logo

Қуритиш ускуналарининг тузилиши уларда фойдаланиладиган иссиқлик ташувчилар

Загружено в:

20.09.2019

Скачано:

0

Размер:

70.5 KB
Қуритиш ускуналарининг тузилиши уларда фойдаланиладиган иссиқлик ташувчилар Режа: 1.Сунъий қуритиш ускуналари: сунъий қуритгичлар, электр энергияси, ёқилғи ва бошқа ресурслар воситасида ишловчи қуритгичлар.Уларнинг ишлаш принципи. 2.Қуритишда ресурс тежамкор иссиқлик ташувчилардан фойдаланишга асосланган замонавий қуритгичлар. 3.Уларнинг ишлаш принципи ва самарадорлиги.  Конвектив усул . Мева ва сабзавотларни бу усулда сувсизлантириш кенг тарқалган. Қуритиш агенти сифатида асосан иссиқ ҳаводан фойдаланилади. Ҳозирги вақтда илгари қўлланилган олов билан қиздириб қуритадиган даврий шкафли, карусельли, каналли қуритгичлар ўрнини, узлуксиз ишлайдиган қурилмалар эгалламоқда. Бу қуритгичлар камерадан иборат бўлиб, камера ичида бир-бирига қарама-қарши ҳаракат қиладиган бир хил узунликдаги лентадан ташкил топган кўп қаватли тўрли конвейер жойлашган. Мева ва сабзавотларни қуритиш учун керак бўлган ҳавони буғ калориферлари ёрдамида иситиш амалга оширилади, бу калориферлар ҳар бир лентанинг ишчи ва бўш оралиқларига жойлаштирилади. Ажралган нам ҳаво эса сурувчи вентилятор ёрдамида чиқариб юборилади. Конвейер типидаги буғ қуритгичларидан энг самарадолари — СПК – 4Г – 90, КСА – 80, кам қувватли — СПК – 4Г – 45, СПК – 4Г – 30, СПК – 4Г – 15 ва ПКС – 40, ПКС – 20, ПКС – 10. Осон шарбат ажралувчи (қорали, ўрик, узум) меваларни қуритиш учун туннелли қуритгич яхши самара беради. Бу эса баландлик бўйича икки каналга ажралган камерадан иборат. Юқоридаги каналида ёниш камераси билан горелкаси, вентилятор, ҳаво тақсимлаш системаси, яъни ишчи каналга қуритиш агентини узатувчи қурилмалар жойлаштирилган. Замонавий туннелли қуритгичларда қуритиш агенти бўлиб иссиқ ҳаво ҳисобланади. Бундай типдаги қуритгичлар тўғри бурчак кесимига эга бўлган узун камерадан (коридордан) иборат бўлади. Камера ичида вагонеткаларнинг секин ҳаракатланиши учун темир йўл излари ўрнатилган. Коридорга кирувчи ва ундан чиқадиган эшиклар зич ёпилади. Вагонеткаларнинг ичига қуритиладиган маҳсулотлар жойлаштирилади. Қуритувчи агент (ҳаво) калориферлардан берилади. Ҳаво оқими вентиляторлар ёрдамида қуритиладиган маҳсулотларга нисбатан тўғри ёки қарама-қарши йўналишда ҳаракатга келтирилади. Вагонеткалар эса механик чиғирлар ёрдамида ҳаракатланади. Туннелли қуритгичларда қуритувчи агент қисман рециркуляция қилади. Бундай аппаратлар катта ўлчамли маҳсулотларни қуритиш учун ишлатилади. Камчиликлари : қуритиш тезлиги кичик, процесс узоқ вақт давом этади, қуритиш бир меъёрда бормайди, қўл кучидан фойдаланилади. Лентали қуритгичлар . Бундай қуритгичларда маҳсулот узлуксиз равишда атмосфера босимида қуритилади. Қуритиш камераси ичидаги иккита барабан ўртасида узлуксиз лента тортилган. Барабанларнинг биттаси электромотор ёрдамида ҳаракатга келади, иккинчиси эса ёрдамчи бўлади. Қуритиладиган маҳсулот лентанинг бир учига берилади, қуруқ маҳсулот эса лентанинг иккинчи учидан ажралади. Қуритиш жараёни иссиқ ҳаво ёки тутунли газлар ёрдамида олиб борилади. Бу типдаги қуритгичлар битта ёки кўп лентали бўлади. Саноатда кўп лентали