ва султонлар иши. Камина ўз асаримда фақат ҳақиқатни ёздим. Ўлим ҳақ. Вақтики келиб фақир ҳам бу оламни тарк этурмен. Аммо иншоолло, “Шоҳнома” тоабад қолур. Ким ҳақ, ким ноҳақ, ҳар ким ўзи ўқиб олур, ўзи билиб олур; Маликул Шароб. Устод шундай дедиларда-да, иккинчи косани ичишдан бош тортиб, майхонани тарк этдилар”. 14 Кўринадики, Маликул шароб майхонаси Султон Маҳмуд Ғазнавий даври ҳақиқатларини тиниқ акс эттирувчи кўзгуга айлантирилган. Унинг майхонаси гарчи султон Маҳмуд Ғазнавий қасрлари билан тенглаша олмаса ҳам, довруғи бутун мамлакатга таралган. Ёзувчининг романни шу майхона таърифи ва ундаги воқеалар тасвири билан бошлашида ҳам жуда катта бир маъно бор. Бу жойда йиғиладиганлар ҳақиқатни айтадиган кишилар, уларнинг кўпчилиги даврнинг жабрдийдалари ёҳуд салтанат зулмидан безган ҳақгўй одамлар, улар орасида салтанат айғоқчилари ҳам бор, хуллас, улар у ё бу даражада Маҳмуд Ғазнавий салтанатига дахлдор шахслардир. Ёзувчи майхонага йиғилган одамларни шу қадар таъриф- тавсиф қиладики, сатрларда муҳрланган чуқур ҳиссиёт билан салмоқли фикр бирлигининг ҳайратомуз ифодаси ўқувчини бефарқ қолдирмайди. Овлоқ Хоразмдан, Абу Райҳон Беруний юртидан келган Пири Букрий салкам ўн беш йил Маликул Шароб билан биродарлик қилади, унинг майхонасига келиб, най чалади, шундай берилиб чаладики; баъзан ўзи ҳам йиғлаб, ўзгаларни ҳам йиғлатади. Бироқ, у асар сўнгида нафақат Берунийнинг рақиби, билки салтанатнинг майхонага қўйилган айғоқчиси бўлиб чиқиши ўқувчи қалбини ларзага солади. Бу эса Пири Букрий тимсолида ғазнавийлар даври ижтимоий муҳитининг ўзига хос адабий типи ифодаланганлигини кўрсатади. Майхона шу даражада довруқ таратадики, унинг майини ичган юпун шоирлар ва йўқсиллардан ташқари баъзан ман ман деган бек ва бекзодлар, ҳатто Абу Райҳон Беруний каби алломалар, гоҳи гоҳи эса султоннинг суюкли мадҳиябози, шоир Унсурий ҳам қадам ранжида қилади. Ҳатто амирул мўминнинг эркатой вазири Абул Ҳасаннинг ўзи ҳам, майталаб бўлиб, шу даргоҳга пинҳона одам юборадиган бўлади. Ҳуллас, майхона 14 Ёқубов О. Кўҳна дунё. Тошкент, Адабиёт ва санъат нашриёти. 1983, 7-8-бетлар. 27 суҳбатлари Султон Маҳмуд Ғазнавий саройи сир-асрорлари билан бевосита боғланиб кетиб, уларда инсон қалбининг энг асл,энг чуқур сирлари шу даражада очиб ташланадики, унда давр ҳақиқати ярқ этиб, кўзга ташланади. Майхонада яхши ғазал ўқиган, яхши куй чалган ёки қизиқ ҳангома сўзлаб берган майхўр бир коса текин май билан тақдирланадиган бўладики, бу анъана ундаги мушоирани кучайтириб, алангалатиб юборишга боис бўлади. Биз бу ўринда яна бир мисол келтириш билан кифояланамиз: “... Бобо Хурмо Маликул Шаробнинг олдида нечундир кулимсираб, тавозе билан қўл қовуштириб турарди. - Авф эт. Маликул Шароб. Бу суҳбати гулгунда яхши шоҳу ёмон шоҳлар ҳақида баҳс кетди. Ижозат этсанг, камина шу тўғрида бир ривоят сўзласам. - Сўзла, Бобо Хурмо. - Шундайким қадим замонларда икки хеш, икки биродар сафарга чиқмиш... Шунда бир дўсти иккинчисидан: агар сенга саодат ёр бўлиб, подшо бўлсанг нима қилар эдинг, деб сўрамиш. - Агарчанд, - демиш биринчи сайёҳ, - саодат ёр бўлиб, пошшо бўлсам, юртимда инсофу адолат ўрнатар эдим. Одамлар нимаики орзу қилса, ҳаммасини рўёбга чиқарар эдим. - Камина пошшо бўлсам, - демиш иккинчи сайёҳ, - бани одам аталмиш бу нодонларни тавбасига таянтирар эдим. Қашлашга тирноқ ҳам қолдирмай, кафангадо қилардим буларни. - Сабаб? - Сабаби – на яхшиликни билади бу гумроҳлар, на ёмонликни. Эртасига икки сайёҳ йўлида давом этмиш. Йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб, бир шаҳри азимга етиб бормиш. Қарасалар арк олдидаги майдонда одам тирбанд, ҳамманинг қўлида бир парча гўшт, осмондаги қушга тикилар эмиш. Маълум бўлишича, бир кун аввал шаҳар ҳокими оламдан ўтган, ҳоким бефарзанд бўлиб, тахт вориси йўқ эмиш. Шу боисдан, шаҳар донишлари йиғилиб, пошшонинг бургутини учирмоққа аҳд қилмиш, токи бургут кимнинг бошига қўнса, ўша одам пошшо бўлсин. Бургут эса фалакнинг гардиши билан бемеҳр сайёҳнинг бошига келиб қўнмиш. Сайёҳ эса тахтга ўтирган ҳамон ўз айтганини қилмиш, мамлакат аҳлини зир титратмиш, беҳисоб божу хирож солиб, ҳаммани кафангадо қилмиш. Шунда одамлар пошшо бўлган сайёҳнинг дўстини қидириб топмиш, пошшо устидан унга арз қилиб, ундан нажот сўрармиш. Фақир сайёҳ пошшо бўлган дўстининг олдига бормиш. Пошшо уни шоду хуррамлик билан кутиб олмиш, аммо сўзини эшитиб: “Сен бу ишга аралашма, - деб танбеҳ бермиш. - Агар мен бу одамларга зулм қилган бўлсам, гумроҳлиги ва нодонлиги учун шундай қилдим. Агар булар нодон бўлмаса, худонинг бир ақлсиз махлуқига ишониб, каминани тахтга кўтаришмас эди. Беақл махлуққа инониб, мени пошшо қилишган экан, раҳм-шафқат не даркор буларга. Доно пошшо доноларга лойиқдур. Нодонларга нодон пошшо ярашур”. 28 Бобо Хурмо тилидан нақл қилинган бу ривоятни ҳар ким ҳар хил тушунади. Баъзилар ровийнинг сўзларидан “сендай нодонларга Султон Маҳмуддай золим подшо ярашур”, деган маъно уққан бўлишса, баъзилар Бобо Хурмонинг бу ривояти аслида Султоннинг ғаними Имом Исмоилнинг сўзи дейишади. Мана шу баҳс сабаб даврнинг яна бир ҳақиқати, яъни золим подшога қарши бош кўтарган адолат лашкарининг жангу –жадаллари роман саҳифаларига кириб келади. Ёзувчи Исмоил Ғозий бошлиқ халқ қасоскорларининг яширин фаолиятларини жуда катта меҳр билан қуюқ бўёқларда беради. О.Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романининг ўзига хослиги шундаки, асар сюжетида фольклор намуналари, айниқса тарихий ривоятлардан самарали фойдаланилган. Ёзувчи ўз бадиий ғояларини ифодалашда ровийлар нақл қилган ривоятларнинг фалсафий мантиқига таянади. Хусусан, юқорида келтирилган “Золим шоҳ ва нодон авом ҳақидаги ривоят” орқали Ғазнавий ҳукмронлик қилган давр ҳақиқати, ўша замоннинг мураккаб ижтимоий дардлари тасвирланган. Бадиий тўқима воситасида яратилган майхонада ҳамма нарса Маҳмуд Ғазнавийнинг золимлигига бориб боғланади. Ҳатто Маҳмуд Ғазнавийга тутқич бермай юртма- юрт кезиб юрган ибн Сино қиёфасига кирган сайёҳ ҳам, гоҳи-гоҳида майхонага қадам ранжида қиладиган Беруний ҳам ёзувчининг шахсй кечинмалари, ҳиссиётлари, ақл тарозисидан ўтиб, Маҳмуд Ғазнавий даври ҳақиқатини очишга хизмат қиладиган адабий типларга айлантирилади. Ёзувчининг ўз ихтиёрига қўймаган, унинг тафаккурида зуҳур топган бадиий ният боис Садафбиби, Пири Букрий, Сабҳу ва Хатлибегимларнинг хилватгоҳларига кириб чиқамиз, уларнинг сир-асрорларга тўла руҳий олами кўзгусида Берунийнинг зиддиятларга тўла ўтмиши билан ҳайрат ичра таниша борамиз. Ниҳоят Султоннинг суюкли синглиси Хатлибегим ташрифи туфайли романнинг марказий сиймоси Маҳмуд Ғазнавий хилватхонаси томон йўл оламиз: “- Мавлоно. Мен шўрлик сизни йўқлаб келишимиздан муродим, хабарингиз бор, ул валинеъмат давлатпаноҳ – илоё умри узоқ бўлғай, - оғир дардга чалинмиш. Сарой тўла аллома, маликул калом, довруғи жаҳон ҳакимлар, бироқ шўрлик оғам ўз ўтида ўзи қовурилиб ётмиш. Дардига даво, кўнглига ором берадиган на бир ҳибиби бор, на бир табиби...”. Хатлибегим образи туфайли роман саҳифларида сарой тўғрисидаги давр ҳақиқати кириб келади. Бир томондан Маҳмуд Ғазнавий саройи алломалар, маликул каломлар, ҳакиму табиблар билан тўла, иккинчи томондан иғвою, фисқу-фасодлар уяси, сарой амалдорлари эса, айниқса вазирлар – Али Ғариб билан Абул Ҳасанаклар – мартаба талашиш билан банд бўлишадилар. 29 Унинг дарду ҳасратларини тинглаган Беруний “ҳаммасидан бохабар. Ер тагида илон қимирласа билади, бу хотин. Аммо бу машъум сир-асрорни айтишдан муроди не? Бу иғво, бу фисқи-фасод ишларга дахлим не менинг? – дея таажжубланади. Шу ўринда ёзувчи давр ҳақиқатини беришда ўзига жуда қўл келган усулни қўллайди – ривоят сюжетига муроажаат қилади: “Хатлибегим тўсатдан дуррасининг учини жаҳл билан елкасига отиб, Берунийга тик қарайди, сурма тортилган кўзлари аллақандай чақнаб: - Наҳотки бу дарднинг давоси бўлмаса мавлоно? – деб сўрайди. Кеча саройда назм аҳлининг султони жаноб Унсурий бир сўз айтмиш. Ҳиндистон томонда, қайси бир наҳр ўртасидаги оролда “неъмати илоҳий” деган ғаройиб бир дарахт ўсар эмиш. Бу дарахтнинг мевасини тановул қилган хастаи нотавон танасидаги барча дардларидан фориғ бўлур, чол бўлса қирчиллама йигитга, кампир бўлса... ёш малакка айланар эмиш... Сиз ўша юртларда бўлгансиз, мавлоно айтинг, маслаҳат беринг, қайдин топса бўлур бу “неъмати илоҳий”ни? (24-25-бетлар). Кўринадики, Хатлибегим руҳиятини қамраб олган оғир ҳиссиётлар давр ҳақиқатидан туғилгандир. Кекса подшо ўлим тўшагида қолганда аркони давлат ақли норасо шаҳзодани тахтга ўтқазиб, ўзлари ҳоким бўлишни ўйлаганлар. Бу тарихий ҳақиқат ҳар бир мамлакат, ҳар шоҳликда чексиз тарзда такрорланиб турган. Шундай оғир дамларда ўлим тўшагида ётган шоҳнинг яқинлари Хатлибегим тушган таҳликали ҳолатга тушишлари турган гап. Бу тарихий ҳақиқатдир. “Неъмати илоҳий” билан боғлиқ ривоятнинг асар сюжетига киритилиши ҳам даврнинг тарихий ҳақиқатларини, “тарихий шахслар тақдирини, давр драмасини, даврнинг кўп қиррали зиддиятларини янгича, таъсирчан очишга, бадиий инкишоф этишга” 15 имкон берган. Беруний билан Хатлибегимнинг баҳсида давр ҳақиқати бутун зиддиятлари билан берилади. Султон Маҳмуд ҳеч бир нажот тополмайди. Етти иқлимни забт этган фотиҳи музаффар, донғи оламга кетган подшои олам букун... жисмида уқубат, кўнглида таваҳҳум нажотсиз тўлғаниб ётишга мажбур. Суронли жангларга чек қўйиб, энди фароғат гулшанига етдим деганида... ногаҳон ёпишган бу дарди бедаво сабаб... шами шабистони яқинлашади. Унинг бир умиди Ҳазрати ибн Синода қолади. Бу бадиий тўқиманинг қудрати туфайли яратилган жозибали саҳифалардан бири ибн Сино билан Абу Райҳон Берунийга дахлдор, давр ҳақиқати - уларнинг оламшумул кашфиётлари бирин- кетин очила боради. Хатлибегим Берунийдан ҳазрат ибн Сино хусусида, унинг ёрдамига муҳтож эканини билдирганида ибн Сино деб айтилган жозибадор бу икки сўз Абу Райҳоннинг дилига бамисоли илиқ бир нур бўлиб қўйиладию, кўнгли ёришиб кетади. Мана сизга роман тўқиладиган ипнинг – ёзувчи ижодий ниятининг боши. Ёзувчи золим тарихий шахс Маҳмуд Ғазнавийнинг ўлим тўшагида 15 Алимов П. Тарих, шахс, бадиа. Тошкент, Ўзбекистон. 1993. 28-бет. 30 ётган даври – сўнгги уч-тўрт ойлик салтанатини кўрсатмоқчи. Бу билан золим шоҳларнинг янгича бир адабий типини, яъни жуда кўп адолатсизликлар қилган-у, бошига бедаво дард ёпишганда Яратганга тавба- тазарру қилувчи инсоннинг асл қиёфасини тасвирлаб, унинг ҳаёт йўли устидан қатъий ҳукм чиқармоқчи. Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг тўшакда бедаво дардга чалиниб ётган дамлари сабаб бўлиб, Беруний ҳам, унинг ўзи ҳам бутун умр босиб ўтилган ҳаёт йўлини хаёлан таҳлил қилишга киришадилар. Беруний шогирди Сабҳу сабаб Маҳмуд Ғазнавий билан биргаликда Ҳиндистонда босиб ўтган йўлларини хаёлан тасаввур этади: Беруний умрида кўп дўсту биродар, жуда кўп шогирд орттиради, уларнинг яхшиларини ҳам, ёмонларини ҳам, омад кулиб боққанида атрофида гиргиттон бўлиб, омад кетганида хоинларча юз ўгирганларини ҳам – ҳар хилини кўради. Лекин Лохўр кўчасидан топиб олган Сабҳудай садоқатли шогирдни кўрмаган эди. Бўйи- басти келишган, мўйлови эндигина сабза ура бошлаган, тол чивиқдай нозик бу йигитчада ўз элининг ҳамма фазилатлари – мулойимлиги, меҳнатсеварлиги, камтаринлиги мужассамлигидан ҳайратга тушади. Ажабо. Нечун гоҳо бир эл иккинчи эл билан ошно бўлмасдан туриб ётсирайди, фақат ўз тилим, ўз куйларим ва ўз қўшиқларим яхши деб ўйлайди? Ўйлайди-ю, қатлу ом қилиб бўлса ҳам ўз урф-одатларини бошқа юртларга ёймоқчи бўлади... Шоҳлар-ку майли. Унинг ўзи ҳам, оқу қорани таниган Абу Райҳон Берунийнинг ўзи ҳам бир маҳаллар шундай деб ўйлаган эмасмиди? Ўзи туғилиб ўсган Жайҳун заминидан яхши замин, туркий қўшиқ ва туркий куйлардан яхши куй ва яхши қўшиқ йўқ, деб ўйлаганмиди? Хайриятким, бирда Журжон, бирда Ҳиндистондан буюк ва ғаройиб юртларни кўриб кўзи очилади, ҳар бир мамлакат ҳар бир эл ноёб ва гўзал бир олам эканини билди, билиб “Ҳиндистон”ни ёзди. Фақат минг афсуски, бу асарни, ўн йил умри кетган бу суюкли китобини ҳозирча пинҳон тутишга мажбур Берунийнинг ушбу ўйларида давр ҳақиқати, яъни бир эл одамларининг иккинчи бир эл тўғрисида фикр юритиш жараёнлари бутун зиддият билан мукаммал бадиий ифодаланган. Ёзувчи мутафаккир Беруний нигоҳи, ақл-заковати билан беҳисоб қон тўккан, шаҳарларни талаб, ибодатхоналарга ўт қўйган Султон Маҳмуд Ғазнавийни фош этади. Сабҳуга давр ҳақиқатини очиб бари бир сенинг юртингда менинг элим тўғрисида ёмон таассурот қолди, болам. Йўқ ул қатлу қирғинлар учун менинг элим гуноҳкор эмас. Асло. Аммо Султон Маҳмуд янглиғ жаҳонгирлар, лашкарбошилар, мустабид шоҳларнинг разолати ҳам шундадурки, улар фақат ўз номлари эмас, балки ўз эли номига ҳам доғ туширишга қодирдурлар, - дейди. Давр ҳақиқатини очиб бериш юксаклигига кутарилган бу адабий тип сиймосида ёзувчи мазлум эллар юрагидаги ёмон асоратларни йўқотишга интилиб, “Ҳиндистон” каби буюк асар яратган умумбашарий зотни улуғлайди. Ёмонликнинг манбаи одамда эмас, балки жамиятда эканини ёзувчи чуқур идрок этган. Шу боисдан ҳам Беруний ва Маҳмуд Ғазнавийда жамият 31 мафкурасидан мерос қилиб олган икки хил тафаккурни, икки хил руҳий оламни турмуш материалларига таяниб кашф этади. Султон Маҳмудни ёлғиз оғриқ эмас, нотинч ўйлар, ваҳимали тушлар ҳам изтиробга солади. У ўзини ҳақ ва ҳидоят йўлида қирқ йил сурон солиб, мағрибдан машриққача маъжусийлар ва ғайридинларни қатли ом қилиб, пойқадами етган эл борки, ҳамма ерда Қуръони мажид сўзини ёйиб, бу йўлда дини исломга зафар устига зафар келтириб, энди роҳат-фароғатда кн кечирмоқ мавриди келди деб ўйлаганида бедаво дард берган. Яратувчидан шикоят қилади. “Агар бу дард чиндан ҳам бедаво бўлса, унда амирул муслимин аталмиш гуноҳкор бандангнинг қирқ йиллик тоату ибодатидан не фойда?”