қуритгичлар кенг ишлатилади. Кўп лентали қуритиш қурилмаларида қуритувчи агент қуритиладиган маҳсулотга нисбатан перпендикуляр йўналган бўлади. Маҳсулот бир лентадан иккинчисига тушаётганда унинг қуритувчи агент билан контакт юзаси кўпаяди. Бундай қуритгичларда қуритиш жараёнининг турли вариантларини ташкил қилиш мумкин. Лентали қуритгичлар кўп жойни эгаллайди ва уларни ишлатиш анча мураккаб (ленталарнинг чўзилиши ва барабанда нотўғри жойланиш ҳолатлари рўй бериши мумкин). Бундай қурилмаларнинг солиштирма иш унуми кичик, солиштирма иссиқлик сарфи эса катта, пастасимон маҳсулотларни қуритиш мумкин эмас. Барабанли қуритгичлар . Бундай қурилмалар атмосфера босими билан узлуксиз равишда турли сочилувчан маҳсулотларни қуритиш учун ишлатилади. Барабанли қуритгич цилиндрсимон барабандан ташкил топган бўлиб, горизонтга нисбатан кичик оғиш бурчагида (1:15 – 1:50) жойлаштирилган бўлади. Барабан бандажлар ва роликлар ёрдамида ушлаб турилиб, электромотор ва редуктор ёрдамида айлантирилади. Барабаннинг айланиш сони одатда 5 - 8 мин -1 дан ортмайди. Қуритиладиган маҳсулотлар таъминлагич орқали винтли қабул қилувчи насадкага берилади, бу ерда маҳсулот аралаштириш таъсирида бир оз қурийди. Сўнгра маҳсулот барабаннинг ички қисмига ўтади. Барабаннинг бутун узунлиги бўйича насадкалар жойлаштирилади. Насадкалар барабаннинг кесими бўйича маҳсулотларни бир меъёрда тарқатиш ва аралаштиришни таъминлайди. Бундай шароитда маҳсулотлар билан қуритувчи агентнинг ўзаро таъсири самарали бўлади. Барабан ичида маҳсулотнинг ўта қизиб кетиш даражасини камайтириш учун маҳсулот ва қуритувчи агент (тутунли газлар) бир-бирига нисбатан тўғри йўналишда бўлади, чунки бундай шароитда юқори ҳароратли иссиқ газлар катта намликка эга бўлган маҳсулотлар билан контактлашади. Майда заррачаларнинг газлар билан кетиб қолишини камайтириш учун барабандан сўриб олинаётган газларнинг тезлигини вентилятор ёрдамида 2-3 м/c атрофида ушлаб турилади. Ишлатилган газлар атмосферага чиқарилишидан олдин майда чанглардан циклонда тозаланади. Қуритилган маҳсулот барабандан ташқарига, туширувчи қурилма орқали чиқарилади. Қуритилаётган маҳсулот доналарининг ўлчамлари ва хоссаларига кўра қурилмаларда ҳар хил насадкалардан фойдаланилади. Катта бўлакли ва қовушиб қолиш хусусиятига эга бўлган маҳсулотларни қуритиш учун кўтарувчи парракли насадкалар, ёмон сочилувчан ва катта зичликка эга бўлган катта бўлакли маҳсулотларни қуритиш учун эса секторли насадкалар ишлатилади. Кичик бўлакли, тез сочилувчан маҳсулотларни қуритишда тарқатувчи насадкалар кенг ишлатилади. Майда қилиб эзилган, чанг ҳосил қилувчи маҳсулотларни берк ячейкали давонсимон насадкалари бўлган барабанларда қуритиш мақсадга мувофиқдир. Айрим шароитларда мураккаб насадкалардан фойдаланилади. Мавҳум қайнаш қатламли қуритгичлар. Жараён мавҳум қайнаш қатламида олиб борилганда қаттиқ материал заррачалари ва қуритувчи агент ўртасида контакт юзаси кўпаяди, намликнинг маҳсулотдан буғланиб чиқиш тезлиги ортади, қуритиш вақти эса анча қисқаради. Ҳозирги кунда озиқ-овқат технологиясида мавҳум қайнаш қатламли қуритгичлар сочилувчан донасимон маҳсулотлардан ташқари, қовушиб қолиш хусусиятига эга бўлган маҳсулотлар, пастасимон моддалар, эритмалар, қотишмалар ва суспензияларни сувсизлантириш учун ишлатилмоқда. Узлуксиз ишлайдиган битта камерали қуриткичлар кенг тарқалган. Нам материал бункердан таъминлагич орқали қуриткич камерасига берилади. Камеранинг пастки қисмида тарқатувчи тўр жойлаштирилган. Ҳаво вентилятор орқали аралаштириш камерасига берилади ва бу ерда иссиқ тутунли газлар билан аралашади. Қуритувчи агент маълум тезлик билан тўрнинг пастидан берилади. Ҳаво оқими таъсирида қаттиқ материал доначалари мавҳум қайнаш ҳолатига келтирилади. Қуритилган материал тўрдан бир оз тепада жойлашган штуцер орқали ташқарига чиқарилади ва транспортёрга тушади. Ишлатилган газлар циклон ва батареяли чанг ушлагичда тозаланади. Цилиндрсимон корпусли қуриткичларда баъзан қуритиш жараёни бир меъёрда бормайди, чунки қатламда интенсив аралаштириш мавжуд бўлганлиги сабабли айрим заррачаларнинг қурилмада бўлиш вақти ўртача қийматдан анча фарқ қилади. Шу сабабли ўзгарувчан кесимли (масалан, конуссимон) қуриткичлардан фойдаланилади. Бундай конуссимон қурилманинг пастки қисмида газнинг ҳаракатланиш тезлиги энг катта заррачанинг чўкиш тезлигидан катта, тепа қисмида эса энг кичик заррачанинг чўкиш тезлигидан кам бўлади. Бундай ҳолатда қаттиқ заррачаларнинг нисбатан тартибли циркуляцияси мавжуд бўлиб, заррачалар қурилманинг марказий қисмида кўтарилади, унинг чекка қисмларида эса пастга қараб тушади. Натижада маҳсулот бир меъёрда исийди ва камеранинг иш баландлиги камаяди. Сочиб берувчи қуриткичлар. Бундай қурилмаларда қуритилиши лозим бўлган маҳсулот жуда майда қилиб сочиб берилади ва параллел оқимда ҳаракат қилаётган қуритувчи агент билан тўқнашади, натижада намлик катта тезлик билан буғланади. Сочиб берувчи қуриткичларда буғланишнинг солиштирма юзаси катта бўлади, шу сабабли қуритиш жараёни қисқа вақт (тахминан 15 - 30 с) давом этади. Қуритиш қисқа вақт давом этганлиги сабабли жараён паст ҳароратларда олиб борилади, натижада сифатли кукунсимон маҳсулот олинади. Агар ҳўл маҳсулот олдин қиздириб олинса, совуқ ҳолдаги қуритувчи агентдан ҳам фойдаланилса бўлади. Маҳсулотни сочиш учун механик ва пневматик форсункалар ҳамда марказдан қочма дисклар (айланишлар сони минутига 4000 - 20000 ) ишлатилади. Сочиб берувчи қуритгичда ҳўл маҳсулотлар қуритиш камерасига форсунка ёрдамида сочиб берилади. Қуритувчи агент вентилятор ёрдамида калорифер орқали қурилмага берилади, у камера ичида маҳсулот билан параллел ҳаракат қилади. Қуриган маҳсулотнинг майда заррачалари камеранинг пастки қисмига чўкади ва шнек ёрдамида керакли жойга юборилади. Ишлатиладиган қуритувчи агент циклон ва енгли фильтрда майда чанг заррачаларидан тозаланади, сўнг атмосферага чиқариб юборилади. Сочиб берувчи қуритгичлар юқорида айтиб ўтилган афзалликлардан ташқари бир қатор камчиликларга ҳам эга: 1) ҳўл маҳсулотнинг қурилма деворларига ёпишиб қолмаслиги учун камеранингдиаметри анча катта бўлади; 2) камерада солиштирма буғланиш қиймати жуда кичик (1 м 3 камерадан соатига 10- 25 кг сув ажралади); 3) ҳаво оқимининг тезлиги нисбатан кичик (0,2-0,4 м/с ) агар ҳаво тезлиги катта бўлса майда заррачаларнинг чўкиши қийинлашади ва уларнинг ҳаво оқими билан кетиб қолиши