- деб зорланади, диний мафкуранинг халқлар ўртасида адоват солишини тушунмайди. “Наҳот у буткул рўйи заминни забт этиб, беҳисоб бойликлар орттирганида, ўз дорулсалтанати Ғазнаи мунавварани жаҳонда энг кўркам шаҳарга айлантириб, унда масжиди Жомеъ янглиғ ўнлаб масжидлар, гўзалликда беназир жаннатмонанд боғлар яратганида, Осмон маликаси каби қасрлар қуриб, уларни ҳеч бир шоҳ кўрмаган зебу зийнатлар билан безатганида... ниҳот охир пировардида топгани бу бедаво дард бўлса? У ўз харамига Чин ва Миср, Ҳиндистон ва Румдан ҳуснда ягона ҳурилиқораларни, рақсда товусдан товланувчи гўзал раққосалар, булбул янглиғ хушовоз хонанда ва созандалар, номи оламга кетган Маликул калом ва воҳиди замон алломаларни тўпласаю, буларнинг баридан бенасиб бўлса? У ўз даврининг амирул мўъмини сифатида “Бу неъматларни ўзинг инъом этсангу, тағин ўзинг ҳаммасидан бенасиб этсанг?” – деб худога ёлворади. Унинг миясида илгари ҳеч қачон ўйламаган ёмон ўйлар чарх урадиган бўлиб қолади. Нечундир эзгу ишлари эмас, жанглар суронию, отлар дупури, кесилган бошлар, дорда чайқалган мурдалар, ёнғинда қолган шаҳарлар ёдига тушади. Жони беҳаловат, кечалари ёмон тушлар кўриб чиқади: “- Яқинроқ кел Абу Райҳон. Бу ғайриддиннинг сўзини эшит. Арзи не – сенга сўзласин, сен бизга сўзла. Беруний от туёқлари остида эзилган қалин майсаларни шип-шип босиб, нуроний чолнинг ёнига келади, бошини осилтирганича мўйсафиднинг ҳаяжонли, палапартиш сўзларини эшитади. - Бу бандаи ожиз сиздай амирал мўъмининдан меҳру шафқат тилайди. Дейдиким, бу қасрда эллик минг ғарибу ғурабо йиғилган... аксари ожизалар... бегуноҳ норасидалар... чоллар эмиш...” (38-бет). Ёзувчи бош ижодий нияти билан боғлиқ бўлган золим шоҳ образини яратиш учун бадиий тасвирнинг барча имкониятларидан унумли фойдаланган. Маликул майхонасидаги суҳбатлару баҳсларни, ривоятлару хотираларни ва ниҳоят амирул Мўмининг аталмиш Маҳмуд Ғазнавийнинг даҳшатли тушларини золим шоҳ адабий типини яратувчи бош ижодий ниятга хизмат қилдиради. Тушида Султон Маҳмуд таслим бўлишдан бош тортган қасрга ўт қўйишни Амир Нуштегинга буюради. Зум ўтмай, тўрт 32 томондан кўтарилган аланганинг қизғиш тиллари муаззам ибодатхонани аждаҳо янглиғ ялаб, офтобдай ярақлаган олтин қуббаларини ямлаб ютади... Романнинг бошидан охиригача Маҳмуд Ғазнавий билан Беруний ҳақиқат учун жангга киришади. Ҳар ким ўз тафаккур тарзидан келиб чиқиб, ҳақиқатга баҳо беради. Султон бедаво дард сабаб, “неъмати илоҳий” ҳақидаги ривоятни ҳақиқат деб тушунади. Абу Райҳон Беруний эса, уни ҳақиқат эмас, бир чўпчак деб талқин этади. Бу икки зот ўртасидаги аёвсиз фикрий жанглар “Улуғбек хазинаси” романидаги Али Қушчи ва Абдулатиф зиддиятларини беихтиёр ёдга туширади. Али Қушчининг ҳақиқатни ҳимоя қилиши билан Берунийнинг ҳақиқатга садоқати орасида жуда ҳам яқинлик бор. Бироқ, уларнинг ўз даврининг етук алломалари тарзидаги босиб ўтган йўллари, уларнинг ҳар иккаласи, буюк тарихий шахслар эканини англатадиган жиҳатлардир. Худди шунингдек, гуноҳкор шоҳнинг тавба- тазарру қилишида; яъни Абдулатиф билан Маҳмуд Ғазнавий тақидирларида ҳам ўхшашлик бор. Абдулатиф боши танасидан жудо бўлишидан аввал падари олдидагина гуноҳини бўйнига олган бўлса, Маҳмуд Ғазнавийдаги восвос касали, қўрқинчли тушлар, тавба-тазарру бир неча ой сурункасига давом этиб, қийноқлар гирдобида тутиб туради. Агар Абдулатиф падарига қарши тиғ кўтариб, ўз она юртини харобага айлантириб гуноҳкор бўлган бўлса, Маҳмуд Ғазнавийнинг тақдири тамомила бошқача. У ўзининг машваратхонасидаги меҳрибонсимон жойларга забт этилган юртларнинг кўк, сариқ, оқ туғларини, мағлуб лашкарбошиларнинг олтин ва кумуш дубулғаларини, тиллодан жило берилган совут ва қалқонларни, бандларига лаъл ва забаржад қадалган эгри қиличларни, ўқ терилган чарм садоқлар, суяк сопли ханжарлар, узун-қисқа тиғларни остириб қўйганки, улар Маҳмуд Ғазнавийнинг беҳисоб юришлари, суронли сафарларидан ҳикоя қилувчи тимсоллардир. Султон бу ўлжаларни қайси бирини қўлга олса, лоп этиб, ўша музаффар жанг эсига тушади, забун бўлган не-не лашкарбошилар, ман- ман деган амирлар калондимоғ ҳокимлар, шаҳаншоҳлар, кўз ўнгига келади. Адабиётшунос Т.ҚУрбоновнинг таъкидлашича, О.Ёқубов “Кўҳна дунё” романида оддий халқ вакиллари, ижобий қаҳрамонлар портретини унчалик батафсил чизмасдан, бир-икки характерли белгилар орқали чизган бўлса, аксинча салбий қаҳрамонлар портретини анча мукаммал тасвирлайди. Уларнинг ташқи кўриниши билан ички дунёсини диалектик биргаликда тасвирлаб, қатор тўлақонли характерлар яратишга эришган”. Бу фикр Маҳмуд Ғазнавий образига ҳам тегишлидир. Ёзувчи бу золим шоҳ образини руҳий олам ҳиссиётлари ҳамда онгидаги фикрий ўзгаришлар бирлигида тасвирлар экан, китобхонни бутун рўйи заминни титратган, қанчадан-қанча мамлакатларни мағлуб этиб, мағрибдан машриққача чўзилган ҳудудсиз давлатни куч-қудрати билан бошқарган шоҳ сиймоси билан таништира боради. Романдаги бир фактнинг бадиий талқинига эътибор берайлик. Қиёт қирғинидан кўп йиллар ўтгач, Журжон ва Райда, Қобус ибн Вушмагир каби 33 калондимоғ ҳокимлар саройида кечган мусофирлик йиллари орқада қолган Беруний ўз элига қайтади. Лекин ўз юртига келган олимнинг умр бўйи топган иззат икромлари, Гурганж ҳокими Маъмун ибн Маъмун саройидаги “Мажолиси уламо”да кечган масъуд дамлар, ширин суҳбатлар, қизғин мунозара ва мушоиралар ҳамма-ҳаммаси ўз интиҳосига етади. Чунки, Ғазна ҳокими Султон Маҳмуддан фармони олий келади. Унга кўра ибн Маъмун саройидаги барча алломалар Ғазнага, Султон саройига жўнатилмоғи лозим эди. Султон сўроқлаётган алломалар орасида Беруний ибн Сино, устод Масиҳийлар ҳам бор. Ибн Сино билан устод Масиҳий Журжон томон бош олиб кетишадию, Беруний ўз ихтиёри билан Ғазнага жўнайди. Йиллар ўтади. Ғазнага келган Беруний шаҳар чеккасида расадхона қуради. Шу ерда донғи оламни тутган кашфиётлар яратади. Султоннинг фармони билан расадхона қурилишига Исфаҳон ва Ҳамадондан бир гуруҳ меъморлар таклиф қилинади, улар Берунийга ибн Синодан мактуб олиб келишади. Энди бир савол туғилади. Нега ёзувчи Султон Маҳмуд Ғазнавийнинг фақат қабиҳ ишларини кенг тасвирлайди-ю, савоб ишларига эътиборни қаратмаган? Айниқса, олимларга муносабат масаласидаги талқинлар давр ҳақиқатига мос келадими? Бунга сабаб, бизнингча ёзувчининг Султон Маҳмуд Ғазнавий даври ижтимоий ҳаётига чуқурроқ кириб бора олмаганлигида эмас, балки шўролар даврининг мафкуравий тазйиқидир. Ўша йилларда шоҳлар турмушини ҳақиқат кўзгусида кўриш, пайқаш ва таҳлил қилиш чегаралаб қўйилган эди. Уйдирмачилик хавфсизроқ машғулот бўлиб қолганлиги боис ўша давр адабий танқидчилиги ҳам сиёсий ваҳимачилик ботқоғига ботиб, А.Қаҳҳор айтганидай, “тухумдан тук қидириш, майдонга келган ҳар бир тарихий мавзудаги асарни тирноқлаб, ҳидлаб, иложи бўлса ёзувчининг бошига чертиб кўриш, ёзувчи яратган тарихий мавзудаги асарни шубҳа остида қолдирадиган ҳар хил имо –ишоралар қилиш, чала ярим гаплар айтиб, миш- мишларга озиқ бериш” 16 билан машғул бўлган эди. Шу боисдан ёзувчи Султон Маҳмудни Маликул Шароб ва Берунийлар нигоҳида ўта гуноҳлар қилиб, золим шоҳ қиёфасида, гуноҳлари кечирилмайдиган бир тарзда тасвирлашга мажбур бўлган. Воқеалар баёни Маҳмуд Ғазнавий тилидан берилган ўринларда эса баъзи-баъзида ҳақиқат учқунлари ярқ этиб кўриниб қолади. Маҳмуд Ғазнавий Абулқосим Фирдавсийни ранжитгани учун ўн йиллаб изтироб чекади. Нечун ўшанда маликул каломни ўз қанотим остига олмадим, нечун ичи қора вазирлар сўзига кириб, уни Ғазнадан ҳайдадим, нечун ёзган китобини олиб, бошидан олтину жавоҳир сочмадим деб пушаймон бўлади ва ниҳоят шаҳри Тусга олтин ва кумуш ортилган бир неча туяли карвон йўллаб, Фирдавсий ҳазратларининг мақбарасига мармар сағана ўрнаттиради. Шоир таваллуд топган шаҳарда эса бир масжиди Жомеъ қурдиришга бел боғлайди. Қайсики, бандаи мўминнинг кўнглига озор берган бўлса, ноҳақ зулм қилган бўлса, барчасининг кўнглини 16 А.Қаҳҳор. Ёшлар билан суҳбат. Т., 1968, 92-бет. 34 овлайди, кимнингки мулкига хиёнат қилган бўлса ҳаққини ўн баробар қилиб қайтариб беришни кўнглига тугади. Кўринадики, ёзувчи Беруний, Маликул Шароб, ибн Сино сингари севимли қаҳрамонлари тили билан Маҳмуд Ғазнавий инсонийлигини тан олгиси келмайди: “Бундан уч кун муқаддам, майхўрлар тарқаб, майхона уйқуга чўмганда, Маликул шаробни бозор қоровули кириб уйғотади: - Сени кекса бир девона йўқлаб келмиш. - Неки ахмоқ йўқлаб келса уйғотаверасанми, нодон? Девона бўлса бир бурда нон садақа қил. - Кечиргайсан, Маликул Шароб. Девона айтдики, вазири аъзамдан келдим деб. Қўлида бир халта олтин. Мана, ўзи ҳам кирди... Маликул Шароб ялт этиб эшикка қарадию, ўз кўзларига ишонмай, анграйиб қолди. Ё тавба. Бўсағада... амирул мўминин Султон Маҳмуд Ғазнавий турарди... Устида эски қуроқ чопон, бошида хоразмча эски чугурма, белида қизил бўз белбоғ. У “Индама, овозинг чиқмасин” деган маънода кафтини лабига босди, сўнг бозор қоровулига юзланиб: - Сен боравер, - деб ғудранди-да, оёғини аранг судраб ичкарига кирди... - Биродарим, Қутлуғқадам... Тунов кунги кўзларинг ҳануз ёдимда, ҳануз кечалари уйқу бермайди менга. Сал ҳушига келган Маликул Шароб ногаҳон юраги “шиғ” этиб. - Бир қошиқ қонимдан кечгайсен, амирим, - деди, - қуриб кеткур риндона кайфият сабаб, фақир ўша куни кўнглингга озор бердим... - Йўқ, йўқ, - Султон заиф чироғдай йилдираган кўзларини бир очиб, қайта юмди, сўзимга инон, Қутлуғқадам, агарчанг олло таолло ўз иноятини дариғ тутмай бу дарди бедаводан дариғ қилса, мен ҳам дарвешликни ихтиёр этиб, бир тунда дорулсалтанатдан чиқиб кетар эдим. Устимга жанда, бошимга кулоҳ кийиб, “ҳув” деб бошимни олиб чиқиб кетар эдим. Тиламчилик ила кун кечириб, қилган гуноҳларимни ювар эдим. Э яратган эгам. Ўзингдан ўзга ғамғузорим йўқ, - деди Султон аллақандай фарёд чекиб. Ва лекин – наҳот бу майпараст айтгандай савоб юмушларимдан қилган гуноҳларим кўп бўлса”. Йўқ, инонмайсен бу гапга. Аммо инонмасам ҳам мана, бир халта олтин олиб келдим, Қутлуғқадам. Ўшал ўзинг айтган етим- есирларга улашгайсен. Керак бўлса юз халта десанг ҳам келтириб берурмен...” (204-205-бетлар). Маликул Шароб ва Маҳмуд Ғазнавий муносабатларининг бу хилдаги бадиий тўқимасига ишониш қийин, унда ҳаёт ҳақиқати ҳаддан ортиқ даражада муболағалаштирилганлиги яққол сезилиб туради. Роман воқеалари Беруний ва ибн Сино образлари тасвирига кўчиши билан бадиий тўқимада давр ҳақиқати жилва кўрсата бошлайди. Хусусан, Беруний билан Хатлибегимнинг суҳбатида, уларнинг ибн Синони излаб топиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларида Берунийнинг 35 сафарга отланиши воқеалари тасвирида бадиий тўқима билан давр ҳақиқатининг мутаносиблигини кўрамиз. Хатлибегимнинг ўз суюкли оғаси Султон Маҳмуд Ғазнавий тақдири тўғрисидаги ташвишлари ҳам, иккала вазир – Али Ғариб ва Абул Ҳасанак тўғриларидаги мулоҳазалари ҳам, шунингдек, Берунийнинг ибн Сино ҳақидаги ўйларию, фитна- фасодлардан йиро юриб, қолган умрини мутолаа ва мушоҳадага бағишлаш билан боғлиқ ниятлари ҳам давр ҳақиқатининг бадиий талқинидир. Беруний Хатлибегим топшириғи билан йўлга отланар экан, ич-ичидан зил кетади, “нечун бу тубан ишга аралашиб қолдим”, деган ўй уни қаттиқ азоблайди. Чунки у Хатлибегим бошлиқ бир қанча аркони ҳарб ва аркони давлат бир томон, вазири аъзам Али Ғариб ва унинг тарафдорлари эса иккинчи томон бўлиб, тожу тахт учун пинҳона кураш олиб боришаётганини яхши биларди. Берунийнинг айниқса, вақт деб аталмиш неъматнинг қадрига етиш, ибн Синонинг беназир таланти тўғрисидаги ўйлари ҳам бадиий тўқима эмас. Бу ўринда биз буюк олим ўйларида ижодкор инсонга хос ҳақиқатнинг кўзга ташланиб туришини кузатамиз: “Сафарнинг иккинчи куни кечқурун улар баланд қир ёнбағрида жойлашган катта бекатга етиб қўнишди. Бекатнинг улкан сардобаси бор, афтидан у катта карвонга мўлжалланган эди. Лекин сардобадан ҳам бурун Берунийнинг диққатини бекат ортидаги баланд қир жалб этди. Узоқдан улкан гумбазга ўшхаб кўринган бу қир нимаси биландир Нанда шаҳри яқинидаги юксак тоғни эслатарди. Беруний қирни узоқдан кўргандаёқ ғалати бўлиб кетди-ю, бекатга етиб отдан тушишлари билан махфий мушрибдан ижозат сўраб, қир томон йўл олди. Ҳа, худди ўзи. Нанда шаҳри ёнидаги тоғ ҳам худди шундай кўм-кўк, худди шундай баланд, теварак атроф эса бундан ҳам текис эди. Ҳануз ёдида у ҳар юз қадам кўтарилганда бир тўхтаб, уфққа қарар, уфқ эса яна бир неча чақирим чекиниб, янги кенгликлар, пастдан кўринмаган йироқ манзаралар намоён бўларди... Ҳар сафар янги баландликдан янги уфқ очилганда Беруний бу нуқтадан хаёлан чизиқ ўтказиб, турган жойига нисбатан ҳосил бўлган бурчакни белгилар экан, фавқулодда улкан бир кашфиёт олдида турганини сезиб, юраги гурс-гурс урарди. Ҳақиқатан, ғалати яралган экан инсон ақл-идроки . У гўё хасис баққолдай илм деб аталмиш дурдоналарни битта -битта териб, миянинг энг хилват бурчакларига йиғиб қўяверар экан. Аммо, нимадир туртки бўлиб, кечаси ёнган машъалдай “ярқ” этиб ёнмагунча бу хилватдаги дурдоналар ҳам жило бериб ярқираб кетмас экан. Берунийнинг назарида Нанда тоғидаги ҳодиса учун яна шундай машъал хизматини қилди-ю, хаёлида йиғилиб юрган фикрларга ажиб аниқлик киритди. 36 Ўша оқшом Беруний тоғ тепасида осмон тўла юлдузларга тикилиб тонг оттирди. У дунёда энг бахтли одам эди. Чунки ўша кеча унга табиатнинг буюк бир сири аён бўлганди”. (214-бет). Беруний ва ибн Сино ҳаётига дахлдор бўлган тарихни ҳужжатларни синчиклаб, чуқур ва атрофлича ўрганган ёзувчи бу иккала алломага шу қадар меҳр қўйиб қолганки, ўзидаги ана шу туйғуларини китобхон қалбига ҳам кўчирмоқчи бўлади. Ёзувчининг маҳорати шундаки, у бу буюк алломаларни қандай тушунган, ҳис этган бўлса, китобхон ҳам уларни шундай тасаввур қилиш имкониятига эга бўлган. Беруний билан ибн Сино қалбларини ўртаган дардлар ёзувчига давр ҳақиқати бўлиб туюлган. Алломаларга азоб берган дардларнинг бари- адолат, инсоф, шафқат ва маърифатнинг етишмаслиги, хоинлик, золимлик, фитна ва очкўзликнинг устуворлиги – буларнинг барчаси ёзувчи қалб туғёнига айлангани учун ҳам бу икки алломанинг мукаммал адабий типи юзага келган. Шу боисдан ҳам роман бу икки аллома тўғрисида ёзилгандай таассурот қолдиради. Адабиётшунос А.Каттабеков жуда тўғри қайд қилганидек, “ёзувчининг асосий мақсади ибн Сино ва Беруний сингари улуғ алломалар образини яратиш эмас. Фактик материални чегаралаган ёзувчи ўз қаҳрамонлари биографиясидаги энг муҳим даврни тасвирлар экан, кундалик ҳаётий воқеалар асосида даврнинг мукаммал ва бадиий ҳаққоний манзараларини яратади, буюк мутафаккирлар фожиасининг сабабларини очиб беради. Романнинг бош қаҳрамони ибн Сино ёки Беруний эмас, балки мураккаб ва зиддиятли воқеаларга тўла бўлган даврдир” 17 . Берунийнинг ақл – фаросати имтиҳон қилиниши тасвирига бағишланган саҳифалар ҳам, Абу Убайд ал – Жузжонийнинг ўз устози ибн Сино тўғрисидаги хотиралари битилган лавҳалар ҳам ёзувчининг бу икки аллома дардларига китобхонларни ҳам шерик қилиш ниятида қалам тебратганидан далолат беради. Тийрак китобхон бу икки алломанинг жуда кўп изтироблари адолат излаш билан боғлиқ эканлигини илғаб олади. Беруний караматийлар (ўрта асрларда диний ғоялар воситасида зулмга қарши қаратилган курашчилар оқими) раҳнамоси имом Исмоил тўғрисидаги рисоласи сабаб бўлиб, ўз устози Абдусамат Аввал билан бирга Маҳмуд Ғазнавийнинг “Қалъаи қаҳр” деб номланган зиндонига ташланади. Зиндонда Абдусамад Аввал рисоладан Берунийнинг номи ўчирилганлигини, асар муаллифи эса ўзи эканини айтади ва шогирдини ўлимдан қутқазиб, ўзи дор тагига боради. Бу ҳақ ва адолат учун охирги нафасигача курашган инсоннинг беқиёс жасорати эди. “... Дор тагида турган устод қўлини бетоқат силкитдию: - Худо недур, эй бетавфиқ? – деб хитоб қилди. – Худо – бу адлу ҳақиқатдур... Қуръони мажид недур? – инсофу адолатдур. Савоби азим 17 Каттабеков А. Художественное воплошение личности и исторической эпохи в современной узбекской прозе. -АДД. – Тошкент, 1986. стр. 13. 37 недур? – етим- есирлар бошини силамоқдур. Гуноҳи кабир недур? – Сен этавфиқ янглиғ айшу ишрат ва зеби-зийнат иштиёқида диёнатни тутмакдур. Устод овози ҳар сафар момақалдироқдай қалдираб хитоб қилганида сарой пештоқлари юз баробар кучли акс – садо берар, бутун майдон – наинки майдон, ҳатто саройнинг у юзидаги шаҳар, беҳисоб кўчалар, кўчалардаги расталар, карвонсаройлар, гузарлар – бутун дорулсалтанат бу хитоб, бу акси садо сеҳрига маҳлиё бўлиб қолган эди. Гўё бу сўзлар тириклайин оқ кафанга ўралган яланг оёқ, яланг бош бир алломанинг ваъзи эмас, ғойибдан келаётган илоҳий нидо эди. Бу нидо сеҳридан биринчи бўлиб Султон қутулди: - Сипоҳ солар қайда? Бу – шаккок сўзларини эшитмоқ – гуноҳи кабир эмасму? Ўчир овозини бу даҳрийнинг! Ўчир! “Ўчир!” – садо берди тиллакори пештоқлар- “ўчир!”. Дор тагида қандайдир кураш бошланди. Устоднинг бошига сиртмоқ ташланди, аммо шу пайт ҳамон ҳамон денгиздай гувуллаган оломон узра яна ўша илоҳий овоз янгради: - Ҳой айшу ишрат азмида имону эътиқодини ёдидан чиқарган бандаи ожиз Маҳмуд Ғазнавий. Сўнгги каломимни эшитгайсен... Худованди карим гуноҳларингни кечирмайди сенинг. Қиличидан қон томган сендай мустабидни... – Чоп! Султон ҳайқириғидан ҳушларига келган суворийлар оломон томон от сурди-ю, ҳаммаёқ ағдар тўнтар бўлиб кетди... ... Мана уч йилдирки, бу манзара, аламли туйғу Абу Райҳон хаёлидан кетмайди, билъакс ҳар эслаганида кўксига нина санчилгандай бўлади...” (84-85-бетлар). Подшонинг золимлиги ҳақидаги давр ҳақиқати Беруний Маликул Шароб, Бобо Хурмо, Абулқосим Фирдавсий, Ибн Сино устод Абдусамат Аввал, ҳақ ва адолат лашкарбошиси имом Исмоил Ғозий, Шокалон ва унинг сингари жуда кўп образлар воситаси берилганлигининг гувоҳи бўламиз. Назаримизда кўҳна дунё ҳаёти ва ҳақиқатлари тасвирида қора бўёқлар жуда кўпайиб кетганга ўхшайди. Фақатгина Беруний ва ибн Синолар фаолиятлари билан боғлиқ тарихий, илмий ҳақиқатлар тасвирларидагина китобхон қалбига бироз шодлик ҳислари қуйиладики, шу боисдан ҳам китоб бу икки аллома тўғрисида ёзилгандай бўлиб туюлаверади. Бироқ, асрга давр адабий типларининг яратилиши нуқтаи назаридан ёндошадиган бўлсак, давр ҳақиқатини ташувчи адабий типларни ёзувчи қўшалоқлаштириш усули билан яратганлигига амин бўламиз. Энг аввало, Маҳмуд Ғазнавий зулмини фош этувчи икки шоир – Маликул Шароб лақабли шоир Қутлуғ Қадам ва “Шоҳнома” муаллифи Абулқосим Фирдавсийлар сиймоси кўз ўнгимизда намоён бўлади. Ундан сўнг қўшалоқ табиб образи – ибн Сино ва унинг номидан фойдаланиб, юрувчи сохта табиб Абу Шилқим ибн Шаҳвоний воқеалар ривожига кириб келади. Маҳмуд Ғазнавийнинг ғоявий рақиблари – Устод Абдусамад Аввал ва имом Исмоил 38 Ғозий, шунингдек, икки вазир – Али Ғариб ва Абул Ҳасанак, икки шоҳ – Маҳмуд Ғазнавий ва унинг ўғли Масъуд буларнинг барчаси романда яратилган давр адабий типларининг қўшалоқ бадиий ҳодисаларидир. Шу боисдан ҳам “Кўҳна дунё” романини икки аллома тўғрисидагина деб эмас, балки икки подшо, икки вазир, умуман ўша давр тўғрисидаги мураккаб психологик асар деб ҳам баҳолаш мақсадга мувофиқдир. Маҳмуд Ғазнавий ҳам ўз даврининг ижтимоий типларидан биридир. Золимлиги билан характерланувчи бу адабий типнинг ижтимоий заминига ёзувчи ижодий нуқтаи назардан ёндошган. Шу боисдан ҳам унинг даврида қанчадан – қанча адолатсизликлар ва зулму ситам содир бўлган бўлса, уларнинг барчаси ўша тарихий шароит моҳиятидан келиб чиқиб, мавҳумлаштирилган ва Маҳмуд Ғазнавий адабий тимсолида мужассамлаштирилган. У Бобо Хурмонинг хурмозорини тортиб олган. Абулқосим Фирдавсийга эроний шоҳларни туроний шоҳлардан устун қўйдинг деб туҳмат қилган, Маликул Шароб таъбири билан айтганда, қўш қайрағоч баргларининг сонидан ҳам кўпроқ одамларни қон қақшатган. Ўзга юртларни забт этишда шафқатсизлик кўрсатиб, қамалдаги одамларни тириклайин ёқиб юборган, ҳақ гапни айтган устоз Абдусамат Аввалдай олимларни дорга тортган, ҳатто Берунийдай алломаларни ҳам шаккокликда айблаб, бир неча бор зиндонбанд этган шафқатсиз ҳукмдордир. Ана шуларнинг барчаси золим шоҳ Маҳмуд Ғазнавий адабий типининг бадиий сиймосига хос чизгилардир. Осмонўпар минораю кошоналар ҳам минглаб ғиштларнинг устма –уст қўйилишидан кўтарилганидек, МАҳмуд Ғазнавий адабий типи талқинида ҳам унинг даври ижтимоий ҳақсизликлари акс этган. Ёзувчи ана шуларнинг барчасини Маҳмуд Ғазнавий фаолиятининг бадиий талқинида бирлаштириб, даврнинг аниқ бир тарихий шахссиймосида мужассамланган адабий типини яратган. Хуллас, “Кўҳна дунё” романидаги ҳамма нарса, барча образлар-у, воқеалар тизими Султон Маҳмуд Ғазнавий шахсига боғлиқ ҳолда тасвирланади. Улар ё султоннинг қаҳрига йўлиқиб, умрлари азоб-уқубатда ўтади, ё меҳрига раво кўрилиб, ҳаётлари роҳат фароғатла кечади. Роман воқеалари ечимга қараб боргани сайин ибн Сино тақдири билан боғлиқ воқеалар шиддат билан ривожланади. Исфаҳондаги ўлатга қарши курашиш учун шаҳарга кириб борган ибн Синони шоҳ Масъуд одамлари қўлга туширадилар ва табиб шоҳни муқаррар ўлим чангалидан қутқазади. Шундан сўнг Масъул ибн Синони сарбозлар ҳамроҳлигида Ғазнага жўнатади. Ибн Сино йўлда ҳақ ва адолат лашкари имом Исмоил Ғозий одамлари томонидан қутқарилади, бироқ, у Ғазнага боришга аҳд қилади. У ерда эса “неъмати илоҳий”ни тан олмагани учун сохта ибн Сино деб, ибн Сино ниқоби остида юрган нопок табиб Абу Шилқим ибн Шаҳвоний эса ҳақиқий ибн Сино деб эълон қилинади. Улуғ аллома Абу Али ибн Сино қора дори таъсирига берилган Маҳмуд Ғазнавийнинг умри поёнига етганини сезади ва имом Исмоил Ғозий тарафдорлари кўмагида 39 золим шоҳ таъқибидан халос бўлиш ҳаракатига тушади. Беруний билан ибн Сино хайрлашув онларида бу норасо дунёнинг нопок ишлари хусусида куйиб пийиб суҳбатлашадилар. Икки алломанинг ана шу суҳбати романнинг фалсафий якуни ҳисобланади: “Бу сафар Беруний қўлларини кўксида қовуштирганича, осмонга тикилиб, узоқ сукутга толди сўнг, қаҳрли, бўғиқ овози аллақандай самимий ва ўйчан оҳанг касб этиб, тиниқ янгради: - Ё тавба. Бу гўзал олам, бу мусаффо осмон, бу ёруғ юлдузлар, қўйингки, бу макаммал оламни бунёд этган худованди карим, нечун ўз бандасини бундайин номукаммал қилиб яратди?! Агар бу фоний дунё, Абу Али, сен айтгандай буюк зарурат ва етук ақл-идрок асосида қурилган бўлса, нечун бу улуғ қонунуят бани башар ҳаётига келганда ўз кучини йўқотди? - Осий бандангни ўзинг кечиргайсен, э яратган эгам. На лекин... агар бандангни лойдан яратиб, унга ўз нафсингдан уфуриб жон ато қилганинг рост бўлса, нечун бу жон билан бирга унга жаҳолат ва қаллоблик, худбинлик ва разолат янглиғ тубан истакларни қўшиб бердинг? Нечун унга бошқа ҳеч бир тирик зотга ато қилмаган ўткир тафаккур ва етук ақл-заковат инъом этиб, бу ақл-заковатни тубанлик, разолат ва қабоҳат йўлида ишлатмоқни раво кўрдинг? – Беруний, гўё кўкдан садо кутгандай бир нафас сукутга чўмди. Ибн Сино гўё унинг мунгли куйдай сокин оққан овозига сеҳрлангандай бошини осилтирганича маҳзун хаёлларга толган эди” (320- бет). Кўринадики, бу икки адабий тип фақат ўз тақдири тўғрисидагина эмас, балки бутун инсоният тақдири, она заминдаги ҳаётнинг моҳияти, разилликлардан жирканиш, ижтимоий ҳаётни гўзаллатириш сингари даврнинг долзарб муаммолари ҳақидаги фалсафий қарашларни ўзида мужассамлаштирган. Яратилаётган адабий тип ўз даврнинг ечиб бўлмас ижтимоий муаммоларига ҳаққоний муносабат билдириш воситасига айланган, давр ҳақиқати яъни замондошларининг жамики фазилатларини ўзида мужассам этгандагина қиёмига етган бўлади. Шу боис, Беруний ва ибн Синоларнинг романдаги бадиий инъикосларини давр адабий типининг юксак даражадаги намунаси деб қабул қилиш мумкин. Агар ўзбек тарихий романларидаги кўпгина адабий типларга назар ташласак, уларнинг аксарияти ўз даврининг ижтимоий мезонлари ва талабаларидан ўзиб кетиб, келажак тонгини аввалдан кўра олган улуғ зотлар эканига амин бўламиз. Шундай буюк зотлар сирасига Беруний ва ибн Сино каби алломаларни ҳам қўшиш лозимдурки, уларнинг “Кўҳна дунё” романидаги бадиий образи ўз даври ҳаётининг поэтик кўзгуси вазифасини бажарувчи адабий тип даражасида тасвирланган. 40 ТАРИХИЙ ВОҚЕЛИК ВА БАДИИЙ ТАЛҚИН Маълумки, ХV аср – ўзбек халқи тарихининг ғоят муҳим ижтимоий ўзгаришлар рўй берган мураккаб бир давридир. Бу даврда ўзбек халқининг довруғини оламга танитган улуғ шоир Алишер Навоий буюк мусаввир Камолиддин Беҳзод, шоир ва давлат арбоби З.М.Бобур каби машҳур зотлар етишди. Бундай етук сиймолар ўз даврининг комил инсонлари сифатида ўша замон тарихий воқелигининг барча қирраларини у ёки бу шаклда асарлари ва фаолиятларида намоён этганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ана шундай мураккаб тақдир эгаларидан бири эди. Ўзининг зебо ғазалларию, ҳазин рубоийлари билан саодатпеша дилларни мафтун этган бу буюк шоир ва заковатли жасур давлат арбобининг чигалликларга тўла қисмати ёзувчи Примқул Қодировнинг ижодкор сифатидаги эътиборини ўзига тортди. У ана шу мураккаб давр воқелиги тасвирига бағишланган тарихий асарга “Юлдузли тунлар” га ана шу буюк зотни бош қаҳрамон қилиб танлади. Чунки, бу зот ўзи яшаган даврлардаёқ, гарчи Шайбонийхон қўшинлари билан олишиб, ноилож “ҳинд сори юзланган” бўлса-да, афғон ва ҳинд ҳудудларидаги бир қанча кичик, заиф ва тарқоқ хонликларни ягона марказлашган кучли давлатга бирлаштириб, довруқли империяга асос солган эди. У бобоси соҳибқирон Амир Темур жаҳонгирлигини яна бир бор такрорлаб, адолатли ҳукмдор сифатида катта шуҳрат қозонган эди. У талантли шоир, истеъдодли муаррих, ҳақгўй адиб, жасур саркарда, узоқни кўра олувчи зукко давлат арбоби сифатида фаолият кўрсатган. Бобур ўз даври тарихий воқелигининг ҳақиқатларини бевосита ўзи бошидан кечирган барча воқеа-ҳодисалар билан боғлиқ ҳолда асарларида ифода этган мутафаккир ҳамдир. Кўринадики, Бобур умр китобининг деярли барча саҳифаларини ўз қўли билан битиб, келгуси авлодларга улкан адабий- тарихий мерос қолдирган. Бундан ташқари, унинг қизи Гулбаданбегим томонидан ёзилган “Хумоюннома” даги факт ва далиллар бу тарихий шахс қиёфасини янада теранроқ ифодалашга хизмат қилади. “Юлдузли тунлар” романининг манбалари хусусида фикр юритган адабиётшунос олим Ғ.Каримов бу ҳақда қуйидагиларни ёзган эди: “Аввало шуни атиш керакки, Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи тарихий – биографик турдаги асар бўлиб, турли хил воқеалардан фойдаланиш асосида ёзилгандир, унда документализм устунлик қилиб туради” 18 Лекин юқоридаги мулоҳазалардан “Юлдузли тунлар” романи Бобур ҳақида бизгача етиб келган тарихий - адабий манбаларда битилган маълумотларнинг айнан такрори деган хулоса чиқмаслиги керак. Тарихий шахс тўғрисидаги роман бу тарихий мавзудаги бадиий асар бўлиб, 18 Ғ.Каримов. Прозамизда тарихий тематика // “Шарқ юлдузи”, 1979, 3-сон, 202-бет. 41 мемумар типидаги битикларнинг тўғридан –тўғри кўчирмаси бўла олмаганидек, тарихий фактларнинг оддийгина такрори ҳам эмас. Тарихий роман муайян давр воқелигини бадиий идрок этиш асносида жонлантириш воситасида яратилган асардир. Бундай ижодий жараёнда биргина Бобур шахсиятига доир тарихий маълумотларни чуқур ўрганишнинг ўзигина кифоя қилмайди. Бунинг учун ўзбек, афғон, ҳинд халқларининг ўша даврдаги ҳаёти, иқтисодий, маданий- ижтимоий воқеа – ҳодисалар, тарихий шарт шароит, халқларнинг онги, ахлоқий қиёфалари, урф-одатларини атрофлича ва мукаммал ўзлаштириш, яхлит олганда Бобур Мирзони етиштирган муҳитни чуқур билиш талаб қилинади. Ана шундан кейингина ўз даврининг ҳақ ва адолат тимсолига айланган бу буюк зотнинг адабий типини тарихан ишонарли ва бадиий жиҳатдан таъсирдор қилиб яратиш имконияти туғилади. Ана шундай имкониятнинг тарихий шахс адабий типини яратиш жараёнидаги иштироки тўғрисида мулоҳаза юритган академик Воҳид Зоҳидов шундай ёзган эди: “Бобурнинг сиёсий ва адабий фаолияти унинг социал синфга мансублиги учун ҳам ўша даврнинг объектив ижтимоий- иқтисодий шароити билан боғлиқ тарзда чуқур зиддиятларга эгадир. У бир томондан, ичкиликбозлик ва айш- ишратдан иборат бўлган ҳаётни қораласа, иккинчи томондан, худди ана шу ишлар билан ўзи ҳам шуғулланган эди. Инсонларга ваҳшиёна муносабатда бўлишдан ниҳоятда нафратланган Бобур, ҳарбий юришларда ўз мухолифларини ўлдиришга фармон берар эди. У инсонларни, аҳоли яшайдиган қишлоқларни талашни ёмон гуноҳ деб ҳисобларди, аммо лашкарлари унинг амри билан одамларнинг мол- мулкларини тортиб ҳам олар эдилар. Унинг қалби нозик, шўх, мулойим бўлиши билан бирга унда мустабидлик ҳам бор эди” 19 Бобур адабий характерини яратишга киришган П.Қодиров бу буюк зот шахсияти билан боғлиқ бўлган зиддиятларни четлаб ўтмай, уларга холисона ёндашиб, бу мутафаккирнинг шоҳ сифатидаги адолатпарварлиги ҳам, ҳарбий юришлардаги қатъиятини ҳам бор ҳақиқатлари ила беришга интилди. “Юлдузли тунлар” – Бобур даври тарихий воқелигининг барча ижобий ва салбий жиҳатларини ўзида мужассам этган йирик асар. Вайронагарчилик келтирувчи қирғинбарот урушлару, эл-юрт ободончилиги билан боғлиқ улкан қурилишлар ҳам кенг қамраб олинган бу тарихни асар Бобур даври тарихий ҳақиқатлари ойнасидир. Зеро, “тасвирланаётган воқеа ва шахсларнинг теран бадиий талқини асосида тарих ҳақиқатининг бадиий ҳақиқатга ўсиб чиқиши” 20 тарихий насрнинг ўзига хос хусусиятларидан биридир. Ёзувчи бош қаҳрамон образини яратаётганида халқ достончилиги ижодий тажрибаларига, хусусан, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби достонлари анъаналарига 19 Зоҳидов В. Ўзбек нашриёти тарихидан. Т., 1981, 48-бет. 20 42 амал қилиб, Бобурнинг болалик йилларидан ёки шоҳлик ҳаётининг Фарғона тахтига кўтарилганидан то узоқ Ҳиндистонда вафот этишигача бўлган бутун умр йўлини қамраб олишга интилади. Худди Алишер Навоий достонларида бўлганидек, шахснинг мукаммалашуви жараёнлари воқеаларнинг кетма-кет ҳикоя қилинишидан таркиб топган хроникал сюжет тўқимаси юзага келган. Зотан, ёзувчининг бош ижодий нияти – кучли марказлашган давлатга асос солган буюк шахс – Бобурнинг тўсиқлару зиддиятларга тўла умр йўлини тасвирлаш мақсади ҳам бадиий сюжет тўқимасининг ана шу хил кўринишидан фойдаланишни тақозо қилган. Шу жиҳатдан олиб қараганда, “Юлдузли тунлар” ўзбек тарихий романчилигида яратилган янги типдаги бадиий асардир. У ўз характерига кўра Ойбекнинг “Навоий”, Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романларидан бадиий сюжет тўқимасининг ўзига хослигига кўра бир мунча фарқ қилади. “Ойбек Навоий ҳаётини йилма-йил, фаолиятига мос муҳим томонларни даврма- давр кўрсатиб боради”. 21 Одил Ёқубов ҳам “Улуғбек хазинаси” да шунга яқин ижодий йўл тутган. У романнинг дастлабки бобларидаёқ Улуғбекка хос инсонпарварликнинг асосий моҳиятини белгилаб олган ва бутун асар давомида унинг бадиий мазмунини очиб бериш йўлидан борган. Ёзувчи салтанат фожеаларининг ижтимоий сабабларини қадам – бақадам кўрсатиб берган. Пиримқул Қодиров асарида эса Бобур дунёқараши ва одил шоҳ сифатида шаклланиши жараёнлари бутун асар давомида кўрсатиб борилади. П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романи нашр этилгач, адабиётшунослигимизда бу асар таҳлилига бағишланган бир қатор мақолалар чоп этилди. Хусусан, М.Қўшжонов, У.Норматов, Н.Худойберганов, Ҳ.Умуров каби олимлар бу асарни ўзбек тарихий романчилигининг энг муҳим янгиликларидан бири сифатида юқори баҳоладилар. Улар “Юлдузли тунлар” романида Бобур даври тарихий воқелиги мукаммал бадиий ифода этилганлигини алоҳида таъкидладилар. 22 Лекин роман нашр этилган вақтда унга бир хилда муносабат билдирилмаган. Масалан, М.Ваҳобов бу романни “шўро мафкурасига ёт ғояларни ўзида мужассамлантирган асар” сифатида танқид қилиб мақола ёзди. 23 Бу типдаги мақола ва чиқишларда П.Қодировнинг романи “Бобур шахси идеаллаштирилган”, “тарихий шахсларга синфий жиҳатдан ёндашилмаган”лиги учун танқид қилинди. 21 Каттабеков А. Художественное воплошение личности и исторической эпохи в современной узбекской прозе. АДД. –Т., 1985, стр. 38. 22 Қўшжонов М. Тарих сабоқлари ҳақидаги роман // Ўзбекистон маданияти. 1978. Норматов У. Ақл ва қалб чироғи. Т., 1978. 54-74-бетлар. Худойбердиев Н. Ишонч. Т., 1988. 130-бет. Умуров Ҳ. Бадиий психологизм ва ҳозирги ўзбек романчилиги. Т., 1983. 64-бет. 23 Вахабов М. Правду истории вопреки // Правда Востока. 1986. 43 Профессор У.Норматов жуда тўғри таъкидлаганидек, “Юлдузли тунлар” танқидидан бошланган қабиҳ фитна умуман Бобур ва бобурийларга, қолаверса темурийлар ҳақидаги ҳақиқатни юзага чиқаришга қарши қаратилган эди” 24 Маълумки, шўролар даврида темурийлар даври тарихининг ҳақиқатлари хас- пўшланиб, жамоатчилик кўзидан яширилиб келинар эди. П.Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романида эса ўша давр воқелиги ҳаққоний тасвирланганлиги “шўро мафкураси” тарғиботчилари” ни ташвишга солиб қўйган эди. Улар халқимиз ўзининг ҳаққоний шонли тарихидан бохабар бўлишларини истамас эдилар. “Юлдузли тунлар” романига қўйилган бундай ўринсиз айбларнинг моҳиятини таҳлил қилган ёш адабиётшунос А.Носировнинг қуйидаги хулосаси ҳам асослидир: “бугунги кунда очиқ айтиш мумкинки, баъзи тарихчи ва адабиётшунослар бадиий асарни инсон руҳиятига эстетик завқ берадиган, инсонни тарбиялайдиган буюк санъатнинг бир тури сифатида ўрганмасдан, яъни ҳаётий ҳақиқатдан юз буриб, “Юлдузли тунлар” романини асоссиз равишда танқид қилдилар” 25 . “Юлдузли тунлар” муаллифининг тарихий маълумотларга муносабати масаласи ҳам анча-мунча баҳсларига сабаб бўлди. Ёзувчининг тарихий фактларини яхши билмасликда ёки тарихий воқеликни нотўғри талқин қилишликда айблаганлар ҳам бўлди. Бундай қарашларга муносабат билдирган А.