кўпаяди. Контактли куритиш . Иссиқлик ташувчи агент ва ҳўл маҳсулот ўртасида уларни ажратиб турувчи девор бўлади. Контакт усулида картошка, мева пюрелари, сут, пахта ва бошқалар қуритилади. Бу маҳсулотлар бир ва икки вальцовкали қуриткичларда қуритилади. Вальцовкали қуриткичлар. Бу қурилмалар турли суюқликлар ва оқувчан пастасимон маҳсулотларни атмосфера босимида ёки вакуум остида қуритиш учун ишлатилади. Қуритиш жараёни узлуксиз равишда олиб борилади ва қўл меҳнати талаб қилинмайди. Бу турдаги қуритгич битта ёки иккита барабандан иборат. Битта барабанли қуритгичда тоғоранинг ичида битта барабан айланиб туради. Тоғорага маҳсулот узлуксиз равишда бериб турилади. Барабаннинг ичи бўш бўлиб, у сув буғи ёки бошқа иситувчи агент ёрдамида иситилади. Барабан айланаётганда унинг ташқи юзаси маҳсулотнинг юпқа қатлами билан қопланади. Барабан иситиб турилганлиги сабабли маҳсулот қатлами қурийди, сўнгра пичоқ билан қирқилади ва бункерга тушади. Қуритгичнинг ҳамма иш қисмлари умумий корпуснинг ичига жойлаштирилган ва вакуум ҳосил қилувчи қурилма билан боғланган. Вальцовкали қурилмалар ёрдамида юқори ҳароратга чидамсиз бўлган маҳсулотларни юпқа қатлам билан қуритиш мумкин. Қуритиш вақти барабаннинг айланишлари сони орқали бошқарилади. Қуритгичнинг иш унуми барабаннинг диаметри, узунлиги ва айланишлар тезлигига пропорционал. Қурилманинг иш унуми одатда маҳсулот юпқа қатлами (ёки плёнкаси) қалинлигининг камайиши ва барабан айланишлар сонининг ортиши билан кўпаяди. Тажрибалар шуни кўрсатдики, қурилмадаги плёнканинг қалинлиги 0,1-1 мм, барабаннинг айланишлар тезлиги эса 1-10 мин -1 бўлганда 1 кг. намликни буғлатиш учун 1,2-1,6 кг. сув буғи сарф бўлади. Сублимацияли қуритгичлар. Маҳсулотларни музлаган ҳолда юқори вакуум остида сувсизлантириш сублимацияли қуритиш деб аталади. Бундай шароитда маҳсулотдаги намлик муз ҳолида бўлиб, сўнгра бу муз суюқлик ҳолига ўтмасдан тўғридан-тўғри буғга айланади. Сублимацияли қуритишдаги қолдиқ босим 1,0-0,1 мм. симоб устунига (ёки 0,013-0,133 кПа) тенг. Қуритгич учта элемент (қуритиш камераси, конденсатор-музлатгич, вакуум-насос) дан ташкил топган. Конденсатни совитишга мўлжалланган совитиш қурилмаси ҳам бор. Қуритиш камераси (ёки сублиматор) даврий равишда ишлайди. Сублиматорнинг ичидаги этажеркаларга ичи бўш токчалар ўрнатилган. Токчаларнинг ичидан иссиқ сув насос ёрдамида циркуляция қилинади. Токчаларнинг устига қуритиладиган маҳсулот солинган махсус идишлар жойлаштирилади. Сублиматордан чиққан сув буғи ва ҳаво аралашмаси конденсаторга ўтади. Конденсатор иссиқлик алмашиниш қурилмасидан иборат бўлиб, унинг трубалар жойлашган тўри маҳкамланмаган. Бу конденсатор трубаларининг оралиғидаги бўшлиққа совитувчи агент (масалан, аммиак) берилади. Конденсаторда сув буғлари конденсацияга учраб муз ҳосил қилади, ҳаво эса вакуум-насос ёрдамида сўриб олинади. Ишлаш давомида конденсатор трубалари муз билан қопланиб қолади, бу музни эритиш учун совитувчи агент ўрнига иссиқ сув юборилади. Маҳсулот таркибидан намликни чиқариб юбориш уч босқичдан иборат: 1) қуритиш камерасида босим камайиши билан намликнинг ўз-ўзидан музлаши содир бўлади ва маҳсулотнинг ўзидан чиққан иссиқлик ҳисобига музнинг буғга айланиши юз беради (бунда бор намликнинг 15 % и ажралади); 2) намлик асосий қисмининг сублимация йўли билан ажралиши, бу қуритишнинг ўзгармас тезлик даврига тўғри келади; 3) қолган намликни маҳсулотдан иссиқлик таъсирида ажратиш. Сублимацияли қуритиш пайтида намликнинг маҳсулот юзасидан буғ ҳолида тарқалиши эффузия (яъни буғмолекулаларининг бир-бири билан ўзаро тўқнашмасдан эркин ҳаракати) йўли билан боради. Сублимацияли қуритиш учун паст ҳароратли (40-50 ° С) ва кам миқдордаги иссиқлик талаб қилинади, бироқ энергиянинг умумий сарфи ва қурилмани ишлатишга кетадиган маблағлар сарфи бошқа қуритиш усулларига қараганда (диэлектрик қуритишдан ташқари) анча юқори. Қуритишда ресурс тежамкор иссиқлик ташувчилардан фойдаланишга асосланган замонавий қуритгичлар. Уларнинг ишлаш принципи ва самарадорлиги. СКО–90М конвейер қуритгичдан фойдаланиш . Академик М . Мирзаев номли институтнинг украиналик олимлар билан ҳамкорликда СКО–90М конвейер қуритгичда қуритиш усули ишлаб чиқилган. Иситилган ҳаво вентилятор ёрдамида секундига 1,5 м тезликда қуритиш камерасига узатилади. Камера ичида 5 та транспортёр тасма мавжуд. Камеранинг юқори қисмидаги биринчи тасмага юклагич ёрдамида бир бош қалинлигида узум тушади. Дастлабки қуритиш даврида оқ кишмиш ва майиз боп узум навлари учун камера ҳарорати 90 0 С га етказилади. Пўсти қалин эти бирмунча зич бўлган қора кишмишни қуритиш учун ҳарорат 80 0 С–85 0 С бўлиши керак. Ҳ ар бир хом ашё ўтиши натижасида камерадаги ҳаво ҳарорати маълум даражада пасаяди ва охирги бешинчи тасмага келганда узумлар 60 0 С–70 0 С қуритилади. Қуритиш пайтида ҳароратни хом ашё таркибидаги дастлабки намлик ва қуруқ моддани ҳисобга олган ҳолда созланади. Узумни мураккаб усулда қуритиш иқтисодий жиҳатдан бир мунча фойдали ва мақсадга мувофиқдир. Қуритиш мавсумининг иккинчи даврида, қуёш фаоллиги сусайган пайтда офтобда сўлиган узумлар йиғиб олингандан сўнг қуритгичда қуритилади. Узум-ни очиқ майдонларда қуритиш натижасида ёқилғи кам сарфланиб, иш унумдорлиги ошади. Қуритилган мева ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш борасида, хўжаликларда бундай тадбирий чораларни изчиллик билан амалга ошириш кўп миқдорда хом ашё етиштиришни таъминлайди. Ҳ ар қайси маҳсулот тури учун энг яхши натижа берадиган қулай қуритиш усулларини ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга ва кўп миқдорда тайёр маҳсулот ишлаб чиқарадиган механиза ц иялашган узлуксиз линиялар билан жиҳозланган мева қуритиш корхоналари қуришга имкон беради. Мева-сабзавотларни қуритишда шунингдек, ПКС–20 қуритгич қўлланилади. Фойдаланилган адабиёт лар : 1. Бўриев Х.Ч., Ризаев Р. Мева, узум маҳсулотларни биокимёси ва технологияси. – Т.: Меҳнат, 2000. 2. Бўриев Х. Ч., Жўраев Р., Алимов О. Мева сабзавотларни сақлаш ва даслабки ишлов бериш. – Т.: Меҳнат, 2002. 3. Шаумаров Х.Б. Исламов С.Я. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва бирламчи қайта ишлаш технологияси. – Тошкент, 2011. 4. Широков Е.П., Полегаев В. Технология хранения и переработки продукции растениеводства с оснавами стандартизации. – М.: Агропромиздат, 2000. 5. Широков Е.П. Практикум по хранению и переработки плодов и овощей. – М.: Колос, 1989.