Носиров “тарихий ҳақиқат қанчалик мукаммал ўрганилса, бадиий талқин жараёнидаги характерларнинг мукаммаллигига, ҳаётийлигига олиб келади. Ана шунинг учун ҳам тарихий ҳақиқатнинг бадиий ҳақиқатга асосли айланиши романнинг боқийлигига олиб борган” деб ёзади ва ёзувчининг тарихий фактлардан ўринли фойдаланганлигини кўрсатиб беради 26 . Маълумки, П.Қодиров бу асарни ёзишга тайёргарлик кўрар экан, “Бобурнома” ва ўша даврга оид бошқа кўплаб тарихий манбаларни пухта ўрганиб чиққан. Шу боис “Юлдузли тунлар”да тарихий фактларнинг таъсири яққол кўзга ташланиб туради. Буни тўғри англаган адабиётшунос С.Мамажонов “романда “Бобурнома” таъсирида тарихий ҳужжатлар тазйиқида қолиб кетиш, жангномачиликка берилиш ва асосий қаҳрамонларнинг руҳий дунёси, психологик ҳолатини теран таҳлил этмаслик қусури бор” 27 деб ёзган эди. Бу ўринда шуни эътироф этиш керакки, ёзувчи тарихий ҳужжатдаги маълумотларни айнан қайтармайди, балки унга бадиий ният талаби нуқтаи 24 Норматов У. Тарих ҳақиқатига садоқат // Гулистон, 1996, 2-сон, 23-30-бетлар. 25 Носиров А. Тарихий ҳақиқатнинг ҳаққоний кашфи // Ўзбек тили ва адабиёти. 1998. 1- сон. 58-бет. 26 Юқоридаги мақола. 27 Мамажонов С. Ҳозирги ўзбек романларидаги ғоявий ва эстетик изланишлар // Адабиёт ва санъат. Т., 1988, 41-бет. 44 назаридан ёндошади ва ижодий муносабатда бўлади. Шу жиҳатдан қараганда С.Мамажонов фикрлари тарихий ҳужжатдан фойдаланишнинг эстетик мезонларини белгилашда жуда муҳим аҳамият касб этади. П.Қодиров Бобур бадиий сиймоси ва бобурийлар даври тарихий ҳақиқатининг бадиий талқинини яратишдаги тарихий ҳужжатлардан ижодий фойдаланган. Асарни ёзишга киришган “романнавис тарихий фактга ижодий, танқидий ёндашган, ундаги етишмаган, жумбоқ бўлиб кўринган жиҳатларни бадиий тўқима, ижодий хаёл кучи билан тиклаш ва тўлдиришга ҳаракат этган ва тарих мантиқига зид келмайдиган бадиий ҳақиқатни ифодалаб беришга эришган” 28 . П.Қодиров “Юлдузли тунлар” романида Бобур ҳаётининг ҳамма даврларини қамраб олишга ҳаракат қилганлиги ҳам бежиз эмас. Чунки Бобур бутун умрини кучли марказлашган давлат тузиб, буюк бобокалони Амир Темурнинг қаҳрамонликларини такрорлашга бағишлаган эди. Бобурнинг ҳаёти ва қисмати тарихда жуда камдан кам содир бўладиган ҳодисалардан ҳисобланади. У ҳали гудаклик чоғларидаёқ тож- тахт талашиш ва қирғинбарот урушлар гирдобига тушиб қолган эди. Отаси Умаршайх Мирзо ҳалокатга учраганида Бобур эндигина ўн икки ёшга тўлган эди. Худди шу ёшида тахтга ўтирган Бобур Мирзо характерининг ибратли жиҳатлари айни шу ёшлик йилларидаёқ аниқ намоён бўлганлиги тарихдан маълум. Назаримизда, масаланинг бу томонларини четлаб ўтиш адиб олдига қўйган умумий мақсадга мувофиқ келмас эди. Иккинчидан, Бобур характерининг шаклланиш жараёнини бекаму –кўст кўрсатиб бериш учун ўша давр ижтимоий ҳаётига оид мураккаб муаммоларнинг илдизини чуқурроқ очиш, давр ҳақиқатининг барча қирраларини кенг кўламда ёритиб бериш, муҳитнинг Бобур характери такомилига таъсирини тарихий воқелик кўламида талқин қилиш зарур эди. Шу боисдан ҳам ёзувчи романни оддий меҳнаткаш бошига тушган изтиробли ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилувчи “Қува” қил устида турган тақдирлар” деб аталган боб билан бошлашни лозим топган. Йирик тарихий ҳодисалар ва ижтимоий ҳаёт оқимини бевосита инсон характери тасвири орқали акс эттириш Бобурнинг шахсий ҳаётини биринчи планга кўтариш ҳуқуқини бермайди, албатта. Аксинча, тарихни инсон орқали тасвирлаш даврнинг руҳий ва ахлоқий бойлигини инсонпарварлик ва ҳаётсеварлик жабҳаларидан туриб, кўп қиррали тасвирлаш имконини беради. Сюжет тўқимасида бундай йўл тутиш қаҳрамонлар тақдири, уларнинг ўзаро мураккаб муносабатлари, ички кечинмалари оламига чуқур кириб бориш, бадиий тўқимада давр ва жамият ҳақиқатини теран ифода этиш гаровидир. Зотан бадиий тўқима имкониятларисиз тарихий шахслар образларини бутун мураккаблиги билан кўрсатиш, тўлақонли адабий тип даражасида тасвирлаш мушкуллигини ёзувчи чуқур ҳис қилади. Тўқима давр ҳақиқатини кераксиз чиқитлардан 28 Муродов Ғ. Тарихий романда ҳужжатлилик // Ўзбек тили ва адабиёти. 1994. 4-5-6- бетлар. 45 тозалаш, бадиий тасвир кўламини кенгайтириш, эпик баённи таъсирдор шаклга солишга йўл очади. “Юлдузли тунлар” даги бадиий тўқимага хос яна бир хусусият шундан иборатки, асардаги ҳар бир образ ўша давр тарихий шароитининг ғоявий- сиёсий, ахлоқий ва ижтимоий моҳиятини очишга қаратилган муайян бадиий вазифа билан таъминланган. Бошқача қилиб айтганда, ёзувчи даврнинг ижобий ва салбий жараёнларини фақат тарихий шахслар тақдири, руҳий кечинмалари ва туйғулари воситасида қайта жонлантиришга интилади. Бунга эришиш учун эса у асосий эътиборни, биринчи навбатда, Бобур характерининг тадрижий ривожига қаратади. Бобур характери ўша давр учун типик бўлган ва бутун мамлакатни ларзага солган воқеалар тизмаси орқали олиб ўтилади. Адиб асар бош қаҳрамонининг ўша воқеаларга муносабати ҳамда бу муносабат натижасида унинг руҳий ҳолати ва кечинмаларидаги ўзгаришларни теран бадиий таҳлил қилади. Кўринадики, тарихий воқелик ёзувчи бадиий ҳофизасида “қайта бичиб, тикилади”. Романнинг илк саҳифаларидаёқ катта тарихий воқеалар билан романдаги характерлар орасидаги муносабатлар сюжет тўқимасига негиз қилиб олинган бўлиб, ёзувчи қарийб бутун асар давомида ана шу ижодий йўлдан боради. Китобхон Бобур билан илк бора Андижонда – “шаҳарнинг шимолидаги кўркам чорбоғ” да учрашади. “Чорбоғ ичида ўн икки ёшлик Бобур Мирзо чавандозлик машқлари билан машғул” эди. Шу фурсатда Ахсидан отасининг ўлими ҳақидаги шум хабар келади. “Мудхиш хабар Бобурни жим-жит қилиб қўйди. У карахт бир аҳволда кийинди, отига минди” 29 . Бобур Андижон қўрғонига яқинлашган пайтда онасига қариндошчилиги бўлган Шерим тоғаси уни иккинчи бир ваҳимали хабардан огоҳ этди: Хўжанд, Исфара, Марғилон бекларининг сотқинлиги туфайли бу жойлар душман қўлига ўтган эди. Оғир тарихий воқеалар гирдобида қолган Бобурни тоғаси бўлмиш Шеримбек Олатоғ томонларга, Ўшга ёки Ўзганга олиб кетиб, яширмоқчи бўлади. Қосимбек эса бундай таҳликали дамда ёш шаҳзодани тўғри йўлга солиб, қочоқ деган тавқи лаънатдан асраб қолади. Бобурнинг тоғаси Шеримбек сўзига кириб қиладиган ҳатти- ҳаракатидан тахтни Жаҳонгир Мирзога олиб бериш ниятида юрган Аҳмад Танбал сингари фитначилар фойдаланмоқчи бўладилар. Улар эл-юрт орасида “Бобур Мирзо қўрқиб қочганмиш” деган овоза тарқатадилар. Ёзувчи сюжет тўқимасига киритилган бу воқеалар орқали биринчидан, мамлакатдаги нотинч вазиятни ҳаққоний баён қилишга интилган бўлса, иккинчидан, айрим бадният амирларга хос тубанлик, сотқинлик каби ижтимоий иллатларни фош этишга ҳаракат қилган. Шундай хавф- хатарли 29 Қодиров П. Юлдузли тунлар. Т., 1969. (Бундан кейинги мисоллар ҳам шу нашрдан олинади ва қавс ичида бети кўрсатилади). 46 вазиятда ўз бўлса-да, Бобурга сидқидилдан яхшиликни раво кўрувчи садоқатли ҳақиқатгўй одамлар ҳам бўлганлиги хусусидаги давр ҳақиқатининг бадиий тасвирга киритилганлиги ифоданинг жозибадорлигини таъминлаган. Сюжет тўқимасидаги Қосимбек ва Хўжа Абдулла ана шундай адабий типлардандир. Бевосита ана шу содиқ кишилар ташаббуси билан Бобурга барча ҳақиқат маълум бўлади: “- Йўқ, -деди Бобур отни орқага буриб, - мен қочмоқчи эмасмен. - Амирзодам, бу ҳаммаси иғво. - Мен бунинг иғволигини исбот қилурмен. Қайтинг, ҳаммангиз Қўрғонга қайтинг”. (48-бет) Ёзувчи худди шу нуқтадан бошлаб, Бобур характерига хос мардлик, шижоат, жасурлик каби хислатлар тасвирига киришади. Зотан, Бобурнинг “ёру диёрига бўлган муҳаббати” чексиз чегарасиз эди. П.Қодиров ўз романида бош қаҳрамоннинг ана шу муҳим ахлоқий сифатини ўша давр тарихий ҳақиқатига тўғри келадиган тарзда жуда катта меҳр-муҳаббат билан ёритиб берган. Айтайлик: Бобур Самарқанд тахтини эгаллаш иштиёқида. Лекин, онаси Қутлуғ Нигорхоним Бойсунқур Мирзо билан сулҳ тузишни ундан қаттиқ талаб қилади. Аммо, Бобурда “зўрликка зўрлик, зарбага зарба билан жавоб бериш истаги” кучли. Адиб бу ўринда характер мантиқи талабидан заррача бўлсин чекланмайди, унга қаттиқ амал қилади. Бобур ҳали жуда ёш. Шунинг учун у ўз ақли билан иш кўришдан кўра, атрофидаги эътиборли кишилар маслаҳатига муҳтож. Самарқандга юриш қилишга онаси Қутлуғ Нигорхоним мутлақо қарши, Қосимбек устози Хўжа Абдуллолар эса бу юришни зарур деб ҳисоблайди. Бобур эса аросатда қолиб қийналар эди. Онаси шунчалар ишонтириб айтган ҳақли илтимосларини рад этишга унинг тили ҳам бормас, кўнгли ҳам чопмас эди. Аммо, Қосимбек унинг қалбида шундай туғёнли ҳислар қўзғадики, улардан қутулишнинг иложи кўринмай қолади. Агар у Самарқанддан воз кечса, нариги зўравонлар пойтахтни олиши, кейин Андижонга бостириб кириши муқаррар экани унга жуда аниқ сезилмоқда эди. Бутун Мовароуннаҳрда уруш гирдобидан қутуладиган бирон вилоят кўзига кўринмас, “Бобур қашқир тўдасига тушиб қолгандек безовталанар эди. Онасининг “сулҳ тузинг” дегани, “кийикдай беозор яшанг” дегани эди. Лекин Бобур йиртқичлар орасида кийик бўлиб кун кўролмаслигини ич-ичидан ҳис қилар, шунинг учун атрофини қуршаб келаётган бўрилар билан шер бўлиб олишишни истар эди”. (92-бет) Кўринадики, П.Қодиров бадиий имконияти кенг ёзувчи. У ҳаётнинг умумий тараққиётига хос ижтимоий, инсон ақл заковати уфқларининг кенглигини кенглигини Бобур характери билан моҳирона боғлаб, ишонтирарли тарзда оча боради. То “Юлдузли тунлар” яратилганига қадар ўзбек тарихий романчилигида ёш йигитнинг замона зайли билан шоҳ сифатида шаклланиш тарихи қаламга олинмаган эди. Ана шунинг ўзи ҳам 47 ёзувчининг бу ижодий тажрибаси адабиётимиз учун янгилик эканлигини кўрсатади. Бобур ҳаёти ва ижодига бағишланган кўпгина асарларда унинг темурийлар салтанатини бирлаштириб, ижтимоий, иқтисодий ва асосий жиҳатдан бирлашган мустаҳкам бир давлат тузишга интилганлиги қайд қилинган. Бу фикр умуман тўғри. Лекин Бобур нима учун бу ишни асосий мақсад қилиб олган эди? У мақсадига қандай йўллар билан эришмоқчи эди? Бундай саволлар ёзувчига тинчлик бермайди ва у бу масалани давр ҳақиқати билан боғлаб кенг қамровли бадиий талқин қилишга киришади. Ёзувчи Бобур дунёқарашининг шаклланишини у яшаган давр тарихий воқелиги билан бевосита алоқадорликка талқин қилади. Аслида Бобур орзу қилган катта мақсадлар ўзаро қирғинбарот урушлардан кўнгли зада бўлган илғор фикрли кишиларнинг муштарак нияти эди. Шу боис ёзувчи ҳам Бобур қарашлари ҳамда тарихий воқеликка хос типик шароит тақозоси билан боғлиқликда кўрсатиб беради. Бобур – ёш шаҳзода. Ёшлиги туфайли у “кўнглига тугун бўлиб турган” чигал муаммо – Самарқандга лашкар тортиш масаласини ўзича ҳал этолмай қийналади. Табиийки, шундай пайтда у кимларнингдир оқилона маслаҳатига муҳтож. Бироқ, “бу тугунларни у истагандай ечиб бера оладиган доно одам бормикан? Унинг эсига устози Абдулло тушади, бетоб бўлиб Ўшга бирга келолмаган Хўжа Абдулло ҳам Бобурнинг Самарқандга қўшин тортиб боришига тарафдор эди. “Мовароуннаҳрдаги парокандаликни тугатиб, қудратли давлат тузмагунча катта орзуларимиз рўёбга чиқмагай” деган сўзларини Бобур устозидан ҳам кўп эшитган” (93-бет). Ёзувчи Бобур яшаган даврнинг ички қонуниятларини очишга хизмат қиладиган бир қатор эпизодларни бадиий тўқима воситасида сюжет қурилмасига киритар экан, шу тариқа Бобур характерининг тадрижий ривожи ва руҳий оламидаги ўзгаришларга ўқувчи диққатини жалб эта боради. П.Қодиров шу йўсинда Бобурнинг шоҳ сифатидаги характери ривожини таъминлаш билан биргаликда характер ва даво ҳақиқати ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг ижтимоий моҳиятини ҳам очиб беради. Бобур характерига хос оддий инсоний туйғулар ривожини кўрсатишда унинг тожу-тахт даъвосидан воз кечиб, Ўратепа тоғларида фақирона ҳаёт кечириши тасвирига доир лавҳалар ниҳоятда юқори бадиий маҳорат билан ифодаланган. Атрофидаги айрим кишиларнинг ғаразли ниятини сезган Бобур тож- тахт даъвосидан воз кечади ва ёнидаги беку амирларга жавоб беради. Бир – иккита оддий кишиларгина Бобурнинг ёнида қолиб, мушкул вазиятларда ҳам унга садоқатли ҳамроҳ бўладилар. Уларнинг бири ер ҳайдайди, бири уруғ сочади. Асли деҳқон бўлган Тоҳир ҳам ўз ишидан мамнун. Суяги меҳнатга қотган оддий инсоннинг уст- боши юпун, оёғи яланг бўлса ҳам, руҳи тетик, қалби мусаффо осмон янглиғ беғубордир. Адиб бадиий тўқима 48 имкониятларини ишга солади ва ана шундай оддий кишилар образига хос характерли белгилар орқали Бобур маънавий оламидаги ўзгаришларни ёрита боради. П.Қодиров чизган манзаралар Бобур даврига оид жуда катта бир ҳақиқатни, салтанатга дахлдор кишиларнинг шахсий ҳаёти ҳамиша азоб уқубатларга, даҳшатли фожиалар-у қонли тўқнашувлар ичида кечганлигини очиқ –ойдин ифода этади. Англашиладики, Бобурнинг подшоликдан воз кечиб, фақирлик сари юз тутишида ҳам инкор этиб бўлмайдиган давр ҳақиқати мавжуд. Ёзувчи Бобур маънавий оламида рўй бераётган ўзгаришларни кўрсатиш учун бадиий воситалардан моҳирона фойдаланади. Масалан, ғанимлар қабиҳлиги туфайли Маҳмудхон ва унинг оиласи бошига тўшган фожиалар тўғрисидаги машъум хабар ифода этилган саҳифаларни олиб кўрайлик. Бобур ўзига адолатсизлик қилган тоғаси Маҳмудхоннинг ўлими, шунингдек, Ойшабегим ва бошқа қариндошлари бошига тушган аянчли фожиалар тафсилотини эшитар экан, чидаб туролмайди. Бир томондан ўз яқинларининг фожиали тақидири унинг вужудини ўртаб юборган бўлса, иккинчи томондан боболар юрти бўлган муқаддас заминга Шайбонийлар эгалик қилиб олганлиги бутун борлиғини жизғанак қилиб ёндиради. Ёзувчи бош қаҳрамон руҳий оламида содир бўла бошлаган кечинмалар исёнини унинг ҳатти- ҳарактлари ва нутқи воситасида кўрсатиб беради: “- Бобур Қосимбекка, даҳшат тўла кўзларини тикиб сўради: - Наҳотки, Ойша бегим эгачим Хонзода бегимнинг кундошига айлантирилган бўлса? - Йўқ, амирзодам. Не тил била айтайки, Ойша бегим хоннинг амакиси – эллик беш ёшли Кўчкинчихонга тўққол хотин қилиб никоҳланмишдир. Бобур юзини қўллари орасига олиб нидо қилди: - О, бу не разолат? Не шармандалик?” (243-бет) Қосимбек эндиликда Шайбоний қўшинлари Андижонга ҳам кўз тикаётгани ҳақида сўзлаб, Бобурни тоғлар оша Ҳисор томон кетишга даъват этади ва “камина Ҳисор беклари билан бултурдан бери махфий музокаралар олиб бормоқдамен. Уларнинг кўпи Хусравшоҳдан норози эркан. Ўзи бир навкардан чиққан таги паст ҳукмдор. Тахтга ўлтиришга ҳаққи йўқ. Борсак, яхши беклар сизга ён босгайлар” – дейди. Бу сўзлар дард ўтида ўртанаётган Бобур юрагига тиғдек қадалади: у ўзини ўйлантираётган, изтиробга солаётган ўйларни рўй – рост айтиб қўя қолади: “Яна тахт талашишми? Йўқ, жаноб Қосимбек. Мен талашишлардан жуда тўйдим. Ҳозир менга тинч бир гўша бўлса, дарвешона ҳаёт кечирсам, ашъор ёзсам – шу ўзи бас...” (246-247-бетлар). Бадиий тўқима қудрати билан яратилган бу эпизодда ёзувчи шароит тақозоси билан Бобур онгида юз берган кучли силжишни, тахт талашишлардан юз ўгириб, шеър ёзиб, дарвешона ҳаёт кечиришни афзал 49 билганлигини ҳаёт ҳақиқати тарзида бадиий ифодалаган. Содиқ ҳамроҳи Тоҳирнинг “Сиз шоҳлик ташвишидан қутулишингиз мумкин эмас?” деган хитобига Бобур шундай мантиқли жавоб беради: - “Аммо мен тожу тахтнинг бевафолигини билганларданмен. Шоҳ Жамшиддек, Искандар Зулқарнайндек тождорлар ҳам орттирган давлату, молу дунёларини ташлаб, қабрга битта кафан билан кетган эмасмилар?” (241-бет). Бу билан ёзувчи тожу- тахтга жон – жадҳи билан ёндашиб, уни ўзлари учун шон шуҳрат воситаси деб қаровчи шаҳзодаларга, яъни давр ҳақиқатига бош қаҳрамон муносабатларини очиқ – ойдин ифодалаган. Бобурнинг тождор сифатида шаклланишида Қосимбек образининг аҳамияти ғоятда каттадир. Қосимбек – асардаги таъсирдор образлардан. Унинг энг муҳим фазилати – содиқлик: Темурий тождорлар орасида Бобурдек истеъдодли ҳукмдор йўқлигини у яхши билади. Шунинг учун ҳар қандай мушкул вазиятларда ҳам Бобурни тарк этмайди, унга сидқидилдан хизмат қилади. Бобурнинг адолатли шоҳ сифатида шаклланиши ҳамда темурийлар сулоласининг шуҳратини асраб қолиш учун олиб борган курашларида ҳам Қосимбек муҳим роль ўйнайди. Мамлакат ва темурийлар сулоласи тақдирига катта хавф солган Шайбоний қўшинларини бартараф қилиш учун у ҳар қандай қийинчиликларга ҳам чидашга тайёр бўлган фидойи инсондир. Тарихий воқелик тақозоси туфайли фақирликка юз тутган обур Қосимбек ва Тоҳирларнинг кўмагида яна шоҳлик тожини кийишга мажбур бўлади. Бунинг боиси нимада эканлигини ёзувчи унинг Тоҳир билан учрашуви лавҳаси воситасида яхши очиб берган. Аҳмад Танбал ҳукмронлигидаги Андижон ҳам Шайбонийхон қўлига ўтади. Тоҳир Аҳмад Танбалнинг тор-мор қилиниши тафсилотларини бирин-кетин сўзларкан шундай дейди: - Амирзодам, хон кишилари сизни сўроқлаб юрганларини эшитдим. Айғоқчилари ҳид олиб, Исфарага келиб қолсалар ҳам ажаб эмас. Бобур ота юртидан батамом ажраганини энди астойдил ҳис қилди. Аҳмад Танбалнинг мағлубияти булоқнинг кўзига тушган янги бир кўчки бўлди. Тоғнинг бу томонида булоқ қайтадан кўз очиши мумкин бўлган йўлларнинг ҳаммаси бекилди. Агар Бобур тезроқ тоғ ошиб, Хуросонга кетмаса, Шайбонийхон айланиб ўтиб, унинг сўнгги йўлини бекитади?” (261-262-бетлар). Тоҳирнинг ўринли маслаҳатлари унинг қалбидаги кулга айланаётган учқунлари яна алангалатиб юборади. У яна ҳукмдорлик масъулиятини зиммасига олишга мажбур бўлади. Самарқанд, Андижон каби шаҳарлар Шайбонийхон тасарруфига ўтгач, Бобур бутун умидини Хуросонга тикади. Афғонистонда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб олгандан сўнг у Ҳирот тождорлари ҳузурига йўл олади. Чунки, Бойқаро Бобурни Шайбонийхонга қарши биргаликда курашга даъват қилган эди. Лекин Бобур етиб келган 50 пайтда фурсат қўлдан бой берилган эди: яъни Ҳусайн Бойқаро дунёдан ўтиб мамлакатда қўшҳокимиятлилик ҳукм сурарди. Бобур қанчалик уринмасин, айшу- ишратга берилиб кетган темурий шаҳзодаларнинг кучини Шайбонийхонга қарши курашга бирлаштира олмади. Ёзувчи темурий шахзодалар орасидаги ўзаро келишмовчилик, ноаҳиллик, уларнинг бир-бирларини менсимасликлари, энг муҳими феодал тарқоқлик бу сулола инқирозининг асосий сабаблари эканини бадиий тўқимага сингдириб юбориб, давр ҳақиқатини кашф этади. Пиримқул Қодировнинг санъаткорлиги шундаки, у тарихий фактларга асосланиб, романнинг дастлабки саҳифаларидан бошлабоқ, одди й меҳнаткаш халқ ҳаётининг кенг манзарасини чизиш йўлидан боради. Асарда халқ ўз тарихининг ижодкори сифатида талқин қилинган. Ёзувчи халқ ҳаёти, урф-одатлари, турмуш тарзининг маиший тасвирига ҳам жиддий эътибор берган. У феодал тузум давридаги халқ ҳаётини бутун мураккаблигию драматизми билан тасвирлайди. Натижада асар бош қаҳрамонининг тақдири, босиб ўтган йўли халқ ҳаёти ва унинг курашчан тақдири билан чамбарчас боғланиб кетади. Асарда халқ кайфияти, унинг фожиаларга тўла турмуш тарзи, халқ руҳияти ва маънавий олами моҳирлик билан чизиб берилган. Зеро, миллий қиёфа роман саҳифаларига салоҳият бахш этади. Бу эса, асар бош қаҳрамони бадиий образининг асл моҳиятини очиб бериш, темурийлар инқирозига сабаб бўлган тарихий – ижтимоий омилларни чуқурроқ бадиий таҳлил қилиш ва феодал тузум ҳаётини реалистик акс эттириш имконини беради. Асар бош қаҳрамони салбий типларнинг кўпчилиги билан деярли юзма-юз тўқнашмайди. Лекин у ҳар қадамда салбий кучлар тазйиқини, улар томонидан яратилган вазият нохушликларини сезиб туради. Ўратепада юрган Бобурнинг Андижондан хабар олиб келган Тоҳир билан суҳбати лавҳасини эслайлик. Шайбонийхоннинг қонхўрликларини Тоҳир тилидан баён қилган ёзувчи асосий диққат эътиборни бош қаҳрамон руҳиятидаги ўзгаришларга қаратади. Бу ўзгаришлар унинг нутқида, ҳатти- ҳаракати ва ҳолатида тўла акс эттирилган: “Чодир ичида қувғиндаги шоҳ билан унинг навкари юзма-юз ўтирибди. Ватандан ажралиш мусибати олдида уларнинг ораларидаги катта фарқ гўё кичрайиб аҳамиятсиз бўлиб қолган. Бошларига тушган кўргиликлар уларнинг тақдирларини бир-бирига ўхшаш қилиб қўйган. Шунча йил жангу жадалларда бирга юриб, қанчадан қанча ўлим хавфини бирга кечирган икки йигит бугун биринчи марта сирдошларча очиқ сўзлашмоқда эдилар... - ... Тақдир менга истеъдод берган, куч берган, ғайрат берган, аммо нечун бахт бермаган? - Бу замонда бахт йўқ, амиризодам. Ахир, сиздек нодир истеъдодлар дунёга ҳар куни келмайди-ку. Нодон тождорлардан қон йиғлаган эл- юртимиз сиздек маърифатли саркардага муштоқ. Лекин бахил замона 51 ғалабани золим хонга бериб, бизни, мана ватанимиздан ҳам жудо қилмоқчи. Илоҳим, бу бахил замонанинг боғлари қуриб кетсину, сизу бизнинг қадримизга етадиган яхши замонлар ҳам келсин...” (262-263-бетлар). Тоҳир тож-тахтдан ажралган Бобур қалбидаги изтиробли кечинмаларни тушунади. Ана шу дақиқалардан бошлаб, у Бобурнинг энг яқин дўсти ва хос бекларидан бирига айланади. Тоҳир оддий меҳнаткаш халқ вакили бўлса ҳам, кейинчалик туғилган шароит таъсирида унда манманлик, мағрурлик ва кибру ҳаво каби иллатлар кўрина бошлайди. Автор Тоҳир образига чуқурроқ ёндошади. Унинг характеридаги ўзгаришларга сабаб бўлган ижтимоий муҳит илдизини очади. Тадбиркорлиги, садоқатлилиги билан Бобурнинг эътиборини қозонган, унинг ишончли бекларидан бирига айланган Тоҳир воқеалар ривожи давомида ўзгариб, кеккайган ва димоғдор бекка айланади. Айниқса, унинг Ҳиротда ўз навкарига бўлган муносабатида калондимоғлик аломатлари яққол кўзга ташланади: Кейинчалик, Иброҳим Лоди билан бўладиган жанг олдида унинг Мамат исмли навкарга қилган муомаласида ҳам бу нарса такрорланади. Тоҳир вақтида отни тайёрламаганлиги учун Маматни жазолайди. Иброҳим Лоди билан бўлган жанг пайтида у ўзининг ана шу қилмиши – шафқатсизлигининг жазосини тортади. Мамат ёрдамга етиб келмаганида у душман қиличи зарбидан шаҳид бўларди. Шунда Тоҳир ўз руҳиятидаги ўзгаришларга ўзи баҳо беради. Гуноҳлари-ю, қилмишларини бўйнига олади. Нобоб тузум устидан ҳукм чиқаради. Адиб бу образ характеридаги ўзгаришларда унинг нутқидан самарали фойдаланган. Тоҳир “бераҳмлар орасида юриб, бераҳм бўлиб кетган эканман”,- дейди тоғаси мулла Фазлиддинга. Бу билан нопок кишилар давраси – “шафқатсиз муҳит” деган хулосага келади. Адиб бу ўринда инсон руҳий оламидаги ўзгаришлар муҳитнинг бевосита таъсирида рўй бериши билан боғлиқ давр ҳақиқатини ҳам тасвирга олиб кирган. Асарнинг энг муҳим фазилатларидан яна бири тарихий воқеаларнинг кучли бадиий ҳақиқат фонида тасвирланганидир. Давр ҳақиқати ёзувчининг ўзига хос истеъдоди ва маҳорати туфайли санъаткорона талқин қилинган. Ёзувчининг тарихий маълумотларга муносабати хусусида адабиётшуносликда кўпгина фикрлар билдирилган. Хусусан, А.Каттабеков “ўзбек тарихий романининг бош ҳусусияти унинг реал тарих билан ҳамоҳанглигидир” 30 деб ёзса, Ғ.Муродов “тарихий ҳужжат, умуман олганда, тарих ҳақиқатига тарафкаш ёндашиш ҳам бадиий асар мукаммаллиги ва тарихан ҳаққонийлигига жиддий путур етказади” деб ҳисоблайди. 31 Тарихий ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, 1495 йили Умаршайх Мирзо устига унинг ўз укаси, Самарқанд ҳукмдори Султон Аҳмад Мирзо 30 Каттабеков А. Тарихий ҳақиқат ва бадиий маҳорат. Т., 1982, 9-10-бетлар. 31 Муродов Ғ. Тарихий романда ҳужжатлилик // Ўзбек тили ва адабиёти. 1994, 4-5-6- сонлар, 27-бет. 52 юриш қилган. Бу хусусда “Бобурнома”да “...алар бу келмоқдин усондилар, балки бу таважжухдин пушаймон бўлуб бемурод ёндилар. Бири бу ким Қувонинг ботқоқлик қора суйи бор, кўпруғидин ўзга ердин кечиб бўлмас, қалин черик келиб кўпрукда тиқилиб, қалин от ва тева бу қора сувга йиқилиб зойиъ бўлди”, - дейилади (73-бет). “Юлдузли тунлар” муаллифи бу фактларни қайд қилиш билан чекланиб қолмайди, уни хаёлан бойитади, тарихий маълумотнинг яширин мағзини чақади. Ана шу тарихий далил воситасида давр ҳақиқатининг моҳиятини характерлайдиган воқеаларни тўқиб, бадиий тасвирни кучайтиради. Тўқима образлар Тоҳир ва унинг дўстлари томонидан кўприкни ёндиришга ҳаракат қилиниши воқеалари бадиий тўқима нуқтаи назарида характерлидир. “...Сувга қулаб тушганларнинг чўккани чукиб ўлди. Сўзишни биладиганлари эса, отларининг бўйнига ёпишиб, қамишзор қирғоққа чиқай деганида балчиққа ботди. Сассиқ ботқоқлик аждагоҳа айланиб, одамни ҳам, отни ҳам оёғидан пастга тортар эди. Отлар жон аччиғида силтаниб кишнар, одамлар қамишлардан қўллари тилиниб, дод солар, аммо улар талваса қилганлари сари балчиққа чуқурроқ ботиб, юз азоблар билан жон беришар эди. Ўртаси синиб тушган кўприкнинг устида ағдарилган аравалар, йиқилиб ётган от ва туялар орасида талай навкарларнинг эзғиланган жасадлари қолди. Ёвнинг бир-икки соат ичида кўрган талофати уруш бошланганидан бери кўрган ҳамма талофатларидан кўпроқ ва даҳшатлироқ эди...” (64-65-бетлар). Кўринадики давр ҳақиқатини ўзида мужассамлантирган ҳар бир тарихий маълумот бадиий тўқима учун асос вазифасини ўтайди ва сюжет ривожи давомида янада тўлдирилиб, таъсирдор воқеликка айланади. Айни шу йўл билан тарихий ҳақиқат бадиий ҳақиқат юксаклигига кўтарилади. Асарда даставвал Бобур, сўнгра Шайбонийхон томонидан Самарқанднинг қамал қилиниши воқеалари тасвирига кенг ўрин берилган. Адиб ўзига хос маҳорат билан бу тарихий далилларга бадиий тўқима воситасида сайқал беради. Халқнинг фожиали ҳолатини янада таъсирчанроқ тасвирлаш мақсадида бадиий тўқимага мурожаат қилади. Тасаввур қилинг Бобур ва унинг хос беклари Самарқанд расталарини айланишмоқда. Шунда “... аввал қандайдир бир шовқин эшитилди, сўнг оёқ яланг бир кампир дод солиб чиқди: - Вой боламни ўлдирган ўзи ўлсин! Оч қолиб шишиб ўлсин! Кампирнинг кетидан ўрта яшар озғин бир эркак югуриб чиқди-ю, отлиқларни кўриб, қўрққанидан бир лаҳза анграйиб туриб қолди... - Авф этгайсизлар: - деди. – Оғамнинг заифаси фарзанд доғида телба бўлиб қолди. Бечоранинг ўғилчаси очликдан кунжара еган экан, шишиб ўлди” (119-бет). 53 Кейинчалик Бобур бундан ҳам даҳшатлироқ қамал фожиасини бошидан кечиради. Адиб хаёлот топқирлиги билан тарихий фактлар моҳиятини теран англай олган. “Бобурнома” нинг 148-саҳифасида танқислик туфайли қамалда қолган одамлар “ит ва эшак этини” ея бошлаган айтилади. Ёзувчи хабар тарзида берилган бу тарихий маълумотни ҳам бадиий тўқима кучи билан кенг кўламли бадиий лавҳага айлатиради. Муайян шароит таъсирида халқ руҳиятида содир бўлган ўзгаришларнинг ҳақиқий манзараларини ярата олган адиб бу мудҳиш оқибатлар ўзаро феодал урушларининг натижаси эканлигига ўқувчини ишонтиради. Гап шундаки, бу воқеалар Бобур дунёқараши ва характерига жуда кучли таъсир ўтказган эди. Шунинг учун ёзувчининг қамал воқеаларини бутун тафсилоти билан бадиий гавдалантириши фақат оғир азобларда қолган халқ ҳаётини кўрсатишдангина иборат эмас, балки биринчи галда ана шу ҳодисаларга Бобурнинг муносабатини кўрсатиш ва унинг характеридаги ўзгаришларни бадиий акс эттиришдан иборат эди. Адиб қамал воқеаларининг тасвирида мана шу мақсадни кўзда тутмаса; улар асарнинг бош ғоясини ҳал этишда бу қадар муҳим аҳамият касб этмаган бўлур эди. Шунга кўра, Пиримқул Қодиров, бир томондан халқ ҳаётида, иккинчи томондан; бош қаҳрамон қалбида ўчмас из қолдирган лавҳаларни ҳам асар сюжет тизимига моҳирона жойлаштира олган: “Камбағаллар кулбасидан бошланган очлик аста-секин навкарлар, беклар қароргоҳига ҳам, подшоҳ саройига ҳам ўрмалаб келди. Мана ўн кундирки, Бобур нон юзини кўрмайди. Ун аллақачон тугаган. Унга олтин- кумуш идишларда эрталаб бир сиқим майиз билан чой, кечқурун туя гўштидан пиширилган бир коса шўрва ёки уч-тўрт туюр кабоб берадилар, Бобур олтинлари ялтираган идиш-товоқларга термулиб қарайди-ю, ҳозир шуларнинг ҳаммасидан бир парча нонни афзал кўради. Лекин нон олтинга ҳам топилмайди. Ойша бегимнинг олти ойлик эмизикли қизчаси биғиллаб йиғлайди. Чунки, озиб, мадори кетиб қолган Ойша бегимнинг сийнасидан сут келмайди. Яқинда бола кўрган бошқа бир онани топиб, Фахринисони беш- ўн кун эмиздирган эдилар, фалокат юз берди. У она вабога учраган хонадондан экан. Даҳшатли касаллик Фахринисога юқди-ю, икки кун ичида бола мумдай эриб, жон берди. Бобур кафанга ўралган гўдакни янги қазилган қабр олдига кўтариб борар экан, унинг буришган юзчасига юзини босиб, йиғлаб юборди: “Майли шу вабо менга ҳам юқсин-у, бу азоблардан бира-тўла халос бўлай”, -деган аламли, ўй билан гўдакнинг совуқ лабларидан ўпди. Ғалаба кунлари дунёга келиб, Фахринисо номини олган қизчани қабрга қўйиб, устига тупроқ тортганларида Бобур бир лаҳза ўзини унинг ўрнида кўрди, ҳали тирик бўлса ҳам ҳаётининг бир бўлаги, аввалги зафарларию, қувончлари билан бирга умрбод тупроқ тагида қолганини бутун вужуди билан ҳис этди” (220-221-бетлар). 54 Романнинг бош қаҳрамони бўлган Бобур тарихий шахс сифатида кўп қиррали фаолият соҳиби эди. Даврнинг ана шу ҳақиқатини ёзувчи чуқур идрок этган ва натижада унинг ўз даврининг илғор маърифатпарвари, адолатли шоҳ, марказлашган ва кучли давлатга асос солган жасур ҳарбий саркардагина эмас, балки ўз даврининг етук сўз санъаткори сифатидаги фаолиятини ҳам эътибордан соқит қилмаган. Бу эса, ўз навбатида Бобурнинг ижодкор сифатидаги руҳий кечинмаларини, унинг асарларида ифодаланган поэтик мазмуннинг реал тарихий илдизларини очиб беришдек мураккаб вазифаларни ҳам ҳал қилишга киришган. Тарихдан маълумки, Бобурнинг кўпчилик ғазал ва рубоийлари маълум бир ҳаётий воқеа ва тарихий ҳодиса асосида юзага келган. Шунинг учун ҳам унинг шеърлари ижтимоий-сиёсий фаолиятининг баъзи бир томонларини ёритиш ҳамда ижодий йўлининг муҳим босқичларини аниқлашда қимматли манба бўлиб ҳисобланади. Адиб булардан самарали фойдаланиб, кўп қиррали фаолият соҳибининг давр ҳақиқатини намоён эта оладиган бадиий типини яратган. Зотан, ғазал ва рубоий Бобур қалби ва руҳининг тиниқ кузгуси эди: Не ерда сокин ўлай? Не қилай? Қаён кетайин? Не дайрдин эшигим очилур, не масжиддин. Неча эшикдин эшикка гадо каби етайин? (248-бет). Ёзувчи бу сатрлардан даврнинг турли қарама-қаршиликларига дуч келган ёш ҳукмдорнинг руҳий ҳолатини кўрсатиш мақсадида фойдаланган. Омади юришмаганидан, орзу-умидлари амалга ошмаганлигидан ниҳоятда сиқилган Бобурнинг руҳий ҳолати юқоридаги мисраларда ифодаланган бадиий мазмунга тўла мос келган. Пароканда темурийлар салтанатини бирлаштириш унинг орзуси эди. Шу ниятда Бобур бир неча марта Самарқандга умид билан боради, лекин ҳар сафар мағлубиятга учрайди. Қамал балосини бошидан кечириб, темурийлардан ёрдам кутади, уларнинг ҳеч бири ёрдам қўлини чўзмайди. Тоғаси Маҳмудхон ҳузурига бориб, таҳликали вазиятни тушунтиради. Шабонийхонни даф қилиш учун бирлашиш лозимлигини сўрайди. Маҳмудхон эса, Шайбонийхонга ён босиб, Бобурни таҳқирлайди, унинг устидан истеҳзо билан кулади. Юқоридаги мисраларни ўқиган кишининг кўз ўнгида ана шу тарихий воқеалар бирин- кетин ўтаверади: Не хеш мени хушлару, не бегона, Не ғайр ризо мендану, не жонона. Ҳар нечаки яхшиликда қилсам афсун, Халқ ичра ёмонлиғ билан мен афсона (253-бет). Мазкур мисраларда тожу тахтдан ажралган ҳукмдорнинг давр ҳақиқатини ростгўйлик билан эътироф этганига қойил қоламиз. Зеро, ростгўйлик Бобур ижодини ҳаракатга келтириб турган қудратли кучдир. Бобурнинг Даҳкат тоғларидаги фаолияти “Бобурнома”да (152-153- бетлар) қайд қилинган. Ёзувчи бош қаҳрамоннинг фожеий ҳолатини янада кучайтириш учун мавжуд фактни бўрттириб бадиий тўқима шароитидан 55 моҳирона фойдаланади. Ушбу тўқима манзарада Бобур Даҳкат тоғларида чўпон йигит билан учрашиб қолади. Чўпон Бобурнинг шоҳ бўлганига ишонмайди. Унинг шоҳликдан воз кечиб, шоирона ҳаёт кечирмоққа аҳд қилганини эшитиб, шеърларини тинглаб, отасининг қасдини олиш ниятидан воз кечади. Бобур ўз ҳаётида йўл берган хатоликлару, бошига тушган кулфатларнинг заминини феодал тузумда деб билмайди,балки буларнинг барчаси толеи йўқлиги сабаб воқеа бўлганига ишонади. Бу эса бош қаҳрамон характери бевосита давр ҳақиқати миқёсида тасвирланганлигидан нишонадир. Пиримқул Қодиров ўз романида “Бобурнома” асарини ёзиш ғоясининг туғилиши ва бу бебаҳо адабий-тарихий манбанинг яратилиши жараёнини моҳирона акс эттирган. Ёзувчи Бобурнинг бадиий ижоддаги, хусусан, насрий асарлар битишдаги маҳорати масалаларига ҳам алоҳида эътибор беради. Халқона равонлик билан ростгўйликни Бобур талантининг қўш қанотлари тарзида тасвирга олиб киради. Бобур ўтмишда яшаган шоҳлар ҳаёти ҳақидаги тарих китобларини варақлар экан, мураккаб жумлалар, жимжимадор ўхшатишлар, афсона ва ривоятларга бурканган тарихий далиллар орасидан одамни ишонтирадиган воқеаларни излайди ҳамда тарихий мавзуда асар ёзишнинг янгича, содда ва рост йўлини танлаб, қўлига қалам олади: “Бобур нуқул зафар тантаналарини куйлаган жангномаларни бир четга суриб қўйди. Сўнг ўрнидан туриб, ўзининг “Вақое” деб аталган хотира дафтарини сандиқдан олди. Қизиқ: сўнгги дафтарга Бобур ўзининг Самарқандни Шайбонийхондан қандай тортиб олганини ёзган-у, кейин унга қўл урмаган эди. Демак, кейинги мағлубият ва саргардонликларни унинг ўзи ҳам ёзишни истамаган экан. Аммо, булар дафтарга ёзилмагани билан Бобурнинг хотирасида муттасил такрорланиб юрибди-ку. Иситмани яширсанг, ичга урар, дейдилар. Бобур қилган хатоларини дафтаридан яширгани билан улар ҳар куни неча марта янги-янги тафсилотлари билан хаёлидан ўтиб, қалб ярасини тирнагани тирнаган. Бундан кўра ҳамма воқеаларни ростгўйлик билан мана бу дафтарга ёзса дили хиёл енгиллашар” (257-бет). Бобур одамзод ҳамиша ҳақиқатга ташна бўлиб яшашини теран идрок этади ва ана шу ташналикни қондиришни ўзининг ижодкор сифатидаги бурчи деб билади. Ўз истеъдодига хиёнат қилмаслик ҳамда ўз бошига тушган машаққатлар бошқаларга сабоқ бўлсин деб фақат рост ёзади, ўзи яшаган ва фаолият кўрсатган даврнинг ҳаққоний манзараларини зарварақларга муҳрлаш бахтига эришади. Таниқли адиб Одил Ёқубов тўғри таъкидлаганидек, “... адиб ёзувчи Бобур ҳаётининг фақат бир томонини, айтайлик, ижодий фаолиятини ёхуд инсон сифатида чеккан изтиробларини ёритиб, бошқа томонларини, хусусан, шоҳ ва фотиҳ сифатида йўл қўйган хатоларини хаспўшлаб ўтса у давр руҳини на тўғри акс эта олар, на Бобурнинг ҳаққоний реалистик 56 образини ярата олар эди. “Юлдузли тунлар” романи шундай далолат берадики, Пиримқул Қодиров бу нозик муаммоларнинг ҳаммасини ҳисобга олишга ҳаракат қилган ва асосан бунинг уддасидан чиққан”. 32 Кўринадики, бадиий ижод жараёнида ёзувчининг хаёл эркинлиги катта кучга эга. Бадиий тўқима воситасида тарихий воқеалар сараланади, давр руҳини бера оладиган типик воқелик асарга олиб кирилади. Тарихий шахслар характерининг баъзи бир томонлари ўша давр ҳақиқатларидан келиб чиқиб, умумлаштирилади, тўлдирилади, бойитилади. Шу тариқа тарихий ҳақиқат ва бадиий талқин мутаносиблиги юзага келади. АВЛОДЛАР ДОВОНИ ҲИКМАТЛАРИ Маълумки, тарихий романларда бадиий тўқиманинг икки хил типи мавжуд бўлади: биринчиси – тарихий шахслар талқинидаги бадиий тўқима бўлса, иккинчиси – соф бадиий тўқима маҳсули бўлган ҳаёлий образларда давр ҳақиқатини ифодалашдан иборатдир. Тарихга доир илмий тадқиқотларда хаёл қонуниятлари аниқ далиллар таҳлили воситасида очиб берилган ҳолда, тарихий романларда ана шундай қонуниятларни яққол очиб берувчи адабий типларнинг бадиий талқини устиворлик қилади. Тарихий воқеликнинг бадиий тўқима билан қўшилиб кетиши ёзувчи тасвирлаётган давр ҳақиқатини янада аниқроқ ва яққолроқ тасаввур қилишга имкон беради. Шунинг учун ҳам адабий асардаги бадиий тўқимани бошқа ҳеч бир восита билан алмаштириб бўлмайди. Бадиий тўқиманинг бошланиши ижодий ниятнинг туғилишидаёқ ярқ этиб кўзга ташланади. П.Қодировнинг “Авлодлар довони” романида “муаллифдан” дейилган изоҳ бор. Ана шу битикда ёзувчини роман яратишга илҳомлантирган ижодий ниятнинг туғилишига асос бўлган сабабларга қуйидагича ишора бор: “Замонавий эҳтиёжлар бизни тарихдан сабоқ олишга ундайди. Бугунги одамзодни безовта қилаётган катта муаммолар ўтмиш замонларда бошқача шаклларда ва ўзгача миқёсларда бўлса ҳам аждодларимизнинг бошига тушган. Улар бу муаммоларни тушуниш ва ҳал қилиш йўлида жуда кўп маънавий изланишларни бошидан кечирганлар ва ўз тарихий тажрибаларини бизга мерос қилиб қолдирганлар. Ана шу муаммолар орасида инсон зотига жуда кўп азоблар бергани – турли давлатлар ва мафкуралар адоватидан келиб чиқадиган қирғин урушлардир. Айниқса, ҳозирги дунёга ҳоким бўлиш иштиёқида юрган ёвуз кучларнинг совуқ уруш учқунларида даҳшатли атом алангасини ёқишга интилаётгани одамзод ҳаётини хавф остида қолдиради. Бу хавфни бартараф этиш ишига бутун дунёнинг тараққийпарвар кучлари ва барча халқларнинг энг ибратли тажрибалари сафарбар этилмоқда. 32 Ёқубов О. “Юлдузли тунлар” // Ўзбекистон. 1978, 5-декабрь. 57 Шу умуминсоний сафарбарликка бизнинг аждодларимиз орттирган тарихий тажрибадан озгина бўлса ҳам ҳисса қўшиш нияти мазкур романнинг ёзилишига туртки берди. Унинг асосий воқеалари бизга қўшни ва дўст мамлакат – Ҳиндистонда, ХVI асрда бўлиб ўтади. Бу даврда ҳинд халқи ҳаётида юз берган маданий кўтарилиш жараёнига Мовароуннаҳр борган истеъдодли тарихий шахсларнинг меҳнати сингганлиги кўпчиликка маълум. Халқларимиз тарихининг чатишган ва пайванд бўлган нуқталаридан турли элларни бир -бирига руҳан яқинлаштирадиган ва турфа маданиятларни юксалтирадиган маънавият мевалари етилиб чиқди. Ўша даврда дунёнинг энг қудратли ва тараққийпарвар мамлакатларидан бирига айланган Ҳиндистон барча халқларни миллий низо, диний адоват балоларидан халос қилишнинг янги йўлларини излаган, ҳамма эллар ва эътиқодларни тенг деб эълон қилган, жаҳонда биринчилардан бўлиб “сулҳи кулл”- ҳар томонлама тинчлик сиёсатини бошлаб берган эди. Ҳиндистонда туғилиб ўсган ва уни ўзининг ватани деб билган Акбар мана шу сиёсатнинг ташаббускори бўлган эди. Албатта сиёсат билан ҳаёт орасида катта фарқлар ва кучли зиддиятлар мавжуд эди. Акбар ҳам, унинг отаси Хумоюн ҳам унр бўйи ички-ташқи зиддиятлар гирдобида яшаганлар. Энг хатарли асноларда беғараз, ҳалол меҳнаткаш халқ вакиллари уларни нақд ўлимлардан қутқазиб қолганлиги тарихий ҳужжатлардан маълум. Шу сабабли романнинг ғоявий йўналишини Низом, Салим, Лаъл Чанд, Моҳим энага каби халқ вакиллари орқали белгилашга интилдим”. 33 Бадиий тўқима ижодий ниятнинг туғилишидан бошланади дейилганда, энг аввало, образли ғоя кўзда тутилади. Чунки, ёзувчи бугунги замонавий эҳтиёжларни ҳам, тарих сабоқларини ҳам бадиий таҳлил қилиш жараёнида олган таассуротларидан таъсирланиб кетади-ю, ёзилажак романга асос бўладиган бош ғояни топиб олади. Замондошларимизни безовта қилаётган кўпгина муаммолар қачонлардир аждодларимиз бошига ҳам тушгани, улар эса бу муаммоларни ҳал қилиб, ўз тарихий тажрибаларини бизга мерос қилиб қолдирганликларини ёзувчи образли тасаввур қила бошлайди. Ана шу образли ғоя Хумоюн ва Акбар сингари тарихий шахслар фаолиятларини ёзувчи руҳий оламига муҳрлаб, уларнинг умуминсоний аҳамиятга молик улуғ ишлари адоват туфайли келиб чиқадиган қирғин-барот урушларнинг олдини олиш ва тинчликсеварлик ғояларини кенг ёйишдек эзгу фаолиятлари ёзувчи ижодий ниятини тўлиштира боради. Ёзувчининг ижодий нияти шу қадар улканки, у биргина ўз она халқини эмас, бутун инсоният истиқболини ўйлайди: “Барча элларни бир-бирига руҳан яқинлаштириш қанчалик муҳим бўлса, турли авлодлар орасидаги низони йўқотиш ва меҳру оқибатни 33 Қаранг: “Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 8-сон, 8-бет. (Бундан кейинги мисоллар ҳам ана шу журналдан олинади, қавс ичида сони ва саҳифаси берилади). 58 мустаҳкамлаш ҳам шунчалик зарурдир. Табиат қонунига биноан авлодлар алмашиниб туради. Янги авлод аввалгисининг ўрнига келганида низо чиқиши, алғов-далғов бўлиши тарихда кўп учрайдиган ҳодисадир. Янги авлод ўз ота-боболарининг энг юксак инсоний ва ижодий тажрибасини эгаллаганда тарихнинг баланд бир довонидан ошгандай туюлади. Бундай маънавият довонларидан ошиш, айниқса, ўтмишда мутлоқ ҳокимият, хурофот ва жаҳолат авж олган замонларда бениҳоя мушкул кечган, бу довон йўлларида оға билан ини ёвлашгани, бола отага қарши исён қилгани, барча йўқотишлар ва мушкулотларга бўй бермай тоғ ошган одамларнинг ҳаётий тажрибалари ва маънавий мерослари бугунги авлодларимизга тарихий сабоқдай хизмат қилсин, деган ният ҳам шу романнинг ёзилишига сабаб бўлид” (8-сон, 9-бет). “Барча йўқотишлар ва мушкулотларга бўй бермай” довон ошганлар орасида Хумоюн ва унинг ўғли Акбар шоҳ сиймоси ва фаолиятлари романнинг етук мазмуни ва мукаммал сюжетини шакллантирадиган ғоявий ният негизидир. Романда тасвирланган тарихий ва тўқима образларнинг барчаси етакчи адабий тип – яъни Акбар шоҳ атрофига тўпланиб, бадиий муштаракликни ташкил этади. Ўз-ўзидан англашиладики, Акбар шоҳ сиймоси романдаги фикр бирлигини – яъни образли ғоянинг негизини ташкил қилувчи уруғдир. Ёзувчи ўз романини ана шу уруғни гуркиратиб кўкартирган баракали ва серҳосил заминни- тарихий воқеликнинг манзараларини моҳирона чизишдан бошлайди. Китобхонлар кўз ўнгида 1528 йил воқеалари жонланади. Ёзувчи яратган манзарада ёши олтмишлардан ошган, сочлари оқариб, жуссаси кичик бўлиб қолган Хонзода бегим хомуш бир қиёфа билан ёлғиз ўтиргани тасвирга киритилади: “Боғ жуда ораста, йўлкаларга олтинранг қумлар солинган, мармар ариқлардан тиниқ сувлар жилдираб оқади. Чорчаманларда мамлакатнинг энг ноёб гуллари муаттар ҳид таратиб очилиб турибди. Лекин бу ҳаммаси Хонзода бегимга жуда омонат туюлади: Қонли жангларда барпо этилган улкан давлат ҳанузгача ҳинд ерига теран илдиз отолган эмас. Фотиҳлик қиличининг яралари тезда тузалмас экан, мамлакатнинг турли ўлкаларида Хумоюн ва унинг иниларига қарши кетма-кет исёнлар бўлмоқда. Шу хатарли вазиятда оға-инилар иноқ бўлиш ўрнига бир-бирлари билан чаплашиб, ҳокимият талашадилар. Хонзода бегим уларни муросага келтиролмай қийналади. Ҳозир боғда ўлтирган пайтда ҳам, бутун ўю хаёли оға-иниларнинг узоқдаги низоларидан бери келмайди” (8-сон, 9-бет). Бегимнинг паришон назари тушиб турган кўкаламзор майдонда эса бир тўп отлиқ қизлар чавгон ўйнашмоқда. Улар орасидан Хонзода бегим Хумоюнга арзигулик умр йўлдошини излайди. Ёзувчи моҳирлик билан чавгон ўйнаётган қизлар орасида Ҳамида бонуни алоҳида ажратиб, уни Хонзода бегим билан учраштириб, бу гўзал қизни нозиктаъб бегим нигоҳи билан синовдан ўтказади. Хонзода бегим ўз 59 даврининг илғор кишиси, акаси Бобур тузган йирик давлатнинг барча қувончу ғамларига шерик, Хумоюн шоҳга камарбаста замонасидаги қирғинбарот урушларнинг олдини олувчи, тинч-тотув ва бахту фаровон турмушнинг тарафдори бўлган етук бир инсон. Ёзувчи унинг зиммасига даврнинг залворли юкини юклаган, руҳий олам гўзаллиги ва ақл –идрок комиллиги билан боғлиқ барча тасаввурларини ҳам шу аёл образида мужассамлаштирилган адиб уни даврнинг илғор адабий типи даражасига кўтарган. Бироқ, буларнинг барчаси Акбаршоҳ образининг бадиий замини эканлигини сезгир китобхон тезда идрок этади. Хонзода бегимнинг кўпни кўрган тажрибали кўзлари Ҳамида бонуга умид билан тикилиши ҳам бежиз эмас. Хонзода бегим узоқ умри давомида нарёғи Шайбонийхондану, шоҳ Исмоилдан тортиб бу ёғи темурий тождорларгача қанқа-қанча шаҳзодаларнинг оилавий ҳаёти билан яқиндан таниш бўлган, не-не маликаларнинг тожу тахт талошларида шикаст еганликларига гувоҳ бўлган. Ҳамиданинг ҳуснига яраша ақли ҳам етуклиги, пишиқлиги Хумоюннинг ички ва ташқи зиддиятларга тўла машаққатли ҳаётига балки шу қизнинг бардоши етар, балки улар орзу қилган ўғилни шу қиз туғиб берар деган умид Хонзода бегимни унга тобора яқинлаштиради. Шу тариқа қизларнинг чавгон ўйини тасвири Наврўз шодиёналари тасвирлари билан моҳирона боғлаб юборилади. Тасвирдан тасвирга ўтилгани сайин тарихий шахсларнинг сони ҳам, салмоғи ҳам оша боради. Ёзувчи ҳаёт бағрига, ўзи яратаётган тарихий шахслар дунёсига шу қадар чуқур борадики, натижада ҳар бир манзара, ҳар бир образнинг руҳий олами тиниқ кўзгуда акс этган каби ўша давр тараққиётини бор салобати билан намоён этади. Хумоюн инилари билан ораси бузилса ҳам, Саид Халил бошлиқ руҳонийлар эътирозларига йўлиқса ҳам ўзи танлаган адолат ва ҳақиқат йўлидан ҳеч бир чекинмайди, дадил олға бораверади. Ота мерос давлати ривожи ва истиқболи йўлида барча тўсиқларни енгиб ўтишга интилади. “Қонуни Хумоюний” деган янги низом ўйлаб чиқаради. Тарихчи Хондамир китобот қилган бу қонунга биноан Хумоюннинг қўл остидаги одамлар уч қисмга бўлиб чиқилган. Биринчи тоифа –аҳли саодат, яъни дин пешволари, уламолар, шоирлар, олимлар. Учинчи тоифа – аҳли мурод, яъни аслзода аёллар, созандалар, хонандалар, мусаввирлар ва бошқа нафис санъат соҳиблари, Хумоюн мирзо табиатдаги тўрт унсур қонунига асосан назоратдаги лавозимларни ҳам тўртга бўлади: саркори оташ, саркори ҳавойи ва саркора хоки. Ана шу қонун туфайли шайхулислом Саид Халил билан ораси бузилади. Ёзувчи ўша давр тождорларининг тахт талашишларига амиру бекларгина эмас, ҳаттоки, руҳонийлар ҳам аралашишганлигини шайхулислом Саид Халил фаолияти воситасида тасвирга олиб киради. Романда тасвирланишича Бобур таълимини олган зукко Хумоюн дин пешволарига ён бермайди: улардан юқорироқ туриш, давлатни адолат ила бошқариш учун тинимсиз интилади. Бироқ Саид Халил ҳам ўз йўлига 60 кирмаган Хумоюннинг давлатини ичдан бузиш мақсадида Комрон мирзо билан Шерхонни Хумоюнга қарши гиж-гижлайди. Хумоюн узоқ вилоятларга кетганда Саид Ҳалил Комрон Мирзога шошилинч хуфя юбориб, Лохўрни тезда эгаллашга ундайди. Унинг фитнасига учган Комрон Қобулга Панжобни ҳам қўшиб олади. “Энди агар Шарқда Шерхон бош кўтаргани рост бўлса, Хумоюн отда бир ойлик йўл бўлган Бихорга қўшин тортиб кетиши аниқ” деб ўйлайди. Ўшанда Саид Халил Комрон Мирзога яна битта яширин мактуб ёзиб, “Агарни эгаллаш пайти келди” деб даъват қилади. Мана сизга шайхулислом Саид Халилнинг асл қиёфаси. “Авлодлар довони” романида тасвирланган Шерхон ҳам Хумоюн сингари тарихий шахс. У Шерхон Сур номи билан “Бобурнома” нинг 1527- 1528 йилги воқеалари тавсифида икки марта тилга олинган. Ёзувчи тарихий хабар тарзида етиб келган ана шу маълумот асосида йирик адабий тип образини яратган. “Қошлари қалин, кўзлари кўкиш, қирра бурун калта қирқилган соқоли ва қайрилма мўйлови ўзига ярашган дуркун гавдали Шерхоннинг қарашларида бургутни эслатадиган бир ифода бор эди” дея ёзувчи унинг сиймосини юксак маҳорат билан чизади. Роман талқинига кўра, у Хумоюн билан ҳам яхши таниш бўлган. Улар ўн уч йил бурун Жамна бўйидаги зиёфатда учрашишган. Аммо, у пайтда Шерхон ҳали ўттиз-қирқта йигитга бош бўлган кичик сипоҳийлардан бири эди. Унинг Сесаранда отасидан қолган ер-мулки бор бўлиб, отаси ўлгандан кейин ўгай она ва инилари Шерхонни бу мулкдан маҳрум қилмоқчи бўладилар. Шерхон она мулкини ўгай иниларидан тортиб олиш учун Бобурдан ҳимоя сўрайди. Бобур унинг марказий ҳокимиятдан узоқроқдаги Сесаранда юришини афзал кўради-да, ўз мулкини унга хатлаб беради. Ёзувчи икки подшо – Хумоюн ва Шерхонни бир-бирига қиёслаб, давр ҳақиқатини ҳақгўйлик билан очиб беришга интилади. Ўшанда қирқ ёшларда бўлган Шерхон ҳисоб-китоб ва хўжалик юритишни яхши билар, Сесарандаги бетартиблик ва порахўрликни ёмон кўрарди. У шайх Саъдийнинг кўп шеърларини ёддан биладиган ўқимишли киши тарзида ҳам шуҳрат қозонади. Сесарандаги деҳқонларнинг ерини ўлчаш, ҳосилни бехато ҳисоблаш ва солиқчиларнинг бебошлигига барҳам беришда ҳам тадбиркорлик билан иш кўради. Хайрихоҳлари уни “Шерхони одил” деб атай бошлайдилар. Бу орада Бобур вафот этади-ю, марҳум Иброҳим Лодининг иниси Маҳмуд Лоди қасоскор афғонларни атрофига тўплаб Хумоюнга қарши исён кўтаради. Маҳмуд Лоди Бихар ва Сесаранни ҳам ўзига бўйсундиради-ю, Шерхонни навкарлари билан ўзига мажбуран қўшиб, Хумоюнга қарши урушга бошлаб боради. Бу урушдан мутлақо манфаатдор бўлмаган Шерхон Сур қабиласи Лодиларга бўйсунишни истамаган учун ҳам Маҳмуд Лоди Хумоюн билан юзма-юз урушаётган пайтда усталик билан ўзини четга олади-ю, барча навкарларини уруш майдонидан олиб чиқиб кетади. Лодилар бу жангда Хумоюндан енгиладилар. Шерхон эса, 61 Хумоюнга нома ёзиб, бир вақтлар Бобур подшо Сесарандаги ота мулкини унга олиб бергани учун шундай қилганини билдиради. Ёзувчининг маҳорати шундаки, у ҳар иккала подшо образини чизаётганида ҳам тарафкашликка берилмайди, балки адолат мезонига таяниб туриб давр ҳақиқатини беришга интилади. Шу боисдан ҳам Шерхоннинг яхши жиҳатлари қанчалик ёритилмасин, ҳийла ва найрангда устамонлиги ҳам эътибордан четда қолмайди. Шерхоннинг Чунар ҳокими қўлида сипоҳи бўлиб юриб, кейинчалик унинг гўзал хотини Лод маликасига уйланиши, шунингдек, Кришан Рой қалъасига бир минг икки юз кишилик аёл кийимидаги қўшинни киритиб, қалъани забт этиши, Амир Баҳлулни туҳматдан ўлдиртириши ва ниҳоят, Хумоюн сулҳига хиёнат қилиши тасвирида ҳам ёзувчи бу адабий типни холисона тавсифлаганлигини кўрамиз. Ёзувчи Низом образини ҳам Хумоюн билан ёнма-ён қилиб яратар экан, инсонийликдан ҳоли бўлган ҳеч қандай ғоя мавжуд бўлмаслигига китобхонларни ишонтиради. У Низомни Хумоюн даври адабий типи юксаклигига кўтарар экан, ёлғиз инсонгина барча воқеалар ва барча ғоялар ижодчисидир, фақат инсоннинг ўзи муъжиза яратувчидир ва у чинакамига интилса, табиат кучларининг устидан ҳам ҳукмронлик қила олади тарзидаги давр ҳақиқатини мужассамлантиришга интилади. “Авлодлар довони”даги энг гўзал саҳифалар, ақлларни лол қолдирадиган шижоат, ўлим билан юзма-юз жангга киришиб, ғолиб келган машаққатли меҳнат Низом адабий типида ўз бадиий ифодасини топгандир. Китобхонлар Низом фаолияти қаршисида Хумоюннинг бош эгишига, дунёда оддий халқ вакили бўлган Низомнинг ақл-фаросати, унинг тасаввури, ўлимларни енгишдаги ўйлаб топган тадбирлар қаршисида қандайдир бир табиийлик борлигига ишонадилар. Шу боисдан ҳам ушбу адабий типни муқаддас деб биладилар. Чунки, Низомдаги қатъият, инсоф, ўзига ишонч, дўстига садоқат муқаддасдир. Унинг ўзи яратган яхшиликларию, ҳар қандай ифлосликларга қарши нафрати муқаддасдир. Унда ҳасаддан очкўзликдан, жиноят қилишдан учқун ҳам йўқ. У фақат ҳалоллик, садоқат, яхшилик тимсолидир. Ёзувчи бу адабий типга жуда катта эътибор беради, унга бутун меҳрини беради, ибрат юксаклигига кўтаради, шу боисдан ҳам Низом воқеадан воқеага ўтилгани сайин ўстирилиб борилади. Аслида бу образ ҳам муаррихлар асарларида номи зикр этилган тарихий шахсдир. Хумоюннинг Низом сувчини тахтга чиқарганлиги Абулфазлнинг “Акбарнома”сида, Жавҳарийнинг “Хумоюннома” сида, Гулбаданбегимнинг эсдаликларида қайд этилганлигини ёзувчи тўғри изоҳлаган. Ҳалоллик фақат меҳнаткаш инсонларгагина хос фазилат эканлиги ана шу характерда ўз бадиий ифодасини топган. Шерхон билан бўлган даҳшатли жангда бир неча ўлимларни четлаб ўтган бўлса-да, беҳос дарёда чўкаётган Хумоюнни Низом сувчи қутқазмоқчи бўлади. Бироқ, Хумоюн дарёдан тирик чиқишига кўзи етмай, “мени қўйинг, ўзингизни қутқазинг”,- дейди. Низом эса “Йўқ, ҳазрат. Мен 62 сизнинг кемангизда хизмат қилиб, маош олурман. Сизни сувдан ўтказиб қўймасам, берган нонингиз харом бўлгай. Мен ҳалол нон еб ўрганганмен”,- дейди. Хумоюн кемада эшкакчи бўлиб хизмат қилувчи йигит шундай хатарли вазиятда ҳам ҳалол-ҳаромни унутмаса, бунда бир каромат бор деб тушунади. Ҳақиқатан ҳам у тезда шу кароматнинг шоҳиди бўлади. Низом кийимлари шалаббо бу ярадор йигит замона тождори – подшо эканини эслайди-ю, унга “агар мени ростдан тутинган ини ўрнида кўрсангиз икки оғиз арзим бор”, - дейди ва Хумоюн тақдирида муҳим аҳамият касб этган давр ҳақиқатини унга тушунтиради: “Порахўр амалдорлар билан алдамчи шайхлар мамлакат халқини сиздан бездирди. Қанча ҳинд йигитлари Шерхон томонга ўтиб кетди. Ахир Шерхон ҳинди-ю муслимни бир-биридан ажратмас экан...: - Мен ҳам ҳинди-ю муслимни якдил қилиш орзусида эдим. Аммо бу мушкул ишда кимга таянишимни билмадим. - Ҳинд халқига таянинг-да, ҳазрат, бу элда бҳақтийлар (адолатпарвар халқ ҳаракатининг иштирокчилари) бор. Уларнинг шиори Кобир ҳинди-ю муслимни ўз дилида бирлаштирган. Менинг отам Бҳақтий тарафдори бўлгани учун туҳмат билан зиндонга ташланди. - Ким туҳмат қилди? - Сиз ишонган амалдору шайхлар. - Мен ўзим адолатсиз муҳитдан қандай қутулишимни билмасман. Отангиз Аградаги зиндондами? Пойтахтга қайтайлик... Сиз ўзингиз отангизга туҳмат қилинг амалдору шайхларга жазо бергайдирсиз” (8-сон, 39-бет). Хумоюннинг Шерхон билан олиб борган урушидаги мағлубиятининг даҳшатли оқибатлари борган сари ўпқонга айланади. Сувда чўкиб ўлган етти минг, жангда ҳалок бўлган беш минглаб кишиларнинг ота-оналари, қавму-қариндошлари Хумоюнга маломат тоши ота бошлайдилар. Ҳиндлар Хумоюнга безади. У Низомни тахтга чиқариб, ҳиндларнинг кўнглини олмоқчи ва шу йўл билан уларнинг ишончини қозонмоқчи бўлади. Бироқ, Бобурнинг бошига тушган кулфатлар Хумоюнни ҳам четлаб ўтмайди. Оға- инилар ўртасидаги низолар кучая бошлайди. Тожу тахт Низомнинг бошига ҳам бахтсизликлар тўфонини ёғдириб, уни бир умрга мажруҳ қилиб ташлайди. Низомнинг розилиги билан Хумоюн ва Ҳамида бонунинг никоҳ тўйлари бўлиб ўтади. Шундай қилиб, роман бош қаҳрамони Акбарнинг дунёга келиши учун замин яратилади. Ёзувчи Хумоюн Мирзо характерини яратиш орқали даврнинг катта бир ҳақиқатини – турли эллар, турли мафкураларга дахлдор кучларни бирлаштириб, йирик бир марказлашган давлат тузишнинг ниҳоятда мушкуллигини саҳифама-саҳифа оча боради. Хумоюн Шерхон, шоҳ Исмоил ва шоҳ Таҳмаси билан тўқнашганида не-не ўлимларни доғда қолдириб, ўзининг довюраклиги ва тадбиркорлиги билан тўсиқларни доимо енгиб ўтиб, дадил олға интилаверади. 63 Романдаги ҳар бир образ ўзига хос бадиий вазифа бажаради, яъни даврнинг ўзига юклатилган бир ҳақиқатини ташийди. Фикримиз далили сифатида Шерхон образини олиб кўрайлик. Шерхон ҳарбий ҳийлалар, хиёнатлар, қотилликлар эвазига беш йил тахтда ўтириб, зўр шиддат ва суръат билан янги бир давлат тузади. Бироқ, унинг ўлимидан сўнг ўзаро урушлар-у, ички низолар сабаб бўлиб, шиддату сураът билан бунёд этилган бу давлат тезда парчаланиб кетди. Шерхоннинг катта ўғли Одилхон жангларда иштирок этмаса-да, Аграга келиб, ўзини шоҳ деб эълон қилади. Бироқ, бошқа бир қанча амирлар Шерхоннинг ўртанча ўғли Жалолхонни валиаҳд деб тан оладилар. Шерхоннинг энг машҳур лашкарбошиларидан Ҳавасхон Сирҳидда эса Жалолхонга қарши исён кўтаради. Панжоб ҳокими Ҳайбатхон ҳам Жалолхонни тан олмайди. Чинарда Шерхоннинг куёви Аҳмадхон Сур, Банголада Иброҳим Сур ва яна бошқа-бошқалар ягона давлатни парчалаб, ўзларича мустақил подшо бўлиш ҳаракатига тушадилар. Бу билан ёзувчи хиёнат ва хийла-найранг асосига қурилган ҳар қандай йирик давлат бир кунмас бир кун парчаланиб кетишга маҳкумдир деган давр ҳақиқатини бадиий ифодалаб бера олган. Ёзувчи роман марказида турувчи Хумоюнни Бобурнинг валиаҳди тарзида тасвирлар экан, ўз жигаргўшасига умрини бахш этиб кетган Бобур Мирзо умрига қўшиб қисматини ҳам мерос қилиб қолдирганлиги очиб беради. Бобур ҳаётида рўй берган ўша мағлубиятлар, ўша қувғинлар, ўша саргардонликлар Хумоюннинг ҳам бошига тушади. У оға -инилар ўртасидаги низодан юраги қон бўлиб, жуда катта жабру-жафолар ичра кечган етти йиллик курашдан сўнг уч укасини бир дастурхон теварагига йиғишга муяссар бўлади: “Хумоюн тўрга ўтди-да, ўнг ёнига Комронни ўтқазди Аскарий билан Ҳиндол икки томондан жой олишди. Олтин косаларда энг аввал хушбўй гулоб келтирилди. Бир коса гулобни олдин Хумоюн, сўнг Комрон ичди. Иккинчи косадаги гулобнинг бир қисмини Аскарий ичиб, қолганини Ҳиндолга берди. Паловдан кейин Хумоюн битта чинни тарвуз сўйдирди. Тарвузни тенг икки паллага бўлиб, бир палласини Камрон билан Хумоюннинг олдига, иккинчи палласини кичик инилар олдига қўйишди. Баҳоргача асралган бу тарвуз жуда ширин эди, тўртовлари ҳам уни мақтаб- мақтаб едилар. Бари бир тарвуз улардан ортиб қолди. - Ана, -деди Хумоюн, - тўрталамизга битта тарвуз етиб ортар экан. Талашиб тортишишнинг не ҳожати бор? Мамлакат улкан- Қандаҳордан Бадахшонгача. Наҳотки шу бизга етмаса? Комрон хижолатдан қизариб, маҳзун бир қиёфа билан: - Начора, хом сут эмган банда эканмиз, -деди. - Майли, ўтган ишга саловат, -деди Хумоюн (9-сон, 22- бет). Бироқ, орадан кўп вақт ўтмай, оға -инилар орасидаги аҳиллик яна бузилади. Яна оға-иниларнинг тож-тахт талашлари бошланиб, Ҳиндол 64 мирзо шу жангда ўлади. Аскарийни Исломшоҳ қатл этади. Комроннинг кўзига Хумоюн мил торттиради ва у умрбод кўр бўлиб қолади. Тож-тахт талашган Комрон билан Хумоюн ота қабрида учрашиб қолишганида, Комрон уни овозидан таниб, “оға” дегиси келмай, “Сиз мен учун энди фақат шоҳсиз” дейди. Хумоюн ҳам “Ҳа, шоҳлик ўзи шафқатсизликдир. Аҳли жаҳон шундай бўлса биз не қилайлик?” – деб ҳукм чиқаради. Ана шу ҳукмда шоҳлик устидан чиқарилган давр ҳақиқати ярқ этиб кўзга ташланади. Ёзувчи Хумоюн билан иниларининг етти йиллик қирғинбарот урушларининг хулосасини мужассам этиб ғолиб шоҳ тилидан шу ҳақиқатни баён этади. Ёзувчи Хумоюн сиймосида даврнинг етук адабий типини яратишга интилган. У шундай бир муҳитда ҳаракат қиладики, муҳит унинг орзуларининг, тузган режаларининг амалга ошувига йўл бермайди. У ўз даврининг ҳақиқатини тушуниб етади. Одамзод жамияти ҳали бениҳоят нокомил деган хулосага келади. “Алоҳида комил сиймолар бор, аммо бутун жамият – атрофимизни ўрат турган табиатга нисбатан ғоят хом, бетартиб, еру кўкдаги тартибу мувозанат мени доим ҳайратга солур. Офтоб вақтида чиққай. Ой аниқ соату дақиқасида тўлғай. Юлдузлар зўр бир тартиб билан айлангай, - деб ўғлига зорланади у. “Хаёлпараст эканманми, еру кўкдаги мана шу тартибу мувозанатни жамиятга тадбиқ этмоқчи бўлибмен. Аммо, мен табиатда йўқ жаҳолату хурофот, риёкорлигу амалпарастлик, ғаламислигу хоинлик жамиятда бижғиб ётганини унутган эканмен”, -деб ўкинади. “Тўғри, табиатда йўқ илму ҳунар, марифату заковат фозил одамларда бор. Лекин бизнинг жамиятимизда ҳали улар оз. Шунинг учун менинг бу йўлдаги ҳаракатларим шамолни тутиб тартибга солмоқчи бўлган хаёлпарастнинг ишидек бекор кетди”,- деб иқрор бўлади. “Энди ўйласам жамиятни такомиллаштириш учун уни табиатдан узоқлаштириб – диний адоват, миллий низоларни йўқотмоқ керак экан”, - деб ҳукм чиқаради. Авлодлар оша улуғ мақсадларни кўзлаб хаёл суриш, шу улуғ мақсадларни улуғ истеъдод билан амалга оширишга интилиш Бобур, Хумоюн ва Акбар сиймосига хос муштарак хусусият бўлгани учун ҳам ёзувчи ўз асарини “Авлодлар довони” деб атаган. Хумоюн ўз ўғли Акбарга даврнинг энг комил сиймоларисиз ҳеч бир улуғ мақсад амалга ошмаслигини, шу боис энг зўр истеъдодларни ўз атрофига тўплаш лозимлигини уқтиради. Дунёнинг ҳеч бир бойлиги, ҳеч қайси гавҳару жавҳар инсон истеъдодичалик қувончу шуҳрат келтира олмаслигини қайта- қайта таъкидлайди. Хумоюн отаси Бобурнинг китобидан алоҳида нусха кўчиртириб, уни ўғли Акбарга тортиқ этади. Минг бир ўлим гирдобидан омон ва ғолиб чиққан Хумоюн Шерхон қурдирган тош зинапоялардан йиқилиб, вафот этади. Ўн уч ёшида отасидан ажралган Акбарнинг ҳаётида ҳам бобоси Бобурнинг қисмати такрорланади: у ҳам бобосидек қирғинбарот урушлар тўфонида қолади. Ёшлигиданоқ тож-тахт талашиш тўфонида қолган Акбар бир томондан Байрамхоннинг қатъияти, иккинчидан 65 “Бобурнома” ўгитларига суяниб, жасурона ҳаракат қила бошлайди. Акбар онаси Ҳамида бонуга отаси йиқилиб вафот этган Пурон қалъада энди яшаманг, бу бехосият жой деб, уни оғир изтиробли мотам хаёллари гирдобидан қутқазмоқчи бўлганида, онаси унинг сўзларига эътироз билдириб, давр воқелиги ҳақиқатини шундай баён қилади: “- Йўқ ўғлим, отангизнинг қони тўкилган тош зиналар ҳам мен учун муқаддас, мен бу ердан ҳеч қаёққа кетмагаймен. Тириклигида бирга яшагани қўймадилар. Нуқул бизни айирдилар. Энди мен отангизнинг қабрларидан айрилмагаймен” (9-сон, 46-бет). Ёзувчи Акбарнинг шоҳлик фаолиятида, ўй ва хаёлларидан доимо давр ҳақиқатини бўрттириб беришга интилади. Унинг диний адоватга кескин қарши турганини, илму маърифат ва маданий қурилишларга кенг йўл берганини, элу улус манфаати ва осойишталигини ўйлаб иш тутишини кенг ёритади. У ғанимлар билан курашда отасининг хатоларини такрорламасликка интилади. Янги давлат ҳам бамисоли дарахт каби мустаҳкам илдиз отмагунча уни суғуриб ташлаш осон бўлишини отасининг Ганга бўйидаги мағлубияти мисолида идрок этган эди. Акбар ички адоватларни бартараф этгандан кейингина ташқи душманларини бартараф этишга отланади. Натижада Акбар Бенгалиядан бошланиб араб денгизи ва Камбей кўрфазигача чўзилган улкан ҳудуддаги салтанатнинг ҳукмдори бўлиб қолади. Ҳинд саркардалари ва браҳманлари Акбарни энг олий даҳо – чакварти (гинералиссимус унвонига ўхшаш) деб атай бошлайдилар. Шарқдаги ғалаба учун уни “минг бир туғиладиган енгилмас Маҳдий” деб энтикиб улуғлайдиган бўладилар. Бу меъёрсиз мақтовлар Ҳамида бонуни ҳам ҳовлиқтириб юборади. Ҳамида бону ҳам, Акбар ҳам босар-тусарини билмай қоладилар. Акбар ўзига қарата айтилган “довюрак ботир” таърифини эшитган сайин янгидан-янги хатоларга йўл қўя бошлайди. Мастликда ҳиндларнинг қилич ўйинини бажараман деб ўлиб кетишига сал қолади. Фил жангларида ҳам ўзини хатарга қўйиб, ўлимдан базўр қутулади. Акбар маънавий оламида зилзила бошланади. У табиатдаги поклик, гўзаллик ва мувозанатни кўриб хаваси келади. Акбар табиатдан-да улуғроқ, ундан-да абадийроқ мутлақ ҳақиқатни қалб кўзи билан кўришга ва ўз руҳини борлиқ оҳанглари ила уйғунлаштиришга интилади. Лекин бунга муваффақ бўлолмай руҳий изтироб гирдобида қолади. Уни бундай руҳий қийноқлардан онаси Ҳамида бону қутқазади: “- Инсон ҳам дарахт каби моддий илдизлардан озиқланаркан, шоҳ ўғлим. Қон билан таралувчи озиқ руҳга қувват бераркан. - Лекин нафс билан кўнгил руҳнинг душманидир, -деди Акбар. - Нечун? Комил инсонларда руҳ ҳамиша кўнгилга етакчилик қилгай, ақл билан дил жуфт қанотлардек бирга парвоз этгай. - Демак, мен ҳали камолотдан жуда узоқдамен, - деди Акбар. - Руҳим мудом осмонга талпинур. Аммо кўнглимни руҳим кўтарилган юксакликка олиб чиқолмай, аро йўлда муаллақ қолурмен. 66 Акбар ўзининг ҳолатига тўғри баҳо бера бошлаганидан Ҳамида бегим ичида “хайрият” деб қўйдию, уни муаллақ ҳолатдан тезроқ ерга қайтиб туширгиси келди. - Мен ўтган ҳафта тушимда Хумой қушни кўрибмен, - деди бегим, - қанотлари бургутникидан ҳам баҳайбат. Бошию бўйни шер тахлит. Одамникидай икки илки бор. Тоғ этагида одамлар тўпланган экан. Хумой қуш илкида каттакон бир китобни кўтариб ўтиб, тоғ тепасига бориб қўнди. Одамлар унга қараб югурдилар, Хумой китобни ташлаб учиб кетди. Тоққа олдинроқ етиб борган тўрт-беш одам ҳалиги китобни: “Мен олай, мен олай!” деб талашиб қолдилар. Бири-бирига бермаганидан кейин уни тўрт- беш бўлак қилиб бўлиб, турли томонга олиб кета бошладилар. Шунда сиз пайдо бўлдингиз. “Тўхтанглар, ахир яхлит китобни парчалаб олиб кетиш гуноҳку”, деб уларни қайтаришга тушдингиз. Лекин уларнинг бирини қайтарсангиз, бошқаси тутқич бермайдилар. Азбаройи ачинганимдан оҳ тортиб уйғониб кетибмен. Акбар ўйланиб турдию: - Яхши туш кўрибсиз, -деди. – Китоб ҳақиқат рамзи. Одамлар ҳақиқатни парча-парча қилиб турли томонга олиб кетганлари рост. Маънавият ҳам парчаланган. Ҳар ким илкидаги бир парча ҳақиқату маънавиятни маҳкам тутиб олган. Бошқаларнинг илкида ҳам ҳақиқату манавият борлигини тан олмайдилар. “Фақат мен ҳақмен!” деб, бошқаларни камситадилар. Ўзаро урушлар, дину, миллат айиришлар мудом шундан келиб чиққай... Сиз тушингизда кўрган китобнинг парчаларини одамзод бир жойга йиғиб, яхлит ҳолга келтирмагунча, дунёда адолат ўрнатиб бўлмагай. Менинг орзуйим сочилиб кетган ўлкаларни бир давлат қилиб бирлаштиришгина эмас, балки парчаланиб кетган ҳақиқатни бир улуғ маҳзарга йиғишдир. - Илоҳим, бу орзуйингизга етинг, шоҳ ўғлим. Туркий улусдан чиқиб, Ҳиндистонга фарзанд бўлдингиз. Энди билсам бир улуснинг қобиғини ёриб чиққан одам, фақат иккинчи бор халқнинг фарзанди бўлиб қололмас экан. Уммонга қуйилган дарё бутун дунё кенгликларига чиқаркан. Шунга ўхшаб, сиз ўз улусингиз; ўз мамлакатингиз ташвишларидан куч орттириб, умумбашарий муаммоларни ечишга бел боғламоқдасиз. Маънавият бобида аждодларингизни ҳеч бири бундай мушкул, бундай мураккаб мақсадларни ўз олдига қўймаган эдилар. Сизда улкан истеъдоду ғайрат бор. Аммо, мен тушимда оҳ тортиб уйғонганимга сабаб –ёлғизлик қилдингиз, болам. (10- сон, 90-91-бетлар). Ёзувчи Акбар сиймосида давр адабий типини, яратар экан, атрофдаги одамларнинг унга муносабатидан тарихий воқелик ҳақиқатини юзага чиқариш воситаси сифатида самарали фойдаланган. Айрим хушомадгўйлар унинг руҳини кўкка талпинтириб, шуҳрат балосига йўлиқтирган бўлсалар, узлатни ихтиёр этиб, ёлғизлик дардига мубтало бўлган Акбарни ҳушёр тортишга садоқатли кишилар муҳитига қайтишига ундаган Ҳамидабону 67 умумбашарий эътиқодларни амалга ошириш йўлидаги чала қолган ишларини ёдига туширади. Онасининг сўзларидан таъсирланган Акбар Алишер Навоий “Хамса”сида тасвирланган эзгу ғояларни эслай бошлайди. Навоийнинг жаҳон халқларини адолатга ва руҳий яқинликка ундаб ёзган туркий достонлари Акбарнинг миллий адоватлар ва диний низоларни бартараф этишга қаратилган сайъ- ҳаракатларига нақадар ҳамоҳанг эканлиги ҳайратланарли эди. Шу боис у онасига “Мен осмондан кутган нидоларни сиздан эшитдим”, деб иқрор бўлади. У яна адолатли шоҳ сифатида ўз ишларини давом эттиришга киришади. Давлат хазинасига тушган бойликлар миқдорини аниқлашни буюради. Унинг фармони билан мармар ҳовуз сувини бўшатиб, ўрнини танга билан тўлдирадилар ва бева-бечораларга хайр –эҳсон тарзида улашилади. Ноҳақ солиқлар бекор қилингач, халқ орасида Акбарнинг адолатли салтанати ҳақида қўшиқлар тўқилади. Панжоб, Ауд ва бошқа ўлкаларда Акбар ҳақида айтилиб келинган халқ қўшиқлари ёзувчи эътиборини тортган. Адиб ана шу фольклор намуналаридан адабий тип яратишда моҳирона фойдаланган: Ҳинду муслим адовати йўқолиб битсин, Акбарни куйлайлик, мақсадга етсин. Эй, тангрим Кришна, Акбарга умр бер, Унинг ислоҳоти доим бор бўлсин. Ёзувчи ушбу қўшиқни ҳинд олими Мунилачнинг 1978 йилда Деҳлада нашр қилинган китобидан сатрма –сатр таржима қилиб олган. Акбар диний эътиқодидан қатъий назар, барчага бирдай эҳтиром кўрсатади. Уларни юзма-юз мунозарага жалб қилиб орадаги низоларни бартараф этмоқчи бўлади. Акбарнинг барча саъй – ҳаракатлари “маҳдийлар” номи билан узоқ йиллар давом этган халқ ҳаракати иштирокчиларининг қудратли давлат тузилса, унинг тепасида мамлакатни яктану якдил қилишга қодир раҳбар турса, адолатсизликлар барҳам топса деб қилган орзуларига тамомила мос келарди. Шу боис улар ҳам Акбарни қўллаб- қувватладилар. Унинг барча эллар руҳий бойлиги, бадиий мероси ва маънавий қадриятларини бир жойга йиғайлик деган истакларига ҳам кўпчилик хайрихоҳлик билдирди. Ёзувчи оға билан ини, ота билан фарзанд, қавму қариндош ўртасидаги мураккаб муносабатларнинг давр ҳақиқатига мос кўринишлари Акбар салтанати даврида ҳам намоён бўлганлигини Акбар ва Муҳаммад Ҳаким, Акбар ва Салим зиддиятлари талқинида очиб беролган. Қирғинбарот ва биродаркушлик курашларини бартараф этишга бобурийлар хонадонидаги хотин –қизлар ҳам беҳад катта улуш қўшишгани ҳайратланарли тарзда тасвирланган. Хонзода бегим Хумоюнни бутун умр бўйи ҳимоя қилиб, уни оға – иниларнинг ўзаро зиддиятлари гирдобидан бир неча бор қутқазиб қолганидек, Ҳамида бону ва Салима бегимлар ҳам Акбарни кўп маротаба қонли тўқнашувлардан асраб қоладилар. Тарихий манбалар орқали етиб 68 келган ана шу давр ҳақиқатларига таянган ёзувчи Хонзода бегим, Ҳамида бону, Салима бегим, Жадҳа Бай ва Гулбадан бегим сингари бир қатор образлар яратадики, уларнинг гўзал руҳий олами, беназир ақл – идрок соҳиблари сифатидаги ҳайратомуз талқинида бадиий тўқима қудрати шундоққина кўзга ташланиб туради. Ёмон одамларнинг ота- бола ўртасига нифоқ солиш истагида эканлигини аёлларнинг оналик меҳри ила тўла қалби сезиб туради. Салима бегим ўгай ўғли Салим билан Акбар ўртасида рўй бериши муқаррар бўлган қонли тўқнашувнинг олдини олади. Акбар эса севикли умр йўлдоши Жадҳа Байга шоҳлик удумларининг оилавий бахтдан жудо қилувчи тартиб – низомлари тўғрисида сўзларкан, Салимнинг тўрт ёшдаёқ она бағридан юлиб олиб, Фарид Бухорий каби мураббийлар тарбиясига топширилиши катта хатолик бўлганлигини куйиниб таъкидлайди. У ўз фарзанди тарбиясига бевосита аралашмаганлиги, ўз меҳрини бермагани учун Салим бегона бўлиб кетганлигига ўзини ҳам айбдор деб билади ва қаттиқ изтироб чекади. Бу бадиий тўқимада қайта жонлантирилган тарихий ҳақиқат эди. Ота ва ўғил ўртасида бўлиб ўтган зиддиятли фикрлар жангини ёзувчи “Тузуки Жаҳонгирий” китобида нақл қилинган тарихий далилларга таяниб тасвирлайди: “Салимнинг қўшинсиз келгани Акбарга яхшилик аломати бўлиб туюлди. Йигирмага келганлар тарқалгач, у ўғлини хонасига таклиф қилди- ю, қаршисига ўтқазди. - Хайриятки, бу гал дилингизда меҳру, оқибат ғолиб келибдур, - деди. –Онам раҳматлик ўз ўлими билан, аввало сизнинг истиқболингизни қутқазади, амирзода. Салим кинояли илжайди: - Ҳазратим, нечун фақат мени?... Сиз умр бўйи худди афсонавий Рустами Достон каби мағлубият кўрмай келмоқдасиз... Агар Рустамнинг шундай халоскор онаси бўлганда, эҳтимол, ўғли Суҳроб ҳам уни енголмаган бўларди... Акбар ўғлининг нима демоқчилигини тушунди-ю, овозини таҳдидли пасайтириб сўради: - Э, ҳали сиз Суҳроб бўлиб мени енгишингизга ишонганмидингиз? Наҳотки сиз билан Суҳробнинг орасида қанчалик катта фарқ борлигини билмайсиз? Суҳроб умр бўйи отасини кўрмай ўсган, уни танимай, билмай ҳалол олишган. Аммо отасининг эркаси бўлиб, кўзининг ёғини еб ўсган шаҳзодалар кўра – била туриб падаркушлик қилганда, олти ойдан ортиқ подшо бўлолмаслигини тарих қайта –қайта исбот этган-ку. Энг охирги далил – отасига қарши тажовузлар қилган туронлик Абдумўмин ҳам Абдуллахондан кейин олти ой подшолик қилар – қилмас боши кесилганини эшитганмисиз? 69 - Эшитганмен, кўп оташин бўлманг ҳазратим. Отага қарши қилич кўтарган ўғилнинг давлати ўзоққа бормаслигига мен ҳам энди аминмен. Шунинг учун мана қўшинсиз, қуролсиз, бош эгиб ҳузурингизга келдим. - Хўш, қани тилагингиз недур? - Ҳазрат отажон, мен ҳам ўттиз бешга кирдим. Ўғлим Хисрав фарзанд кўрди, мен энди неваралик, сиз чеваралик бўлдингиз, бу борада Шоҳруҳ Мирзо билан ўғли Улуғбекнинг тажрибалари бизга мос келмоғи мумкин. Ота Ҳиротда, ўғли Самарқандда бўлган каби Сиз Аграда бош бўлиб турсангиз, фақир Оллоҳободда Шарқий вилоятларни идора этсам... - Демак сиз Мирзо Улуғбекдек мустақил подшо бўлмоқчисиз. Аммо, ёшингиз шунчага кириб, неварали бўлиб, Улуғбек қилган буюк ишларнинг қайси бирини қилдингиз? Расадхона-ю, мадрасалар қурдингизми? “Зижи Кўрагоний” дек кашфиётлар қилдингизми? Оллоҳободда сиз ўзингизга сарой қилиб олган қирқ устунлик улуғвор қасрни ҳам биз қурдирганмиз. Сиз тайёрга айёр бўлиб, кайфу сафо қилиб юрибсиз” (10-сон, 134-135-бетлар). Ўғлининг ҳатти ҳаракатларидан дили озорланган Акбар йиллар давомида қалбини бамисоли қуртдек кемириб келган дарду- аламларини бирваракайига тўкиб солади. Салимнинг барча қилмишлари фарангиларни жанубдаги Ба-ю, Даманда қувиб чиқаролмагани борми, Турондаги хайрихоҳларининг тақдирларига аралаша олмагани борми, Акбарнинг номини ўчириб, ўз исмига тангалар зарб қилгани борми, барисини заҳарханда билан тўкиб солади ва ўғлини ғусулхонага қаматиб қўйдиради. Мудом сархил таомлар еб, ҳар куни кечки пайт хушбўй чоғир ичиб турадиган, икки –уч кунда бир даъфа афюн қўшилган маъжун еб кайф қилишга одатланган Салим тўққиз кун нон-сувга қаноат қилиб, зах ғусулхонада ўтиргач, эти суягига ёпишиб, ўлар ҳолатга келади. Ҳолдан тойган Салим икки онаси – Салима бегим билан Жанҳа Бай гувоҳлигида отаси олдида гуноҳларини кечиришни сўраб тавба қилади. Шунда Акбар ўғлига даврнинг зиддиятли ҳақиқатини очиқ- ойдин тушунтиради: “Ўн кун ғусулхонада бўлиш – Сизнинг тоғдай гуноҳларингиз ўртасида зиғирдай кичик бор жазо, халос, -деди Салимга. – Ўз оёғингиз билан келганингиз учун сизни аядим, оналарингизнинг юзидан ўтолмадим... Ёмонларнинг жазоси ҳаётдан қайтса, ана у ёмон бўлғай. Заҳҳоки Морон деган афсона ёдингиздами? Ёмонликни кўп қилгани учун Заҳҳокнинг икки елкасидан илон ўсиб чиқмишдир. Ана шундай илонлар ҳар қандай подшонинг ҳам елкасига ин қўйишга ишқибоздир. Бу илонларнинг бири – золимлик, бири – бидъату хурофот. Бири – тахтпарастлик, бири – худпарастлик. Мен ўз елкамдан бош кўтармоқчи бўлган бу илонларни йўқ қилдим деб ўйлаган эдим. Кейин қарасам, бу илонлар сизнинг елкангиздан ўрмалаб чиқмоқда. Ахир, бу илонлар мудом қурбонлар талаб қилур. Суюкли ёрингиз Шоҳ бегим, менинг дўстим Абулфазл ана шу илонларнинг қурбони бўлмадими? Шу кетишда бу илонлар ахири ўзингизнинг ҳам бошингизга етмагайми? 70 Сўнгги гаплар ғусулхонада Салимнинг кўзига кўринган қўрқинчли шарпаларни ёдига солди-ю, сескантириб юборди: - Инсоннинг, ҳазратим, мен энди ўз номимга хутба ўқитмагаймен, пул ҳам зарб этмагаймен. Ёлкамдан ўсиб чиқмоқчи бўлган илонларнинг бошини кесгаймен. - Илоҳим, шу ниятингизга етинг, ўғлим. Бу илонлардан ҳали мен ўзим ҳам қутулган эмасмен. Тожу тахт, мутлақ ҳокимият бор жойда улар билан олишиб яшашга мажбур экансен. Лекин дунёда яхши ном қолдиролиасанг, яшашнинг не қизиғи бор. Бобур бобомизнинг туркий сатрлари ёдингиздами? “Бори элга яхшилик қилғилки, бундай яхши йўқ, то дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиқ”. - Мен бу ғазални бошдан оёқ ёд билурмен, -деди. - Агар ёд билсангиз, энди унга амал қилинг. Ахир авлодлар алмашганда алғов- далғов бўлиши, оталар билан болалар орасидан низо чиқиши тарихда кўп учрайдиган ҳодиса. Аммо, бизнинг Бобур бобомиз билан отамиз шу фалокатдан юқори турган улуғ сиймолар эди. Улардаги меҳру оқибат, авлодларнинг бир- бирига фидойилиги беҳад ноёб бир гавҳар экан. Энди мен билан сиз шу гавҳарни йўқотиб қўймайлик, ўғлим. Гавҳар ҳаёт уммонига тушиб кетса, кейин уни топиб бўлмагай. Ана ундан сўнг қилган оқибатсизликларингиз, ўғилларингиздан ўн ҳисса кўпайиб қайтгай. Охирида бу иллат уларни падаркушликкача олиб боргай. Зинҳор, минг зинҳор буни унутманг. Акбарнинг сўнгги сўзлари Салимга худди васиятдек эшитилди-ю, этини жимирлаб, кўзларини жиққа ёш қилди...” (10-сон, 136-бет). Юқоридаги парчада салтанат ва шоҳлик тўғрисидаги тарихий ҳақиқат ўз бадиий ифодасини топган. “Авлодлар довони” деганда Бобур, Хумоюн, Акбарлар салтанатини кўзда тутган адиб шафқатсиз курашлар гирдобида ўлимларни доғда қолдириб тарих дованларидан жуда катта ниятлар билан ўтган бу буюк зотлар бадиий сиймосини инсоният маънавияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган буюк адабий типлар сифатида талқин қилган. Ёзувчи шоҳлик доимий ҳузур –ҳаловатдан иборат эмаслигини, салтанатни бошқариш довюрак ва тадбиркор шахсларгагина насиб этишини, қайси бир подшоҳ ўз ҳукмдорлиги даврида халққа қайишса, элу юрт ҳам унга балогардон бўлишини, адолат ва инсоф, халқпарварлик ва маърифатпарварлик подшолар умрини адабийлаштиришини ана шу тарихий шахслар бадиий образига сингдирилган давр ҳақиқатлари мисолида теран ифодалаб бера олган. Адиб бадиий маҳоратининг ўзига хослиги шундаки, у ана шу ҳақиқатларни бадиий тўқима воситасида ўзи яратган шоҳлар адабий типларига сингдириб юборган. Тарихдан шу ҳақиқат аёнки, Бобур, Хумоюн, Акбарларнинг улкан истеъдодларини юзага чиқарган Ҳиндистон уларни ўзининг унутилмас тарихий шахслари қаторига қўшиб олган эди. Ёзувчи ҳам ана шу тарихий ҳақиқатларни чуқур ва атрофлича ўрганиб, уларнинг диний ва миллий адоватларни йўқотиш борасидаги фаолиятларини ўз 71 тарихий асарида бош ғоявий йўналиш қилиб танлай олгани учун ҳам инсоният истиқболига дахлдор нодир ёдгорликлар яратди. Айниқса, ҳозир диний экстремизм хавфи мавжуд бўлган, шахсий манфаатлар эҳтироси инсоният келажагига хавф солаётган ҳозирги пайтда тарихий шахслар тўғрисида яратилган тарихий романлар ва давр ҳақиқатини ўзида ташувчи подшоҳларнинг моҳирона кашф этилган адабий типлари учун ғоят муҳим ҳаётий ҳақиқатларни кашф этиш имконини беради. П.Қодиров тарихий романларининг етук адабий ҳодиса сифатидаги аҳамияти ҳам ана шунда. ХУЛОСА Мамлакатимиз истиқлолга эришгач, боболаримиз яратган бой маънавий меросни ўрганиш, ўлкамизнинг ҳаққоний тарихини яратиш, ўзининг бебаҳо тафаккир қудрати туфайли маданий – маърифий ва ижтимоий ҳаётимизда, халқимиз руҳий- маънавий оламида ўчмас из қолдирган улуғ аждодларимизнинг мўътабар асарларини кенг оммалаштириш имконияти юзага келди. Бугунги кунда маънавиятимиз асоси ҳисобланган тарихий қадриятлар ва тарихий ҳақиқатларни тиклаш ҳамда дунё цивилизациясининг бешиги ҳисобланган жонажон Ўзбекистонимизнинг ҳақиқий тарихини яратишга катта аҳамият берилмоқда. Бинобарин, аждодларимиз тарихининг шонли зарварақларидан халқни баҳраманд этишда ўзбек тарихий романчилигининг ҳам муносиб ўрни бор. Ўзбек адиблари юртимиз тарихининг ўзига хос бадиий қомусини яратиш иштиёқида қалам тебратиб, давр ҳақиқатларини бадиий тафаккур қатламларига кўчиришда ўзларининг юксак ижодий маҳоратларини намойиш этдилар. Одил Ёқубов “Улуғбек хазинаси” романида буюк тарихий шахсларга дахлдор бўлган давр ҳақиқатини нозик илғай олгани учун ҳам умрибоқий асар ярата олди. Чунки, Улуғбек ўзидан олдин ўтган подшолардан тубдан фарқ қилиб, тожу-тахт олтину-кумушларни эмас, балки нодир кутубхона, расадхона ва ёзган илмий асарларини ҳақиқий хазина деб тушунган. Романда Улуғбек даврининг ана шу оташин тарихий ҳақиқати ўз бадиий ифодасини топгани учун ҳам адолатли ва маърифатпарвар шоҳ адабий типи яратилган. 72 Англашиладики, тарихий мавзудаги асарларда яратилаётган тарихий шахслар образига дахлдор давр ҳақиқатлари ифодаланмаса, яъни тарихий воқелик ҳақидаги ахборотлар бадиий тўқима жараёнларидан ўтиб, умумлаштирилган, бўрттирилган, типиклаштирилган ва индивидуаллаштирилган адабий типларда бадиий талқин этилмаса, етук тарихий асарлар юзага келмайди. “Кўҳна дунё” романида Одил Ёқубов бир золим шоҳ ва икки буюк мутафаккир зотга дахлдор давр ҳақиқатини ёритишни ўз олдига ижодий ният қилиб қўйган. Ана шу ижодий ниятнинг маҳсули ўлароқ золим Маҳмуд Ғазнавий, буюк мутафаккир Беруний ҳамда машҳур табиб Ибн Сино адабий типлари яратилган. Золим шоҳнинг меҳнаткашлар бошига чексиз жабр- жафолар ёғдириши қирғинбарот жанглар даҳшати орқали идрок этилса, илму маърифатнинг ҳақиқат сабоғи эканлиги энг оғир дамларда ҳам оддий инсонларга кўмакдош бўлган Беруний ва Ибн Сино адабий типлар воситасида баён қилинади. Ўқувчи ана шу уч адабий тип орқали кўҳна дунёнинг жабр- жафоли, ғам – ташвишли, орзу – армонлари мураккаб ижтимоий қиёфаси ва тарихий ҳақиқатлари билан танишиш имкониятига эга бўладилар. “Юлдузли тунлар” ва “Авлодлар довони” романларида эса ёзувчи Пиримқул Қодиров ўтмиш ҳақиқатларини ижодий таҳлил қилиб, истиқболимизга дахлдор жиҳатларини моҳирлик билан топа олган ва уларни Бобур, Хумоюн, Акбар адабий типларида кашф этган. Ўтмишнинг бугунги кунимиз маънавий эҳтиёжлари билан боғлиқ жиҳатларини яхши илғаган адиб шоҳлар адабий типлари кашфиётида ҳам янгича, ўзига хос ижодий йўлдан борган. Буларнинг барчаси ўзбек тарихий романчилиги шоҳлар адабий типларини яратишда муайян ижодий ютуқларга эришганлигини кўрсатади. Тарихий ҳақиқатларни бадиий талқин қилиш орқали эса аждодларимизнинг миллий қадриятлари ва умуминсоний анъаналарини бир бутун ҳолда билишга йўл очади. 73 МУНДАРИЖА: 1. Кириш ...................................................................... 3-10 2. Ёзувчи нияти ва бадиий образ .............................11-32 3. Кўҳна дунё ҳақиқатлари .......................................33-55 4. Тарихий воқелик ва бадиий талқин .....................56-77 5. Авлодлар довони ҳикматлари ..............................78-97 6. Хулоса ....................................................................98-99 74